АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ НЕГА ҚОПИБ ГАПИРАДИ?

                                                   Толиб Ёқубов
3-қисм

Бундай бебурд мақолани ўқигач, одамлар: «Шархлаш ортиқча» – деб қўяқолишади. Мен эса Абдужалилни яхши таниган Абдураҳим Пўлатов, бир пайтлар «Бирлик» учун жонбозлик кўрсатган сафдошини: «қандайдир ўзбек ҳимоячиси», уни масхаралаб «Бойжалил» деб атаётганига муҳтарам ўқувчининг диққатини тортмоқчиман. Ўз сафдоши ҳақида бундай разил гапни айтган одамни шахсан мен сиёсий партия раиси бўлишига, «мен демократия учун курашаяпман» дейишига маънавий ҳаққи йўқ, деб ҳисоблайман. Унинг «пуллик» партияси ҳақидаги баландпарвоз гаплари собиқ сафдошларининг жиғига тегиш билан ўзини овутишдан бошқа нарса эмас.

«Ягона, кучли ва оёққа турган» партияга аъзолар қандай «тўпланганини (пул беришдан ташқари) оддий бир мисолда кўрсатмоқчиман.  «Бирлик» партиясига навбатдаги аъзо йиғиш ўтказилиб, ҳужжатлар Адлия вазирлигига топширилган ва вазирлик ўз навбатида имзоларнинг ҳақиқийлигини текшираётган кунларнинг бирида менинг Тошкентдаги уйимнинг қўнғироғи чалинди. Келган нотаниш одам Адлия вазирлигида ишлашини айтиб, гувоҳнимасини кўрсатди ва мақсадни айтган ҳолда папкасидан қандайдир ҳужжатларни олиб менга кўрсатиб, сўради:

– «Бирлик» паримяси аъзолари Турсуной Якубова, Ориф Эшонқулов ва Эргашев А.С. (гарчи қонунда партия аъзосининг фамилия ва исми-шарифи ҳамда бошқа паспорт маълумотлари тўлиқ ёзилиши талаб этилган бўлса-да, бу шахснинг и.-ш. айнан шундай ёзилган эди) лар сизнинг квартирангизда пропискада турадими? Агар туришса, ким уларнинг имзосини тасдиқлай олади? Ўзлари борми?

Мен рўйхатни кўргач, жавоб бердим:

– Турсуной Якубова менинг хотиним, бироқ у 1985 йилдан бери Жиззахда яшайди, пропискаси ҳам ўша ерда. Ориф Эшонқулов менинг жияним, бироқ у 1998 йил февраль ойида меникидан чиқиб кетган ва биз билан алоқасини узган, ҳозир қаерда яшаётгани менга номаълум. Эргашев А. С.ни мен танимайман, бундай одам менинг уйимда пропискада ҳеч қачон турмаган.

– Балки хотинингизнинг имзосини танирсиз?

– Танийман, бироқ бу имзо уники эмас.

Мен қизимни чақирдим ва «мана шу имзо аянгникими?» –  дея сўрадим. Қизим ҳам имзо аясиники эмаслигини тасдиқлади.

– Шу айтганларингизни ёзиб бера оласизми? – деди вазирлик вакили. Мен ёзиб бердим. Бу сохтакорликни ким ва нима мақсадда қилган бўлиши мумкин? Уни Васила Иноятова қилганлигига ҳеч қандай шўбҳам йўқ: менинг аёлим ва жиянимни фақат у билар эди! Партиянинг Бош котиби сифатида бу уч «аъзо»ни ким рўйхатга киритганини айтиб берсин-чи?! Мақсади нима бўлган? Мен битта нарсага аминман-ки, партияга аъзо тўплаш жараёнини ўтказишдан Васила Иноятованинг мақсади «Бирлик»ни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлган эмас. Унинг асл мақсади – Абдураҳим Пўлатов «хоин» деб эълон қилаётган одамларни (масалан, мени) ҳукумат зарбасига дучор қилиш бўлган. Буни тушуниш қийин эмас: ўша текширувда менинг бирликчилик ҳиссиётим тутиб кетиб, «Ҳа, булар менинг уйимда пропискада туради» – деб ёзиб берсам, бу ёлғон маълумот эканлигини вазирлик ходими туман паспорт столи орқали қийинчиликсиз аниқлаши мумкин эди. Мен Васила Иноятованинг «от юриш»ини дарров фаҳмладим. Мухолиф ташкилот ҳужжатларини вазирлик нафақат ипидан игнасигача, балки игнасининг тешигигача текширишини яхши билган Васила Иноятова мазкур «операция»ни мантиқан қандай тушунтира олиши мумкин? Бу «операция»ни у Абдураҳим Пўлатов билан баҳамжиҳат уюштирганига менинг шўбҳам йўқ.

