АДОЛАТ КУЗГУСИ

Ушбу хат адресатдан бошқа одамларга юборилмади, Интернет-сайтларда эълон қилинмади, чунки мен хат ёзилгандан икки ҳафта ўтгач ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Хатни мен кўп изладим, чунки менинг архивим Ўзбекистонда қолиб кетган эди. Яқинда уни бир дўстим топишга ёрдам берди.

Мазкур хатни муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола этар эканман, мамлакатнинг расмий матбуоти кимга ва нима мақсадга хизмат қилаётганини яна бир марта намойиш қилиш ниятидаман.

Афсус қиладиган жойим шунда-ки, мен бу хатдаги ниятимни (яъни, “Адолат кўзгуси” газетаси бош муҳаррири Фарход Норматовни судга тортишни) амалга ошира олмадим.

«АДОЛАТ КЎЗГУСИ» ГАЗЕТАСИ

БОШ МУҲАРРИРИ Фарход НОРМАТОВга

Муҳтарам бош муҳаррир!

Сиз бош муҳаррирлик қилаётган «Адолат кўзгуси» газетасини мунтазам бўлмаса-да, бироқ мириқиб ўқиб бораман. Одамларнинг гапига қараганда, кейинги 1-2 йил ичида газетанинг халқ орасида обрў-эътибори анча ошибди. Бунинг сабабини одамлар, – қанчалик рост ёки қанчалик ёлғон эканлигини айтиш мушкул, – газетангизда мен ва менинг куёвим Азамжон Формонов ҳақимизда бир қатор мақолалар чоп этилганига боғлашмоқда. Мен газетангизнинг обрў-эътиборини кўтаришда «ҳисса» қўшганимдан бахтиёрман.

Шуни ҳам таъкидлашим керакки, газетангизда кейинги 1-2 йил ичида мен ва куёвим Азамжон Формоновга бағишланган, агар адашмасам, 5-6 та мақола чоп этилиб эътибор қаратилгани таажжублидир. Бироқ газета Сирдарё вилоят прокуратурасининг органи эканлигини ва уни (прокуратурани) менинг қишлоқдошим, Ўзбекистон Республикаси қонунларини сариқ чақага ҳам олмайдиган Азимжон Урдушевич Эргашев бошқараётганини эътиборга олинса, таажжуб ўз-ўзидан йўқолади.

Мен Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман ва, демак, ҳар қандай давлат идорасига, хусусан прокуратурага, бориб, у ерда ишлайдиган ходимларнинг қабулига кириб, мени қизиқтирган масалалар бўйича мурожаат этишга КОНФИДИЦИЯ ҲУҚУҚИМ бор. А.Эргашев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 1-ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтда, 1998 йили мен унинг қабулига (қабул кунлари ва соатларида) 4 (тўрт) марта борганман. Мени қабул қилмаган. Тўртинчи марта борганимда, 1998 йил 1 декабрь куни, мен қабулхонадан чиқиб кетишдан бош тортганман. Шундан сўнг мени унинг қабулига йўллашган. Бироқ қабулхонада мени А.Эргашев эмас, прокуратуранинг ходими Анвар Мирзаев қабул қилган. Мен у билан гаплашишдан воз кечганимдан сўнг мени А.Эргашевнинг ўзи қабул қилган.

Шунда мен унга: «Сен кимсан ўзинг? Бўлсанг Бош прокурорнинг 1-ўринбосарисан, бироқ мен учун сен Урдуш амакининг ўғли бўлиб қолаверасан. Агар мен анави кўчадан ўтиб кетаётиб, тасодифан эсимга тушиб, «Шу бинода Азимжон ишлайди-я, бир кириб унинг бола-чақасининг соғлик-саломатлигини билиб кетай» – дея бурилиб кирганимда ҳам сен мени қабул қилишинг керак!» – деганман. Шундай дейишга менинг маънавий ҳаққим бор эди, чунки менинг отам мулла Ёқуб ва унинг отаси Урдуш амаки қадрдон дўст бўлишган ва доимо борди-келди қилишган. Мен А.Эргашевни охирги марта ўша учрашувда, яъни 1998 йил 1 декабрь куни кўрганман, холос.

Куёвим Азамжон Формонов қамоққа олингач, мен 2006 йил 3 ва 30 май кунлари яна унинг қабулига бордим, қабул қилмади. Мен унинг ёрдамчиси Санжар Исаевга шундай гапни айтиб, кетдим: «Хўжайинингга айтиб қўй, шу бугундан бошлаб мен унинг ашаддий душманига айландим ва қолган умримни унга қарши курашишга бағишлайман. Мен ўлиб кетсам, курашни болаларимга топшириб кетаман. У 30-майни умрининг охиригача эслайдиган бўлади».

