Айёрликнинг чеки йўқ

ёхуд Кимдандир айёрроқ бўлиш мумкиндир,

бироқ барчадан айёрроқ бўлишнинг иложи йўқ

2-қисм

Толиб Ёқубов

 Айёр қонунчилик ҳокимияти

 И.Каримов ҳокимият тепасига келган 1989 йилда ва унинг ташаббуси билан 90-чи йилда “Президентлик Республикаси Конституцияси” лойиҳаси қонунчилик ҳокимияти Олий Кенгашга тақдим этилган пайтда мамлакат ЎзССР (Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси) Конституцияси асосида бошқарилган. Совет даврида қабул қилинган Конституцияда давлат тузумини ўзгартиришнинг ҳуқуқий меъёрлари бўлмаган (кўрсатилмаган). 1990 йилнинг 3 мартида Паркент аҳолисини оттирган И.Каримов саросимага тушган ҳолда ҳозирги кунда конституцион тузумга тажовуз деб баҳоланиши мумкин бўлган ишга қўл урди, яъни давлат тузумини ўзгартиришнинг ҳуқуқий меъёрлари БЕЛГИЛАНМАГАН Конституция асосида Ўзбекистонда “президентлик бошқарувини” жорий қилди.

Ўзбекистоннинг янги (мустақиллик) тарихида И.Каримов давлат Конституциясига тажовуз қилган биринчи шахсдир. Бу жиноятга ўша пайтдаги қонунчилик органи Олий Кенгаш депутатлари, жиноятни олдини олмаган бошқа органлар (прокуратура, милиция, КГБ, суд ва ҳ.) вакиллари ҳам тенг шерикдирлар. Мазкур тажовуз И.Каримовнинг 22 йиллик президентлигини йўққа чиқаради ва у бу лавозимни ноқонуний эгаллаб келаётганини кўрсатади. Бироқ у ўзининг айёрлик сиёсатини тўлиқ ишга солган ҳолда буни халқдан яшириб келмоқда. Ҳар қандай нормал демократик давлат Конституциясида давлат тузумини конституциявий йўл билан ўзгартиришнинг ҳуқуқий меъёри (нормаси) кўрсатилган бўлади. Бундай норма ҳатто мустақил Ўзбекистоннинг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган ҳозирги Конституциясида ҳам йўқ.

“Конституциявий тузумга тажовуз” тушунчаси давлатнинг Конституцияда белгиланган сиёсий тузумини тинч ёки қурол кучи билан ЎЗГАРТИРИШ демакдир. Конституцияда “сиёсий тузумни ўзгартириш” тушунчаси бўлмаса, мавжуд конституциявий тузум ноқонуний бўлса, унга тажовуз қилишнинг қандай маъноси бўлиши мумкин? Бу саволга тўлиқ ва қисқа жавоб: Беъманилик!. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)нинг машъум 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз) асосида И.Каримов тузуми ўнминглаб одамларни қамоқларга ташлади, юзлаби ўлдирилди, оилалари таъқиб қилинди, ўнминглаб болалар туғилмади, беҳисоб оилалар бузилди.

Худди шундай ЎзР ЖКдаги 151-модда (Агрессия) ва 158-модда (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) ҳам ноқонуний қабул қилинган моддалардир. 151-модда ҳақида алоҳида бир-икки оғиз ёзишга тўғри келади. Мазкур модданинг ўзгача фикрли инсонларни қамаш мақсадида қонунчиликка киритилиши шу қадар айёрона бўлган-ки, қонунчиликнинг ўта қўпол бузилиши ҳам давлат мулозимларини, хусусан депутатларни ҳам тўхтатиб қола олмаган. “Агрессия” тушунчаси энциклопндик лўғат (1984 й.)да қуйидагича аниқланади: “БМТ Низоми нуқтаи-назари бўйича АГРЕССИЯ бир давлатнинг иккинчи давлат [халқ (миллат)] суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши қуролли куч ишлатишидир”.

