Узма кўнгил торини

Толиб Ёқубов

Дўст бўлиш осон, ани сақлаш қийин,

Узма кўнгил торини – боғлаш қийин

(Чустий)

Мен домла Чустийнинг содда, бироқ бениҳоя маъноли сатрларида назарда тутилган инсонлар орасидаги муносабатлар нақадар мўрт, нозик ва бу муносабатларни асраш ўта оғир вазифа эканлиги ҳақида кўп ўйлайман. Шу пайтгача бўлган ҳаётим давомида энг яқин дўстлар, маслакдошлар арзимаган гап-сўз туфайли тамоман узилишиб кетганини ва ҳатто бир-бирини кўришга кўзи йўқ душманга айланганини талай марта кўрганман.

Энг яқин дўстлар орасига атайлаб раҳна соладиган одамлар ҳам кам эмас. Уларни фақатгина қитмирлик, ё бирор нарсадан аламзадалик, ёинки бировнинг буюртмаси бу ифлос йўлга ундамайди, балки кутилган манфаат ҳам ундаши мумкин.

“Менинг ҳеч қандай дўстим йўқ, мен душманимдан эмас, кўпроқ дўстимдан қўрқаман, мен ҳеч кимга ишонмайман” дейдиган одамлар ҳам атрофимизда топилади. Бундай ҳолда шу фикрдаги муайян шахс билан халқ орасидаги бир-бирига бўлган муносабати масаласи юзага чиқади. “Халқ” – мавҳум тушунча, ундан, одатда, сиёсатчилар яхлит, бир бутун тушунча сифатида фойдаланадилар.

Бир мисол келтираман. Бу мисол буюк шоир Юсуф Жума номи билан боғлиқ ва бу мисол учун у мендан хафа бўлмас, деб умид қиламан, чунки мен уни энг яқин дўстларимдан бири, деб ҳисоблаганман. Юсуф Жуманинг шеърларида “бу эл”, “бу халқ” сотқин, қўрқоқ, ўз шоирини қадрламайдиган оломон сифатида тасвирланади. Буерда икки ҳақиқатни келтириш лозим, деб ҳисоблайман: биринчидан, Юсуф Жума миллионлаб шахслардан иборат бўлган халқнинг мутлоқ аксариятини танимайди; иккинчидан, ўша аксарият Юсуф Жумани нафақат танимайди, балки унинг шеърларини ўқимаган бўлиши мумкин. Бу икки ҳақиқат сабабларига ҳар бир инсон ўзи фикрлаб етишига мен ишонаман. Шу жойда мен бир ҳикоя келтираман.

Ҳикоя: 90-чи йиллар бошида мен ва “Бирлик” халқ ҳаракати раҳбарларидан бири Мадамин Нарзиқулов иккаламиз Иштихон туманига бордик. Сиёсатга боғлиқ бўлган кўп сўҳбатлар уюштирдик. Иштихонлик дўстлардан бири: “Мен бир йигитни олиб келаман. У ўзига тўқ магазинчи бола эди. “Бирлик”нинг газетасида Юсуф Жкманинг бир шеърини ўқиб ҳаётини тамоман ўзгартирди. Магазинни топширди, ҳозир у “Бирлик” ғояларини тарғиб қиладиган астойдил одамга айланган” деб қолди ва бир фурсатдан кейин ўша йигитни олиб келди.

Йигит Мадамин акага ҳам, менга ҳам ўзининг самимийлиги билан манзур бўлди. Буни унинг кўзларидан билиш мумкин эди. Биз шеър билан боғлиқ бўлган воқеани сўрадик, у ҳикоя қилиб берди: “Мен илгари ҳеч нарсадан камчилигим бўлмаган бир магазинчи эдим. Пулим етарли бўлгани сабабли мен учун ҳаёт “ўйнайлик-кулайлик”дан иборат эди. Шу ҳаёт мен Юсуф Жуманинг “Бу Бирликнинг ишидир” шеърини ўқиганимча давом этди. Шеърни ўқиб мен йиғладим ва бундан кейинги ҳаётимни озодлик учун курашга бағишлашга аҳд қилдим”. (Тамом).

