УРОНҒИЧ, СЎКОНҒИЧ СЕНАТОРЛАР МУБОРАК

Xo`jalik sudiёхуд

жиззахлик Толиб ЁҚУБОВнинг

Жиззах вилояти аҳлига табриги

 10 февраль 2005 й.

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади.

Августин Аврелий.

 

Биз қандай сенаторларга муҳтожмиз?

 2004 йилнинг 26 декабрида мамлакатимизнинг барча вилоятлари каби Жиззах вилоятида ҳам оламшумул воқеа юз берди: орамизда халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган   с е н а т о р лар   пайдо бўлишди. Айниқса кейинги йилларда халқимиз учун айнан шундай тоифа раҳбарлар етишмаётгани яққол билиниб қолган эди. Сенаторларнинг пайдо бўлиши, мана энди мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси бахтли инсонга айланишига кафолатдир. Масаланинг иккинчи муҳим томони шуки, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, сал наридаги Украина, Литва, улардан ҳам нарирокдаги Чехия, Германия ва бошқа мамлакатларда сенаторлар йўқ, шу сабабли бундай мамлакатлар эрта-индин ривожланишда биздан жуда орқада қолиб кетишади. Ўртоқ Каримовча, яъни ўзбекча демократияга асосланган сенаторлар Ўзбекистонни энг эркин мамлакатга айлантиришади.

Жиззах вилояти аҳлининг бахтига вилоятда олти нафар сенатор фаолият бошлади. Улар туюқсинда осмондан тушган эмас, уларнинг ҳар бирини халқ илгаридан яхши танийди. Бироқ яхшиларнинг ичида яхшилари бўлади, зўрлари бўлади. Зўрларнинг ичида эса иккита зўри бор: биринчиси – сенатор Убайдулла Ёмонқулов, иккинчиси эса Маҳмуд Холбўтаевдир. Вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонқуловни танимайдиган одам йўқ, уни яхши билган одамлар: «Бул зот Шавкат Мирзиёевнинг укаси» – дейишади. Нега уларнинг фамилияси бошқа-бошқа – бу менга маълум эмас. Иккинчи сенатор эса Дўстлик туманига яқинда, чамаси 2004 йилнинг октябрида, ҳоким бўлдилар. Ўша пайтларда, бир чойхонада, гурунг қилиб ўтирган одамлар: «Маҳмуд – Убайдулланинг укаси» – дейишганини эшитиб қолганмиз. Шунга қараганда, у ҳам Шавкат Мирзиёевнинг укаси чиқади.

Бир уядан чиққан ака-укаларнинг ҳатти-ҳаракати ҳам, кўпинча, бир-бирига ўхшаш бўлар экан. Жиззах, Самарқанд вилоятларида давру-даврон сурган Шавкат Мирзиёев, одамларнинг гапига қараганда, айнан муштининг зўрлиги туфайли Бош вазир даражасига кўтарилиб кетган эканлар. Мияси муштига мос келадими, йўқми, бир нарса дейиш қийин, бироқ бул зотнинг мушти ҳақида кўп гаплар юради, Халқ ичида, албатта. У кишининг муштининг зарбини тотиб кўрган одамлар: «Муштлари жуда оғир экан!» деб қўрқибми, фахрланибми, гапириб юришаркан.

Мутахассислар (айниқса математиклар)нинг кузатишича, инсонда муштининг зўрлиги билан ақли орасида тескари пропорционаллик мавжуд эмиш. Буни тушуниш қийин эмас: яъни, инсонда муштининг кучи қанча катта бўлса, ақли  шунча нима бўлади? Балли, ақлингизга қойил! Тўғри топдингиз!

Шу сабабли, мансаб пиллапояси бўйлаб кўтариламан десангиз, ақлга …, э-э-э кечирасиз, муштга зўр бериш керак бўлар экан. Одамларнинг гапига қараганда, бу ҳикмат – Ислом Каримов, яъни, ўзбек демократиясининг асосий тамойили  ва мезони экан.

2004 йилнинг 24 декабрида Жиззах вилояти ҳокимлигининг катта мажлислар залида вилоят сув хўжалиги вакилларининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сувчилардан ташқари ҳокимлар, банк ходимлари, миршаббегилар (милиция бошлиқлари) ва бошқалар, жаъми 200 дан ортиқ одам қатнашди. Маълумингиз, бу пайт вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонқулов сенатор бўлишга тайёрланаётган пайтларнинг охирги кунлари эди.  У залга кириб келиб, ўтирган одамларга бир назар ташлаб олгач, қўлидаги руйхатга қараб: «Абдуғаниев Абдураҳмон ким?» – деб сўради. «Мен» – деди бир йигит ўрнидан туриб. «Бор, на х…й, чиқиб кет, энди ишламайсан!» – деб бақир…, э-э-э, кечирасиз, мулойим овоз ва табассум билан гапирди ҳоким.  Абдуғаниев Абдураҳмон залдан чиқиб кетди. «Эртагаёқ аризасини ол!» – деб ўшқир…, э-э-э, яна адашдим, бир қошиқ қонимдан кечинг, паст овозда мурожаат қилди ҳоким Абдураҳмоннинг бошлиғи Абдуҳошим Алиқуловга қараб.

Эртаси куни Абдураҳмоннинг маюслигини кўрган касбдошлари: «Нега хафа бўлиб юрибсиз, сиз ўз обрў-эътиборингиз билан чиқиб кетдингиз-ку! Сиздан кейин қанчадан-қанча одам калтак еди» – дейишди. Мажлис қатнашчиларидан энг қаттиқ калтак егани «Вилоят насос станциялари бошқармаси» бошлиғи Абдунаби Жўраев бўлган экан. Ҳоким уриб у кишининг бурнини қонатган ва шу ернинг ўзида ишдан ҳайдаган. «Боёвут-Арнасой ирригация тизими бошқармаси» бошлиғи Марди Худойбердиевга навбат келганда ҳоким унинг сочидан ушлаб судраб урган ва бўралаб сўккан. Залда ўтирганлар олдида сенаторликка тайёргарлик шу тахлитда анча давом этган.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти матбуот маркази вилоят ҳокими 2004 йилнинг июль ва август ойларида фермерларни дўппослаганидан хабар топиб, ҳеч нарсани тушунмай, 12 сентябрь куни «Қутурган ҳоким» деб номланган мақола тарқатган эди. Бу калтаклашлар, аслида, Убайдулла Ёмонқуловнинг сенаторликка тайёрланиш тренировкаси бўлган экан. Мазкур мақола бўйича сентябрь ойининг иккинчи ярмида вилоят марказига мамлакат Бош прокуратурасидан бир бригада келиб текшириш ўтказган. Текшириш натижалари ҳеч қандай формада ва ҳеч қаерда эълон қилинмади.  Кўп нарсадан  хабари бор баъзи одамларнинг гапига қараганда, Бош прокуратура ходимлари ҳоким сенаторликка жуда яхши тайёргарлик кўраётганига ишонч ҳосил қилгач: «Маладец, яшшавор, ўғлон! Сен Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёевнинг энг ишончли сенатори бўласан! Уравер!» – деб, Тошкентга қайтиб кетишган эмиш.

Биз, яъни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзолари, кўзимизнинг кўрлигига баъзан ўзимиз ҳам ҳайрон қоламиз. Ҳоким фермерларни одамлар орасида буғиб урса, биз уни қутурган бўлса керак деб ўйлабмиз. У киши ўша пайтда сенаторликка тайёргарлик кўраётганини биз қаёқдан билайлик!? Энди бундай хатога йўл қўймаймиз. Агар бундан буён, масалан, «Ёмонқулов вилоят аҳолисининг ярмини ўлдириб юборибди» деб эшитсак: «У президентликка тайёргарлик кўраётибди экан» деб қўя қоламиз.

