ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ Ихтиёр АБДУЛЛАЕВга

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОШ  ПРОКУРОРИ  Ихтиёр АБДУЛЛАЕВга

 

Толиб ЁҚУБОВдан

—————————————

16, rue Marcel Pajotin, Angers, 49000, France

Tel. +33(0)241667961

 

АРИЗА

 

                        Муҳтарам Бош Прокурор!

 

                        Мен, Франция Республикасида яшаётган Толиб Ёқубов, давлатимизнинг энг юқори лавозимларидан бирига тайинланганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этиш билан бирга, Сизга ўта муҳим бир масала бўйича мурожаат қилмоқдаман. Мазкур масала менинг куёвим (қизим Озода Ёқубованинг турмуш ўртоғи), 29.04.2006да ҳибс этилган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбланиб, жиноий ишлар бўйича Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар суди томонидан 15.06.2006да 9 (тўққиз) йилга озодликдан маҳрум этилган Азам Турғунович Фармоновга тегишлидир. Азам Фармонов 2006 йил июлидан бошлаб ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туман, Жаслиқ посёлкасида жойлашган УЯ 64/71 жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда. Жорий йилнинг 1 майида жиноий ишлар бўйича Қўнғирот туман суди Азам Фармоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддаси билан айблаб, унга олдинги суд томонидан берилган жазо муддатини яна 5 (беш) йил 26 (йигирма олти) кунга чўзди ҳамда қамоқхонада сақлаш режимини умумийдан қаттиқ режимга ўзгартирди.

 

Мен Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддаси (Ҳимоячи) ва жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 07.06.2006да чиқарган, мазкур суд раиси Эркин Хидирбоев томонидан имзоланган  ажрими асосида Азам Фармонов (ва жиноий ишнинг иккинчи фигуранти Алишер Караматов)нинг №1-110/2006 жиноий ишида, суд ишюритувида, ҳимоячи сифатида иштирок этганман.  Гарчи Э.Хидирбоев 15.06.2006да тамоман ноқонуний равишда суднинг бошқа ажрими билан мени ҳимоячиликдан четлатган бўлса-да, мен ҳанузгача ҳимоячи мақомимни йўқотганим йўқ ва буни исботлаш қийин эмас [исбот ушбу аризага илова қилинаётган, менинг Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси жаноб Бўритош Мустафоев номига ёзилган назорат тартибидаги шикоятимда келтирилган]. Айтилаётган шикоят жаноб Б.Мустафоевга биринчи марта менинг номимдан, яъни қонуний ҳимоячи номидан 2013 йилда жўнатилди, бироқ жаноб Б.Мустафоевдан жавоб келмади. Мазкур шикоятни Озода Ёқубова номидан юборилган вариантига Олий Суд шикоятлар ва фуқароларни қабул қилиш бўлимининг бошлиғи Қ.Мамараҳимовдан 2014 йил 24 февралда №13-1169-14 рақамли “Сиз жиноий ишда ҳимоячи бўлиб иштирок этмагансиз, шунинг учун сизнинг шикоятингиз қараб чиқилмайди” қабилида жавоб келди. Худди шу шикоятни учинчи бор “Эзгулик” ҳуқуқбонлик ташкилоти аъзоси Абдураҳмон Ташанов номидан Олий Суд раисига юборилди, бироқ жаноб Б.Мустафоев ўз позициясида “маҳкам турди”, яъни яна жавоб бермади. Ниҳоят шу шикоят маҳкум Азам Фармоновнинг ўзининг номидан ёзилди ва уни маҳкумга имзо чектириб, унинг имзосини ўз имзоси ва муассаса муҳри билан тасдиқлаб, почта ёки чопар орқали Олий Судга юборишини сўраб УЯ 64/71 ЖИЭМ бошлиғи подполковник Ботир Кенжаевга почта орқали юборилди [почта квитанцияси, хат топширилгани ҳақидаги билдиришнома (уведомление) қўлимизда турибди]. Хат Б.Кенжаевга 2014 йил 12 февралда жўнатилган бўлишига қарамай, ҳанузгача бирор бир жавоб келмади.  Қийинчилик билан бўлса-да, ЖИЭМ бошлиғининг мурожаатимизга жавоб бермаганини тушуниш мумкин, бироқ Олий Суд раисининг мурожаатларимизга жавоб бермаганини тушуна олмадик. Гўё-ки, давлатимизда “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги қонун йўқдай!

 

Муҳтарам Бош Прокурор!  Тўрт одам (хусусан мен) томонидан Олий Суд раиси номига юборилган шикоятда Азам Фармоновнинг (А.Караматовнинг ҳам) мутлақо айбсиз экани исботланган ва бу исбот учун жиноий иш материалларидан учта ҳужжат –  Жиззах вилояти прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлимининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, юстиция маслаҳатчиси Қ.А.Маллаевнинг 29.04.2006 да  жиноят иши қўзғатиш ва тергов ҳаракатларини олиб бориш ҳақидаги чиқарган ҚАРОРИ;  Жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб қилиш ҳақида Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасининг катта терговчиси, подполковник Б.Кодировнинг 16.05.2006 да чиқарган ҚАРОРИ ва жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 15.06.2006 да чиқарган ҲУКМИ етарли – четдан бирор бошқа ҳужжат жалб қилиш шарт эмас. Мен исботни такрорлаб ўтирмайман – у, юқорида айтганимдай, жаноб Б.Мустафоев номига ёзилган шикоятда батафсил келтирилган. Мен қуйида

