Юсуф Жума шеърияти

ДОКТОР МОРОга

Doctor Moro

Доктор Моро ҳайвонни

Инсон қилмоқчи бўлдинг.

Гўё кўкка похолдан

Нарвон қилмоқчи бўлдинг.

Ҳайвондан одам эмас,

Миршаб яратиш мумкин.

Кўзи юмуқлар учун,

Вазир яратиш мумкин.

Тулкилардан қозилар,

Қара, яратилгандир.

Доктор Моро, бўридан

Тўра яратилгандир.

Қуёндан одам чиқмас,

Халқ чиқар, оламга боқ.

Қўйдан одам чиқмайди,

Қўйдан халқ чиқар, бироқ.

Ҳайвондан одам чиқмас,

Ҳоким чиқади аммо.

Тўнғизни подшо қилган

Элни кўр, доктор Моро!

Ит қандай одам бўлсин,

Эй шўрпешона банда,

Мен одамларни одам

Қилолмайин юрганда!

X X X

Опа, дастим қисқадир,

Ҳеч қаёққа етмайди.

Амалдорлар адолат

Кўчасидан ўтмайди.

Лекин тинч яшолмагай

Дасти узун муттаҳам.

Дастим бор-ку, опажон,

Гарчи қисқа бўлса ҳам.

Опа, дастим қисқадир,

Ғанимим мўл: қарға, зоғ…

Мен бир кесилган тутман

Уларни ушлай қандоғ.

Опа дастим қисқадир,

Қўллайдиган халқим йўқ.

Лек қисқа деб жимгина

Ўлишга ҳам ҳаққим йўқ.

1994.

Подшо – тўғри,

Ҳоким – тўғри,

Қози – тўғри.

Шоир – ўғри,

Фақатгина

Шоир – ўғри.

Зарбоф кийган

Подшо – тўғри,

Пора еган

Ҳоким – тўғри,

Ёлгон деган

Қози – тўғри.

Мискингина,

Юпунгина,

Ҳақни айтган,

Қонлар ютган

Шоир – ўғри.

Аҳли мансаб

Эл ризқини

Жиғилдонга

Тўғирлайди.

Шоир фақат

Ўшаларнинг

Оромини

Ўғирлайди.

X X

Нодонларнинг паловидан

Сигиримнинг айрони соз.

Шоҳ боғининг осмонидан

Ўз кулбамнинг остони соз.

Юртни жоҳил сўрар бўлса,

Гулзорда ит ҳурар бўлса,

Оқил учун бул даврондан

Ер остининг даврони соз.

Лекин мен бир ошиқдирман,

Разолатга тўсиқдирман,

Ул дунёнинг жаннатидан

Бу дунёнинг жонони соз.

Менинг ёмбим висолидир,

Етолмадим, етолмадим,

Билгин, бехаё васлидан,

Хаёлининг армони соз.

Вафоли деб куйма кўнгил,

Ярасиз диллара, дилбар,

Вафо гулин яшашига

Юсуф, дилнинг вайрони соз.

Кит

 

Нодонлар тўрга чикди,

Замонага ҳайронман.

Оқилни гўрга тиқди,

Машрабдайин гирёнман.

Итбалиқ денгиздадир,

Мудом ишин бешлайди.

Кит ҳовузга ташланган,

Кит ҳовузда яшайди.

1994

Эй она халқим!

Мудом йўлим ҳақ деган роҳ
Ёлғиздирман қон бепанох.
Элим бедил, элим гумрох,
Золимлар мўл, золимдир шоҳ.
Заминдан то Аршинггача
Тасбеҳимдир оҳ, оҳ, оҳ, оҳ…
Қолдим музтар Субхоноллоҳ,
Ўзинг қутқар Субҳаноллоҳ!
Дунё қамиш ичидай тор
Тағин бағри тўла мор.
Қайда қолди болаларим,
Қайда қолди ёрим Гулнор.
Заминдан то аршинггача
Тасбехимдир туну кун зор.
Қолдим музтар Парвардигор
Ўзинг қутқар Парвардигор!

Бошда зиндон, бошда ҳижрон
Ҳар тукимга туман тўфон.
Лек қўлласанг битта эр ҳам
ҳурлик туғин тиклар осон.
Оғзимда қон, бўғзимда қон
Бурнимда қон, кўзимда қон.
Заминдан то ашкинггача
Тасбеҳим қон, тасбеҳим қон.
Қолдим музтар буюк Раҳмон,
Ўзинг қутқар буюк Раҳмон!

2009

Ҳаммага нур сочар, кўрсалар аммо
Қуёшга ҳеч кимдан нур қайтмас асло.
Меҳрли инсон ҳам кун мисолидир
Элга меҳр сочар, кўрмайди вафо…

Кул қўрнинг боласи, совуқ безиё
Номард фарзанд каби оташга бало.
Ўзин яйратганни бағрига босиб
Секин секин айлар бутунлай адо.
2009
Май хумори тутса майхўрни абгор
Лекин ўтиб кетар тинчир барқарор.
Ҳатто ўтиб кетар наша хумори
Оҳ ёримнинг хумори умрлик пойдор.
2009

textarea.html-text-box {background-color:FFCCCC;background-image:url(https://tolibyoqubov.wordpress.com/2023/02/03/bacground/);background-repeat:repeat-y;background-attachment:fixed;border-width:2;border-style:double;border-color:CC0000;font-family:Arial;font-size:14pt;color:330000;}
input.html-text-box {font-family:Arial;font-size:14pt;}

Озодлик учун курашаётган Буюк ЧЕЧЕН халқининг
қонуний президенти
буюк Аслан Масхадовга бағишланади.
1.
Тангрим сенинг йўлингда юрганлар саноқлидир
Пойлари кишанлидир, бошлари сиртмоқлидир.
Бағрлари ханжарли, қалблари пичоқлидир.
Тангрим ёвинг сафига бош бўлиб тушганмисан
Йўлингдаги зотларга ўзинг ҳам душманмисан?!
Ҳақ деганнинг муродга етганини кўрмадим.
Биргина нафас ҳайит этганини кўрмадим.
Дунёдан кўзи юмуқ кетганини кўрмадим
Тангрим ёвинг сафига бош бўлиб тушганмисан
Йўлингдаги зотларга ўзинг ҳам душманмисан?!
Булбулдек ҳимоясиз иймоннинг соқчилари
Бошларида балолар фалакнинг кўчкилари
Аршингни ёндиради дил ўтин сочқилари
Тангрим ёвинг сафига бош бўлиб тушганмисан
Йўлингдаги зотларга ўзинг ҳам душманмисан?!
Жавхару Солмон кетди, Асланни ҳам олдингми?!
Мужоҳидлар бошига қиёматни солдингми?!
Ҳақ йўлида мунғайиб битта ўзинг қолдингми?!
Тангрим ёвинг сафига бош бўлиб тушганмисан
Йўлингдаги зотларга ўзинг ҳам душманмисан?!
Дунёни морлар учун тузганмидинг, Худойим?!
Уларга мадад қўлин чўзганмидинг, Худойим?!
Чеченлардан йўлингни қизғандингми, Худойим?!
Ёвинг сафига сарбон — бош бўлиб тушганмисан,
Йўлингдаги зотларга ўзинг ҳам душманмисан?!
8.03.05.
2
Яна чиқдингми қуёш, уялмайсанми, қуёш
Жавҳарни отганларга сочиб турибсан зиё.
Аслан қотилларига сен нечун бўлдинг нурпош,
Наҳот қонли қўлларнинг қадахи эрур само.
Озодлик деганларни кўрган эмасман озод
Озодлик душманлари, жаллодлар нур ичинда.
Мазлумларнинг кўксида мазлумлар ўйнатар от
Мужоҳидлар ё сиртмоқ, ё ўт, ё гўр ичинда.
Яна чиқдингми қуёш, пайкон тегди юракка
Осмонлар ҳам мустабид тождорлар лашкаридир.
Аслан Масхад ўлдиму, лаънат бўлсин фалакка
Фалак аҳли золимнинг беомон аскаридир.
9.03.05.

***

Ассалому алайкум Гулнор,
Юрак бағри ғамга ем Гулнор.
Дил, жигарим милён тешикли
Қора қонли оппоқ хум Гулнор.
Сенсиз ҳаёт ажалнинг ризқи
Устихоним олов қум гулнор.
Хам зиндонга оҳ, ҳам оҳ ҳажрингга
Маҳкумдирман, ох маҳкум, Гулнор.
2009
Сочлари занжир занжир
Сийнаси анжир-анжир.
Киприги шамшир шамшир
Ислари атир атир.
Юзлари қуёш-қуёш
кўзлари абр абр.
Холлари майиз майиз
Елкаси суқсур суқсур.
Бели бел қатим қатим
нигоҳларидир тир тир.
Нигохларидир жон-жон
Жамоли жонга пир-пир.
Ҳижрони ажал-ажал
кун туним қабр қабр.
2009
Мудом йўлим ҳақ деган роҳ
Ёлғиздирман қон бепанох.
Элим бедил, элим гумрох,
Золимлар мўл, золимдир шоҳ.
Заминдан то Аршинггача
Тасбеҳимдир оҳ, оҳ, оҳ, оҳ…
Қолдим музтар Субхоноллоҳ,
Ўзинг қутқар Субҳаноллоҳ!
Дунё қамиш ичидай тор
Тағин бағри тўла мор.
Қайда қолди болаларим,
Қайда қолди ёрим Гулнор.
Заминдан то аршинггача
Тасбехимдир туну кун зор.
Қролдим музтар Парвардигор
Ўзинг қутқар Парвардигор!
Бошда зиндон, бошда ҳижрон
Ҳар тукимга туман тўфон.
Лек қўлласанг битта эр ҳам
ҳурлик туғин тиклар осон.
Оғзимда қон, бўғзимда қон
Бурнимда қон, кўзимда қон.
Заминдан то ашкинггача
Тасбеҳим қон, тасбеҳим қон.
Қолдим музтар буюк Раҳмон,
Ўзинг қутқар буюк Раҳмон!
2009
Сочингдай чўзилиб қолгандир бўйинг
Ойдайин тўлишиб қолгандир рўйинг.
Эҳтимол ваъдангни унутгандирсан
Балки аллақачон бўлгандир тўйинг.
2009
Сансиз яшамоққа етмади сабрим,
Сансиз қолиб кетган вужудим қабрим.
Гўрим ҳам ҳажрингда ёниб ётибди
Ёнмоқда юрагим, ёнмоқда бағрим.
2009
Қўйни қўй демайин қўчқор десинми?!
Мўрни мўр демайин бу сор десинми?!
Фалончи қавмни камситди дема
Харни хар демайин от, нор десинми?!
2009
Сочу сақоғингнинг исини ичай
Сийнанг бол боғингнинг исини ичай.
Сенинг бўйларингдир Юсуфга нафас
Бошдан оёғингнинг исини ичай.
2009
Ой ҳам кун ҳам жамолингдан нур олади.
Қуёш олов юрагимдан қўр олади.
Ёр оламда беишқлар кўп, муздек совуқ
Севгисизлар совуғини гўр олади.
2009
Жаннат берар эдинг тилло балиғим,
Букун манзилинг қай дарё балиғим.
Кимга насиб этган висолинг ризвон
Бевафо балиғим, бало балиғим.
2009
Ёлғиз туғилганман, ёлғиз ўламан
Хоин кўр қавмдан олис бўламан.
Жаннатга тушурса шу улус билан
Дўззахга ўтай деб нола қиламан.
2009
Водаариғ ёр, водариғ ҳажринг қуёшни тўсди
Водариғ, ёр, водариғ, ажал шамоли эсди.
Водариғ, ёр, водариғ ерда ернинг усти йўқ
Водариғ, ёр, водариғ ер усти ҳам ер ости .
2009
Ой босолмас, кун босолмас кўзи фаттон ўрнини
Боғу бўстон босолмайди юзи–бўстон ўрнини.
ёр бўлмасдан жон бўлгунча жон бўлмасдан ёр бўлса
жон босолмас ёр ўрнин, ёр босар минг жон ўрнини.
2009

