ХУКУМАТ-ТУЛКИ

Муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола этилаётган қуйидаги сиёсий сатира руҳида ёзилган мақола 2009 йилнинг ёзида ёзилган бўлса-да, бироқ у тарқатилмасдан қолиб кетган эди. Мазкур мақола актуаллигини йўқотмаган, деб ҳисоблаб, мен уни муҳтарам ўқувчилар ҳукмига юборишга жазм этдим.

Толиб Ёқубов

ХУКУМАТ-ТУЛКИ

Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши курашмоқчи эмиш!

Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясини ратификация қилганини (29.07.2008 й.) эшитиб, ногаҳон бир воқеани эсладим.

Тошкент давлат педагогика институти математика факультетида бир кафедра мудири бўлиб, у саводсизлиги туфайли кўп ҳолларда кулгига дучор бўлар эди. Унинг бу мансабга эришганига сабаб яқин қариндоши Ўзкомпартия Марказий Комитетида ишлаши билан боғлиқлигини ҳамма билар эди. Факультет декани у билан бир гурухда ўқиган, бироқ курсдошидан фарқли ўлароқ талантли математик эди. Бир пайтга келиб кафедра мудири студентлар учун дарслик ва ўқув қўлланмалари ёза бошлади (бошқа ҳаммуаллифлар билан ҳамкорликда). Бу ҳол кўпчиликни ҳайратга солди ва ўзаро муҳокамалар ҳам бўлиб турди. Шундай муҳокамаларнинг бирида декан: «Менинг курсдошим институтни зўрға «уч»га битирган эди, бироқ унинг таланти 39 ёшидан бошлаб очилди» – дея ҳаммани кулдирди.

Чамаси, мустақил Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам «таланти» 18 йилдан кейин очилганга ўхшайди.

Жиддийлашадиган бўлсак, масаланинг энг кулгили жиҳати шунда-ки, коррупцияга қарши курашни ҳукумат … Бош прокуратурага топширибди!

Ўзбекистондаги реаллик матал тилида

Бор эканда, йўқ экан,Оч эканда, тўқ экан.Айни ҳозир замонда,Даҳшатли бир ўрмонда,Аждарҳо султон экан,Нафсиям ўпқон экан.Наъраси алла экан,Ҳаёти ялла экан.Бўри баковул экан,Тулки ясовул экан,Қарға қақимчи экан,Чумчуқ чақимчи экан.Қирғовул қизил экан,Қуйруғи узун экан.Аксар жонзод қул экан,

Ҳалоли тутқун экан.

Югурдак қарға экан,

Сиртлон бадарға экан.

Маталнинг анъанавий қисмидан бошқасини мен тўқиганман (Т.Ё.)

Бор эканда, йўқ экан,Оч эканда, тўқ экан.Айни ҳозир замонда,Ўзбекистон дегич маконда,Президент мутлоқ экан,Мақсади – ютмоқ экан.Нутқи ёлғон бўларкан,Бўйинчадай кияркан.Прокурор баковул экан,Миршаб ясовул экан.Ҳоким қақимчи экан,Посбон чақимчи экан.МХХ “қизил” экан,Қўллари узун экан.Халқ чеккани дард экан,

Муслим занжирбанд экан.

Бўйин эгган юраркан,

Эгмаган – четга сураркан.

Реалликнинг ҳаммасини мен кузатганман ва бу мақолада келтирганман (Т.Ё.)

Иккинчи графада:Посбон–ҳукумат органлари томонидан айғоқчилик қилиш учун ёлланган маҳалла фуқароси;МХХ “қизил” экан – бу ташкилот “қизил” СССР КГБ (Комитет государственной безопасности)сининг бевосита вориси эканлиги урғуланмоқда;

Мазкур маталбошига эътибор берган бўлсангиз, унда одатдагидек: «Ўтган қадим замонда» дейилаётгани йўқ, балки: «Айни ҳозир замонда» дейилмоқда, яъни сиз билан биз яшаб турган давр тилга олинаяпти.

Маталбошидаги «Даҳшатли ўрмон» иборасини «Ўзбекистон» сўзи билан алмаштирилса моҳият ўзгармаслигини ҳам тушуниш қийин эмас, ундан кейинги иборалар мамлакатимизда бор бўйича «мана ман» деб турибди.

Бироқ мен эртак ёзмоқчи эмасман. Мен Ўзбекистондаги реал ҳаёт, ахвол ва муносабатлар ҳақида ёзмоқчиман.

