Президент – тарихий шахс

Толиб Ёқубов

Муаллифдан: Ушбу мақола узоқ 1992 йилнинг ўртасида, менга нотаниш бўлган Рашид Назаровнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳақида ёзган мақоласи таъсирида битилган эди. Ўша пайтда мен асрлар оша келгусида битилажак ўзбек Энциклопедиялари саҳифаларига қарашга ҳаракат қилдим. И.Каримов ўзбекларнинг биринчи президенти сифатида сўзсиз тарихий шахсдир ва унинг номи ёзилажак Энциклопедияларга киритилади. Мен 1992 йили И.Каримов олдида иккита тарихий йўл турганини айтиб, мақолани “у шу йўлларнинг қайсисини танлар экан?” деган савол билан тугатдим. Мени қизиқтирган асосий масала эса келажак авлодларимиз ёзилажак Энциклопедияларда бу шахс ҳақида нималарни ёзишар эканлиги бўлган эди. Асрлар оша ўша Энциклопедиялар саҳифаларига назар ташлаб мен шундай хулосага келдим-ки, узоқ авлодларимиз Ислом Каримов ҳақида ёзишлари мумкин бўлган гапларнинг иккита версиясини келтирдим.

****

9 июль 1992 й.
ПРЕЗИДЕНТ – ТАРИХИЙ ШАХС

Мана референдум ҳам ўтиб кетди. Олдинги иккита сайловлар пайтида партияларнинг беҳисоб найрангларини кўрган халқ референдум пайтида ўша найрангларнинг кучайтирилган давомини кўрди. Партаппаратнинг референдумга бўлган муносабатини президент И.Каримов телевизор экранида лўнда қилиб айтиб қўя қолди: «Бизда референдум ўтказишга ҳожат йўқ, чунки халқимизнинг аксарият қисми Ўзбекистон Иттифоқда қолиш тарафдори».

Президентнинг бундай дейишга «асоси» бор эди, албатта. Референдум натижаси империя раҳбарини қаноатлантирадиган бўлишига тўлиқ ишонч бир қатор сабабларга асосланган эди. Референдумдан икки-уч кун олдин марказий комиссия раиси Қ.Аҳмедов: «Биз ҳамма нарсани тайёрлаб қўйдик» деганда, фақат ташкилий жиҳатларинигина эмас, балки референдум пайтида партаппаратга содиқлик билан елиб – югуриб хизмат қилувчи комиссиялар, керак бўлганда ишлатилиши мумкин бўлган қўшимча бюллетенлар, партаппарат иродасини, найрангини газета ва журналлар саҳифаларига, телевизор экранига ва радио эфирига чиқаришга тайёр турган журналистларни ҳам тушуниш мумкин эди.

Дарҳақиқат шундай бўлиб чиқди ҳам. Референдум комиссиялари жойларда содиқлик билан хизмат қилдилар, қўшимча бюллетенлар ҳам кўп ҳолларда қўл келди, оммавий информация воситалари «йўқ» ни ўчиринг» деб халқ орасида ташвиқот олиб боришда «социалистик мусобақа» ўйнашди. Гарчи жумҳуриятимизда аҳолининг аксарият қисми референдумда қатнашмаган бўлса-да, натижа партаппарат кутганидан ҳам зиёда бўлди: 93 %!

Референдум натижаси ўзбек халқини нафақат империяга, балки бутун жаҳонга ҳам кулгу қилганлиги партаппаратни зиғирча ҳам ташвишга солмади, албатта. Аксинча у ўз ишини бажарган кишидай енгил тортди. Табиий, 93 рақами ўзбек халқининг «СССР» га бўлган муносабатининг миқдорий характеристкаси эмас, балки Ўзбекистон компартияси раҳбариятининг ва биринчи навбатда Ўзбекистон президентининг «СССР»га бўлган муносабатининг миқдорий характеристикаси эканлиги аёндир.

Референдум бюллетенидаги «…янгиланган иттифоқда ҳар бир гражданнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ таъминланади…» деган сўзлар ҳамон кўпчиликнинг кўз ўнгида турибди. Ё Иттифоқ ҳали янгиланишга улгургани йўқ, ёки бюллетендаги гаплар совет империяси раҳбарлари ва уларнинг малайларининг ўрганиб қолган навбатдаги ёлғони бўлса керак, референдум тугагач дарҳол ҳар бир гражданнинг ҳақ-ҳуқуқи нарх-навони кескин ошириш билан «таъминланди».

