Улуғбек Ҳайдаров Эгамназар Шаймоновни эмас, мени судга бергани маъқул

Толиб Ёқубов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Таъсис Қурултойида мен туғилиб-ўсган Тоқчилиқ қишлоғидан уч одам – мен, Мамир Азимов, Холмурод Элмуродов – таъсисчи сифатида қатнашганмиз. Таъсис Қурултойида 72 таъсисчи ичида бир қишлоқдан 3 одамнинг қатнашиши ҳазил гап эмас. Мен бундан фаҳрланаман. Фаҳрланишимнинг иккинчи қирраси шундан иборат-ки, Мамир Азимов Ўзбекистоннинг кўзга кўринган ҳуқуқбонларининг бирига айланди.

ЎИҲЖ тузилгандан бошлаб бу ташкилот Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ), милиция ва прокуратура идораларининг диққат марказида бўлиб келди. ЎИҲЖ тузилган пайтда (1992 йил 2 февраль) Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасида фақат иккита жиддий ташкилот – Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (ЎБХҲ) ва “Эрк” демократик партияси – бўлиб, шу икки демократик ташкилот ҳукумат учун асосий бошоғриқ эди. ЎИҲЖни тузиш ташаббускорлари асосан бирликчилар бўлган.

Бошида ҳукумат ЎИҲЖнинг моҳиятини тушунмади. Чамамда, ҳукуматдагилар: “Бу ҳам “Бирлик”ка ўхшаш, ҳокимият учун талашадиган бир ташкилот бўлса керак” – деб ўйлашган. Бунинг исботи учун иккита мисол келтираман. Мен “Бирлик”да фаолият бошлаганимдан кейин мен ишлаган Тошкет давлат педагогика институтида студентлар орасида юритаётган фаолиятимни назорат қилиш учун институтга Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Илья Капустянский (мен асосан рус группаларида дарс берганим учун бўлса керак) ва МХХ ходими Зиёвутдин Пўлатов ғизбизак бўлиб қолишди.

Яхши эсимда бор, ЎИҲЖнинг Таъсис Қурултойида мен залнинг ўртасидан жой олдим. Қурултойга ҳокимият, прокуратура ва Адлия вазирлигидан кузатувчилар таклиф этилган эди. Пойлаб турган эканми, менинг ёнимга юқорида айтганим И. Капустянский келиб ўтирди. Қурултой Жамият Уставини муҳокама қилаётганда у кўп нарсани тушунмади ва мендан сўрай бошлади. Қурултойдан кейин ҳукумат одамлари бу ташкилот ҳокимият учун курашмаслиги, унинг бирдан-бир мақсади ҳукуматдан ўзи жорий этган қонунлар ва Конституцияга изчиллик билан амал қилишини талаб этиш эканлигини англаганлар.

Шунинг учун бўлса керак, ЎИҲЖ Қурултойидан 10 кун ўтгач, 1992 йил 12 февраль куни ҳукумат шошилинч равишда “Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш миллий комитети”ни тузди. Бу ташкилотга юридик фанлари доктори, проқессор Аъзамхўжаев раҳбар қилиб қўйилди. Уч кун ичида бу ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди, Қизил майдонда жойлашган офис берилди, машиналар, офис буюмлари, телефон ва бошқа нарсалар муҳайё қилинди.

Иккинчи мисол. 1998 йил Ўзбекистонга АҚШ Давлат департаментидан бир нуфузли делегация келди ва мен улар билан учрашдим. Улар менга: “Биз президентнинг давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ғуломов билан учрашамиз ва ЎИҲЖнинг регистрацияси масаласини кўтарамиз” – дейишди. Делегация кетгач, мени АҚШ элчихонасига таклиф этишиб бўлиб ўтган сўҳбатни гапириб беришди. Б.Ғуломов делегация аъзоларига: “ЎИҲЖ ҳуқуқбонлик ташкилоти эмас, бу ташкилот сиёсий партия, уларнинг бирдан-бир мақсади – ҳокимият учун курашиш. Биз бундай ташкилотни ҳуқуқбонлик ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ҳеч қачон ўтказмаймиз” – дебди.

