Олий Суди Раиси РУз жаноб. Б.Мустафоев номига ёзилган ШИКОЯТга ИЛОВА

Олий Суди Раиси РУз жаноб. Б.Мустафоев номига ёзилган ШИКОЯТга

ИЛОВА

 

2006 йил 29 апрелда ГУЛИСТОН шаҳрида ВОҚЕАЛАР ҚАНДАЙ КЕЧГАН (РИВОЖЛАНГАН)

 

 (Ушлаш сценарийси Азам Фармонов ва Алишер Караматов ушлангандан кейин ишлаб чиқилган)

 

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг  биринчи қадами ҳуқуқбонларни ушлаш ва Гулистон шаҳар ИИБга олиб бориш бўлган.

Ушланишлари ҳаёлларига ҳам келмаган ҳуқуқбонлар Азам Фармонов ва Алишер Караматов 2006 йил 29 апрель куни эрталаб, тахминан 700 ва 730  орасида, бир-бири билан келишмаган ҳолда ўз шахсий ишлари билан кўчага чиқишади. Тонгдан бошлаб уларнинг квартиралари олдига кузатувчилар қўйилади, уларнинг ўзларининг орқасидан эса пойлоқчилар (ташқи кузатув агентлари) тушишади.

Азам Фармонов таксига ўтириб вилоят касалхонаси томон кетади. Такси одам сийрак бўлган жойга (вилоят касалхонаси рўпарасига) етганда учта милиция машинаси таксини йўлнинг четига сиқиб тўхтатишади. Бир зумда милиционерлар Азам Фармоновни таксидан суғуриб олишади, қўлига қўлкишан солишади ва милиция машинасига тиқиб Гулистон шаҳар милиция бўлимига олиб кетишади.

Алишер Караматов уйидан чиқиб хусусий нонвойхона томонга кетади – нонвойхонага яқин жойлашган уйларда яшовчи бошқа оилалар каби у ҳам ҳар куни эрталаб нонуштага иссиқ нон сотиб олиш одати бўлган, ўша куни ҳам у ўз уйидан 50 метрча нарида бўлган нонвойхонага кетаётган бўлади. У айнан нонвойхонада ушланади ва у ҳам шаҳар милиция бўлимига олиб борилади.

 

ХУЛОСА:  Азам Фармонов ва Алишер Караматов шаҳарнинг ТУРЛИ  НУҚТАЛАРИДА ушланганлар. Шаҳар милиция бўлимида уларнинг қўли, юзи, сочи, кийимига қоронғуда махсус асбоб орқали қаралса ёришадиган махсус кимъёвий модда (кукун) суришади.

 

Турли ВЕРСИЯЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ (ушлаш, пулни бериш, АҚШ долларлари яширилиши ва ўзбек сумлари ташланиши лозим бўлган жойни ўйлаб топиш)

Азам Фармонов ва Алишер Караматов Гулистон шаҳар ИИБга олиб борилгандан кейингина Жиззах вилоят прокуратураси ва Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармасининг Тергов бўлими терговчилари асосий тергов ҳужжатларини тайёрлашга киришадилар. Улар олдида бир неча табиий саволлар пайдо бўлади: 1) Пуллар масаласи қандай бўлиши керак, яъни “товламачи”ларга пулни ўзбек сўмларида бериш керакми, АҚШ долларларидами? 2) Ўктам Маматқуловнинг Азам Фармонов ва Алишер Караматовга пулни бериш сценарийси қандай бўлиши керак? 3) У пулни “товламачи”ларга қаерда ва қандай беради? 4) 250 АҚШ доллари ва 200.000 ўзбек сўмини милиция (суриштирувчилар, терговчилар) қаердан топиб олиши керак?  Ва ҳоказо.

Мазкур саволларга жавоб топишда уларнинг мантиғи оқсайди – улар ҳаёлларига нима келса ўшаларни ёза бошлайдилар: ўзбек сўмлари пачкаларини вилоят касалхонаси олдидаги автобус бекати томи остида чала қурилган хона марказида ётган ахлат уюми устига ташлаб қўйишни маъқул кўришади.  АҚШ долларларини ғаройиброқ жойга – Азам Фармонов квартирасида турган компьютер процессорининг ичига жойлаб қўйишни мўлжаллашади. Бунинг учун бу компьютерни унинг уйидан олиб чиқиб шаҳар ИИБга олиб бориш зарур эди. 27 апрель куни уни олиб кетиш операцияси бошланди – Азам Фармонов уйига фуқаровий кийим кийган милиция ходимларининг катта гуруҳи (30-35 талар чамаси) жўнатилади. Бу гуруҳ унинг квартирасига икки марта (тахминан соат 13 да ва  соат 16 атрофида) қароқчиларча ҳужум қилади, ва охир-оқибат оргтехникани олиб кетишади. Шу билан “нақд ушлаш” операциясининг биринчи куни (29 апрель) тугайди.

 

Судгача бўлган ишюритуви 17 кунда якунланди.  НЕГА терговчиларни шоширишди?

Икки ҳуқуқбоннинг ж/и диний мотивлар билан мусулмон диндорларга қарши қўзғатилган ж/и-лардан тубдан фарқ қиларди. Мусулмон диндорларга нисбатан қўзғатилган ж/и-ларда терговчилар тергов ҳаракатларини олиб боришда ҳеч қачон шошмас эдилар, улар тергов қилинаётганларни даҳшатли қийноқларга солиб терговни ойлаб олиб боришарди. Тергов органлари хибс қилинган мусулмон диндорлар тақдирига эътибор қаратадиган кучли халқаро ташкилотлар дунёда йўқлигини яхши билишарди. Азам Фармонов ва Алишер Караматов воқеасида эса Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ҳамкорлик қилган Human Rights Watch (Нью-Йорк), Amnesty International (Лондон), International Helsinki Federational (Вена), Fédération internationale des ligues des Droits de l’Homme (Париж) каби дунёга таниқли ҳуқуқбонлик ташкилотлари ўзларининг норозилик овозларини билдиришлари мумкин эди.