Ўзини ҳурмат қилмаган ҳукумат

Ўзбекистон ҳукумати ўзини ҳурмат қилганда эди, коррупцияга қарши курашни айнан прокуратурадан бошлаши лозим эди. Прокуратура мамлакатнинг ҳукумат қабул қилган, барчага баробар бўлган ҚОНУНларнинг ҳар қандай оддий фуқаро томонидан ҳам, давлатнинг ҳар қандай мулозими томонидан ҳам сўзсиз бажарилишини НАЗОРАТ ҚИЛИШ органи ва, демак, шу мамлакатнинг энг нуфузли идораси, дея тушунилади. Бироқ…

Ҳукумат яширишга қанча уринмасин, айнан прокуратура мамлакатимизда ЭНГ КОРРУПЦИЯЛАШГАН ташкилот эканлиги барчага маълум ва бу иддаони исботлаш учун исталганча мисол келтириш мумкин.

Ҳукумат коррупцияга қарши курашни нафақат Бош прокуратурага топширган, балки бу “кураш” йўлини аниқлаб берадиган МИЛЛИЙ ДАСТУР (МД) ҳам қабул қилибди. Худди тергов органлари ва жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМ)да ҚИЙНОҚларни тўхтатиш учун МД қабул қилгандай! Ҳуқуқбонлар, адвокатлар, таҳлилчилар ва ҳатто ҳуқуқ-тартибот органларининг баъзи ходимларининг айтишича, 2003 йилда ушбу МД қабул қилингандан кейин тергов органлари ва ЖИЭМларда махбусларни қийноққа тутиш ИККИ баробар кучайган. Ана сизга МИЛЛИЙ ДАСТУР! Кўзбўямачиликнинг айни ўзи!

Бу кўзбўямачилик ҳукуматга нимага керак? Жавоб юзада турибди: одатда, ҳар қандай ҳукуматга таъсир ўтказадиган икки асосий КУЧ мавжуд. Бири – мамлакат Конституциясида қайд қилинган ХАЛҚ, иккинчиси – ДУНЁ (халқаро) ЖАМОАТЧИЛИГИ. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига кўра ХАЛҚ – давлат ҳокимияти (бошқаруви)нинг ЯГОНА МАНБЪАсидир. На президент, на Вазирлар Маҳкамаси, на Бош прокуратура, на ИИВ, на МХХ, на Суд ва на Қуролли кучлар (Армия) давлат бошқарувининг манбаъси бўла олмайди. Халқ сайловларда ўз ихтиёри билан ўзи қилиши лозим бўлган бошқарув ишларини юқорида саналган инсон ва ташкилотларга ишониб тақдим этади, улар эса халққа ХИЗМАТ қилиши лозим.

Амалда-чи? Ўртоқ Ислом Каримов 90-чи йиллар бошида давлатчиликни ташкил этаётган пайтда мамлакат Конституциясининг 1-моддаси (Ўзбекистон – мустақил ДЕМОКРАТИК республика)га ҳурмат билан ёндошганда эди, амалда ҳақиқатан ХАЛҚ мамлакатда асосий кучга айланар эди. Бироқ ўртоқ И.Каримов қип-қизил коммунист бўлганлигини унутмасак, у халқни ҳеч қачон УЧ ПУЛга ҳам олмаганлигини, сайловдан кейин у халқни тамоман унутганини ва барча давлат мулозимларига: “Мана ҳокимиятни эгалладик, мана ҳақсиз-ҳуқуқсиз халқ, мабодо у ҳақ-ҳуқуқини талаб қилса СИНДИРАСАНЛАР. Синдиришнинг бошида шахсан менга бўйсунадиган МХХ туради. “Қонун устиворлиги” деган бемаъни гапни нафақат халқ, прокуратура ҳам калладан чиқариб ташлаши керак” деб ўгит берганини тушуниш мумкин.

Шунда ҳукумат ҳадиксирайдиган битта куч қолади: ХАЛҚАРО ДЕМОКРАТИК ҲАМЖАМИЯТ. Ҳар қандай давлат, ҳатто энг примитиви ҳам, бу куч билан ҳисоблашишга мажбур. Бу ҳамжамиятда қонун устиворлиги йўлга қўйилганидан эмас, балки ҳар қандай давлат у ёки бу даражада мазкур ҳамжамият билан иқтисод, маданият, илм-фан, спорт ва бошқа кўп соҳаларда бориш-келиш, олди-берди, ўрганиш-ўргатиш ишларини йўлга қўйиши керак.

