Домланинг ғазаби

Толиб Ёқубов

            Кафедра мудиримиз Мақсудов Шермат ака антиқа инсон эдилар. Салкам 90 ёшга кириб вафот этган бу инсон кийинишда ёшларга ҳам ўрнак эдилар: кийимлари ҳамма вақт тахи бузилмаган, дазмолланган, ўта озода, ярашган бўлар эди. 60-чи, 70-чи йилларда шим-костюм тикдиришга ярайдиган “шерстяной” материаллар ўта дефицит (кам, топилмас) бўлса-да, домланинг устида ҳамма вақт сифатли ва чиройли матодан тикилган шим-костюмни кўрар эдик. Кейинчалик билсак, домланинг хотини уй шароитида катта лавозимли шахслар (министрлар, юқори лавозимли партия функционерлари ва ҳ.) учун шим-костюм тикар экан. Онахон меҳнатига пул олмас, ўша шахслар ўзи учун олиб келган матодан бир кийимлик олиб келишига келишишар экан ва онахон ҳамма вақт домлани шундай дефицит матолардан кийинтирар эканлар.

Онахон домлани ёш боладай парвариш қилар ва биринчи навбатда аниқ режим билан, ўз вақтида овқатланишларини қатъий назорат қилар эдилар. Домланинг уйи институтга пиёда беш минутлик юриш масофасида эди. Домла ишда ўн минут ушланиб қолсалар онахон кафедрага телефон қила бошлар эдилар. Ая ўта моҳир ошпаз эдилар, мен домланинг уйларига иш юзасидан тез-тез бориб турар ва ҳар сафар стол устида янги тайёрланган икки хил таом турганини кўрар эдим. Стол турли-туман салат ва ширинликлар билан безатилган бўларди. Нонуштага ая чала пишган бир дона тухумни кичик бир рюмкачага солиб, тепасидаги пўстидан беш тийинли тангадай жойини очиб, ёнига жажжи кумуш қошиқча қўйиб домланинг олдига қўяр, домла бир дона тухумни камида йигирма минут давомида майда-майда еб ўтирарди. Домла бирор ерга тўй ошига борганда ая битта кумуш ош қошиқни салфеткага ўраб домланинг костюмининг ички киссасига бир неча янги салфетка билан солиб қўяр эканлар.

Онахон халқ табобатини яхши эгаллаган аёл эдилар. Даво излаб онахоннинг олдига узоқ-ёвуқдан одамлар келиб туришар эди ва онахон ҳар қандай беморни аввало жуда ширин гаплари билан кўнглини кўтариб даволаб юборар эдилар. Онахоннинг овози бениҳоя майин ва нафис эди, у аёл гапирганда ҳар қандай одам беихтиёр маҳлиё бўлиб тинглар эди. Онахон олтмиш ёшида ҳам бетакрор гўзаллигини йўқотмагани учун бўлса керак, баъзан эркаклар: “Бу аёл олтмиш ёшида шунчалик сулув, ёшлигида қандай бўлган экан?” деб бир-биридан сўрашганини эшитганман. Онахоннинг рўзғор юритиш ва уй тартибини сақлашига қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди. Чамаси, домла иккалалари уй-жиҳоз буюмлари сотиб олишда ўбдон ўйлашиб-кенгашиб харид қилишган бўлсалар керак-ки, уйларида бирорта ортиқча нарса бўлмас эди: уй, хоналар, ҳовли ҳамма вақт саранжом-саришта, ҳар бир буюм иккинчисига мослиги чиройга чирой қўшар эди.

Домланинг қизиқ бир одатлари бор эди. Собиқ талабалар, у йигитми, қизми – қатъий назар, Тошкентга келишса, албатта домлани зиёрат қилиб кетишар эди. Домла салом-аликдан сўнг берадиган саволлари: “Уйландингми?” (“Турмушга чиқдингми?”) бўларди. “Ҳа” жавоби домла учун энг манзур жавоб бўларди, домла қувониб у йигит ёки қизни ярим соат мақтар эдилар. “Йўқ” жавоби домлани ғазабга миндирар эди ва домла ярим соат у “бадбахтни” уришгани уришган эди. Уришиб бўлгач, домла бирдан ҳовиридан тушиб: “Сени ўзим уйлантираман” (“Сени мен ўзим қиз қилиб чиқараман”) дер эдилар. 1963 йили мен ўқишни тугатиб Жиззахга кетдим ва 1964 йили ёзда дипломимни олиш учун Тошкентга бордим. Табиий, биринчи қилган ишим домланинг уйларига бориб суҳбатларини эшитиш бўлди. Мен домланинг ўша анъанавий саволларини эшитдим ва “йўқ” жавобини бердим ва … балога қолиб кетдим. Домла қониққанларича мени сўкдилар ва бирдан: “Сени ўзим уйлантираман”га ўтдилар. “Сен пулни ўйлама, менинг бир сандиқ пулим бор, уй-жойим йўқ деб қайғурма, керак бўлса мана уй, ўнта хонам бор, ҳаммаси бўш, яшайверасан. Институтда ҳамма кафедра мудирлари менинг оғайним, уларнинг қўлида жуда гўзал қизлар ишлайди, шулардан йигирматасини саф қилиб қўяман, танлаб олаверасан” – дедилар. “Хўп” дейишдан бошқа илож бўлмади.