Тергов ҳаракатлари учун вақтни чўзиш мақсадга мувофиқ эмас эди  –  2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин халқаро миқёсда ҳукумат учун оғриқли бўладиган жиддий шов-шув бошланиши мумкин  эди. Мамлакатдан халқаро ҳуқуқбонлик ва сиёсий ташкилотларни, ОАВни, ВВС ва Озодлик радиоларини ҳайдаб чиқариш бошланган эди ва ҳоказо.  Азам Фармонов ва Алишер Караматовни ҳибс қилиш версиясини ўйлаб топиш учун вақт тиғиз бўлгани тезкор гуруҳ ҳаракатини асослаш мантиғига ўта салбий таъсир қилди. Қ.Маллаев ва Б.Қодировнинг ўзибилармонлиги ва ўз ишига совуққонлик билан қараши очиқ сезиларди – жазоланмасликларини сезиб ж /и-ларни безбетларча ва ман-манлик билан қўзғатишга ва улар бўйича тергов ҳаракатларини олиб боришда жиноятлар бўйича қонунчиликни сонсиз-саноқсиз бузишга ва бундан-да кўп турли бемаъниликларга йўл қўйишга улар ўрганиб қолганлари билиниб турарди. Мен қатор ж/и-ларда ҳимоячи сифатида қатнашган ва кўплаб ж/и-лар боришини мониторинг қилган бўлсам-да, терговга ярим ой етганини бирорта мисолини билмайман. №1-110/2006 ж/и резонансли бўлганига қарамасдан уни қўзғатиш ва тергов қилишга 17 кун сарфланди.

 

1-110/2006 ж/и-да тергов ҳаракатлари ва судишюритуви пайтида ЎзРнинг жиноятлар бўйича қонунчиликнинг АШАДДИЙ  БУЗИЛИШИ.

№1-110/2006 ж/и бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари ва унинг суд ишюритуви даврида Азам Фармонов ва Алишер Караматовнинг, уларнинг ҳимоячиси сифатида мен ҳамда уларнинг қариндошлари ҳуқуқлари терговчи ва судья томонидан кўп марта қўпол равишда бузилди. Қуйида шулардан баъзиларини келтираман.

1) 02.05.2006 да, яъни №1-110/2006 ж/и қўзғатилганидан икки кун ўтгач, мен Сирдарё вилояти ИИБ Тергов Бошқармасининг катта терговчиси подполковник Б.Қодиров номига мени мазкур ж/и фигурантларининг ҳимоячиси сифатида қайд этиш ҳақида илтимоснома бердим, бироқ Б.Қодиров томонидан жавоб бўлмади. Бу ЎзР “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” Қонуни ва  ЎзР ЖПК 49-моддаси (Ҳимоячи) бўйича менинг ҳуқуқларим қўпол равишда бузилишларининг биринчиси эди. Кейин ҳам мазкур Қонун бўйича менинг ҳуқуқларимнинг бу хилдаги бузилиши жуда кўп марта содир бўлди.

2) 05.05.2006 да мен терговчи Б.Қодировнинг ноқонуний ҳаракатлари устидан Сирдарё вилояти прокурори А.Эргашевга шикоят билан мурожаат қилдим, бироқ А.Эргашев ҳам менга жавоб беришни истамади.

А.Караматовнинг қариндошлари 02.05.2006 да қонуний асосда Жиззах шаҳар адвокатурасидан адвокат Ғиёс Номозовни ёллашди, бироқ терговчи Б.Қодиров уни мазкур ж/и-нинг тергов ишюритувига ҳимоячи сифатида қатнашишига йўл бермади. Фақат 16.05.2006 дагина, яъни тергов ҳаракатлари тугаган куни Ғ.Номозовга ж/и ишюритувига кириш ҳуқуқи берилди.

Бизга тушунарсиз сабабларга кўра адвокат Ғ.Номозов Б.Қодиров номига илтимоснома ёзиб ж/и-нинг айблов қисмини ЎзР Жиноий кодексининг 165-моддаси (Товламачилик)дан 214-моддаси (Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш)га қайта квалификациялашни сўраб ўша куниёқ тергов билан ҳамкорлик қила бошлади. А.Караматовнинг қариндошлари адвокат Ғ.Номозовга раддия билдиришди.