Мен аминман, Юсуф Жума ва ўша йигит бир-бирини кўрмаган, бир-бирини танимайди, мулоқот қилишмаган. Бироқ Юсуф Жуманинг оддий ва ҳаққоний бир шеъри бу йигитда СОҒЛОМ ЭҲТИРОС уйғотган. Шу қадар-ки, у халқ озодлиги учун ҳамма ҳаётий лаззатлардан кечган. Мен яна аминман-ки, Юсуф Жума шеърлари туфайли ҳақиқатни англаган одам битта ўша магазинчи йигит эмас, гарчи шоир уларни танимаса ҳам балки ундайлар халқ орасида минглаб бўлиши мумкин,. Шоир учун бундан-да юксак бахт бўлиши мумкинми?

Узма кўнгил торини – боғлаш қийин

Менинг шоир дўстим баъзан халқни “мор”, “ит”, “калхат”, “чаён” каби салбий сифатлар билан атайди. Бу ёндошув нотўғри эканини мен юқорида бир мисолда келтирдим. Ўзбеклар тарихида Навоий, Муқимий, Фурқат ва бошқа буюк шоирлар ўтган, бироқ улар айбни халққа қўйишганини мен ўқимаганман ва эшитмаганман. Лекин уларнинг асарларини ўқиб одамлар эл, халқ ичидаги мардни ҳам, номардни ҳам таниб олишган. Ўз ҳаётимдан бир мисол.

Ҳикоя: 1991 йил 29 декабрьдаги президентлик сайловидан сўнг мен 18 кундан кейин мазкур сайловга бағишланган “…, айтайлик, …” номли бир мақола ёздим ва у “Бирлик” газетасида босилди. Ўша пайтда Ислом Каримов ўзбекчани яхши гапира олмас, нутқида кўпгина “айтайлик” каби паразит сўзларни ишлатар эди. Мақоланинг номи шунга шаъма эди. Бир неча кундан кейин мени Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Анвар Мирзаев чақириб қолди. Мени у ва прокурор ёрдамчиси Илья Капустянский қабул қилишди. Хонага кирганимда А.Мирзаев столи устида турган мақоламнинг копиясига кўзим тушди. А.Мирзаев ва мен орамизда қуйидаги диалог бўлиб ўтди:

– Мана бу мақолани сиз ёздингизми?

– Ҳа, мен ёзганман;

– Нега мақолангизда ҳурматли президентимизни ҳақорат қилгансиз?

Савол бериш навбати менга келди:

– Сиз мақолани яхшилаб ўқидингизми?

-Ҳа, яхшилаб ўқиганман;

– Сиз мақолада “Ислом Каримов” ёки “президент” деган сўзларни учратдингизми?

– Йўқ, учратганим йўқ;

– Ёзувчи асар ёзса-ю, уни ўқиган одам ундан ўзини таниб олса, ёки бошқа бир одамни таниб олса, ёзувчи ўз мақсадига эришган бўлади ва у ўзини бахтли, деб ҳисоблайди. Сиз менинг мақоламдан ҳурматли президентни таниб олибсиз-да! Мен бахтли одам эканман.

Анвар Мирзаевнинг дами ичига тушиб, ранги оқариб кетди, анча вақт гапира олмай ўтирди. Мен ғолиб ҳолда чиқиб кетдим. (Тамом).

Математик мантиқ (логика)да КВАНТОР ва КВАНТИФИКАТОР деган тушунчалар мавжуд. Мен муҳтарам ўқувчига зерикарли бўлса-да, шулар ҳақида қисқача тушунча бериб ўтмоқчиман. Маълум-ки, математиканинг асосини “тўплам” тушунчаси ташкил этади: одамлар тўплами, шаҳарлар тўплами, сонлар тўплами, текислик устида жойлашган нуқталар тўплами, учбурчаклар тўплами ва ҳ.

“Одамлар тўплами”даги “одам” сўзига бошқа сифат бермасак, бу тўпламга дунёдаги барча одамлар киради. Агар унга бирор, мас., “ўзбек” деган сифат қўшсак, у ҳолда бу тўпламга фақат ўзбеклар киради. “Шаҳарлар” тўплами деганимизда, унга дунёнинг барча шаҳарлари киради. Сифатни кучайтирсак, мас., “пойтахт” сўзини қўшиб “пойтахт шаҳарлар” тўплами десак, у ҳолда бу тўпламга Тошкент, Москва, Вашингтон, Деҳли ва ҳ. шаҳарлар киради. Шундай қилиб, ҳар қандай тўплам (унинг элементлари нималардан иборат бўлишидан қатъий назар) қандайдир муайян бир сифат билан боғлиқ экан.

