Зулмкор ҳукуматга хизмат қилиш одамлар тақдирида

Толиб Ёқубов

Жиззах вилояти мамлакатнинг ғарби билан шарқини боғловчи муҳим стратегик региони бўлгани учун И.Каримов бу регионда ҳукумат идораларини бошқарган одамларга алоҳида эътибор қаратган. Шавкат Мирзиёев ва Равшан Муҳитдинов шулар жумласидандир – биринчиси вилоятга қатор йиллар ҳокимлик қилган, иккинчиси эса вилоят прокуратурасини бошқарган.

Иккаласи ҳам юқорига кўтарилиб кетишди, бироқ уларнинг тақдири ҳар хил бўлди: Ш.Мирзиёев Бош вазир даражасига етиб ҳозиргача ҳукуматни бошқараётган бўлса, Р.Муҳитдинов эса кейинги йилларда президент маслаҳатчиси, Бош прокурор ўринбосари, Тошкент вилоят прокурори лавозимларида ишлаб юриб … қамоққа тушди.

Р.Муҳитдиновнинг асл башарасини Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) вакиллари (хусусан мен ҳам) 2004 йилда кўрдилар. ЎИҲЖнинг жиззахлик аъзоларининг шу йил 15 октябрь пикети (32 одам қатнашган), 29 ноябрь-15 декабрь (10 дан 30 гача одам қатнашган) узлуксиз пикетлари Р.Муҳитдиновни намойишчилар олдига чиқишга ва музокара бошлашга мажбур қилди.

Ўша йили мен Жиззахда иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ бўлган ҳамда катта ижтимоий шов-шувни туғдирган иккита жиноий иш (ж/иш)да ҳимоячи бўлиб қатнашдим. Биринчиси – вилоятда содир этилган ва Ш.Мирзиёев ҳамда Пахтакор тумани ҳокими (кейинчалик вилоят ҳокими бўлган) Убайдулла Ёмонқуловлар томонидан бошқарилган катта миқдордаги ғалла припискаси (қўшиб ёзиш) ва ўзлаштириш ж/иши, иккинчиси – бир тадбиркор ва “Пахта-банк”нинг Жиззах вилояти бўлимининг икки ходими устидан қўзғатилган ж/иши эди. Ҳар иккала ишда Р.Муҳитдинов асл жиноятчиларни жазодан олиб қолиш учун фаол иштирок этди ва сурбетларча бунга эришди.

Иккинчи ж/иш ҳақида ушбу мақолага илова қилинаётган мақолада воқеа тафсилотлари анча кенг ёритилгани учун, мен ҳурматли ўқувчилар диққатига биринчи ж/иш ҳақида қисқача маълумот бермоқчиман.

Биринчи жиноий иш

Бу ж/и.ни МХХ тергов бўлими бошлиғи Музаффар Сайидқулов юритаётган эди. 31 июль-15 август кунлари олтитаси тергов, қолганлари бухгалтерия ва аудит ҳужжатларидан иборат бўлган 48 жилдли ж/и.нинг 1-чи жилддаги материалларни ўрганар эканман, унинг ярмисига бормасданоқ ж/и тамоман сохта асос устига қурилганлиги менга аён бўлди – менинг қўлимда рад қилиб бўлмайдиган ҳужжатлар пайдо бўлди. Мен ж/и материаллари (ЖИМ) билан танишаётган пайтимда МХХнинг М.Сайидқулов қўйган бир ходими муттасил кузатиб ўтирар эди.

ЖИМ билан танишаётган пайтимда ёнимда мен ҳимоя қилаётган, Жиззах 8-сон ун комбинатининг тайёр маҳсулотлар омбори мудири Шароф Юсупов ўтирар ва мен ундан воқеа тафсилотларини сўрар эдим. Чамаси, кузатаётган мхх-чи бизнинг барча гапларимизни М.Саидқуловга етказиб турар эди. Бундан ташқари мен ишлаётган хонада товушни ёзиб оладиган “қўнғиз” (“жук”) ўрнатилган бўлиши ҳам мумкин эди. 15 август куни мен ЖИМ билан танишишни давом эттириш учун борганимда иш чаппасига кетаётганини сезган М.Сайидқулов негадир мени кабинетига таклиф қилди. Мен у ерга кирганимда бир неча одамлар турганини кўрдим. М.Сайидқулов менга бир варақ  қоғоз тутқазди. Унда “Толиб Ёқубовни №… ж/и.да ҳимоячи сифатида қатнашишидан маҳрум этиш ҳақида Қарор” ёзилган экан.