2006 йил 14 апрель куни мени Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани прокурорининг ўринбосари А.Тойиров ўз ҳузурига, коммунал ва эксплуатация тўловлари масаласида чақирди. Мен, табиий, бормадим, бироқ ул зотга иккита хат йўлладим. Хатларимнинг нусхасини, прокуратура ходимларининг савиясини билиб қўйсин, деган мақсадда Бош прокурорга юбордим. Ўша хатларимнинг нусхаларини Сизга ҳам юбораяпман: бўш вақтингизда, дўппини ерга қўйиб, бир чойнак кўк чойни олдингизга олволиб, ўқиб чиқарсиз, деган умидим бор.

Мен ва менинг куёвим Азамжон Формонов ҳақимизда Сизнинг газетангизда чиққан «Фармоновнинг қамалишидан кимлар манфаатдор?» – деган мақола билан бугун танишдим. Илгариги 3-4 мақолани журналист Сорабек Холмуродов ёзганлигини биламан, у реал – шахс. Бироқ, охирги икки мақолага «Холис» ва «Одил ХОЛИС» дея имзо чекилган. Менинг суриштиришимча, газета редакциясида бундай исмли одамлар ишламас экан. Шу сабабли менда тўғридан-тўғри Сизни судга бериш имконияти пайдо бўлди. Ушбу мақоладаги ёлғон ва тўҳматлар, тутуриқсиз бемаъниликлар учун бевосита Сиз жавоб берасиз – деган умидим бор. Тайёрланинг. Шу сабабли мақоладаги икки ҳолатга эътиборингизни жалб қиламан.

Мақоладан бир парча келтираман: «Толиб Ёқубов тавсия қилинган адвокатни рад этди. Ҳақиқат учун қатъият билан курашадиган адвокат Ғиёс Номозовни танлади. Лекин тергов жараёнида Толиб Ёқубов негадир ушбу довюрак адвокатнинг ҳимоясидан ҳам воз кечди. Ҳимоячи ўзим бўламан, дея кўкрагига муштлаган Толиб Ёқубов ковакка кириб кетдими, қайтиб кўринмади».

Адвокат Ғиёс Номозовнинг адресига айтилган «ҳақиқат учун қатъият билан курашади», «довюрак адвокат» хислатлар нақадар унга тегишли эканлигини англашингиз учун диққатингизга битта ҳужжат ҳавола қиламан. Бу ҳужжат Г.Номозовнинг ўз қўли билан ёзилган ва унда унинг тўтинусха имзоси турибди. Мазкур ҳужжат Г.Номозов томонидан Сирдарё вилоят ИИБ тергов бўлими терговчиси подполковник Бозорбой Қодиров номига ёзилган ИЛТИМОСНОМА бўлиб, у икки қисмдан иборат. Илтимосноманинг биринчи қисмида у А.Формоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси бўйича айблаб бўлмаслигини изчиллик билан, тўлиқ исботлаган. А.Формонов ва А.Караматовларга тергов органлари томонидан факат битта модда бўйича (165) айб қўйилган. Яна такрорлайман, Г.Номозов айбланувчига 165-модда бўйича айб куйиб бўлмаслигини ИСБОТЛАГАН. Бироқ у Илтимосноманинг иккинчи қисмида айбланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 214-моддаси бўйича айб қўйиш керак, дея Б.Қодировга кўрсатма берган.

Бутун дунёда ҳимоячи (хусусан, адвокат) ўз ҳимоясини қурар экан, ҳатто ҳимояси остидаги шахс бирор нарсада айбдор бўлган тақдирда ҳам, «менинг ҳимоям остидаги шахс айбсиз, у жиноят содир этмаган, у жиноят содир этганини тергов исботласин» – деган позицияда туради. Агар Б.Қодиров А.Формонов (ва А.Караматов) га 165, 214 ва бошқа моддалар бўйича айб қўйган бўлганда эди, адвокат (Г.Номозов) ҳимояси остидаги шахсларни 165-модда билан айблаб бўлмаслигини исботлагач, уни айблов қароридан олиб ташлашни илтимос қилиши мумкин. Бироқ Б.Қодиров А.Формоновга 165-моддадан бошқа на 214-модда ва на ўзга моддалар бўйича айб эълон қилган, яъни фақат БИТТА – 165-модда бўйича айб эълон қилган, холос. Шундай экан, А.Формонов умуман айбсиз экан, яъни жиноят содир этмаган. Нега унда «ҳақиқат учун қатъият билан курашадиган» Г.Номозов терговчи Б.Қодировга: «Менинг ҳимоям остидаги шахсни 214-модда билан айблашингизни сўрайман», деб мурожаат қилган?