Биз гапирганимизда кўпинча “ҳамма” ва унинг эквиваленти (маънодоши) “барча”, “топилади” ва унинг маънодошлари “бор” ёки “мавжуд” каби сўзлардан кенг фойдаланамиз. Нега? Қадим замонларда тил шаклланаётган пайтда инсонлар уни осонлаштириш, кўп биртипли (яъни, бир-бирига ўхшаш) гапларни бир “қолип”га тушириш учун юқорида келтирилган сўзларни ўйлаб топишган.

Оддий бир мисол. £={А, Б, В, Г, Д} тўпламга исмлари А, Б, В, Г ва Д бўлган одамлар кирган бўлсин. Сиз шу 5 одамни “аҳмоқсан” деб уришаётган бўлсансиз, буни фақат икки усулда қилишингиз мумкин: биринчи усул, бу – ҳар бир одамнинг номини тутиб “ахмоқсан” дейиш ва бешта биртипли гапни “ва” боғловчиси билан боғлаш, иккинчи усул эса – “ҳамманг ахмоқсан” дейиш, яъни бирорта ҳам номни тутмасдан “ҳамма” сўзи ёрдамида шу ишни бажаришлир.

Худди шундай, сиз £ тўпламда “ахмоқ” қанчалигини билмасангиз, у ҳолда гап “эгасини” топиши учун яна икки усулдан фойдаланишингиз мумкин: биринчиси – ҳар бир одамнинг номини тутиб “ахмоқсан” дейиш ва бешта биртипли гапни “ёки” боғловчиси билан боғлаш, иккинчи усул эса – “ораларингда “ахмоқ” бор (мавжуд, топилади) дейишдир. Табиий бу сўзлар гапда кўп нарсани тежайди, гапни осонлаштиради. Бу сўздар математик мантиқда УМУМИЙЛИК ва МАВЖУДЛИК кванторлари деб аталади.

Тилнинг баъзи сўзлари тўпламни “кенгайтириши” ҳам мумкин ёки “торайтириши” ҳам мумкин. Мас., “ёш ўзбек қизи” тушунчасини олайлик. Одатда бу тушунчани 18 ёшга кирмаган қизлар қаноатлантиради, демак 18 ёшга етмаган ўзбек қизлари битта £ тўплам ташкил қилади. Юқоридаги тушунчани “анча” сўзини киритиб бироз ўзгартирсак: “анча ёш ўзбек қизлари” тушунчаси £ тўпламни кескин торайтиради (элементлар сонини кескин камайтиради). Пайдо бўлган бу тўпламни “жуда” сўзи ёрдамида, яъни “жуда ёш ўзбек қизлари” деб, тўпламни янада торайтириш мумкин. Тўпламни кенгайтирадиган ёки торайтирадиган сўз математик мантиқда КВАНТИФИКАТОР дейилади.

Узма кўнгил торини – боғлаш қийин

Мақола бошида келтирилган “мен ҳеч кимга ишонмайман” иборадаги “ҳеч” кучли квантификатордир. У бу гапни айтган одамнинг дўстлари тўпламини йўққа чиқаради – бу тўплам бўш, унда бирорта одам йўқ. Унга қарама-қарши тўпламга бутун халқ киради. Бу одам жуда бахтсиз одамдир (соф математик нуқтаи-назаридан). Кимдир “мен ҳеч кимга ишонмайман” деган иборани: бу – нисбий гап, дейиши мумкин. Тўғри, бироқ мазкур иборани айтаётган одам: 1) “ҳеч” квантификаторини эҳтиросга берилиб нотўғри қўлламоқда; 2) билиб-билмай ўзини катта кўпчиликка қарши қўймоқда; 3) халқ ичида мард ва тоза одамлар борлигини инкор этмоқда.