Зўрлиги бўйича сенаторларнинг ичида иккинчиси, юқорида айтганимиздек, Дўстлик тумани ҳокими Маҳмуд Мирз…, ҳай-ҳай, кечиринг, адашдим, Маҳмуд Ёмонқ …, ҳаҳ, узр, яна адашдим-а, Маҳмуд Холбўтаев бўладилар. Ҳоким бўлишдан олдин бул зот «Қуйи Сирдарё ҳавзаси ирригация тизимлари бошқармаси» бошлиғининг 1-чи ўринбосари вазифасида ишлаганлар. Ундан илгари эса Маҳмуд Холбўтаев «Жиззах вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси» бошлиғининг 1-чи ўринбосари лавозимини эгаллаб турганлар.

«Маҳмуд Холбўтаевда мушт ва ақл масаласи қалай?» – деган савол ҳозирги кунда кўпчиликни қизиқтириши табиий. Ҳар ҳолда «ақлли сенатор» ва «муштумзўр сенатор» деган тушунчалар Сенат учун ўта муҳим деб ўйлайман. Шуни айтиш керакки, бу кишида ҳам юқорида айтилган тескари пропорционаллик «мана ман» деб кўриниб туради, яъни, муштум масаласи  – зўр,  ақл масалааси эса …

Шу сабабли бўлса керак, Қуйи Сирдарё хавзаси ирригация тизимларини шақллантиришда қатнашаётган сув хўжалиги вакилларини давлат аттестациясидан ўтказилганда Маҳмуд Холбўтаев «йиқилган», яъни аттестациядан ўта олмаган. Бироқ, у илгарироқ, акаларининг ёрдамида бўлса керак, давлат ордени нишондори бўлганини кўрган Аттестация комиссияси раиси Рустам Азимов: «Сенга орденни ким берган? Шу савиянгга орден олганмисан?» дея Маҳмуд Холбўтаевни салкам қувиб чиқарган. Бу гап, табиий, Маҳмуд Холбўтаевнинг тўпиғигачаям чиқмаган: аканг зўр бўлса бу гаплар нима?! Сал ўтмай Маҳмуд Холбўтаев кўтарилиб кетганлар.

Ҳозирги пайтда Жиззах вилоятида нима кўп –ҳокимлар томонидан зўравонлик билан ери тортиб олинган фермерлар кўп. Аксарият чўл зоналарида яшаётган бу инсонларнинг ерда ишлашдан бошқа яшаш чоралари йўқ. Шундай фермерлардан 40 дан ортиғи 2005 йил 1 февраль куни Дўстлик туман ҳокимияти биносининг олдида норозилик пикети ўтказишга қарор қилишган. Ўша куни эрталаб соат 11 ларда ҳокимият атрофида 100 га яқин одам пикет қилишга тўпланган. Бироқ, сенатор Маҳмуд Холбўтаев ҳам ҳокимият биноси олди ва атрофига юзлаб одамларни тиқиб ташлаган. Улар орасида ҳокимга яхши кўринган фермерлар, совхоз директорлари, спорт коллежининг каратэчи талабалари, ишсиз кўчада дайдиб юрган қишлоқ ёшлари бўлган. Пикетчилар туман ҳокимияти олдида плакатларини очиб бир минут ҳам туришга улгурмаганлар – катта оломон уларга ташланиб, 15 минутлар давомида фермерларни калтаклаган. Аёллар, уларнинг болалари, кекса фермерларнинг оғзи-бурни қонга бўялган.

Калтакланган фермерларнинг бир қисми «Ҳақиқатни Тошкентдан топамиз» деб 15 февраль куни пойтахтга йўл олишади ва шаҳри азимнинг «Ҳосилот» меҳмонхонасига бориб жойлашишади. Бироқ, сенаторларнинг қўли нақадар узун эканлигини Убайдулла Ёмонқулов ва Маҳмуд Холбўтаевлар яна бир бор намойиш этишади. 11 фермер ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Дўстлик туман бўлимининг раиси Эгамназар Шойманов ўз ўринларида ухлаб ётганларида, 15-дан 16-чи февралга ўтар кечаси соат 12 – 1 ларда, Маҳмуд Холбўтаев ва Убайдулла Ёмонқуловлар томонидан жўнатилган миллий хавфсизлик хизмати ва милициянинг 8 нафар ходими  уларнинг ҳаммасини ўрнидан турғизиб, дўқ-пўписа билан Дўстлик туман ички ишлар бўлимига олиб жўнашади.

16 февраль куни эрталаб фермерлар билан туман ҳокимининг шахсан ўзи гаплашади. Маҳмуд Холбўтаев ҳар бир фермерга қарата дўқ-пўписа қилиб: «Сен қарзингни тўлай оласанми? Қачон тўлайсан? Қарзингни тўлашга уй-жойинг, кўрпа-тўшагинг, мол-ҳолинг етадими?» деган гапга урғу бераверган. Милицияхонада ҳокимнинг ўзи сўроққа тўтганидан қўрқиб қолган фермерлар товба қилганлиги ҳақида тилхат ёзиб беришади. Эгамназар Шоймановни эса милиция ходимлари на чой ва на овқат бермай кечгача милицияхонада олиб ўтиришади. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Тангриберганов унга: «Ҳой бола, керак бўлса ичак-чавоғингни бошингга салла қилиб ўраб қўяман!» дея қонунга эмас, балки сенаторларга ўзининг содиқлигини намойиш этади.

Эгамназар Шоймановни одамлар орасида сазойи қилиш мақсадида Маҳмуд Холбўтаевнинг буйруғи билан у яшайдиган қишлоқ аҳлини кечқурун йиғишади ва қўлбола «мажлис»да одамларни Эгамназарга қарши сайратмоқчи бўлишади. Бироқ йиғилганлар ҳокимнинг эмас, балки одамлар ғамида елиб-югуриб юрган Эгамназар томонида эканликларини сезган сенатор «мажлис»да Эгамназарга қарши бирор гап айта олмайди.

Мана сизга сенаторнинг зўри! Бундан ортиқ зўр сенатор бўладими?! Бизнинг Маҳмуд Холбўтаев каби сенаторимизга АКШ ёки Италиянинг сенатори якқама-якка чиқа оладими? Чиқа олмайди! Маҳмуд Холбўтаев бундай сенаторларнинг юзтасини бир ўзи уради ёки уришни ташкил қила олади! Буни – “Ўзбекистоннинг сенатори” деб қўйибди! Ҳамма гап акасида! Акаси зўр-да! Тушундингизми?

Бундай сенаторлар Ислом Каримовнинг демократияси учун ҳаводай зарур, яъни бизга ҳар қандай муаммони мушт билан ҳал қиладиган сенаторлар жуда керак. Бу – президент демократиясининг бир қаноти, холос.

Ҳар қандай нарсанинг бир қаноти МУШТ бўлса, иккинчи қаноти албатта ЁЛҒОН бўлади. Бошқа иложи йўқ. Бироқ, масаланинг бу қисмини уддалаш учун, яъни ҳеч тап тортмасдан, одамларнинг кўзига бақрайиб қараб туриб ёлғон гапира оладиган, газета-журналларда кўзни чирт юмиб ёлғонни ёза оладиган сенатор ёлғон бўйича камида академик бўлиши керак.