Атиргул деганлардан бад ислар чиқаётир,
Жайронлармиз деганлардан тўнғизлар чиқаётир.
Айт нимага ишонайин, тангрим, кимга ишонайин
Оҳ, Оллоҳим, деганлардан иблислар чиқаётир.
20.10.2011.

Ҳар оҳим фалакка минг қонли тўфон
Бегумон бўлади ер билан яксон.
Аҳир қачонгача айирар ёрдан,
Ахир қачонгача бошимда ҳижрон.
2009
Қалбингни хешларинг боғлаб беради,
Бағрингни дўстларинг тўғраб беради.
Душманинг пойига пойингдан эвоҳ,
Бошингдаги боланг боғлаб беради.

2009
Кўрдим не не жонлар, не не малак ғар,
Эл ғар, халқ ғар, дўст ғар, аёл эркак ғар.
Нетайин буларни яратиб қўйган
Фалак ғар, фалак ғар, эвоҳ фалак ғар.
2009

Уммон қудрати бор бир томчида ҳам
Ташна булбулга жон бир томчи шабнам.
томчидан кўкарган нихол чинордир
Томчидан яралган оламу одам.
Улкан бўлмасанг ҳам уммондан Кубро
Яшашга имконинг бордир доимо.
Юракни, бағрни бир томчи қилиб
Жойига тушурсанг денгиздан авло.
2009

Замин туркийларнинг ўлкаларидир
Аждодим юрагин тилкаларидир.
Дунёнинг тоғлари кўкни кўтарган
Буюк боболарнинг елкаларидир.
2009

Барча ғанимидан узоқ яшайман
Тангрим мўл кўл берган ризқни ошайман.
Ёвим музхокда муз хок бўлганда ҳам
ўт гўзал этагин ёниб ўшлайман.
2009

Йўлида тупроқман дил абгор кулол,
Ҳокимга қонимни қўшиб қор, кулол.
Лойимдан гулдан эт, гулимга бергин
гулларини қўйсин гулузор, кулол.
Агар арзитмаса синдир қайта қор,
Кўза қўл оёғин ювсин ёр, кулол.
Рад этса итига ялоқ ясагин
Арзитса бўлурман бахтиёр, кулол.
Арзитмаса синдир кулдон эт кулдон
Ўчоқ кулин олур, ҳоким нор, кулол.
Кулини қилурман ўчмайдиган ўт,
Гўзал ўчоғида мен пойдор, кулол.
18-24.10.2009

Оғзимда жон бағр, оғзимда юрак,
учови бир ерда сиқилаётир.
Дардингдан тишимни қисаман малак
Жигар дилга ўқдай суқилаётир.
Осмонлар оҳимдан тиқилаётир,
Самолар сел бўлиб тўкилаётир.
Жисмимни сочингдай майдалар хижрон
Вужудим зулфингдай букилаётир.
Фалакка тўфондир мен чеккан фиғон
Кўзларим ажалдан бекилаётир.
Осмонлар оҳимдан тиқилаётир,
Самолар сел бўлиб тўкилаётир.
Сўйилган тандаги хунга ўхшадим,
Тўкилдим бу дунё йиқилаётир.
Жон бағр, юракни туфлаб ташладим
Бу юкдан замин дарз сўкилаётир.
Осмонлар оҳимдан тиқилаётир,
Самолар сел бўлиб тўкилаётир.
19.10.2009

Ярим ойга
Ярминг қани гўзал ой, наҳотки ишқда куйган
Ғоят ширинлигидан ошиғинг кўк еб қўйган.
Менинг ҳам томиримда оловлар елаётир
Сендан ҳам ширин ёрим, еб қўйгим келаётир.
2009

Ойда доғ бор дейман, ошиғи осмон,
Кўкнинг бўсасидан кўкарган комрон.
Агар ишонмасанг ўпганингдан сўнг
Ўзингни кўзгуга солсангчи жонон.
2009

Аҳли дунё измингдами, ё шайтонга олдирдингми?!
Еру Само измингдами, ё шайтонга олдирдингми?!
Барча дилда ҳоким иблис, кўрмадим бир санга анис,
Аръши аъло измингдами, ё шайтонга олдирдингми?!
2009

Дардим сони сочларингнинг сонидан кўп,
Дил талқони сочларингнинг сонидан кўп.
Юсуф бежонин етса сочларингга
Юсуф жони сочларингнинг сонидан кўп.
2009

Оғирлашиб борар соғинч деган юк,
Мазлум қолмади, қолмасман тирик.
Бу юкни юкласа осмон синади
Ўзи кўтаролмай менга юклар кўк.
2009

Бир биридан айри адо бўлди икки дил.
Икки оққуш, икки сор, икки лола, икки гул.
Сендан айрилган дамда ўлган эдим Гулнорим
Водариғ, ўлганимга бўлаётир икки йил.
2009

Қалб қонимда Тўмариснинг сути бор,

Юрагимда Муқаннанинг юрти бор.

Сен мен билан ўйнашмагин, эй ғаним,

Ҳар тукимда минг йигитнинг ўти бор.

2009.

Юрагингни бешик этдинг мен учун

Шу бешикни синдирдимку, онажон.

Кунларингдан ёруғроқдир ялдо тун

Қуёшингни сўндирдимку, онажон!

Гўдакликда бағринг бўлди йўргагим

Тош бошингда тошдай қотди суягим.

Сени ғамдан қулатдимку, фалагим,

Қалбни тиғга йўндирдимку, онажон.

Оналардир фаришталар сараси,

Хун бағримдан хун бағрингнинг яраси,

Неки экдим пушаймондир меваси

Кўзингдан қон ундирдимку, онажон!

Қора куним қора қилди кунингни

Ялдо туним ялдо қилди тунингни

Буткул унут Юсуф деган хунингни

Ҳаётингни синдирдимку, онажон!

2009

Дилдан қолган бўлса яраси қолган,

Бағримдан лахта қон пораси қолган.

Нечун ўлмаяпман ҳажрингда, эй ёр,

Лабимда лабингнинг шираси қолган.

2009

Жоним, жон сочингда қолиб кетибди,

Бошим пой учингда қолиб кетибди.

Сингибди сийнангга сел сийнам, санам,

Юрагим ичингда қолиб кетибди.

2009

Ҳеч кимга ишонма, ҳеч ким эр эмас,

Ҳеч ким бир дардингни кўтариб бермас.

Дардингни ичга ют, кўкдан мадад кут,

Кўк ҳам бор, бу олам фақат ер эмас.

2009

Юрагим — олов отим, кўкда этармиз парвоз

Овозингга бўлади аҳли чақмоқ жўравоз.

Қирқ кокилин қирқ қамчи қилгунча келаётир

Қирқ қамардан гўзалроқ, қуёш юзли чавандоз.

2009

Ўн саккиз ёшли гўзалга

Ўн саккизта баҳордан бол йиғнаган дудоғинг,

Ўн саккиз саратондан олов йиғган ёноғинг.

Кўксинг олма терибди ўн саккизта кузакдан

Ўн сакккиз қора қишдан тун йиғнаган қароғинг.

2009

Қулоғингни куйдирган гапимни унитдингми,

Анорингни қонатган лабимни унитдингми?!

Наҳотки, ўлган бўлсам, унутганинг ўлганим

Қалбингга олов солган қалбимни унитдингми?!

2009

Ғаним, оғзиндаман рост

Ейман демагин паққос,

Ахир чақмақтошдирман

Тишларинг синар, холос.

2009

Лабларимни бол қанд қилди оёғинг,

Оҳ ўзига пайванд қилди оёғинг.

менга боқар ҳавас билан осмонлар

Паст бошимни баланд қилди оёғинг.

2009

Намоз фарздир, кечир Оллоҳ, сенга тоат этолмасман.

Ёр тиззитда тун-кун бошим, меҳробингга ўтолмасман.

Рўза фарздир, яшолмайман, сочин исин ичмайин

Ҳаж фарздир, лекин каъбам бўлган оёғидан кетолмасман.

2009

Сен сенга исломни ўргатма жоҳил,

Исломнинг пирларин пири аждодим.

Ҳар бири иймонда мисоли расул

Улар нафасидир менинг ҳаётим.

Боболар идрокин ёғдуси билан

Исломнинг ҳилоли офтобдай тўлган.