  • 2006 йил 29 апрель эрталаб тахминан соат 730 да, вилоят касадхонаси рўпарасидаги, Катта Ўзбек Трактининг Гулистон-Тошкент трассаси бўйлаб Гулистон шаҳрининг Тошкент кўчасида жойлашган автобус бекатида Жиззах вилоят прокуратураси ва милицияси ходимлари томонидан Азам Фармонов ва Алишер Караматовни УШЛАШ БЎЙИЧА ТЕЗКОР ТАДБИР ЎТКАЗИЛМАГАНини;
  • 2006 йил 29 апрель, эрталаб тахминан соат 730 да, вилоят касадхонаси рўпарасидаги, Катта Ўзбек Трактининг Гулистон-Тошкент трассаси бўйлаб Гулистон шаҳрининг Тошкент кўчасида жойлашган автобус бекатида “жабрланувчи” Ўктам Маматқулов томонидан “товламачилар” Азам Фармонов ва Алишер Караматовга ПУЛ БЕРИШ ФАКТИ БЎЛМАГАНини;
  • Милиция ходимларининг Азам Фармонов ва Алишер Караматовни УШЛАШ АМАЛИЁТИ 2006 йил 29 апрель куни эрталаб соат 700 ва 730 лар орасида ГУЛИСТОН шаҳрининг ТУРЛИ НУҚТАЛАРИДА ЎТКАЗИЛГАНини;
  • Азам Фармонов ва Алишер Караматов ушлангандан кейингина жиноий иш бўйича ҳужжатлар тайёрлаш: (1) Ўктам Маматқуловнинг Азам Фармонов ва Алишер Караматовга пул бериши ва (2) Азам Фармонов ва Алишер Караматовни ушлаш ВЕРСИЯЛАРИНИ ТЎҚИШ иши бошланганини айтиб ўтиш билан чегараланаман, холос.

 

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 524-моддаси  (Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш)да фуқароларнинг мурожаатлари, …, янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатишга сабаб бўлади, дейилади. Шу моддада “Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш ҳуқуқига прокурор эга” дейилган. Демак,

(I)  Мен, Озода Ёқубова, Абдураҳмон Ташанов ва, гарчи УЯ 64/71 ЖИЭМ бошлиғи Б.Кенжаев айби билан адресатга етиб бормаган бўлса-да, Азам Фармонов томонидан Олий Суд раиси жаноб Б.Мустафоев номига юборилган шикоятдан – уни ё жаноб Б.Мустафоевнинг ўзи, ё Олий Суднинг бирор судьяси ўқиб чиққан бўлса –  №1-110/2006 жиноий ишида янги очилган ҳолат мавжудлигини пайқаш қийин эмас. Табиий саволлар туғилади: Нега давлатнинг энг нуфузли лавозимларидан бирини  (Олий Суд раиси лавозимини) эгаллаб турган шахс буни пайқашга ҳаракат қилмаган? Ўз ташаббуси ёҳуд билмасдан пайқамаганми ёки сиёсий буюртма бўлганми? Олий Судда ишлайдиган ходимларнинг барчаси олий даражадаги юристлар эканини ҳисобга олсак, олдинги саволга жавоб ягонадир – сиёсий буюртма бўлган!

(II)  Ўзбекистон Республикасининг Сиз бошқараётган ҳозирги Бош прокуратурасида сиёсий буюртма асосида ишлайдиган ходимлар йўқлигига умид қилган ҳолда, Сиз Бош Прокурор сифатида №1-110/2006 жиноий ишида янги очилган ҳолат бўйича иш юритишни қўзғатишни ўз ишончли сафдошларингизнинг бирига топширасиз, деган ҳам умидим бор.

 

Муҳтарам Бош Прокурор,  Ўзбекистон Республикаси ЖПК  524-моддасига асосланиб Азам Турғунович Фармоновга нисбатан Жиззах вилояти прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлимининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, юстиция маслаҳатчиси Қ.А.Маллаев томонидан 2006 йил 29 апрелда қўзғатилган  №1-110/2006 жиноий ишида янги очилган ҳолат бўйича иш юритишни қўзғатишни СЎРАЙМАН.

 

ҲУРМАТ ва ЭҲТИРОМ ила

№1-110/2006 жиноий ишида ҳимоячи сифатида иштирок этган Толиб ЁҚУБОВман.

 

ИЛОВАЛАР:

 

  • Жиззах вилояти прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлимининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, юстиция маслаҳатчиси Қ.А.Маллаевнинг қарори;
  • Жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб қилиш ҳақида Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасининг катта терговчиси, подполковник Б.Кодировнинг 16.05.2006 да чиқарган қарори;
  • Жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 07.06.2006 да чиқарган ажрими;
  • Жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 15.06.2006 да чиқарган ажрими;
  • Жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 15.06.2006 да чиқарган ҳукми;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси Б.Мустафоев номига Толиб Ёқубов томонидан ёзилган шикоят.
Categories: Uncategorized | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.