Урғулар тўғри қўйилиши керак!

Толиб Ёқубов

Менинг исломий илмим 5-6 қисқа сураларни ёдлашдан нарига ўтмаган, бироқ мен кўпгина диний уламолардан баъзи нарсаларни эшитганман. Шуни ҳам айтиб ўтишим керак-ки, менинг отам мулла Ёқуб ўз даврларида яхшигина саводхон, Қуръони карим сураларини кучли ва чиройли қироат билан ўқир, қишнинг узоқ тунларида бизга, ўз фарзандларига, китоблар ўқиб берар эдилар.

Кейинги пайтда баъзи ўзбекзабон Интернет-сайтларда «Ислом ислоҳга муҳтожми?» деган мавзу атрофида бахс бораётганга ўхшайди.

Мазкур бахсни ўзини гўёки Ислом дунёси ривожланишдан орқада қолиб кетмоқда, дея куюнгандай қилиб кўрсатишга уринаётган, аслида ҳозирги замон ўзбек демагогларининг энг йирик намоёндаларидан бири бошлаб берди.

Табиатида ҳар бир ўтган-кетганга ҳурадиган кўппакка хослик бўлган мазкур профессорни демагог дейишга тўла асос бор, – буни профессор ўзининг собиқ сафдошларига бўлган муносабатидан англаш қийин эмас.

Назар солсангиз, бу демагог ўз олдига «Ислом дунёсининг ривожланишдан орқада қолиб кетганининг туб сабаблари нимада?» деган саволни қўймайди ва уни чуқур таҳлил қилишни истамайди ҳам. Сиёсатда мурдага айланган бу шахсни 1989-91 йилларда яқиндан билган одамлар унда шаклланган бир изтироб, оғриқ, касаллик бора-бора чуқур бир иллатга айланган хислатини яхши билишади.

Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати (ЎБХҲ) 1989 йили ўз фаолиятининг чўққисига чиққанида бу шахс мамлакатга президент бўлишига шўбҳа қилмас эди. 1990 йил бошида партия тузишга қатъий қарши бўлган бу шахс (мас., мен кўндира олмаганман) кейинчалик бари бир тузилган «Бирлик» партиясини 1991 йили давлат рўйхатидан ўтказилишига тамоман қарши бўлган.

Бунинг натижасида у 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтган президент сайловига яқинлаша олмади ҳам. Бу муваффақиятсизлик профессорнинг психикасида ўчмас ва тузалмас яра қолдирди.

Вақтлар ўтди, унинг амбициялари саробга айлана борган сари у «ўчини» ўзининг собиқ сафдошларига қаратган бўлса, бир пайтда турли йўллар билан Ислом Каримов ҳукуматига «ёқишга» ҳаракат қила бошлади:

  • (а) Ўзбекистонда, оғир шароитда, мустабид тузумга қарши  қўлидан келгунча кураш олиб олиб бораётган демократик ташкилотларни обрўсизлантириш,
  • (б) ўз сафдошларининг яқинларининг ҳукумат томонидан қамалишидан қувонч ва қаноат изҳор этиш,
  • (в) ўз сафдошларининг Хизб ут-Тахрирга алоқаси бор, деб кўрсатиш,
  • (г) ўн минглаб соф мусулмонлар қамоқларда азоб тортаётганларида Исломга тош отиш, – Ўзбекистон ҳукуматига буларданда ёқадиган нарсалар борми?

Мен яна бир марта диний билмим йўқлигини тан олган ҳолда ўзимнинг фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Албатта, фикрларим тўғри, дейишдан йироқлигимни ҳам айтиб қўйишим керак.