1999 йил 16 февралда Тошкентда содир этилган портлашлардан кейин наманганлик 81 та одам [“Адолат” ва “Ислом лашкарлари” ташкилотлари аъзолари]га қидирув эълон қилинган, уларнинг 27 тасига бир қатор моддалар билан бирга 151-модда билан ҳам айб қўйилган. Инсоннинг инсонга нисбатан жинояти [мас., 97-модда (Қасддан одам ўлдириш)], инсоннинг давлатга нисбатан жинояти [мас., 159-модда (ЎзР конституциявий тузумига тажовуз)] дан фарқли ўлароқ 151-модда бир давлатнинг бошқа давлатга нисбатан жиноятидир. Табиий савол туғилади: ўша вақтда қонунчилик билан шуғулланадиган депутатлар ва давлатнинг юқори лавозимли ва малакали юристлари [мас., Бош прокурор, Адлия вазири, Олий суд раиси, Ички ишлар вазири ва ҳ.] 151-моддани оддий инсонга нисбатан қўллаб бўлмаслигини билмаганларми? Айбланган наманганликларнинг бирортаси ҳам на Ўзбекистоннинг ва на бирор чет давлатининг раҳбари эмас-ку! Билишган, жуда яхши билишган! Бироқ ҳар бир соҳада айёрлик устунлик қилиб турган шароитда давлат мулозимлари ҳаммани лох (шалпангқулоқ) деб ўйлашади.

И.Каримов бирор мамлакатга қарши уруш ҳаракатларини режалаштирса ёки бошласа, табиий у бу операцияни юқори лавозимли шахслар [мас., Мудофаа вазири, МХХ раиси, ИИ вазири ва ҳ.] билан бирга ишлаб чиқади ва амалга оширади. 151-моддани Ўзбекистон ичида фақат И.Каримов ва мазкур операцияни режалаштириш ва амалга оширишда қатнашган лавозимли шахсларга нисбатан қўллаш мумкин, холос.

1999 йил 5 майда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) мазкур масала бўйича чоп этган ўзининг бюллетенида давлат ўзгачафикрли инсонлар, хусусан мусулмонларни жазолаш бобида мантиқсиз, бебурд ва жинояткорона ишлар қилаётгани ҳақида ёзган ва унда 151-модда билан оддий одамларни айблаб бўлмаслигини таъкидлаб, шу модда билан айбланган одамлар рўйхатини ҳам келтирган эди. Хулоса: И.Каримовнинг айёрлиги ва ташаббуси билан қонунчилик органи Олий Мажлис томонидан ЎзР ЖКга 1994 йилда 151, 158, 159 ва бошқа бир қатор моддаларнинг киритилиши халққа, хусусан диндорларга қарши 1999 йилдан бошлаб уюштиралажак оммавий қатағонни илгаридан ўйлаб, режалаштириб қилинган ишдир.

Қабул қилинаётган кўп қонунлар ташқи кўринишидан халқаро тан олинган критерий (мезон)ларга мос келгандай кўринади, бироқ уларнинг сўзсиз бажарилиши “Қонун-ку, албатта, қонун, лекин бой ота нима дер эканлар?” деган феодал принцип (тамойил) бўйича амалга оширилиб келинмоқда. Айёр қонунчилик ҳокимияти етарлича демократик қонунлар қабул қилса-да, шу пайтнинг ўзида ўзгачафикрлиликка чидамсиз бўлган ижроия ҳокимиятнинг “кўнглини олиш”га ҳаракат қилади, яъни уларга қатор “ўзгартишлар ва қўшимчалар” қабул қилиб, бу қонунлар илгари сураётган демократик қадриятларни бирин-кетин йўққа чиқаради;

Қонунчилик масаласида яна шуни айтиб ўтиш муҳим-ки, мамлакат Конституциясида айёрлик ва зиддиятлар тиқилиб ётибди. Мана бир мисол. Мамлакат ҳудудида бошқа бир суверен давлат жойлашган бўлса, бундай мамлакат одатда “Федерация” дейилиши лозим. Ўзбекистон шундай мамлакатларнинг бири, чунки унинг ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси жойлашган ва у Ўзбекистон Конституцияси бўйича суверен давлат бўлиб, унга халқининг референдумда билдирган хоҳиши билан Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқи берилган (Конституциянинг 74-моддаси). Бундан ташқари, Ўзбекистонда ягона Конституция ва ягона фуқаролик жорий қилинган. Бу ҳолатлар Конституциянинг 3-моддасининг 2-қисми [Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди даҳлсиз ва бўлинмасдир]га мутлақо зиддир.