Туркийлар азалдан иймонга Ватан

Исломдан аввал ҳам исломда бўлган.

2009

Юрагимнинг пардаси атласча йўқми,

Қалбим пардасидан кийсангчи либос.

Ёр, дилим совуқтош олмосча йўқми

Узугингга этгин дилимни олмос.

Ипакча эмасми бағрим пардаси

Бағрим пардасидан қилгин сийнабанд.

Нимжоним ҳавоча, нафасча йўқми

Ҳаво ўрнига эт жонимни нафас.

2009

Кечирарман эҳтимол боримдан айирганни,

Молу-мулк, қаламимдан — торимдан айирганни.

лекин қасос олурман, қаосим муқаррардир

Кечирмасман ҳеч қачон ёримдан айирганни.

2009

Эй нодон, мени ҳам эшитгувчи кўп,

Дод этсам додимдан дод этгувчи кўп.

Манзилга етарман, толиқиб қолсам,

Қалбимни туғ этган мўл, этгувчи кўп.

2009. 14 октиябрь

Юрт ободу зар бўлармиш остоналар,

Қурмоқдамиз қўш-қўш корхоналар.

Нефт оламиз, газ оламиз, очамиз кон

Шеригимиз нафси наҳанг буткул жаҳон.

Бойлик биздан, меҳнат биздан, ҳиммат биздан

Улушимиз бир фоиздир, минг фоиздан.

Шериклидир юртнинг уран, олтинлари

Гўзал гўзал қизларию хотинлари.

Ўзбекники аёлнинг ҳам мингдан бири

Гала гала шериклардан қолган ери.

Ватан вайрон, жарлик бўлди остоналар

қурмоқдамиз қўш қўш кўшма корхонлар.

2009

Даюс элнинг дардини дилимдан даф этаман,

Гўзалларнинг пойларини бошимда саф этаман.

Сайраган билан булбул тўнка бўлмас экан гул

Энди қолган умримни севгига сарф этаман.

2009

Йиллар бол излаб елган боларидек елади,

Бир замонлар қўлларим сочларингни силади.

То ҳануз димоғимда кокилларинг бўйлари

Ҳок бўлсам ҳокимдан ҳам сенинг исинг келади.

2009

Водариғ, йўл босишдан эшак отга дарс берар

Гўнгқўнғиз боларига ҳалолликдан бонг урар.

Осмонни ўргатади бургутларга кўрсичқон

Лочинларнинг бошида юмронқозиқ туради.

2009

Қалб қонимда Тўмариснинг сути бор,

Юрагимда Муқаннанинг юрти бор.

Мен билан ўйнашмагин, эй ғаним,

Ҳар тукимда минг йигитнинг ўти бор.

2009

Бошга қора кунлар тушди изма из

Чора излаб боқиб дўсту ёр ҳорди.

Барча биров дардин чекишга ожиз

Хешлар тез чарчади, дод деб юборди.

Чарчайди акалар, чарчар укалар

Кўникиб кетарлар сенсиз яшашга.

Чарчайди сингиллар, бола чақалар

Бир ўзинг қолмассан, лекин оташда.

Гарчи сочлар оппоқ, тишлар тўкилган

Қонли кўзларида умид порлайди.

Ортингдан югурар бели букулган

Она чарчамайди, она ҳормайди.

23.10.2009

Кўнглингни етти қат осмондек кенг тут,

Касдан хафа бўлма, борингни унут.

Ўйлашга арзимас хиёнаткор жон

Тутун борлигини ўйламайди ўт.

23.10.2009

Жамолингдан жамол бердинг аёлга

Камолингдан камол бердинг аёлга.

парвардигор, ҳижрон деган бешавқат

Енгиб бўлмас қурол бердинг аёлга.

2009

Нега хиёнат этдинг қорачадан келган қиз,

Юрагимга кўз деган дарачадан келган қиз.

Қароғимдан қоп қора қон бўлиб чиқиб кетдинг

Қалб аталган бесаноқ ярачадан келган қиз.

2009

Американинг қўрғонлари очиқ мен учун,

Европанинг бўстонлари очиқ мен учун.

Очиқ менга бу юртнинг дор сиртмоқлари

Ўзбекистон зиндонлари очиқ мен учун.

Борса келмас, Жаслиқ, деган қатлгоҳдаман

Оқсаройдан бошланувчи қотилгоҳдаман.

Лекин руҳан кўкдадирман, одилгоҳдаман

Парвардигор осмонлари очиқ мен учун.

Калхатлардан енгилмаган ҳеч қачон шунқор

Зиндонлардан чиқажакман, нусратим пойдор.

Лек бош олиб кетмасдирман, бошимга жой бор

Бир гўзалнинг тавонлари очиқ мен учун.

2009

Эгнингдаги зар нимчани бир ел бўлиб очайин,

Кўксингдаги қўш ғунчани булбул бўлиб очайин.

Сен бетимсол бўстондирсан, дудоғингдир дарчаси

Болдан бўлган бол дарчани ўт сел бўлиб очайин.

2009

Аҳли ваъзхон сўзда жонни қуради

Майхўр май қимизда жаннат қуради.

Лекин асл жаннат Юсуф Жаннати

Юсув сулув қизда жаннат қуради.

2009

Белинг бир қисиму, сочинг бир қулоч

Жоним бир чимдиму ўти бир офоқ.

Оламда бўлмасман бўлмаса агар

Сочинггу бошимга оёғинг ётоқ.

2009

Шоир бўлсанг зўри бўл

Эр бўл, эрнинг қўри бўл.

Ўлсанг ҳокинг тирилсин

Марҳум сулув гўри бўл.

2009

Қалбим қон, бағрим қон, қон эт устхон

Мени қон ғишт қилдинг ҳижронинг хумдан.

Етар шавқат айла, бол ғишт пиширгин.

Васлинг хундонига кирайин жонон.

2009

Зулфинг билан бўйнимни бўйнингга боғлагандим,

Дил ўтингда қўйнимни қўйнингга боғлагандим.

Боғлагандим сочингда пойингга пойларимни

Жон чечагин ишқ деган қуюнга боғлагандим.

2009

Қора кунларимда омонлик тилаб

Келмади Мадина, келмади Макка.

Музтар болаларим бошини силаб

Келди Америка, ҳур Америка.

Келмади Истанбул, келмади Теҳрон,

Келмади Ашхабод, келмади Боку.

Жаҳолат ботқоғи ичра мусулмон

Топталди аждодлар, Кубролар ҳоки.

Шарқдан чиққанига уялар қуёш

Қизарар, бўзарар, беқадр хафа.

Келмади Бухоро Самарқанду Шош

Клди ҳолинг не деб буюк Европа.

Музаффар лочиндир менинг ҳаётим

Юртимни кўтариб учаман кўкка.

Озод Европадир битта қанотим

Битта қанотимдир ҳур Америка.

20-21 октиябрь.2011

Миллат фожеаси

ёхуд
хаста халқ, хаста ҳукумат, хаста мухолифат

Дўстлар бир-бирининг кўзгусидир.(мақол)

Гап кўп, чунки дард кўп.

Гапни нимадан бошласам экан.?

Тўғрисини айтиб қўя қолсаммикан.

Миллат ўлди!

Ҳамма дод деб юборади, улуғ миллатни, Амир Темурни берган миллатни, Навоийни берган миллатни (яна уч-тўрт номни келтиришади, шўрлик номлар, фақат номлари ёдланган шўрликлар, руҳлари чирқираётган зотлар номлари) ерга ураяпти, ҳақорат қилаяпти деб. Яхшиси ҳақиқатни қисман кўрсатса ҳам юмшоқроқ қилиб бошлай қолай:

Миллат ўлаяпти…

Паспортда Мустақил Ўзбекистон паспортида (гўё ер юзида фақат битта Ўзбекистон мустақилдай фахрланамиз, гўё чеченлардай қон тўқиб олгандай фахрланамиз) жинси деган жойга эркак деб ёзиладиган жониворлар дунёнинг мардикор бозорини забт этди. (Кимсан Амир Темур авлодларида).

Жинси деган жойига аёл деб ёзиладиганлари дунё фоҳишахоналарини тўлдирдилар. Фоҳишалик қилганлари учун чет эл турмаларида ётибдилар. Миллатнинг жони бўлган эрлари зиндонларда ўлдирилдилар, ўлдирилмоқда. Бундай миллатни тирик деб бўладими?Асосий қисми қишлоқларда яшайдиган ўзбекнинг эркаклари иш қидириб олис шаҳарларда, олис юртларда сарсон саргардон. Қишлоқлар эркакларсиз қолган. Ойлаб, йиллаб иш излаб, ишлаб уйида бўлмаган ўша ёқлардаги бузуқ аёллар билан бўлишади. Бузуқ аёлларнинг аксарияти турли таносил касали билан оғриган аёллардир. Унча мунча дардни дард демайдиган ўзбек касалга чалиниб даволатмай юраверади. Қишлоққа қайтгач, бу касалликни аёлига юқтиради. Мана шундай халқдан соғлом авлод туғиладими?!

Юзаки қараганда «намунча ваҳима қилмасанг », дейишлари мумкин.

Чуқур ўйланса, бу – миллатнинг бузилиши, бу – миллатнинг айниши, бу – миллатнинг қирғинидир.

Уч аёл суҳбатлашмоқда:

– Кеча «Озодлик»да айтибди: Фарғонада бир она бир боласини 150 мингга сотиб, бошқа болаларини боқаётган экан.

–Уҳў, — деди иккинчи аёл, – Водийда анча қиммат экан. Бизнинг Қоракўлда жуда арзон, бир келинчак қизалоғини 10 мингга сотган.

–Қани мен ҳам ҳаридор топсам,–деди учинчи аёл, –Барини текинга берардим, очликдан ўлишмасин деб, ўлиб-тирилиб юрибман.

Бундай халқни тирик деб бўладими?!

Тирик деб бўлмас экан, демак ўлган экан-да, майли кўпчиликнинг кўнгли оғримасин, ўлаётган экан-да.

Бу фожеанинг айбдорлари кимлар?!

Айрим «мухолифатчилар» система дейдилар. Мен «Каримов эмасми» деб сўрайман.