Насронийлар китоб аҳли эканини биламиз. Бир замонлар мазкур диннинг баъзи намоёндалари Аллоҳ томонидан туширилган Инжилни динни ислоҳ қилиш мақсадида ёки ўзлари тушунганича ёзганликлари қандай оқибатларга олиб келганини ҳам биламиз. Аллоҳ инсонни яратди-да, бир пайтнинг ўзида уни синаш механизмларини ҳам мукаммал қилди: У бандасига нафақат яхши хисларни, балки унга уни синовчи ёмон иллатларни ҳам кўрсатиб қўйди.  Агар Аллоҳ бандасига гуноҳлари учун биргина Ўзининг қаҳру жазосидан қўрқишни ато этганда эди, у ҳолда инсониятда ҳеч қандай муаммо бўлмас эди. Бироқ У бандасига ҳайвоний қўрқувни, яъни банданинг банда олдидаги қўрқувини ҳам берди. Қалб, иймон ва эътиқод билан ҳис қилинадиган Аллоҳ олдидаги қўрқувдан фарқли ҳайвоний қўрқувни банда фоний дунёда тана, руҳияти, яшаш тарзининг ёмонлашуви каби кўпгина бошқа жиҳатлар орқали сезади.

«Ислом дунёси азалдан қолоқмиди?» ва «Унинг ҳозирги қолоқлигининг туб сабаблари нимада?» деган саволларга ҳозирги замон фани қандай жавоб бериши устида мен қуйидаги мисолни келтирмоқчиман.

2001 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга «Гёте-институт» ташкилотининг таклифи билан Тошкентдаги Ислом университети талаба ва ўқитувчилари олдида бир неча маърузалар қилиш учун АҚШнинг Гарвард университетининг бир профессори келди (афсус исми-шарифи эсимда йўқ).

 

15 сентябрь куни Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Мартин Ҳеккер ўз резиденциясига америкалик меҳмон ва ўзбекистонлик ўндан ортиқ одамни кечки овқатга таклиф қилди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Меҳмон асли суриялик бўлиб, кўп йиллар Германияда таҳсил олган ва университетларда дарс берган, охирги беш йилда эса АҚШда яшаб келмоқда экан. Таом устида қизғин сўҳбат бўлди, исломшунос меҳмонга Ислом тарихига оид кўп саволлар берилди. Хусусан, нега Ислом дунёси ҳозирги замон тараққиётидан жуда орқада қолиб кетган, деган саволга олим батафсил жавоб берганлиги эсимда. Жавобининг бошида меҳмон америкалик бир исломшунос олимнинг (афсус-ки, унинг ҳам исми-шарифи эсимда йўқ) китобидан бир парча келтирди.

Парчанинг мазмуни ушбу эди: «ўрта асрларда Ер куррасига бошқа сайёралардан бир космик кема учиб келса эди, унинг ичидаги онгли мавжудодлар кема Ерга яқинлашганда Ерда ўта ривожланган  катта бир ҳудудни кўрган бўлар эдилар. Бу ҳудуд Ислом дунёси ҳудуди бўлиб, унинг атрофида эса космик меҳмонлар кўзи ривожланмаган варвар қабилалар яшовчи ҳудудларга тушган бўлар эди».

Бу цивилизация қаёққа кетди, деб савол берди АҚШдан келган олим ўтирганларга ва ўзи жавоб берди. Ўнинг айтишича, юксак ривожланишга эришган Ислом дунёси маълум маънода «нозиклашиб» кетган ва унда ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳисси деярли йўқолган.

 

Ислом дунёсида варварлар ҳақида нотўғри тасаввур шаклланган, яъни варварлар бостириб келганда ҳам ривожланишни кўриб лол бўлиб қолишади ва биздан ривожланишни қабул қилишади, деб ўйлаганлар. Ислом дунёсининг инқирозга учраши бир неча ташқи факторларга боғлиқ бўлса-да, бироқ асосий сабаби салб урушлари билан боғлиқдир. Бошқача айтганда юксак ривожланган Ислом дунёсини Европа йўқ қилган ва кейин ҳам у қайта ривожланишига йўл бермаган.

Олимнинг таъкидлашича,Ислом Ҳақ йўлида инсонни юксак чўққиларга олиб чиқадиган таълимот бўлгани, бошқалари эса залолат сари олиб борувчи эканлиги учун Исломнинг душманлари бениҳоя кўп бўлган ва улар унга зарба бериш учун ҳеч нарсадан қайтишмаган. «Ҳалиям мусулмонлар дунёси сабрли, бардошли экан, акс ҳолда у ўз душманларига нисбатан исён қилиб, уларни супуриб ташлаши мумкин эди» деди Гарвард университети профессори.

