ИККИ ШАВКАТ

 Толиб Ёқубов

Ким улар ўзи? Нега айнан Шавкат исмли икки кимса ҳақида гапирмоқдамиз? Ҳозирги пайтда ким кўп – Шавкат кўп, одамлар тўдасига кўзламай кесак отворсангиз Шавкат деганга бориб тегади.

Биз айтаётган Шавкатларнингбири зоминлик ёки ўратепалик, – баъзилар у  1957 йилнинг 24 июлида  Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган дейишса, бошқалар Тожикистоннинг Ўратепа шаҳрида таваллуд топган, деб ишонтиришга ҳаракат қилишади.

Шунинг учун бизда бу шахснинг миллати ҳақида муқим бир фикр йўқ – бир хиллар уни ўзбек дейишса, тожиклар: “У – биздан”, деб мағрурланишади. Биринчи Шавкат, яъни Шавкат Мирзиёев, – Ўзбекистонда 2003 йилнинг 11 декабридан бошлаб ҳукумат бошлиғи. Тожиклар уни ўзларига бошлиқ  қилиб олишга ҳали жиддий киришишгани йўқ.  Олиб кетишса – бизлар зиён кўрмаймиз, ҳам бир зил-замбил юкдан қутуламиз, бироқ улар ўзларига бало сотиб олишади.  Олиб кетишмаса – улар зиён кўришмайди, бизлар эса ўша эски тоғора билан қолаверамиз.

Иккинчи Шавкат – қорақалпоғистонлик, тезкор ишлар бўйича “Жаслиқ” қамоқхонаси бошлиғининг ўринбовари, тўғрироғи – мусулмон, ҳуқуқбон, журналист, тадбиркор ва бошқа маҳбусларни қийноққа соладиган, ўлгудек калтаклайдиган жаллоди Шавкат Вайсниёзовдир.

Ҳадеб “Шавкат Мирзиёев” ва “Шавкат Вайсниёзов” деявериш одамнинг ғашини келтиргани туфайли биз мақола давомида уларни мос равишда “1-чи Шавкат” ва “2-чи Шавкат” дея ёзишни маъқул кўрамиз.

Қорақалпоғистонлик уч ака-ука шоввозлар

 Уч ака-ука, бир ота, бир онадан туғилиб ўсган Амин Юсупов, Шарип ва Икром Вайсниёзовлар ичида каттаси (Амин) Қорақалпоғистондаги бир туман ички ишлар бошқармасида кўп йиллар начальник бўлиб ишлаган. Уни яхши таниган одамларнинг гапи бўйича Аминнинг табиати ва маънавий қиёфасини таърифлаш учун инсон хаёлига келган энг ифлос ва жирканч сифатлар етмас экан.

Икром Вайсниёзов Қорқалпоғистонда бир туман ҳокимининг ёрдамчиси бўлиб ишлаганини эшитганмиз, 90-чи йиллар охири, 2000-чи йиллар бошида эса Жиззах вилояти, Пахтакор тумани ҳокими, 1-чи Шавкатнинг жонажон укаси Убайдулла Ёмонқуловнинг ўринбосари вазифасида ишлаганини яхши биламиз. Унинг иш фаолияти ҳам, умрининг ниҳояси ҳам шуерда автоҳалокат натижасида тугаган. Мазкур ака-укаларнинг учинчиси Шарип Вайсниёзов тўғрисида бизда маълумот етарли бўлмаганлиги сабабли у ҳақида биз ўзимизни чегараладик.

Бу икки Шавкат орасида қандай боғлиқлик бор, деб сўрашингиз табиий. 1979 йилда Шавкат Мирзиёев Тошкент Ирригация ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтига, Икром Вайсниёзов ва унинг синфдоши Фарход Ерманов эса Тошкент Автомобил Йўллари институтига ўқишга киришади. 1-чи Шавкат улар билан илгари на қариндош ва на таниш бўлган. Бироқ, бирнеча йиллик студентлик даврини битта ижара квартирада бирга ўтказиш уларни қадрдон дўстга айлантирган.

Пахтакор туманида Икром Вайсниёзовни яхши таниган, бирга ишлаган одамларнинг айтишича, иссиқ кунларда минерал сув қандай кетса, ароқ шунчалик кетадиган баъзи ўтиришларда ширакайф бўлган Икром Вайсниёзов аҳъён-аҳъёнда собиқ квартирадошини шодиёна руҳда эслаб қолар ва ўша кезларда 1-чи Шавкатга: “Уйлансам, ўғил кўрсам, ёки ака-укам ўғил кўрса, отини Шавкат қўяман” деб ваъда берганини айтар экан.