Бироқ, ҳукуматнинг бети ва кети аллақачон бир хил бўлиб қолганидан келиб чиқилса, унинг бу ҳаракати, яъни 18 йилдан кейин баданининг “Коррупцияга қарши кураш” деган жойи бирдан ҚИЧИБ қолгани фақат халқаро демократик ҳамжамиятни лақиллатиш йўлидаги навбатдаги найрангидир.

Буюк рус масалчиси И.А.Крилов ўзининг «Деҳқон ва Тулки» масалида деҳқон тулкини уялтирмоқчи бўлиб айтибди: «Бу нима қилиқ – товуқларни ўғирлаш! Ҳамма сени қоралайди. Уят-ку, бу қилиғинг! Кел, қўй, ташла бу одатингни. Товуқларимни қўриқлашга менга ишга ўт. Ўғри тулкилар найранглари ҳаммадан кўра сенга маълум. Қорнинг ҳам тўқ, овқатинг ҳам ҳалол бўлади». Келишишибди. Ўша пайтдан бошлаб тулки товуқхона қўриқчиси бўлибди. Деҳқон – бой, ўзининг иши яхши, қорни тўқ. Лекин … ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, тез орада ҳалол ҳаёт тулкининг жонига тегибди ва қоронғу кечани пойлаб, хўжайиннинг барча товуқларини буғизлаб кетибди.

Буюк масалчи бундан шундай хулосага келади:

«Ким сотмаса виждонни,

Ҳурмат қилса қонунни,

Қанча бўлмасин муҳтож,

Бўлганда ҳам эҳтиёж,

Ўғирламас , алдамас.

Бироқ, бил-ки, ўғрига,

Ҳар қанча бер, – ишламас,

Ўғрилигин ташламас”. (Таржима меники – Т.Ё.).

Коррупция, порахўрлик, товламачилик, халқ ва давлат мулкини ўғирлаш ва бошқа ижтимоий иллатлар ҳукумат идораларида шу қадар болалаб кетган-ки, бу мулозимлар масалдаги ТУЛКИ сингари ҲАЛОЛ ҲАЁТга кўника олмайдилар.

Буюк масалчи асрлар оша инсофсиз, ўғри, муттаҳам ва каззоб ҳукуматлар ТУЛКИтабиат бўлишини кўрган ва ўз масалларида ёзиб кетган. Ҳақиқатан, Ўзбекистон мисолида биз нимани кўрамиз? Деҳқон – бу ХАЛҚ, у тер тўкиб ишлайди, моддий, маданий ва бошқа бойликлар яратади; ТУЛКИ – бу президент, унинг атрофи, прокуратура, милиция, МХХ, суд, ҳокимлар ва ҳоказо, яъни ХАЛҚ ёллаган, ишга қабул қилган шахс ва ташкилотлар; ТОВУҚлар – бу халқ бойлиги.

Коррупцияга қарши курашаётган прокуратуранинг негадир нафаси чиқмайди

2009 йил 23 мартда “Эзгулик” ҳуқуқбонлик жамияти ўзининг 12-сон пресс-релизида Тошкент ш., Юнусобод тумани ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғининг собиқ ўринбосари Адҳам Эгамбердиев хатини эълон қилди. Мазкур хатда у ҳуқуқ-тартибот, прокуратура ва суд органларининг қуйидаги мулозимларига “улашган” пораларини келтиради:

(1) Тошкент ш. ИИБ бошлиғи К.Накибовга -12.000$;

(2) Юнусобод туман прокуратураси терговчиси Ўктам Муродовга 2.700$;

(3) Тошкент ш., Собир Раҳимов туман ИИБ катта терговчиси Ҳамид Раҳматуллаевга 3.000$;

(4) Ж/и бўйича Тошкент ш., Юнусобод туман суди судьяси Умид Давроновга 5.000$;

(5) Ж/и бўйича Тошкент ш. суди судьяси А.Қодировга 4.000$;

(6) Тошкент ш., Миробод туман прокурорининг катта ёрдамчиси Фурқат Расуловга – 2.000$;

(7) Тошкент ш., Юнусобод туман ИИБ терговчиси Ғолиб Азизовга 2.000$;

(8) Ж/и бўйича Тошкент ш., Юнусобод туман суди судьяси Г.Туляшовага 2.000$;

(9) Ж/и бўйича Тошкент ш. суди судьяси Б.Азизхўжаевга 5.000$;

(10) Судьялар Б.Азизхўжаев, Ш.Шораҳметов ва А.Асроровга 3.000$;

(11) Тошкент ш., Бектемир туман ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғи М.Халиловга 3.000$;

(12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси солиқ, валюта жиноятларига қарши кураш ва ноқонуний даромадларни очиш Департаменти Тошкент ш. бўлими ўринбосари Зокир Ибрагимовга 2.000$.