Референдум натижасига кўра империя хўжайини М.Горбачев жумҳуриятимиз хўжайини И.Каримовнинг елкасига «Яша!» дея уриб қўйди, шекилли, у киши эҳтирос таъсирида ўзининг олдинги ваъдаларини унутиб қўйган ҳолда, гўшт, сариёғ ва бир қатор бошқа маҳсулотларнинг нархини иттифоқдаги нархдан анча баланд қилиб, референдумнинг «афзалликларини» халққа кўрсатиб қўйдилар.

Маълум-ки, тарихий шахслар яхшиликка ёки ёмонликка, адолатга ёки зулмга хизмат қилишларига қараб икки тоифага бўлинадилар. Бир тоифасини авлодлар узоқ келажакда ҳам ҳурмат ва миннатдорчилик билан ёдга олсалар, иккинчи тоифаси халқ ёдида мудҳиш бир воқеълик бўлиб сақланади.

Баъзи тарихий шахсларга вақт, давр ўтиши билан инсоннинг муносабати ўзгариши мумкин, албатта. Чунки баъзи шахсларнинг «тарихийлиги» маълум давр оралиғида мисли кўрилмаган зулм ва ёлғон ёрдамида одамлар ва жамият онгига сингдирилади. Вақт ўтиши билан эса улар тушунилади ва зулм ҳамда ёлғон ёрдамида шаклланган қадриятлар ўзгаради.

И.Сталин – сўзсиз тарихий шахс. Пойдевори В.Ленин томонидан қурилган ва дунёда биринчи марта СССРда шаклланган тоталитар системани мукаммаллигига етказганлиги Сталинни тарихий шахс даражасига кўтарди. Аммо бу «тарихийлик» миллионлаб инсонларнинг ёстиғиини қуритилиши, кўз ёшлари, умрининг хазон бўлиши, инсонларга қуллик руҳини сингдирилиши ҳисобига бўлганлигини ҳозир инсоният тушунди.

Адольф Шикльгрубер (Гитлер) нинг тарихий шахс эканлигига ҳам ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Герман фашизми ва национал-социализми ғояларига асосланган иккинчи улкан тоталитар система унинг даврида вужудга келди. Бу система бутун Европани ва жаҳонни қирғинбарот урушга тортди. Унинг инсоният тарихида қолдирган мудҳиш оқибатлари ҳозиргача давом этмоқда. Шу сабабли Гитлер халқларнинг лаънатига учраган тарихий шахс бўлиб қолаверади.

Гениал (даҳо)лик инсон номи тарихда сақланиши учун хизмат қиладиган белгилардан биридир. Аммо гениаллик ё яхшиликка, ёки ёмонликка йўналган бўлиши мумкин. Инсоният тарихида даҳоси яхшиликка йўналган сиймолар оз эмас. Мухаммад алайҳиссалом (с.а.в), А.Навоий, И.Ньютон, М.Гамлет, Н.Вавилов, М.Л.Кинг, Р.Тагор каби минглаб инсонлар яхшиликка йўналган даҳолари билан тарихий шахсларга айланганлар.