Мен яқинда инглиз олими Жон Беннет қаламига мансуб «Донолик Муаллимлари» деб номланган асарни ўқиб чиқдим. Асарнинг охирги икки боби Ислом тарихида ўтган ҳамадонлик ва туркистонлик, хусусан бухоролик, самарқандлик ва тошкентлик Донолик Муаллимларига бағишланган. Муаллиф Ўрта Осиё яқин-яқин асрларгача Ислом маркази бўлганлиги, у ҳатто Ислом ватани бўлган араб мамлакатларидан ҳам устунлик қилганини ёзади ва бир пайтнинг ўзида бу ўлкада турли дунёвий фанлар жуда ривожланганига урғу беради.

Туркий мақол «Яхши гапдан илон инидан чиқади, ёмон гапдан мусулмон динидан чиқади» инсонларнинг минг йиллаб кузатишлари натижасида чуқур ижтимоий-сиёсий ва фалсафий ҳикмат сифатида юзага келган. Бу мақол бир томондан Ислом Яратганнинг бандаси учун бениҳоя қатъий, мустаҳкам таълимот эканлигини ва у юксак мантиққа асосланганлигини кўрсатса, иккинчи томондан инсон табиати ва руҳияти зулм, истибдод, ёлғон, адолатсизлик ва бошқа иллатларга чидамсизлигини кўрсатади.

Ҳикоя. Мен ишлаган Тошкент давлат педагогика институти математик анализ кафедрасининг мудири Павел Петрович Логинов динлар, хусусан Ислом тарихини жуда яхши билар эди. Ҳар ҳафта бир кун математик семинардан кейин у бизларга: «Ну, куда пойдем, ребята?» деб мурожаат қилар, биз эса унинг мароқли ҳикояларини эшитиш орзусида: «В кабак!» дер эдик. Бирор сўлим жойни топиб, биз Ислом тарихидан гапириб беришни сўрар эдик. Унинг уй кутубхонасида Ислом тарихи ва фалсафасига оид китоблари кўп эди.

Бир куни, ўлимидан сал олдин, иккаламиз гаплашиб ўтирганимизда, Павел Петрович тўсатдан: «Мен ёш бўлганимда Исломни қабул қилар эдим» деди. Мен ҳайратланиб: «Исломнинг қайси жиҳати Сизни ўз динингиздан воз кечишга ундади?» деб сўрадим. У икки сўз билан жавоб берди, холос: «Его строгость» (Унинг қатъийлиги). Павел Петрович касалхонада вафот этди. У мусулмон бўлиб вафот этдми-йўқми – билмайман.

Барча бошқа динларга чидамлилик намуналарини намойиш қилган Ислом дунёси шафқатсиз тазйиқларга учраган ва ҳозир ҳам учрамоқда: айтиш лозим-ки, нафақат ташқи, балки ички душманлар томонидан ҳам. Шундай ҳолатда нафақат баъзи мусулмонлар динидан чиқади, балки мазкур норозилик ижтимоий психология (кайфият)га айланади. Мас., Фаластин давлати бундан сал кам 60 йил олдин тузилиши лозим эди (БМТ қарорига кўра), бироқ бунга шунча давр ичида Исроил ва Ғарб давлатлари (асосан, АҚШ) тўсқинлик қилиб келмоқда. Соддалаштириб айтганда, ўша пайтлар (5-10 йил ўтгач) адолатсизлик ва чорасизлик туфайли 15-20 та мусулмон «динидан чиққан», яъни қўлига қурол олган бўлиши мумкин. Энди бу феномен, яъни Исроилга қарши кураш Фаластинда ижтимоий психологияга айланди.

Афғонлар 18-19-асрларда Ҳиндистон орқали Ўрта Осиёга кириб келмоқчи бўлган инглизларнинг йўлини тўсган ва улар билан, адашмасам, 50 йил уришишган. 20-асрда Афғонистон ўн йил тиш-тирноғигача қуролланган СССР билан ҳаёт-мамот курашини олиб борди, бу урушда миллионлаб афғонлар ҳалок бўлди. Мана етти йилдир-ки, дунёнинг энг қудратли давлати бўлган АҚШ бошчилигида бутун Ғарб мамлакатлари билан курашмоқда. Мустақиллик ва озодлик учун бўлаётган бу курашда бутун Афғонистон аҳолиси «динидан чиқса» мен ажабланмайман.

