МАНТИҚ, ЭҲТИРОС ва МАНФААТ

Толиб Ёқубов

8 январь 2012 йил

Олимлар фанларни икки катта гурухга ажратишади: биринчисини табиий фанлар, иккинчисини эса адабий-бадиий фанлар дейишади. Инсоннинг ақлий фаолияти билан боғлиқ бўлган бу йўналишлар вакилларини одатда аниқ фанлар вакили ва гуманитар фанлар вакили деб аташ одат бўлган.

Бир олим юбилейида уни ҳадеб мақтайверишганда, у буни шундай изоҳлаган экан: “Мен қандайдир оламшумул кашфиётлар қилган бўлсам, мен уларни буюклар (гигантлар) елкасида туриб қилганман”. Худди шундай, аниқ фанлар вакиллари Аллоҳ яратган сирларни ўрганар ва эгаллар эканлар, улар буни икки буюк (гигант) – мантиқ (логика) ва тажриба (эксперимент) – елкасида туриб амалга оширишган.

Мантиқ инсонни алдамайди, шунинг учун ҳам

бутун математика мантиқ устида қурилгани учун у ҳамма вақт ростни ростга, ёлғонни ёлғонга ажратади. Мантиқдан фарқли ўлароқ тажриба (эксперимент) “алдаши” мумкин, яъни тажриба ўтказишда олим адашиши мумкин. Тажриба мутлоқ ҳақиқат бўла олмайди, у ҳақиқатга исталганча яқинлашиши мумкин, холос. Физика, химия, биология, иқтисод, медиқина (ва б.) каби фанлар ана шулардандир.

Барча фанларнинг тараққиётида математиканинг роли шўбҳасиздир. К.Маркснинг ушбу фикри бунинг тасдиғидир: “Ҳар қандай фан математикадан фойдалангандагина ўзининг такомилига эришади”. Мас., буюк француз математиги Эварист Галуа (туғ.й. 1811 – ўлг.й. 1832) 20 ёшида ҳозирги замон алгебрасининг асосини (хусусан, группалар назариясини) яратди. Унинг назариясини ўша замоннинг энг буюк математиклари тушунишга ожизлик қилишди. Бу назария 1000 йилдан кейин ҳам бирор соҳада қўлланилиши мумкинлигига улар шўбҳа билдиришди.

Бироқ XIX-асрда физиканинг улуғвор қисми – квант физикаси (квантовая физика ёки квантовая механика) – шиддат билан ривожланаётган эди. Олимлар Галуа назарияси квант физикасининг асосини ташкил этишини кўрсатдилар.

Аниқ фанлардан фарқли ўлароқ гуманитар фанлар асосан инсон ЭҲТИРОСИ билан чамбарчас боғлиқдир. “Коммунистик партия раҳбарлигида коммунизм сари олға!” каби шиор ёки

Болаларинг хоин, Ватан,

Ўпмоқда шоҳ пойин, Ватан,

Ишонмагин гапларига,

Аввал қорин, кейин Ватан.   (Юсуф Жума)

каби ҳаққоний, бироқ эҳтиросли гапларни на математика, на физика, на биология ва на бошқа табиий фанларда учратмайсиз.

Ёзувчи, шоир ёки рассом ҳаётдаги ўз кузатувлари, кечинмалари ва хулосаларини шундай бир ноёб усулда эҳтиросли қилиб баён этади-ки, ўқувчи, тингловчи ёки тамошобин қалбида, юзада турган бўлса-да, бироқ шу пайтга қадар англанмаган, яшириниб ётган бир ҳақиқатни бирдан англатадиган эҳтирос уйғотади.

Ҳикоя:  Йили эсимда йўқ, Тошкент давлат педагогика институти (мазкур институтда мен салкам 30 йил ишлаганман) мажлислар залида ёзувчи Абдулла Қаҳҳор билан учрашув уюштирилди. Камида 600 одам сиғадиган зал лиқ тўла, ҳайъатда институт ректори бошчилигида институтнинг казо-казо ходимлари ўтирар эди.

Машҳур ёзувчи минбарга чиқиб ўз сўзини бир воқеани баён этишдан бошлади: “Менга минбар берган йиғинни қизиқтирган асосий масала жамият ҳолати, раҳбарлар савияси ва ҳатти-ҳаракати ҳамда оддий инсонларнинг бунга муносабати бўлса керак, деб ўйлайман. Рухсатингиз билан учрашувимизни шу масалаларга қаратсак.