Бу, албатта, қийин иш. Бунинг, яъни ёлғонни бўйинча (галстук) қилиб кийиб олишнинг қийинлигини, ўзингиз бир таққослаб кўринг. Масалан, Жиззах тумани ҳокими Суннат Ўроқов ва Жиззах шаҳар милицияси бошлиғи Олим Қосимовларга ўхшаб, фоҳиша аёллар, алкаш ва наркоманларни ишга солиб қўйиб, ўзлари 30-40 метр нарида кўзатиб турган ҳолда, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб пикетда турган одамларни урдириш каби оддий иш эмас-ку бу!.

Бизнинг жиззахлик сенаторларимиз Убайдулла Ёмонқулов ва Маҳмуд Холбўтаевлар ҳам ёлғонни бўйинча қилиб кийиб олишни уддалай олишади. Бироқ, уни илмий тилда баёнлай олмайдилар. Бунинг учун илмий изланишлар олиб бориш, мақола ва диссертациялар ёзиш, ёлғонни дўндирадиган шогирд-аспирант, фан номзодлари тайёрлаш, Сенатга кириш учун маддоҳлик қилишни билиш керак.

Сиз балки: мана, Маҳмуд Холбўтаев миробликдан бирдан сенатор бўлди-ку! – деб эътироз билдиришингиз мумкин. Эътирозингиз тўғриликка тўғри. Аммо лекин, «Аёлнинг сочи узун бўлса-да, ақли …» деган мақолни бир эсланг. Сочини кесдиргани билан ақлсиз аёл ҳечқачон ақлли бўлиб қолмаган.

Иффатли, юксак табиатли, эс-хушли муслима аёлларимиз мени кечиришсинлар, мен уларни назарда тутаётганим йўқ.

Худди шундай, сенатор бўлгани билан Убайдулла Ёмонқулов ва Маҳмуд Мирз …, тьфу, яна адашдим-а, Маҳмуд Холбўтаевлар муштумзўрликни ташлаб юборишди, деб ўйлаяпсизми? Ё, фермерларга меҳри ошиб кетди, деб ҳисоблаяпсизми? Ёинки, фермерлар, сувчилар, пикетчилар билан гаплашганда сўкинмай, маданий тилга ўтишди, деб ғурурланаяпсизми?

Бемаза қовуннинг уруғи кўп …

«Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади» – дейди доно халқимиз. Сенатор муштумзўр бўлгач, унинг бемаза қовундай уруғи кўпайиб кетган прокуроридан, милиционеридан, судьясидан нима кутиш мумкин? Нимани кутиш мумкинлигини кўрсатишнинг энг одил йўли муайян мисол келтиришдир. Мен қуйида келтирмоқчи бўлган мисолларнинг кўпчилиги менинг 2004 йилнинг декабрида ёзилган ва тарқатилган «Қассобга мой қайгуси» деб аталган мақоламда келтирилган бўлса-да, сенатор ва уларнинг гумашталари ўзларининг жиноятларини яшириш учун нималарга қўл уришлари мумкинлигини яна бир марта такрорлаш лозим деб ҳисоблайман.

Жиззахлик Ҳамид Султонов қатор йиллар акционерлик-тижорат (АТ) «Пахта-банк» Жиззах вилоят бўлимида Банк операциялари бўлимининг бошлиғи лавозимида ишлаган. 2004 йилнинг 31 мартида Жиззах шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Бобур Тўйчиев ўз қарори билан Ҳ.Султонов, Банк операциялари бўлимида кредитлар бериш бўлимининг бошлиғи Акрам Файзуллаев ва хусусий тадбиркор Аҳмад Пўлатовларга нисбатан 02-1444-сонли жиноий иш қўзғатади. Б.Тўйчиев ўз қарорида: «Мен 2004 йил 31 март куни АТ «Пахта-банк»и Жиззах вилоят бўлимининг  Банк операциялари бўлимида ўтказилган текшириш материаллари билан танишиб чиқиб …» – деб ёзади.

Маълумки, ҳар бир вилоят ҳокимияти кошида «Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят ҳудудий комиссияси» мавжуд бўлиб, бу комиссия вилоятдаги ҳар бир хўжалик ва бошқа объектларни назорат қилувчи органлар (прокуратура, солиқ инспекцияси, ўт ўчириш инспекцияси ва ҳоказо) томонидан текшириш учун қатъий график тузиб қўяди. Бирор назорат қилувчи орган (масалан, прокуратура) бирор объектда графикдан ташқари пайтда текшириш ўтказган бўлса, унинг натижаси ноқонуний йўл билан олинган ва текшириш ҳужжатлари сохта деб ҳисобланади.

Ҳамид Султоновнинг ҳимоячиси сифатида мен Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексининг 53-моддаси асосида «Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят ҳудудий комиссияси» ҳамда АТ «Пахта-банк»и Жиззах вилоят бўлимининг  Банк операциялари бўлимига «2004 йилнинг 1 январидан 31 мартига қадар «Пахта-банк»и Жиззах вилоят бўлимининг  Банк операциялари бўлимида текшириш ўтказилганми?» деган сўров  билан мурожаат қилдим. Ҳар иккала ташкилотдан шақлан ҳар хил, мазмунан бир хил: «Йўқ, ўтказилмаган» деган жавоб олдим.

Бобир Тўйчиевнинг жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарори сохта бўлиб чиқди, яъни у жиноий иш қўзғатиш учун асос ва сабаб кўрсатилиши лозим бўлган қарорни ҳаводан олиб ёзганлиги маълум бўлди. Ҳар қандай жиноий ишнинг энг асосий ҳужжати ҳисобланган «Жиноий ишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор» (у жиноий иш 1-чи жилдининг 1-чи иш варағида туради) жиноий иш материаллари орасида бўлмаса, ёки бўлса-ю, бироқ сохта бўлса, бундай жиноий иш дарҳол ёпилиб, архивга ташланиши, айбланувчи эса сўзсиз оқланиши керак.

Ўзбекистонда бундай ҳолатга, яъни  «Жиноий ишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор»нинг жиноий иш материаллари орасида бўлмаслиги, ёки бўлса-да, сохта бўлишига ажабланмаса ҳам бўлади, чунки:

– биринчидан, мустақиллик даврида инсонларни қамаш шу қадар одат тусига айландики, уруғи кўп прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати (МХХ), милиция ва суд ходимлари қонунга амал қилишни деярли унутдилар; одамларни қамаш жараёни улар орасида мусобақа ўйнаётгандай тусга айланди; инсонларни қамаш мазкур ташкилотлар ходимлари учун мисли кўрилмаган даромад манбаига айланди; Ўзбекистонда бу ташкилотлар орасида ўзига хос иерархия (бўйсунишлик, обрў-эътибор поғонаси) юзага келди; гарчи МХХ ва милиция органлари устидан прокуратура назорат қилувчи орган ҳисоблансада, бу иерархия: МХХ, прокуратура, милиция, суд тартибида шаклланди; шаклланган иерархия охирига деярли ҳақ-ҳуқуқсиз бўлган Адвокатура жойлашди;

– иккинчидан, прокуратура, МХХ ва милиция ходимлари мавқеъиларининг мустаҳкам эканлиги адвокат ва судьяларни шу қадар кўниктирган ва иродасизлантирган-ки, шу пайтга қадар уларнинг бирортаси жиноий ишнинг ана шу жиҳати (яъни «Жиноий ишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор»нинг жиноий иш материаллари орасида бўлмаслиги, ёки бўлган тақдирда ҳам сохта бўлиши) га эътибор берган эмас;