Ҳикоя. СССР-Афғонистон уруши даврида мен ишлаган педагогика институтига Афғонистондан қирқтача аспирантлар стажировкага келишди. Улар орасида Ҳабибулла исмли ўзбек йигити ҳам бўлиб, у жуда ҳам камгап эди, гап сўрамасангиз ўзи гапга аралашмас эди. Бир куни кафедрада ўқитувчилар гаплашиб ўтирганларида туюқсинда Ҳабибулла гапга кирди, ҳаммамиз ҳайратланиб уни эшита бошладик (сўҳбат Афғонистон ҳақида эди). У айтди: «Агар сиз бир одамга шу хонани жаннатга айлантириб бериб, унга шу хонадан ҳеч қачон чиқмайсан, деган шарт қўйсангиз, шу хона у одамга дўзахга айланади». Биз унинг фалсафасидан қотиб қолдик, совет мафкурасига ишониб юрган одамлар биринчи марта афғонлар нақадар эрксевар халқ эканини тушунишди.

Буларга (Фаластин ва Афғонистон урушларига) ҳам Ислом айбдорми?

Юқорида эсланган демагог профессор Ислом ислоҳотга муҳтож, мусулмон одамлар ўзини портлатиб бошқаларни ҳам ўлдирмоқда, Ислом шундан бошқа кашфиётни қила олмаган, деган иддао билан майдонга чиқмоқда. Эссиз сиёсатчилик! У масала моҳиятига ё тушунмайди, ёки ўзининг ҳокимиятга эришиш йўлидаги носоғлом амбициялари натижасида Ислом душманларининг тили билан гапирмоқда.

Аллоҳнинг калималари, – Ислом таълимоти, – муқаддас Қуръони каримда мужассамланган. Юқорида айтилгандек, насронийлар ҳам аҳли китоб ҳисобланадилар, бироқ уларга тушган Инжилнинг дастлабки қиёфаси турли одамлар томонидан ўзгартирилган. Ким билади, балки ўша даврларда «Насронийлик ислоҳга муҳтож» деган иддао билан бир профессор чиққанми, ёки Инжилни ўзгартирган одамлар ўзлари тушунган (ёки тушунмаган) қадар, ёинки ўзларига мослаб ўзгартиришганми?

Баъзи тилларда битта сўз урғу турли жойларга қўйилганда турли хил маъно касб этади. Сиёсатда бу эффект айниқса кўп қўлланилади. Сиёсатни ҳалол, тўғри қўллар билан амалга ошираётган одам сиёсатга урғуни тўғри қўяди, Ислом Каримов каби сиёсатчилар эса жамиятни чалғитиш, ўз сиёсатининг нотўғри эканини яшириш учун урғуни бутунлай бошқа нарсага қаратадилар. Исломнинг ислоҳотини талаб қилаётган профессоримиз ҳам урғу масаласида, образли қилиб айтганда, И.Каримов …ган, бу – босган, дейиш мумкин. Мас., ҳижоб масаласини олайлик.

Аёлларнинг ўралиб юриши лозимлиги ҳақида Қуръони каримда аниқ айтилганини биламиз. Келинг, шу масалага ҳозирги замон фани нуқтаи-назаридан ҳам қарайлик. Инсоният соғлом бўлиши учун эркак зоти (аёл зоти ҳам) зарарли эҳтирослардан холи бўлиши керак. Ислом бу масалада бошқа динларга намуна бўлиши мумкин. Баъзи инфузорияларни ҳисобга олмаганда ҳайвонот дунёсида кўпайиш эркак ва урғочи вакилларининг жинсий қўшилишидан юз беради. Бу дунёда бундай ҳолат бир муддатда (мас., қўйларда олти ой, қора молларда тўққиз ой ва ҳ.) фақат бир марта юз беради, бошқа даврда эса ҳайвоннинг эркак зоти урғочисига тамоман бефарқ ва эътиборсиз бўлади. Ҳайвонот дунёсида жинсий алоқа масаласида Аллоҳ гуноҳни нозил қилганми-йўқми, билмайман, бироқ одамзот учун кўз зиносидан тортиб оғир гуноҳларгача белгиланган.