Одамлар ўзаро гаплашаётганда пала-партишликка йўл қўйишади ва квантор ҳамда квантификатор сўзларига эътибор беришмайди. Натижада, рост гап ёлғонга, ёлғон гап ростга айланиши мумкин. Мен Москвада аспирантурада ўқиган вақтимда кафедрада аспирант, стажёр ва ўқитувчилар баъзан сўҳбатлашиб ўтиришарди. Илмий раҳбаримиз Юрий Щегольков деган олим туюқсинда: “Вы неправильно используете кванторы!” («Сизлар кванторларни нотўғри ишлатаяпсизлар!») деб бақириб қолар эди. Биз уни ишлаб ўтирибди деб ўйласак, у бизнинг ҳамма гапларимизни фақат эшитибгина эмас, балки тахлил (анализ) қилиб ҳам ўтирар экан.

Мавзудан четга чиқиб кетганим учун муҳтарам ўқувчидан кечирим сўрайман. Бироқ юқорида айтилганлар, яъни математик мантиқни эшитмаган ёки билмаган ўқувчилар учун берилган кичик “дарс”, менга олдинги фикрларимни давом эттириш учун керак эди.

“Халқ”, “эл”, “маҳалла”, “оила” ва шунга ўхшаш сўзлар одамларнинг муайян тўпламларини акс эттирадилар. Бир маҳаллада 10 та қори бўлса, шу маҳалла одамларидан бири ҳазиллашибми, ёки оғзига келганини айтвораверадиган одати бўлгани учунми: “Бизнинг маҳалла одамларининг бариси қори” деб юбориши мумкин. Буерда у “бари” деган умумийлик кванторини қўллаган ва, табиий, гапи ёлғон. Табиий, бу одамнинг гапида нисбийлик ҳам бор, бироқ бу нисбийлик ҳазилдан кўра кўпроқ ҳақораомуз, салбий (негатив) тусдадир.

Оила, кўча, маҳалла ва қишлоқ одамлар сони ва зеҳнияти (менталитети)га кўра халқдан кескин фарқ қилади. Юсуф Жуманинг 3-4 қўшниси туман МХХ раҳбарларига қариндош ёки яқинлиги учун шоирни ўлгудек ёмон кўришади ва унинг оиласига муттасил таҳдид қилишади. Бироқ мен аминман, шу қишлоқда шоирни нафақат ёқтирадиган, балки ҳалиги иштихонлик магазинчи йигит каби меҳр қўйганлари ҳам бор. Мен ишлатаётган “бор” сўзи “камида битта”ни билдиради. Бутун қишлоқ шоирга душман бўлиши эҳтимолдан анча узоқ, бироқ шоир билан ҳамфикр, уни қўллаб-қувватловчи ҳамқишлоқлар талай бўлишининг эҳтимоли каттадир. Халқ ҳақида гапирилганда бу кўрсаткич жуда юқори бўлиши мумкин.

Узма кўнгил торини – боғлаш қийин

Ҳикоя: Баддиуззамон Саид Нурсий Туркиянинг Нурс қишлоғида туғилган. Мактабда бор-йўғи 5-6 синфни тугатган. Мактаб ёш Нурсийни қаноатлантирмагани учун у диний ва дунёвий фанларни мустақил ўргана бошлаган ва катта ютуқларга эришган. Улғайгач, Истамбулга кетиб, уерда бир идора очади ва унинг пештоқига “Бу идорага исталган савол билан мурожаат қилиш мумкин” деб ёзув ўрнатади. Бора-бора у машҳур одамга айланади. У ҳукуматнинг барча лавозимларини рад қилади ва бунинг учун узоқ йиллар қамоқларда ётади. Қамоқхонада у мақола ва китоблар ёзади ва уларни пайдар-пай қишлоқдошларига етказиб туради. Саид Нурсийнинг қишлоқдошлари орасида обрўси шу қадар юқори бўлган-ки, ундан мақола келса, бир неча кун Нурсда барча оилалар кечаси-ю кундуз бу мақолани минглаб нусхада кўпайтиришар экан. Шундан сўнг Нурснинг эркаклари мақолани халталарига солиб Туркия бўйлаб сафарга чиқиб кетишар ва уларни тарқатиб келишар экан. (Тамом).

Нега мазкур феномен Юсуф Жумада такрорланмади? Нега Юсуф Жума туғилиб ўсган Хирс қишлоғи одамлари унинг шеърларини минглаб нусхада кўчириб бутун Ўзбекистонга тарқатишмади? Туркиядаги Нурс қишлоғининг одамлари ёппасига ботир, Ўзбекистондаги Хирс қишлоғининг одамларининг ҳаммаси қўрқоқ бўлгани учунми фақат? Йўқ, ундай эмас.