– Каримов билан ишимиз йўқ, айбдор Каримов эмас – система!

– Ҳой жаноблар, сиз айтаётган система нимадан тузилган.

Кирпичданми?!

Бетонданми?!

Арматураданми?!

Дарахтларданми?!

Ҳайвонларданми?!

Сувданми?!

Оловданми?!

Ё Каримовга ўхшаганларданми?!

Менимча, жаноблар, бош айбдор, шубҳасиз Ислом Каримовдир. Сиз айтаётган система Каримов ва унинг командасидир. (Озроқ сабр қилинг, Каримов тахтдан кетсин, Халқ шоирлари, Халқ ёзувчилари, қаҳрамонлар «Халқ Сўзи»га ўхшаган газеталарни тўлдириб-тўлдириб ёзишади. Сталин ҳақида, СССР ҳақида ёзаётгандай. Ҳозирликча улар Каримов соясида от миниб, яйраб, яшнаб ўша кунларни кутмоқдалар).

Бироқ миллатни, халқни шу куйга солган фақат Каримов ва унинг командасими?

Миллат фожеаси масаласи адолатли судда кўрилса, кимлар қора курсиларда ўлтирарди?

Қора курсилар сони нечта бўларди?

Мингтами, юз мингтами?

Йўқ!

Миллионлаб қора курсилар керак бўларди, балки ўн миллионлаб, нега?!

Қора курсилар қўйилган жойнинг тўрида Бош айбдор жаноб Каримов ва тўралари, жаллодлари бўларди. Улар билан ёнма-ён мухолифат ва халқ ҳам жавоб берарди.

Мухолифат,

Халқ!!!

Нега?!

Бу система осмондан тушдими, Каримов осмондан тушдими?!

Миллатни ўлдирганлар, Каримовни Каримов қилганлар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмадлар эмасми? Бу руйхат минглардан кўп.

«Бирлик»ни бўлганлар эмасми?! «Ёзувчилар уюшмаси»ни бўлганлар эмасми?!

Ҳаммасига томошабин бўлиб турган қўрқок муъте халқ эмасми?!

Соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади, буни билиш учун Ибн Сино бўлиш шарт эмас.

Носоғлом онадан — Халқдан, соғлом ҳукумат, соғлом мухолифат туғиладими?

Ноқис, ногирон Халқ, ноқис, ногирон ҳукумат, ноқис, ногирон мухолифат!

Миллат шу туфайли фожеага йўлиқди.

Нега биздан Андрей Сахаровдек шахс чиқмади? Одил Ёқубов шундай шахс бўлиши мумкин эди. У «Ёзувчилар уюшмаси»ни халқ минбарига айлантирди. У Московда ўзбек қулдан баттар, деб бонг урди. У «Бирлик» ва «Эрк»ни бағрига босди. Афсуски, Одил Ёқубов кураш йўлидан чекинди.

Нега, балки ишонган шогирдлари хиёнат этганидандир. Балки, бола-чақасини ўйлагандир. «Ёзувчилар уюшмаси»нинг сўнгги қурултойида унга ташланишди. Унга ташланмаган бўлса-да ташланганлар билан бирга ўтирган Муҳаммад Солиҳни кўрганман. Ҳой, нега Одил Ёқубовга ташланаяпсизлар дейишини кутганман, афсуски бу гап айтилмади. Барибир Одил Ёқубов ҳақ йўлида бир умр туриши керак эди. Афсуски… энди ҳар йили мукофот бериладиган, август ойининг охирларида Одил аканинг жаноб И.А.Каримовни мақтаган, каттакон газеталарнинг бир саҳифасини эгаллаган мақолаларига кўзим тушади. Эх, шўрлик Одил ака…..

Каримов «Бирлик»ни шубҳасиз Муҳаммад Солиҳнинг қўли билан бўлди. Балки, Муҳаммад Солиҳ алдангандир. Лекин Солиҳ неча марта алданади?! Нега Шукрилло Мирсаидов зални ташлаб кетган сессияда Муҳаммад Солиҳ отдан туширилган, фақат эгарда қолган Ислом Каримовни асраб қолди. Нега уни яна қайтадан отга миндирди?!

Бу саволга Муҳаммад Солиҳ йўлномасида бир хил, бошқа бир суҳбатда бошқа хил жавоб берган. Иккала жавоб ҳам самимий эмас. Муҳаммад Солиҳнинг бесаноқ алданишлари халққа ҳам, ўзига ҳам, ҳаммамизга қимматга тушди. Бесаноқ инсонларнинг қонлари тўкилди. Миллат адойи тамом бўлди.

Мен ҳурмат қиладиган ўзбекнинг улуғларидан бири билан суҳбатлашардим, суҳбатнинг бир жойида шундоқ дедим:

– Барибир Солиҳни яхши кўрамиз. У барибир ўзимизники.

– Ҳа, энди сен шоирсанда, яхши кўраверасан. Бизни жаллоднинг қўлига ташлаб кетди,– деди, Улуғ.

Мен ғинг деёлмай қолдим.

Бироқ бу дегани Абдураҳим Пўлатовга Муҳаммад Солиҳни террорчиликда айблаш хукуқини бермайди. Тўғри, Абдураҳим Пўлатов Каримовга алданмади. У катта сиёсатчи эди. Ўз вақтида тўғри қарорга кела оларди. Аммо кейинги пайтларда жиноятчи ҳукуматга жўровоз бўлиб Муҳаммад Солиҳни жиноятчига чиқаришга умрини бағишлаяпди. Ахир Каримовда шундоқ ҳам прокурорлар етарли.

Ҳатто кимдир сотқин бўлганда ҳам сотқинликка сотқинлик билан жавоб бериш иймонданми?!

Журналист Руслан Шарипов камалди. Уни кечаги сафдошлари ҳимоя қилмади, ҳатто айримлари хурсанд бўлди. Мен бунга ҳайрон қолмадим. Мени ҳайрон қолдирган Васила Иноятованинг «Озодлик» радиоси мухбири (Жамшид Шомуродов) билан қилган суҳбати бўлди: Руслан ўз айбига иқрор бўлди,– деди Васила Иноятова. Руслан турмада, Руслан жаллод қўлида. Гитлер ҳам, Сталин ҳам беллаша олмайдиган жаллод қўлида. Бу жаллод қўлида ўлиб қутилишни истасанг, ўзи истамаса, ўлишингга йўл қўймайди. Руслан: Америкадаги эгизак осмонўпар биноларни мен портлатдим, дейиши мумкин, қийноклар остида. Мен ҳам айтишим мумкин, худо кўрсатмасин Васила Иноятова ҳам айтиши мумкин, уларнинг, жаллодларнинг қўлида. Васила буни яхши билади. Билиб туриб, нега Русланни қоралаб бераяпти, яна халқаро радиода, бу жаллод ҳукуматга? Шоврукдай «Бирлик»чилар қонини ичган ҳукуматга.

Василанинг инсон ҳуқуқлари йўлида катта хизматлари бор. Ўзбекистонга Бовеннинг келишида ҳам шубҳасиз Васила катта рол ўйнади. Нега букун Каримовга прокурорлик қилмоқда?

Мен «Миллат фожеаси»ни—ушбу мақолани ёз фаслида ёзганман. Айрим жойларини кузнинг охирида қўшдим. 2003 йилнинг 12-15 ноябрида Тошкентдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида Пўлат Охун ўтказган анжуманда, Президент истеъфосини талаб қилиш керак, деган «ОЗОД ОВОЗ» ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаевни Васила Иноятова, «Кўчага таёқ кўтариб чиқишга чорлаяпсан, Хизб ут- Таҳрирдан ҳам қудратлимисан, халқни қирмоқчимисан» деган мазмунда айблади. Оддий ўзаро суҳбатда бўлса ҳам майли эди, каттакон анжуманда айблади. Нима бало, «Бирлик» раҳбариятини Каримов прокурорлик лавозими билан таъминлаганми?! Худо кўрсатмасин, буларга ҳокимият тегса, Каримовдан ҳам даҳшатли режим ўрнатмайдими? Каримовдан нима фарқлари бор?

Каримов режимининг барча қийноқларини бошидан кечирган, кечираётган ёзувчи Мамадали Маҳмудов диктатура зиндонининг энг тубида ётиб, бир ўзи бир партиянинг ишини қилмоқда. Унинг зиндондан чиқаётган овози — мактублари разил режим башарасини очиб берди, фош қилди. Зиндонда туриб фикрлаши очиқда, яна хорижда юриб фикрлашаётган, курашаётган—очиғи бир-бирини еб ётганлар фикрларидан, ғояларидан юксакдир. Унинг хатларида, БиБиСи(BBC)га берган суҳбатларида ҳатто Ўзбекистонни таназулдан олиб чиқиш йўллари ҳам бор. Мамадали Маҳмудов боши кундада – қилич остида туриб, Муҳаммад Солиҳга, Абдураҳим Пўлатовга бағри кенглик билан ҳаққоний баҳо берди. А.Пўлатов қўлидан келганча уни ҳимоя қилиш ўрнига унга қарши мақола ёзиб ўтирибди.

Касал халқ, касал ҳукумат, касал мухолифат.

Пўлатов шундай йўл тутгач, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддиновдан нега хафа бўлайин? Озод Шарафиддиновдан Би Би Си (ВВС) мухбири:

– Домла, Салмон Рушдийга очиқ хат ёзяпсиз, яхши, бироқ Эмин Усмон ўлдирилди, Мамадали Маҳмудов зиндонда ётибди, нега бу ҳақда индамайсиз – деган мазмунда савол берди.

Ўзбекистон қаҳрамони қуйидаги мазмунда жавоб берди:

– Эминжонни яхши билардим, уни журналга ҳам ишга олмоқчи бўлганман. Очиғи унга давлатнинг қарши бўлганига ишонмайман. Мамадали масаласига келсак, хабарим йўқ…

Ҳой, домла, Эмин Усмон раҳматлик Сизнинг ўғлинггиз — Алишер Озодович раҳбарлик қилаётган жаллод терговчи қўлида ўлди, билмайсизми?!!!

Мамадали Маҳмудов тергови тепасида турган ҳам Сизнинг ўғлингиз—Алишер Озодович.