   ҲИКОЯ. Гулистон шаҳрида Дервиш Қодиров (аслида Дервиш Қодр) деган йигитни танир эдим. Унинг отаси ироқлиу араб бўлиб, онаси гулистонлик қрим татар аёл бўлган. Отаси СССРга ўқишга келиб қрим татар қизга уйланиб, уни ватанига олиб кетган. Дервиш мактабни битиргунча отаси вафот этган. Мактабни битиргач, Дервиш «мен она юртимга бораман» деб СССРга келган (опаси арабга турмушга чиққанлиги сабабли онаси Ироқда қолган). Дервиш Қуръони каримни назаримда ёддан билар эди. У Ироқда жума куни мактаб дарси мачитга кўчирилиши, ҳафтада бир кун диний дарс ўтилишини айтар эди. Ўша пайтларда Гулистонда ўқимишли муллалар жуда кам бўлиб, айниқса Рўзи-рамазон ойида ифторликни ўтказадиган муллалар етишмас эди. Мен бир кун Дервишдан: «Сенинг диний илминг жуда яхши, бирор мачитда имомлик қилсанг бўлмайдими?» дея сўрадим. У жавобан: «Менга мумкин эмас, менинг кўзимда гуноҳ бор. Қирқ беш ёшдан кейин имомликка ўтишим мумкин» деди. У назаримда кўз зиносини назарда тутган эди. (Тугади).

Ҳайвонот дунёсидан фарқли инсониятда жинсий алоқа кўп ва пала-партиш бўлиб, бу жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Мас., яқин қонларнинг аралашуви (яқин қариндошлар орасидаги оила қуриш) оғир ақлий ва жисмоний мажруҳликларга олиб келишини фан исботлаган, буни Ислом олимлари ҳам кўп замонлар илгари тушуниб етганлар.

Ҳайвонот дунёсида гавда, очиқ тана шакли ҳеч қандай эҳтирос уйғотмайди, инсониятда эса тананинг тўла ва ҳатто қисман очиқлиги сўзсиз носоғлом эҳтиросни қўзғатади ва ҳеч бўлмаганда кўз зиносига олиб келади. Шундай қилиб, ҳижоб кийиш аёллар ҳуқуқини чеклаш эмас, балки инсониятни зарарли эҳтирослар, пала-партиш жинсий алоқалардан сақлаш ва охир-оқибат унинг (инсониятни) жисмоний, маънавий ва руҳий софлиги, саломатлигини таъминлашга қаратилгандир. Худди шундай, Исломдаги никоҳ, эркакларга тўрттагача (маълум шартлар бажарилганда) хотин олиш, аёлнинг номаҳрам эркаклар даврасида бўлмаслиги, аёлнинг ёлғиз ёки номаҳрам эркаклар даврасида сафарга чиқмаслиги ва кўпгина бошқа ҳаётий жиҳатлар фан, хусусан тиббиёт нуқтаи назаридан тўғри эканини исботлаш мумкин.

Ислом ва демократия мавзуси ҳам бахсларга олиб келаётгани кўпчиликка маълум. Мен ҳам шу мавзу бўйича ўз фикрларимни айтиб ўтмоқчиман. Бундан ўн беш йиллар чамаси илгари мен рус тилида Швецияда чоп этилган, йирик араб исломшунос олимининг (узр, исми-шарифлари унут бўлган) «Жиҳод» номли кичик китобини ўқиганман. Китобнинг бошида муаллиф Исломнинг асосий принциплари, яъни унинг марказий нуқтасини келтирган. Жуда оддий жумлалар бўлишига қарамай, бу принципларда қудратли бир куч жой олганини сезиш мумкин. Мана ўша принциплар:

– ҳеч бир банда иккинчи бандага сажда қилмаслиги керак;

– ҳар бир банда фақат ягона Зот – Аллоҳга сажда қилиши керак.