– учинчидан, прокуратура, МХХ ва милиция ходимларида ўз мавқеъиларининг мустаҳкам эканлигига шу қадар ишонч шаклланган-ки, бирор ҳимоячи ёки судья жиноий ишнинг ана шу жиҳати (яъни «Жиноий ишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор»нинг жиноий иш материаллари орасида бўлмаслиги, ёки бўлган тақдирда ҳам сохта бўлиши) га эътибор қилиши мумкин деган фикр уларда хаёлга ҳам келмайдиган даражага етиб борган;

– тўртинчидан, бу жараён шу қадар чуқурлашиб кетган-ки, прокуратура, МХХ, милиция, адвокатура ва суд ходимлари орасида охир оқибат ўзвий корпоратив манфаат (битта манфаат йўлида ишлаш, бир-бирини қўллаш ва ҳоказо) шаклланиб, муайян жиноий ишда улар ўз мавкеъи даражасида «пул қилишади»; шу сабабдан жиноий ишнинг юқорида айтилган жиҳати аҳамиятсиз нарсага айланган;

– бешинчидан, Ўзбекистон «веспасианлик даври» (давлат қароқчилиги даври) ни бошидан кечираётганлиги туфайли давлатнинг ҳокимият, прокуратура, МХХ, милиция, суд, божхона, солиқ ва бошқа шу каби системалари ҳар нарсадан «пул қилувчи» тадбиркорлик ташкилотларига айланди; бу нарса фақат қонунларнинг атайлаб бузилиши ҳисобига амалга оширилиши мумкин, холос; гарчи бу жараён давлат сиёсий системасининг ўлимини муқаррар равишда яқинлаштирса-да, «пул қилиш» психологияси давлат ходимларининг онги ва қалбига шу қадар сингиб кетади-ки, уларни давлат ва халқ тақдири мутлақо қизиқтирмай қўяди; бу даврда коррупция, порахўрлик, ошна-оғайничилик, маҳаллийчилик ва бошқа ижтимоий иллатлар юксак даражага кўтарилиб, жамиятда кескин норозиликларни келтириб чиқаради;

Аҳмад Пўлатов фожеаси

Ҳамид Султонов ҳақида гап кетар экан, яна бир инсон – тадбиркор Аҳмад Пўлатов ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтмасдан иложимиз йўқ. 6-7 йил илгари Аҳмад Пўлатов Жиззах туманидаги Абдуалимов номли жамоа хўжалигига қарашли салкам 5 гектарлик иссиқхона (теплица) ни 10 йил муддатга ижарага олган. Иссиқхонанинг 70%-и чириган 4000 метрдан зиёд трубаларини ўз ҳисобидан янгисига алмаштиради. Бироқ, 2000 йили эски трубаларни талон-тарож қилишда айблаб прокуратура унинг устидан жиноий иш қўзғатади. Бу иш бўйича Жиззах туман суди уни оқлайди.

Эски иссиқхонани таъмирлаш учун у 2002 йилининг 30 августида АТ «Пахта-банк»дан 20 миллион сўм кредит (қарз) олади. 22-503/02-1444-сонли жиноий иш материалларидан кўринишича бу пулнинг катта қисмини ўзи ва Тошкентда турадиган акасининг ҳовлиларини таъмирлаш учун, Аҳмад Пўлатовга яқин одам ҳисобланган, Жиззах туман прокурорининг ўринбосари Ҳабибулла Турғунов ўзлаштиради.

Вақти келиб, Аҳмад Пўлатов уни фош қилиши мумкин бўлган хавфли одамга айланиши мумкинлигини сезган Ҳабибулла Турғунов 2003 йилнинг 25 августида Аҳмад Пўлатов, унинг 16 ёшли ўғли, синглиси ва синглисининг эрини наркотик модда ташлаб Тошкент шаҳрида қамоққа олинишини ташкил этади. Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди (судья – Комила Абдувалиева) нинг ҳукмига асосан 8 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган Аҳмад Пўлатов ҳозирги кунда ҳам қамоқда сақланмоқда.

22-503/02-1444-сонли жиноий ишнинг 2-чи жилди тўлиқ Аҳмад Пўлатовга тегишли «труба ишига» бағишланган. Ушбу жилд материаллари билан танишар эканман Жиззах вилоятидаги прокуратура ва суд системалари (вилоят, шаҳар ва туманлар) нақадар чириб, қўланса ахлатга айланганига, ва шунинг қурбони бўлган Аҳмад Пўлатовнинг аянчли тақдирига афсусландим.

Бир пайтлар АҚШ президенти Рональд Рейган СССР ҳақида фикр юритар экан, уни «Империя зла» («Ёмонлик (зулм, қабихлик) империяси») деб баҳолаган эди. Гарданига мамлакатда қонунларнинг бажарилишини НАЗОРАТ этиш каби муқаддас вазифа юклатилган прокуратуранинг Жиззах вилоятидаги аҳволи ҳақида гап юритилса, уни ҳеч иккиланмай «Қонунсизлик, зулм, қабихлик ўчоғи» деб баҳолаш мумкин. Бу баҳо Ўзбекистондаги барча вилоят прокуратураларига тегишли бўлса керак, чамаси.

Гарчи мавзудан сал четга чиқсак-да, юқоридаги фикрнинг тасдиғи сифатида яна қуйидаги мисолларни келтириш лозим деб ўйлайман.

Маълум-ки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг конституциявий тузумга тажовуз, ислом экстремизми, терроризм ва бошқа шунга ўхшаш моддалари билан айбланган тинч мусулмонлар айниқса Наманган вилоятида кўп қамалган. Узоқ йиллардан бери ана шу қама-қамалар бошида Наманган вилояти прокурорининг ўринбосари Борис Пинхасов деган шахс турибди. Бу ишда унга Наманган вилоят суди судьялари Комила Абдувалиева, А.Эронов (ва бошқалар) кабилар сафдош бўлиб келганлар.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жазони ижро этиш муассасалари бош бошқармаси бошлиғи (Ражаб Қодиров) нинг ўринбосари Михаил Гуревич қамалган мусулмонлар учун қамоқхоналарда чидаб бўлмаслик даражасидаги шароитларни яратиш бобида «тер тўкиб» келмоқда.

Чирчиқ шаҳрида жойлашган УЯ 64/6 жазони ижро этиш колониясида катта миқдорда мусулмонлар сақланаётганини эътиборга олинса, бу муассасага Евгений Ровинскийни бошлиқ қилиб қўйилганига ажабланмаса ҳам бўлади.

Прокуратура, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органларида ишлаётган Сергей Шиняев, Эдуард Чжен, Евгений Коленко, Сергей Шапорда, эҳ-ҳе, қайси бирини  айтай, каби ўзбек халқининг ўғлонлари тер тўкиб мусулмон йигитларни қамашаяпти, тергов ва суд қилишаяпти, колонияларда сақлашаяпти ва ўлдиришаяпти!

Жойи келганда шуни айтиб ўтиш керак-ки, Наманган вилояти судида ишлаган пайтида, тўлиқ бўлмаган икки ярим йил ичида 6 та ёш йигитни отишга ҳукм қилган судья Комила Абдувалиева кейинчалик Ўзбекистон Олий судида ва охирги йилларда жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида ишлаган. Лақаби «Доллархон» бўлган бу аёл бундан 4 – 5 ой илгари катта пора олаётганда қўлга тушган. Унинг устидан ўтказилган суд жараёни шу кунларда нихоясига етди. «Доллархон» суд қилинаётган жойга ўнлаб одамлар келиб унга қаттиқ жазо берилишини талаб қилганлар, ундан жабр кўрган одамлардан 20 чоғлиси Олий суд биноси олдида пикет уюштиришган. Одамлар судьянинг ҳимояси учун эмас, балки унга оғир жазо берилишини талаб қилиб кўчага чиқишган.

