Абдураҳим Пўлатов нега қопиб гапиради?

Толиб Ёқубов

4-қисм

Мен бу гапларни мақтаниш учун ёзаётганим йўқ, – Аллоҳ гувоҳ. Менинг мақсадим Абдураҳим Пўлатовдан сўраш, холос: ўша йиллари, ўша кунлари Васила Иноятова, «Бирлик» ва «Эзгулик» қаерда эди? 2001-чи йилни қўятурайлик, 2002 йил 17 февральда тузилган «Эзгулик» 2002-05 йиллари, 2003 йилнинг августида тузилган «Бирлик» партияси нега тамошабин бўлиб қараб турди? Сиёсий махбусларни озод қилиш учун пикетларга чиқса бўлмасмиди?

Жавоб оддий: бўлмас эди, чунки Васила Иноятова ҳеч қачон бўйнига плакат осиб сафда туришни ўзига эп кўрмаган, пикетлар уюштиришга тиш-тирноғи билан қарши бўлган. Балки унинг асл хўжайинлари рухсат бермагандир?

Шубҳалансангиз ушбу фактга эътибор қилинг. «Эзгулик» ташкил этилгандан бир йилдан сал ўтгач, 2003 йилнинг апрелида, ташкилот рўйхатга олинганидан БИР КУН аввал Васила Иноятованинг уйига Адлия вазирлигидан эрталаб қўнғироқ қилишади ва қурултой ўтказиб, ҳужжатларни олиб келишни айтишади. ЎША КУНИ Васила Иноятова «қурултой» чақиради, уни «ўтказади» ва ЎША КУНИ ҳужжатларни вазирликка топширади, эртаси куни эса «Эзгулик» давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақида гувоҳнома олади.

Латифа. Ўта катта тезлик нима? – деб Арман радиосидан сўрашибди. «Агар одам уйнинг 5-чи қавати балконидан «а» қилиб юборса-ю, кўчага зудлик билан югуриб чиқиб, югургилаб магазинга бориб, у ердан шляпа сотиб олгач, югургилаб балкон тагига етиб келиб, ўзининг «а»сини шляпага илиб ола олса, ана шуни ўта катта тезлик дейилади» – деб жавоб берган экан Арман радиоси. (Охири).
«Эзгулик»ни рўйхатга олишда Адлия вазирлиги ва Васила Иноятова кўрсатган тезлик ўта катта тезликданда икки баробар катта бўлган, деб бемалол айтиш мумкин. Қайси осон? Бир кунда қурултой қилиб, ўша куни ҳужжатларни Адлияга топшириб, эртаси гувоҳнома олганими ёки соатлаб совуқда, оёғингдан зах ўтиб, ёки жазирама иссиқда, асфальт салкам эриётган пайтда бўйнингга плакат илиб туришми?

Унинг, юқорида айтиб ўтганимдай, 2005 йил 30-чи майдан 31 га ўтар кечаси митингда қатнашиш учун Фарғона водийсидан келган ва акасининг ҳовлисида дам олаётган 12-13 одамни (бирликчиларни) қуролланган спецназга топшириб юборгани, балки шунинг учундир? Тфу, ЎИҲЖнинг азобли ўша пикетларига! Бети қурсин! «Эзгулик» учун гувоҳнома бериш ЎИҲЖнинг сурункали пикетлари арафасида бўлганини ҳисобга олинса, «Эзгулик» тамошабин бўлиб турганини тушуниш қийин эмас. Мен Абдураҳим Пўлатов билан алоқа қилмасам-да, бу воқеани билсин, – деб, 2005 йил 14 июль куни воқеа (митинг ўтказиш учун келган фарғоналикларни спецназга топшириб юбориш) тафсилотини унга Венадан, Инсон ҳуқуқлари Халқаро Хельсинки Федерацияси офисидан электрон почта орқали юборганман. Жавоб бўлмади. Буларнинг ҳаммасини Абдураҳим Пўлатов яширади, акс ҳолда унинг барча иддаолари пучга чиқади.