Ҳукумат ўзига мухолифат деб ҳисоблаган ҳар қандай ташкилотга нисбатан икки йўлни тутди: 1) имкон қадар тузилаётган ташкилот раҳбарини «сотиб» олиш ва ташкилотни ҳукумат фойдасига ишлатиш; 2) агар ташкилот раҳбарини «сотиб» олиш иложи бўлмаса, бу ташкилотга ўз одамларини имкон қадар кўпроқ сингдириш. “Бирлик” ва “Эрк” тузилганда ҳам бу ташкилотлар ичига ҳукумат ўз одамларини тиқиб ташлаган эди, бироқ унинг лидерлари Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ бу ҳолга панжа орасидан қараганлар.

Бу ҳақда мен ўзимнинг 2007 йил 18 апрельда “ЦентрАзия” сайтида чоп этилган “Постоянный скандальный фон в среде правозащитного движения и оппозиции» номли мақоламда батафсил ёзганман. Бу икки лидер, билибми, билмайми, ҳатто баъзибир айғоқчиларга меҳр қўйишган. Ўзбек мухолифатининг мағлубиятининг асосий сабаби ҳам унинг лидерларининг махсус хизмат органларининг ишига эътиборсизлигидир, деб ҳисоблайман.

Мазкур икки сиёсий мухолифат 1993 йилдан бошлаб мамлакатдаги фаолиятини тўхтатганларидан кейин ҳукуматнинг хуружи асосан ЎИҲЖга қаратилди.

ЎИҲЖ ҳам ҳукуматнинг шу чиғириғидан ўтди. ЎИҲЖнинг раҳбари Абдуманноб Пўлатов гарчи АҚШдалиги пайтида ҳукумат сиёсатига ўз муносабатини маълум маънода ўзгартирган бўлса-да, ташкилот тузилаётган пайтида у ҳукуматга сотилган эмас. Шунинг учун ЎИҲЖга нисбатан ҳукумат ўзининг иккинчи йўлини қўллаб келди. Ҳукумат:
I) Михаил Ардзинов, Марат Зоҳидов, Владимир Березовскийларни Таъсис Қурултойда сингдиришга (эсимда қолганлари);
II) Васила Иноятова, Исмоил Одилов, Абай Байбулатов, Сухроб Исмоилов, Руслан Шарипов, Сурат Икромов, Улуғбек Ҳайдаровларни кейинчалик сингдиришга;
III) Ҳайитбой Якубов, Музаффармирзо Исоқов, Аҳмад Абдуллаев, Комилжон Ғофуров, Саиджаҳон Зайнобитдинов, Константин Степановларни кейинчалик «сотиб» олишга ёки синдириб ўзига хизмат қилишга эришганини мен яхши биламан.
Буларнинг I гуруҳи Таъсис Қурултойда Бошқарувга аъзо, М.Ардзинов эса раис ўринбосари этиб сайланган. Уларнинг ичида вақт ўтиши билан ўз хатосини тушунган ва афсусланганлар ҳам бўлган.

Дастлабки йилларда М. Ардзинов раис ўринбосари бўлгани учун ўзини «Бирлик» ва унинг раисининг ашаддий дўсти қилиб кўрсатиб юрди ва бир пайтнинг ўзида ўзининг («ҳукуматнинг» деб ўқинг!) барча нафратини «Эрк» ва унинг раҳбарига қаратди. 1996 йилнинг охиридан бошлаб «Бирлик» ва «Эрк»ка нисбатан у ўз муносабатини 180 градусга ўзгартирди. 2000 йилга келиб М. Ардзинов ўз фаолиятини ҳар икки ташкилот ва унинг раҳбарларига қарши қаратди. Менинг тўлиқ ишончим бўйича унинг бир ўзи мазкур икки ташкилотга МХХ, прокуратура, милиция, суд ва сотқин оммавий ахборот воситалари (ОАВ) етказган зарбадан кўра кўпроқ зарба берди. Мен шулар ҳақида ёзганимда Абдураҳим Пўлатов М. Ардзинов тарафини олди.

Қани М.Ардзинов ҳозир? У ўз ишини аъло даражада бажариб бўлди. Қаригандан сўнг МХХ уни «истеъфо»га чиқарди. Эшитишимча, ҳукумат унга қандайдир мукофот ҳам берибди ва у ҳозир ўз ватани Санкт-Петербургда маза қилиб қарилик гаштини сурмоқда. ЎБХҲни парчалашда ҳам ҳукумат айғоқчиларининг роли катта бўлган эди, бироқ парчалар лидерлари вазиятни ўрганиш ва тўғри баҳо бериш ҳамда аниқ ҳаракат қилиш ўрнига бир-бирини ғажишдан нарига ўтмадилар.