В.Ульянов (Ленин) гениал тарихий шахс эканлигини жаҳон жамоатчилиги тан олган. Совет расмий пропагандаси ёрдамида у пайғамбар даражасига кўтарилди. Унинг номи билан боғланмаган, аталмаган, белгиланмаган нарса СССРда қолмаган, чамаси. Лениннинг расми, ҳайкали, номини октябрят нишонидан тортиб давлат пулигача, обком биносидан тортиб дала шийпонигача, партия билетидан тортиб мақтов варақасигача, Олий академиядан тортиб, болалар боғчасигача – хуллас, ҳамма жойда кўриш мумкин. Бу – сохта пайғамбарликдан бошқа нарса эмас эди, албатта.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёда бирорта ҳам расмлари, ёхуд ҳайкаллари йўқ. Аммо ул зотнинг номлари салкам бир ярим минг йилдан бери мусулмон аҳлининг қалбида сақланиб келмоқда. У киши яратган таълимот кўп даврларда ва айниқса совет даврида беҳисоб тазйиқларга дучор бўлди. Бу таълимотни халқ онгидан, қалбидан батамом йўқотиш йўлида комунистик партия нималарни қилмади?! Ҳатто жамият аҳлоқининг таназзули ҳам компартияни бу йўлдан қайтара олмади. Коммунистик идеалогия тазйиқи натижасида анча-мунча динсизланган халқ орасида диний эътиқоднинг ҳозирги кунда ривожланаётганлиги диний қадриятлар билан коммунистик қадриятлар орасида ер билан осмонча фарқ борлигини кўрсатади.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг (с.а.в.) бирорта ҳам расмлари ёхуд ҳайкалларининг йўқлиги, Лениннинг эса миллионлаб расм ва ҳайкалларининг мавжудлиги, ислом таълимоти инсонлар қалбига ўзи кириб бориши, коммунистик таълимот эса инсонларга зўрлик ва ёлғон ёрдамида сингдирилишини эътиборга олсак, Муҳаммад алайҳиссалом ва Ленин тарихий шахсларнинг қайси тоифасига кириши аён бўлади.

Аммо Лениннинг тарихий шахслиги фақат унинг расм ва ҳайкалларининг кўплигида эмас. 19 асрда Германияда дунёга келган, асосида зулм, куч ётган синфий кураш ва афсонавий жамиятни тарғиб қилган фалсафий таълимот – марксизмни қолоқ чор Россияси империясига тадбиқ этганлиги, унинг натижасида чор Россияси империясининг сақланиши ва таркибидаги халқлар устида етмиш тўрт йиллик иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий коммунистик тажриба олиб борилиб, дунёда биринчи тоталитар давлатнинг ташкил этилганлиги Ленинни тарихий шахс даражасига кўтарди.

Одамлар ўз номларини тарихда қолдириш учун турли йўллардан фойдаланганлар. Қадимги юнонистонлик Геростат номини тарихда қолдириш мақсадида бой кутубхонага эга бўлган Диана ибодатхонасига ўт қўйдирган эди. АҚШнинг дастлабки президентлари Вашингтон, Линкольн, Жефферсон мамлакатда қулликни бекор қилиш, озод инсонлар жамиятига асос солиш, демократия асосларини ишлаб чиқиб, жамиятга жорий қилиш билан ўз номларини тарих саҳифаларида қолдирганлар.

Шиддатли тарихий давр тарихий шахсларни илгари суради. Ўзбек халқиниг биринчи президенти бўлган Ислом Каримов ҳам, сўзсиз, тарихий шахсдир. Яхшими, ёмонми, бундан қатъий назар, И.Каримовнинг номи ўзбек халқи тарихи саҳифасига ёзилди.

И.Каримовга ўзидан олдин ўтган раҳбарлардан феодал–бойлар «социализми» мерос бўлиб қолди. Ўша пайтда республикада порахўрлик, маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик каби ижтимоий – сиёсий иллатлар «гуллаб яшнаб» турар эди.

Ўзбекистон улкан тоталитар давлат – СССР ичидаги энг тоталитар давлат эди. Республикани ана шундай аҳволда қабул қилган И.Каримов олдида иккита йўл бор эди: биринчиси, СССРда бошланган демократиялаштириш жараёнидан фойдаланиб, Ўзбекистонни ҳақиқий демократик давлатга айлантириш ёки иккинчиси,…

Megepolis-Express (Мегаполис-Экспресс) газетасининг 1991 йил 20 сонида босилган Рашид Назаровнинг «И.Каримовнинг ўзбек иши» номли мақоласида ушбуларни ўқиш мумкин. (Иқтибос)

«Каримовнинг олдида порахўрлик, маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчиликнинг кўпбошлик гидрасини янчиб ташлаш учун реал имконият пайдо бўлди… Аммо Каримов бошқа вариантни танлади… У ҳокимият сиёсий тузумининг реал механизми бўлган ҳамда давр руҳига мослаб ён-верини бироз таъмирлаган рашидовча методни тиклашга қарор қилди… Янги «Биринчи» ишни Ўзбекистон парламенти ва маҳаллий советларига сайловлар арафасида қабул қилди. Каримов оппозиция билан ҳамкорлик қилишдан деярли иккиланмасдан бош тортди. Компартия ман этган усуллардан ҳам ҳазар қилмасдан қаттиқ курашни бошлаб юборди: «бегона» номзодларни қайд қилишдан бош тортиш, овозларни сохталаштириш, янги ҳаракатлар раҳбарларини обрўсизлантириш.