Азам Фармонов ва Алишер Караматовнинг ҳимоячиси сифатида мен ўзимнинг вазифамни бажаришга дарҳол киришдим, яъни 2006 йил 7 июньда Э.Хидирбоев имзолаган суд ажрими бўйича улар билан УЯ 64/СИ-13 қамоқхонасида учрашдим. Мен уларнинг ҳар бири билан тахминан 40 минутча алоҳида-алоҳида сўҳбатлашдим. Бу сўҳбатлар пайтида айбланувчилар милиция ходимлари томонидан шаҳарнинг турли жойларида ушланганлари менга маълум бўлди. Айбланувчилар тергов ҳаракатлари пайтида уларни даҳшатли қийноқларга солишганини менга гапириб беришди. Бу нарса кўзга ҳам ташланиб турарди – уларнинг  оёқлари шишиб кетган эди ва айбланувчилар буни уларнинг товонларига таёқ билан аёвсиз уришгани билан тушунтирдилар. Учрашувгв Алишер Караматов ҳатто пойафзалсиз келди – унинг оёқлари пойафзалга сиғмаган экан. Мен Азам Фармоновдан прокурор номига қийноқлар қўлланилгани ҳақида шикоят ёзган-ёзмаганини сўрадим. Икки марта ёзган экан. 17 кунлик тергов ҳаракатлари пайтида тергов ҳаракатлари бошланган куни терговчи Б.Қодиров томонидан таклиф этилган Азам Фармоновнинг ҳимоячиси А.Холикбердиев сўроқ қилишда фақат икки марта кўриниш берган ва у бу “тадбирларга” маст ҳолда келган. Азам Фармонов ҳар сафар шикоятларини прокурорга топширишни сўраб ҳимоячисига топширган, А.Холикбердиев эса терговчининг кўзи ўнгида шикоят ёзилган варақни майда-майда қилиб йиртиб, қоғоз парчаларини Азам Фармоновнинг юзига улоқтирган. У ҳар иккала айбланувчиларнинг қариндошларидан муттасил қочиб юргани учун май ойининг биринчи ярмида А.Холикбердиевнинг “хизмати”дан улар воз кечишди.

08.06.2006 соат 900дан бошлаб мен ж/и-лар бўйича Янгиер шаҳар судининг биносида ж/и материаллари (ЖИМ)  билан танишишни бошладим. Ўша куни мен ЖИМ билан танишишни бир соатлик тушлик қилиб 1800 гача давом эттирдим. 09.06.2006 ва 10.06.2006 кунлари шу тахлитда ўтди. Шу вақт ичида мен 300 (уч юз)дан кўпроқ бўлган саҳифали ЖИМ жилдининг 50 (эллик) саҳифаси билан танишишга улгурдим ва кўчирма олдим. 11.06.2006 якшанба куни бўлгани учун суд биноси ёпиқ бўлди. 12.06.2006 да мен ЖИМни ўқишни давом эттирдим.

 

  • ЖИМ билан танишиш судья Эркин Хидирбоевнинг провокацияси туфайли тўхтатилди: 12 июнь куни соат 15 дан 30 минут ўтганда у мендан жиноий иш жилдини тортиб олди ва суд залларининг бирига таклиф қилди. Мен залга кирганимда ушбу ҳолатни кўрдим: судья креслосида судья Э.Хидирбоев, унинг икки ёнида халқ маслаҳатчилари, зал ўртасидаги стол ортида давлат қораловчиси (айбловчиси), Янгиер шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Норбутаев Ш., судланувчилар учун мўлжалланган темир қафас ичида эса Азам Фармонов ва Алишер Караматов ўтиришганини кўрдим. Судланувчиларнинг қариндошлари ёки мазкур суд процесси билан оддий қизиқаётган одамлар учун мўлжалланган залдаги барча жойлар банд экан, бироқ улар орасида иккала судланувчининг қариндошларидан бирорта одам йўқ эди.

Судья Э.Хидирбоев менга: “Жойингизни эгалланг, биз суд жараёнини бошлаяпмиз” деди. Мен бу спектаклни – ноқонуний жараённи тўхтатишни талаб қилдим: судланувчилар жиноий иш материаллари танишмаган, мен ЖИМ билан танишишни тугатганим йўқ, бизнинг бирортамиз айблов хулосасини ҳали олганимиз йўқ, судланувчиларнинг қариндошларидан бирортасига ҳам суд бошланиши ҳақида хабар берилмаган ва ҳоказо. Бироқ судья: “Биз сиздан сўраб ўтирмаймиз. Биз судни бошлаймиз. Ўтиринг” деди.

Баҳслашиш бефойда эканини мен тушундим ва судланувчиларга мурожаат қилдим: “Бу суд ноқонуний, ва агар биз уни бошлашга рози бўлсак, у ҳолда у чиқарган ҳар қандай ҳукм юридик кучга эга бўлади, суд жараёнининг ўзи эса  легитимлик (қонуний бўлиб ўтган суд жараёни) мақомини олади. Биз бундай лўттибозликда қатнаша олмаймиз. Бизнинг қатнашишимиз бу лўттибозликни тан олганимизни англатади. Шунинг учун, мен иккалангизни ҳам бу судни тан олмасликка ва жараён иштирокчиларининг бирорта ҳам саволларига жавоб бермасликка чақираман. Мен кетаяпман”.

Кутилмаганда Азам Фaрмонов ва Алишер Караматов устидан бошланган суд жараёни судья Эркин Хидирбоев томонидан уюштирилган провокация эканлиги ҳар қандай шўбҳадан холи эди. Менинг уч кун ЖИМ билан танишишим давомида иккаламиз орамизда бир неча марта жиддий тўқнашувлар бўлиб ўтди, бироқ судьянинг ноқонуний талабларини рад этиб мен унинг провокацияларига учмадим. Масалан, танишиш учун жиноий ишни менинг қўлимга беришганда, Эркин Хидирбоев мен ЖИМ билан танишишни икки соатда тугатишимни талаб қилди. Мен судьяга (!!!) ЎзР ЖПКнинг 376-моддаси (Жиноий иш материалами билан танишиш тартиби)ни кўрсатишимга тўғри келди – бу модда бўйича  жиноий иш материаллари билан танишиш вақти чекланмайди. Бу, турган гап, Э.Хидирбоевнинг айёрлиги эди – уни процессуал қонунларни билмасликда айблаш қийин.