«Бирлик» ва «Эзгулик» фаолиятлари ҳақида гапираркан, Абдураҳим Пўлатов нафақат кўп нарсани яширади, балки юзсизларча ёлғон ҳам тўқийди. Мана бунга ёрқин бир мисол («Ҳаракат» сайти, 2 сентябрь): (Парча):
«“Бирлик” ва “Эзгулик” пикет ва шу каби оммавий чиқишларда иштирок этамаётгани ҳам тилга олинди. Менинг жавобим шундай бўлди. Биз ўз вақтида қандай оммавий акцияларга қодир эканлигимизни кўрсатганмиз. Аммо, 53-54 бошчилигидаги хоинлар ёрдамида ҳукумат у ҳаракатларимизни тўхтатган. Халқни қайтадан майдонларга олиб чиқиш осон бўлмайди. Буни тушуниш керак. Биз бунинг устида доим ишламоқдамиз.

Биласиз, “Бирлик”нинг Марказий Кенгаши 2005 йил 30 апрель куни партиямизни рўйхатга олишни пайсалга солаётган ҳукуматга қарши ўша йил 30 май куни 200 кишилик митинг ўтказишга қарор қилди. Июнь охирида 2 минг кишилик, кейинроқ 20 минг кишилик митинг қилиш режамиз борлигини ҳам ҳукуматга билдиргандик. Ҳукуматнинг қандай талвасага тушганини тахмин қилиш қийин эмас. Мен аминманки, айнан “Бирлик”ни тўхтатиш учун ҳукуматнинг ўзи Андижондаги 13 май воқеаларини даҳшатли қон майдонига айлантирди ва буни баҳона қилиб, у воқеаларга ҳеч бир алоқаси бўлмаган “Бирлик”га қарши репрессияларини ҳам ўта кучайтирди. 30 май куни атрофида ўнлаб одамларимиз қамоқларга ташланди, уй ҳибсига солинди. Аммо, шу ҳақиқий оммавий чиқишга уринишимизни ҳам бошқа мухолиф ва ҳуқуқ ҳимоячиси гуруҳлар узоқдан томоша қилиш билан чегараландилар. (Охири).
Бошда Абдураҳим Пўлатов «Бирлик» ва «Эзгулик» пикет ва бошқа оммавий тадбирларда қатнашмаётганини тан олади ва буни тушунтириш учун эса … 1989-92 (!!) йилларга ишора қилади. Унинг бу ишораси иштони йиртиқ аёлнинг: «Уйда менинг шойи иштоним бор» деган гапини эслатади ва иштони йиртиқлигини эркчилардан кўради. У йиллардаги шиддатли митинг ва кўп сонли пикетларни ЎБХҲ уюштирган (буни мен юқорида айтиб ўтганман) ва уларга на «Эзгулик»нинг ва на «Бирлик» партиясининг алоқаси бор! Абдураҳим Пўлатовнинг кейинги гаплари эса ҚИП-ҚИЗИЛ ЁЛҒОН!!! Нега «Бирлик» партияси ва «Эзгулик» жамияти, – 2000 ва 20000 кишилик пикет ёки митингларни қўятурайлик, – 31 май куни 200 кишилик митингини ўтказмади? Балки Абдураҳим Пўлатов: «Ҳукумат Андижонда халқни қирғин қилгани учун митингни тўхтатдик» – дея изоҳ берар? Нега, у ҳолда, Васила Иноятова (яна бир марта такрорлайман) митингда қатнашиш учун Фарғона водийсидан келган 12-13 одамни спецназга топшириб юборган? Келганлари учун ташаккур айтиб уларни уйларига жўнатиб юборса бўлмасмиди?