1-чи Шавкат ҳам дўсти Икромни ҳеч қачон унутмаган. Икром 90-чи йилларнинг охирида Қорақалпоғистондаги ишидан олинганда Жиззах вилоятида ҳоким бўлиб турган 1-чи Шавкат дарров уни Жиззахга олиб келган ва, юқорида айтганимиздай, Пахтакор тумани ҳокимининг ўринбосари лавозимига ўтқазган.

1-чи Шавкат Жиззах вилоятига ҳоким бўлган 1996 йили Фарход Ерманов ҳам Қорақалпоғистондаги бир туманга ҳоким этиб тайинланган. У шахсий сифатлари, касбий ютуқлари туфайли ҳоким бўлган, дейишга биз қийналамиз. Унинг мансаб пиллапоясида юқорига қараб ўрмалашида 1-чи Шавкатнинг хиссаси бор, дегичларни ҳам учратганмиз.

Жаҳолат, зулм ва ҳаром-ҳариш масаласида 1-чи Шавкат қандай одам эканлигини англаш учун яхшиси жиззахлик ва самарқандликлардан сўраш керак. 1-чи Шавкат ҳеч қачон милиция начальниги бўлиб ишламаган бўлса-да, ҳар қандай начальникни бир чўқишда қочиришини оддий одамлар уёқда турсин, начальниклар ҳам ўз шкураларида синаб кўришган.

Шундай қилиб, 2-чи Шавкат миршабликдан бошқа касбни эгаллашга уринмаган ҳам – уни “Жаслиқ” учун тайёрлайдилар. Энг асосийси, “Жаслиқ” қамоқхонасининг маҳбуслари, ҳукумат назарида, Ислом Каримовнинг биринчи душманлари ҳисоблангани учун унинг назоратини 1-чи Шавкат шахсан ўз зиммасига олган экан. У бир йилда камида икки марта вертолетда Жаслиққа учиб келар ва душманлар бобида қимматли маслаҳатлар бериб кетар экан. Кимдир бу қимматли маслаҳатларни бажариши керак-ку! Қўйнингдан тўкилса – қўнжингга, деганларидай, 2-чи Шавкатдай ўзингникидан яхшиси борми?

2-чи Шавкат зона бошлиғи Ботир Кенжаевнинг ўринбосари бўлгани учун оддий ишларга қўл урмайди, одатда у юқоридан, масалан Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси (ЖИЭББ) бошлиғи Абдукарим Шодиев, ёки ЖИЭББ терроризмга қарши кураш бўлимининг бошлиғи подполковник Эркин Бобоқуловга ўхшаганлардан келган топшириқларни эътиқод билан бажаради. У юқорининг заказини бажараётганда қонун-понун деган беъмани нарсалар минг километр нарига улоқтирилишини маҳбуслар тамоман тушуниб бўлишган.

1-Шавкат ҳукуматининнг антиқа ҳисоботи

2011 йилнинг сентябрининг охири ва октябрининг бошида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Варшавада бўлиши кутилаётган халқаро учрашувига Ўзбекистонниннг 1-чи Шавкат бошқараётган ҳукумати ҳар қандай инсоннинг кўзини қамаштирадиган бир ҳисобот тайёрлашни мўлжаллабди. Биласиз, ЕХҲТ 50 дан ортиқ давлатлар ҳукуматларининг ташкилоти ҳисобланади. Бундай учрашувларда 1-чи Шавкат ҳеч қачон қатнашмаган. Бироқ унинг бу каби учрашувларни гуллатадиган Акмал Саидов, Сайёра Рашидова, Алишер Шарофуддинов, Дилбар Суюнова каби югурдаклари бор.

Андижон воқеаларидан кейин 1-чи Шавкат ҳукумати ЕХҲТнинг ҳар йилда бир марта бўладиган бундай учрашувларидан қочиб юрди. Ўғри бегона жойда ўғрилик қилса, буни ҳеч кимга сездирмайди. У ўғриликни ўз  маҳалласида қилса, буни ўғрининг кўзи одамларга билдириб қўяди. 2005 йил 13 майда 1-чи Шавкат ҳукумати ўз юртида ўғирлик қилди, яъни ўз халқини отди. Ҳозир 1-чи Шавкат ҳукумати Катта Ўғри (Жон Ўғриси, Қотил) эканини ҳамма билади.

