«Биз учун инсон қадри бир «пуф»ча ҳам эмас!»

Толиб Ёқубов

 Менинг қизим Озода Ёқубова « Жаслик»дан турмуш ўртоғи Азам Фармонов олдидан қайтгач, 29 апрель куни «Озодлик» Радиоси учун интервью берибди.

Радио ходимининг: «Бирор бир қийноқ ëки бошқа ҳолатлар кузатилганми?” деган саволига қизим: “Жисмоний қийноқлар қўлланилмаган¸ лекин руҳий қийноқлар тинимсиз бўлиб турибди. Ҳаттоки мажбурлаб “менга нисбатан қийноқ ўтказилмаяпти” деб ëздириб олишган. “Мен ëзмайман бунақа нарсани” деб норозилик билдирсалар¸ “Сен бола-чақангни ўйлагин. Агар ëзмайдиган бўлсанг¸ ўзингга қийин бўлади” ¸ деган гаплардан кейин ëзиб берган” деб жавоб берибди.

Афсус, қизим кўп ўзбеклар қатори жисмоний ва руҳий қийноқларнинг фарқига бормас экан. Радиога берган интервьюсида қизим айтиб ўтмаган бўлса-да, 19 январь куни Азам Фармоновни Халқаро Қизил Ҳоч қўмитаси ходимларидан яшириш учун Нукус шаҳрига, ўтирадиган скамейкасигача темирдан бўлган “воронок” машинасида олиб кетишаётган пайтда унинг эгнида фақат маҳбуслар киядиган қора роба бўлган, холос.

Гарчи ташқарида минус 30 даража совуқ бўлса-да, унга иссиқ кийим кийишга рухсат беришмаган. Нукусгача бориш саккиз соат вақтни олган. Машинада кетаётган қўриқчи милиционерлар оёғида этик, устиларида эса иссиқ фуфайка бўлиб, унинг устидан улар бушлат кийишган бўлган.

Жисмоний қийноқ ўз номи билан жисм, яъни инсон танасига чидаб бўлмас даражада оғриқ етказишдир. 30 даража совуқда инсонни битта юпқа робада, 8 соат давомида, темир “воронок” машинада олиб юриш жисмоний қийноқнинг энг мудҳишларидан биридир.

Интервью бераётганда қизим яна бир жойда билиб-билмай адашган ёки балки ёзиб олинишда хатога йўл қўйилган. 19 январь куни Азам Фармоновни Нукусга олиб боргач, уни вақтинчалик сақлаш изолятори (ВСИ)га ташлашган ва қизим айтгандай “Шу ерда шу кун оч қолишган” эмас, балки 3,5 (уч ярим) кун оч қолдиришган. Оч қолдириш жисмоний қийноқнинг яна бир мудҳиш кўринишидир.

“Ҳаттоки мажбурлаб “менга нисбатан қийноқ ўтказилмаяпти” деб ëздириб олишган. “Мен ëзмайман бунақа нарсани” деб норозилик билдирсалар¸ “Сен бола-чақангни ўйлагин. Агар ëзмайдиган бўлсанг¸ ўзингга қийин бўлади” ¸ деган гаплардан кейин ëзиб берган” – бу эса бориб турган руҳий қийноқдир.

“Сен бола-чақангни ўйлагин. Агар ëзмайдиган бўлсанг¸ ўзингга қийин бўлади” деган гапнинг асл маъноси нима? Унинг маъноси: “Биз қароқчилармиз, биз учун инсон қадри бир “пуф”ча ҳам эмас. Буни бизга президентимиз, бизнинг Худомиз ўргатган ва уни изчиллик билан бажаришимизни биздан талаб қилади” деганидир.

Бундан бир неча йил илгари палаги тоза оила фарзанди қамоққа олинганда, бу асл мусулмон йигитнинг синглиси [афсус, унинг рухсатисиз исмини айта олмайман] акасининг жиноий ишида ҳимоячи бўлиб қатнашишни истаб Тошкент шаҳар судининг судьяси Раҳмоновга мурожаат қилган. Раҳмонов рад жавобини берган. Шунда ҳалиги қиз мамлакат Конституциясига ишора қилганда судья қаршисида аёл киши ўтиришига қарамасдан унга қараб беҳаёларча: “Йўқол, ўша Конституциянгга фалонимни қўйдим!” дея ўшқирган.