12 июньда бошланган суд жараёнининг ноқонунийлиги тамоман равшан эди. Қўпол бузилган барча (ёки деярли барча) процессуал қонунларни яна бир марта санаб чиқаман: 1) Судланувчилар дастлабки тергов тугагандан кейин ҳам, суд ишкўривидан олдин ҳам ЖИМ билан танишишга имконият берилмади; 2) менга – судланувчилар ҳимоячисига – ЖИМ билан танишишни тугатишга имкон берилмади; 3) менга ҳам, судланувчиларга ҳам айблов хулосаси берилмади; 4) судья Эркин Хидирбоев жиноий иш сохталаштирилганини сезмаслиги мумкин эмас эди, сезганда эса ЎзР ЖПКнинг 83-моддаси (Реабилитациия учун асослар), 395-моддаси (Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ёхуд бошқача қарор қабул қилиш тартиби) 1-қисмининг 3-банди, 396-моддаси (Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш чоғида аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар) 1-қисмининг 2, 3, 4, 7 – бандлари ва 401-моддаси (Жиноят ишини тугатиш)нинг1-қисмига асосланиб мутлақо қонуний равишда жиноят иши ишюритувини тугатиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин эди.

Судья Эркин Хидирбоевни қонунларни билмасликда гумонсираш қийин. Унинг ҳатти-ҳаракатларига қараб, у прокуратуранинг кучли босими остида бўлганини бемалол тахмин қилиш мумкин. Қуйида мен унда Азам Фармоновдан анчагина қасд олиш мақсади ҳам бўлганини кўрсатаман.

  • Мен 12.06.06 да Бош прокурор номига дарҳол Янгиер шаҳар судида бўлган воқеа тафсилотларини ёзиб шикоят телеграммасини йўлладим. Худди шу мазмундаги шикоятни хат орқали жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди раиси номига юбордим. Бироқ Бош прокуратура ҳам, Сирдарё вилоят суди ҳам менинг шикоятларимга жавоб беришмади.

14 июнь куни менга 13 июнь куни суд бўлмаганлиги маълум бўлди. Кейин маълум бўлишича,  прокуратура нима бўлганда ҳам судни ўтказиш керак, деб босим ўтказган. Суд 2006 йил 15 июнь куни ўтказилган. Азам Фармонов ва Алишер Караматовнинг ҳуқуқ ва манфаатларини “ҳимоя” қилишга судья Э.Хидирбоев адвокат А.Холиқбердиевни, Азам Формонова ва Алишер Караматовнинг қариндошлари май ойининг биринчи ярмидаёқ тергов билан ҳамкорлик қилгани учун хизматидан воз кечишган ўша олдинги “чўнтак адвокат”ни таклиф қилган. Судья ҳимоячи сифатида яна бир “чўнтак адвокат”ни, Ш.Мамадалиевни ҳам жалб қилган.

Кейинроқ маълум бўлишича, ягона “суд мажлиси”нинг бориши бундай бўлган: судланувчиларни суд мажлислари ўтказиладиган бўш залга олиб киришади, уларни темир қафасга киритишади ва судья Эркин Хидирбоев ҳукмни ўқиб беради. Бу ишларнинг барчасига ярим соатдан камроқ вақт кетади. Азам Фармонов ва Алишер Караматов устидан ўтказилган суднинг одиллиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, чунки аслида суд жараёни умуман бўлмаган. ЎзР ЖПКнинг X Бўлими (Биринчи инстанция инстанции судда ишюритув)дан: 391-модданинг 3-банди, 395-модданинг  1-қисми, пункты  396-модда 1-қисмининг 2 – 5 ва 7-бандлари, 401-модда, 402-модда, 403-модда, 415-модда, 421-модда, 422-модда, 424-модда, 428 – 443-моддалар, 449 – 453-моддалар, 455 – 457-моддалар, 462-модда, 464-модда, 474-модда, 477-модда ва қатор бошқа моддалар қўпол бузилди.

 

ХУЛОСА:  №1-110/2006 ж/и-нинг суд ишюритувида судья Эркин Хидирбоев одил судга нисбатан жиноят содир этди.

 

1-110/2006 ж/и бўйича Янгиер шаҳар судининг ҳукми устидан апелляция шикояти кўрилганми?

Азам Фармонов УЯ 64/СИ-13да сақланганда унга бешафқат қийноқлар қўлланилгани тўғрисида иккита шикоят ёзгани ва уларни сўроқ қилиш пайтида ҳимоячи А.Холикбердиевга бергани, у эса шикоятларни терговчи ва айбланувчи кўзининг ўнгида йиртиб ташлагани ҳақида юқорида айтилган эди. Фақат УЯ 64/ТИ-1да сақланаётган пайтдагина у олдинги икки шикоятга ўхшаш шикоятни тергов изолятори маъмурияти орқали прокурорга топширишга эришган. 2006 йил 22 июнь куни мен апелляция шикояти билан ж/и бўйича Янгиер шаҳар судига келдим, бироқ гўё мен ҳимоячи эмаслигимни рўкач қилиб менинг шикоятимни қабул қилишмади. Эслатаман, судья Э.Хидирбоев прокурорнинг тазйиғи остида 2006 йил 15 июнь санаси билан мени мутлоқ ноқонуний равишда Азам Фармонов ва Алишер Караматовнинг ҳимоячиси мақомидан маҳрум қилган эди.

