ФИДОКОРЛАР»НИНГ ҲАМ КЕЛАЖАГИ БУЮК!

АРТИСТЛАР УЧУН…

Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканлигини 1991 данми, 1992 йилданми, эсимда йўқ, биламиз. Ўша пайтда буни келажаги буюк бўлган ЎзХДП эълон қилган эди. Шундан кейин Ўзбекистоннинг келажаги буюклигича қолаверди-ю, бироқ ХДПнинг ўзининг келажаги… «Фидокорлар» партиясининг томдан тараша тушгандай пайдо бўлганидан эсанкираб қолган кўпгина одамлар «Буларнинг келажаги қандай?» деб тинмай сўрашади. Биз ҳам ўйланиб қолдик. Бироқ, яқин тарихимизни бир варақлаб чиқиб мазкур партиянинг келажаги буюк бўлиши керак, деган хулосага келдик. Ушбу мақолада биз фидокорларнинг келажаги буюк эканлигини кўрсатиш ниятидамиз.

Аввало, тўғрисини айтиш керак, бунга шўбҳа қилмаса ҳам бўлади, чунки уларнинг сафида асосий фидокор Аҳмад Аъзам бор. Аҳмад Аъзам илгари ҳам иккита сиёсий-ижтимоий ташкилот тузишда қатнашган ва бу ташкилотларнинг келажаги буюк бўлмагунча уларни ташлаб кетмаган. Бу сафар ҳам, турган гап, у ўзининг жонажон партиясини, шак-шўбҳасиз, буюк келажакгача етаклаб олиб боради.

Давлатни артистлар ҳам бошқарганини тарихдан биламиз. Рональд Рейган буюк АҚШни янада буюкликка олиб чиққан. Бизда ҳам фидокор артистлар ғайрат камарини боғлаб Аҳмад акага бу масъулиятли ишда ёрдам бериб турсалар, оқибат ёмон бўлмайди. Артист бўлмаганлар эса партия буюк келажакка эришмагунча артистлик қилиб турадилар ва улар ҳам Аҳмад акага суянчиқ бўладилар. Бу артистларнинг…,кечирасиз, артист бўлмаганларнинг бирини яхши биламан, шу сабабли у кишининг исмларини келтириш билан чегараланаман. Алишер Азизхўжаев Президент девонида ишлаб турган чоғларида маориф, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот каби бир қанча соҳаларни назорат қилиб турар эдилар. Алишер ака мазкур соҳаларни буюк келажакка олиб чиққан заҳотиёқ давлат раҳбари у кишини ишдан бўшатиб юбордилар ва сиёсий соҳани буюк келажакка олиб чиқиш учун сафарбар қилдилар. «Шу соҳани ҳам бир кўр!» деган бўлишлари мумкин.

Эркин ака Норбўтаев каби фидокорларни биз яхши танимаймиз. Бироқ у кишининг Президент атрофи муҳитида тарбия топганидан келиб чиқсак, Эркин ака ҳақиқий фидокор эканларига тўлиқ ишонса бўлади. Албатта, партияни кўпчилик бўлиб, судраб бўлса ҳам буюк келажакка олиб чиқилишига шак-шўбҳа йўқ. Ҳозирнинг ўзида шундай ҳаракатлар бошлаб юборилганини эшитиб хурсанд бўлаяпмиз: техникуми ва институти бор шаҳарларнинг барчасида асосий фидокорлар студент ёшларнинг қулоғидан оҳистагина чўзиб, уларни, биринчидан, фидокор қилишаётган бўлсалар, иккинчидан эса, уларни ўзларининг партиясига киритиб ҳам қўйишаётган эканлар. «Кирмайман» деганига қўйишмас экан.

Партия ишининг суръати «Тошкент-Жиззах» поезди тезлигидан фарқли ўлароқ шиддат билан кетмоқда. Одамлар партия бир ҳафта ичида рўйхатдан ўтганига эмас, тез кунларда газета чиқара бошлаганига ҳайрон бўлиб юришибди.

– Пулни қаердан олишаркин булар?- деб сўрашади соддалар. Бундай пайтда ҳукумат ҳамённинг оғзини очиб қўяди-ку, соддадил биродарлар!

– Бекорчи пул шунчалик кўпми ҳукуматимизда?- деб яна ҳайрон бўлишади бояги, оғзига ҳукумат чўп ўлчаб юрган дили содда инсонлар.