Абдураҳим Пўлатов «Бирлик» партияси ва «Эзгулик» ҳуқуқбонлик жамиятидан бошқа ҳар қандай ташкилотнинг Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳвол ҳақидаги чиқишлари (халқаро ташкилотларга мурожаатлари, ёзган мақолалари, конференциялардаги нутқлари ва ҳ.)ни «йиғи-сиғи», «дод-вой» деб атайди. У Абдужалил Бойматов ҳақида ҳам айнан шундай ёзган. «Ҳамма нарса таққослашда билинади»  деган принципдан келиб чиқиб, мен ЎИҲЖ ва «Эзгулик» жамиятининг интернет-сайтларда эълон қилинган материалларини бирма-бир, эринмасдан солиштириб чиқдим ва принципиал фарқни кўрмадим. Мен ҳар иккала ташкилот фаолияти билан яхши таниш бўлган мутахассислар фикрини ўргандим ва улардан ҳам юқоридаги баҳони эшитдим. Сўнгра мен Абдураҳим Пўлатов «ижоди» (бир неча сатр юқорида келтирилган қавслар ичига қаранг!)ни ўргандим ва унинг мурожаат ва мақолалари, конференциялардаги нутқлари ўзи айтгандай «йиғи-сиғи» ва «дод-вой»дан иборат эканлигига амин бўлдим. Унинг материаллари сони ЎИҲЖникидан юз баробар кам эканлигини ҳисобга олиб, Абдураҳим Пўлатов ҳам баъзи пайтларда, АҚШда қорни тўйиб яшаса-да, йиғлар экан, деган хулосага келдим.

Латифа.

– Африка қирғоқлари яқинида ҳалокатга учраган кемадан битта семиз хотин маҳаллий қабила одамлари томонидан қутқарилибди. Қутқарганлар хотинни ўз қабила бошлиғига тортиқ қилишибди. Уч ой ўтгач, қабила доҳийси қурултой чақирибди ва сўзга чиқибди:

«Азиз қабиладошларим! Биз йўлбарс овига борганимизда, у менинг баданимни ўзининг ўткир тирноқлари билан йиртиб ташлаганда мен йиғлаганмидим?» – деб сўрабди у. «Йўқ, йиғлаган эмассан, сен бизнинг ягона мард ва қўрқмас лидеримизсан!» – деб бақиришибди қабиланинг барча аъзолари.

«Биз фил овига борганимизда, фил мени ўзининг баҳайбат оёқлари билан эзиб ташлаганда мен йиғлаганмидим?» – дея яна сўрабди доҳий. «Йўқ, сен йиғлаганинг йўқ! Бу атрофда сендан кучли, чидамли ва ақлли доҳий йўқ!» – дея бақирибди ҳамма.

«Биз қўшни қабилага ҳужум қилганимизда, унинг одамлари менинг баданимга юзта найза санчгвнда мен йиғлаганмидим?» – дея учинчи марта сўрабди қабила бошлиғи. «Йўқ, йиғламадинг! Сен мардонавор курашиб, уларнинг барини ўлдирдинг! Сен ягона лидерсан» – деган ҳайқириқлар янграбди яна.

«Нега бўлмаса мен ҳозир сийгани борганимда йиғлайман?» – деб сўрабди у. (Охири).