Ё Ўзбекистонда жиноятларни кўриб, кўрмаганга олаётган Бош жиноятчини мақтаётганларга қаҳрамонлик бериладими?

Э, кечирасиз, домла, бу ҳақда шогирддинггиз Ўткир Ҳошимов деди:

– Озод акага қаҳрамонлик бекорга берилмади. Бу буюк инсон—қаҳрамон, мустабид СССР даврида биз студентлар пахта йиғимига чиққанда, далада Чўлпон шеърларини ўқирдилар.

Э, раҳмат, домла. Бу халқда ҳам эрлар бор экан-ку. Қаранг, далада Чўлпонни ўқибсиз. Сизга қаҳрамонлик ярашади. Қани эди қўлимда бўлса, Сизга яна битта юлдуз тақиб қўярдим. Қўш юлдузли қаҳрамонимиз бўлардинггиз. Ҳа, айтгандай, эртага Ўткир Ҳошимовга олтин юлдуз тақилса, нодон мухбирчалар, сўраб юрманглар, нега Ўткир Ҳошимовга қаҳрамонлик берилди, деб. Ахир Озод Шарафиддинов қўрқмай Чўлпон шеърларини ўқиганда, Ўткир Ҳошимов қўрқмай эшитган, далада — Мирзачўлда. КГБ Мирзачўлга овоз ёзиб олгичлар ўрнатганда нима бўларди? Хайрият СССР Каримов режимидан илгари ўтган. Кейин келганда борми, чўлга ҳам овоз ёздириб олгичлар ўрнатиб қўярди. Худо кўрсатмасин … Ҳозир чўлда ҳам дилдагини айтолмайсиз. Чўлда ҳам қулоқ бор.

Яна бир гап. СССР даврида Жиззахда каттакон бир йиғинда, Республика бўйича йиғин ўтказилганда, Мамадали Маҳмудов Чўлпон шеърларини ўқиди … Ўткир Ҳошимов, Иброҳим Ғафуровга ўхшаганлар эшитишдан қўрқиб, қочиб қолишади.

М.Маҳмудовга қаҳрамонлик эмас, озодлик ҳам бермаяпти, жаллодлар…

CCCР давридаёқ Чўлпон шеърларини баралла қўшиқ қилиб куйлаган ўзбекнинг буюк ҳофизи Дадахон Ҳасан мана ўн йилдир-ки уй қамоғида ўтирибди.

Ногирон халқ, ногирон ҳукумат, ногирон мухолифат.

Мана битта «Халқпарвар»нинг уйи, эшик ёнбошидаги тугмачани босасиз, эшик очилади. Сафдошинггизни кўриб қувонасиз, қучоқ очасиз. Уйга қадам қўйишингиз билан девордаги ёзувга кўзингиз тўшади: бизда ҳожатхона ишламайди. Ҳаммаси тушунарли, ҳожатхона ишламаган уйдан тезроқ кетиш керак.

– Мен қайтаман,–дейсиз,– бир кўриб ўтай дегандим.

– Йўқ, йўқ,–дейди сафдош, тўрга ўтиргизади.

Бир шўрлик муслима келинчак нажот истаб келган, дардини айтаяпти, дарди оғир:

– Дадаси турмада, бола дадамни кўраман дейди.

– Болани олиб бора кўрманг, шўрлик ота аламдан ўлиб қолади. Ҳамма нарсага чидаш мумкин, бола билан турмада хайрлашиб қолиш даҳшат,–дейман, гапини бўлганим учун узр ҳам сўрамай, даҳшатли манзарани кўз олдимга келтириб тоқатсизланиб, мен.

– Қандай олиб бормайман, олти ойни зўрға ўтказишади. Келган куннинг эртасига сўрай бошлашади: «Ойи, дадамни яна қачон кўрамиз » деб, олти ойдан кейин деб жавоб бераман. «Олти ой деганинггиз нима деганингиз» деб сўрашади. Мен гугурт чўпидан санаб, олти ойнинг ҳар кунига биттадан,180 дан ортиқ дона тайёрлаб бераман. Ҳар кун биттадан гугурт чўпи олиб ташлайсан, тамом бўлгач яна даданг билан учрашамиз, дейман. Бола айтганимни қилади. Бироқ анча пайт ўтгач сабри тугаб, гугурт чўпини битталаб эмас, кўплаб олиб ташлай бощлайди. Гўё ҳаммаси гугурт чўпи доналарига боғлиқдай.

«Халқпарвар» сафдошим шўрлик муслиманинг дардини эшитмай, номоз пайти бўлди деб, туриб кетади. Мен дин илмидан бехабар одамман. Бу «Халқпарвар»нинг ўқиган номози парвардигорга керакмикан?

Балки, муслима дардларини тинглаб унга кўмак йўлларини изласа, Парвардигор миннатдор бўлар.

Билмадим…

Билганим шу-қи, бу уйда ҳожатхони ишламайди. Ўз сафдошларига ҳожатхонасидан фойдаланишни раво кўрмайдиганлар, халқка ёруғлик берармикан…

Ўзини мухолифат вакили деб биладиган, хориж радиоларининг бирида ишлайдиган «Сафдош» билан дала айланардик:.

– Сиз «Озодлик»да ишласанггиз яхши бўларди,– дедим,–«Озодлик»ни кўпчилик эшитади, халққа кўп гап айтиш мумкин.

– Йўқ, йўқ,–деди мухбир, — «Озодлик»да пулни кам беради. Бизда эса ҳар бир хабар эллик доллар!

Хаёли пулга кетди, шекилли, йўл ёқасидаги ахлат ўрага тушиб кетди. Шими расво бўлди.

– Шимни ювдирайлик,– дедим мен.

– Йўқ, йўқ! бу ердагилар жинси қандоқ ювилишини билишмайди, шим титилиб кетмасин тағин. Қўритиб қоқаман, кийиб кетавераман.

Шулар халққа озодлик берадими?!

Халқни битта шимга алмаштириб юборишмайдими?!

Ногирон халқ, ногирон ҳукумат, ногирон мухолифат.

Мен ишонган халқпарвар йигитлардан бири жуда сўзамол, хотираси яхши. Ўқиган бир икки китобидан суҳбатга мос жойини танлаб мени ҳайратга солади. Айниқса, хадисларни ўрнида ишлатади. Уни яхши билмаган одам, э бу йигит ҳақиқий мўмин экан-ку, деб ўйлайди.

Бир суҳбатда Муқанна ҳақида гапирдим:

– Муқаннани мақтаманг, Муқанна кофир,– деди йигит жаҳл билан бақириб.

Менинг ҳам жаҳлим чиқди:

– Босқинчига қарши курашган, ўзини ўтга ташлаган. Қани сизнинг тирноғинггизни қўпарай-чи, ёқадими, буюкни буюк дейиш керак. Ислом билан босқинчини аралаштирманг.

Йигит бақириб Муқаннани ёмонлашда давом этди.

– Нега бақирасиз,– дедим йигитга,– ўтган кун фалончи: «дунёни нотузук яратган» деб, Худони сўкди, сиз жимгина, кулиб ўтирдинггиз-ку! Нега унга бақирмадинггиз?!

Чунки йигит Худони сўккан одамдан озроқ манфаатдор эди. 300-400 доллар. Демак, Худони уч юз-тўрт юз долларга сотганлар миллатни озод қиладими?!

Мен ишонган яна бир «Ҳақикатпарвар» ҳақида:

2001 йил ноябрь, кор ёғарди, совуқ қаҳратон. Ярим тунда Бухородан Тошкентга келган, бағрига боласини босган аёл, эри турмада ётган аёл «Халқпарвар», «Миллатпарвар»нинг, мен ишонган ҳақпарварнинг эшигини қоқади:

– Ўғлим отасининг ноҳақ қамалгани учун элчихоналарга бораман деб, Тошкентга келганди. Сизникида деб эшитдим. Шу ердами?

– Ўғлинггиз бизникида эмас.

– Кечирасиз, омон бўлинг!

– Майли,– дейди «Халқпарвар», шўрлик аёлга эшик ёпаркан.

Остонасида тонгни оттирса давлати камаярмиди?!

Мунофиқ халқ, мунофиқ ҳукумат, мунофиқ мухолифат!

2000 йилнинг охирларида менга навбатдаги жиноий иш очилди. (Каримов режими мени уч марта судлаган). Қамалишим аён бўлгач, Бухородан Тошкентга қочиб кетдим. Мен учун ҳамма эшик ёпилди. Дўстлар ҳам, душманлар ҳам мендан вабодан қочгандек қочишарди. Бутун миллат қочарди. Ҳатто «Ёзувчилар уюшмаси»нинг Дўрмондаги боғининг айрим ходимлари мени миршабларга ушлаб беришмоқчи бўлишди.

Бир кун эрталаб ёзувчилар уюшмасининг эшиги олдида юпун ўтирардим. Ҳаво совуқ, қиш куни. Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов уйидан Тошкентга кетаётиб, боғда тўхтаб ўтди. Машинасидан тушмасдан эшикни очиб, боғ ходимларига—қаршиликларга мени кўрсатиб, ғазаб билан бақирди:

– Ҳайданглар буни…

Мен ҳайрон қолдим, бу биз осмонга кўтариб юрган Абдулла Ориповми, ё Каримовнинг жаллод миршаб бошилариданми?!

Мен Дўрмондан чиқиб кетгач, қорли, қаҳратон кунларнинг бирида, тунда мени излаб, қўлидаги гўдаги билан аёлим Дўрмонга боради. Асли қашкадарёлик бўлган, ёзувчиликка умуман алоқаси бўлмаган, боғнинг Абдулла Орипов номидан иш кўрадиган, Ҳожи деган кимса: «сизларга боққа кириш мумкин эмас, ҳозироқ кетинг», дейди. Рафиқам қўлидаги болани кўрсатиб, шу тунга жой беринглар, пулини ортиғи билан тўлаймиз, эртага чиқиб кетамиз, дейди.

– Йўқ, – дейди, Ҳожи,– Юсуф Жумаевга алоқадор кимсалар қўйилмайди

– Менинг ҳақим бор. Мен шоирнинг хотиниман, Абдулла акага айтинг, руҳсат беради, – дейди.