 Айёр суд системаси

 Бутун дунёда давлатнинг адолатни тиклайдиган энг охирги органи одил суд ҳисобланади. Давлатда суд ҳам айёр бўлса ва ўзига юклатилган ҳақиқий вазифанинг тескарисини қилса, яъни суд одил бўлмаса, у ҳолда давлат мулозимлари қароқчилар тўдасига айланади. Бу ҳикматни IV-асрда римлик буюк файласуф Августин Аврелий битиб кетган. Авторитар давлат раҳбари уч масалани биринчи навбатда ечишга ҳаракат қилади: 1) мухолифатни йўқ қилиш; 2) давлат сиёсати учун “ички” ва “ташқи” душман “топиш”; 3) давлат қароқчилигини шакллантириш. Мақсадга эришиш учун ҳукумат бу масалаларни ўзига тобеъ бўлган қонунчилик ва суд тизимлари орқали ечишга, яъни ўзининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатига “қонуний” тус беришга интилади.

1993 йилнинг октябрига келиб И.Каримов қонунчилик ҳокимияти “кўмагида” дунёвий мухолифатдан қутулди: Олий Мажлис нодавлат ташкилотлари ҳамда сиёсий партиялар ва ҳаракатларни қайта давлат руйхатидан ўтказиш ҳақида қонун қабул қилди. Айёрлик бу ерда ҳам иш берди: ўзига тегишли партиялар ва ҳокимият учун курашмайдиган турли ташкилотларни ҳеч қандай муаммосиз қайтадан руйхатдан ўтказган ҳукумат 1991 йил охирида давлат руйхатидан ўтган “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” демократик партияси қайтадан руйхатдан ўтишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатди ва мақсадига эришди – бу икки мухолиф ташкилот ҳозирга қадар сиёсий майдондан чиқариб ташланган ҳолатида турибди.

“Ички” ва “ташқи” душман сифатида И.Каримов мусулмонларни танлаганлиги учун бу “мухолифат” билан кураш ҳозиргача давом этмоқда. “Ташқи” душман 1992 йилда асосан Фарғона водийсидан Тоҳир Йўлдошев ва Жумабой Ҳожиев бошчилигида қочган мужоҳидлар ва улар хорижда тузган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” (ЎИҲ) баъзи тахлилчиларнинг фикрича И.Каримовнинг ўзининг проекти, деган тахминлар бор. ЎИҲ тузилганидан бери Ўзбекистонга бирор бир марта таҳдид солмагани, бу Ҳаракат асосан “Толибон” сафида чет элликларга қарши уришиб келаётгани тахлилчиларнинг мазкур тахминларига жон беради. Ўзбекистон ҳукумати “ЎИҲ жангарилари Сурхандарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудларига ҳужум қилишди” деган иддаолари мамлакат жамоатчилиги ва демократик ҳамжамиятни чалғитиш учун ўйлаб топилгани кўп марталаб ёзилди. Бу масалада ҳам Ўзбекистон ҳукумати ўзининг асосий қуроли – айёрликни ишга солаётгани тамоман равшан бўлмоқда.

Бирорта авторитар давлат иқтисодда илғор бўла олмайди. Бунинг сабаби оддий: биринчидан, авторитар давлат иқтисоди зўравонлик устига қурилади ва бевосита авторитар усуллар билан бошқарилади, ва, демак, самарасиз иқтисод бўлади. Иккинчидан,  авторитар раҳбар ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун баҳайбат давлат аппарати (кучишлатар органлари, армия, бошқарув аппарати ва ҳ.)га эга бўлиши ва уни таъминлаб туриши лозим. “Туриб еганга Турумтоғ чидамас” ҳикмати авторитар давлат иқтисодини бенуқсон таърифлайди. Давлат ерости ва ерусти бойликларига эга бўлган тақдирда ҳам иқтисод таназзулга учраган давр (веспасианлик даври)га дуч келади. Бошқача айтганда, давлат барча соҳада қароқчилик (давлат терроризми) йўлига ўтишга мажбур бўлади. Бу давр Ўзбекистонда шиддатли кечаяпти, ҳукумат чет эл ва маҳаллий тужжорларнинг молу-мулкини тортиб олишни суд орқали йўлга қўйганига камида 4-5 йил бўлди.