ТУРКИЯ. Битта қавм бўлса-да, турк ва ўзбекларнинг зеҳнияти (менталитети) кескин фарқ қилади. Турклар асрлар давомида, яқин-яқингача катта империя ташкил қилишган, муттасил Европа мамлакатлари ва Россия билан урушиб келган, бу урушларда турклар фақатгина одамларини йўқотган эмас, улар маънан ва жисмонан чиниққан, дўст ким, душман ким – англаганлар, улар олдида қўрқоқлик, сотқинлик каби жирканч хислатлар чекинган.

Саид Нурсий замонида ҳозиргидай ёзиш, кўчириш ва тарқатиш техникаси бўлмаган, одамлар унинг мақолаларини қўлда ёзишган ва кўпайтиришган. Бироқ, ҳукумат ҳурфикрлиликка қарши курашса-да, халқда нисбий эркинлик сақланган. Мутафаккир қамоқда ўтирганда асарлар ёзгани, улар қишлоққача етиб боргани, қишлоқ аҳли уни Туркия бўйлаб тарқатишга имконияти бўлганлиги нисбий эркинликнинг белгисидир.

ЎЗБЕКИСТОН. Бир пайтлар Амир Темур империясининг бир қисми бўлган Марказий Осиё ҳудуди жаҳонгир ўлимидан кейин нафақат шоҳзодалар орасидаги тахт талашиш урушлари майдонига айланди, балки парча-парча бўлиб ҳам кетди. Уруш хонликлар ва амирликлар томонидан давом эттирилди. Бир қавм ичида ўз-ўзи билан урушиш халқни чиниқтирмайди, аксинча уни инқирозга учратади. XV-аср бошида бошланган бу оға-ини урушлари рус босқинчилари келгунча тўхтаган эмас.

Шунинг учун ҳам ҳарблик қобилияти қолмаган бир амирлик ва икки хонлик Россиянинг кичик гуруҳига жангларни осонликча бой берди. Узлуксиз давом этган 80 йиллик чор Россияси истилоси, 70 йиллик большевиклар зулми ва 22 йиллик И.Каримов мустабидлиги ботирлик, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олиш, халқ бирлиги каби тушунчалардан ўзбеклар зеҳниятида деярли ном-нишон қолдирмади. “Бир обод бўлган ер бир хароб бўлади”. Ўзбек ва бошқа марказийосиёлик туркий қавмлар Амир Темур даврида ободлик даврини бошларидан ўтказганлар, биз ҳозир уларнинг, хусусан ўзбекларнинг, хароб ахволини кўриб турибмиз.

Ободлик қориннинг тўқлиги билан ўлчанмайди, биринчи навбатда халқ руҳининг юксаклиги ободликнинг кўрсаткичидир. Халқ руҳи юксак бўлгандагина у сиёсатда, яъни давлат қурилишида ҳам, иқтисодда ҳам, илму-фанда ҳам, маданиятда ҳам (ва ҳ.) илғор бўлади. Бунинг асосий шарти иккита: 1) уни (халқни) НИЯТИ ТОЗА раҳбар бошқариши; 2) халқнинг ичида унинг юксак руҳини изчиллик, чидам ва матонат билан, уни ҳақорат қилмай шакллантирадиган МУТАФАККИРлари бўлиши керак.

Бу икки ташкил этувчи, яъни нияти тоза раҳбар ва хассос мутафаккирлар ҳали ўзбеклар пешонасига битган эмас. Нияти тоза раҳбар ана шундай мутафаккирларни излайди, уюштиради, рағбатлантиради, эркинлик беради. И.Каримов ҳам уларни излаяпти, бироқ топганини жамоа орасида сазойи қилаяпти, ишдан бўшаттириб иқтисодий ночорликка солаяпти, мардикорга айлантираяпти, қочишга мажбур қилаяпти, қамаяпти, ўлдираяпти. Унинг репрессив машинаси тинимсиз ишлаяпти, 22 йилдан бери бир сония ҳам тўхтаган эмас. Шундай шароитда халқдан норози бўлиш ўринлими? Мен баралла айтишим мумкин: ЎРИНЛИ ЭМАС! Баддиуззамон Саид Нурсий феномени Бухоро вилояти, Қоракўл туман, Хирс қишлоғида Юсуф Жумага нисбатан нега такрорланмади? Жавоб аниқ: ҳозирги Ўзбекистон шароитида такрорланиши МУМКИН ЭМАС!