Ўша йили ЕХҲТнинг йиллик халқаро учрашуви 18-29 сентябрда Варшавада ўтди. Мен 19-24 сентябрь кунлари ўша учрашувда қатнашганман. 1-чи Шавкат ҳукуматининг ўрни бўш турди, ҳатто югурдакларнинг ҳам қораси кўринмади.

Ўғри ўзидан зўрроқ ўғрига нафақат ўғирлаган нарсасидан улуш бериб туради, зўр келганда ҳатто ўзининг иккинчи ярмини ҳам беандиша тортиқ қилиб туриши мумкин. Ён қўшниси кўпсонли кучли ўғриларга қарши ўз озодлиги учун матонат билан курашаётган бир пайтда 1-чи Шавкат ҳукумати ўзидан кучли ҳукуматлар талабини қониқтириш учун ҳозирча мамлакат темирйўлларини бериб қўйди. Ким билади, ҳали яна нималарини беради? Кучли ҳукуматлар ҳозирча бундан хурсанд – у-буни кўрса ҳам кўрмасликка олиб туришибди.

Ҳукуматлардан фарқли ўлароқ халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ҳамма нарсани ўз номи билан аташга, яъни қотилни қотил, жоҳилни жоҳил, мазлумни мазлум дейишга ўрганишган. ЕХҲТнинг йиллик халқаро йиғинларида ҳукумат қандай руҳда бўлишидан қатъий назар – у 1-чи Шавкат ҳукуматидай қотил бўладими, Ангела Меркель ҳукуматидай иккиюзлама бўладими, ёки темирйўл учун 1-Шавкат ҳукумати жиноятларини кўрса кўрмасликка олаётган бетайинлар бўладими – айнан ана шу ҳуқуқбонлик ташкилотлари унинг гирибонидан оладилар ва дунё жамоатчилиги олдида жиноятларини фош қиладилар.

Айнан шу сабабли 1-чи Шавкат ҳукумати онда-сонда “кўзқамаштирувчи” ҳисобот тайёрлаб Варшава ёки Венага қўлтиқлаб олиб боради, у ерда эса Акмал Саидовга ўхшаган маддоҳ мазкур ҳисоботни тутилмасдан ўқиб беради. Сўзининг охирида маддоҳ ҳисоботни боши узра юқорига кўтариб: “Мана, кўрдингларми, бизда иш қандай йўлга қўйилган? Ҳаммаёқ демократия, халқ хурсанд!” деб ҳам қистириб қўяди, лекин ҳеч ким қарсак чалмайди, чунки ҳисобот бошдан охиригача ёлғон эканини ҳамма билади.

Мисол келтирмасак гапимиз қуруқ бўлиб қолади. Мисоллар кўп, биз фақат бирини келтирамиз. Секин-аста қолганларини ҳам келтиришга ҳаракат қилармиз. Эълон қилинган ва қилинмаган мисоллар келажакда 2-чи Шавкат кабилар ва уларнинг раҳнамолари устидан ўтказилажак судларга ҳам асқоиб қолиши мумкин.

Шундай қилиб …

ЕХҲТнинг 2011 йил сентябрининг охири ва октябрининг бошида бўладиган халқаро учрашуви олдидан 1-чи Шавкат ҳукумати қамоқхоналар бошлиқларига халқаро доираларда номи тез-тез эсланадиган сиёсий махбуслар, хусусан ҳуқуқбонлардан қандай йўл билан бўлса-да: “Биз белгиланган жазо муддатини шоду-хуррам ўтаб ётибмиз; ҳукумат ўзи емаса емайди-ки, бизга едиради; қийноқ деган нарсанинг “қ”си ҳам йўқ; энг зўр дорилар аввал бизга келади, ортиб қолгани аҳолига тегади; бу оромбахш қамоқхоналарда кўпроқ ўтирайлик деб амнистияни инкор қиламиз; бунинг йўли осон – арзимаган бўлса-да ички тартибни бузиб турамиз; ким жонажон ҳукуматимизни танқид қилса бизнинг ана шу хатимиз билан оғзига уринглар, деб ёзмоқдамиз” деган ҳужжат ёздириб  олиш вазифасини юклаган.