Ҳозирда Абдураҳим Пўлатов бошдан-бош ҳукумат томонидан ёлланган ва ўзбек мухолифатига сингдирилган В.Иноятованинг «ҳатти-ҳаракати» билан «Бирлик»ни «оёққа турғизаётганини» чираниб иддао қилмоқда, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ)нинг 2-чи Қурултойига М. Солиҳ таклиф қилган талай «делегат»ларнинг пешонасига фақат МХХнинг муҳри босилмаган, холос. Шулардан бири асли андижонлик, бироқ кўп йиллар Жиззахда яшаган Улуғбек Ҳайдаровдир. У нима сабабдан Жиззахга келиб қолганини мен билмайман. Унинг яқин бир қариндоши Жиззахга кучишлатар органларнинг бирига ишга ўтказилгандан кейин уни қора қилиб опа-сингил Нортожи ва Улуғбек Ҳайдаровлар ҳам Жиззахга келишганини Жиззахда одамлардан эшитганман. Афсус-ки, биз буни жуда кеч эшитганмиз.

ЎХҲнинг 2-чи Қурултойидан олдин У.Ҳайдаров «Туркистон TV» радиосига интерқью берибди. Интервьюсида у ЎИҲЖнинг Жиззах вилояти Дўстлик тумани бўлимининг раиси бўлиб бир неча йил фаолият қўрсатган Эгамназар Шаймоновнинг “Янгидунё” сайтида чоп этилган ва унда уни фош қилган мақоласига ўз муносабатини билдирибди. Мен муаллифнинг Улуғбек Ҳайдаров ҳақида ёзилган фикрларини Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалар бўйича тўлиқ тасдиқлайман. Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеалар менга қоронғу, шунинг учун улар ҳақида мен ҳеч нарса айта олмайман.

У.Ҳайдаров Э.Шаймоновни ҳозир ҳам ўзининг дўсти, деб ҳисоблар экан – буни у бир неча бор такрорлади. Унинг айтишича Э.Шаймонов бошқаларнинг қўлида қўғирчоқ экан ва уни ўйнатаётган мен эканман. Эгамназар менинг заказимни бажараётибди эмиш. Қизиғи шунда-ки, мен, чамаси, Эгамназарни охирги марта ё 2005 йилнинг охирида, ё 2006 йилнинг бошида кўрганман. Адашмасам. Менинг куёвим Азам Фармонов қамалгандан кейин иккаламиз бир марта хат ёзиб хат олишганмиз. Бироқ бу иккаламиз орамиздаги гап ва унинг У.Ҳайдаровга алоқаси йўқ. Шундан кейин Эгамназар билан алоқамиз тамоман узилган: биз бир-биримиз билан на телефон ёки скайпда гаплашганмиз ва на э-майл орқали хат ёзишганмиз. Бу узилишнинг сабабларини фақат иккимиз биламиз, холос. Менинг тириклигимда алоқамиз тикланадими-йўқми, билмайман.

Эгамназар ҳақида икки оғиз гап. Эгамназар ташкилотимизда энг қўрқмас йигитларимиздан бири бўлган. Унинг адабий истеъдоди ҳам жуда юқори эди. Унинг “Қаршилар йўқ, бетарафлар ҳам йўқ!” номли шеъри ҳақида мен ЎИҲЖнинг баённомасини ёзганман ва унда унинг шу битта шеъри Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовларнинг бир китобидан юксакроқ, деб атаганман. У ҳукумат одамлари уюштирган тўда (50 дан ортиқ одам) Эгамназарни қақшатқич калтаклагандан кейин ташкилотимиз аъзолари уни Тошкентга олиб қочишгани, уни Тошкентдаги ва Гулистондаги касалхоналарда даволанишга ёрдам беришганини ҳамон эслайман.

Ҳукуматга хизмат қиладиган сотқинлар бошқаларни лох (шалпангқулоқ) деб ўйлайдилар ва ўз тилларидан илинадилар. Эгамназарни бир неча марта ҳозир ҳам дўстим деб атаётган Улуғбек шу заҳотиёқ уни судга бераман, дейди. Илгари Эгамназар “Мен сенинг дўстингман!” деб Улуғбекка кўнгил изҳор қилганми-йўқми, билмайман. Бироқ бировдан, у ким бўлишидан қатъий назар, оддий тўҳмат эмас, балки кескин фош этувчи “тўҳмат” эшитаётган одам ҳеч қачон тўҳматчини дўстим деб атамайди. Улуғбек Эгамназарни дўстим деб атаётгани “Мен оқман, мен сотқин эмасман” деган иддаога халқимизнинг аксариятини ташкил этувчи чойхона одам (обыватель)ларни ишонтириш учун айтилган, холос. Бунга махсус одамлар махсус жойларда ўргатишади. Унча-мунча оқни қорадан ажратишни биладиган одамлар унинг бу иддаосига ишонмайдилар.