Ушбу йиғинга келаётганимда кўчада анча одамлар тўпланишиб турганини кўрдим. Уларнинг нигоҳи пастга, ерга қараган ҳолда ҳеч нарсага тушунмай, ҳангу-манг туришар эди. Яқин борсам, ерда бир одам ётганини кўрдим.

У одам ўлик экан, бироқ негадир лаблари тинимсиз қимирлаб, нималарнидир гапирмоқда экан. Ўликнинг гапларига тушунмай ҳамма гаранг ҳолда турган экан. Ушбу учрашув бошида муҳтарам ректор кўп гапирдилар, бироқ гаплари ҳалиги ўликнинг гапидек тушунарсиз бўлди. Мен ҳозирги жамият ҳолатини ана шундай тушунаман: раҳбарлар гапини тушуниб бўлмайди, тушунмаган омма – ҳайрон”.

Зал бирдан шок ҳолатга тушди, катта кўпчилик қандайдир бир ҳақиқатни тушунгандай бўлди, залда ғала-ғовур бошланди, ректор ва унинг атрофи безовталанди. Одамлар ажабтовур саволлар бера бошладилар, сўҳбат қизигандан қизиб давом этди. (Ҳикоя тугади).

Абдулла Қаҳҳор “гапираётган ўлик”ни аслида кўрмаган ва уни учрашув учун тўқиб чиқарган бўлсаларда, бироқ шу деталь воситасида одамларда соғлом эҳтирос уйғотишга эришдилар. Бу – эҳтироснинг ижобий қиррасидир.

ЭҲТИРОС асосан (кўп ҳолларда) одамни алдайди

Эҳтирос кўп ҳолларда носоғлом бўлиши ҳам мумкин ва унинг оқибатларини тасаввур қилиш қийин. Коммунистик СССРнинг жозибали шиорларидан бири “Ҳамма нарса халқ учун, ҳамма нарса халқ фаровонлиги учун!” шиори бўлган. Бу шиор одамларда ишонч эҳтиросини уйғотган, уларга куч бағишлаган. Бироқ, ҳукумат ўзининг беҳисоб жиноятларини шу шиор ортига яширган. Натижада Сталин лагерларида миллионлаб одамлар ўлдирилган.

Мустабид сиёсий тузумлар – бири одамларни кўпроқ ўлдиради, бири камроқ – бир хил йўлдан кетишади. У йўлнинг асосий ташкил этувчиси ШИРИН ЁЛҒОН бўлиб, у оддий халқда ширин эҳтирос уйғотишга қаратилган бўлади. Бироқ … шоир ёзганидек:

Яхшидур аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон.

Бу ширин ёлғонга аммо,

Ишониб қолғон ёмон            (Э. Воҳидов)

Ўзимдан қўшиб қўймоқчиман: “ўрганиб қолғон” ундан-да ёмон!

Ўзбекистон халқи Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган шиорига 22 йилдан бери ишониб келаяпти, яъни бу ёлғонларга ўрганиб ҳам қолди. Ўз вақтида бу шиор одамларда кучли эҳтирос уйғотди. Фақат баъзиларгина унга ишонмади, яъни уларда ишонч эҳтироси пайдо бўлмади. Бироқ катта кўпчиликда мазкур ширин ёлғонга ишонч баланд бўлди. Ёлғоннинг ёлғон эканлигини ҳаёт кўрсатган бўлса-да, 22 йилдан кейин ҳам, яъни ҳозирги кунда ҳам, сурхандарёлик Рустам-чилангарга ўхшаганлар “Ким Ислом Каримовни ёмонласа – ёрвораман!” деб юришибди.

Шиорлар мустабид сиёсий тузумларнинг ажралмас бир қисмидир. Унинг шиорларини танқид қилган одамларни тузум кечирмаган бўлса-да, баъзи ижодкорлар Абдулла Қаҳҳордек шундай йўлларни топишган-ки, улар одамларда ҳақиқатни англаш эҳтиросларини қўзғатган. Иккита мисол келтираман.