Синчков ўқувчи Абдураҳим Пўлатов қонхўр ҳукуматни авайлашга, уни юзаки танқид қилишга ҳаракат қилишини сезмай қолмайди. Айни пайтда у бутун нафратини «Эрк» ва «Озод деҳқонлар» партиялари, «Бирлик»дан чиқиб кетган одамлар, деярли барча ҳуқуқбонлик ташкилотлари («Эзгулик»дан бошқа) ва юқорида келтирилган ташкилотлар веб-сайтларига қарши қаратганини очиқ-ойдин кўради. Бу бежиз эмас, албатта. Юқорида келтирилган латифа (анекдот)дан келиб чиқиб, Абдураҳим Пўлатов ҳам қабила доҳийси каби қандайдир касалликка чалингандек кўринади, дейиш мумкин. Қабила бошлиғи учраган касалликдан фарқли ўлароқ бу касаллик медицинада аниқланганми-йўқми айтиш қийин, бироқ мен уни «ҳукуматга хизмат қилиш» касаллиги деб атаган бўлар эдим.

Кўп йиллар давомида демократик ҳаракатда қатнашаётган мухолиф (ЎБХҲ, «Эрк», «Озод деҳқонлар») ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари)га қарши курашда Михаил Ардзиновнинг бир ўзи мамлакат кучишлатар структураларидан кўпроқ иш қилди, деб бемалол айтиш мумкин. Мухолифатни пароканда қилиш бобида Абдураҳим Пўлатов Михаил Ардзиновдан кам иш қилаётгани йўқ. Гарчи Михаил Ардзиновнинг кимлигини ҳозир муболағасиз ҳамма билади, дейиш мумкин бўлса-да, 2007 йил март ойида менга қарши ёзган мақоласида Абдураҳим Пўлатов уни ҳимоя қилганлиги ҳайрон қоларли нарса эмас. Михаил Ардзинов ҳозир қариди, «фаоллиги» сусайган, қилмиши фош бўлган, ва унинг ўрнига бошқа одамни тайинлашда ҳукумат адашмаганга ўхшайди.

Яна Абдураҳим Пўлатов мантиғига қайтсак, уни баъзан тушуниш ҳам қийин.  У «Бирлик»дан чиқиб кетганларни [бундан кейин Абдураҳим Пўлатовга эргашган ҳолда уларни «хоин»лар деб атайверамиз] яна «Бирлик»ка чорламоқда. Масалан, яқинда у бир ватандошимизга: «Толиб ака бизнинг одам. Агар у «Бирлик»ка қайтса, бу мамлакат ичидаги кўп одамлар учун ибрат бўлар эди» – дебди. Мантиқнинг ана шу жойи менга бироз тушунарсиз бўлиб турибди. Абдураҳим Пўлатовга қарата ҳайқиргинг келади: «Ҳой, «буюк тарихий шахс»! Бу одамларни ўзингиз «хоин» деб ёздингиз. Нега энди уларни «Бирлик»ни қўллаб-қувватлашга чақирмоқдасиз? «Бирлик», ўзингиз муттасил таъкидлаб келаётганингиздек, мамлакатда ягона кучли, оёққа турган сиёсий партия эмасми? Васила Иноятова каби чекинмайдиган, қорни тўқ, собитқадам, «пуллик» одамларингиз камми? Улар яна 5-10 йил «Бирлик»да собит туриб беришса, Ислом Каримов режими таназзулга учраб қолар? Ёки кунингиз «хоин»ларга қолдими?».  Янги тушган келинчак бир кунда уч марта кўйлагу-лозимини ўзгартириб уч турлангандай, Абдураҳим Пўлатов ҳам бир куннинг ўзида ўз позициясини уч хил мақомга солади: эрталаб бизни хоин деса, тушда «Бирлик»ни қўллаб-қувватланг» – дея чақириқ билан чиқади, кечқурун эса «Бирлик»ка қайтинг» («Бирлик» атрофида бирлашинг») деб мурожаат қилади. Келинчакнинг кўйлак-лозими одам эътиборини ўзига тортиши мумкин, бироқ Абдураҳим Пўлатовнинг эрталабки муносабати биз «хоин»ларни асло ўзига тортмайди, янада тўлиқроқ айтадиган бўлсак, бизда унга нисбатан нафрат уйғотади. Абдураҳим Пўлатов, масалан, «Толиб ака «Бирлик»ка хоинлик қилди» дейди-ю, аслида «менга хоинлик қилди» демоқчи бўлади.