Булар давлатнинг реал лавозимларини эгаллаб турган реал шахслардир. Улар орасида коррупцияга қарши курашга бел боғлаган Бош прокуратура системасидаги шахс ҳам, оёғи остида (подвалда) минглаб бегуноҳ инсонлар азоб чеккан ва чекаётган Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи К.Накибов ҳам бор. Қани Бош прокуратура? Қани у тузган комиссия? Қани коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий Дастур? Йўқ, улар! Кўринмайди! Сабаби? Сабаби оддий: улар ҳозир столнинг тагида пул санашаяпти! К.Накибов, У.Давронов, Б.Азизхўжаев, М.Халилов ва бу жиноий гурухнинг бошқа иштирокчилари товламачилик билан ундирилган пулларни санашмоқда! Бир туман ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғи ЎРИНБОСАРИ пора беришга 55.000$ дан кўп сарфлаган бўлса, ўзига ҳам 500.000$ қолгандир?!

Нега стол тагига кириб санашаяпти, дейсизми? У ҳолда ўзингизга савол: нега тулки деҳқоннинг ҳамма товуқларини қоронғу кечани пойлаб буғизлаб кетган? Бундай пайтда Бош прокуратура «2.000 ёки 3.000$ берасан» деб пачакилашиб ўтирмайди: у юқорида фамилиялари келтирилган мулозимларни ҳам, пора улашган Адҳам Эгамбердиевнинг ўзини ҳам «уч қоққан кунжутдай” қилади, яъни бор-будини шилиб олади – хотирингиз жаъм бўлсин!

“Жиноят кўриниб турибди-ку: биринчидан, маълумотни давлат рўйхатидан ўтган ташкилот эълон қилаяпти; маълумот ҳали ҳам ташкилотнинг сайтида турибди; иккинчидан, Адҳам Эгамбердиев порахўрларни номма-ном, иш жойлари ва лавозимларини кўрсатган ҳолда санаб берган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси бу ҳақда нима дейди? ЖПКнинг “гапи” унинг 322-моддасида айтилган – мана у:

322-модда (Жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари)дан кўчирма:

Жиноят ишини қўзғатиш учун:

2) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар берган хабарлар … САБАБ бўлади. Жиноят белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар жиноят ишини қўзғатиш учун АСОС бўлади. (Кўчирма тугади).

“Эзгулик” давлат рўйхатидан ўтган ва, демак, расмий жамоат бирлашмаси ҳисобланади ва у юқорида фамилияси келтирилган 12 лавозимли шахслар кимдан ва қанча пора олиб жиноят содир этганлари ҳақида маълумот-хабар бериб, бу лавозимли шахсларга нисбатан ж/и қўзғатиш лозимлигининг САБАБИни кўрсатган. Адҳам Эгамбердиевнинг “Эзгулик” ташкилотига топширган аризаси ж/и қўзғаш учун АСОС бўлади, чунки у ўз аризасида жиноят белгиларини аниқ кўрсатган. Бошқача айтганда, юқорида айтилган 12 та лавозимли шахсларга нисбатан ички ишлар (милиция) терговчиси 10 кун ичида ж/и қўзғатиши лозим эди. Бироқ ҚЎЗҒАТИЛМАДИ! Нега?

Авторитар, ва демак коррупциялашган, қонунлар ишламайдиган сиёсий режимлар табиатидан келиб чиқсак, прокуратура (ҳуқуқ-тартибот органи ҳамда давлат хавфсизлиги хизмати ҳам) келиб тушган маълумотга кўра ж/и қўзғатишдан олдин содир этилган жиноятни текшириб АДОЛАТни тиклашга эмас, балки аввало ушбу икки масалага эътибор қаратади: (1) ж/ишни қўзғатиш сиёсат нуқтаи-назаридан мақсадга мувофиқ бўлиши, яъни адолатни тиклаш ҳукм суриб турган тузум обрўсига қандай таъсир кўрсатиши; (2) пул ишлаш. Бу икки масалани Адҳам Эгамбердиев мисолида қараб чиқайлик.

