Ислом демократияси – нафис демократия. Бироқ унга ким қандай эришмоқчи?

Толиб ЁҚУБОВ

1917 йилда Россияда ҳокимиятни эгаллаган большевиклар олдида К.Маркснинг коммунистик таълимотидан бошқа ҳеч бир ориентир мавжуд эмас эди, яъни уларда гуллаб-яшнаб турган ижтимоий-сиёсий тузумни танлаш имконияти йўқ эди. Бироқ улар: “биз коммунизм қурамиз ва унинг биринчи фазаси совет социализми бўлади”, деб эълон қилдилар.

Натижа маълум: советлар лагерларида миллионлаб инсонлар ўлдирилди, мулк оммавий равишда мавҳум ва жонсиз нарса – давлат қўлига топширилди, ҳар бир инсон шу мавҳум нарсанинг оддий бир мурувватчаси сифатида ўзлигидан ажратилди, жамият Худосиз ва одамга сиғинадиган тўдага айлантирилди ва ҳоказо. Бозорда маҳсулот кўп ва хилма-хил бўлса, у ҳолда одамларда ва демак жамиятда танлов имконияти пайдо бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида ҳам (бўлажак исломий жамиятни) танлаш имконияти йўқ эди, бироқ Аллоҳ ўзининг бу бандасига ўзининг нусратини берган ва бўлажак исломий жамиятни барпо этиш йўлларини англатган эди. Энди эса, биринчидан, пайғамбар сифатига эришган банда чиқмайди, иккинчидан, мас., Узбекистонда бўлажак исломий жамият учун андоза оладиган, гуллаб-яшнаб турган исломий ижтимоий-сиёсий тузум ҳам йўқ.

Ҳозирги пайтда мунозараларнинг асосий оқимини демократик ва исломий жамиятларни таққослаш оқими дейиш мумкин. Одамлар бўлинган: бир тоифа демократияни куфр дея уни тамоман рад этмоқда, яъни бу одамлар тамоман исломий жамият тарафдоридир; иккинчи тоифа – фақат демократияни тан олади, исломий жамият қуриш мумкинлигини умуман қабул қила олмайдилар; ва ниҳоят, учинчи тоифага кирувчилар демократиянинг ҳам, исломий жамиятнинг ҳам асосий ва ижобий қадриятларини тан олиб, уларни бир-бирига уйғунлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Шундай қилиб, тўрт типдаги жамиятлар мавжуд-мавжудмаслиги масаласини қарашга тўғри келади: 1) исломий жамият; 2) ноисломий жамият; 3) нодемократик жамият; 4) демократик жамият. Ҳозирги кунда биринчи типдаги жамият дунёда мавжуд эмас ва андоза олиш учун муайян, кўзга ташланувчи, гуллаб-яшнаб турган бирорта, кичик бўлса-да, жамият йўқ. Иккинчи ва учинчи тип жамиятлар тиқилиб ётибди, биттаси – Ўзбекистон. Ҳозирги даврда мавжуд бўлган, одамлари етарли даражада бахтиёр яшаётган, барча динларга етарли даражада эркинлик яратган, яъни инсонларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаган, ва демак андоза олишга ярашадиган ижтимоий-сиёсий тузум, у ёки бу формада шаклланган, у ёки бу даражада ривожланган жамиятлар бор. Бири – Норвегия.

Мен биродаримиз Номоз Нормўмин (қисқалик учун НН)нинг изланишларини мароқ билан ўқийман. Менинг исломий билимим бўлмагани учун бул зотнинг мақолаларида кўп фойдали фикрларни топаман ва ўзлаштираман. Бироқ, менинг кузатишларим шуни менга англатмоқда-ки, ННнинг изланишлари назарий мақолаларга ўхшайди. Бу ҳақда мен илгари ҳам ёзган эдим. Мен бунга мутлақо қарши эмасман.

Бандани Яратганга нисбатан меҳр-муҳаббат, Унинг Китоби, Унга доимо саждада бўлган фаришталари, қавмлар ва инсониятга юборилган пайғамбарларига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш Исломнинг асосий вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам, билишимча, ишни бирданига исломий жамият қуришдан бошлаган эмаслар, балки одамларни Исломга эргаштириш, уларни исломий эътиқод руҳида тарбиялашдан бошлаганлар. Инсонларга Ислом асосларини тушунтириш керакли нарса, бу – тушунарли.