Бу вазифа “Жаслиқ” қамоқхонасининг бошлиғи, қорқалпоғистонлик Ботир Кенжаевга ҳам йўлланган. Ботир Кенжаев нима қилиши керак? Тўғри, у дарров ўринбосари 2-чи Шавкатни чақиртиради, унинг ёнига Ҳабиб Абдуллаев деган иродасиз, қўрқоқ бир оперни қўшиб вазифани тушунтиради: “Отамизнинг душмани Азам Фармонов дегани бор-а? Биласизлар-а? Уни кўп калтаклагансизлар, яхши биласизлар. Ана ўшандан мана бу мазмунда хат ёздириб оласизлар”, деб уларга бир варақ қоғоз узатади. Буйруқ август ойининг биринчи ўнкунлигида берилади.

Шикоят

 Азам Фармоновнинг хотини Озода Якубова турмуш ўртоғининг олдига 2011 йилнинг 12-13 август ва 12-13 ноябрь кунлари бориб келган.  Озода 14 августда ортга қайтгач, 2-чи Шавкат ва Ҳабиб Абдуллаев Азам Фармоновни қийноқхонага олдириб келишади. Воқенинг буёғини 1-чи Шавкатнинг ишонган одамлари ЖИЭББ бошлиғи А.Шодиев (нусхалари: Бош прокурор Р.Қодиров ва ИИВ Б.Матлюбов, УЯ 64/71 зона бошлиғи Б.Кенжаев) номига Озода Якубованинг ёзган шикоятидан келтирамиз. (Иқтибос):

“Мен Сизга илгари ҳам бир неча марта УЯ 64/71 ЖИЭМда сақланаётган турмуш ўртоғим Азам Фармонов ЖИЭМ маъмурияти томонидан қийноққа солинаётгани ҳақида ёзганман, бироқ хатларимнинг бирортасига Сиз жавоб бермагансиз.

Билмасангиз билдириб қўяй: Сиз Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида”ги қонунни ҚЎПОЛ РАВИШДА БУЗМОҚДАСИЗ, Сиз бошқараётган Бошқармага кирувчи муассаса (УЯ 64/71) ходимлари эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддасини (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) БЕҲАЁЛАРЧА ва ВАҲШИЁНА БУЗИШМОҚДА.

Мен турмуш ўртоғим билан учрашувга 2011 йил 12 августда кириб, 14 августда чиқдим. Учрашувдан олдин уч кун давомида зона мулозимлари А.Фармоновдан “Менда ҳеч қандай муаммо йўқ, тазйиқ ва қийноқлар йўқ, овқатланиш ва медицина хизмати жуда яхши” деб ёзиб беришни талаб қилишган. Вазият бунинг тескариси бўлгани учун А.Фармонов бу талабни рад этган.

Менинг учрашувга боришим яқинлашаётгани сабабли ва бу“хотини орқали ошкор бўлади” деган мулоҳазага бориб, зона мулозимлари мазкур хатни ёздириб олиш учун қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсонийёкиқадр-қимматни камситувчи муомалаҳамдажазо турларини қўллашдан ўзларини вақтинча тийишган.

Менинг уйга жўнаб кетишимни пойлаган зона бошлиғининг тезкор ишлар бўйича ўринбосари, милиция капитани Шавкат Вайсниёзов 15 авшуст куни А.Фармоновни чақиртирган ва яна ўша талабни қўйган. У билан бирга зонанинг тезкор ходими Ҳабиб Абдуллаев ҳам бўлган. А.Фармоновнинг бу бебурд талабни яна рад этиши Ш.Вайсниёзовни ғазабга келтирган ва у маҳбусни аёвсиз калтаклай бошлаган, қорни, бели ва оёқларига тепган, қўллари билан томоғидан буққан. Бу ваҳшиёна ҳаракатлар Ш.Вайсниёзов томонидан ифлос, оғизга олиб бўлмайдиган ҳақорат ва сўкишлар билан амалга оширилган. У икки гапининг бирида “Қайнотанг ҳам, сен ҳам Европанинг малайисанлар, сен халқ душманисан” деб бақирган.

Ш.Вайсниёзовнинг ваҳшиёна уриши, дўппослаши ва ҳақоратларидан кейин ҳам А.Фармонов ғайриқонуний талаб қилинган хатни ёзишдан бош тортган. Ш.Вайсниёзовнинг кўзи қонга тўлиб, баттар қутуриб, яна дўппослашни бошлаган. У қонунга хилоф руҳий таъсир кўрсатиш мақсадида: “Сенинг ўлиминг менинг қўлимда, сени ўлдириш менга буюрилган, мен шундай қиламан-ки, хотининг ҳам, болаларинг ҳам қамоққа тушади, бу ердан сенинг фақат ўлигинг чиқади, агар тушунтириш хатини ёзиб бермасанг қўлингга наручник тақиб изоляторга олиб бораман ва шипга осиб қўяман, халқ душмани сифатида бир умр қамоқда чирийсан” дея бақирган. Қутурган мулозим олдида А.Фармоновнинг талаб қилинган хатни ёзиб беришдан бошқа варианти бўлмаган ва у ёзиб берган. …