Домла мен институтда яхши ўқиганимни билар эдилар. “Менинг кафедрамда ишлайсанми?” деб сўраб қолдилар, мен кўндим ва шу билан менинг институтда ишлаш ҳаётим бошланди. Кафедрада домла томонидан энг кўп мақталадиган ва энг кўп домланинг қаҳрига учрайдиган аъзо мен эдим. Домла чиройли хуснихати бор одамни ўлгудек яхши кўрарди, бироқ хунук ёзадиганларни умуман ёқтирмас эди. Менинг хуснихатим чиройли бўлгани учун домла мени дуч келган одамга мақтайверар эди, студентларга эса “Толибдан ўрганинглар чиройли ёзишни” дердилар. Домланинг хуснихати эса ҳамманикидан яхши эди. Ўша пайтларда институтга ўлчами камида 1,5×3 м. катталикдаги янги ва сифатди аудитория тахталари берилган эди. Домла лекция ўқиганида формулаларни ёзишни тахтанинг юқори чап бурчагидан бошлаб, ёзган формулаларини бирортасини ҳам ўчирмасдан, ишни тахтанинг пастки ўнг бурчагида тугатар эди. Ёзув шунчалар нафис бўларди-ки, гўёки тахта устида параллел чизиқлар бор-у, домла шу икки чизиқ орасида ёзиб борётгандай туюларди. Ўша пайтларда менда бироз ҳурфикрлилик ва юзгачопарлик бор эди, шунинг учун бўлса керак, домла мени койигани-койиган эди.

Гапим чўзилиб кетди. Аслида мен домланинг бошқа бир хислари ҳақида ёзмоқчи эдим. Сарлавҳани мен бежизга “Домланинг ғазаби” деб қўйган эмасман. Домла талабаларнинг ўзаро, катта ва кичиклар билан муомуласига қаттиқ эътибор қилар эди. Жаҳли чиққан пайтларда домла юзинг-кўзинг демай: “Сенлар институтга мол бўлиб келгансанлар, молдай бўлиб чиқиб кетишингга мен йўл қўя олмайман! Мен сизларни математикадан ташқари яна учта нарсага ўргатаман, ўшанда сенлар одамга айланасанлар. Бу –“Ас-салому-алайкум” (қизлар учун “Ас-салом”), “Кечирасиз” ва “Хайр, соғ бўлинг!” дердилар. Бу ўгит кимларгадир ёқар, кимларгадир ёқмас эди. Мен, масалан, буни кимларгадир тавоъзе қилиш, лаганбардорлик деб тушунардим, яъни ёқтирмас эдим.

Францияда ҳар қандай инсон иккинчисига “мусье” ёки “мадам” дея мурожаат қилади. У бегона одамми, танишми, шаҳар ҳокимими, Бош вазирми ёки Президентми – ундан қатъий назар, гапининг боши ёки хатининг боши шу сўзларнинг бири билан бошланади. Автобусга кираётганингизда ҳайдовчи сиздан олдин “бонжур” (“ассаломуалайкум”) деб сизни қаршилайди. Мени ҳар куни икки маҳал укол қилишга келадиган ҳамширалар салом бериб уйга киришади ва “оғва мусье” (“хайр жаноб”) деб чиқиб кетишади. Бироқ бу мамлакатда бировнинг олдида ялтоқланиш, лаганбардорлик қилиш каби қусурларни умуман кўрмайсиз. Ҳатто бўйетмаган қизчаларга ҳам “мадмуазель” дея мурожаат қилишади.

Менинг дадам (раҳматлик) кўп ҳолларда “тақсир” сўзини ишлатганларини эшитганман. Абдулла Қодирийни ўқисангиз илгари ҳам оддий одамларгача шу сўз орқали бир-бири билан мулоқотда бўлишганини кўрасиз. Чамаси, олдинги замонларда “жаноб” сўзи пастдан юқорига, биртомонлама, айниқса катта лавозимли шахсларга нисбатан қўлланилганга ўхшайди. Аёлларга нисбатан ишлатиладиган “хоним” сўзи жамиятда кенг тарқалмагандай туюлади менга. Барибир, олдинги туркийлар, хусусан ўзбеклар жамиятида “тақсир”, “жаноб” ва “хоним” каби маданий сўзлар кўп ишлатилган бўлса-да, бироқ уларнинг функцияси одамларни Франциядагидек тенглаштиришга эмас, балки кўпроқ табақалаштиришга хизмат қилган.