Мен Шароф Юсуповнинг қариндошлари илтимоси билан мазкур ж/и.га қонуний ҳимоячи бўлиб кирганман ва бу процессуал ҳаракатни М.Сайидқуловнинг ўзи шахсан ҳужжатлаштирган, яъни мен ишга ЎзР Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддаси (Ҳимоячи) га асосан жалб қилинганман. Мазкур моддага асосан (a): адвокат, (b): махсус рухсатга эга бўлган шахслар, (c): жамоат бирлашмаларининг ўз аъзосини иши бўйича вакиллари, (d): гумонланувчи (айбланувчи, судланувчи)нинг яқин қариндошлари ёки уларнинг (e): қонуний вакили ж/и.да ҳимоячи бўлиб қатнашиши мумкин. Булардан ташқари (f): ҳар бир бошқа шахс ҳам ж/и.да ҳимоячи бўлиб қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги айтилган.

М.Сайидқуловнинг Қарорида менга “юридик билимга эга бўлмагани учун” деган ягона айб қўйилган, қонунда эса “бошқа шахслар” деб аталаётган категория одамлар учун юридик билимга эга бўлиши лозим (керак, шарт) деган талаб қўйилмаган.

Мени ишга ҳимоячи бўлиб ўтишимда М.Сайидқуловда ҳеч қандай эътироз туғилмаган ва туғиши мумкин ҳам эмас эди. МХХ ва прокуратурада мени ишдан четлатиш учун кўп фикралмашиши бўлганлиги аниқ, бироқ улар бирорта қонуний йўл топа олишмаган ва ноқонуний йўлни танлашга мажбур бўлишган.

М.Сайидқулов “гувоҳлар” олдида мендаги барча ҳужжатлар (ЖИМдан кўчирмалар)ни тортиб олди. Менинг Р.Муҳитдинов ва Бош прокурорга мурожаатларим беҳуда кетди.

Тошкентга бориб давлат идораларига қилган шикоятларим туфайли мени МХХнинг Тошкент вилояти бўлими бошлиғи генерал Ғайрат Авлиёқуловга йўллашди ва ҳаракатларим у билан бўлган учрашув билан якун топди. У мени қабул қилиб, 1,5 – 2 соат давомида тинглади ва менинг барча иддаоларимни ёзиб олди. Мен Жиззах вилоятида 2000-2002 йиллар давомида катта миқдорда ғалла припискалари бўлгани, бу жиноятлар ортида кимлар тургани, жиноятчилар сифатида кимлар тергов ва судга тортилаётгани ҳамда бу йўналишда қилинаётган сохтакорликлар ҳақида батафсил гапириб бердим. Мен ундан бу маълумотларни энг юқори раҳбарларга етказишни Ғ.Авлиёқуловдан илтимос қилдим.

21 август куни мени “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази”нинг директори Акмал Саидов қабул қилди. Бу суҳбатда икки кун илгари Ғ.Авлиёқулов билан бўлган сўҳбат чоғида айтилган барча гаплар айнан такрорланди. Мен ҳар бир гапим учун ҳужжат асосида жавоб беришимни таъкидладим. Бироқ натижа Жиззахдаги амалдорлар фойдасига бўлди: Ш.Мирзиёев Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб кетди, Равшан Муҳитдинов президент аппаратига ишга ўтказилди.

Хотима

“Веспасианлик даври”, бошқача айтганда давлат терроризми даври Ўзбекистонда ўзининг учинчи ва охирги фазасига ўтди. Маълум-ки, бу фаза мамлакатда шаклланган сиёсий тузумнинг инқирози билан тугайди. Бу тарихий жараён бирор инсоннинг иродасига боғлиқ эмас. Француз файласуфи Сент-Жюст: “НАРСА (воқеа, жараён)ЛАР кучи бизнинг ҳаёлимизга ҳам келмаган жойдан олиб чиқиши мумкин” деганидай, ижтимоий иллатлар ботқоғига ботган ва, демак, мисли кўрилмаган жиноятлар содир этган давлат раҳбарлари: “Бизнинг жиноятларимизни ҳеч ким фош эта олмайди, халқ ҳеч нарсани тушунмайди ва ҳеч қачон кўтарилмайди, тузум бизни сақлайди, асрайди” деб ўйлашади ва ўзларини овутишади. Бироқ нарсалар, воқеалар ва жараёнлар кучи уларни уларнинг ҳаёлига ҳам келмаган жойдан олиб чиқади.