Узма кўнгил торини – боғлаш қийин

Тил Аллоҳнинг одамзодга берган буюк инъоми. Аллоҳ инсонни яратиб унга тил бермаганда эди, бизнинг кўзимиз ўнгида тамоман бошқа дунё турган бўлар эди. Бироқ тил тузадиям, бузадиям. Хассос шоирлар ва ёзувчиларнинг халқ олдидаги вазифаси уни қўрқоқлик ва сотқинликда айблаш эмас, матонат билан унинг кўзини очиш, тарбиялаш ва унга юксак руҳият сингдиришдир.

Тил мураккабдир. У тарихдай, гарчи тарих ҳам тил ёрдамида ёзилса-да, қаёққа еталаса ўша ёққа кетаверадиган енгил табиатли аёлга ўхшамайди,. Демак, тилдан инсонни юксакка кўтариш учун ҳам, уни пастга уриш учун ҳам фойдаланса бўлар экан. Мана Юсуф Жума шеърларидан уч (А, Б ва В) парча:

(А)

Oдaмлaрдaн чиқмaс вaфoдoр,
Oдaмлaрдaн жaфoкор чиқaр.
Oққушлaрдaн ярaлгaнсaн, ёр,
Oққушлaрдaн вaфoдoр чиқaр.

Xиёнaтгa oдaмзoт мoҳир,
Xиёнaтдaн титрaйди дунё.
Oдaмлaрдaн чиқмaгaн Тoҳир,
Oдaмлaрдaн чиқмaгaн Зуҳрo.

(В)

Қaригaн oлмa ҳaм гуллaбди, қaрaнг,
Сиз қaримaй гулдaн қoлдингиз.
Қaни чeҳрaнгизгa чирoй бeргaн рaнг,
Билмaдим, нeчa минг гулдaн қoлдингиз.

Элгa қaрoлмaйсиз aввaлгилaрдeк,
Энди ярoлмaйсиз aввaлгилaрдeк,
Энди сaйрoлмaйсиз aввaлгилaрдeк,
Вoдaриғ, ўлмaйин тилдaн қoлдингиз.

(Б)

Фaлaк чaқсa бoшлaрдa чaқмoқ,
Тoғ чидaмaс, aёл чидaйди.
«Энг буюк дaрд, – дeйдилaр, – тўлғoқ»,
Тoғ чидaмaс, aёл чидaйди.

Мaгaр oчлик ёприлиб кeлсa,
Шeр чидaмaс, aёл чидaйди.
Гaр тaшнaлик бaғрини тилсa,
Eр чидaмaс, aёл чидaйди.

У «ғинг» демaс, демaс сирa «вoҳ»,
Гaр жoнигa кeлсa ҳaм зaвoл.
Лeкин фaрзaнд чeкaр бўлсa oҳ,
Ҳaммa чидaр, чидaмaс aёл!

(В) нинг давоми
Пoкдингиз мисoли шoҳдaги aнoр,
Пoйингиздa эди бoшлaр интизoр.
Oҳ, энди пoйлaрдa юрибсиз xoр-зoр,
«Вaфo», – дeб aтaлгaн йўлдaн қoлдингиз.

Aфсус, xиёнaтдир чeҳрaнгизгa чaнг,
Уни ювгaн билaн кeтмaйди, aттaнг.
Қaригaн oлмa ҳaм гуллaбди, қaрaнг,
Сиз эсa қaримaй гулдaн қoлдингиз.

Мазкур учта шеър бир-биридан кескин фарқ қилади:

(А) шеърни ўқиган баъзи одамлар шоирдан ранжийди, бу ўқувчи севгида ҳам, сиёсатда ҳам, дўстликда ҳам вафодор бўлиши мумкин ва бундайлар халқ орасида етарлича кўп; улар ўзлари учун бу шеърни ҳақорат, деб қабул қилишларининг эҳтимоли жуда катта ва табиий.

(Б) шеърга гап йўқ – у нақд ҳақиқатдан иборат ва уни ҳар бир инсон ҳеч иккиланмай қўллаб-қувватлашига мен аминман, чунки бу шеърда шоир оддий сўзлар билан аёл табиатини сўзсиз очиб берган.

