«Бу одам билан ё психиатр ёки ҳуқуқ-тартибот органлари шуғулланиши керак»

«Исёнкор» саволларига ЎИҲЖ вице президенти Толиб Ёқубов жавоби.

Шу йилнинг 18 сентябр куни «Понауз» сайтида ўз радикал қарашлари билан танилган мухолифат фаоли Дилмурод Худойқулнинг «Ўзим ҳақимда» деб номланган  мақоласи эълон қилинди. (Қаранг: http://ponauz.com/news/wzim_aimda/2009-09-18-1628) .

Бу мақолада муаллиф очиқдан очиқ террорни тарғиб қилиб чиққан:
Мақоладан иқтибос:

«Қаранг, дунёнинг қайноқ нуқталарида мазлум халқлар босқинчиларга қарши барча усуллар билан курашмоқдалар. Ҳатто, лозим топилса ўзини портлатиш йўли билан ҳам душманга талофат етказмоқдалар.

Биз ҳам террорчи Каримов ҳукуматига қарши қўшин тузишимиз, қуролланишимиз лозим. Шахсан менга шаърий фатво ва қурол берилса террорчи Каримов ҳукуматига қарши ҳар-қандай усул билан, ҳатто ўзини-ўзи портлатиш йўли билан бўлсада ҳужумга отланаман».
Иқтибос тугади:

-«Понауз» сайтида мухолифатни террорга чорловчи мақолани эълон қилиниши сизнингча нимани англатади?

Толиб Ёқубов: “Муштум” журналида “Савол беринг – жавоб берамиз” номли рубрика бўлар эди. Эсимда, мамлакатимизнинг бир ҳудудидан Каттабек Паттаев журналга: “Бизнинг қишлоғимиз ҳаммомининг аёллар хонасида тос етишмайди. Нима қилиш керак?” дея савол берган экан “Муштум”: “Ҳаммомнинг аёллар хонасида нима қилиб юрибсиз?” деб жавоб берибди.

Шунга ўхшаш мен, аввало, муҳтарам Дилмурод Худойқулдан: “Сиз қўлингизга қурол олиб, ўзингизни портлатиб Ўзбекистондаги сиёсий режимга қарши курашга бел боғлаган экансиз, Швецияда нима қилиб юрибсиз?” деб сўрамоқчиман.

Жиддий гапирадиган бўлсак, мен ўқиб ва эшитиб билганларимга кўра одам ўлдирмоқни, қўлига қурол олиб бирор тузумга қарши курашмоқни ихтиёр қилган инсон бу ишни жаҳонга жар солиб қилмайди. Агар бу инсон бирор иш қилмасдан ўз ихтиёрини жаҳонга эълон қилар экан, бу одам билан ё психиатрлар ёки ҳуқуқ-тартибот органларининг вакиллари шуғулланиши керак.

Масаланинг яна бир қирраси бор. Қадимги Юнонистон даврида Геростат (адашмасам) исмли одамнинг қалбини: “Нима қилсам исмим тарихда битилар экан?” деган савол чулғабди. Калласига инсонлар учун ҳеч бир яхши иш қилиш фикри келмагач, Афинадаги энг машҳур ва йирик кутубхонага ўт қўйган экан.

Ва ниҳоят. Инсонда адолатсизлик, мустабидлик, ёвузлик ва бошқа иллатларга ботган тузумга осмон қадар нафрат шаклланиши мумкин. Бу – табиий. Бироқ бу инсон кураш йўлини тўғри танлай олмаса, нафрат ўти бора-бора ўзини куйдириб кулга айлантиради.

Қуролли курашга чорловчи, қўшин тузишга ва қуролланишга чақираётган Дилмурод Худойқул реал вазият ва реал имкониятларни тушунадими-йўқми, менга қоронғу. Бу реалликларни тушунмаган одам бахтли тасодифни ҳисобга олмаганда курашда албатта ютқазади. Бир пайтлар Ислом Каримовнинг тарафдори бўлган Жума Намангоний ва Тоҳир Йўлдошев чет элда қуролли мухолифат тузиб бирор натижага эришдиларми? Менинг қатъий фикримча, улар ягона “натижага” эришдилар: улар Ислом Каримовга ТАШҚИ ДУШМАН ролини ўйнаб бердилар ва уни ўйнашда давом этмоқдалар. Мустақиллик йилларида мамлакатда пайдо бўлган камсонли ваҳҳобийчилар, хизбуттахрирчилар, исломийжиҳодчилар, таблиғчилар (ва ҳ.-чилар) қойилмақом қилиб ИЧКИ ДУШМАН ролини ўйнадилар. Ислом Каримов одамлари бу қуролли ва қуролсиз мухолифат образини жаҳонга қўлидан келгунча шишириб кўрсатди. Натижа: ўзбекнинг ўн минглаб асл фарзандлари қамалиб кетди; уларнинг 80-90 фоизи фақат номози ва бошқа исломий ибодатларини бажариб юрган, юқорида айтилган “ташкилотларга” ҳеч бир алоқаси бўлмаган одамлар эди.

Дилмурод Худойқулни ҳукумат хориждаги демократлар ва диндорларни обрўсизлантириш, қуролли қўзғолон уюштиришда айблаш учун атайлаб Европага юборилган, деган иддаога қарши ёки ҳимоясига ҳозир бирор тугал фикр айтишим мушкул. Бироқ у Европанинг энг демократик мамлакатларининг бирида яшаб туриб очиқчасига қўлга қурол олишга даъват қилаётгани, назаримда, ҳар қандай одамда унга нисбатан катта шўбҳа уйғотиши аниқ. Унинг мазкур даъвати нафақат Европада яшаётган барча бошқа ўзбекистонликлар учун, балки ўзи учун ҳам ўта хавфли эканини у ўйлаши ва сезиши лозим эди.