Абдураҳим Пўлатов Вашингтонда мени ҳақорат қилгач, гўё «ярашмоқчи бўлгандай» [бир одам бир одамни ўлдириб қўйиб «кечирасиз» деган экан] менга уч марта «одам қўйди»: мен билан Анвар ака Усмонов телефонда узоқ гаплашди, тушунтирдим; мен билан уйимда Исмоилжон Дадажонов уч соатча гаплашди, тушунтирдим; мен билан уйимда укаси Абдумажид Пўлатов икки соат гаплашди, тушунтирдим. Акасининг чидамсизлик феълини биладиган Абдумажид менга: «Толиб ака, акам юз фоиз ноҳақ; мен бу гаплардан хабарим йўқ; акам бу гапларни менга айтмаган» деди. Устидан Абдураҳим Пўлатов «а» қилиб юборса ҳам, балки кимлардир «қуллуқ» дейиши мумкин, бироқ мен отам мулла Ёқубнинг тарбиясини олганман. Отам эса мени ҳар қандай ҳақорат ҳамда камситишликка қарши туриш рўҳида тарбияганлар ва ўзлари менга вафотларига қадар бирор марта «сен»сираб гапирмаганлар. Одатда мен Абдураҳим Пўлатовга ўхшаган одамларга: «Сен ҳақорат қиладиган одамлар уйингда сақич чайнаб ўтирибди, ўшаларни истаганингча ҳақорат қилавер» дейман.

Абдураҳим Пўлатов ўзининг 2007 йил мартида ёзган «Толиб аканинг «даҳшатли» ўчи ёки ТЁ операцияси» номли мақоласида «Бирлик» олдида жавоб беришини сезаётган Толиб ака…» дейиш даражасигача етиб борган. Вой, қўрқиб кетдим-ей! «Қўрққаним» шу қадар бўлди-ки, кечалари ухлай олмай қолдим: «Бирлик», нима, КГБми, МХХми ёки Ўзбекистон судими? Ислом Каримов режими менинг устимдан икки марта Линч суди ўтказганини юқорида айтиб ўтган эдим. Мабодо Абдураҳим Пўлатов президент бўлиб қолса, у Ислом Каримов методларини изчиллик билан давом эттириб, бир куни Тоқчилиқ қишлоғидаги муҳташам клубга 200-300 «бирликчи»ни қувиб келиб, менинг устимдан «жамоатчилик» судини ўтказар, балки? Ё «Жаслик»ка жўнатармикин? Қариганимда менга анча қийин бўлди-да! Бироқ мен бир нарсани аниқ биламан: бирор одамга «Бирлик» (ва тарих) олдида жавоб беришга тўғри келса, бу одам шаксиз Абдураҳим Пўлатов бўлади, иншааллоҳ!

Абдураҳим Пўлатов ўша мағзавасида: «Толиб ака уйига келган одамларга, менинг уйимда «Бирлик» ҳақида гапирманглар, дер экан» деб ҳаёсизларча ёлғонни ёзади. Бу ифлос гап Васила Иноятова ташаббуси билан «Харакат» сайтида чиққанига мен аминман. Менинг уйим 1989 йилдан бери бирликчи,
эркчи ва ҳуқуқбонлар учун меҳмонхона бўлиб келган. Мен Аллоҳдан мени қачон бўлса-да Абдураҳим Пўлатов билан ватанда учраштиришини сўрайман. Шу ҳолат юз берса, мен ундан шу гапни айтганимни тасдиқлайдиган ҳеч бўлмаганда битта одамни кўрсатишни талаб қиламан. Кўрсата олмаслигига эса менинг ишончим комил. Абдураҳим Пўлатовда виждондан мисқолча сақланиб қолган бўлса, бу тўҳмати учун у жавоб бериши керак.

Холхўжа Юнус шу пайтга қадар бир лаҳза ҳам «Бирлик»дан юз ўгирган эмас, унинг қилаётган ҳар бир иши «Бирлик» программасида ёзилган. Уни одамлар халқ ҳокими деб аташади. У Ўзбекистонда биринчи бўлиб ҳокимнинг қарорини суд орқали бекор қилдирган бирликчидир. Абдураҳим Пўлатов «Бирлик»нинг кўкрак нишони (значоги)ни аллақачон унутган бўлиши мумкин, бироқ Холхўжа ҳозирга қадар уни тоқади ва у билан ҳоким, прокурор ва милиция бошлиғи олдига киради. Холхўжа мен каби Абдураҳим Пўлатов ва Васила Иноятовадан юз ўгирган, холос.