Ҳикоя. 1960-70-чи йилларда «Жангоб» (Пушкин) паркидаги чойхонада турли вилоятлардан келган аскиячилар гурухлари ўртасида аскиявозлик уюштирилар эди. Бир сафар қарама-қарши қўйилган икки каравотда қўқонлик ва тошкентлик аскиявозлар йиғилишди. Аския айтишни тошкентликлар бошлашди. Уларнинг бири: «Фалончи ака! Қўқонлик йигитларнинг ҳаммасининг буқоғи бўлади, дейишувди, сизнинг йигитларингизда буқоқ кўринмаяпти-я!» дейиши биланоқ қўқонликлар бошлиғи жавоб берди: «Фалончижон! Гапингиз тўғри, қўқонлик йигитларнинг ҳаммасининг буқоғи бор, лекин улар сизнинг ҳурматингизни қилиб буқоғини тагига босиб ўтирибди!». (Охири).
Балки, аниқроғи, «Бирлик» партияси ва «Эзгулик» жамияти ҳукуматнинг ҳурматини қилиб, бир нарсасини тагига босиб ёки қисиб ўтиргандир, ўша пайтда? 200 (!), 2000 (!!), 20000 (!!!) эмиш! Ўзбекистонда «Бирлик» ва «Эзгулик» бошида Васила Иноятова турса, хотирингиз жаъм бўлсин, бу ташкилотлар пикетга 2 (икки) одамни ҳам олиб чиқмайди! Бечора Абдураҳим Пўлатов Озарбойжон мухолифатини танқид қилиб юрибди!

Бироқ Абдураҳим Пўлатовнинг бу мақоласидан шу вақтгача сир бўлиб келган бир ҳақиқатни билиб олдик: Андижон аҳолиси «Бирлик» партияси (ва, демак, «Эзгулик») туфайли отилган экан!! Бу, чамаси, қуйидагича содир бўлган: Андижон воқеаларидан роппа-роса икки ҳафта олдин «Бирлик» партияси МК «31 май куни [«30 май куни», деб «тарихий шахс» адашаяпти – Т.Ё.] 200 кишилик, июнь охирида 2000 ва кейинроқ 20.000 кишилик митинг ўтказиш»га қарор қилган ва буни ҳукуматга билдирган. Табиий, ҳукуматнинг ўтакаси ёрилиб кетган. Каримов зудлик билан Иноятов, Алматов ва бошқа мулозимларни чақиртирган ва оқариб-кўкариб зўрға: «Б…,-Б…,-Б…,-Бирлик 200.000 кишини кўчага о…,о…,олиб чиқар экан!! Булар ҳокимиятни мендан олиб қўйишади-ку!!» – дея олган, холос. Каримов ваҳимаси ўн баравар катта эканини сезган Иноятов мийиғида кулиб қўйган, бироқ  қўрқув зўрлигидан Каримов буни сезмаган. Кўп ва хўп ўйлашган: нима қилиш керак, «Бирлик»ни қандай тўхтатиш керак? 20.000 кишини митингга олиб чиқиш «Бирлик» учун ҳозирги кунда писта чақишдан ҳам осон-ку.
12 май куни давлат раҳбарлари орасидаги бахс энг шиддатли бўлган. Ўша куни Алматов: «Ҳозир Андижонда ҳар куни бир неча минг одам кўчага чиқаяпти. Одамлар анави 23 та тадбиркорнинг одамлари, дейишаётган эди. Бу чиқишлар «Бирлик»ники экан-да! 200 та одам олиб чиқамиз, деб бизни алдашибди-да!» – дея луқма ташлаган. Буни эшитган Каримов қийқириб юборган: «Мана масала қаерда!! Абдураҳим ўзимизники бўлса-да, мен унга ишонмайман. «Бирлик»ми, «Мирлик»ми, менга фарқи йўқ, отиб ташланглар! «Бирлик»ни тўхтатиш керак! Рустам, Зокир икковинг қаёққа қараган эдинг, «Бирлик» яна кучайиб кетибди-ку!». Шунда Иноятов: «Ислом ака, айбни яна «Эрк»ка қўяйликми?» – дея сўраганда Каримов жаҳл билан столни муштлаб бақирибди: «Қанақа «Эрк»? Абдураҳим уни аллақачон йўқ бўлиб кетган, деяпти-ку!! Елкангдаги каллами, ошқовоқми? Топ биттасини анави мусулмонлардан!». Эртаси куни халқни отиб ташлашибди. Абдураҳим Пўлатовнинг ёзишича гарчи одамларни оммавий тарзда кўчага олиб чиқиш осон бўлмаса-да, «Бирлик» раҳбарияти бу масала устида тинимсиз ишлаяпти экан. Тинимсиз ишлайвергандан кейин бир нарса чиқади-да! У ҳақ: апрельнинг охирида: «31 май куни 200, июннинг охирида 2000, кейинроқ эса [йили номаълум – Т.Ё.] 20.000 одам иштирокида митинглар ўтказамиз» деган қарор чиқариб Андижон халқини оттириши унинг биринчи қадами бўлса керак. Сўзсиз, бу – Абдураҳим Пўлатовнинг «ақлли политтехнологияси»дир. Қандай осон-а! «Фалон куни кўчага митинг ўтказгани фалон минг [қанча кўп бўлса, шунча яхши – Т.Ё.] одам олиб чиқамиз» – деб қарор чиқарасан-да, уни ҳукуматга билдирасан [из қолдирмаслик учун оғзаки билдирилади – Т.Ё.], у ёғини ҳукуматнинг ўзи билиб-билиб қилаверади! Энди «Бирлик»нинг, аниқроғи, Абдураҳим Пўлатовнинг кейинги қадами қандай бўлишини кутиш керак. Негадир у чўзилиб кетди