Шу ўринда мен дедуктив фан ҳақида, бундай фанни билмаган ёки эшитмаган ўқувчи учун қисқача маълумот бериб кетмоқчиман. Мантиқ (логика) ва математика ана шундай фанлардир. Мас., бирор математик назарияни қуриш учун унинг аксиомалари (аксиоматик назария) деб аталувчи бир неча (чекли ёки чексиз сондаги) жумлалар олинади ва улар шу аксиоматик система учун тўғри (рост, ҳақиқат, исбот талаб қилмайдиган) деб ҳисобланади. Бундан ташқари, аксиоматик системанинг яна бир қуроли, яъни келтириб чиқариш қоидалари (КЧҚ) берилади. КЧҚ шундай аппарат-ки, бу аппарат ёрдамида берилган аксиомалардан қандай ва қай кўламда тўғри (рост, ҳақиқат) жумлаларни келтириб чиқариш мумкинлиги масаласи ечилади.

Худди шунга ўхшаш, Исломнинг икки принципини унинг аксиомалари деб қараш мумкин.

Фараз қилайлик, бу икки принцип тўлиқ амал қилаётган инсонларнинг бирор жамияти мавжуд бўлсин. Биринчи принципдан дарҳол шу жамият аъзоларида ҳайвоний қўрқув, яъни бир банданинг иккинчи банда олдидаги қўрқуви йўқолиши келиб чиқади. Бошқача айтганда, шу жамиятда зулм, адолатсизлик ва бошқа иллатлар бўлмайди; одамларда фақат битта қўрқув, яъни қилмишлари, иллатлари учун Аллоҳнинг жазосига учраш қўрқуви қолади, холос. Кўриниб турибди-ки, шу икки оддий принципдан инсоннинг барча ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамиятнинг соғломлиги, яъни иллатсизлиги келиб чиқади. Савол туғилади: мазкур икки принцип асосида шаклланган жамиятда ҳеч бир одам иккинчи одам олдида сажда қилмаса, у ҳолда одамлар орасидаги муносабат қандай бўлади? Аллоҳ бандасини дунёга келтирганда уни қандайдир хислатлар билан яратади: бир бандаси ақл-фаросатли, иккинчиси жисмоний паҳлавон ва ҳ. Агар банда ўз хислатларини инсонларга яхшилик қилишга қаратган бўлса, у ҳолда бу банда ҳурмат қилинади.

Отамнинг ҳикоялари. Ҳар қандай банда ўз табиатидаги иллатлар даражасига кўра икки зот, – фаришта ва иблис, – орасида туради: унинг иллати қанча кам бўлса, у шунча фариштага, иллати қанча кўп бўлса, шунча иблисга яқин туради, бироқ тўлиқ фариштага ёки иблисга айланган одам бўлмайди, дер эдилар отам. Бу фикрни давом эттириб, отам: «Жамият ҳам оғиб туради; унда фариштага яқин одамлар қанча кўп бўлса, жамият фаришта томонга оғади, акс ҳолда эса шайтон томонга оғади» дер эдилар.

Жамиятнинг фариштага яқин ҳолатига қандай эришиш мумкин? Умуман, эришиб бўладими?

Жавобнинг яққол кўзга ташланадиган жиҳати ушбудир: куч ва зулм билан, мажбурлаб буни амалга ошириб бўлмайди. Уламоларнинг айтишларича, инсонга фақат ўзини ислоҳ қилиш буюрилган. Жамиятни инсон томонидан ислоҳ қилишга уриниш албатта зўравонликка олиб келади ва, демак, жамиятни ислоҳ қилиш учун ягона йўл – даъват йўли қолади, холос.

Яна математика тилига ўтамиз. Бу фанда абстракт (мавҳум) автомат (уни баъзан «қора қути» ҳам дейишади) тушунчаси мавжуд бўлиб, у ҳар қандай бир ҳаёлий қурилма шаклида тасаввур этилади. Автомат:

– турли хил ички ҳолатлар;