Ўша йилнинг июли бошида мен №1-110/2006 ж/и бўйича апелляция инстанцияси суди ўтказилган-ўтказимаганлигини билиш мақсадида Сирдарё вилоят судига бордим. Навбатчи мени суд канцеляриясига киргизмади, бироқ, шундай бўлса-да, менинг саволимга апелляция шикояти Азам Фармоновнинг ўзининг шикояти бўйича қараб чиқилган, деган жавобни унинг ўзи билиб берди. Кейин маълум бўлди-ки, у апелляция шикоятини ёзмаган экан, ўзининг ягона шикоятини эса бешафқат қийноқлар қўлланилгани ҳақида УЯ 64/ТИ-1да сақланган пайтда ёзган ва уни апелляция суди мажлисига Гулистон шаҳрига олиб келишмаган – бу информацияни у хотини Жаслиқдаги УЯ 64/71 қамоқхонасига биринчи учрашувга борганда айтиб юборган.

Яна битта вариант – апелляция шикоятини “чўнтак адвокатлар”  А.Холиқбердиев ёки Ш.Мамадалиев (ёки биргаликда) ёзган бўлиши мумкин, бироқ бу ҳақда менга ҳалигача ҳеч нарса маълум эмас. Азам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубова 12.02.2014да Сирдарё вилоят судига №1-110/2006 ж/и бўйича апелляция судининг қароридан нусха беришни сўраб илтимоснома юборди, бироқ у ҳозирга қадар жавоб олмади. Шундай қилиб, Сирдарё вилоят судининг навбатчиси мени алдамаган ва у ерда сохта бўлса-да апелляция инстанциясининг қарори бор, деб ўйлайман.

06.07.2006 да мен УЯ 64/ТИ-1 бошлиғи полковник Э.Комилов номига мазкур пенитенциар муассасада сақланаётган Азам Фармонов ва Алишер Караматов билан учрашув учун шароит ташкил қилишни сўраган ҳолда уларнинг ҳар бирини 9 йилга озодликдан маҳрум этишган Янгиер шаҳар судининг ҳукмига қарши кассация тартибида шикоят ёзишни мўлжаллаб Илтимоснома юбордим. Э.Комиловдан жавоб келмади.

 

№1-110/2006 ж/и ишюритувида ҳимоячи сифатида яна кимлар қатнашган ва кассация тартибида шикоят ёзилганми?

 

2006 йил 4 июлда, АҚШ элчихонаси АҚШ мустақиллигининг санаси муносабати билан уюштирган тадбирда мен “Ҳуқуқий ёрдам жамияти” адвокати Алишер Эргашев билан учрашиб қолдим ва имкониятдан фойдаланиб судланган ва қамоқ жазоси берилган Азам Фармонов ва Алишер Караматовни ҳимоя қилишини илтимос қилдим – у рози бўлди. Унинг хизматини Сорос Фонди молиялаштирди. Алишер Эргашев қилган ягона нарса шу бўлди-ки, у жазони ижро этиш муассасаси УЯ 64/49 (Қарши шаҳри)да сақланаётган Алишер Караматов олдига борган ва зона Тошкентдан узоқда жойлашган, турли ҳужжатларни тайёрлаш учун Карши шаҳрига келиб-кетиши жуда қийин бўлади, деб уни алдаган ва 4-5 та тоза оқ қоғозга имзо чектириб олишга эришган. Шу билан унинг Азам Фармонов ва Алишер Караматовни ҳимоя қилиш бўйича қилган “уринишлари” тугади. У прокуратура ва суднинг берган вазифасини бажарганига менинг ишончим комил – гап шунда-ки, жиноят иши, қўпол қилиб айтганда, дабдала эди; унда кўп муҳим ҳужжатлар, “бўйнига олиш” кўргазмалари (ва ҳоказо) етишмас эди. Балки, Алишер Караматов имзолари қўйилган бу тоза оқ қоғозлар прокуратура ва суд томонидан жиноят иши “сифатини” яхшилаш учун фойдаланилган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.

2008 йилда “Эзгулик” ҳуқуқбонлик жамияти (давлат рўйхатидан ўтган ҳуқуқбонлик ташкилоти) ташаббус кўрсатиб Тошкентдаги Швейцария элчихонасининг гранти бўйича Азам Фармонов ва Алишер Караматовни ҳимоя қилиш ишига бош қўшиб, бу ишга Шайхантоҳур тумани адвокатлар идорасидан адвокат Салтанат Расуловани таклиф қилди. Жиноят иши материаллари билан танишганидан икки ой ўтгач, у икки ҳуқуқбонни ҳимоя қилишдан бош тортди. “Эзгулик” жамияти ўз ташаббусини давом эттириб к Жиззах шаҳар адвокатларв идорасининг адвокати Герман Хегайга мурожаат қилди. У жиноят иши материаллари билан танишиб чиқиш ва ЎзР Олий судига назорат тартибида шикоят ёзишга ваъда берди. У ҳатто шикоятни Олий судга топширганини ва унинг фикрича жавоб ижобий бўлишини айтди. “Эзгулик” жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташановнинг менга айтишича, у ҳеч қандай иш қилмаган экан. Мен ҳозирги кунгача ҳатто адвокат Г.Хегай гўё ёзган шикоят нусхасини ҳам ола олмадим. Ҳуқуқбоннинг айтишича, “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига адвокат Г.Хегай устидан шикоят йўллаган, бироқ жавоб қандай бўлганлиги менга маълум эмас.