Юқорида келтирилган “Қонун-ку, албатта, қонун, лекин бой ота нима дер эканлар?” деган феодал принцип (тамойил) Ўзбекистонда мустақиллигига нисбатан мадҳиялар айтилаётган суд ҳокимиятининг фаолиятига ҳам сўзсиз ўтказилган, чунки мадҳия фақат чет эллик сиёсий арбоблар, тахлилчилар ва ҳуқуқбонларни лақиллатиш учун айтилади, холос. Ўзбекистондаги суд системаси учун “бой ота” ролини мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб прокуратура, милиция ва МХХ ўйнаб келаяпти. Коррупция авжига чиққан давлатларда “бой ота” ҳукуматнинг бошқа буғинларида, яъни президент девонидан тортиб туман ҳокимиятигача бўлган идораларда ҳам топилиши мумкин. Бу ҳолатни юзлаб, балки минглаб конкрет жиноий ишларда кўрсатиш мумкин, бироқ мен фақат битта, ўта характерли мисолда тўхтайман, чунки бу ишда ҳимоячи сифатида менинг ўзим қатнашганман.

1999 йилда бири 17 ёшли, иккитаси 18 ёшли уч йигитча диний экстремизмда айбланиб қамоққа олинган. Уларга нисбатан тергов ҳаракатларини Тошкент шаҳар ИИБси капитани Р.М.Жўраев олиб борган, суд эса Чирчиқ шаҳар судида ўтган (судья М.Р.Мусаев). Суд ўз ҳукми билан судланувчиларнинг бирини 16 йилга, иккитасини 17 йилдан озодликдан маҳрум қилган. Гарчи улар бир неча йилдан бери қамоқда ўтирган бўлсалар-да, мен шуларнинг бири Бунёд Жоробаевнинг ҳимоячиси сифатида 2004 йили фаолият бошладим.

Ҳар қандай жиноий иш (ж/и)нинг 1-чи иш варағи (и/в) терговчи томонидан тузилган “Ж/и.ни қўзғатиш қарори”дан иборат бўлиб, унда гумонланувчи ёки айбланувчига нисбатан ж/и очишнинг САБАБИ ва АСОСИ келтирилади ва шу сабабли у ж/и.нинг асосий ҳужжати ҳисобланади. Бу қарор ж/и.да бўлмаса ёки қалбаки бўлса, ж/и дарҳол ёпилиб, унинг фигурантлари (ж/и.га жалб қилинганлар) дарҳол қўйиб юборилиши керак. Мен ҳимоячи бўлиб қатнашган ж/и. ҳужжатлари орасида айнан шу қарор йўқ экан.

Табиий, мен ёзма равишда ж/и.лар бўйича Чирчиқ ш. суди раиси А.Х.Сагдуллаев номига “Нега  22/99-14118 рақамли ж/и материаллари орасида “Ж/и.ни қўзғатиш қарори” йўқ?” деган савол билан  хат йўлладим. Тез орада суд раисидан жавоб келди, бироқ унда мен берган саволга ҳатто бир сўз билан ҳам жавоб берилмаган экан. Жавоб бутунлай бошқа нарсалар ҳақида экан. Мен А.Сагдуллаевга шу савол билан иккинчи марта хат ёздим ва унга олдинги хатим ва унинг жавобини илова қилдим. А.Сагдуллаевнинг иккинчи хатимга жавоби олдингисидан ҳам бебурд экан.

Худди шу саволни қўйиб, ўзимнинг А.Сагдуллаев билан ёзишмаларимни илова қилган ҳолда ж/и.лар бўйича Тошкент вилоят суди раиси Ю.Назаровга хат йўлладим. Вилоят суди раисининг жавобида менинг саволим ҳақида бир дона ҳам сўз йўқ экан. Ю.Назаровга ёзган иккинчи хатим ҳам шу натижани берди. 1999 йил қама-қама авжига чиққан пайтда кучишлатар органлари дуч келган одамни қамайверган, қамоққа олиш учун сабаб ва асос (ЎзР ЖПКнинг 322-моддаси) бўлиши терговчиларни қизиқтирмаган.

Юқорида айтилган қарор ж/и материаллари ичида йўқлигини ж/и.ни назорат қиладиган прокурор ҳам, сулья М.Мусаев ҳам, уч судланувчи йигитнинг уч адвокатлари ҳам кўришган, бироқ уларнинг бирортаси беандиша қонунбузарликни олдини олмаган, терговчи Р.Жўраевни жавобгарликка тортилишини талаб қилмаган. Давлатнинг адолатни тикловчи энг охирги инстанцияси бўлган суднинг мазкур жиноятга қўл уриши давлат қароқчилар тўдасига айланганининг исботидир. Уч йигит ҳамон қамоқда ўтиришибди.

(Давоми бор)

Categories: СУД СИСТЕМАСИ, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.