Юқорида номи қайд этилган Аҳмад Пўлатов айнан ана шу порахўр судья Комила Абдувалиева ва Жиззах туман прокурори ўринбосари Ҳабибулла Турғунов ва уларни қўллаб-қувватловчи бир гурух жиноятчиларнинг қурбони бўлган.

Гарчи ўз вақтида трубалар масаласида Аҳмад Пўлатов оқланган бўлса-да, бироқ Ҳабибулла Турғунов вилоят прокуратурасидаги дўстлари (масалан, вилоят прокурорининг собиқ 1-чи ўринбосари Тўйчи Ҳайиталиев) орқали «труба иши» бўйича Аҳмад Пўлатов устидан мазкур ишни яна қўзғатишга муваффақ бўлади. Шундай қилиб, чириган трубалар бўйича жиноий иш 2000-чи йилдан бери давом этиб келаяпти. Бунга кетган давлат ҳаражатлари чириган трубалар баҳосидан ўнлаб марта ортиб кетган.

«Труба иши»да прокуратура ходимларининг асосий мақсади тадбиркор Аҳмад Пўлатовни синдириш, ундан таъмирланган иссиқхона ва бошқа мол-мулкини тортиб олиш бўлган. 20 миллионли кредитни ўзлаштиришда қатнашган прокуратура ходимлари ўз жиноятларини яшириш, гуё кредит пулларини Аҳмад Пўлатов ва банк ходимлари еб кетишган, деган чўпчак ишончли чиқиши учун бу «ўйинга» банк ходимлари Ҳамид Султонов ва Акрам Файзуллаевларни аралаштиришган.

Жиноятчиларнинг жинояти тоборо ошкор бўлмокда

ёки бечора Қўшматов

Қизиғи шундаки, 22-503/02-1444-сонли жиноий иш 3 жилдли (ҳар бири ўрта ҳисобда 250 иш варағидан иборат) бўлиб, унинг материаллари орасида Ҳамид Султоновни айбловчи бирорта ҳужжат йўқ. Жиззах шаҳар прокуратураси терговчиси Тохир Ғаниев ва, айниқса, Зомин туман прокуратураси терговчиси, саводсиз Амир Янгибоев Ҳамид Султоновга (Акрам Файзуллаевга ҳам) тегишли бўлган барча айблов ҳужжатларида бирорта ҳам, яна таъкидлайман, бирорта ҳам ҳужжат билан тасдиқланмаган «ғаразгўйлик мақсадида», «мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб», «мансаб ваколатидан жинояткорона фойдаланиб», «… билан жиноий тил бириктириб», «ўзганинг мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириб кетишига кўмак бериб, иштирокчилик қилган» каби иборалардан фойдаланади.

Муҳтарам ўқувчи учун зерикарли бўлса ҳам мен қуйида терговчи Амир Янгибоев томонидан тузилган «Илтимосномани рад қилиш тўғрисида»ги қароридан, айнан кўчирилган, бир парча келтиришни лозим топдим (сўзларнинг тагига мен чизганман – Т.Ё.):

Дастлабки тергов томонидан Султонов Ҳамид Окилович 1997 йилдан 2003 йил декабр ойига қадар Жиззах вилояти АТ Пахта банки Банк операциялари бўлими бошлиғи вазифасида ишлаш даврида масъул мансабдор шахс бўлиб, гаразгуйлик мақсадларида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб ва ундан жинояткорона фойдаланиб, Банк операция бўлимида қарз бериш бўлими бошлиғи Файзуллаев Акрам ҳамда Жиззах тумани Абдуалимов жамоа хўжалиги худудидаги «Бенфика» кўп тармокли хусусий фирмасининг бошлиғи Пўлатов Аҳмад Юсупович билан жиноий тил бириктирган ҳолда бир гурух шахс бўлиб, А.Пўлатовнинг 22 август 2002 йилда 20000000 сўм бир йил муддатга кредит маблағи ажратиш тўғрисида аризасига кўра «Бенфика» фирмасига 20000000 сўм кредит бериш мутлақо мумкин эмаслигини билиб, ўзора жиноий тил бириктириб, калбаки ҳужжатлар тузиш йўли билан ноқонуний кредит беришга жиноий келишади ва А.Пўлатов томонидан такдим этилган Жиззах шаҳар ПМК-2 ташкилотининг 30 август 2002 йилдаги №01 сонли сохта кафиллик шартномаси ҳамда ПМК-2 ташкилотини молиявий натижалари тўғрисидаги имзо қўйилмаган, мухр босилмаган, санаси кўрсатилмаган Форма 2 ҳисоботини ўзаро жиноий келишувга асосан кредит беришга асос қилиб олиб, ўз ваколатидан хизмат манфаатларига хилоф равишда фойдаланган ҳолда моддий наф кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий Банк бошқарувининг 27.12.2001 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2.8, 2.9 бандида кўрсатилган «Агар кредит бошқа шахс томонидан кафолатланса, аудиторлик ташкилоти ёки аудиторнинг кафолатчининг коникарли молиявий аҳволини тасдикловчи хулосаси ҳамда кафолат тўғрисидаги шартномани имзолаш ҳуқуқини тасдикловчи ҳужжат олиши керақлиги тўғрисидаги талабига зид равишда ПМК-2 ташкилоти томонидан берилган кафиллик шартномаси калбаки эканлигини билган ҳолда атайин ПМК-2 ташкилотининг молиявий аҳволи тўғрисида аудиторлик хулосасини, шартномани имзолаш ҳуқуқи тасдикловчи ҳужжатни ҳамда ПМК-2 ташкилотини молиявий аҳволини акс эттирувчи барча ҳужжатларни била туриб ноқонуний кредит бериш мақсадида олмасдан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Пахта-банк бошқармасининг 16 октябр 2000 йилги «Акционерлик Тижорат Пахта банки кредит кумиталарининг кредит бериш масалаларини кўриб чиқиш ваколатлари ва бир қарз олувчига кредитлаш лимитларини белгилаш тўғрисида»ги махфий қарорида 10 млн. сўмдан ошик кредит маблағлари Пахта банки Банк операциялари бўлимлари томонидан қатъий ман этилган бўлишига карамасдан 26 август 2002 йилда «Бенфика» фирмасига 10000000 сўм кредит бериш ҳақида хизмат фармойиши чиқарсада, ушбу фармойишга амал килмасдан, ўз ваколатидан хизмат манфаатларига хилоф равишда фойдаланиб А.Пўлатов билан жиноий келишувга асосан 30 август 2002 йилда «Бенфика» фирмасига калбаки ҳужжатлар асосида 24 фоизли бир йил муддатга 20000000 сўм кредит маблағини мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда ноқонуний бериб юбориб, бир йил давомида шартнома кўрсатилган кредит фоизларини ундирмасдан давлат ва жамоат манфаатларига жами бўлиб 25623980 сўм жуда катта миқдорда зарар етказади ва ўзининг хизмат вазифалари доирасига кирувчи ҳаракатларини бажармай Пўлатов Аҳмад Юсупович томонидан олинган 20000000 сўм кредитни мақсадли ишлатилишини 30 август 2002 йилдан 30 август 2003 йилга қадар бир йил давомида ўзора жиноий келишувга асосан «Бенфика» фирмасида мақсадли ишлатилишни ва бажарилган ишларни атайин текширмасдан, ҳамда шартномада кўрсатилган муддатларда кредит фоизларини тўлаш бўйича ҳеч канака чора курмасдан, Пўлатов Аҳмад Юсуповичнинг 20000000 сўмлик кредит маблағларини ўзлаштириб кетишига бевосита раҳбарлик қилиб, ўзганинг мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириб кетишига кумак бериб иштирокчилик қилади.