А. Ориповга телефон қилишади. Қаҳрамон шоир, «ҳайданглар, мумкин эмас» дейди.

Абдулла Орипови шу бўлгандан кейин, бу халқнинг ичида яратгани учун фалакка лаънат дегинг келади. Нега қашқирлар ичида яратмадинг, қашқирлар ҳам бунчалик бағритош эмас. Нега қузғунлар ичида яратмадинг, қузғунлар ҳам бунчалик бемеҳр эмас. Нега итлар ичида яратмадинг, итлар вафодор. «Бизники»лар милён йилда ҳам итлар даражасида юксалмайди.

Эркин Воҳидовга бордим. Ўзбекистон қаҳрамонига! Бир марта юқоридан пастга тушиб келди. Мен билан гаплашди. Мен қарши курашган, Бухородаги беҳисоб жиноятлар қайд қилинган аризани бердим. Шу-шу, у мендан турли баҳоналар билан қоча бошлади. Мен унга ўнта «Ҳамса» ёзсанггиз ҳам халқ сизни кечирмайди, 37-чи йилдан баттар вазиятга бефарқ қараётганингиз, маддоҳлик қилаётганингиз учун деган мазмунда хат ёзиб қолдирдим. Эркин Воҳидов хат ёзиб, хатимдан ўқингганини, ёрдам беражагини билдирган.

Мен Эркин ака билан учрашдим. Қўйнимни пуч ёнғоқлар билан тўлдирди. Ҳеч иш қилмади. Қидирувда пайтим хотиним Э. Воҳидов қабулига келган, Олий Мажлис биносида телефон орқали бир марта гаплашган. У ёрдам бериш ўрнига: «нега фақат ўзини ўйлаб, бола-чақасини ўйлаб, шеърини ёзиб юрмайди. Ҳатто мен билан ҳам юз хотир қилмасдан гаплашади. Раҳбарлар билан қандоқ гаплашишини тасаввур қиламан», деб мендан хотинимга шикоят қилган. Э.Воҳидов бошқа гаплашмаган, қочган.

Хотиним эмизикли боласини қўлига олиб, у ишдан қайтаётганда йўлига чиққан. Рафиқамни таниб, шофёрга нимадир деган, эмизикли боласи билан йўлида турган аёлни четлаб ўтишга уриниб, бостириб келаверган. Шўрлик рафиқам болани ва ўзини зўрға четга олган. Мана Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Э. Воҳидов!

Бу кун Эркин Воҳидов деганда эмизикли боласини кўксига босган, кўзлари ёшга тўлган, тиз бўйи қорда орқаси очиқ шипакда юрган, аёлни машинаси билан бостириб келаётган кимсани кўз олдимга келтираман.

Жаноб Эркин Воҳидов!

Бир рассом эртага мен айтган сувратни чизади. Озодлик даври келганда, авлодлар «Эркин Воҳидов шу экан-да», деб асл қиёфанггизни кўришади.

Эсинггиздами, СССР замонлари эди. Сиз нашриётда директор эдинггиз. Бир йиғинда бир ёзувчи сизни, ўз китобларини босаяпти, бошқаларникини қолдиряпти, деб айблади. Мен ўша ёзувчига бас қилинг, Эркин аканинг юраги оғрийди, деб тинчитдим. Эртаси куни сизга бориб, Эркин ака юрагинггизга олманг, Сиз халққа кераксиз, деганман. Сиз, юракка олмайман деганим билан, барибир бу гаплар юракни тешиб ўтади, деган мазмунда гапиргансиз.

Бир ҳамкасбингизнинг бир оғиз ноўрин танқиди юрагинггизни тешиб кетган экан, нега милёнларнинг кўз ёши, зиндонларда ўлаётган минглаб жувормарг йигитларнинг руҳи, мазлумларнинг дод фарёдлари юрагингизни безовта қилмайди. 2000-чи йил охирида, охирги суҳбатимизда, Каримов режими Сталин режимидан ҳам даҳшатли эканини сизга исботлаб берганман-ку, ё Сиз «Ўзбегим» деганда фақат ўзинггизни тушунганмисиз?!

Шовруқ Рўзимуродов эсинггиздами?

Жаҳонгир Муҳаммаднинг ёзишича, Сиз Шовруқнинг депутатликдан кетишига рози бўлиб, имзо чеккансиз. Шовруқ руҳи сизни безовта қилмайдими? Қандай қилиб тинч ухлаяпсиз?

Ё Каримов билан рузи маҳшаргача, шундоқ ялло қилиб юраверамиз деяпсизми? Барибир Рўзи-маҳшаргача юрсангиз ҳам, Рўзи-маҳшарда жавоб беришга тўғри келади. Ё саволларим ноўринми?!

Ҳой ҳалойиқ, ҳой эрлари ўлдирилган туллар, ҳимоясиз етим-есирлар, эрлари зиндонларда ётган, гўдакларини бағрига босган аёллар, йўлдан қочинглар, Э.Воҳидов келаяпти, машинаси босиб кетса ўзинггиздан кўринг.

Ногирон халқ, ногирон ҳукумат, ногирон мухолифат.

Хуллас, қувғиндаги шоирга ҳамма эшикни ёпди, ҳамма қочди. Кекса рус аёли Вера Афанасеевна ва унинг қизи, Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, иродали жасур аёл Елена Урлаевадан бошқа. Ҳамма унга эшик ёпди.

Орадан йиллар ўтди.

2003йил 3 май, ўн икки яримлар, Тошкентдаги машҳур меҳмонхоналардан бирида Европада Тикланиш ва Тараққиёт банки президенти Ж.Лемьер жаноблари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашув ўтказмоқда. Учрашувдан мақсад Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида вазиятни ўрганиш, шундан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотда бўлиш.

Залда ҳамма «ўзимизниқилар», сўзга чиқишни истаган қўл кўтаради ва унга сўз берилади. Мен энг биринчилардан бўлиб қўл кўтардим. Сўз берувчи йигит мени нечоғлиқ «хуш» кўришини билардим. Шу туфайли барвақт ҳаракат қилмасам мени сўздан қолдиришини билардим. Мен қанчалик ҳаракат қилмайин сўз берилмади, учрашув вақти қисқа эди. Бир соатдан ошар ошмас.

Мен қарийб минг км дан автобусда эл дардининг бир чимдимини дунёга айтаман деб гўр азобини тортиб келганман. Учрашувга келганлар нутқлар ёзиб, аввалдан тайёргарлик кўришган, табриклар тайёрлашган.

Искандар Худойберганов бошлаб бердилар. Абдусалом Эргашев, Толиб Ёқубов, Васила Иноятова, Отаназар Орипов, Исмоил Дадажонов… анча мунча кишилар гапирдилар. Бироқ менга сўз берилмади. Мен ўрнимдан туриб олдим. Сўз беришини талаб қилдим. Ноилож сўз берди, мен гапира бошладим.

– Ўзбекча гапириш мумкин эмас,– деди учрашувни олиб бораётган йигитча.

– Мен русчани билмайман, бу ер Ўзбекистон, ўзбекча гапиришга ҳаққим бор, дедим.

– Унда таржимон топинг,–деди.

– Майли,–дедимда, микрофонни ёнимда ўтирган «сафдошим»га тўтдим

– Йўқ, йўқ,–деди микрофонни мен тамонга итариб, «буюк сафдошим»,–мени аралаштирманг.

– Юсуф ака таржимон топиб бўлди,– деди олиб борувчи йигит ва сўзни бошқага бериб юборди.

Бу мени гапиртирмасликка сўнгги уриниш эди. Мен қатъий қилиб дедим:

– Бундай қилганингиз учун жавоб берасиз, Сухроб! Мен гапираман деб келганман, гапираман.

Ғалати вазият юзага келди. Банк Президенти ҳайрон. Ахир залдагиларнинг 80% ўзбек бўла туриб, бирортаси таржима килишни истамаса.

Залда яна мени биргина Елена Урлаева ҳимоя қилиб, турди. Биргина Елена, афсуски ўзбекчани билмайди. Йўқса жон деб таржима қиларди.

Хайрият Намангандан Ҳошимжон ака таржима қилди. Кўпчилик ҳар сўзимдан кейин худди осмондан бомба ёғаётгандек чайқалишарди…

Ўша учрашувда кўплар Лемьерни табриклашди. Табриклаб баёнотлар беришди, йиғилишнинг Ўзбекистонда ўтаётгани билан табриклашди. Бироқ табриклаб баёнот берганлардан бири, жаноб Лемьер Ватанига учиб кетаркан, ҳали унинг самолёти юртига қўнмасдан, «Озодлик» радиосига интервю бериб, йиғилишнинг Тошкентда ўтгани нотўғри бўлганини айтди. Ё тавба…

Ноқис халқ, ноқис ҳукумат, ноқис мухолифат.

Ушбу қораламаларимни кимдир ўқиса, нега миллат ҳақида гапираяти-ю, ўзи ҳақида ёзаяпти, дейиши мумкин.

Ростдан ҳам нега?

Чунки ўзим гувоҳ бўлган воқеалар, далилларни ниҳоятда беҳисоб бўлган рақибларим рад қилиши қийин. Қолаверса, арзимагандек туюлган манзарадан бутун миллат манзараси номоён бўлиши мумкин.

Тарас Бульбани эсланг муштук… щу ҳам нарса бўлдими? Бироқ Тарас Бульбанинг Тарас Бульбалиги арзимаган нарса туюлган муштукда кўриняпди. Душманга муштугини ҳам раво кўрмайди. Гогольнинг буюклиги ҳам муштукда…

Энг ишонган одаминггиз алдаса ҳеч кимга ишонмайдиган бўласиз. Афсуски…

Буюк Махтумқулининг «Дурли деб ичганим қумли чиқди» деган шеъри шундай якунланади.

Махтумқули, ҳисоби йўқ кўраним,

Тама тутиб умид қўлин бераним,

Яқинига эрмиш дея бораним,

Этагина қўл урсам ….. чикади.

Журналист Карим Бахриев нодавлат ташкилотлардан бирида ишлайди. Баъзи баъзида озодлик, демоқратия тўғрисида чиройли-чиройли фикрлар айтади.