Мен ҳам шу икки шахсдан юз ўгирганман, чунки  уларни «Бирлик»ка раҳбарлик қилишга нолойиқ одамлар деб ҳисоблайман. Мен уларнинг маънавий қиёфаси қандай эканини яхши ўрганганман – бу қиёфалар халқ ва ватан учун қайғураётган одамлар қиёфаси эмас. Мен аминман, Зоҳид Ҳақназаров, Гулчеҳра Нуруллаева, Ҳазратқул Худойбердиев, Ёдгор Обид, Бахтиёр Ҳамроев, Норбой Холжигитов, Баҳром Ҳамроев ва бошқа кўпгина дўстларимизнинг Абдураҳим Пўлатов партиясига кирмагани улар «Бирлик» ҳаракати ғояларидан воз кечди, дегани эмас. Улар «Бирлик» ғоясига ҳозиргача содиқ эканларини мен яхши биламан.

Абдураҳим Пўлатов «ўзбек мухолифати», «ўзбек диаспораси», «ўзбек зиёлилари» каби қатор тушунчаларни ишлатган ҳолда, уларни бошқа халқлар ёки давлатлардаги шу қатламларга таққослашга ва ўзбекларга ўгит ва кетидан дашном беришга ҳаракат қилади. Бироқ бу соҳада унинг «ягона кучли партияси» мамлакат ичида ва ҳеч бўлмаганда ташқарисида бирор жўяли иш қилаётганини айта олмайди. Масалан, у ўз сайтида «Озарбайжонда бир партия пикет қилса, қолганлари тамошабин» [қаранг: 02.08.2008] номли мақоласида мухолифатининг ҳолати ҳақида ёзар экан, бир партия («Мусават») вакиллари пикет уюштирганда қолганлари   қўллаб-қувватлаш ўрнига ташқаридан тамошабин бўлиб кузатиб турганлари ҳақида ёзади ва ҳамма кучларга «Бирлик»ка бирлашишни таклиф қилади. Сиёсий ва ҳуқуқбонлик ҳаракатларининг яқин беш йиллик тарихини билмаган одам: «Яшасин, Абдураҳим Пўлатов! Қандай жозибали гапларни айтибди-я!» – дейиши табиий. Унинг хатоси ҳам, тўғрироғи, сиёсий айёрлиги ҳам шунда-ки, у одамлар ҳеч нарсадан хабари йўқ, деб ўйлайди ва бу билан ўзининг ҳамда партиясининг ҳаракатсизлигини яширишга ҳаракат қилади. Мана бир мисол. Мазкур мисолдан мақсад англашилиши учун мен дастлаб пикетлар ўтказиш тарихига бироз тўхталишим лозим. Шу сабабли матн чўзилиб кетгани учун мен ҳурматли ўқувчидан узр сўрайман.

