АҚШдан машъум хабар

Кеча, 30 сентябрьда, АҚШнинг Бойси шаҳрида яшаётган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти (ЎИҲХЖ) нинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг раиси, “Эрк” партиясининг 1992 йилдан бери аъзоси 56 ёшли Турсинбой Утамуратов бевақт, тўсатдан вафот этди.
Турсинбой Утамуратовнинг ўлими ЎИҲХЖнинг Қашқадарё вилояти бўлимининг раиси, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Шавриқ Рўзимуродовнинг ўлимидан кейин энг оғир йўқотишдир. Бу йўқотишлар нафақат ЎИҲХЖ учун, балки, – буни ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин, – ўзбек халқи учун ҳам оғирдир. Бу икки инсон ўз ҳаётларининг энг онгли қисмини Ўзбекистонда шаклланган мустабид сиёсий тузумга қарши изчил курашга сарфладилар ва шу муқаддас йўлда Аллоҳ ҳузурига йўналдилар. Шавриқ Рўзимуродов 2001 йил 7 июльда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ертўласида Зокир Алматов жаллодлари томонидан қийнаб ўлдирилди, Турсинбой Утамуратов эса ватандан узоқ АҚШда сиёсий қувғинликда вафот этди.
Ўзбекистон халқи, айниқса унинг қалби беғубор қисми бўлган мусулмон йигит-қизлари билан қамоқ тилида гаплашаётган ҳукумат бу икки мард инсонлар билан ҳам фақат қамоқ тилида гаплашиб келди: манфур ҳукумат Шавриқ Рўзимуродовни уч марта, Турсинбой Утамуратовни беш марта қамоққа тиқди, бироқ бўйин эгдира олмади. Шавриқ ҳам, Турсинбой ҳам бошларини мағрур кўтарган ҳолда бу фоний дунёни тарк этдилар.
Олий маълумотли, агрономия илми ва амалиётини мукаммал билган Турсинбой Утамуратов халқ табобатини ҳам чуқур эгаллаган инсон эди. Одам психологияси, тана анатомияси ва физиологиясини ҳайратланарли даражада билган Турсинбой Утамуратов юзлаб инсонларни беминнат ва беманфаат даволаганини кўпчилик билади. Бироқ, Шавриқ ва Турсинбой заковатининг асосий жиҳати шундан иборат эди-ки, ҳар иккаласи ҳам зўравонликка асосланган сиёсий тузумлар, адолат ва зулм ўртасидаги кураш моҳиятини чуқур тушунишар эди. Фақат тушунишарди эмас, улар қамоқлар ичи узра ўзларини аямай зулм ва адолатсизликка қарши курашдилар ҳам.
Турсинбой Утамуратов ЎИҲЖга 2001 йил ёзида, Шавриқ ўлимидан бироз олдин, келди ва аъзо бўлди. Тез орада у ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимини тузди. Байроқдор жангчи ўқ тегиб йиқилаётган пайтда унга энг яқин турган жангчи байроқ ерга тушмасданоқ уни яна баланд кўтаргани каби ўша йили, образли қилиб айтганда, ҳукумат ўлдирган Шавриқнинг қўлидан Турсинбой гўё-ки байроқни олди ва уни баланд кўтарди.
Бир ука ва бир синглиси билан Турсинбой отадан ёш қолган. Фарзандга меҳри чексиз бўлган оналар орасида Турсинбойнинг ҳозирда 83 ёшли онаси энг юқори чўққини эгаллаган она бўлсалар керак. Қозоқбой ота вафотларидан кейин бу ўта содда, бироқ ўта пок виждонли бу инсон олдига колхоз раиси келиб: “Сизга боқувчиси ўлган оила сифатида ҳукумат пенсия тайинлади, шуни бориб олиб туринг” деганда, она: “Пенсия деганингиз нима?” деб сўраганлар. “Пул”, деб жавоб берган раис. Она жавобан: “Йўқ, мен болаларимга ҳалол луқма едираман, ўзимнинг меҳнатим билан боқаман”, деб ҳеч қачон пенсия олмаганлар.
Келажак авлодлар адолат ва эркинлик учун курашда жонларини аямаган Шавриқ Рўзимуродов ва Турсинбой Утамуратовларни халқ қаҳрамонлари даражасига кўтаражакларига мен ишонаман. Ҳозирги кунда “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлиб турган сохта “қаҳрамонлар”нинг барчасини тарих торозусининг бир палласига, Шавриқ ёки Турсинбойни унинг иккинчи палласига қўйилса, жон фидо этган дўстларимиз босиб кетиши сўзсиздир.
Бевақт вафот этган сафдошимиз Турсинбой Утамуратовнинг оналари, укаси Ўрозбой, синглиси Робия, аёли ва болаларига ташкилотимиз аъзолари номидан ҳамдардлик изҳор этаман. Илоҳо, Турсинбойнинг жойини Ўзининг Жаннатига доҳил этсин. Омин.

Толиб Ёқубов
ЎИҲХЖ фахрий президенти.

1 октябрь, 2012 йил.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.