Матбуотга якка ҳокимлик, содиқлик билан хизмат қилувчи сайлов комиссияларининг бўлиши ўз натижаларини берди. Олий кенгаш ўтмишнинг «яхши» анъаналари руҳида шакллантирилди. Ундаги ўринларнинг аксарият қисмини партия ва хўжалик тўралари эгаллади. Кўпгина илгари «азият чекканлар» ва «хафа қилинганлар» сиёсий майдонга чиқиб олдилар. Шундай қилиб, Каримов шиддат билан қўллаб-қувватловчи кучга эга бўлди».

Мақолани ўқишни давом эттирамиз.
«Ўз структурасини тиклаб олгач, «система» қарши ҳужумга ўтди. Марказдан келган десантдан қутулиш учун матбуотда кучли компания бошлаб юборилди. Келгинди номенклатурага «маҳаллий анъаналар ва расм-русумларни билмайди» деган айб қўйилди… Ўзбекистондан сайланган халқ депутатлари Олий Кенгашда Гдлянни нишон қилиб фаоллик кўрсата бошладилар… Уларнинг тазъйиқи остида… «пахта иши»ни беркитдилар. Бундан ташқари «оқлаш» жараёни бошланиб кетди… Кўпчилик қамоқдан муддатидан олдин чиқарилди, бошқалар тўлиқ оқланди, «гуноҳсиз жабрланганлар»га давлат томонидан тўланган ҳақ етти миллиондан ошиб кетди…

И.Каримов, сўзсиз, бу компанияни бошловчилардан бири бўлди. Буни ўзбек коммунистларининг олдинги йилда бўлган қурултойи яққол кўрсатди… Рашидовни оқлаш, келгинди функционерларни қаттиқ қоралаш, ташкилий жиноят ва порахўрликка қарши курашни бошлаб берган Ўзбекистон компартиясининг машҳур йигирма биринчи қурултойи ва МКнинг 16-чи пленуми қарорларини бекор қилиш – буларнинг ҳаммасини синчковлик билан танланган делегатлар гулдурос қарсаклар билан, жамоатчилик, айниқса демократик кучлар эса қайта қуриш тақдирига изтиробли назар билан кутиб олишди.

Аммо бу И.Каримовни тўхтатиб қолмади, тўхтатиб қолаолмас эди ҳам. У жумҳурият жамоатчилиги демократияга тайёр эмас, ҳали улғайган эмас, деб ҳисоблайди. Исбот сифатида у Фарғона, Андижон, Тошкент, Паркентда миллатлараро заминда бўлган тўқнашувларни келтиради. Гўёки, Шарқда бошқарувчи режимга қарши чиқишлар нималарга олиб келиши мумкин, демоқчи.

… Аммо кўп асрлик маданиятга эга бўлган 20 миллионли халқнинг ханузгача сиёсий саводсизлигига ижтимоий онг тубан летаргик қўрқоқлик билан суғорилганлигига ким айбдор? Бу саволлар жавобини И.Каримов билади, албатта. Халқ номи билан қасам ичишни ёқтирадиган Ўзбекистон президенти учун халққа озодлик бериш, уни демократияга «ўргатиш» манфаатлимикин?… Ахир, реал демократия расмий ва яширин ҳокимиятнинг барча структураларини мисли кўрилмаган инқирозга олиб бориши аён эмасми?» (Тамом).

Мақола муаллифи ўз мақоласида И.Каримовнинг ҳақиқатга жуда яқин сиёсий портретини берганлиги учун, бу мақоладан яна бир қадар кўчирма келтирамиз: (Иқтибос)

«Президент бўлгач Каримов ўзини янада эркинроқ сеза бошлади. Янги мансаб унинг мижозига тўлиқ мос келар эди. У эҳтиросли одам бўлиб, қаттиққўл, баъзан эса қўпол ҳам бўлиши мумкин. … Характерида бу белгилар… Каримовга сиёсий соҳада қаттиқ дакки беради. Бу айниқса Каримовнинг оппозиция (сиёсий раҳбарлар) билан бўлган муносабатда яққол кўринади. Икки йил ичида оппозиция билан умуман тил топиша олмади. Мулоқот тўғрисидаги барча таклифлар репрессияга (тазъйиққа) учради.