У.Ҳайдаров ЎИҲЖни ташлаб “Эзгулик” ташкилотига ўтиб кетгани учун мен уни кечира олмаган ва шу кундан бошлаб уни ўзимга душман деб ҳисоблаган эмишман. Шу туфайли мен Эгамназарни унга қарши қайраган эмишман. Эгамназарнинг фош этувчи мақоласидан кейин бу бечора шошиб қолганга ўхшайди ва оғзига келганини, унда мантиқ борми-йўқми дея мулоҳаза қилмай, гапириб юбораверадиган даражага тушиб қолибди шекилли. Мен Ўзбекистондан 2006 йил ўртасида чиқиб кетганман, Эгамназар ҳам “плюс-минус” шу пайтларда чиқиб кетган бўлса керак. Эгамназар мазкур мақоласини нега ҳозирги кунда ёзишга қарор қилганини мен билмайман. Бироқ нега мен Улуғбекнинг “ғийбатини” 6 йилдан кейин бошлашга қарор қилибман? Унгача менда имконият йўқмиди? Қамоқдамидим?

Мен сотқинлардан жирканаман ва улар ҳақида ҳада-беҳуда ёзгим келмайди. Сотқин Саиджахон Зайнобитдинов халқни чалғитиш мақсадида ёзган нарсаларини ўқигач, айниқса Андижон қирғининг 5 йиллигига бағишлаб берган интервьюсини эшитгач, мен ўша заҳоти уни бу қирғиндаги роли ҳақида мақола ёздим [қаранг: “Бирдамлик” қовун туширди” мақола, “Янгидунё” сайти]. Мен уни фош қилиш учун 6 йил кутганим йўқ. Саиджаҳон ЎИҲЖ раҳбарияти 2003 йил 2 сентябрида қабул қилган қарорига тамоман зид равишда, сотқинлик қилиб 2003 йил сентябридан 2004 йил майигача жаҳон жамоатчилиги, халқаро ташкилотларни алдаш учун ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган “Қийноқларга барҳам бериш учун миллий режа”ни амалга киритиш мақсадида ташкил қилинган “Тез ҳаракат қилувчи гурух” таркибида МХХ, прокуратура, милиция ва суднинг юқори лавозимли вакиллари билан оғиз-бурун ўпишиб юрганда биз уни ташкилотдан ҳайдадик ва бу ҳақда мен ўз вақтида ёздим. Мен: “6 йилдан кейин ёзарман” деб кутган эмасман.

Биз ташкилотимизга сингдирилган ёки ҳукуматга сотилган одамни фош қилсак, дарҳол уни ҳайдаганмиз. Биз ҳайдаган одамларни негадир “Эзгулик” раҳбари дарров ўз ташкилотига тортар эди. Сухроб Исмоилов, Руслан Шарипов, Ҳайитбой Якубов, Абай Байбулатов шулар жумласидандир. 2001 йил ташкилотнинг 3-чи Қурултойи арафасида ташкилотнинг уч аъзоси – В.Иноятова, А.Абдуллаев (Наманган) ва Музаффармирзо Исоқов (Андижон) – АҚШ элчихонасининг “Америка билан танишиш” программаси бўйича АҚШга уч ҳафталик саёҳатга кетишди. Уларни бу программага киритишда асосий рольни мен ўйнаганман.

Бироқ А.Абдуллаев ва М.Исоқов АҚШдан қип-қизил сотқин бўлиб қайтишди, ташкилот раҳбарияти билан алоқани тамоман узишди. Биз уларни ташкилотдан ҳайдадик. 2002 йил 17 февралда ўтган “Эзгулик”нинг таъсис қурултойида улар шу ташкилотга ўтганлари маълум бўлди ва ҳамма нарса ойдинлашди. 2001 йили ташкилотимизнинг уч аъзоси – В.Иноятова, Тўлқин Қараев ва Комилжон Ғофуров (Ургут) – Белградга 10 кунлик ҳуқуқбонлик ўқишига кетишди. К.Ғофуров Белграддан сотқин бўлиб қайтди ва ташкилотдан чиқиб кетди. Кейинроқ у ким кимлигини тушунди ва менга хат билан мурожаат қилди ва кечирим сўради. Хатни мен сақлаб қўйганман.