1-чи мисол: Кенг, бироқ “илонизи”, уфққа туташган асфальт йўлини кўз олдингизга келтиринг. Йўлнинг икки томонида, кета-кетгунча, ҳар 50 метрда биттадан, ҳар бири икки ёғочоёққа ўрнатилган, шиорлар битилган стендлар кўринади. Йўлда бир мотоциклчи йиқилиб ётибди (олдинги планда), унинг устига энгашган ҳолда бир мухбир ерда ётган мотоциклчига микрофон тутиб савол бераяпти:

– Аварияга учрашингиздан бир лаҳза олдин сизнинг эътиборингиз нимага қаратилган эди?

Мотоциклчи йўл четидаги бир стендни кўрсатаябди, стендда эса ушбу чақириқ-шиор кўзга ташланади:

– “Ҳар бир она товуқдан йилига 395 та тухум олишга эришайлик!” (Тамом).

Бу сатирада рассомнинг моҳирлиги шунда-ки, у сиёсий тузумни бевосита тилга олаётгани йўқ, у тузум шиорлари бебурд ва фожеали эканини оддий тилда айтмоқда. У оддий бир расм билан бебурд тузумга нисбатан одамларда норозилик эҳтиросини уйғотмоқда, ҳақиқатни англатмоқда.

 

2-чи мисол:  Расмнинг олдинги планида танаси одам, боши мушук бўлган бир эркак ва бир аёл зоти (эру-хотин бўлса керак) тасвирланган. Улардан 100-200 м. нарида улар томон танаси одам, боши сичқон бўлган катта оломон келмоқда. Уларнинг қўли мушт бўлиб тугилган ва ҳавога кўтарилган, бир қисми қўлида “Йўқолсин!”, “Кет, даф бўл!”, “Эркинлик!” деган шиорлар ёзилган транспарантлар кўтариб олган.

Мушук бошли эркак ғазаб билан яқинлашиб келаётган оломонга қараб турибди, аёли эса қўрққанидан қалтираб эрининг пинжига тиқилиб турибди. Мушук бошли эркак ғазаб ичида: “Мен адашдим, ўз вақтида буларнинг ҳаммасини еб ташлашим керак эди!” деб турибди. (Тамом).

Сатирик рассом бу расм орқали одамларга: “Сиз инсонсизлар-ку! Ҳатто ҳамма вақт мушукларга ем бўлиб келган сичқонлар ҳам истибдодга қарши исъён қилиши мумкин!”- демоқчи. Унинг иккинчи ғояси шундан иборат-ки, мустабид раҳбар исъёнчилар калтаги остида ўлаётган пайтда ҳам товба қилмайди, мустабидлик инсон табиатига зид эканлигини ҳеч қачон тушунмайди.

1996 йил Шавкат Мирзиёеа Жиззах вилоятига ҳоким бўлиб келгач, унинг биринчи қилган ишларидан бири вилоят ҳудудида шиорларни кўпайтирди. Бир куни мен ўз машинамда Жиззахдан Тошкентга кетаётиб эринмай йўл четидаги шиорларни санай бошладим. Санашни вилоят ҳокимияти олдидан бошладим ва уни “бетонка” бўйлаб Сирдарё вилояти чегарасигача давом эттирдим.

Саноқ мени ҳайратга солди: бир неча юз (аниқ рақам ҳозир ёдимдан кўтарилган) шиорнинг ҳаммаси қип-қизил ёлғондан иборат эди! Халқни алдовда сақлаш, унда сохта ишонч эҳтиросини уйғотиш учун мустабид ҳукумат пулни аямас экан!

Махсус хизмат идоралари (МХИ) тузумга қарши турган инсон (диссидент)ни дарров ўлдириб юбораверишмайди. Энг мустабид тузум ҳам халқаро шов-шувдан ҳадиксираб туради. 90-чи йиллар бошида ҳақиқатни парламент минбаридан туриб И.Каримовнинг башарасига айтган Шавриқ Рўзимуродовни улар 2001 йилга келиб ўлдиришди.

МХИ диссидентни ўзоқ кузатади, унинг характерини ўрганади, бўш жиҳатларини аниқлайди. МХИ диссидентни дарров қамоққа ҳам олмайди, уни қамаш учун адашишга ундайди. Бунинг учун улар махсус эффектлардан фойдаланадилар. Шулардан бирини МХИ мард шоир Юсуф Жумага нисбатан қўллашди. Юсуф – эҳтиросли ва тез ишонувчан инсон. МХИ, одатда, бундай одамларнинг ёнига ўзларининг махсус тайёрланган бирор одамини “қўшиб” қўйишади. Бу одам диссидентнинг ишончига тўлиқ кириб олгач, уни ҳар қадамда “қиздириб” боради. Юсуфга ҳам МХИ бир журналистни тиркаб қўйди. У журналист билишимча хоразмлик тадбиркор-диссидент Абдуллаевга ҳам тиркаб қўйилган эди.