“Сиёсий маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш комитети” (давлат рўйхатидан ўтмаган ҳуқуқбонлик ташкилоти)нинг ташаббуси билан 2009 йилда “BI-BI-EM” адвокатлик фирмасидан (Тошкент шаҳри, 100100, Усмон Носир кўчаси, 45-уй) адвокат А.А.Юнусов ишга киришди. У Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси (ЖИЭББ) бошлиғи номига илтимоснома ёзиб “Судланган Фармонов Аъзамжон Турғуновичга нисбатан жазони ўташ жойида Амнистия Акти қўлланилган-қўлланмаганлини аниқлаштириб бериш”ни сўраб мурожаат қилиш билан чегараланди. ЖИЭББ бошлиғи ўринбосари Б.Б.Акрамовнинг жавоби бундай бўлди: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Амнистия… ҳақида”ги қарорига кўра 30.11.2006 ва 30.11.2007 йилларда сақлаш режимини бузувчи сифатида унга нисбатан амнистия қўлланилмаган. [Формонов А.Т. под действие Постановления Сената Олий Мажлиса Республики Ўзбекистон “Об амнистии … ” от 28.08.2008 и 28.08.2009 годов не подпадает”].

ХУЛОСА:  Бирор одам томонидан №1-110/2006 ж/и бўйича Янгиер шаҳар судининг ҳукмига қарши кассация тартибида шикоят берилган-берилмаганлиги менга номаълум.

 

1-110/2006 ж/и-ни қўзғатиш МОТИВЛАРИ

 

Мазкур ж/и-ни қўзғатишда  асосий мотив менинг Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг раиси сифатида олиб борган ҳуқуқбонлик фаолиятим бўлди. Мен инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий режимнинг фаолиятини фош қилувчи кўпсонли мақолалар, билдиришномалар, докладлар, бюллетеньлар ва хатлар ёздим. Бу материалларни мен аввало почта орқали Президент Аппарати, Бош прокурор, ички ишлар вазири, ҳокимиятлар ва давлатнинг бошқа структураларига юборар эдим. Мазкур материалларни электрон почта орқали Тошкентдаги элчихоналар ва демократик мамлакатларнинг бошқа ташкилотлари, дунёдаги кўп ҳуқуқбонлик ташкилотлари олишар эди. Бу ҳокимият доираларида кимларгадир ёқмасди. Айни пайтда мен ҳеч қачон ҳуқуқ-тартибот органларига ўзимга қарши ж/и қўзғатиш учун бирон бир имконият туғдирган эмасман. Ҳукумат менинг яқинларимга қарши ишлар қўзғатиб мендан ўч олишга киришди. Мисол келтираман. Менинг ўғлим Олим Ёқубовга қарши тўртта – битта жиноий ва учта маъмурий ҳуқуқбузарлик айби билан иш қўзғатилди. Ҳар сафар унинг ҳимоячиси сифатида мен барча қўйилган айблар асоссиз эканини исботлаганман. Ўғлим 2006 йил 9 февралда Ўзбекистондан чиқиб кетди. Бу муваффақиятсизликлардан кейин, ўғлим чет элга чиқиб кетганидан икки ярим ойдан кейин ҳукумат Гулистон шаҳрида яшовчи менинг куёвим Азам Фармоновга (қизим Озода Ёқубованинг турмуш ўртоғи) ҳуруж қилди.

Биринчи марта, 2005 йил 5 ноябрь куни, у оиласи билан менинг уйимга, Тошкентга меҳмон бўлиб келганда, ҳукумат унинг бирхонали квартирасига ўт қўйишни уюштирди. Атайлаб ўт қўйилгани сўзсиз эди. Оила яшаш учун зарур бўлган ҳамма нарсадан ажралди. Бу ҳодисадан илгари Сирдарё вилояти ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи полковник Мусо Ражабов бир неча марта Фарғона вилояти, Бешариқ тумани, Оқмачит қишлоғида туғилиб ўсган Азам Фармоновни оиласи билан ўз қишлоғига кўчиб кетишга ундаган. Бундай ундашдан кузатилган мақсад равшан. Квартирасини ёқиб юбориш совуқ кунлар бошланган, оилада бир ёшли чақалоқ бўлган пайтда ташкил этилди. Ёқиб юборилган квартирани қисқа вақтда тиклаш (таъмирлаш) оиланинг қўлидан келмайди, деган нозик ҳисоб-китоб ПУЧГА ЧИҚДИ. Мусо Ражабов нафақат Азам Фармоновни оиласи билан Бешариқ туманидаги Оқмачит қишлоғига кўчириб юбориш билан, балки кўп марта яқин келажакда Жаслиқ қамоқхонасига тиқиб ташлаш билан ҳам таҳдид қилган. Азам Фармоновнинг квартирасини ёқиб юборишдан кейин ярим йил ҳам ўтмасданоқ Мусо Ражабов мақсадига эришди.

Ҳукуматнинг мен ва куёвим Азам Фармоновга нафрати шу қадар юқори эди-ки, №1-110/2006 ж/и-га фамилияси ҳатто “жабрланувчи” Ўктам Маматқуловнинг аризасида кўрсатилмаган Алишер Караматовни ҳам қўшишди. У ж/и-га фақатгина жиноят гўё гуруҳ томонидан содир этилган, деган кўриниш бериш учун жалб қилинган, чунки 1) жиноят битта одам томонидан содир этилганга қараганда ижтимоий хавф даражаси анча кучаяди ва 2) ж/и-нинг ҳукуматга энг нафратли бўлган фигурантини Жиноят кодексида назарда тутилган жазонинг максимал муддатига қамоққа тиқиш мумкин. Худди шундай бўлиб чиқди.