– Ўзбек мухолифати номидан иш олиб бораётган сайтда террорни тарғиб қилиниши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Т.Ё.: -Понауз сайти кимнинг тарафдори бўлишидан қатъий назар, унинг саҳифаларида Дилмурод Худойқулнинг ҳарбий жиҳодга чорловчи мақолалари чоп этилаётгани афсусланарлидир. Чамаси, сайт модераторлари “Эълон қилинаётган мақола ва материаллар таҳририят фикрига мувофиқ келмаслиги мумкин” каби ёзув билан ўз зиммаларидаги масъулиятни осонгина бартараф этамиз, деб ўйлаётган бўлишлари мумкин. Бу катта хато эканлигини исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Ислом Каримов ўзбек мухолифатига (у дунёвий ёки диний бўлишидан қатъий назар) қарши курашар экан, у ўз курашининг қонуний ва демократик тамойилларга асосланганлигига урғу бериш учун Саудия Арабистони қиролига, Хитой коммунистик партияси бош котибига, Эрон раҳбарига ва ҳатто Россия президентига эмас, балки АҚШ ва Европа Иттифоқи раҳбарларига мурожаат қилади. Реаллик ана шунда. Ўзбек мухолифатининг (диний ёки дунёвий бўлишидан қатъий назар!) легитимлигини, яъни у билан ҳисоблашиш керакми ёки йўқми, уни тан олиш керакми ёки йўқми, унга ёрдам бериш керакми ёки йўқми эканини айнан демократик ҳамжамият белгилайди. Менинг бу гапларим демократия тушунчасига нафрат билан қарайдиган ўзбекистонлик баъзи диндорларга ёқмаётган бўлиши мумкин. Начора, яна такрорлайман, реаллик шундай, яъни бори шу. Бу давлатларнинг махсус хизмат органлари бундай мақолалар қайси тилда ёзилишидан қатъий назар уларни ўрганадилар ва ўз ҳукуматларига ҳисоботлар тайёрлайдилар. Сўз эркинлигини ҳурмат қиладиган демократик давлатлар раҳбарлари, халқаро демократик институтлар биринчи навбатда ўз давлатларининг хавфсизлигини ўйлаган ҳолда Дилмурод Худойқулнинг мақолалари мазмунини ўргангач, сайт остида ёзилган (ва юқорида келтирилган) ёзувга қараб ҳам ўтирмайдилар ва тегишли хулосани чиқарадилар.

Ўзбекистонда демократик тузум қуриш учун курашаётган партия ва унинг сайти Дилмурод Худойқулнинг телбаларча ёзилган мақоласи учун юзқора бўлса, мен қалбдан афсусланар эдим.

Икки оғиз Дилмурод Худойқул ҳақида. Бу ватандошимиз ўзининг бир мақоласида менинг “Урғулар тўғри қўйилиши керак” номли мақоламга салбий муносабат билдирган эди. Мен бунга зиғирча ҳам хафа бўлмадим. Маълум бир вақт ўтгач у мен ҳақимда яхши фикрлар билдира бошлади ва менга хат ёзди. Мен унга самимий руҳда жавоб қайтариб алоқани узмасликка даъват қилдим. Бироқ бизнинг муносабатларимиз шу билан тугади. Мен унинг радикал руҳдаги иккита мақоласини ўқигач, у ҳақида фикримни тамоман ўзгартирдим.

Қуролли қўзғолонлар ҳақида. Давлатлар тарихида беҳисоб қуролли қўзғолонлар бўлган, яъни инсоният тарихини қуролли қўзғолонлар тарихи дейиш мумкин. Бироқ уларнинг саноқлисигина халққа демократик ҳаёт олиб келган. Буларнинг охиргиси бундан 1961 йили Португалияда содир бўлган: армиянинг бир гурух ёш офицерлари диктаторга қарши қуролли қўзғолон уюштиришлари натижасида диктатура ағдарилган ва Португалия демократик ривожланиш йўлига кирган.

Қуролли қўзғолонлар аксарият ҳолларда халқ бошига катта кулфатлар келтирганига бир мисол келтираман, холос. Зимбабвенинг жорий диктатори Роберт Мугабе ўз вақтида ажнабий давлатнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши қуролли қўзғолонга бош бўлган ва халқ орасида қаҳрамонга айланган. Қўзғолон ғалаба билан тугаб, Мугабе ватанига президент бўлгач, ўз халқи бошига мисли кўрилмаган азобларни ёғдирган: юз минглаб одамлар ўлдирилган, Зимбабве илгари Африканинг бўғдойга энг бой бўлган мамлакати ҳисобланган бу диёр дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлар қаторига тушган.

Суҳбатдош: Юсуф Расул.

****

«Исёнкор»дан:

Биз барча демократик кучларни айни масалага эътибор беришларини ва қуйидаги саволларга жавоб сифатида ўз фикрлларини йўллашларини сўраймиз:

1. «Понауз» сайтида мухолифатни террорга чорловчи мақолани эълон қилиниши сизнингча нимани англатади?

2.  Ўзбек мухолифати номидан иш олиб бораётган сайтда террорни тарғиб қилиниши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

3. Сизнингча Ислом Каримов режимига қарши ўзбек мухолифати террор йўли билан курашиши керак деган фикрлар қанчалик мантиқли?

Саволларга жавобингизни isyonkor.info@yahoo.com манзилига йўлланг.

http://www.isyonkor.ucoz.ru

Categories: Uncategorized | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.