Бу саволга бир ошнамиз мисол билан жавоб бериб қўяқолди. Тошкентда Наврўз байрамида қатнашиш учун февралнинг ўртасида ҳар бир вилоятдан камида 50 тадан ёшлар келтирилган. Улар бир ой давомида шу ерда (меҳмонхонада) ётиб, байрам ўйинларини машқ қилишар, ҳар бир болага бир ойга 100.000 (юз минг) сўм пул ажратилган, байрамда ўйин кўрсатиш учун ҳар вилоят вакилларига 2 (икки) минут вақт берилар экан. Агар арифметикани унча-мунча билсангиз дарҳол ҳисобини чиқариб оласиз: (55×100000)×12 = 66.000.000 (олтмиш олти миллион) сўм. Жуда қуюшқондан чиқиб кетмайлик деб, биз бу ерда ҳар вилоятдан ўйин кўрсатадиган болалар сонини ўрта ҳисобда 55 тадан, вилоятлар сонини 12 та деб олдик. Қорақалпоқлик болалар ҳамда барча вилоятлардан болалар билан бирга келган раҳбарлари ва устозлари эсдан чиқибди.

24 минутда 66 миллион сўмни ҳавога учириш ҳукуматимиз учун ҳеч гап эмас! Сиз бўлсангиз қандайдир бир партиянинг қандайдир бир газетасига сарфланаётган арзимаган пулни гапириб юрибсиз!

Пулни қўяверинг, буёғида қизиғи бор. Биз шу пайтгача 1991 йил 29 декабрда Ўзбекистонга ПРЕЗИДЕНТ сайладик деб юрувдик. Энди билсак ўша пайтда ПОДШОҲ  сайлаган эканмиз. Биз буни ФИДОКОРЛАР партиясининг «FIDOKOR» газетасининг 18 феврал сонидан ўқиб билиб қолдик. Ўша 1991 йили Марказий сайлов комиссияси бюллетенларга билдирмасдан, хуфёна, биров билиб биров билмайдиган қилиб, одамларнинг кўзи ва онгини шамғалат қилиб «ПРЕЗИДЕНТ» деб ёзиб қўйиб, аслида … Шундай деймиз-у, Конституцияни қабул қилаётганда ОЛИЙ МАЖЛИС қаёққа қараган ва нимани ўйлаган экан? У ҳам хуфёна…

Бош қотиб қолди. ФИДОКОРЛАР партияси Президентимизни подшоҳга айлантириш учун тузилганмикин? Президентимиз ҳар бир нутқларида Ўзбекистонда демократик жамият қурилмоқда деб айтиб турган бир пайтда, бу партия газетаси редакциясида ҳеч бир демократик мамлакатни подшоҳ бошқариши мумкин эмаслигини билишмасмикин? – деган саволлар ҳам келади хаёлга. Ё Ўзбекистон шароитида бўлаверармикин? Олий Мажлисдаги партиячаларнинг газеталари маддоҳликда ўн баробар олдинда кетаётган бўлсалар-да, улар Президентни «подшоҳ» деб ҳали ёзмаган эдилар. “FIDOKOR” газетаси бир ҳаракат билан уларнинг ҳаммасидан олдинга ўтиб олибди. Бу ҳаракатда “FIDOKOR”га ҳукуматнинг ўзи ёрдам берганмикин-а? Ёрдам бериш-бермаганликдан қатъий назар “FIDOKOR”нинг бу ҳатти-ҳаракати ҳукуматга ёқса, ФИДОКОРЛАРнинг келажаги порлоқ деяверинг.

Менингча, фидокорларнинг келажаги порлоқ эканлигини етарли даражада кўрсатиб бердик. Уни ўқиб ёки эшитиб сиз ҳам қаноат ҳосил қилган бўлсангиз ажаб эмас.

СИЁСАТЧИЛАР УЧУН…

ХДПнинг келажаги буюк бўлмади. Тўғрисини айтганда, буюк бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Компартиянинг номини ўзгартираётганларида давлат раҳбарлари нимани ўйлаганларини тушуниш қийин, бироқ улар ХДП компартиянинг вориси деб эълон қилиб катта хатога йўл қўйдилар. Раҳбарлар ўша пайтда компартиянинг даҳшатли ўтмиши ва ҳозирини ё тўлиқ тасаввур қилишмаган, ё унга шунчалик ўрганиб кетишган-ки, уларнинг тасаввурида компартиянинг номи ўзгартирилса бас, ҳамма нарса жой-жойида қолади, деб ўйлашган бўлса керак.

Бироқ, Горбачевнинг «қайта қуриш» йилларида ва ундан кейинги йилларда компартиянинг ҳақиқий моҳияти очиб ташланди, унинг тоталитар роли, қон ва алдовга тўла ўтмишини одамлар аста-секин англай бошладилар. «Мен коммунист бўлганман, коммунистлигимча ўламан» деган, ва ҳатто партия билетини эъзозлаб сандиққа солиб қўйган бир гуруҳ инсонларни ҳисобга олмаганда, тарихни, сиёсатни унча-мунча тушунадиган ҳар қандай одам ҳозирги кунда компартияни илгаригидай «бошқарувчи», «қутқарувчи», «йўл бошловчи», «доно» партия деб ҳисобламайди.