Мазкур ж/и-ни қўзғатишга фуқаро Ўктам Маматқуловнинг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи (ИИБ) полковник Ж.Оқбоев номига ёзилган аризаси асос қилиб олинди Унда Ў.Маматқулов (парча):  “27 апрель куни қўнғироқ қилиб, у [яъни, Азам Фармонов – Т.Ё.] мен 28 апрель куни Гулистон шаҳрига келишимни ва материалларни Интернетга қўймаслик эвазига пул олиб келишни сўради, бироқ суммани айтмади” [яъни, пул товламалик қилган – Т.Ё.], деб ёзади. Мазкур ж/и бўйича терговни Сирдарё вилояти ИИБ Тергов Бошқармасининг катта терговчиси, подполковник Б.Қодиров олиб борди. Ҳукмда айтилишича ж/и фигурантлари устидан ўтказилган, судланувчиларнинг ҳар бирини 9 (тўққиз) йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган суд 15.06.2006 да Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида ж/и-лар бўйича Янгиер шаҳар суди раиси Эркин Хидирбоев раислигида олиб борилган. Азам Фармонов тергов изолятори УЯ 64/ТИ-13 (Хавост шаҳри)дан УЯ 64/ТИ-1 (Тошкент ш.)га ўтказилди, у ердан эса жазони ижро этиш колонияси (ЖИЭК) УЯ 64/71 (Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани, Жаслиқ поселокаси)га этап қилинди ва ҳозиргача ўша жойда қолмоқда.

Азам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубованинг ЎзР президенти И.Каримов номига 07.11.2007да ёзилган  шикоятига жавоб тариқасидаги ЖИЭББдан за №28/2-4-Ф-10 рақами билан 22.02.2008 да юборилган, ЖИЭББ бошлиғининг 1-чи ўринбосари В.А.Каримов имзолаган ҳужжат алоҳида мана-ман деб турибди. Унда айтилади: “Сизга хабар қиламиз-ки, жазонинг ¼ қисми ўтаб бўлгандан кейин ЎзР Жиноят иижроия кодексининг 113-моддасига асосан муассасанинг маъмурий комиссияси томонидан уни [яъни, Азам Фармоновни – Т.Ё.]  жазонинг қолган қисмини ўташ учун манзил-колонияга ўтказиш,  жазонинг 1/3 қисмини ўтаб бўлгач, ЎзР ЖКнинг 74-моддасига асосан –  жазони енгилроғига алмаштириш имконияти, жазонинг ½ қисми ўтаб бўлингандан кейин ЎзР ЖК 73-моддасига асосланиб –  муддатдан илгари шартли озод этиш ҳақидаги масала қараб чиқилиши мумкин”.

Бироқ мазкур жавоб – қип-қизил айёрликнинг ўзи. У Озода Ёқубовага тинчлантириш, у бундан кейин мамлакат президентига шикоят ёзмаслиги учун юборилган. Эътибор қилинг, бу жавоб 30.11.2006 ва 30.11.2007 саналарда ўтказилган икки амнистиядан кейин, яъни охирги амнистиядан кейин салкам уч ой ўтгач берилган. Олдинда яна, ҳозирги кунгача, 7 (етти)та амнистия бор бўлиб чиқди, бироқ уларнинг бирортаси Азам Фармоновга қўлланилмади. Бу амнистиялар Азам Фармонов қамоқхона ички қоидаларини ашаддий бузувчи бўлгани учун эмас, сиёсий махбус бўлгани учун қўлланилмади. Дарвоқеъ …

 

Ҳуқуқбонларни ҳибсга олиш ва қамоқ жазоси бериш ортида сиёсий мотив ётибди

 

Мен “жабрланувчи” Ўктам Маматқуловни қонунларни билмаслик, нопоклик, коррупция ва бошқа гуноҳларда айблашга ҳаққим йўқ. Бироқ Азам Формонов таҳдидлар билан гўё қўнғироқ қилгандан кейин нега у дарҳол, таъбир жоиз бўлса, ҳуқуқбонга қарши жиноий иш қўзғатиш ҳақида ариза кўтариб ҳуқуқ-тартибот органи томон “югуриб” кетди? Жавоб учун фақат иккита вариант мавжуд: 1) Ўктам Маматқулов фермерларга дизель ёқилғиси тарқатаётганда ҳақиқатан ҳам жиноят содир этган, ва бу жиноят оммавий ҳодиса сифатида барча ҳуқуқ-тартибот органларига маълум бўлган, ва улар, таъбир жоиз бўлса, бундай жиноий бизнесга “крыша” бўлишган – турган гап, фақат “раҳмат” учунгина эмас; 2) Ҳукумат одамларида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг иккита энг ёш ва фаол ҳуқуқбонларини узоқ муддатга жамиятдан изоляция қилиш учун кучли истак бўлган.

Ўктам Маматқулов Азам Фармонов “таҳдидлари”дан қўрқиб ҳуқуқ-тартибот органларига қараб ЧОПГАН ЭМАС, у бор-йўғи “ўтқазиб қўйилган ўрдак” ролини ўйнаб берган, деб айтишга журъатим бор. Аслини олганда, ҳар икки вариант ҳам ҳаётий – улар бир-бирини инкор қилмайдиган жавоблардир, деб қўрқмасдан айтиш мумкин. Азам Фармоновнинг Жиззах вилояти нефтни қайта ишлаш унитар корхонаси (ЖвНУК) директори номига билдириш хати ёзганлиги ҳуқуқ-тартибот органларига бу ҳодисадан ҳуқуқбонни озодликдан маҳрум этиш жойларига жўнатиш учун фойдаланишнинг идеал имкониятини берди, холос. Бу – жиноий иш қўзғатиш ва тергов ҳаракатларини олиб боришда терговчилар нега бунчалик, мисли кўрилмаган ғалати ва тушунарсиз шошилишганига аниқлик киритади. Ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳақиқий мақсадини ҳукмдан олинган қуйидаги парчага эътибор қилинса тушуниш мумкин:

