Ўриснинг байрами кўп, ўзбекнинг найранги кўп…

Толиб Ёқубов
Бу ҳикматни мен 2001 йилнинг бошларида Қўқондаги машина бозорида эшитганман. Бозор айланиб юрганимизда менинг диққатимни жулдур кийинган, қотма, бироқ кўзларидан чуқур маънони ўқиш мумкин бўлган бир чол ўзига тортди. Кекса бўлишига қарамасдан чол ўта ҳаракатчан одам эди. Чол тинимсиз бозорни айланар, эшитилар-эшитилмас ниманидир ҳиргойи қилгандай такрорлар эди. Дастлаб мен ҳеч нарсани англай олмадим, бироқ чол навбатдаги марта бизнинг олдимиздан ўтаётганда, унинг сўзларига диққат қилдим. Чол тинимсиз шеърсифат икки қатор жумлани такрорлар эди:

Ўриснинг байрами кўп,
Ўзбекнинг найранги кўп.

Мен одамлар орасидан оралаб, чолнинг орқасидан эргашдим ва уни 10-15 минутлар чамаси таъқиб қилдим, бироқ ундан янги жумлаларни эшитмадим. Кейинчалик одамлардан эшитишимча, чол ҳар куни бозорда пайдо бўлар ва муттасил шу икки қатор ҳикматни такрорлаб юрар экан.

Чол нима сабабдан бу кўйга тушиб қолгани ҳақида танишларим бирорта жўяли гап айтиша олмади. Чол илгари ким бўлган экан? Олимми, катта бир лавозимли раҳбарми, давлатманд одамми, камбағал, бироқ зукко, ҳаётни чуқур тушунган инсонми? Билмадим. Бироқ унинг қисқагина икки қатор шеърида катта ҳақиқат ётганини ҳар қандай мулоҳазали одам англашига шубҳа йўқ.

Ўрис коммунистик тузум билан турли халқлар, жумладан ўзбек халқи ҳаётига кўплаб байрамларни киритди: янги йил, Совет армияси куни, 8 март, космонавтика куни, коммунистик шанбалик, 1 май, 9 май, халқаро болалар куни, ўқитувчилар куни, темирйўлчилар куни ва ҳоказо – санайверсанг охири кўринмайди. Ҳақиқатан, совет коммунистик тузуми, яъни ўриснинг байрами кўп бўлган. Нега чол айтиб юрган ҳикматда “ўзбекнинг найранги кўп” дейилмоқда?

Найранг – бу ёлғон. Унинг кўлами ака-ука, ота-бола, ёру дўст, қариндош-уруғнинг бир-бирини алдашидан тортиб давлат сиёсатигачадир. Ислом олимларининг айтишича, ҳаётнинг уч жабҳаси (жиҳати)да инсонга ёлғон гапириш Аллоҳ тарафидан рухсат этилган.

  • инсон душман қуршовида (рўпарасида, таъсирида) турганда;
  • икки урушган, аразлашган одамни яраштиришда;
  • эр-хотиннинг ўртасини ислоҳ қилишда.

Ана шу учта ҳолдагина Аллоҳ инсоннинг ёлғон гапиргандаги гуноҳини кечирар экан.

Отам раҳматлик мулла Ёқуб айтардилар:

– Ҳар қандай инсон икки зотнинг ўртасида туради; инсон табиатида иллат қанча кам бўлса, у шунча фариштага яқин бўлади, бироқ бирор инсон фариштага тенглаша олмайди, чунки унинг табиатида ҳеч бўлмаганда битта иллат бўлади; инсон табиатида иллат қанча кўп бўлса, у шунча Иблисга яқин бўлади, бироқ бирорта инсон Иблисга тенг бўлмайди, чунки унинг табиатида ҳеч бўлмаганда битта яхшилик бўлади. Жамият ҳам фаришта ва Иблис орасида тебраниб туради: унда фариштага яқин турган одамлар қанча кўп бўлса, жамият ҳам шунча фариштага яқин ва соғлом бўлади, жамиятда Иблисга яқин турган одамлар қанча кўп бўлса, жамият ҳам шунча Иблисга яқин ва носоғлом бўлади.

Менинг назаримда ўзбек жамияти ўз тарихида Иблисга энг яқин турган даврни бошидан кечирмоқда, чунки уни найранг-ёлғон ишғол этган. Мен ўзбек жамиятининг бутун тарихини эмас, унинг кейинги юз йилдаги тарихини назарда тутмоқдаман. Ўзбек жамиятининг ундан олдинги тарихи ҳақида бирор нарса дейишга мен ожизман ва уни вақтлар келиб доно инсонлар (олимлар) ҳаққоний ёритишига аминман.