Яна такрорлайман: 3 жилдлик жиноий иш материаллари орасида юқорида келтирилган парчада тагига чизилган айбловларни тасдиклайдиган БИРОРТА ҲАМ ҲУЖЖАТ ЙЎҚ! Мен вилоят прокурори Равшан Мухитдиновга мурожаат қилиб, прокуратуранинг бирор зукко ходими 22-503/02-1444-сонли жиноий ишнинг 3 жилдли материаллари ичидан Ҳамид Султоновни айбловчи АҚАЛЛИ БИТТА ҳужжат топиб беришини талаб қилдим. Вилоят прокурори жавоб бермади – бундай ҳужжат йўқлигини прокурор яхши билишига менинг ишончим комил.

«Жиноий иш қўзғатиш ҳақида қарор»ни сохталаштирган Бобир Тўйчиев бу ишда сохтакорлик қилган ягона шахс эмас. 22-503/02-1444-сонли жиноий иши терговчилар томонидан ҳам шу қадар сохталаштирилган-ки, бунинг учун уларни ҳеч иккиланмасдан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. Масалан, терговчи Тоҳир Ғаниев ишнинг 18 та ҳужжатини сохталаштирганлиги, терговчи Амир Янгибоев тузган ҳужжатларнинг деярли ҳаммаси сохталаштирилганлигини билиш учун юрист бўлиш шарт эмас. Мазкур ишни сохталаштиришда вилоят прокурорининг 1-ўринбосари Тўйчи Ҳайиталиев, Жиззах туман прокурори Фарход Қулматов, Жиззах шаҳар прокурори Бултак Усмонов, Зомин туман прокурори Инатулла Албеков, жиноят ишлари бўйича Жиззах туман суди раиси Жаҳонгир Турғунбоев ва бошқалар фаол қатнашганлар.

Бундай шароитда, турган гап, ўз-ўзини қутқариш туйғуси (чувство самосохранения) ишга тушади ва жиноятчилар вазиятдан чиқиб кетиш учун йўл кидира бошлайдилар. Бунинг энг осон йўли, гарчи қонунни яна бузишга тўғри келса ҳам, ишни судга оширишдир. Зомин туман прокурори Инатулла Албеков ва вилоят прокурори Равшан Мухитдиновлар айнан шу йўлни танлаганлар ва 2004 йил ноябрь ойининг бошида 22-503/02-1444-сонли жиноий ишни судга оширганлар. Мантиқ эса оддий: суд қандай ҳукм чиқаришидан қатъий назар прокуратура ходимлари жавобгарликдан қутилиб қолаверадилар.

Жиноятчиларнинг жиноятини беркитиш ва порахўрликда халқ оғзига тушган Жиззах шаҳар суди раиси Неъмат Бобожонов мазкур жиноий ишни тамоман ноқонуний равишда суд ишюритувига қабул қилиб олган ва уни ўз қўл остида ишлайдиган, ўзининг қинғир ишлари билан маълум ва машҳур Ҳамидулла Ҳамдамовга беради. Ишни қабул қилиб Одил судга хиёнат қилган бу икки суд ходими барча масъулият ва жавобгарликни бўйниларига олсалар-да, сохталаштирилган ишни анча вақт суд мажлисида кўришга журъат эта олмайдилар.

Неъмат Бобожонов ва Ҳамидулла Ҳамдамовлар бўлажак жавобгарликдан қўрқиб, ишни Жиззах шаҳар судида кўришдан воз кечадилар. Иш Зафаробод туман судига, судья Ҳосилмурод Қўшматовга юборилади. Иродасиз бу судья ишни ўз юритувига қабул қилмаслик чорасини топа олмайди. Бечора “мустақил” судья Ҳосилмурод?!

Ҳосилмурод Қўшматов мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 391-моддасини (Жиноят ишининг ҳудудий жиҳатдан судловга тегишлилиги) қўпол тарзда бузган ҳолда ўз иш юритувига қабул қилади, ва табиий, у ҳам прокуратура ходимлари содир этган жиноятларни бекитишни ўз бўйнига олади. У ҳам узоқ вақт судни бошлашга журъат қила олмайди. Буни тушуниш қийин эмас:

– биринчидан, Ҳосилмурод Қўшматов 22-503/02-1444-сонли жиноий иш сохта эканлигини яхши тушунган ва билган ҳолда, вилоят прокурорининг тазйиқи остида, мазкур ишни ўз иш юритувига ноқонуний ҳолда қабул қилганлигидан;

– иккинчидан, ҳужжатлар асосида сохталиги исботланган жиноий ишни кўраётгани учун суд пайтида шарманда бўлишидан ҚЎРҚҚАН.

Нихоят, Ҳосилмурод Қўшматов ноқонуний судни бошлашга қарор қилган. Тазйиқдан ташқари унга вилоят прокурори баъзи бир кафолатларни берган. Хусусан, мен ва Ҳамид Султонов ўтказилишини режалаштирилаётган ҳар қандай судни тан олмаган бўлсак-да (бу ҳақда Жиззах вилоят суди раиси Баҳриддин Норхўжаев номига ариза ва телеграмма, Олий суд раисаси Ф.Муҳитдинова номига телеграмма юборилган), суд тугагач ва унинг ҳукми (ёки қарори, ажрими) ўқилгач, Толиб Ёқубов ва Ҳамид Султоновни алдов йўли билан судни тан олишга эришамиз, деб ваъда берилган.

Қандай бўлишидан қатъий назар, Ҳосилмурод Қўшматов ЎзР ЖПКда кўзда тутилган расмиятчиликка бўйсунуши керак эди. Бироқ, гарчи мен 23 сентябрдан 16 декабргача деярли муттасил Жиззахда бўлишимга ва мен Ҳамид Султоновнинг ҳимоячиси эканлигимга қарамасдан, судья мени суд жараёнида иштирок этишга тақлиф қилмади, яъни расмий чақирув қоғози юбормади, ҳамда ЎзР ЖПК 51-моддасининг 6-банди талабини қўпол равишда бузган ҳолда Ҳамид Султоновни ҳимоячисиз қолдирди ва ноқонуний судни ўтказди.

Ҳосилмурод Қўшматов ноқонуний суд натижасига кўра ноҳақсудлов (неправосудное) ажрим чиқариб, жиноий ишни кайта терговга қайтаради. Ажримнинг 3-4 жойида Ҳамид Султоновга тегишли қисқа-қисқа жумлалар бўлиб, уларнинг иккитаси диққатга сазовордир:

Судланувчи Х.О.Султонов судда кўрсатув беришдан бош тортди;

Суд судланувчи Ҳ.Султонов томонидан содир этилган ҳаракатлар юзасидан вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги, Ҳ.Султоновнинг ҳаракатида давомли жиноят кўринганлиги сабабли, бирга тергов ҳаракатлари олиб борилмоги лозим деб ҳисоблайди.

Судья Ҳосилмурод Қўшматов ўз ажримида Ҳамид Султоновни «судланувчи» деб атайди ва ўзи СУДГА ОШИРИЛИШИ МУМКИН БЎЛМАГАН СОХТА жиноий ишни қабул қилиб, ноқонуний суд ўтказганлигини эсламайди. Ҳамид Султонов СУДЛАНУВЧИ бўлиши мумкин эмас, у ҳамон АЙБЛАНУВЧИ бўлиб қолмоқда.