“Суд коллегияси, ишда ашъёвий далиллар, деб тан олинган предметлар ҳақидаги масалани муҳокама қилиб, … “Ҳуқуқ қаёққа кетди” информацион бюллетень, “Менинг милициям мени бадном қилди” брошюраси жиноий иш билан бирга сақлансин, деб ҳисоблайди”. (парча тугади). “Ҳуқуқ қаёққа кетди” ҳуқуқбонлик информацион бюллетень ва “Менинг милициям мени бадном қилди” брошюрасини шарафли ўзбек милицияси ва иффатли ўзбек суди қандайдир жиноятни содир этишда ашъёвий далил, деб ҳисоблашибди. Бундан-да маразроқ, ёлғонроқ ва беҳаёроқ версияни ўйлаб топиш мумкинми? Бу –  Ўзбекистонда олиб борилаётган репрессив сиёсатнинг юзидир. Бундай ҳибс этиш ва қамоққа ташлашларни бутун цивилизациялашган ва маданийлашган дунёда сиёсий мотивли, деб ҳисоблашади.

 

Подполковник Б.Кодиров ва судья Э.Хидирбоевнинг ўчи

 

Дарвоқеъ, Азам Фармонов юқорида айтилган “Ҳуқуқ қаёққа кетди” информацион бюллетень ва “Менинг милициям мени бадном қилди” брошюрасида нималар ҳақида ёзган? Азам Фармонов ҳуқуқбонлик фаолияти олиб борар экан, хусусан, суд жараёнлари бўйича мониторинг ўтказар, тергов органлари ва милиция участкаларида ҳибс қилинганлар ва айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши фактларини аниқлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши фактлари ҳақида информацион бюллетень ва брошюрлар тайёрлар ва тарқатар эди. Принтердан чиқарилган ва ксероксда кўпайтирилган бюллетень ва брошюраларни у почта орқали прокуратура, милиция, суд органлари, Президент Аппарати ва Ташкентдаги демократик давлатлар элчихоналарига юборар эди.

“Ногиронлар ҳуқуқи” ва “Менинг милициям мени бадном қилди” брошюралари Гулистон шаҳрилик кашфиётчи олим, 1-чи группа ногирони Муҳаммад Раҳмонқуловнинг фожеали тақдирига бағишланган эди. У бошига кулфат келтирган, ғўзага ишлов бериш бўйича ноёб, юқори самарали машина (аппарат) кашф этди, кашфиёти учун эса Ўзбекистон Патент Бюросининг патентини олди. Тез орада унинг патентини тортиб олмоқчи бўлган одамлар пайдо бўлишди, улар патентни чет мамлакатларга сотиб катта пулларга эга бўлиш мақсадида юрганлар эди. Бошда патент ишқибозлари М.Раҳмонқуловга пул таклиф қилишди, бироқ у уларнинг талабини рад этди. Бироқ қароқчилар Сирдарё вилоят ИИБ Тергов Бошқармасининг катта терговчиси, милиция подполковниги Бозорбой Қодировнинг қариндошлари бўлиб чиқди, ва улар кучли қариндошга ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

М.Раҳмонқулов учун фожеали бўлган бир куни унинг квартирасига маска кийган ва қўлларида ўқотар қурол кўтарган милиция ходимларининг катта гуруҳи Б.Қодиров бошчилигида бостириб кирди. Тинтув натижасида квартирадаги ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилинган, оила аъзоларини калтакланган ҳолда қолдириб, улар кашфиётчини вилоят ИИБга олиб кетишди. Тинтув пайтида ҳеч қандай қалбаки долларлар ва уларни тайёрлаш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар топилмаган бўлса-да, у қалбаки долларлар тайёрлашда айбланди.

Б.Қодиров ўзининг каллакесарлари билан уч сутка давомида вилоят милицияси ертўласида олимни қийноққа солди. “Иш” шу даражага етди-ки, жоҳил каллакесарларнинг ўзлари тезкор медицина ёрдами машинсини чақиришга мажбур бўлишди. М.Раҳмонқулов уч ой касалхона койкасида ётди, ва шу даврда унинг олдида автоматли милиционерлар муттасил навбатчилик қилишди. Бироз вақтдан кейин М.Раҳмонқуловни суд қилишди, уни жиноий ишлар бўйича Сирдарё вилоят судининг судьяси Эркин Хидирбоев суд қилди. Сал ўтмай ўзининг “ғайрати” учун Э.Хидирбоев жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси лавозимига ўтқазилди. Мана шулар ҳақида Азам Фармонов ўзининг “Менинг милициям мени бадном қилди” брошюрасида ёзган эди.

Азам Фармоновнинг “Ҳуқуқ қаёққа кетди?” ҳуқуқбонлик бюллетени  ўзларининг диний эътиқодлари учун қамоққа олинган етти ёш йигит устидан ўтказилган суд жараёнига бағишланган эди. Тергов пайтида даҳшатли қийноққа солинганликлари ҳақида йигитлар судда дона-дона қилиб гапириб беришди, ва бўйинга олиш кўргазмаларини қийноқлар остида беришганларини тушунтиришди, бироқ судья Эркин Хидирбоев уларнинг гапини сариқ чақага ҳам олмади. “Ҳуқуқ қаёққа кетди?” бюллетенида Азам Фармонов анашулар ҳақида ёзган эди. Азам Фармонов ҳибсга олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганда терговни подполковник Б.Кодировга, суд қилишни эса Э.Хидирбоевга топширишди. Ўч тўлиқ олинди.

 

Categories: Uncategorized | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.