… “Бу ваҳшийликни ким буюрган?” деган саволнинг жавоби Сизга бориб тақалади. ЖИЭББ системасида бу буйруқни Сиздан бошқа мулозим бера олмайди. А.Фармоновни ўлдириш Ш.Вайсниёзовга буюрилган экан, бу буйруқни Сиздан бошқа яна ким бериши мумкин? Мени ва болаларимни қамаш учун Ш.Вайсниёзов нима тадбирлар қилишини балки Сиз биларсиз? …

… Шундай қилиб, менинг турмуш ўртоғимга нисбатан УЯ 64/71 зонасида шафқатсиз, ғайриинсоний, қадр-қимматни камситувчи муомала, ўлдириш, оила аъзоларини қамаш билан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, азоб бериш каби жисмоний ва руҳий қийноқлар давом этмоқда. Сизнинг тарбиянгизни олган, Ш.Вайсниёзовга ўхшаганлар айтган гапини амалга оширишига мен ишонаман. …

Ушбу шикоят-аризанинг нусхалари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Қодировга ҳам, ИИ вазири Б.Матлюбовга ҳам юборилади. Бироқ мен бу лавозимли шахсларга ишонмайман, чунки улар А.Фармонов ва Алишер Караматовларнинг қамалишида ўзларини кўрсатишган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда:

1) 2011 й. 15 августда УЯ 64/71 зонасида сақланаётган сиёсий маҳбус Азам Фармоновга нисбатан шу зона бошлиғи ўринбосари Шавкат Вайсниёзов томонидан содир этилган жиноятлар бўйича жиноий иш қўзғатишни;

2) Мазкур жиноятни яширгани учун шу зона оперходими Ҳабиб Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 241-моддаси бўйича ж/и қўзғатишни;

3) Маҳбус Азам Фармоновнинг Ўзбекистон Республикаси ЖИКда назарда тутилган барча ҳуқуқларини тиклашни ва унга нисбатан ўтказилаётган тазйиқ ва қийноқларни зудлик билан тўхтатишни СЎРАЙМАН”. (Иқтибос тугади).

Мазкур ариза адресатларга 2011 йил 23 ноябрда жўнатилган, улар хатни олганлари ҳақидаги билдириш (уведомление) ҳужжати Озода Якубовага етиб келган. “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун бўйича давлат мулозими фуқаронинг ҳар қандай ариза, шикоят ёки бошқа мурожаатига 1 (бир) ойдан ошмаган муддат ичида ёзма равишда жавоб бериши ШАРТ. Муҳтарам Абдукарим Шодиев эса бу муддатдан уч (!!!) баравар кўп вақт ўтганига қарамасдан ҳанузгача жавоб берган эмас.

Озода Якубова 2012 йил 24-25 февраль кунлари яна Жасликда бўлганда зона бошлиғи Ботир Кенжаев билан учрашган ва ундан ўзининг шикоятига жавоб ёзмаганлигининг сабабини сўраган. Б.Кенжаев А.Фармонов калтаклангани фактини тамоман рад этган.

Ҳайратланманг. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Нима қилсин у, ахир?! Азам Фармоновни вахшийларча калтаклаган Шавкат Вайсниёзов нафақат Шавкат Мирзиёевнинг АДАШИ, балки у билан 1979 йилдан бери апоқ-чапоқ бўлиб кетган Вайсниёзовлар сулоласининг вакили-ку! Ростни рост дейишга Ботир Кенжаевнинг нечта жони ва калласи бор? Бақрайиб туриб у ёлғон гапиришга МАЖБУР!

Бақрайиб туриб ростни ёлғон, ёлғонни рост деб турган одамни халқ оддийгина қилиб ҚАСАМХЎР деб қўяқолади. Биз ҳам Жаслиқдаги УЯ 64/71 зона бошлиғини бундан буён Ботир Кенжаев эмас, Қасамхўр Кенжаев деб ёзаверамиз. Колониясида бўлаётган ишларни ва ўзини ўзи яхши билгани учун у биздан хафа бўлмайди.

Қачонгача Ўзбекистонда ИККИ ШАВКАТга ўхшаганларнинг зулми давом этаркин – башорат қила оладиган одам борми?

6 март 2012 й.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.