Судья Қўшматов Ҳамид Султоновнинг ҳаракатларида давомли жиноят содир этилганини кўрган эмиш! Ҳамид Султонов «суд»да кўргазма беришдан бош тортган, «суд» давомида БИРОРТА ОДАМ унга қарши кўргазма бермаган бўлса, ва нихоят, жиноий иш материаллари ичида Ҳамид Султоновни айблайдиган БИРОРТА ҲУЖЖАТ бўлмаса, судья қайси кўзи билан Ҳамид Султоновнинг ҳаракатларида давомли жиноят борлигини кўрганлигига ажабланасан, киши.

Бироқ, ажабланадиган жойи йўқ. Гап шунда-ки, бундан 4 ойлар муқаддам, вилоят прокуратураси мазкур жиноий ишда 100% ютқазганини сезгач, Ҳамид Султоновнинг банкдаги фаолиятига оид барча ҳужжатларни «Пахтабанк» архивидан олиб кетган. Бошқача айтганда, вилоят прокуратураси раҳбарлари ҳар қандай йўл билан Ҳамид Султонов фаолиятида жиноят изларини топмоқчи бўлишган. Янада бошқача айтганда, мазкур ишда ахлат ичида қолган прокуратура «кир излаш» йўлига ўтган.

Ўзбекистон қонунларига асосан суд ва прокуратура бир-биридан мустақил органлардир. У ҳолда судья Ҳосилмурод Қўшматов вилоят прокуратураси Ҳамид Султонов томонидан содир этилган ҳаракатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини қаёқдан билган? Ана шу жойда бечора Қўшматов қовун туширган ва ўз хўжайинларини фош этиб қўйган!

Ўзбекистон Одил суди вакилларининг лўттибозлигига қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Қаранг, яна бир марта диққатингизни қуйидагиларга жалб этаман:

2004 йил 31 март куни Бобир Тўйчиев томонидан қўзғатилган 02-1444-сонли жиноий иш СЎЗСИЗ СОХТА эканлигини кўрсатадиган ва мен томонимдан 2004 йил 14 октябрь куни прокуратурага такдим этган қуйидаги икки ҳужжат:

– «Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят ҳудудий комиссияси» раиси ўринбосари Б.Саматов томонидан имзоланган, 3439-рақамли, 2004 йил 13 октябрь санаси билан берилган,

– Акционерлик тижорат «Пахтабанк» Жиззах вилоят бошқармаси Банк операциялари бўлими бошлиғи Б.А.Аҳмедов томонидан имзоланган, 12032/138-рақамли, 2004 йил 11 октябрь санаси билан берилган хатлар асосида сохта жиноий иш дархол ёпилиши, айбланувчи Ҳамид Султонов (ва бошқалар) эса оқланиши шарт бўлишига қарамай на вилоят прокурори Равшан Мухитдинов, на 22-503/02-1444-сонли жиноий ишни назорат қилувчи Зомин туман прокурори Инатулла Албеков, на жиноий ишлар бўйича вилоят суди раиси Баҳриддин Норхўжаев ва на мазкур ишни ноқонуний бўлса-да суд мажлисида кўриб чиққан судья Ҳосилмурод Қўшматовлар шу пайтга қадар бирор бир муносабат билдиришгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодекси:

83-модда (Реабилитация учун асослар)

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи қуйидаги ҳолларда айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим:

1) иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд мухоқамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;

2) унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;

3) унинг содир этилган жиноятга даҳли бўлмаса.

401-модда. Жиноят ишини тугатиш (1-қисми)

Ушбу Кодекснинг 83-моддасида … назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, суд жиноят ишини тугатади. Шу билан бирга суд қўлланилган эҳтиёт чораларини … бекор қилади.

Ҳамид Султонов (Аҳмад Пўлатов ва Акрам Файзуллаевлар) га нисбатан қўзғатилган жиноий иш сохта бўлгани учун жиноий ходиса юз бермаган ва уларнинг ҳаракатларида ЖИНОЯТ ТАРКИБИ йўқ. Нега у ҳолда прокуратура ва суд органлари жинояткорона оёқ тираб турибди?

Бу ҳолат фақат битта нарсани билдириши мумкин:

– юқоридаги икки ҳужжат вилоят прокуратурасини боши берк тор кўчага киргизиб қўйган;

– мазкур жиноий ишда вилоят прокуратураси ҲИМОЯГА 100% ютқазгани сабабли, бу мағлубият вилоят прокуратурасида қандай жиноятлар содир бўлаётганини ошкор қилиб юбориши мумкин;

– мазкур мағлубият Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вакили томонидан берилганлиги учун вилоят прокуратураси қаттиқ саросимага тушиб қолган;

– мағлубиятни тан олиш, яъни 22-503/02-1444-сонли жиноий ишни ҳаракатдан тугатиш (ёпиш) ва айбланувчи Ҳамид Султоновни, ва демак, Аҳмад Пўлатов ва Акрам Файзуллаевларни реабилитация қилиш (оқлаш), вилоят прокуратураси, Жиззах шаҳар, Зомин ва Жиззах туман прокуратуралари, Жиззах шаҳар ва Зафаробод туман судлари учун оғир оқибатларга олиб бориши мумкин;

– шу сабабли вилоят прокуратураси маглубиятни тан олмасликка ва юқорида айтилган икки ҳужжатни гуё сезмасликка ҳаракат килмокда.

БИРОҚ бу вилоят прокурори Равшан Муҳитдиновнинг хомҳаёлидир. ҲАҚИҚАТ бугун бўлмаса эртага албатта қарор топади.

Совет даврининг мудҳиш мероси

Ўтган асрнинг 70-чи йилларининг ўрталаригача Тошкент давлат университети (ТошДУ) юридик фақультети катта эътиборга эга эмас эди. Ёшлар асосан Автомобиль-йўл институти, Қишлоқ хўжалиги институти, Политехника институти, Халқ хўжалик институти каби ўқув даргоҳларини танлар эди. Айнан 70-чи йилларнинг ўрталаридан бошлаб юридик фақультетга ўқишга кириш мода тусига кира бошлади ва ўқишга кириш учун одамлар катта-катта поралар сарфлай бошлашди. Вазият шу даражага бориб етди-ки, ТошДУнинг юридик фақультетидан бошқа барча фақультетлари учун алоҳида Қабул комиссияси, юридик фақультетнинг ўзи учун алоҳида Қабул комиссияси ташкил этила бошланди. Шунда ҳам бу фақультетга кириш пораси пасаймади, аксинча кўпайиб борди.

80-чи йилларнинг ўрталарида 10 чоғлик олимлар даврасида бўлиб ўтган бир сўҳбат ёдимдан чиқмайди. Шу сўҳбатда бир таниқли олим юридик фақультетда ишлатилаётган поралар ҳақида фикр юритиб шундай деган эди:

– Яна 10-15 йил ўтгач бу нарсалар халқнинг бошига катта фожеа бўлиб тушади. Ҳеч ким: юридик фақультетни битиргач ўғлим ёки қизим халқ, жамият учун ҳалол хизмат қилади, деб пора бериб ўғил-қизини ўқишга киргизмайди. Аксинча, ўғлим (ёки қизим) пора олиш эвазига сарфланган порани юз карра ошириб қайтариб олади деб ҳаракат қилади. Юридик фақультетдан аксарият саводсиз, бироқ ўта айёр, пул олдида ҳеч нарсадан қайтмайдиган «мутахассислар» етишиб чиқади. Бугунги реаллик халқимизга жуда кимматга тушади.