Ўрисларнинг иложсизликни англатувчи: «Пашшани чўктирмоқчи бўлиб сувга олиб бораётганларида, «ичиш бўлса – ичиш-да!» дебди пашша» [«Пить так пить, сказала муха, когда вели ее топить»] деган ҳазили каби Абдураҳим Пўлатов: «ёлғон бўлгандан кейин ёлғондай бўлсин-да!» – дея мана бундай ёзади [такрор келтирганим учун узр сўрайман – Т.Ё.]: «Аммо, шу ҳақиқий оммавий чиқишга уринишимизни ҳам бошқа мухолиф ва ҳуқуқ ҳимоячиси гуруҳлар узоқдан томоша қилиш билан чегараландилар». (Охири). «Тарихий шахс»: «… ҳақиқий оммавий чиқишга уринишимиз» деганда нимани назарда тутаяпти, сиз тушундингизми, муҳтарам ўқувчи? Масалан, мен тушунмадим. «Бирлик»нинг (ва демак «Эзгулик»нинг) «уринишлари» нимадан иборат бўлган экан? Унинг одамлари шаҳар ва қишлоқларда варақалар ёпиштириб чиқишганми? Ҳуқуқбонлик ёки бошқа ташкилотларга хабар беришганми? Матбуотда эълон беришганми? «Мухолиф ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳлар узоқлан туриб тамоша қилиши» учун улар «ягона, оёққа турган партия»нинг ўша ҳаракатларидан хабардор бўлиши керак-ку, ахир! Қарор қабул қилингандан Андижон воқеаларигача бўлган икки ҳафта давомида на «Бирлик» партияси ва на «Эзгулик» жамияти томонидан 200 кишилик митинг ўтказишни қўятуринг, ҳеч бўлмаганда 20 кишилик пикет ўтказиш бўйича бирор ҳаракат бўлган эмас! Яна такрорлайман: Андижон воқеаларигача на «Бирлик» ва на «Эзгулик» БИРОР оммавий чиқишларда БИРОР МАРТА кўринган ЭМАС! Андижон воқеаларидан кейин-чи? Андижон воқеаларидан кейин пикетлар ҳаракатини фақат «Ўзбекистон ҳуқуқбонлар альянси» (унинг ичида ЎИҲЖ аъзолари иштирок этишган) ва Юсуф Жума оиласи давом эттирди, холос. «Мазкур масала устида тинимсиз иш олиб бораётган» Абдураҳим Пўлатов ва Васила Иноятова бошқараётган ташкилотлар-чи? Улар одатдагидай ПИЛДИР-ПИС позициясини мустаҳкам эгаллаб турибдилар.