Мазкур журналистнинг роли айниқса 2003 йил октябрида (адашмасам) Тошкентда, “Саёҳат” меҳмонхонаси конференц-залида Пўлатжон Охунов томонидан ташкил этилган конференцияда билиниб қолди. Бу конференцияда Юсуф Жума ва Абдуллаев энг эҳтиросли чиқиш билан кўзга ташландилар. Конференциядан кейин мен у журналистни “Фридом Хаус” ташкилоти офисида айбини бўйнига қўйдим – у эътироз билдира олмади. Юсуф ҳам унинг асл башарасини сал кейинроқ билди ва алоқани узди. Юсуфнинг охирги кунларда эълон этилган икки мақоласини ўқиб мен жуда афсусландим.

Мен Юсуфга ҳамма вақт оддий бир сафдош деб эмас, балки буюк сафдош сифатида қараганман. Менинг билмас ақлим шу хулосага келди-ки, ҳозирги кунда Юсуф билиб-билмай (аниқроғи, билмай бўлса керак) МХИнинг бир шарлатан-сиёсатчи орқали усталик билан амалга ошираётган манипуляцияси қурбони бўлмоқда. Манипуляция моҳиятини билмаган ўқувчилар учун мен уни бир мисол билан тушунтирмоқчиман.

Бильярд ўйинида уста ўйинчи ўзининг ҳар бир уришида фақат иккита шардан фойдаланавермайди. У бир пайтнинг ўзида 3 ва ҳатто 4 шарни ўйинга киритиши мумкин. У, масалан, А шар билан В шарни уриб, В ни халтачага туширишни мўлжалламоқчи бўлмасдан, В шар учинчи С шарга тегиб, уни (С ни) халтачага туширишни мўлжаллаши мумкин. Бу уришда А ва С шарлар бир-бирига мутлақо алоқаси йўқ, бироқ уларни ўртада турган В шар боғлайди, яъни манипуляцияда қатнашади. Ўйинчи А шарни В шарга ураётганда С шар зарба охир-оқибат ўзига берилишини “билмайди” ҳам. В шар эса асосий иштирок этувчи бўлса-да, у “пана”да қолиб кетаверади.

Охирги икки мақоласини Юсуф ўз ташаббуси билан ёзганига мен ишонмайман. Асосий ўйинчи (МХИ) бу ўйинни ташкил қилар экан, у А шар билан В шар (мен юқорида айтган шарлатан-сиёсатчи)ни ишга солиб, С шар (Юсуф Жума)ни “тўр”халтага туширган, чунки МХИ Юсуф нафақат изчил, қайтмас диссидент эканлигини, балки ўта эҳтиросли инсон эканлигини ҳам яхши билади. МХИнинг бу мураккаб ўйинида яна бошқа, мас., D шари ҳам қатнашган бўлиши мумкин – бироқ буни иштирокчилардан бошқалар айтиши қийин.

Ҳокимият (давлат бошқаруви)ни амалга ошириш шакллари олти хилдир: 1) куч ишлатиш; 2) мажбурлов; 3) Рагбатлантириш: 4) Ишонтириш: 5) Манипуляция (чалғитиш) ва 6) обрў-эътиборлилик (авторитет). Айнан манипуляция МХИ ва унга яқин органларнинг асосий қуролидир.

Шундай қилиб, эҳтирос инсонни ҳар куйга солиши мумкин. Ислом олимлари, ҳуқуқшунослари ва ҳакамлари инсон табиатидаги нафақат ЭҲТИРОСни, балки у қандай оқибатларго олиб келиши масалаларини ҳам чуқур ўрганганлар. Ёзувчи, шоир, ашулачи, раққос (раққоса), мусиқачи, рассом, шатранжчи (шахматчи) ва баъзи бошқа касб эгалари фаолияти бошдан-оёқ эҳтирос билан боғлиқ бўлгани учун, “Мухтасар” китобида ёзилишича, ислом ҳуқуқшунос ва ҳакамлари уларни ишга гувоҳ сифатида жалб қилишмас экан. Бундай инсонларнинг эҳтироси уларни ишда (мас., жиноят текширилаётган ишда) объектив (холис) бўлишга тўсқинлик қилар экан.