Давлат терроризмининг учинчи фазасига хос белгилар Ўзбекистонда ҳозир “мана-ман” деб кўриниб турибди. Бу фазада айнан: (1) давлатдаги раҳбарлар орасида ҳаёт-мамот кураши бошланади; (2) давлат хазинаси бўшаб қолади, уни тўлдиришнинг имкони кескин пасаяди; (3) тузум “қўриқчилари” (МХХ, прокуратура, милиция, армия ва ҳ.) сифат жиҳатдан эмас, миқдор жиҳатдан кескин ошади; (4) одил суд одилликдан тамоман юз ўгиради ва ҳар нарсадан “пул қиладиган” тадбиркорлик ташкилотига айланади ва ҳ.

Кейинги пайтда мамлакатда кит бўлмаса-да, акула деб аташ мумкин бўлган қатор раҳбарлар қамалди ёки ишдан олинди. Р.Муҳитдинов шуларнинг бири. Бу жараёнда давлатни қамалган ёки ишдан олинган раҳбарнинг шахси эмас, балки ундан тортиб олиш мумкин бўлган дунёси (бойлиги, мол-мулки) қизиқтиради, чунки бу мол-мулк (ёки унинг бир қисми) давлат хазинасини тўлдиришга ишлатилиши мумкин.

Гарчи Козим Тўлаганов, Равшан Муҳитдинов, Нуриддин Зайниев, Самойдин Хусенов кабиларнинг тақдири ҳар бир сонияда ўзларининг ҳам бошига тушишини билсалар-да, бироқ бошқалари бойлик тўплашда давом этаверадилар. Инсон қадри чақача бўлмаган сиёсий тузум шароитида ўсган ва шаклланган катта лавозимли раҳбарларнинг психологияси (зеҳнияти, руҳияти) бундан ортиқ эмас.

22 январь 2012 й.

20 ноябрь 2004 й.
Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда
давлат қароқчилар тўдасига айланади
Августин Аврелий

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ
МАТБУОТ МАРКАЗИНИНГ
ХАБАРНОМАСИ

Жиззах вилояти тергов органларида жиноий ишлар қандай сохталаштирилади
ва унга суд органларининг муносабати қандай?

Ушбу Хабарномани бизга Жиззах шаҳридан ташкилотимиз раиси Толиб Ёқубов йўллаган бўлиб, у 2004 йил 23 сентябрдан бошлаб акционерлик-тижорат «Пахта-банк»нинг собиқ ходими Ҳамид Оқилович Султоновнинг 2004 йилнинг 31 мартида қўзғатилган 22-503/02-1444 – сонли жиноий ишда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.

Т.Ёқубов ўз мақоласини уч қисмга бўлган: мақоланинг биринчи қисми Жиззах вилоят прокурори Равшан Муҳитдиновга қарата “Қисқа Мурожаат”дан иборат бўлса, иккинчи қисмини муаллиф «Прокурор Р.Муҳитдиновнинг ўз лавозимида бир кунлик фаолияти», учинчисини эса «Прокурор Р.Муҳитдинов ва унинг қўл остидаги ходимларнинг одил судга нисбатан жиноятлари» деб атаган.

Қуйида биз мазкур мақоланинг тўлиқ матнини келтирамиз.

1-қисм

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТ ПРОКУРОРИ Р.МУҲИТДИНОВГА ҚИСҚАЧА МУРОЖААТ

Жаноб прокурор!

Мен Сизни норостгўйлик, виждонсизлик ва одил судга нисбатан жиноят қилганликда айблайман.

Мен Сизга Ўзбекистон Республикаси қонунларини ашаддий ва муттасил бузиб келаётган одам сифатида қарайман.

Мен аминман-ки, Сиз Жиззах вилоят прокуратураси ва унинг бўлимларини коррупция ва қонунбузарликнинг уясига айлантиргансиз.

Мен одил суд системасида Сиз тасодифий одамсиз ва Сизнинг унга нисбатан жиноятларингиз беҳисоб деб ҳисоблайман.