Ҳайитбой Якубов ҳам В.Иноятова тузоғига тушган сотқинлардан биттаси. Уни ЎИҲЖга 1998 йил Абдуманноб Пўлатов ва мен жалб қилганмиз. Яширмайман, бошида у ташкилот учун яхши ижобий ишлар қилди. Шулардан фақат биттасини келтириш кифоя деб ҳисоблайман. Ҳайитбой АҚШнинг Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг Тошкентдаги офиси директори Акейша Шилдс билан бирга 1999 йили Жаслиқ посёлкасига бориб, у ерда ҳукумат диний ва дунёвий мухолифат вакиллари учун концлагерь қурганини билиб келишгач, бу фактни ЎИҲЖ 1999 йил 20 сентябрда биринчи марта дунёга эълон қилди.

Ҳайитбой 2001 йилдан бошлаб В.Иноятованинг тўлиқ таъсирига тушиб қолди. 2001 ва 2003 йилларда В.Иноятова икки тадбирни – ЎИҲЖнинг 3-чи Қурултойи (2001 йил 2 октябрь) ва “Эрк” партиясининг 5-чи Қурултойини (2003 йил ноябрь) – бузишга астойдил ҳаракат қилганига мен гувоҳман (ҳар иккаласида). Биринчи тадбирни бузишда Ҳайитбой В.Иноятованинг ўнг қўли бўлди, бироқ мақсадга эриша олмади. Ҳайитбой ЎИҲЖнинг Хоразм вилояти бўлимини бошқарган пайтда бир неча грантлар олгани учун иқтисодий манфаат унинг сотқинлигининг асосий ташкил этувчисига айланди. Битта мисол келтираман.

2005 йил Женевада Туркманистонга бағишланган халқаро конференция бўлган ва унинг ишида Ҳайитбой қатнашган. Ўша кунлари менга Женевадан БМТ Инсон ҳуқуқлари комитетининг эксперти, Болгария Хельсинки комитети раиси Крассимир Канев (менинг яхши танишим) телефон қилди. Орамизда ушбу диалог бўлди:

Сизнинг ташкилотингизда Ҳайитбой Якубов ишлайдими?
Ишлаган. 2002 йил 5 ноябрда биз уни ташкилотдан ҳайдаганмиз; ўша йиғилишда Польша Хельсинки комитети раиси Анджей Жеплински ва Голландия Хельсинки комитети раҳбарияти аъзоси Ян тер Лаак қатнашишган; нега сўраяпсиз?

У БМТга катта бир грант сўраб заявка топширди; заявка ЎИҲЖ номидан ёзилган; грант берувчи ташкилот Сизнинг фикрингизни сўрашаяпти;
Менинг фикрим шундай: грантни Ҳайитбойнинг ўз номига берилса, миллион доллар беришса ҳам мен қарши эмасман; бироқ грантни у ЎИҲЖ номидан оладиган бўлса, мен мутлақо қаршиман ва мен бу ҳақда ҳамма ташкилотларни воқиф қиламан.

Мен Крассимир Канев билан 2007 йил ноябрда София (Болгария)да кўришдим. У менга ўша грант Ҳайитбойга берилмаганини айтди. Крассимирнинг гапи ростми-ёлғонми, яъни Ҳайитбой ўша грантни олдими-йўқми, билмайман. Ташкилотдан ҳайдалган Ҳайитбой йиллар давомида ЎИҲЖ номини ишлатиб грантлар олиб юргани бизга маълум бўлди.

Улуғбекка қайтай. Андижон вилояти, Булоқбоши туманилик Одина Абдуллаева Жиззах вилояти Дўстлик туманида фермерлик қилар эди. Эгамназар ЎИҲЖнинг шу туман бўлимини бошқара бошлагач, кўпгина фермерлар, жумладан Одина ҳам, ташкилотимизга аъзо бўлишди. Дўстликда фермерлар ҳаракати бошланди ва у кундан кунга юксала борди. Ҳаракат фаолларидан бири Одина Абдуллаева бўлган. Бу ҳаракат Дўстлик тумани ҳокими, сенатор Маҳмуд Холбўтаев учун катта бошоғриққа айланди. Сенаторнинг Дўстлик туман бўлимимизни йўқ қилиш йўлидаги биринчи қадами мазкур бўлим ташкил бўлгандан уч кун ўтгач Одинани қамоққа олиниши бўлган. Конференция куни Одина биринчи бўлиб ЎИҲЖга аъзо бўлиш учун ариза берган. Туман таъсис конференциясида У.Ҳайдаров ҳам иштирок этган ва кандай одамлар қандай фаоллик кўрсатганини уз кўзи билан кўрган.