Давлат бошлиғи 20 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат Конституциясига фалонини қўйиб намуна кўрсатиб турганда судья Раҳмонов ва аксарият бошқа судьялар, терговчилар, прокурорлар, МХХчилар, милиционерлар, ҳокимлар ҳам Конституцияга фалонини қўйишга тўлиқ ҳақлари бор (шу тоифадаги аёл мулозимлар нимасини қўйишаётибди – билмайман).

Қўпол қилиб судья Раҳмонов тили билан айтганда, ҳар қандай ҚИЙНОҚ – давлат мулозимларининг мамлакат Конституциясига ФАЛОНИНИ ҚЎЙИШИДАН иборатдир. Бу – ҳар қандай авторитар сиёсий тузумнинг уни (тузумни) таниб олинадиган [отнинг қашқаси каби] асосий белгиларидан биридир.

Нима сабабдан судья Раҳмонов мамлакат Конституциясига ўз муносабатини шунчалик қўпол равишда изҳор этганини тушуниш қийин. Конституцияга муносабати (ичида) айнан шундай бўлса-да, мулозимлар юқорида келтирилган иборани ишлатавермайдилар. Улар буни қилаётган АМАЛлари билан билдирадилар:

–              прокурор инсонга нисбатан сохта жиноий иш қўзғатади, терговчи бу сохталикни “тасдиқлатиш” учун тутқунни қийноққа солади, судья мазкур сохталикни қонунлаштириб беради, зона бошлиғи эса ўз қўлостидагилари билан “жиноятчини” буткул синдиришга ҳаракат қилади;

–              гарчи қонунчиликда “фермер хўжалиги (ф/х) мустақил нодавлат ташкилоти”  дейилса-да, ҳоким фермерга крепостной деҳқон сифатида қарайди: хоҳласа уни дўппослайди, хоҳласа ерини тортиб олади (буни суд орқали “қонунлаштириб” ҳам олади), хоҳласа банкдаги пулини олиб қўяди, йиллик даромадини хоҳласа бердиради, хоҳламаса – маҳрум қилади;

–              мамлакатнинг Конституцияси ва Жиноят-процессуал кодексида “суд процесслари очиқ ўтказилади” дейилган бўлса-да, унинг ўтказилишида ҳукуматнинг қош-қовоғига қаралади: мана ҳозир таниқли журналист Хайрулла Ҳамидов бўлган гупуҳ устидан бошланган суд ғирт ёпиқ ҳолатда олиб борилмоқда; Азам Фармонов ва Алишер Караматов суди ҳатто ёпиқ тарзда ҳам ўтказилмаган; бу икки ҳуқуқбонни 2006 йил 15 июнь куни тергов изоляторидан Янгиер шаҳар судига олиб келиниб, қафасга киритилгач, суд раиси Эркин Хидирбоев ҳукмни ўқиб берган, холос.

–              собиқ бизнесмен, ҳуқуқбон Абдулло Тожибой ўғли мамлакат Конституциясига асосланиб 2007 йилда президент лавозимига ўзининг номзодини қўймоқчи бўлди – рад этишди; у “Ўзбекистонда адолатли ва очиқ сайловлар учун” номли нодавлат ташкилотини тузди – давлат рўйхатидан ўтказишмади; у Бош вазир Шавкат Мирзиёев истеъфосини талаб этиб тинч норозилик пикетларига чиқа бошлади – уни милиция бўлимига судрашди ва икки марта суд қилишди; охир-оқибат соф қароқчилар тилида: “Агар шу ишингни яна давом эттирадиган бўлсанг, бола-чақанг, қариндош-уруғингни қамаймиз” дейишди;

–              Ислом динини ардоқлаган ҳар бир мусулмон мамлакат Конституциясини нафақат  бузмайди (унга тажовуз қилмайди), балки мулозимларнинг фалони тегавериб расво бўлган ва шу туфайли  ҳаром қилинган, бироқ шундай бўлса-да “мавжуд конституциявий тузум” учун хизмат қилаётган [Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасига қаранг] бундай Конституциядан ҳазар қилади; бироқ давлат мулозимлари эса ўзлари ҳаром қилган конституциявий тузумга “тажовуз қилдинг”, деб минглаб мусулмонларни қамамоқда.

Етар. Бундай амаллар мисоли Ўзбекистонда ҳар қадамда учрайди.

Ўзбекистон шундай мамлакат-ки, унда нафақат қамоқдагилар, балки оддий халқнинг аксарияти қийноққа тутилмоқда.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.