(В) шеър ҳеч кимни ҳақорат қилмайди, лекин бу шеърдан талай одам ўзини ёки шеърда айтилган сифатли бошқа одамларни таниб олади. Ҳақиқий мутафаккирлар халқ учун айнан шу йўналишда ёзадилар.

Мен бу мақолани ёзмас эдим: соғлиғим ёмонлиги, ўзбекзабон интернетда ўзини “Демократ” дея атаётган, бироқ демократияга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган саводсиз шотирлар кўпайиб бораётгани, мен дўстим деб ҳисоблаган бетакрор сўз устаси, файласуф, изчил курашчи Юсуф Жума бир шарлатан-сиёсатчининг тўрига илинганини сезаётганим учун ушбу мақолани ёзишга аҳд қилдим.

Юсуф Жуманинг www.harakat.net сайтида чиққан икки мақоласи ва бир шеъри ушбу мақолани ёзишимга қўшимча туртки бўлди. Икки мақола бўйича мен фикримни ўзимнинг “Мантиқ, эҳтирос ва манфаат” номли мақоламда айтганман: “Охирги икки мақоласини Юсуф ўз ташаббуси билан ёзганига мен ишонмайман. Асосий ўйинчи (МХИ) бу ўйинни ташкил қилар экан, у А шар билан В шар (мен юқорида айтган шарлатан-сиёсатчи)ни ишга солиб, С шар (Юсуф Жума)ни “тўр”халтага туширган, чунки МХИ Юсуф нафақат изчил, қайтмас диссидент эканлигини, балки ўта эҳтиросли инсон эканлигини ҳам яхши билади”. Мен ўзимнинг бу сўзларимдан қайтмайман.

Юсуф Жума АҚШга келгач, Алишер Жума бир раддия мақола тарқатганини биламан. У мақола менда бор. У мақолада Алишер мен айтаётган шарлатан-сиёсатчининг Юсуф Жума билан боғлиқ бўлган ёлғонини фош қилган эди. Мен бундан қувонган эдим, чунки ўша шарлатан-сиёсатчи шайтонни ҳам алдашини мен яхши биламан. Афсус, менинг қувончим узоққа чўзилмади. Мени тамоман ҳайратга солган нарса Юсуф Жуманинг “Фалонимга” (аниқ номи эсимда йўқ) шеъри бўлди. Фурқат аксар умрини дарбадарликда ўтказган, ватанига сиғмаган, мисли кўрилмаган машаққатлар чеккан. Бироқ у: “Халқ мени билса билди, билмаса фалонимга” деб ёзмаган. У оддийгина қилиб айтганда ХАЛҚПАРВАР бўлган! У тарихда шунинг учун номи ўчмас ҳолда қолди.

Мен Юсуф Жуманинг номи тарихда қолишини истайман. Фақат интернет-сайтларда эмас, улар бугун бор, эртага йўқ. Мен Юсуф Жума халқ онгида ва қалбида қолишини, унинг шеърларини келажакда мактаб ва олий ўқув юртларида дарсларда ўтилишини, одамлар унинг ижоди бўйича шеърхонлик кечалари уюштиришларини истайман. Мен Юсуф Жумани “бетакрор сўз устаси, файласуф, изчил курашчи” деб ундан қўрққанимдан ёки унга лаганбардорлик қилмоқчи бўлганимдан ёзаётганим йўқ, чунки на унинг мендан, на менинг ундан тил қисиқ жойимиз йўқ.

Бироқ у мен истагандай мартабага эришармикин? Келажак авлод уни шоирлар ичидан чиққан, истибдодга қарши ҳар қандай шароитда мардона курашган миллий қаҳрамон сифатида қабул қилармикин? Менинг дўстона жавобим: Юсуф Жума биринчи қадам сифатида ҳалиги шарлатан-сиёсатчидан хийла узоқда юриши керак, акс ҳолда шу шарлатан туфайли у кўп иснодларга учраши мумкин. Иккинчи қадам эса Юсуф Жуманинг ўзига боғлиқ: у Фурқат каби ХАЛҚПАРВАР бўлиши керак!