Мен Сизни, қонунларга амал этишни изчиллик билан назорат қилиш орқали ўзбек давлатчилигини мустаҳкамловчи юртимизнинг прокуратура каби энг нуфузли муассасасида бундай юқори лавозимни эгаллаб туришга лойиқ эмас деб ҳисоблайман

Мен башорат қиламан-ки, Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий тузумни қўллаб-қувватлашга ўзингизнинг ҳиссангизни қўшаётганингиз учун Сиз халқ ва тарих олдида жавоб берасиз. Сиз эътиқод билан хизмат қилаётган сиёсий тузумни муқаррар инқироз кутмоқда.

«Давлат ёлғон туфайли ўлади». Бу ҳақиқат қадимги юнонларга ҳам маълум бўлган. XXI-чи асрда ҳам у Сиз ва ҳокимият тепасидаги бошқа одамларга маълум эмас. Айнан шу сабабли мамлакатимизнинг «порлоқ истиқболи» учун жавобгарлик тўлиқлигича Сиз ва Сизга ўхшаганларнинг гарданида бўлади.

«Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади». Бу ҳикматни IV-чи асрда Августин Аврелий изҳор этган. Сиз ва Сизга ўхшаганлар римлик донишманднинг бу фикри Ўзбекистон шароитида тўғри эканлигини исботладингизлар.

Сиз ва Сизга ўхшаганлар мамлакат Конституцияси ва қонунларини оёқ-ости қилмоқдасиз, ва бу билан эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва бошқа демократик қадриятларни буғувчи сифатида ўзингизни фош этмоқдасиз.

Бу ҳатти-ҳаракатлар ўзбек халқига ҳозирда ҳам, келажакда ҳам жуда қимматга тўшади.
2-қисм

Р.Муҳитдиновнинг ўз лавозимидаги бир куни
.
Ҳафтанинг ҳар пайшанбаси Жиззах вилоят прокурори Равшан Муҳитдиновнинг фуқароларни қабул қилиш куни ҳисобланади: у фуқароларни 900 дан 1300 гача қабул қилади. Бу ҳақда прокуратура биносининг биринчи қаватидаги қабул хонаси эшиги ёнидаги деворга осиб қўйилган тахтачада шундай ёзилган.

Барча давлат муассасалари, шу жумладан Жиззах вилоят прокуратураси ҳам, баланд, учи найзали темир панжаралар билан ўраб олингани учун фуқаролар ичкарига киришга имконият бўлмагани учун прокуратура биносига фақат ташқаридан қараб турар эканлар.

Бошқача иложи ҳам йук, чунки Ўзбекистоннинг ҳамма жойида террористлар, ислом экстремистлари, бен-ладенчилар изғиб юришибди, ҳукумат доиралари айтишича мамлакатдаги вояга етган ҳар икки фуқаросидан биттаси жинси, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, бироқ диний эътиқодига боғлиқ бўлган ҳолда шу иш билан шуғулланар экан.

Прокуратура биносига кириш учун мўлжалланган ягона кириш эшигини милиция ходимлари кўз қорачиғидай қўриқлаб турар ва ҳар қандай саволга аниқ ва қатъий ҳолда «ЙЎҚ» деб жавоб беришар экан.

Пайшанба куни бинога кирадиган иккинчи кириш эшиги ҳам очилади, бироқ у ҳафтада олти кун қулф ҳолда туради. Бу эшикка кирган одам темир панжара билан ҳосил қилинган тор йўлак бўйлаб (прокуратура ҳовлисида) юриб бориб, сўнгра бино ичидага эни 1,5 м, бўйи 3 м бўлган, ҳамда кириш эшигидан ташқари яна учта эшикка эга бўлган коридорчага кириб боради.

Коридорчада арзгўй одамларга оддийгина бўлса-да шароит яратиб қўйилган, деб ўйламанг, тағин. Агар сен эмизакли бола кўтарган аёл бўлсанг, навбатинг келгунча болангни кўтариб оёқда тураверасан. Навбатинг келса, албатта. Агар арзгўй саксон ёшли оқсоқол бўлиб, туравериб оёқлари ҳориб қолса, у ҳолда қария ўша ернинг ўзида ерга ўтириб олиши мумкин. Табиий, ерда жой топа олсалар.

Ҳалиги коридорчага киргач, юқорида айтилганидек, кириш эшигидан ташқари яна учта эшикни кўрасиз. Уларнинг бирининг ортида прокуратуранинг “Шикоят ва аризалар бўлими” бўлса-да, бироқ унинг очиқ турганини бирор кимса кўрганини одамлар эшитмаган.