Буни тушуниш қийин эмас. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларининг ҳимояси билан шуғулланувчи инсонларни нуқул 165-модда билан айбламоқда. Масалан, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг ҳозирги кунда қамоқда бўлган 7 (етти) аъзоси (шу жумладан А.Формонов ва А.Караматовлар)нинг барчаси 165-модда билан айбланган. Инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси, таниқли мустақил журналист Мўътабар Тожибоева ҳам айнан шу модда билан айбланиб қамоққа олиниб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жиззах вилоят прокуратураси терговчиси Қаҳҳор Маллаев ва Сирдарё вилоят ИИБ терговчиси Бозорбой Қодировлар А.Формонов ва А.Караматовларни қамоққа олишни режалаштирар экан, одатдагидай уларга ҳам шу моддани ишлатиш мумкин ва бу нарса силлиқ ўтиб кетади, деб ўйлашган. Бироқ А.Формонов ва А.Караматовлар қамоққа олингач, Г.Номозов уларга (Қ.Маллаев ва Б.Қодировга) бу ҳатти-ҳаракат хато эканлигини тушунтиргач, улар хатосини тушунишган. Икки одам хибс қилинган, 165-модда билан уларга айб эълон қилинган, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилган, БИРОҚ … 165-модда бўйича А.Формоновга айб эълон қилиш мумкин эмаслиги АНИҚЛАНГАН! Нима қилиш керак? Ана шунда Г.Номозовнинг нақадар «ҳақиқат учун қатъият билан курашиши» маълум бўлган: у терговчининг илтимоси билан айблов моддасини 214 га ўзгартиришни терговчига ИЛТИМОС қилган.

Агар мен 16 май, яъни тергов тугаган куни бу найрангни билиб қолмаганимда, А.Формонов ва А.Караматовларга нисбатан айб адвокат илтимосига кўра ўзгартирилиб, улар 165-модда бўйича эмас, балки 214-модда бўйича айбланиб, суд қилинар эди. «Ҳақиқат учун қатъият билан курашадиган» Г.Номозовнинг хатоси шундан иборат-ки, у 16 май куни мени Жиззахдаги уйига таклиф этиб, Илтимосномасини мен орқали Б.Қодировга (Гулистонга) бериб юбормоқчи бқлди. У мени ҳеч нарсага тушунмайди, деб ўйлади ва хато қилди. Мен унинг найранги ва сотқинлигини исбот қилдим ва ундан воз кечдим. Менда унинг менинг номимга 18 майда ёзган хати ҳам бор: у шарманда бўлганини сезгач: «Сиз билан бўлган яхши муносабатларимизни сақлаб қолиш учун мен А.Формоновнинг ҳимоясидан воз кечаман» – деб ёзишга мажбур бўлган.

Нега, у ҳолда, 02/1810-сонли жиноят ишида 165-модда 214-моддага айлантирилмади ва А.Формонов ва А.Караматовлар 165-модда бўйича судландилар? Агар Г.Номозовнинг Илтимосномаси менинг қўлимга тушмаганда эди, Г.Номозов А.Формоновдан воз кечмаган ва айбланувчилар 214-модда билан судланган бўлар эди.

Сизни судга берганимда ҳам, насиб этса, қўлимдаги рад этиб бўлмайдиган ҳужжатлар билан газетангиздаги сафсатани фош қиламан. Мамлакатимизнинг яхшими-ёмонми қонунлари бор, улар бировга ёқадими-йўқми, бундан қатъий назар, кураш ана шу қонунлар асосида бўлади.

Айтмоқчи бўлган нарсамнинг иккинчиси.

Г.Номозов ҳимоядан воз кечгач, А.Формонов (А.Караматов ҳам) ҳимоячисиз қолди. Бундай ҳолатда айбланувчини суд қилиб бўлмайди (ЎзР ЖПК 51-моддасининг 6-бандига асосан). Шу сабабли мен 6 июнь куни жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси Эркин Хидирбоевга учрашиб, ишга ҳимоячи бўлиб ўтиш истагини билдирганимда, ул зот ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган ҳолда мени суднинг ажрими билан ишга ҳимоячи қилиб ўтказди. Мен 8, 9 июнь кунлари кун давомида, 12 июнь куни эса соат 1530 гача иш материаллари билан танишдим. Мен 2,5 кун ичида ишнинг 58 (эллик саккиз) варағи билан танишган эдим, холос: иш салкам 300 варақдан иборат. Ҳимоячи иш материаллари билан тўлиқ танишгач, терговчи (судья)га иш билан тўлиқ танишганлиги ҳақида тилхат беради ва шундан кейингина суд процесси бошланиши мумкин.