Бунинг устига одамлар (айниқса мухолифат аъзолари) ўз мақолаларида ХДП ҳақида гап юритишганда албатта қавс ичида «собиқ компартия» дея ёза бошладилар, ва бу билан ХДП қандай партиянинг вориси эканлигини эслатиб турдилар. Бу нарса илгари компартиянинг юқори лавозимларида ишлаган одамлар учун маълум бир маънавий ноқулайликлар келтириб чиқарди. Бирин-кетин турли постсовет мамлакатлари президентлари илгари ўзлари бошқарган партиялардан чиқа бошладилар. Бу Ўзбекистонда ҳам содир бўлди.

Шундай қилиб, фақат тўн (исм) алмаштириш йўли билан компартия асосида тузилган ХДП каби партиялар сиёсий саҳнада бутунлай обрўсини йўқотишди ва ҳатто маълум маънода раҳбарлар учун хавфли ҳам бўлиб қолди. 1991 йилги сайловда мамлакатимиз Президенти ХДП нинг номзоди сифатида сайлангани деярли гап-сўзсиз, ўз-ўзидан ўтиб кетган бўлса, 2000 йилда бўладиган сайловда Президент ўз номзодини бу партия томонидан қўйдирмаслиги аниқ.

Бунинг устига Олий Мажлисда фракцияга эга бўлган партиячалар ҳам тамоман обрўсини йўқотиб бўлишган. Уларни нафақат дунё жамоатчилиги, балки сиёсатдан узоқ бўлган оддий ўзбек меҳнаткаши ҳам жиддий сиёсий ташкилот деб қарамайди. Буни яхши тушунган давлат раҳбари мазкур партиячаларга таянмаслиги турган гап. Хуллас шундай вазият юзага келди-ки, 2000 йилда ҳозирги давлат раҳбарининг номзодини Президентликка кўрсатадиган бирорта обрўли, жиддий (ХДП каби ўз вақтида обрўйи ва жиддийлиги сохта бўлса ҳам) партия йўқ бўлиб, бу вакуумни зудликла янги бир ташкилот билан тўлдириш зарурати туғилди. «Фидокорлар» партияси ана шу мақсадда тузилганига шўбҳа қилмаса ҳам бўлади.

Шундай қилиб, тез орада ХДП ва «Фидокорлар» орасида, шахмат тили билан айтганда, рокировка бўлиши аниқ. Янги партия тузилгандан кейин тезлик билан унинг сафларини кенгайтиришга асосий эътибор қаратилди. Бу иш қандай бажарилаётгани ҳақида ушбу мақоланинг «Артистлар учун» қисмида ёзилган. ФМДП Жиззах вилояти кенгаши котиби Шоира Умарова «Fidokor» газетининг 4 март (№5) сонида буни шундай тушунтиради: «Дастлаб иш бошлаганимизда уч киши эдик. … Икки-уч кунда 8 кишига кўпайдик. Ҳозир ҳаммаслак, биз билан бир сафда ишламоқчи бўлаётганлар сони 3500 дан ортиқ. Тарафдорларимизнинг тезлик билан кўпайиб боришининг асосий сабаби, бизнинг юртимизда фидойи инсонларнинг кўплигида. Яна бир қувончли томони бизнинг партиямизга аъзо бўлиб кирмоқчи бўлганларнинг аксарияти ёшлардир».

«Фидокорлар» партиясининг келажагининг буюклиги қандай амалга оширилади? Ҳукумат тузган партия ҳамма вақт ҳукумат манфаатини кўзлаб иш тутганини тарих кўрсатган – буни ҳамма билади. Бироқ уни «буюк» қилиш қийин эмас. Бу буюклик биринчи навбатда бечора ХДП ҳисобига бўлади. Секин-аста унинг ҳашаматли бинолари фидокорларга олиб берилади ва худди шундай секин-асталик билан сайловларгача барча ҳокиму-ҳукумдорлар келажаги буюк бўлиши керак деб мўлжалланаётган партияга ўтиб оладилар. Натижада Олий Мажлисда ҳам ХДП ўрнини «Фидокорлар» эгаллайди ва у бошқарув партиясига айланади. Шоира Умарова айтаётган ёшлар эса партия буюк келажакка эришиб бўлгач, компартиянинг гуркираган йилларида унинг оддий аъзолари қандай ҳақсиз-ҳуқуқсиз «омма» бўлган бўлсалар, булар ҳам ўша йўлни такрорлайверадилар.

ХДП нинг тақдири нима бўлади? У секин-аста «Ватан тараққиёти» партияси каби нимжон (жонсиз деса ҳам бўлади) бир партияга айланади ва 2-3 йилдан кейин сиёсий саҳнадан кетади ёки кеткизишади. Уни кафанлаб кўмишадими ёки бекафан кўмиб юборишадими – буни айтиш қийин.

ТОЛИБ ЁҚУБОВ

5 март 1999 йил Тошкент ш.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.