Прокуратура биносига, тўғрироғи ҳалиги коридорчага кирган одам: «Мен энди прокурорнинг қамарюзли афтини албатта кўраман ва у менинг сўзимни ҳеч бўлмасдан эшитади», деб ўйлаган инсон қаттиқ адашади. Бу ер сенга Германия ёки Англия эмас-ки, сени ИНСОН сифатида қабул қилишса! Ўзбекистонда прокурор қабулига борар экансан, сен унинг назарида ҳашаротчадан улуғроқ эмаслигинг тўғрисидаги фикрда мустаҳкам бўлишинг керак.

Кимни қабул қилиш керак, кимни эса энасининг уйига жўнатиб юбориш кераклиги борасида прокурорда имконият катта. Шу сабабли, унинг Жаҳонгир Исломов исмли ёрдамчиси бўлиб, сиз аввал унга учрашишга мажбурсиз. У коридорчадаги ҳалиги эшикларнинг иккинчисининг ортида ўтиради.

Аввал сиз унга ўз муаммонгиз ҳақида ҳамма нарсани гапириб берасиз-да, унинг юзига узоқ термулиб ўтирасиз. Бундан максад: «Мени Жаҳонгирбек арзгўйларни қайд қилиш журналига ёзармикин?» деган нарсани билиб олишга интиласиз.

Жаҳонгир Сизнинг фамилиянгизни журналига ёзган тақдирда ҳам сиз жуда қувониб кетмаслигингиз керак. Одатда у журнални қўлтиққа қисиб, ўз хонасидан чиқиб, унинг эшигини қулфлайди, кейин иккинчи калит билан коридорчадаги учинчи эшикни очади-да, унга кириб кетади. Бунда у ортидан яна қулфлаб кетишни унутмайди. Коридорчада арзгўйлар орасида ўзаро узоқ сўҳбат бошланади. Вақтни ўтказишингиз керак-ку, ахир!

18 ноябрь, пайшанба куни вилоятнинг турли регионларидан келган ўндан ортиқ фуқаролар вилоят прокурори қабулига кириш илинжида прокуратура биносига кириладиган иккинчи эшик олдида муддатдан илгарироқ тўплана бошладилар. Уларнинг ичида мен, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси Толиб Ёкубов, ҳам бор эдим.

Тўпланганлар орасида яқинда ўғли ўлдирилган, мусибатдан чуқур изтиробда бўлган бир аёл алоҳида ажралиб турар эди. Унинг гапига қараганда, айнан прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот органларида уни ҳеч ким тушунмаётган экан.

Тахминан эрталаб 1000 ларда журнални қўлтиқлаб, ҳамма арзгўйларни коридорчада қолдириб, Жаҳонгир прокурор олдига чиқиб кетди. Қабул вақтининг охирига 15 дақиқа қолганда журналга ёзилганлардан фақат бир арзгўй прокурор олдига кириб чиққанлиги маълум бўлди. Одамлар олдига ичкаридан чиқиб келган Жаҳонгир прокурор қабули тугаганини эълон қилди.

Арзгўйларнинг «Нима учун бизларни шунча вақт куттирдиларинг?» деган саволига у: «Тошкентдан Бош прокуратурадан бир одам келган, эрталабдан бери прокурор олдида ўтирибди» – деди. Вилоятнинг узоқ ҳудудларидан келган арзгўйлар прокурорнинг ўзларига кўрсатган муносабатидан қаттиқ ранжиган эдилар.

Мен ўзимнинг норозилигимни билдириб, прокурор «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунни, фуқароларнинг конфидиция ҳуқуқларини қўпол бузганини, у арзгўйларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатганини айтиб, тушунтиришни талаб этдим.

Жаҳонгир бир неча арзгўйларга, жумладан менга, эртага эрталаб келишни, уларни прокурор қабул қилишини айтди. 19 ноябрь куни эрталаб прокурор ҳам, Жаҳонгир ҳам уларни алдагани маълум бўлди. Милиция ходимлари арзгўйларни кириш эшиги олдига якинлашишга ҳам йўл қўйишмади.