– информация кирувчи ва информация чиқувчи каналлар ва

– унинг фаолияти (ишлаши)ни таъминлайдиган программасидан иборат бўлади (жуда соддалаштириб айтилганда). Ҳар бир вақт моментида ишлаётган автомат қандайдир бир вазиятда бўлади. Программа буйруқлардан иборат бўлиб, автомат ўз ички вазиятини шу буйруқлар асосида ўзгартириб туради. Тикув машинаси, компьютер, қўл телефони ва бошқа сон-саноқсиз қурилмалар автоматлардир. Одам ва жамиятни ҳам мураккаб автоматлар деб ҳисоблаш мумкин. Автоматлар назариясининг асосий масалаларидан бири шундай: маълум бир ички вазиятда бўлган автоматни иккинчи бир вазиятга ўтказувчи унинг программасида буйруқлар кетма-кетлиги мавжудми? Бу саволни, мас., Ўзбекистондаги жамиятга нисбатан айтайлик. Шу сатрлар ёзилаётган вақт моментида Ўзбекистон жамияти маълум бир ички вазиятда турибди. Уни, мас., демократик давлат вазиятига ўтказа оладиган программа топиш мумкинми?

Ислом дунёси пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳисалом (с.а.в.) ҳаётларининг охирги ўн йиллари ва тўрт халифалар пайтида Ислом демократияси деб аталмиш жамиятни ярата олганлар. Бу жамият Исломнинг юқорида айтилган икки принципи тўлиқ амал қилган жамият бўлган. Ижтимоий ва бошқа иллатларнинг минимумга туширилиши бу жамиятда мусулмончилик дейилган. Демак, Аллоҳнинг буюрган амалларига тўлиқ риоя қилиш ва буюрмаган амаллардан тўлиқ воз кечиш жамиятни мусулмончиликка олиб боради.

Мен 90-чи йилларда ва ҳатто 2000-чи йилларда ҳам бу ҳақда интервьюлар (хусусан «Озодлик» радиосига) берганман ва ёзганман. Кези келганда шуни ҳам эслатиш керак-ки, кимдир, Европа ва Марказий Осиё мамлакатларини саёҳат қилгач: «Европада мен мусулмончиликни кўрдим, бироқ Исломни кўрмадим, Марказий Осиёда Исломни кўрдим, бироқ мусулмончиликни кўрмадим» деган экан. Мазкур фикрнинг ҳар иккала қисми ҳам нисбий ҳақиқатдир, холос. Ислом демократияси кейинчалик унинг душманлари томонидан йўқ қилинган.

Ҳар қандай ҳокимият мажбурлаш (босим ўтказиш) аппаратидир. Буни яхши тушунган Ислом душманлари халифаликлар ўрнига подшоликларни, яъни ички душманларни юзага келтирганлар.

Ҳозирги пайтда Ислом демократиясига қайтиш реалликми? Йўқ, реаллик эмас! Сабаби қаерда?

  • Биринчидан, Ер юзида Ислом демократиясига сал бўлса-да ўхшайдиган мамлакат йўқ. Ҳатто ўзини Ислом мамлакати деб ҳисобловчи араб мамлакатлари ҳам ундан бениҳоя узоқ бўлиб, Ўзбекистонга ўхшаш мамлакатлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
  • Иккинчидан, «мусулмон» давлатлар орасидаги иқтисодий, сиёсий, маданий ва маънавий фарқлар шу қадар катта-ки (мас., бир томонда араб шайхлари нефтни сотишдан тушган беҳисоб пулларга кўмилиб ётганда иккинчи томонда дастлаб СССРдай қудратли давлат, ҳозирда эса АҚШ бошчилигидаги бутун Ғарб давлатлари билан уришаётган қашшоқ Афғонистон), бу ҳолат Ислом душманларига жуда қўл келади ва улар Ислом цивилизациясини тиклашга йўл бермайдилар.
  • Учинчидан, собиқ СССРнинг мусулмон ҳудудларида Исломнинг аҳволи ўта аянчли. Мас., темурийлардан кейин майда хонликларга бўлиниб кетган Марказий Осиёда бўлган венгр сайёҳи ва олими Г.Вамбери хонлар ўз давлат ва давлатчаларида ўрнатган тартибни «ҳатто бир тўшакда ётган эру-хотинлар ҳам бир-бирига ишонмас эди» дея таърифлаган. Хонлар ўрнига келган рус мустамлакачилари Марказий Осиёда биринчи навбатда Ислом қадриятларига зарба беришга интилганлар, большевиклар эса бу ҳудудни ҳам Худосиз қилишга эришганлар. Ислом Каримов каби энг янги тарихда ҳукм сураётган марказий осиёлик давлат раҳбарлари ўз сиёсатларига яна Исломга қарши курашни асос қилиб олдилар. Тўлиқ МХХ назорати остида турган Бухоро диний мадрасаси ва Тошкент Ислом университети ҳозирги пайтда кимларни етиштириб чиқармоқда?