Журналист Мурод Абдуллаев давлат газетаси муҳаррири. У мақолаларини мустақиллик ва озодлик асосчиси И.Каримов номи билан бошлаб, шу ном билан тугаллайди.

Ҳар бири бошқа-бошқадай кўринади, минус билан плюсдай. Аслида, қилаётган «ишлари» бирдай.

Мурод Абдуллаевга шеърларимни элтиб берганман, чикармайди.

Карим Бахриев шеърларимни китоб қиламан деб, сўраб олган. Мана ха демай икки йил бўлади. Қўлёзмаларимни қандай олган бўлса, ўшандай чанг босиб ётибди…

Ишларига қарасанггиз давлат томонида ишлаётган билан нодавлат томонда ишлаётган якдил…

Ўзбекистонда ишлаётган кўпгина халқаро, нодавлат хорижий ташкилотларда галстук такиб олган, чиройли-чиройли йигитчаларни, европача кийинган чиройли-чиройли қизчаларни кўрасиз. Дилида миллат дарди бўлмаган, қайси идорага ишлаши пешонасига ёзиб қўйилган кимсалар, айниқса ёшлар, кўпайиб кетди. Чет ҳукуматларининг бирининг ходими билан учрашдик. Юқорида айтганим чиройли йигитчалардан бири таржимонлик қилди. Гарчи хотирам ёмон бўлса-да унинг тулки башараси ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Сўз орасида прокуратура ходимларидан бирининг бир адолатли иши ҳақда гапириб ўтдим. Ўша ходимга кўп ўтмай туҳмат уюштирилди.

Хьюман Райтс Вотч (Human Rights Watch) ташкилотидан бошқа барча чет эл ташкилотларини мана шундай чиройли йигитчалар, қизлар босиб кетган.

Ўзбекистонда армиядан қолиш ҳам, бориш ҳам порасиз бўлмайди. Борувчилардан сўранг, нега армияга бораяпсан деб, ё СНБга, ё ИИБга ишга кириш учун дейди.

Нахотки, бу идораларнинг штати, иш ўринлари чегарасиз бўлса. Кошкийди бу саноқсиз ходимлар элу юрт манфаати йўлида бўлса. Барчаси мухолифатни қирғин қилишга қаратилган иш олиб боради.

Мен камалганимда СНБнинг катта-кичик ходимларини яқиндан кузатдим. Аксарияти саводсиз, бироқ саллани ол деса каллани оладиганлар. Афсуски, ҳозир буйруқ ҳам саллани ол деб берилмайди. Калла олинсин деб берилади ва ижро этилади.

Шу ўринда бир гапни айтай, СНБ чилар мендан қарздор. Чунки унга шеър—шер деб эмас, шеър деб ёзилишини ўргатганман. Мардикор халқнинг иштонини текширишдан бошқа нарсага ярамаган, шеърни шер деб ёзадиган кимсалар Ватаннинг бир кунига ярайдими? Яраганда Ватан эл шу ахволга тушармиди. Энг даҳшатлиси шунда-ки СНБга айғоқчиман деб кап-катта кимсалар гердайиб юради. Бир колхоз раисини биламан, ўзини СНБ агенти деб мақтаниб юради. Қиладиган иши шундан иборат-ки, Бухоронинг СНБсига овланиши маън қилинган кийикларни овлаб беради. Энг даҳшатлиси шунда-ки, эл ҳам унга ҳурмат билан қарайди — фалончи ака тўйимизга келдилар, СНБнинг агенти.

Сотқинлик билан, хоинлик билан, хоинлари билан мақтанадиган биздан бошқа халқ борми?!

Эй, халқ, кўзингни очсангчи!

Хоинларни урчитаётган идора халқни халққа қарши қўйяпти-ку, ўзинг ўзингга қарши курашяпсан-ку. Ё алхазар.

Гар қуёнга йўлиқса,

Қочиб қолади урён.

Шундоқ дея сен халқни

Ерга урасан, нодон.

Гар истасанг бу элни

Похол каби урасан

Шундоқ дея сен халқни,

Тағин ерга урасан.

Заминда не қасдинг бор

Юрагимни тиласан.

Ерга урмагин халқни

Ерни ифлос қиласан.

Руҳий хаста халқ, руҳий хаста ҳукумат, руҳий хаста мухолифат.

Дейлик деҳқон қовун экди. Кўп қора меҳнат билан ҳосил тайёр бўлди. Тайёр ҳосилни куппа кундузи қароқчилар олиб кетишди. Иккинчи йил ҳам шу ҳол такрорланди.

Деҳқон учинчи йил экин экадими?

Албатта йўқ, агар жинни бўлса бошқа гап. Соғ экан экмайди.

Ўзбек-чи?

Ўн йилдан ошибди-ки, ҳар йили пахта экади. Ҳар йили қароқчи ҳукумат ҳосилни олиб кетади. «Бир йил экдик олиб кетди, беш йил экдик олиб кетди, ўн йил экдик, ҳосилни олиб кетди», деб ўйламайди.

Бундай халқни жинни демай, соғлам халқ деб бўладими? Нормал халқ деб бўладими?!

Худди шундай, ҳар йили пилла боқади. Ўн йилдан ошди-ки, сариқ чақа бермайдилар, қароқчилар. Фақат тортиб олишади. Қароқчининг касби шу, тортиб олади, текинга олади.

Лекин ўзбек парво қилмай пилла боқаверади.

Бундай халқни нормал халқ деб бўладими? Ҳар қишлоқда, ҳар колхозда, ҳар шаҳарда эски кийимлар бозорлари бор. Каттакон бозорлар. Бу бозорларда бутун дунёнинг эски-туски кийим кечаги, оёқ кийимлари сотилади, арзон албатта. Бу кийимлар орасида Чеченистонда ўлган рус босқинчиларининг кийим-кечаги бўлса ажаб эмас. Олис Африкада СПИД дан ўлган марҳумнинг кийим-кечаги бўлса ҳам ажаб эмас. Қайси йўллар билан Ўзбекистонга келади, билмайман. Асосий қисми қишлоқларда яшайдиган ўзбек шу кийимларни киймоқда. Дунёга ипак толаси, пахта толаси сотаётган Ўзбекистон ҳукуматининг халқи дунёнинг сарқит кийимларини киймоқда. Уч ўзбек йиғилиб, суҳбатлашаётган даврага қўшилсанггиз, ўлик ҳидига ўхшаган ҳидларга тоқат қилолмайсиз. Ё фалак, бу ўлик ҳиди халқнинг ўзидан келяптими, ёхуд кийим бошиданми, унисидан ҳам, бунисидан ҳамми?

Ё алхазар, мана Амир Темур авлодлари. Бир жанозада ўтирибмиз, ош берилаяпди. Ҳамма ошга ташланган, сассиқ ҳидга тоқат қилолмайсиз. СССР даврида кўрилган ҳаммомларни ҳам бойлар сотиб едилар. Ҳаммом қолмади, халқ кирга кўникди, ҳар қандай ҳидга кўникди. Мунчалик эмасдир-ов дейишади, албатта, галстук таққан чиройли йигитчалар. Халқни шу куйга солган йигитчалар. Хоин йигитчалар, қишлоқни билмайдиган, халқни билмайдиган тубан йигитчалар…

Дарвоке, халқни шу куйга солишдими, ёхуд халқ ўзини ўзи шу куйга солдими?!

Сасиқ ҳидга кўникди десам, бу ҳақиқатнинг бир чимдими, бу халқ нималарга кўникмади ўзи. Паспортнинг жинси деган жойига эркак деб ёзиб, участкавойдан қўрқиб, хотини, қизини нима қилиб бўлса ҳам нон топишга юборган эркак, эркакми?!

Номусдан ўлганча ҳақни айтиб, дорда ўлган яхши эмасми?!

Эронда, ёки бошқа мамлакатларда фоҳишалик билан шуғулланиб, букун турмаларда ётган ўзбек аёлларининг ака-укалари, эрлари, оталари йўқми?!

Улар инкубациядан чиққанми?!

Замонга тўнкаш осон, албатта, иқтисодий қийинчилик, очдан ўлсинми дегувчилар кўп. Номусдан ўлгунча очдан ўлсин. Шундай Ватанни қароқчига бериб қўйиб, қизини, синглисини Дубайга юборган халққа бу кўргуликлар кам. Бундай халққа Ислом Каримовни подшо қилмай, Вацлав Хавелни подшо қилсинми?!

Қўйга қашқирли яйловни, бургутга юксак чўққини берган тангри, «ўзларини ўзгартирмагунча, ахволларини ўзгартирмайман», деган Куръонда.

Буюк Жалолиддин Хоразмийни эсланг:

У бола-чақасини дарёга чўкдирган. Қувиб келаётган жаллод Чингизийларга қолдиришдан кўра, уларга ўлимни раво кўрган. Номусдан ўлмаслик учун шу йўлни танлаган. Кейин ҳаммаси учун қасос олган.

Замон дейсан, замонни замон қилган сен эмасмисан?!

Замон дейсан, тангалаб йиғнаганингни тонггача карнай-сурнайли тўй қиласан. Бу тўйда ит ҳам ичмайдиган ароқларни ичасан. Уйингда бир дона китоб топилмайди.

Кезиб кўринг, 99% ўзбек оилаларида китоб ўқилмайди. Оилада бирон дона китоб топилмайди. Битта ярим боласининг дарслигини ҳисобга олмаганда.

Дукчи Эшонни танийсизми, жаноб халқ, Мамадали Маҳмудовничи?

Албатта билмайсиз, уч-тўртта кўзи очиқ инсонлардан бўлак ҳеч ким билмайди, танимайди.

Ҳар тўйга ўнлаб яшик ароқ кетади. Бу ароқлар пулига бир уй китоб олса бўлади. Оиласига ҳаммом қурса бўлади. Нега мен бечора халқдан хафа бўлаяпман. Ҳукумат ўқийдими? Саводли ҳукумат бу кадар қабиҳликларни қилмайди. Ҳеч бўлмаса, эртага жавоб беришини ҳис қилади. Навоийдан бир ғазал ўқиган ҳоким борми, Қодирийни ўқиганми мустақиллик мафкура асосчиси деб мақталаётган жаноблар.