Мазкур жиноятлар юзасидан ж/и қўзғатиш давлат, яъни сиёсий режим учун мутлақо мақсадга мувофиқ эмас. Прокуратура, милиция ва суд системаларининг бир эмас, икки эмас, бирданига 12 (!!!) лавозимли вакили устидан ж/и қўзғатиш оддийгина иш эмас, бу – катта шов-шув келтириб чиқарадиган, жамиятда бу системалар фаолиятига кучли салбий резонанс (акс-садо) берадиган ва, демак, ҳукумат обрўси тўкилишига сезиларли таъсир қиладиган ишдир. Ўзбекистон прокуратураси ўлиб қолса ҳам бу ишни қилмайди. Бироқ, ж/и қўзғатмасдан туриб ҳам миллионлаб доллар пул ишлаш мумкин. 13 лавозимли шахс ва уларнинг кўпсонли шерикларини шантаж қилиб, қўрқитиб, охирги “дони” тушгунча силкитиб, табиий.

“Бироқ прокуратура, милиция ва суд ходимларини қамашаяпти-ку!” дейиши мумкин баъзилар. Тўғри, қамашаяпти. Ҳатто улар учун Бекобод шаҳрида махсус УЯ 64/21 қамоқхона (зона) очиб қўйишибди. Қайси ҳолларда кучишлатар системалари лавозимли ходимларини қамашади?

(а): бу системаларда ишлайдиган одамлар ҳар бир системада коррупция, порахўрлик, товламачилик, ўғрилик ва бошқа иллатлар ҳакалак отиб кетганини яхши билишади. Бироқ улар ўртасида ҳам (мас., милиция ва МХХ, милиция ва прокуратура, МХХ ҳамда суд ва ҳоказо) ўзаро келишмовчилик, кураш, пул ва амал учун бир-бирини пойлаш, бир-бири устидан контр (қарши)материаллар йиғиш, бир-бирини сотиш каби муносабатлар кенг ёйилган. Бундай пайтда мавқеи (позицияси) сусайган ёки тирговучлари кўп бўлмаган лавозимли шахсни, аввал уни “уч қоққан кунжутдай қилиб, қамаб юборишади.

(б): Баъзи лавозимли шахсларнинг порахўрлиги, товламачилиги ва бошқа “хислатлари” ҳаддан зиёд жамоатчилик оғзига тушиб қолади ва бу ҳолат шу шахс мансуб бўлган системанинг имиджи (обрў-этибори)га салбий таъсир кўрсата бошлайди. Бундай пайтда “ҳукумат бундай одамларга қарши курашаяпти” деган чўпчакка жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятни ишонтириш учун ҳалиги одамнинг баҳридан ўтадилар, яъни қамаб юборишади. Мас., асли наманганлик, Наманган вилояти суди судьяси, кейинчалик Олий судда ва Тошкент шаҳар судида судьялик қилган Комила Абдувалиева шу қадар порага ўч бўлган-ки, ҳатто одамлар унга “Доллархон” деган лақаб қўйишган. У пора олаётганда қўлга олиш қийин бўлмаган.

(в): Ўзбекистон кучишлатар системалари ичида бир-бири билан ҳаёт-мамот рақобат қиладиган кланлар, группировкалар жуда кўп. Баъзан бир вилоятдаги бир клан иккинчи вилоятдаги клан билан ҳаётий (иқтисодий) кенглик учун кураш олиб боради. Тошкент шаҳрининг ўзида бундай группировкалар беҳисоб. Катта иқтисодий луқма ҳақида гап кетаётганда улар бир-бирини аяб ўтирмайди. Ва ҳоказо.

Ҳамма йўналишда, хусусан халқаро ҳамжамият билан ўзаро муносабатларда, АЙЁРЛИК қилиш, ЛАҚИЛЛАТИШ – ҳар қандай авторитар тузум учун НОРМАдир. Бу хусусиятни Ўзбекистон раҳбарлари пешонасига Аллоҳ тамға қилиб босиб қўйган.

Охирги хабарларга қараганда Бош прокурор Рашит Қодиров, унинг 1-ўринбосари Алишер Шарофутдинов ва уларнинг минглаб ҳозирги ва собиқ сафдошлари пешона тери билан топган миллион-миллион доллар пулларини халқ фойдасига топшириб, ўзлари одмигина кийиниб, белга қамишдан камар боғлаб КОРРУПЦИЯга қарши курашиб ётишган эмиш.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.