Қачонлардир бўлса-да Ўзбекистонда одамларни – у ким бўлишидан қатъий назар – тенглаштирадиган “тақсир” каби мурожаат сўзлари урф бўлармикин? Ҳозирги пайтда оддий одам Президент ёки Бош вазир у ёқда турсин, ҳатто туман ҳокими олдига ҳам бемалол киришини тасаввур қилиш қийин. Франция Президенти оддий ўқитувчига ёзган жавобининг бошида унга “Мусье” деб мурожаат қилганини кўрганман. Ўзбекистонда вақти келиб ҳеч бўлмаганда туман ҳокими оддий қишлоқ ўқитувчисига жавоб ёзаётиб хатбошини “Тақсир” деб бошлашини орзу қилса бўлармикин? 2001 йилда АҚШга борганимда бир ватандошимизнинг уйида бўлдим. Бир хонада деворда чиройли рамкага солинган расмий давлат ҳужжатига кўзим тушди. Сўрадим. Жавоб беришди. Ҳар йили ўқиш давомида ҳар бир ўқувчига ўқишдаги ютуғига қараб ўқитувчилар бал ёзиб боришар экан. Йил охирида тўплаган баллари бўйича туман, шаҳар, вилоят [АҚШдаги ҳудудий бўлиниш бўйича – номи эсимда йўқ] ғолиблари аниқланар экан. Шу ғолибларга АҚШ Президентидан, шахсий имзоси билан, табрик хати келар экан. Ватандошимизнинг бир қизи ўз вилоятида биринчи ўринни олган экан. Мен кўрган ҳужжат АҚШ Президентидан келган хат экан. Келажакда Ўзбекистонда шундай ҳол бўлишини кўз олдимизга келтиришимиз мумкинми?

Биз Франциянинг катта бир шаҳарида яшаймиз. Шаҳар ичида юрган баҳайбат автобуслар кўпинча 5-6 та (баъзан ундан ҳам кам) пассажир билан маршрутда юрганини кўраман. Ҳар бир бекатда автобуснинг келиши минутма-минут ёзиб қўйилган. Автобус кечикса кўпи билан бир минут кечикади. Ўзбекистонда автобусни кутиб бекатда, совуқда, қирқ минут кутган пайтларимиз бўлган. Зўрға осилиб кетганларимиз кўп бўлган. Ҳайдовчининг оғзидан “ассаломуалайкум” эмас, сўкиш эшитганимиз оз-мунча бўлмаган. Эҳ, соддагина Шермат ака-я! Гап ҳокимда, ҳайдовчида эмас, сиёсий тузумда эканлигини тушунмай ўтган домла-я! Шу Президент ўзбекнинг аълочи боласига табрик хати ёзади? Ёзиб бўпди! Ёзса пахтани ким теради? Кўчани ким супуради?

Бир куни Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатларига шижоат ва ақл кириб “Давлат идораларидан фуқароларга ёзиладиган жавоб ва мурожаат хатлари тўғрисида” номли қонун қабул қилишди. Хусусан унинг 25-моддасида: “Давлат мулозими фуқарога – у ким бўлишидан қатъий назар – мурожаат ёки жавоб хати ёзса, хатбошини “Тақсир” сўзи билан бошлаши шарт”, 26-моддасида: ” Давлат мулозими фуқарога – у ким бўлишидан қатъий назар – мурожаат ёки жавоб хати ёзса ва хатбошини “Тақсир” сўзи билан бошламаса, биринчи марта энг кам иш ҳақининг 10 бараварига, иккинчи марта энг кам иш ҳақининг 50 баробарига, учинчи марта энг кам иш ҳақининг 100 баробарига жаримага тортилади”, 27-моддасида: “Ҳар қандай фуқаро давлат мулозимидан мурожаат ёки жавоб хати олса, хат “Тақсир” сўзи билан бошланмаган бўлса, давлат мулозими қандай лавозимда ишлашидан қатъий назар фуқаро уни судга беришга ва ундан маънавий зарар келтиргани учун 10 миллион сўм ундириб олишга ҳақли”, деб дейилган.

Бу ишни фақат мухолифат қилиши мумкин. Унинг депутатларида шижоат ҳам, ақл ҳам бўлади. Шўбҳасиз. Оддийгина, бироқ улкан кучга эга бўлган биргина “Тақсир” сўзини давлат қонуни билан ҳаётга киритиш инсон ва жамият руҳини тубдан ўзгартириб юборишига ҳам шўбҳа йўқ! Шундай бўлса донишманд Шермат ака орзу қилган оммавий “ассаломуалайкум”, “кечирасиз” ва “хайр, соғ бўлинг” иборалари халқ онгига тамоман ўрнашади. Жамият соғломлашади. Афсус, домла бу даврни кўрмай ўтиб кетдилар. Бизга насиб қилармикин?

30 декабрь 2012 йил.  ЯНГИ  2013 йил АРАФАСИ.

ФРАНЦИЯ.

Leave a comment

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.