Соат 1530 да менинг олдимга Э.Хидирбоев кириб: «Толиб ака, ишни менга икки минутга бериб туринг, керак бўлиб қолди, кейин қўшни залга чиқинг, сизда гап бор» – деди. Айтилган залга кириб: темир қафас ичида А.Формонов ва А.Караматовлар, раислик қилувчининг креслосида Э.Хидирбоев, унинг икки ёнида иккита халқ маслаҳатчиси, зал ўртасидаги столнинг бир томонида давлат қораловчиси, залда эса мен танимайдиган ўнлаб одамлар ўтирганини кўрдим. Мен ажабланиб: «Нима гап, тинчликми?» – деб сўрадим. Э.Хидирбоев: «Ҳа, тинчлик, сиз ҳимоячисиз, ўрнингизни эгалланг, судни бошлаймиз» -деди. Мен жавобан: «Бу ноқонуний уюштирилган суд, мен ҳали иш материаллари билан тўлиқ танишганим йўқ. Судни тўхтатинг» -дедим. Судья: «Биз сиздан сўраб ўтирмаймиз, суд бўлади» – деди. Мен қонун бўйича суд қилишни талаб қилиш бефойда эканини тушундим. Агар мен ва менинг ҳимоям остидаги судланувчилар ноқонуний уюштирилган судда қатнашсак, биз унинг легитимлигини (қонуний эканлигини) тан олган, суднинг чиқарган ҳар қандай ҳукми юридик кучга эга бўлган бўлар эди.

Шундай қилиб, биз суд раиси Э.Хидирбоевнинг найрангини фош этдик ва судда қатнашишдан бош тортдик. 13 июнь куни соат 1630 да Э.Хидирбоев менинг Тошкентдаги телефонимга қўнғироқ қилиб, Янгиерга келишни, иш материаллари билан танишишни давом эттиришни таклиф этди. Бироқ мен 12 июнь куни Э.Хидирбоевнинг ноқонуний қилиқлари устидан норозилик билдириб вилоят суди раиси Б.Розиқов ва Олий суд раиси номига телеграмма берганим сабабли ва бу масала ечилганга қадар Янгиерга бормаслигимни билдирдим.

Мен баён этган нарсалар Б.Қодиров ва Э.Хидирбоевлар найранги ва қонунбузарлигининг кичик бир бўлагидир. Сиз бу найрангларни ва қонунбузарликларни мендан яхши биласиз, бироқ уларга жон куйдириб хизмат қилаётганингиз сабабли газетангизда ЁЛҒОННИ ёзаверасиз, холос.

Ҳали кураш давом этади. Сиз ва Сизга ўхшаган одамлар: «Шундай ҳаёт чексиз давом этаверади, бизнинг жиноятларимиз, ёлғонимиз ошкор бўлмай қолиб кетаверади, жавобгарлик бўлмайди» – деб ўйлашади, шекилли. Ундай бўлмайди. Тарих бизга жуда кўп мисолларни келтирган-ки, шу фикрда бўлиб, қонунбузарликни А.Эргашев каби бўйинча қилиб кийиб олган одамларнинг барчаси жавоб беришган.

Мен Сизга яқинда ёзилган «Ўзбекистон иқтисоди асосларини ким емирмоқда?» номли мақоламни юбормоқдаман. Ўқиб кўришингизни тавсия қиламан. Ўқиб, ўйланиб қолишингизга ишонмайман. Аксинча, жазавангиз тутиб, дарҳол хаётингиз умиди, хўжайинларингиз прокуратура ва МХХ ходимларига тезроқ етказишга ҳаракатга тушсангиз керак, деб ўйлайман. Мен ана шундай қилишингиз тарафдориман: даврлар келиб мамлакатимиз тақдирига ким қандай муносабатда бўлгани архивлардан чиқишига мен ишонаман.

Ҳозир Сиз, Б.Қодиров, Э.Хидирбоев, Қ.Маллаев, У.Маматкулов, М.Саримсоков, А.Эргашев кабиларнинг даври. Лекин бу чексиз давом этмайди, хотирингиз жам бўлсин. «Жавобгарлиги йўқ» деган ғирт хато ўй-хаёл билан ҳар қанча ЁЛҒОННИ ёзманг, табиат ва жамиятда Сиз ва менинг иродамизга боғлик бўлмаган шундай жараёнлар кечмоқда-ки, бу жараёнлар ҳар қандай ЁЛҒОНГА ўз баҳосини беражак. Бўлажак суд жараёнларига тайёрланинг. Яқинда мен ўз конституцион ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда Сизни судга бераман.

Газетангизни мириқиб ўқиб боргувчи

Толиб Ёқубов.

03.07.06

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.