Улуғбек М.Холбўтаев билан чамбарчас дўстона алоқада бўлганлигини ҳозир ҳамма билади. Бироқ бу дўстликдан Эгамназар ҳам, ташкилотнинг Жиззах вилоят бўлимининг раиси Бахтиёр Ҳамраев ҳам кеч воқиф бўлишган. Улуғбек ҳукуматга ишлаётгани ҳақидаги гумон Одина қамалгандан кейин пайдо бўлди. Мен-ку узоқда, Тошкентда, бўлганман, лекин мен одамларимиздан Улуғбек ҳақида маълумот олиб турганман.

Шундай хатлардан бирида “Одинанинг қамалишида биз бир одамнинг қўли бор деб гумон қилаяпмиз. Бу гумон эртага тасдиғини топиши мумкин. Эртага натижасини ёзаман” дейилган эди. Эртаси куни: “Толиб ака, кечаги хатимда ёзилган гумон тўғри бўлиб чиқди. Улуғбек биз ва сиз ўйлаган одам эмас, у ҳукуматга ишлаётганини аниқладик. Одинанинг қамалишида у асосий ролни ўйнаган” деган хат олдим. Мен ва жиззахлик фаолларимиз Улуғбекнинг ҳатти-ҳаракатларига алоҳида эътибор қарата бошладик.

М.Холбўтаевнинг буйруғи билан ЎИҲЖга аъзо бўлган ва фермерлар ҳаракатида фаоллик кўрсатаётганларнинг ери бирин-кетин тортиб олина бошланди. Дўстликда фермерлар норозилиги кучайиб кетди. Юздан ортиқ фермер Дўстлик туман ҳокимияти олдида норозилик пикети уюштиришга тўпланганда М.Холбўтаев тўплаган гурух (улар ичида спорт коллежи каратэчилар гурухи ҳам бўлган) аёлу-эркакка қарамасдан шафқатсиз калтаклаган. Фермерлар пикетлар уюштиришни Тошкентга кўчиришга қарор қилишганда У.Ҳайдаровнинг башараси тамоман намоён бўлди. Унинг саъй-ҳаракати билан фермерлар М.Холбўтаев жўнатган мхх-чилар ва миршаблар гурухи фермерларни кечаси ётган жойларидан турғизиб, калтаклаб Дўстликка олиб кетишганининг тафсилотларини ёзиб ўтирмайман. Бу ҳақдаги маълумот илгари интернетда чоп этилган.

Улуғбек Ҳайдаров бироз адашибди, у аслида Эгамназарни эмас, мени судга бергани маъқул эди. Ҳалиям кеч эмас. Бундай дейишимнинг сабаби шу-ки, унинг айтишича бу “иғвони” Эгамназар эмас, мен бошлаганман экан, Эгамназар фақат қўғирчоқ вазифасини бажарган экан, холос. Аслида, бундай иддаога, яъни “Сен Эгамназарни қўявер, айбни Толиб Ёқубовга юкла” дея Улуғбекни унинг асл хўжайинлари ёки Прагага Қурултойга келган ўзига ўхшаган шоввозлар ундаган бўлиши мумкин. Ўз интервьюсини у Прагага келган куни ва айнан “turkiston-TV” радиосига бергани одамни ҳар хил ҳаёлларга йўналтиради. Бироқ, у судга Эгамназарни тортган тақдирда ҳам Эгамназар судда керакли ва етарли жавобни бера олишига менинг ишончим комил.

МХХ И.Каримовнинг нонини бекорга еяётгани йўқ, улар дунё бўйлаб изғиб юришибди. Бири радио ташкил қилиб юклатилган вазифасини бажараётган, иккинчиси ёзиб, интервью бериб шу ишни қилаётган пайтда, учинчиси тўппонча кўтариб Ўзбекистоннинг асл фарзандларини ов қилишга чиққан. Фуад Рустамхўжаев ва Обидхон-қори аканинг фожеали қисматлари ҳали кўпчиликни сергак тортишга ундамаяпти, шенилли.

Франция

4 июль 2012 йил.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.