Пикетлар ҳаракатида (2004 йилдан бошлаб) «Озод деҳқонлар» партияси, Муътабар Тожибоева сафдошлари, ва айниқса, «Ўзбекистон ҳуқуқбонлар альянси» ҳамда Баҳодир Чориев гуруҳи (у пайтда «Бирдамлик» ҳаракати тузилган эмас эди) фаол қатнашдилар. «Эрк» партиясининг бир неча аъзоси бизнинг пикетларимизда бир неча марта иштирок этишди ва бир марта кўча юриши уюштиришди. ЎИҲЖ Жиззахда 2004 йил ноябрь-декабрь пикетларини бошлашидан бир кун олдин менинг Жиззахдаги уйимга «Эзгулик»нинг вилоят бўлими раиси Жамшид Мухторов келди ва: «Толиб ака, пикетга «Эзгулик» тайёр, эртага ҳамма чиқади» – деб мени ишонтирди. Бироқ эртаси куни унинг бир ўзи келди ва: «Толиб ака, Васила опа менга телефон қилиб, пикетга чиқманглар деб буюрди» – деди ва қайтиб кетди. Ана сизнинг муттасил мақтайдиган «Бирлиг»ингиз» ва «Эзгулиг»ингиз, ўртоқ Абдураҳим Пўлатов! Кўринг ва ҳавас қилинг!!!
Бу, балки, сизнинг мақтаниб ёзадиган «политтехнология»нгиздир? ЎИҲЖ нафақат Тошкент ва Жиззахда, балки Гулистон, Самарқанд, Иштихон, Чироқчи ва бошқа жойларда такрор-такрор пикетлар ўтказди, Тошкентда ва Жиззах вилояти Дўстлик туманида фермерларнинг пикетларини уюштирди. Бу пикетлар оддий одамларга ҳукуматдан қўрқмасдан, тинч йўл билан ўз ҳуқуқларини талаб қилиш мумкин эканини кўрсатди ва уларнинг ўзлари норозилик пикетларига чиқа бошлашди. Вазият шу даражагача бориб етди-ки, пикетлар ҳаракати оммавий тус олишга бир баҳя қолди. Бироқ ЎИҲЖ ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган «кучли ва ягона сиёсий партия» топилмади. 2004 йили (сана ва ойи эсимда йўқ) «Фридом Хаус» ташкилотининг офисида етти ҳуқуқбонлик ташкилотлари раҳбарлари йиғилиб, пикетлар ҳаракатида қатнашиш ва ЎИҲЖни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилдилар. Бу йиғилишда Васила Иноятова ҳам қатнашди. Эртаси куни ЎИҲЖ пикетига битта Искандар ака Худайберганов келди, холос. Балки, «Эзгулик» жамияти давлат рўйхатидан ўтиш учун ЎИҲЖнинг пикетларида қатнашмаслик мажбуриятини олгандир ўша пайтда?
Биз ЎИҲЖни ҳар куни «оёққа турган, кучли ва ягона ташкилот» деб мақтамадик, биз – ишладик ва курашдик. Менинг куёвим Азам Фармонов ана шу курашлар туфайли «Жаслик» қамоқхонасида ўтирибди, ўртоқ «тарихий шахс»!

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.