Авторитар Ўзбекистонни 22 йилдан бери бошқараётган И.Каримов ва унинг амалдаги ёки собиқ шериклари Рустам Иноятов, Рашид Қодиров, Зокир Алматов, Бўритош Мустафоев, Убайдулла Мингбоев, Шавкат Мирзиёев, Эркин Халилов ва минглаб бошқалар давлат бошқаруви шаклу-шамойилининг 1-чи, 2-чи ва 5-чиси асосида сиёсат юргизиб келганлар ва юргизмоқдалар.

МАНФААТ шарлатан-сиёсатчиларни шакллантиради

Ҳокимиятни эгаллаш ҳисси (қандай йўл билан унга эришишдан қатъий назар) инсон эҳтиросининг энг баланд чўққиларидан биридир. Инсон шунга қўл урса-ю, бироқ мақсадига эриша олмаса, бу ҳолат унинг рўҳида оғир оқибатлар қолдириши мумкин (ҳатто ўзини ўлдиришгача). Бундай одамлар мустабид тузумга қарши курашган бўлсалар-да, ҳеч нарсага эриша олмасликларига ишонч ҳосил қилгач, ўзлари ҳам юқорида келтирилган 6 та усулларни, айниқса манипуляцияни, ишлатишга ўтишлари мумкин. Ўзбек мухолифати ичида ҳам ана шундай шарлатан-сиёсатчиларни учратиш қийин эмас.

Мен ушбу мақоламни инсоният ишлатиб келган учта асосга бағишладим ва уни “Мантиқ, эҳтирос ва манфаат” деб атадим. МАНТИҚ – алдамайдиган монолит, яъни энг қудратли, бузилмас ва мустаҳкам асосдир. ЭҲТИРОСнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Эҳтироснинг салбий жиҳатлари даҳшатли бўлиши мумкин – 2010 йилги Ўш-Жалолобод воқеалари бунга яққол мисолдир. Эҳтирос алоҳида олинган инсонда ҳам ўзгарувчан бўлиши мумкин. Ҳар нарсага эҳтироси ўзгарадиган одам, одатда, алданишга мойил бўлади. Шунинг учун эҳтирос бирор ижобий нарсага мустаҳкам асос бўла олмайди.

Инсоннинг МАНФААТ устига қурилган дунёқараши, кураши, иш услублари, ҳаёт тарзи, оила боқиши (ва ҳ.) одатда энг тубан, энг жирканч асос каби қаралади. Манфаат отани боладан, акани укадан, дўстни дўстдан ажратади, жамиятни инқирозга судрайди, нафрат ва муътеликни шакллантиради. Буни ҳамма билади ёки интуитив тушунади. Манфаат мустамлака, истибдод ва қулликка қарши курашган халқ йўлбошчиларини яна мустабид раҳбарга айлантириши мумкин. Африкадаги Зимбабве раҳбари Роберт Мугабе инглиз мустамлакачиларига қарши курашда халқ тан олган қаҳрамони бўлган бўлса-да, ҳокимият тепасига келгач, дунёнинг энг мустабид раҳбарларидан бирига айланди.

Афсус-ки, ўзбек мухолифатини издан чиқарган эҳтирос ва манфаат ҳануз ўз ҳукмини сурмоқда. Унинг инқирози фақат мустабид тузум зуғумлари маҳсули эмас. Унинг инқирозида мухолифат вакиллари, айниқса раҳбарларининг носоғлом эҳтироси ва шахсий манфаати катта роль ўйнади. www.harakat.йўқ сайти чоп қилаётган мақолалар бунинг ёрқин далилидир.

Агар ўзбеклар ичида соғлом мухолифат бўлса, бу куч бир неча душманга қарши кураш олиб бориши керак: 1) И.Каримов бошлиқ мустабид ҳукумат; 2) 90-чи йиллар бошида шаклланган мухолифатнинг шарлатан-сиёсатчилари ва 3) уларга хизмат қилаётган расмий ва норасмий оммавий ахборот воситалари ШУ ДУШМАНЛАРДИР,

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.