Митинглар, кўча юришлари ва пикетлар ўтказиш оппозиция учун таъқиқланган. «Бирлик» ва «Интернюс»нинг баъзи раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Мустақил газеталар Каримовнинг махсус фармони билан бекитиб қўйилди. Бу фармон матбуот ҳақидаги Иттифоқ қонунини анча «қайчилаб» қўйди. Оппозиция фаоллари, газета тарқатувчилар қамоққа олинмоқда, ишдан ҳайдалмоқда. Каримов ва унинг атрофидагилар «демократия», «бирлашиш», «плюрализм» (фикрлар хилма-хиллиги) каби сўзларни аллақачон ўз гапларидан чиқариб ташлаганлар. Бундай тактика, турган гап, ижтимоий – сиёсий эхтиросларни келтириб чиқаради…

…Марказ охирги пайтларда қўллаган нарсалар Ўзбекистонда аллақачон синаб кўрилган. Сиёсий эркинликларни буғиш, рухсат этилмаган митингларни тарқатиб юбориш, милиция ва ички қўшинлардан кўплаб фойдаланиш, иқтисодиётда эса — ресурс, баҳо, маҳсулотни сотиш устидан тўлиқ назорат юритиш, сунъий давлат концернларини тузиш, ерни халққа сотиш (бўлиб бериш) дан қатъий бош тортиш ана шулар жумласидандир.

Каримовни олдинда нима кутмоқда? Кўпгина нарса унинг тузуми ёпирилиб келаётган иқтисодий ва ижтимоий зилзила тўлқинини қандай уддалай олишига боғлиқ бўлади. Бундай зилзилаларнинг бўлиши муқаррар.

…Ўзбекистонни оғир кунлар кутмоқда. Бозорга қараб харакат қилиш, ижтимоий онгни сиёсийлаштириш, оппозициянинг кучайиши эртами, кечми барибир мавжуд тузум билан қарама – қаршиликни туғдиради.
Шунда Ислом Каримов ким бўлиб гавдаланар экан – охирги ҳукмдорми ёки биринчи реформаторми?». (Тамом).

Юқорида айтилганидай, кўчирма келтирилган мақолада президентнинг етарлича мукаммал сиёсий портрети чизилган. Афсуски ушбу мақолада уни тўлиқ келтириб бўлмайди. Лекин келтирилган кўчирмаданоқ И.Каримов юқорида айтилган йўлларнинг биронтасини танлаганини яхши сезиш мумкин.

50-100 йиллардан сўнг, ҳозирги ҳаёт бўлган инсонларнинг бир қисми чин дунёга кетгандан кейин хам Ўзбекистон Энциклопедиясининг янги нашрлари пайдо бўлади, албатта. Ўша Энциклопедияларга И.Каримов каби тарихий шахсларнинг номи киритилади.

Мен баъзан даврлар оша ёзилажак Энциклопедиялар саҳифаларига қарагим келади. Бир нарсани ҳеч иккиланмасдан, тўлиқ ишонч билан айтиш мумкин: 50-100 йиллардан сўнг меҳнатсевар, аммо ҳаётида айниқса, коммунистик тоталитаризм ҳукм сурган даврда беҳисоб жабр кўрган ўзбек халқи эркин, демократик жамиятда яшайди. Жамиятдаги ҳар бир инсон дини, миллати, эътиқоди, ирқи қандай бўлишидан қатъий назар ИНСОН сифатида эркин, озод, ҳур ҳаёт кечиради. Қуллик руҳидан тамоман қутулади, демократиянинг меваларидан баҳраманд бўлади.

Ўша пайтда инсонлар бизлар яшаган давр руҳини чуқур ўрганадилар, унинг руҳи тамоман ёлғон ва зўравонлик билан суғорилганлигини кўрадилар, коммуниистик тоталитаризм халқлар ҳаётида машъум бир давр бўлиб кечганини Энциклопедиялар саҳифаларига ёзадилар.