Ўзбек жамиятининг кейинги юз йиллик, аниқроғи коммунистик истибдод йиллари (тахминан 74 йил) ва Ислом Каримов истибдоди йиллари (ҳозирга қадар 15 йил) тарихи даврида ёлғон (найранг) мисли кўрилмаган даражага чиқди ва одамларнинг қон-қонига, жамиятнинг ҳужайра-ҳужайрасигача сингиб кетди.

Икки катта ёлғон (найранг): Россия империясининг умрини узайтириш ва унга коммунистик ғояни сингдиришни большевиклар ўзларининг асосий вазифалари деб тушунганлар.

Бу ёлғонларнинг биринчиси ҳақида икки оғиз сўз. XIX аср охири ва XX аср бошларида Чор Россияси империяси қулаш арафасига келиб қолган, империяни беҳисоб ички зиддиятлар ларзага солаётган, унинг бепоён ҳудудларида халқ қўзғолонлари кучайган бир даврда Россиядаги турли сиёсий кучлар империяни сақлаб қолиш учун кураш олиб борар эди. Улар орасида давлат бошқарувида икки асосий қурол, яъни диктатура (пролетариат диктатураси) ва ёлғонга асосланган большевиклар (В. Ленин бошчилигидаги Россия социал-демократик ишчи партияси) ғолиб чиқди. Лениннинг: “Ер – деҳқонларга!”, “Завод ва фабрикалар – ишчиларга!” каби асосий шиорларига эргашган халқ тез орада уларнинг ёлғон эканлигига ишонч ҳосил қилди: ерга – деҳқон, завод ва фабрикаларга ишчилар эмас, “давлат” деган мавҳум бир тузилма эгалик қилди. Шундай қилиб, коммунистлар Россия империясини шаклан ўзгартириб, бироқ моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда умрини яна салкам 75 йилга чўздилар.

Юқорида айтилган иккинчи ёлғон масаласига келганда шуни айтиш керакки, К. Маркснинг коммунистик ғояси инсонларни ёппасига мулксизлантиришга асосланган бўлиб, уни юқорида айтганимиздек, икки асосий қурол, яъни зўравонлик сиёсатини юргизиш ҳамда ёлғон ёрдамида халқни лақиллатишни ишлатган ҳолда амалга ошириш мумкин эди, холос. Коммунистлар бунинг уддасидан чиқишди. Жамият ҳаётида байрамларни кўпайтириш халқни лақиллатиш йўлидаги асосий воситалардан бири эди. Шундай қилиб, коммунистлар, яъни ўрислар, кўп халқлар, жумладан ўзбек халқи ҳаётига нафақат байрамларни, балки КАТТА ЁЛҒОНни ҳам олиб кирдилар.

Давлат сиёсати зўравонлик ва ёлғонга таянганда унинг натижаси ўлароқ жамият ҳаётида ижтимоий иллатлар кучаяди. Буни бозор иқтисодининг отаси Адам Смит жуда оддий тилда тушунтирган: “Мулксиз одам фақат икки нарса: кўпроқ ейиш ва камроқ ишлашдан манфаатдор бўлиши мумкин”. Равшанки, “кўпроқ ейиш” ва “камроқ ишлаш” иборалари сиёсий тузум келтириб чиқарадиган ижтимоий иллатлар (ўғирлик, товламачилик ва ҳоказо)ни ўзида мужассамлаштиради.

К. Маркснинг коммунизм ғоясини фақат зўравонлик ва ёлғон (халқни лақиллатиш, найранг) ёрдамида ҳаётга татбиқ этиш мумкин бўлгани сабабли, давлат раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари, маданият, санъат, адабиёт, агитация ва пропаганда намояндалари муттасил ёлғон гапиришга, халқни лақиллатишнинг янги-янги турларини ўйлаб топишга маҳкум эдилар. Йиллар, даврлар, авлодлар ўтиб, ёлғон (найранг) жамият ҳаётида оддий нормага айланди.

Бироқ одамлар мулксиз бўлган жамиятда, репрессия қай даражада бўлмасин, давлат сиёсатига қарши ўлароқ ўзгача фикр юзага келаверади ва натижада жамиятда ҳукуматга қарши мухолиф позицияда бўлган гуруҳлар пайдо бўлаверади. Шу сабабли авторитар ва тоталитар ҳукуматлар халқ ичидаги кайфиятни ўрганиш, ўзгача фикрли одамларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш учун махсус хизмат органларини ташкил этишади.