3-қисм

Р.Муҳитдинов ва унинг қўл остидагиларнинг Одил судга нисбатан жиноятлари

2004 йил 31 март куни Жиззах шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Бобур Тўйчиев 02-1444 сонли жиноий иш (ЖИ) қўзғатган бўлиб, унга айбдор тариқасида Жиззах вилоятилик уч фуқароси – Аҳмад Пўлатов, Акрам Файзуллаев ва Ҳамид Султонов – жалб қилинган. Уларнинг биринчиси тадбиркор бўлиб, қолган иккитаси эса акционер-тижорат (АТ) «Пахта-банк»нинг ходимлари экан.

Тергов органлари уларнинг ҳар бирини Ўзбекистон Республикаси (ЎзР) Жиноят кодекси (ЖК)нинг 167 (Ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209 (Мансаб сохтакорлиги) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айблашган.

23 сентябрдан бошлаб мен мазкур ЖИ да Х.Султоновнинг ҳимоячиси сифатида иштирок этиб, ўз ҳимоям остидаги айбланувчи билан биргаликда ЖИ материаллари (ЖИМ) билан таниша бошладим. Уч жилдли ўта чигал ЖИМ ичига кира борган саримиз ЖИ сохталаштирилгани ойдинлаша борди.

Жиззах шаҳар прокуратураси терговчиси Тоҳир Ғаниев ва Зомин туман прокуратураси терговчиси Амир Янгибоевларнинг саводсизлиги (ёки ҳужжатларни сохталаштиришдаги устаси фаранглиги) ёқа ушлашга мажбур этар эди.

Жиззах туман прокурори Фарход Қулматов ва Зомин туман прокурори Инатулла Албековлар ҳам улардан қолишмас экан. И.Албеков сўз юритилаётган ЖИ бўйича суриштирув ва дастлабки тергов органларида қонунларнинг бажарилишини назорат қилувчи прокурор вазифасини бажармоқда эди.

Мазкур ЖИнинг асосий ҳужжати ҳисобланган «Жиноий ишни қўзғатиш ҳақидаги қарор»да Б.Тўйчиев: «Жиззах шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Б.Р.Тўйчиев, ушбу кун [яъни, 2004 йил 31 март куни –Т.Ё.] Жиззах вилоят акциядорлик тижорат “Пахта банк” бошқармасида ўтказилган текшириш ҳужжатлари билан танишиб чиқиб …Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан Жиззах АТ “Пахта банк” бошқармаси кредитлар берилишининг қонунийлиги ва уларнинг ўз вақтида қайтарилишининг аҳволи юзасидан текшириш ўтказилиб …» – деб ёзади.

Мен икки ташкилот – Назорат органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят ҳудудий комиссияси ва АТ «Пахтабанк» Банк операциялари бўлими (БОБ) га сўров йўллаб, 2004 йилнинг 1 январидан 31 мартига қадар АТ «Пахтабанк» БОБ да ўтказилган текширишлар хусусидаги маълумотни менга такдим этишларини сўрадим.

Мазкур икки ташкилотлар жавоби бир хил эди: «Текшириш бўлмаган». Бу эса Б.Тўйчиевнинг Қарори сохта эканини кўрсатади. Бундай ҳолда, асоси сохта ҳужжат бўлган ҳамда ЖИни қўзғатишга сабаб бўлган Қарор суриштирув ва дастлабки тергов органларида қонунларнинг бажарилишини назорат қилувчи прокурор томонидан дарҳол бекор қилиниши, ЖИнинг ўзи эса ёпилиши лозим.

14 октябрь куни мен прокурор И.Албековнинг шахсан ўзига, юқорида айтилган икки ташкилотнинг ҳужжатларини илова қилган ҳолда ариза топширдим ва унда Б.Тўйчиевнинг ноқонуний чиқарган Қарорини бекор қилишни, ЖИни эса ёпишни илтимос қилдим. Назорат қилувчи прокурорнинг жавоби сурбетларча ёзилганлиги билан инсонни ҳайратга солади. И.Албеков Б.Тўйчиевнинг Қарорида нима ёзилган бўлса, худди ўшанинг ўзини такрорлаган, холос. Б.Тўйчиевнинг Қарори сохта эканлигини тўлиқ исботловчи ҳужжатлар ҳақида бирорта сўз ёзилмаган!! Ҳеч қандай раддия келтирилмаган!! Одил судга нисбатан бундан разилроқ жиноятни ўйлаб топиш қийин.