Истеъдодни Аллоҳ дуч келган бандасига беравермайди. Истеъдодни дўсту-душманни ҳақорат қилишга сарфлаган одам сўзсиз ютқазади. Бердими – уни оқлаш керак! Айнан халқпарварлик билан оқлаш керак. Ҳозирча бу хислат Юсуф Жумада кўринмаяпти.

Мен тилга олаётган шарлатан-сиёсатчи ютқазган одам ва унинг одамларда ўчи бор. Ёши 70 га яқинлашгани сабабли у энди ўзининг ниятига ета олмаслигига тамоман ишонди. Бироқ унинг юрагида кучли яра ва оғриқ қолган ва улар унда ўч хиссини шакллантирди. У И.Каримовга қаратилган ўчини ундан ололмаслигини тушунди. Шу сабабли у ўчини дуч келган одамга, хусусан собиқ сафдошларига қаратган. Ўч олови унда шу қадар-ки, у Бек Тошмуҳаммедовнинг патагига ҳам арзимаса-да, бул зотни ва “Бирлик”нинг бир қатор намоёндаларини қорамол деб атади. Халқни-ку тинимсиз қорамол деб келаяпти. Бу шарлатан 1992 йил 20 декабрдан бошлаб ватан тупроғига оёқ босган эмас. 2005 йил апрелида мен ундан бунинг сабабини сўраганимда, у телефонда: “Борсам мени ўлдиришади-ку! Сиз тарихий шахснинг ролини тушунмас экансиз!” деб бақира бошлади. Мен бошқа гаплашмадим.

Бу шарлатан ўлимдан қўрқар экан. Унинг назарида халқни ташкил қилувчи инсонлар ўлимдан қўрқмаслиги керак экан. Бу “тарихий шахс”нинг қорамолдан қаери ортиқ? У менга кўп осилди, куракда турмайдиган тўҳматлар қилди. Уддалай олмади. Мен унинг конкрет хато ва жиноятларини башарасига айтлим. Биттасига ҳам жавоб берган эмас, жавоб бера олмайди ҳам.

Узма кўнгил торини – боғлаш қийин

Сўнги сўз

Ушбу мақолани ёзиб тугатаётганимда Юсуф Жуманинг “Ҳаракат” сайтида “Туркистонни тикла, Тангрим, ягона қил. Кечир шоир Юсуфингни хешим менинг, Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг!” номли мақоласини ўқиб қолдим. Юсуф Жума мақоласида мени ҳам тилга олибди. Қуллуқ! Ҳурматимизни қабул қилинг!

Бу мақола шарлатан-сиёсатчи масаласида мен юз фоиз ҳақ эканлигим яққол кўринди. Шарлатан одамларнинг қуланса ҳиди узоқдан ҳам билиниб туради. Афсусланарли жойи шунда-ки, мен дилдан ҳурмат қиладиган шоир шарлатан-сиёсатчининг тўрига илиниб қолганидир.

Бироқ мен заррача ҳам шоирдан хафа бўлганим йўқ. Миннат эмас, Юсуф Жума қамоқда ётган пайтларида мен унинг озодлиги учун қўлимдан келгунча курашганман. Мен куёвим масаласида АҚШ президентларига хат ёзганим йўқ, Юсуф Жума учун бир неча марта мурожаат қилганман ва мени яхши танийдиган конгрессмен орқали президент секретариатига етказганман. Менинг мурожаатларим фойда бердими-йўқми, билмайман, бироқ мен дўстим олдидаги бурчимни бажарганман, деб ҳисоблайман.

Шарлатан-сиёсатчи ҳақми, ё мен ҳақманми – Аллоҳнинг буюк сирларидан бири бўлган ВАҚТ кўрсатади. Ўлмасак – кўрамиз, ўлиб кетсак болаларимиз кўрар. Мен бекорга Чустий домланинг “Узма кўнгил торини – боғлаш қийин” сатрларини такрор ва такрор ёзаётганим йўқ. Агар Юсуф Жума шу буюк интеллекти билан шарлатан-сиёсатчининг тузоғига тушаётган бўлса, мен бундан фақат афсусланаман.

Узма кўнгил торини – боғлаш қийин.

Categories: Uncategorized | 1 dona sharh

Post menyusi

One thought on “Узма кўнгил торини

  1. Pingback: Ҳуқуқбон Толиб ЁҚУБОВнинг блоги

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.