В. Ленин ҳокимиятни эгаллагач, ўзининг биринчи қадами сифатида ВЧК (Всероссийская чрезвычайная комиссия), яъни инсоният тарихида энг мудҳиш ҳисобланган махсус хизмат органини тузди. Сиёсий ва диний мухолифатга қарши тузилган бу орган ўзининг номини кўп марта ўзгартирди (НКВД, ГПУ, МГП, ОГПУ, КГБ, ФСБ), бироқ унинг моҳияти ўзгармади. ВЧКнинг дастлабки раҳбарлари Дзержинский ва Менжинский бу репрессив органни тузишда Пётр I замонидан бошлаб Россия подшоларига хизмат қилиб келган “царская охранка” деб аталувчи махсус хизмат органи услубларини андоза сифатида кўчиришган.

Мазкур орган (ВЧК-КГБ) асосий методларидан бири – аҳоли орасидан айғоқчилар (информатор, осведомитель) ёллаш ва улар ёрдамида халқ орасидаги кайфиятни ўрганиш, мухолиф фикрдаги одамларни аниқлаш бўлган. “Статистик” маълумот: СССР даврида мамлакатдаги вояга етган фуқароларнинг 1000 тадан 50 таси махсус хизмат органлари билан ҳамкорлик қилган (ёки ҳамкорлик қилишга мажбур қилинган) бўлса, бу рақам Ўзбекистонда икки баробар кўп бўлган (яъни 1000 тадан 100 таси). Бу статистика СССР қулаши арафасида, Горбачёвнинг “қайта қуриш” сиёсати авж олган, совет тузумининг кўпгина сир-асрорлари очилган пайтда пайдо бўлди. Бу бир нарсани яққол кўрсатади: ёлғон (найранг) Ўзбекистонда икки ҳисса кўп бўлган.

Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) КГБнинг мамлакатимиздаги вориси сифатида унинг барча удум ва анъаналарини сақлаб қолди ва тегирмон тошини ўз халқи бошида янада шиддатлироқ юргиза бошлади. И. Каримов ва Р. Иноятовлар шакллантирган МХХ жамиятнинг нафақат ҳар бўғинида бўлаётган суҳбатларга, балки бир тўшакда ётган эру хотиннинг ҳам гапига қулоқ тутишга ҳаракат қилди. Совет КГБси ҳақида “Давлат ичидаги давлат” деган ибора айтилар эди, Ўзбекистон МХХ ҳақида эса ҳозир “Давлат ичидаги давлат эмас, балки давлатнинг ўзи” деган ибора ишлатилмоқда.

И. Каримовнинг энг катта найрангларидан бири, унинг 90-йилларнинг бошида ўйлаб топган “Ўзбекистонга Ислом экстремизми ва ҳалқаро терроризм хавф солмоқда” деган афсонасини амалга ошириш йўлида МХХ минглаб айғоқчиларни масжидларга, диндорлар гуруҳларига, диний ўқув юртларига тиқиб ташлади ва улар ёрдамида ўн минглаб ёшларни қамоқхоналарга жўнатди. Бу айғоқчилар орасида диндорлар ичидан чиққан сотқинлар, масжидлар имомлари оз эмас эди.

МХХ нафақат мамлакат ичидаги диндорларни, балки унинг ташқарисида яшаётган гуруҳларни ҳам назорат қилишга ҳаракат қилди. МХХнинг энг ишонган бўлими – “Президент хавфсизлиги хизмати”нинг вакили, жиззахлик капитан Али Норматов, гарчи ҳамма вақт европача кийимда юришига қарамасдан, 2002 йили ўз қишлоғига салкам киндигигача тушадиган соқол қўйган ва диндорларча кийинган ҳолда кириб келди. Унинг дўстларига айтишича, у яқинда Покистондан келган ва у ерда Ўзбекистондан муҳожиротга кетишга мажбур бўлган одамларни аниқлаш вазифасини бажарган.

Ўзбеклар давлат найрангига шу қадар берилиб кетдики, улар болаларини турли милиция мактаблари, ички ишлар вазирлиги академияси, МХХ ўқув юртларига ўқишга киритиш учун исталган порани беришга тайёр турибдилар, милиция ва МХХга ишга кириш учун минглаб ёшлар йиллаб навбат кутадилар.