Мухолифатчи?

Мухолифат китоб ўқийдими? Айримларни ҳисобга олмаганда. Албатта халқка, ҳукуматга қараганда мухолифатда ўқийдиганлар бор. Бироқ кўпчилиги китобдан йироқ. Бир туман «Маориф» бўлими мудиридан сўрадим, Мамадали Маҳмудовни танийсизми, деб. Мудир йўқ деб жавоб берди. Жаҳолатга ботган халқ Мамадали Маҳмудовни қаёқдан билсин? Оч қоринга тўй қилиб, ароқ ичиб, тўйига СНБ агенти бўлган раис келганидан фахрланиб юраверади-да. Ўғли СНБда қаровул эканидан, ёки ўғли ИИБ формасида эканидан фахрланиб юраверади-да.

Ё фалак, саводсиз халқ, саводсиз ҳукумат, саводсиз мухолифат.

Менинг юрагимни эзадиган яна бир қусур нокамтарликдир.

Мухолифатчиларда ҳам шу касаллик ёмон тарқаган. Албатта, ҳар бирини мақташ керак. Мақташ бўлса мақташ қийин эмас. Анча-мунча хизмат қиляпти, мақташга арзийди, деб мақтагинг келади. Бироқ мақталаётган бунга қаноат қилмайди. Камида битта рақибини, ҳамкасбини ёмонлашинг керак. Бунга эса тоқат қилиб бўлмайди. Ахир, дейман уларга, каримовчилардан нима фарқларинг бор. Каримовни мақтасам, Солиҳни ёмонласам эртага халқ шоири бўламан.

Нега мақтовни мунчалик хуш кўрасизлар? Нега бировни– рақибинггизни ёмонлашим керак?

Шундоқ денг – тамом душмансиз.

Фақат мен мухолифатнинг барча вакиллари билан бирга ишлашаман. Қўлимдан келган ёрдамимни бергим келади. Ҳаммаларининг катта хизматлари бор, қадрлайман. Бироқ буниси билан гаплашсанг униси хафа бўлади, униси билан гаплашсанг буниси хафа бўлади. Мақсади битта –Озодлик бўлган битта йўлда кетаётган одамлар бир-бирларини суяши керак эмасми?! Бир-бирининг хатосини айтиши керак эмасми?! Нега биз нокамтармиз?!

Халқаро Инсон Ҳуқуқлари (Human Rights Watch) ташкилотининг Ўзбекистон бўлими бошлиғи Матильда Богнерни кўрсам бизнинг нақадар тубан эканлигимиздан нафратланаман. Шу қадар камтар-ки, ўзимизнинг орамизда шундай одамлар йўқлигига афсусланаман. 2003 йил май ойида Тошкентга (Европада Тикланиш ва Тараққиёт Банки (EBRD) йиғилиши муносабати билан) Халқаро Инсон Ҳуқуқлари (Human Rights Watch) ташкилотининг АКШдаги бошлиғи келди. Шунақа оддий, шунақа камтар-ки, ҳайрон қоласиз. Қўлларида сумка-ю қоғоз папкалар кўтариб олиб, меҳмонхона коридорида турарди. Ниҳоятда ҳокисор. Ундан бир танишим ниманидир сўради. У бир телефон номерини бермоқчи бўлди. Шу телефонга қўнғироқ қилсангиз аниқ маълумот беради, деган маънода. Телефон номерини сумкасидан қидира бошлади. Қоғозлари сочилиб кетди. Керакли маълумотни бергач, қоғозларни тера бошлади. Бир халқаро ташкилот раҳбари… Ҳақ сўз учун гапирганда сўзлари қиличдай. Камтарликни қаранг. Мен сочилган ҳужжатларни теришга ёрдамлаша бошладим, У минг карра раҳмат деди, аслида ҳужжатлар бизнинг иш билан сочилиб кетган эди.

Ер юзида нега қиёмат бўлмаяпди?—деб ўзимга ўзим савол берардим, ҳар бир қилмишимизни кўрганда, ҳис қилганда.

Нега ер юзида қиёмат бўлмаяпди?

Ер юзида Матильда ва унинг бошлиғига ўхшаган инсонлар бор.

Шу туфайли ер юзида қиёмат бўлмаяпди. Шу туфайли Америка –Америкадир.

Бизга ўхшаганлардан иборат бўлса инсоният аллақачон қиёмат содир бўлган бўларди. Ахир тупроқ аро тупроқ бўлиб ўтган инсонлар авлодимиз-ку. Матильда ва унинг бошлиғига ўхшаганлар, бизнинг катта боболаримиз Баҳовуддин Ҳазратлари, Кубро Ҳазратлари, Яссавий Ҳазратлари. Қаёқдан келди бизга бу манманлик.

Ҳокисор, авлиё боболар феълига ўхшаган феълни букун Америкадан келган инсонларда кўраяпмиз. Ғарбдан келганларда кўраяпмиз.

Ўзимизнинг орамиздан топиш жуда мушкул, имконсиздир. Тасаввуф илмидан ҳар кун китоб ёзадиган бир олим Сайлов Комиссиясига раҳбар бўлиб, мустабидлардан депутатлар келтирди. Эҳтимол, Матильданинг бошлиғи тасаввуф илмини бу олимча билмас, бироқ дунёда иккита мўмин бўлса, бири ўшадир.

Ҳадеб танқид қилаверасанми, наҳотки мақтайдиган томонларимиз бўлмаса, дегувчилар беҳисоб.

Аввало шуни айтай-ки, мақташ билан Ўзбекистон обод бўлиб қолса, Эркин Воҳидов, Абдулло Ориповлар аллақачон обод қилардилар. Мақтов билан озод бўлса, шулар озод ҳам қилишарди.

Ҳатто турмаларда ҳам тинимсиз айтилади, Серқуёш ҳур ўлкам…, қанча кўп айтилмасин Ўзбекистонда ҳурликдан нишон ҳам йўқ. Бечора маҳбуслар «Серқуёш, ҳур ўлкам»ни қайта-қайта такрорламаса бешафқат жазоланадилар.

Айримлар ҳаммани ёмонлаб, ҳаммага лой чаплаяпсан дейишлари аён, жавоб бундай:

Тўғрисини сўйласам элга,

Бас қил, ортиқ гаплама дейсан.

Нега олдинг барчани тилга,

Барчага лой чаплама дейсан.

Мен ўзимча ғамини едим,

Чўкар экан шўрлик балчиққа.

Ҳой, ботқоққа ботмагин, дедим,

Интил, дедим, тоза уфққа.

Ўзингчи, дейишлари аён, ўзинг беқусурмисан. Афсуски, халқимда бор қусурлар менда ҳам бор. Беҳисоб қусурларим бор. Қусурларимдан жирканаман, бошқаларнинг ҳам ўз қусурларидан жирканишларини истайман.

Яна бир масала ҳаммани, СНБ айғоқчиси демоқчимисан дегувчилар кўп.

Собиқ ГДРда хоинларнинг номлари эълон қилинмоқда. Улар юз минглаб экан, энг яқиним, деб ҳисобланганлар, ҳатто оиласига алоқадор бўлганлар хоинлар экан. Бир неча юз минглаб экан хоинлар сони.

Бизда эълон қилинса борми?!

Миллионлаб эмасмикан, у кунларга яқин қолди, иншоллоҳ.

Алқисса, миллат таназулига, миллат фожеасига доир суд бўлса, адолатли суд бўлса, албатта, халқ ҳам, ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам жазоланиши муқаррар.

Дунёқараш

Ахлат кўрса гар қарға

Жаннат кўргандай яйрар.

Кўплар ёруғ оламга

Зоғ кўзи билан қарар.

Ўлакса топса қузғун

мана толеъ деб сайрар.

Кўплар нурли очунга

Қузғун кўзи билан қарар.

Лочин нигоҳи кўкда

Парини қуёш тарар.

Асл инсон дунёга

Лочин кўзи билан қарар.

2009. 22 октиябрь.

Ҳазрат Абдулла Қодирий

Ҳазрат Абдурауф фитрат.

Мен ҳам сиздай кўмилганман

Жойим зиндон, жойим турбат.

Тириклайин кўмилган кам

Жойим зиндонда — гўрдадир.

Мен ётган чоҳ сизлар ётган

Қабрлардан чуқурдадир.

2009

Шоир шоҳнинг шаънидир

Шоир ҳақни куйлайди.

Оқил подшо ҳамиша

Ўз шаънини ўйлайди.

Бири буюк Байқаро

Навоийдир ялови.

Шоир отда– шохдадир

Саман тулпор жилови.

Нодон тождор шоирни

Тиқар зиндонга гўрга.

Бу билан ўз шаънини

Ерга қоради ерга.

Ёқмаса ҳам ҳақ сўзи

Подшо айламас унут.

Аҳли маддоҳни эмас

Шоирни бошингда тут.

2009.

Ўлик кийган оқ кафандан тоза ямоқ яхшидир.

Қўлдан қўлга ўтган гулдан тоза янтоқ яхшидир.

Сулувларнинг сулувиман дема бевафо сулув

Тўнғиз теккан сут қаймоқдан тоза булоқ яхшидир.

2009

Бир йўлимни ғаним тўсди,
Тангри менга минг йўл берди.
Дўст қўлимдан қўлин узди,
Тангри менга минг қўл берди.

Ўчирдилар бир шамимни,
Кун ёритди оламимни.
Минг тўлдирди бир камимни,
Нима берса мўл-кўл берди.

Кессалар бир дарахтимни,
Ҳайратим турган тахтимни,
Ўзи бутлади бахтимни,
Ўрмон берди, нуқул берди.

Деб пиёда қолсин сарсон,
Отимга уздилар пайкон.
Қанот берди менга осмон,
Минг нору, минг дулдул берди.

Бир жонимни олди тождор,
Минг жон берди парвардигор.
Ҳар шеъримда бир Юсуф бор,
Ёв ололмас булбул берди.

1 dona sharh

One thought on “Юсуф Жума шеърияти

  1. Pingback: Ҳуқуқбон Толиб ЁҚУБОВнинг блоги

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.