Ўша пайтларда, одамлар боласини юридик фақультетга киргизганидан маст бўлиб, қаҳрамонсифат бўлиб юрган пайтларда, узоқни кўра билган инсонлар бор бўлганига қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Фожеа ҳақида башорат қилган олим ҳақ бўлиб чиқди. Юридик фақультетни битириб терговчи, прокурор, судья, адвокат бўлиб ишлаган «мутахассислар» ўн минглаб мўмин-мусулмонлар ва бошқа инсонларни қамоққа тиқишди. Юқорида исми келтирилган прокуратура ва суд ходимлари шу юридик системанинг маҳсулидир.

Бобир Тўйчиев Ҳамид Султоновга Жиззах шаҳар прокуратураси номидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167 (Талон-тарож қилиш) моддасида кўзда тутилган айб қўяр экан, у юридик адабиётда «талон-тарож қилиш» жиноятини бир биридан мустақил икки хил – растрата ва ўзлаштириш – жиноятларига ажратилишини билиши лозим эди (масалан, Жиноят ҳуқуқи, муаллиф – профессор М.Х.Рустамбоев):

Растрата – қонунга хилоф равишда ўзга мулкини сотиш, сарфлаш, истеъмол қилиш, ҳадя қилиш ва ҳоказо йўллар билан бегоналаштиришдир.

Мулкни ўзида ушлаб туриш – уни қонуний эгасига қайтариш тўғрисидаги талабларни бажармасликда, шу мулкни тафтиш вақтида такдим этмасликда ифодаланиб, айбдор ундан ўз мулкидан фойдалангандай фойдаланишидир.

Ўзлаштириш – айбдор шахс ўзига ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган мулкни ғайриқонуний равишда ушлаб туриб, кейин уни ўз фойдасига олишидир.

Тадбиркор Аҳмад Пўлатов номига олинган 20 миллион сўм маблағ:

– Ҳамид Султоновга ишониб топширилмаган (пул банкники, уни бирор шахсга ишониб топшириб қўйиш мумкин эмас);

– демак, Ҳамид Султонов уни сотиш, сарфлаш, истеъмол қилиш, хадя қилиш ва ҳоказо йўллар билан бегоналаштира олмайди ва у растрата жиноятини содир кила олмайди.

Ўзлаштириш жинояти формулировкаси таркибини «унга ишониб топширилган мулк», «унинг ихтиёрида бўлган мулк», «ғайриқонуний равишда ушлаб туриш» ва «мулкни ўз фойдасига олиш» каби тушунчалар ташкил этади. Бу тушунчаларнинг биринчиси («унга ишониб топширилган мулк») Ҳамид Султоновга алоқаси йўқлиги юқорида қайд қилинди. Мазкур тушунчаларнинг иккинчиси ҳам («унинг ихтиёрида бўлган мулк») Ҳамид Султоновга алоқаси йўқ, чунки кредит учун бериладиган маблағлар унинг эмас, балки банк ихтиёридадир. 20 миллион кредит маблағи Ҳамид Султоновга ишониб топширилмагани ёки унинг ихтиёрида бўлмаганлиги учун у бу маблағни ғайриқонуний ушлаб туриши ва уни ўз фойдасига олиши мумкин эмас. Демак, Ҳамид Султонов ўзлаштириш жиноятини ҳам содир этган эмас, яъни унга 167-модда бўйича айб қўйиш мумкин эмас.

Бобир Тўйчиев Ҳамид Султонов ва Акрам Файзуллаевларга 02-1444-сонли жиноий иш қўзғатиб 167-модда бўйича айб қўяр, терговчилар Тоҳир Ғаниев ва Амир Янгибоевлар тергов ҳаракатларини олиб борар, Зомин туман прокурори мазкур ишни назорат қилар, Жиззах шаҳар суди раиси Неъмат Бобожонов бу жиноий ишни суд ишюритувига, судья Ҳосилмурод Қўшматов эса уни ўз ишюритувига қабул қилар экан, улар саводсизлик қилганми ёки айёрлик қилишганми? Наҳотки уларнинг ҳар бири «талон-тарож қилиш» тушунчасига очиқ-ойдин таъриф берилган юридик китобларни ўқимаган?

Ўқишган, билишади.

Бироқ, маълумки, «веспасианлик даври»ни бошидан кечираётган, яъни давлат қароқчилиги ҳукм сураётган, давлат қароқчилар тудасига айланган мамлакатда:

– қароқчилик ва ёлғон – ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилади;

– қароқчилик фақат қонунларнинг атайлаб бузилиши ҳисобига амалга оширилади;

– қароқчиликка суд орқали «қонуний» тус берилади;

– прокуратура, ҳуқуқ-тартибот ва суд органларини корпоратив манфаат бирлаштиради.

Бунинг натижасида:

– жамият (ҳукумат органлари) коррупция, порахўрлик, ошна-оғайничилик, маҳаллийчилик ва бошқа ижтимоий иллатлар ботқоғига ботади;

– маънавият чуқур таназзулга учрайди;

– сиёсий тузум инқирозга юз тутади.

Шу сабабли давлат қароқчилиги туфайли коррупция, порахўрлик, ошна-оғайничилик, маҳаллийчилик ва бошқа ижтимоий иллатларнинг юксалиши, маънавиятнинг чуқур таназзулга учраши, сиёсий тузумнинг инқирозга юз тутиши, давлатчиликнинг барбод бўлиши Бобир Тўйчиев, Тоҳир Ғаниев, Амир Янгибоев, Инатулла Албеков, Фарход Қулматов, Бултак Усмонов, Неъмат Бобожонов, Ҳамидулла Ҳамдамов, Ҳосилмурод Қўшматов, Тўйчи Хайталиев, Равшан Муҳитдинов, Комила Абдувалиева, Михаил Гуревич, Сергей Шиняев, Евгений Коленко, Сергей Шапорда, Евгений Ровинский, Борис Пинхасов, Эдуард Чжен кабиларни ҚИЗИҚТИРМАЙДИ.

Шу сабабли, фалсафаси муштумзўрликка асосланган, фермерлар, тадбиркорлар, банкирлар ва бошқаларни аёвсиз талаб, қонқақшатаётган Шавкат Мирзиёев, Убайдулла Ёмонқулов, Маҳмуд Холбўтаев кабилар давлатнинг энг юқори лавозимларини эгаллайди.

Шу сабабли юз минглаб одамлар қамалади, бу тузум фалсафасини қабул килмаган ўн минглаб инсонлар концлагерларга ташланади, ўлдирилади, майиб-мажруҳ қилинади, бесаноқ оилалар бузилиб кетади, болалар етим қолади, миллат зимистонда адашиб қолган одамдай қаёққа қадам ташлашни билмай эсанкирайди.

ШУНДАЙ ҚИЛИБ…

Сенатор Убайдулла Ёмонқулов ва унинг прокуратура, МХХ, милиция, суд органларидаги гумашталари томонидан МУШТ ва ЁЛҒОН билан бошқарилаётган вилоятдаги аҳвол ҳақида кичик бир лавҳа ёздик. Аллоҳ насиб этса, кузатишларимизни яна қоғозга туширармиз…

БИРОҚ …

1982 йили АКШ президенти Рональд Рейган СССР ҳақида фикр юритар экан қуйидаги фикрни айтиб ўтган:

СССР ҳукумати тўлиқ мағлубиятга учрайди, чунки у ҳеч качон ўз халқини, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилмаган.

Рональд Рейганнинг бу фикри тўлиқлигича Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тегишлидир.

ҲОЗИРЧА …

Read 211 times

Categories: Uncategorized | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.