Ўзбекистон Энциклопедиясининг ярим–бир аср кейинги нашрида ҳозирги президентимиз хакида қандай гаплар ёзилган бўлиши мумкин? Менинг фикримча, унда қуйидаги ёзувлардан бири албатта ёзилажак:

«Каримов Ислом Абдуғаниевич – 1938 й. Самарқанд ш.да туғилган. Ўзбек. 1964 й.да КПСС аъзолигига ўтган. Ихтисоси – инж. мех. иқтисодчи, иқт. ф. н. Ўрта Осиё политех. инс. ва Тошкент халқ хўж. инс.ни тугатган. Иш фаолиятини 1960 й. «Ташсельмаш» заводида мастер ёрдамчиси бўлиб бошлаган. Чкалов ном. Тош. авиа. ишл. чиқ. бирлашмасида конструктор, етакчи инженер бўлган.

1966 й. ЎзССР Госпланида ишлай бошлаган. 1983 й.дан бошлаб молия вазири, сўнгра ЎзССР министрлар кенгаши раиси ўринбосари вазифасида ишлаган. 1986 й. Қашқадарё вилояти компартия қўм. биринчи котиби, 1989 й. Ўз. Компартия. МК.нинг 1-чи котиби этиб сайланган. 1990 й. 24 мартда ЎзССР президенти лавозимида қасамёд қилган.

КПСС 28–Съездида МКга ва Сиёсий бюросига сайланган. Кенг демократик кучлар билан ҳамкорликда мерос қолган тоталитар системани синдириб, Ўзбекистонда биринчи марта демократик жамият қуришга раҳбарлик қилган. Иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда жамиятга ва ҳар бир инсонга кенг демократик эркинликлар бериш тарафдори сифатида реформалар ўтказган.

К.нинг президентлик даврида Ўзбекистон мустақил давлатга айланган, Жумҳурият иқтисодиёти, фани, маданияти катта тезлик билан ривожланиб, тез орада ривожланган мамлакатлар сафига қўшилган. …й.да Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган. К. ўзбек спортини ривожлантиришда катта жонбозликлар кўрсатган. …й.да биринчи марта Жаҳон Олимпиада ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилган. К. мусулмон давлатлари билан иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларни мустаҳкамлаш йўлида кенг фаоллик кўрсатган…».

«Каримов Ислом Абдуғаниевич – 1938 й.да Самарқанд ш.да туғилган…….Сиёсий бюросига сайланган. Тоталитар системанинг маҳсули бўлганлиги учун Президент бўлгач, уни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида жонбозлик кўрсатган. Коммунистик ғоя ва коммунистк партиялар бутун дунёда сиёсий саҳнадан тушиб қолгандан кейин ҳам коммунистик ғоя, фразеология ва расм-русумларни узоқ вақт сақлаб қолишга муваффақ бўлган. К.нинг президентлиги даврида демократик кучлар қаттиқ таъқиб остига олинган, жамиятда эркин фикрлилик кескин чекланган.

К. Ўзбекистонда тоталитаризм формаларидан бири авторитаризмни, яъни шахсий диктатурани амалга оширган. Ўзбекистон, натижада, ривожланишда энг охирги ўринларга тушиб кетган, жаҳон иқтисодий бозоридан ажратиб қўйилган. Бу даврда порахўрлик, ўғирлик, ташкилий жиноятчилик ва б. ижтимоий иллатлар жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланган.

Жумҳуриятнинг такрорланмайдиган ва такрорланадиган бойликлари талон тарож қилинган. Орол денгизи тамоман қуриб, кучли экологик фалокат бошланган. Инсоният 21 асрга ўтганда, Ўзбекистон халқлари онги феодал ижтимоий онги даражасида сақланган. Халқнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб кўплаб чиқишлари репрессив машина ёрдамида шафқатсиз бостирилган. Ўзбекистон репрессив – полиция мамлакатига айлантирилган…».

Ҳозирги бетакрор тарихий даврда жумҳуриятимиз президенти олдида икки йўл ва тақдирдан бирини танлаш имконияти турибди. Президент қайси бирини танлар экан?

ТОЛИБ ЁҚУБОВ

НИЗОМИЙ НОМЛИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА
ИНСТИТУТИ АЛГЕБРА КАФЕДРАСИНИНГ ДОЦЕНТИ

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.