Тўртинчидан, …

Бешинчидан, … ва ҳ. Шундай шароитда Ислом цивилизациясига қайтиш ҳақида гап бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ.

У ҳолда тарихда ўтган Ислом цивилизацияси билан бутунлай хайрлашиш керакми? Албатта, йўқ. Ноумид – шайтон. Менинг назаримда, «мусулмон» давлатлари бу йўлда дастлаб Ғарб демократиясининг бирор формасини бошидан кечириши керак. Инкор этгани шошманг!

Ислом нуқтаи-назаридан Ғарб демократияси номукаммал, зарарли ва охир-оқибат тушкунликка олиб борувчи тузумдир. Бироқ, мас., Ўзбекистонда умуман асари ҳам кўринмайдиган жиҳатлар бор-ки, улар демократик тузум шаклланган мамлакатларда яққол ишлаб турибди. Мас., бу мамлакатларда коррупция, ўғрилик, таъмагирлик, порахўрлик ва ҳоказо ижтимоий иллатлар минимум даражасига туширилган. Инсонлар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини билади, давлат эса ўша ҳуқуқ ва эркинликларни ҳурмат қилади ва таъминлайди.

Одамлар психологияси шу қадар муътадиллашган-ки, мен, мас., Францияда икки ярим йил яшаб, ҳали бирор марта на кўчада, на бир жамоатчилик жойида ва на транспорт ичида икки одам уришиб турганини кўрмадим, бир одам бир одамни ўлдириб қўйганини эшитмадим, бирор одам иш ҳақини ололмаганидан зорланганини билмадим. Францияда инсонларнинг хушмуомилалиги одамни лол қолдиради, касалхоналарда инсонга гулни парвариш қилгандай муносабатда бўлишади. Бошқача айтганда, бу мамлакатларда мусулмончилик элементлари яққол кўзга ташланади.

Машҳур италян ҳайкалтароши Микеланжелодан: «Сиз бундай нафисликка қандай эришасиз?» деб сўраганларида, у: «Мен бир харсанг ёки мармар тошни оламан-да, ундан барча ортиқча жойларини олиб ташлайман» деб жавоб берган экан.

Ғарб демократиясининг, сўзсиз, анча ортиқча жойлари бор. Ўзбекистондаги сиёсат, иқтисод, фан, маданият, дин, санъат, инсон ва жамият психологияси (ва ҳ.)нинг йиғиндисини ўн қаватли баҳайбат харсанг тош каби қараб, унинг ортиқча жойларини олиб ташласангиз, нўхотдай бир нафис тошча қолади, холос.

Ўзбекистон (мас.) аввал нафислиги ҳам, ортиқча жойлари ҳам кўп бўлган тузумга кириши, унга ўрганиши лозим. Бу биринчи қадам бўлиб, уни мамлакатда мусулмончилик элементларини шакллантириш даври, деб аташ мумкин. Бир пайтнинг ўзида дин намоёндалари Ислом демократияси моҳиятини тўғри тушуниб, уни амалга ошириш йўлида ҳар қандай зўравонликка ўтишдан воз кечишлари лозим.

Ўзбекистондаги зўравонлик сиёсати ноғорасига ўйнаётган дин намоёндалари мачитларда, бу сиёсатни рад қилганлари эса қамоқхоналарда ўтирибди ёки чет элларда муҳожиратда юришибди. Ислоҳ Исломга эмас, балки сиёсий тузум намоёндалари ва уларнинг ижтимоий буюртмасини бажараётган ва мачитларда шу тузумни кўкларга кўтариб намозхонлар олдида маъруза қилаётган «диндор»ларга тааллуқлидир. Менинг назаримда урғу ана шундай қўйилиши керак.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.