4 ноябрь куни мен вилоят прокурори Р.Муҳитдинов номига лавозимли шахс (И.Албеков)нинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати устидан шикоят ёздим. Шикоятимда мен назорат этувчи прокурор (И.Албеков)ни юридик жавобгарликка тортишни ва уни мазкур ЖИ юритувидан четлатишни сўрадим. Бироқ, вилоят прокурори барча процессуал муддатларни бузган ҳолда Ҳимоянинг шикоятига ҳанузгача жавоб берган эмас.

18 ноябрь, фуқароларни қабул қилиш кунида мен Р.Муҳитдинов билан учрашишга ахд қилдим. Бу қадам нима билан тугагани мазкур мақоланинг иккинчи қисмида баён этилган. Шундай қилиб, вилоят прокурори Р.Муҳитдинов прокурор И.Албековнинг одил судга нисбатан содир этган жиноятини яширди ва ўзи ҳам худди шу жиноятни содир этди. Вилоят прокурорининг ҳимоячини қабул қилмаслиги суд Қарори ИЛГАРИДАН тайёрлаб қўйилганидан бошқа нарса эмас.

Жиноий ишлар бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси Неъмат Бобожонов ва шу суд судьяси Ҳамид Ҳамдамовлар ҳам одил судга нисбатан жиноят содир этишди. Менинг ҳимоям остидаги Ҳ.Султонов айбланувчи тариқасида иштирок этаётган ЖИ ноқонуний қўзғатилгани сабабли судга оширилиши умуман мумкин эмаслиги кўриниб турган эди.

Мазкур ЖИ ёпилишига тамоман ишонган ҳолда мен 11 ноябрь куни Москвага, Халқаро Хельсинки Федерациясининг Бош Ассамблеяси сессиясига учиб кетдим. 15 ноябрь куни Москвадан кайтгач, ЖИ судга оширилганини эшитиб ҳайратга тушдим. ЖИни қабул қилган суд раиси Н.Бобожонов ҳам, ишни ўз ишюритувига қабул қилиб олган Ҳ.Ҳамдамов ҳам одил судга нисбатан жиноят содир этишда прокуратура ходимларига шерик бўлишган.

11 дан 16 ноябргача дам олиш куни (14 ноябрь) дан бошқа ҳар куни Ҳ.Ҳамдамов Ҳ.Султонов уйига суд котибини юборган ва у орқали Ҳ.Султоновни судга келишини талаб қилган. Н.Бобожонов ҳам, Ҳ.Ҳамдамов ҳам мазкур ЖИ сохта эканлигини яхши тушунадилар, бироқ улар ишни зўравонлик билан судга оширишга ҳаракат қилаётган прокуратуранинг тазйиқига дош бера олмаган бўлишлари мумкин.

Улар яна шуни яхши биладилар-ки, агар айбланувчи ва унинг ҳимоячиси судга борсалар, у ҳолда улар суднинг легитимлигини тан олган бўлар эдилар. Шу сабабли, Ҳ. Султоновга сотқин судни тан олдириш мақсадида судья Ҳ.Ҳамдамов изчиллик билан ҳар куни Ҳ.Султонов хонадонига суд котибини юбораверган.

Жиззах вилоятида судья Ҳ.Ҳамдамовнинг кинғир томонларини кўпчилик яхши билади. Айниқса у ўзининг салбий сифатларини 2002-03 йилларда Жиззах вилоятида ғаллани қайта ишлаш ва сақлаш корхоналари ходимлари устидан олиб борилган 241-сонли ЖИни ҳамда 2003-04 йилларда Жиззах шаҳар прокуратураси ходими Азимжон Бобохўжаев устидан олиб борилган ЖИни судда кўришда намоён этган. Бу судланувчилар унинг нообъективлиги ва нохолислигини узоқ вақтлар ёдларидан чиқармасалар керак.

Шундай қилиб, Жиззах вилоят прокурори Р.Муҳитдинов одил судга нисбатан жиноят содир этиш ҳисобига 22-503/02-1444 сонли ЖИда ҲАҚИҚАТни очиш олдига тўсиқ қўйиб, Ҳимояга: «Сен ЖИнинг сохта эканлигини истаганингча исботлайверишинг мумкин, биз эса ўз билганимизни қиламиз», деб одил судга нисбатан менсимаслигини кўрсатмоқда.