Шундай қилиб, И. Каримов найрангига учган ўзбек халқи ўзи учун қамоқхоналар қурди, болаларини милиция ва МХХга берди, бир-бирининг орқасидан пойлади, бир-бирини сотди, Фозил қори, Раҳматулла қори, Анвар қори кабилар минглаб одамлар қаршисида Аллоҳнинг ҳақиқатини эмас, унинг бандаси И. Каримовнинг мадҳиясини сўзлашди, хуллас найрангга ўрганди ва уни ўзининг кундалик ҳаётида бўйинча қилиб кийиб олди.

И. Каримов даврида ўзбек халқи орасидан найранг йўли билан бойлик орттирган ўзбек бойлари қатлами етишиб чиқди ва улар яна бир ёлғон (найранг) – кибрга берилди. Ҳашаматли уй-жойлар, тўй-томошолар, машиналар, бири-бирининг олдида сохта тавозеланишлар – булар ўша найранг (кибр)нинг давоми бўлиб, жамиятдаги бу ҳолат, яъни унинг кескин табақаланиши И. Каримов учун айни муддао, унинг найрангга асосланган сиёсатининг “ғалабаси” бўлди.

Банда табиатига хос бўлган хислатлар орасида, янада тўғрироғи, яхши ва ёмон хислатлар орасида узвий боғланиш мавжуд бўлиб, отам раҳматлик айтганларидек, бу боғланишлар жамиятни ё соғломлаштиради, ё тузалмас касалликка олиб боради. Найранг (ёлғон) кучайган жамият (мамлакат, давлат)да адолат сусаяди ва аксинча. Бу аксиома битта ёки иккита одам учун эмас, жамиятдаги барча одамлар учун тааллуқлидир. Адолат сусайган жамиятда бирдан-бир тарозу одил суд бўлиши лозим, бироқ давлат сиёсати найрангга асосланган шароитда одил судни унга хизмат қилишга мажбур қилинади ва у найранг сиёсатнинг бир қисмига айланади. Шу сабабли римлик файласуф Августин Аврелий IV асрдаёқ ушбу ҳақиқатни ёзиб кетган: “Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади”.

И. Каримовнинг асосий хатоларидан бири ана шу қароқчилар унинг энг содиқ қўллаб-қувватловчилари бўлиб хизмат қилади, деб ўйлаганидир. Қароқчи ҳеч қачон дўст бўлмайди ва давлатнинг таянчи бўла олмайди, чунки унинг ягона мақсади талашдир. Табиий, бу унинг тасодифий хатоси эмас, у бу йўналишни атайлаб, билиб, тушунган ҳолда танлаган. Фақат мақсади, сиёсий ва инсоний нияти, иродаси пок раҳбаргина ўз хатосини тушунишга ва уни тузатишга шошилади. Найранг ва қароқчиларнинг қўллаб-қувватлашига таянишни ўзининг асосий ва қатъий мақсади қилиб олган И. Каримов изчиллик билан ана шу жинояткорона йўлдан борди.

И. Каримов ҳар бир соҳада найранг ишлатди, бироқ муваффақиятга эришмади. Ўн минглаб ёшларни диний эътиқоди учун қамаганлиги, минглаб одамларни қатлиом қилганлиги, ўн минглаб оилаларни барбод қилганлиги, иқтисодни бошдан оёғигача криминаллаштирганлиги, фан ва техникани таназзул этганлиги ва бошқа жиноятлари унинг ғалабаси эмас, балки мағлубиятидир.

И. Каримовнинг

  • ички ва ташқи сиёсатдаги найранглари;
  • қонун чиқарувчи органларни ўз иродасига бўйсундириш йўлидаги найранглари;
  • суд ҳокимиятини ўз иродасига бўйсундириш йўлидаги найранглари;
  • оммавий ахборот воситаларини ўз иродасига бўйсундириш йўлидаги найранглари;
  • иқтисодни оммавий криминаллаштириш йўлидаги найранглари;
  • жамият маънавиятини издан чиқариш йўлидаги найранглари

ва бошқа кўп соҳаларда ишлатган найранглари келажакда фош этилишига мен аминман.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти архивида И. Каримов режими найрангларини очувчи юзлаб ҳужжатлар сақланмоқда ва улар келажакда муқаррар таҳлил қилинажак ва кенг жамоатчилик диққатига ҳавола этилажак.

Менинг қулоғимга эса қўқонлик номаълум отахоннинг ҳазин овозда айтилган:

Ўриснинг байрами кўп,
Ўзбекнинг найранги кўп.

деган икки қатор шеъри ҳамон эшитилиб туради.

Толиб Ёқубов  22 январ, 2007 йил Франция

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.