1989 йилда ЎБХҲ митинг ва пикетлар ҳаракатини бошлаб берган эди ва у 1989-90 йилларни шиддатли йилларга айлантирди. 1989 йил октябрь ойида бу шиддатдан қўрқиб кетган ҳукумат митингларни ёпиқ жойларда (залларда) ўтказиш ҳақида қонун қабул қилди. Митинглар самараси кескин пасайди, бироқ «пикет» сўзи бирор ҳужжатда қайд этилмагани учун пикетлар уюштириш 1992 йилгача давом этди. Ўзбекистонда салкам ўн йил пикетлар уюштирилмади ва бу ҳаракатни 2001 йил 7 март куни ЎИҲЖ қайтадан жонлантирди. Шу куни мен ва ЎИҲЖ Тошкент шаҳар бўлимининг раиси Елена Урлаева иккаламиз биринчи марта шаҳар ҳокимияти олдида пикетда турдик. 16 март куни мен АҚШга учиб кетганимдан кейин пикетларни Елена ва ЎИҲЖнинг бошқа аъзолари давом эттирганлар. Пикетлар ҳаракати шу қадар тезлик билан кучга кирди-ки, ЎИҲЖ аъзолари ва бизга қўшилган одамлар ҳокимият олдида палаткалар ўрнатишга қарор қилганларида саросимага тушиб қолган ҳукумат Елена Урлаевани ноқонуний равишда руҳий касаллар касалхонасига жўнатди. Кескин курашлар натижасида уч ойдан кейин Еленани озодликка чиқаришга муваффақ бўлдик ва бунда халқаро ташкилотларнинг роли катта бўлди. Пикетларимиз ҳаракати кенгайиб борди, бизнинг ёнимизга оддий одамлар келиб қўшила бошладилар. 2002 йилнинг сентябригача ЎИҲЖнинг беш аъзоси қамоқхона ва руҳий касаллар касалхонасида (Елена Урлаева (иккинчи бор) ва Лариса Вдовина) эди. Шу йили сентябрь ойида яна тўрт аъзомиз қамоққа олинди. Пикетларимиз натижасида ўша йилнинг охиригача ЎИҲЖнинг беш аъзоси озодликка чиқди. Тўрт аъзомиз озодлиги учун курашда барча бошқа воситалар иш бермагач, ЎИҲЖ сурункали пикетлар уюштиришга қарор қилди: 2003 йил 29 апрельдан 23 июльга қадар ЎИҲЖ шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни Бош прокуратура ва Олий суд бинолари олдида пикетда турди. Икки кун, 2 май ва 23 июль кунлари, ЎИҲЖ пикетлари «Интерконтинентал» меҳмонхонаси олдида ўтказилди: 2 май куни шу меҳмонхонада Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки (ЕҚҚТБ) бошқарувчиларининг йиллик кенгаши, 23 июль куни эса ЕҚҚТБ и бошқарувчиларининг Тошкент йиғилиши ўтказилаётган эди. 2 май куни пикетимизда 32 та, 23 июль куни эса 70 дан ортиқ одам қатнашди. Июльдаги охирги пикетимизга Фарғона водийсидан қирқдан ошиқ одам келиб қўшилди. Пикет ўтказилаётган жойга Буюкбритания ва Германия элчилари ва кўпгина бошқа чет элликлар келишди. Натижада ЎИҲЖнинг қамоқдаги тўрт аъзосини ҳукумат бирин-кетин озодликка чиқаришга мажбур бўлди. 29 апрель куни пикетимиз фақат Тошкентда эмас, балки Наманган, Жиззах, Самарқанд, Нукус, Қарши ва Гулистон шаҳарларида ҳам вилоят прокуратуралари бинолари олдида ташкил қилинди. Бу пикетлардан олдин барча вилоят прокурорлари номига хатлар жўнатилди. 2004 йил 15 октябрь, 29 ноябрь – 15 декабрь кунлари ЎИҲЖ Жиззах вилоят ҳокимияти олдида пикетлар ўтказди, бироқ бу пикетларнинг деярли барчасида аъзоларимизга қарши ҳукумат наркоманлар, алкашлар, енгил табиатли аёллар ва лицей ўқувчилари гуруҳларини ташлади, аъзоларимиз қаттиқ калтакландилар, бироқ чекинишмади. 3 декабрь куни пикетга мен ва ўғлим Олим иккаламиз чиқдик, холос, чунки ўша куни бениҳоя совуқ бўлиб, кучли ёмғир ёғиб ва шиддатли шамол эсиб турар эди. Назаримда олти қаватли ҳокимият биносида иш тўхтади: ҳокимият одамлари катта кўчага қараган 200 тача деразалар олдида тўпланган эди. Мен Олимга: «Ҳозир бизга камида 800 кўз қараб турибди. Кўпчилиги: «Ўл-э, анови ахмоқларга қаранг, шундай шароитда ҳам плакат кўтариб туришибди-я!» – дейишаётган бўлса керак. Бироқ ҳеч бўлмаганда биттаси: «Қойилман, шундай шароитда ҳам адолатни талаб қилиб туришибди-я!» – деяётган бўлса, ўша бизнинг ғалабамиз» – дедим. Олим иккаламиз роппа-роса 31 минут тура олдик, холос: совуқ бадан-баданимиздан ўтиб кетди, плакатларимиз латтага айланди, пойафзалимизгача сувга тўлди. Йўлда иккаламизга МХХнинг арматура таёқ ушлаган икки ходими ҳужум қилди. Олимнинг қўрқмасдан ҳаракат қилиши ва атрофда ўткинчиларнинг пайдо бўлиши бизни калтакланишдан сақлаб қолди.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.