Ҳимоя нима қилиши керак? Биз Бош прокурорга шикоят қилишимиз мумкин, албатта. Мазкур ЖИ юзасидан Ҳимоя (яъни мен) икки марта Бош прокурор Р.Қодировга шикоят билан мурожаат қилган. Икки марта ҳам биз қуйидаги мазмунда жавоб олганмиз (масалан, прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи У.М.Ҳамиджоновнинг Жиззах вилоят прокурорининг 1-чи муовини Т.Ҳайталиевга ёзади): «Фуқаро Т.Ёқубовнинг ҳимоясида бўлган Ҳ.Султоновни асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилаётгани ҳақида Бош прокурор номига ёзган аризаси юборилмоқда. Аризада кўрсатилган важлар юзасидан муаллифга қонунда кўрсатилган муддатда жавоб берилишини таъминлашингизни сўрайман».

Лўттибозликдан бошқа нарса эмас. Ҳимоя (яъни мен) лавозимли шахс, айнан вилоят прокурори Р.Муҳитдинов устидан шикоят қилган. Қонунда шикоятни шикоят қилинган лавозимли шахс (ёки унинг идораси)га юбориш тақиқланади. Юқори инстанцияларга шикоят қилиш ана шундай натижага олиб келди.

Давлат раҳбари ўз нутқларида Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат қурилмоқда деган даъво қилишдан олдин прокуратура ходимларининг ҳеч бўлмаганда кундалик ҳатти-ҳаракатларига бир назар ташласа ёмон бўлмас эди.

Нима қилиш керак? Бизда битта йўл колди, ҳолос: бу – вилоят прокуратураси ёки ҳокимияти бинолари олдига чиқиб, очиқ норозилик пикетларида туришдир. Демак, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларни, оддий одамларни норозилик пикетларига чиқишга ҳукуматнинг ўзи мажбур қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Жиззах вилоят прокурори ва ҳокими диққатига шуни маълум қиламан-ки, мен, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси Толиб Ёқубов, 2004 йил 29 ноябрдан бошлаб Жиззах вилояти прокуратураси ва судида (ва уларнинг шаҳар ва туман бўлимларида) шаклланган ҳуқуқбузарлик, қонунбузарлик ва одил судга нисбатан жиноят содир қилишига карши узлуксиз норозилик пикетида тураман.

Менинг ҳимоямдаги Ҳамид Султоновнинг яқинлари ва дўстлари, ҳамда вилоятдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар мен уюштираётган акцияни куллаб-кувватлайдилар деган умид билдираман.


Охирги сўз

Мустакиллик йилларида ишлаб чиқилган қонунлар дунёда энг ёмон қонунлар бўлмаса-да, бироқ мазкур йилларда шаклланган ўзбек одил суди совет одил судининг энг ёмон томонларини ўзлаштирди. У ўзига совет одил судининг жазоловчи функцияларини мерос қилиб олди, холос.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йилларида «веспасианлик даврига» шиддат билан кириб борганлиги туфайли, ўзбек суд системаси ҳамма нарсадан «пул қиладиган» тадбиркор ташкилотга айланди. Бу – «веспасианлик даврининг» асосий белгиларидан биридир. У ўзининг асосий вазифаси – ҲАҚИҚАТНИ ИЗЛАШдан тамоман узоқлашди.

Рим ҳуқуқи давридан бошлаб одил суд жамиятнинг юзи деб ҳисобланиб келинган. Одил суд ўз вазифасидан қанчалик узоқлашса, жамият инқирози шунчалик чуқурлашади. Ўзбекистонда одил суд ва жамиятнинг инқирози равшан кўриниб турибди. У йил сайин чуқурлашмоқда ва мамлакатдаги сиёсий режимнинг ўлимини яқинлаштирмоқда.

Сиёсий режим эса ҳеч бўлмаганда битта, бошдан-оёқ сохталаштирилган ЖИда, ўзининг мағлубиятини тан олишни ҳам истамаётир. Унинг намоёндаларининг фикрича муҳолифат ёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот вакиллари томонидан ҳатто кичик бир мағлубиятга учраш ҳам улар учун ўлим билан баробардир. Шунинг учун ҳам режимга хизмат қилувчилар, ўзларини мағлубиятдан сақлаш мақсадида, одил судга нисбатан жиноят содир этишга ҳам тайёрлар.

Толиб Ёқубов,
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси.

Categories: СУД СИСТЕМАСИ, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.