Бироқ, муайян жамиятни (мас., Ўзбекистонни) исломий жамиятга ҚАНДАЙ йўллар билан ўтказилади – бу ҳам ўзининг аҳамияти бўйича олдинги масаладан кам эмас. Ҳар қандай “БЎЛИШИ КЕРАК” иддаосидан кейин “У ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?” деган савол ўртага чиқади ва ўз ечимини кутади. Муҳтарам ННнинг мақолаларида бу саволга жавоб йўқ.

Бир мақолаларида НН мазкур саволни ДАЪВАТ билан ечилади қабилида ёзадилар ва буни пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам айнан шундай ечганларига урғу берадилар. Менинг муҳтарам ННга биринчи саволим ушбудир: Ўзбекистонда исломий жамият қуриш мақсадида даъватни бошлаш учун эртага ватанга қайтишга тайёрмисиз?

Мен муҳтарам ННдан ўта қисқа: “Ҳа” ёки “Йўқ” жавобни кутиш истагим бор. ЧУНКИ: “Йўқ” десалар, “ У ҳолда Сизнинг ёзаётганларингиз аҳамиятсиз ва уч пулга қиммат ҳамда одамларни чалғитишдан бошқа нарса эмас” демоқчиман. “Ҳа” десалар, ўзлари учадиган самолётга менга ҳам бир дона билет заказ қилишларини илтимос қилмоқчиман.

Муҳтарам ўқувчи менинг ёзганларимни чин тариқасида қабул қиладими ёки ҳазил дебми, билмадим, аммо пайғамбаримиз (с.а.в.) яшаган ҳудуд ва Жоҳилия замонасида 159 (Мавжуд конституцион тузумга қарши тажовуз) ва 244-2 (Диний экстремистик, сепаратистлик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари бўлмаган.

У пайтларда, иймоним комил, мусулмонлар учун махсус қурилган “Жаслик” (УЯ 64/71) ва “Ўртаовул” (УЯ 64/61) қамоқхоналари ҳам бўлмаган. Менга: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва у зотга эргашганларни ҳам мушриклар қийноқларга солишган” дея раддия келтирмай қўяқолинг – мен буни яхши биламан. НН Ўзбекистонни тарк этган пайтларда бу модда ва қамоқхоналар ҳали ишга туширилган эмас эди.

“Хизб ут-Тахрир” фирқасининг Ўзбекистонда шаклланган раҳбарлари ҳам ишни даъватдан бошлашган, даъват кучи билан халифалик қуриш йўлига қадам қўйган, бироқ чумчуқни ҳам ўлдирмаган минглаб “хизбуттахрирчи”лар қамоқхоналарда ўтирибдилар.

“Жаноб 420” номли ҳинд фильмида бир қария фильм қаҳрамонига: “Бу ер – Бомбай, оғайни, Бомбай!” деганидек, мен ҳам муҳтарам ННга қарата: “Бу ер – Ўзбекистон, оғайни, Ўзбекистон!” демоқчиман.

Исломий жамиятни орзу ва тарғиб қилаётганлар оддий бир ҳақиқатни тушунишни истамайдилар. Андозаси мавжуд бўлмаган жамиятни қуриш учун уни истаганлар ҳеч бўлмаганда большевиклар сингари ҳокимиятга келишлари керак. “Ҳокимиятга келиш”нинг ўзи баҳайбат катта бир масала.

Ҳокимиятга келдингиз ҳам, дейлик. Ишни нимадан бошлайсиз, муҳтарам НН? Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ, чунки давлатнинг БУГУНИ бор, ЭРТАСИ бор, ИНДИНИ бор, БИР ОЙДАН КЕЙИНИ бор, БИР ЙИЛДАН КЕЙИНИ бор ва ҳоказо.

Ўзбекистон Ислом Каримов даврида шундай мамлакатга айланди-ки, бугун Сиз ва издошларингиз ҳокимиятга келсангизлар, эртадан бошлаб ҳамма, қўпол қилиб айтганда, номоз ўқишни бошлаб юбормайди. Сиздан менинг кўнглим тўқ – Сиз мажбурлаб номоз ўқитишни йўлга қўймайсиз. Бироқ, бирорта издошингиз бу йўлни танламаслигига ишончингиз комилми?

Ўзбек жамияти тубсиз маънавий инқироз гирдобига учради – бу ҳам Ислом Каримов ва у шакллантирган сиёсий тузумнинг “хизмати”дир. Бунинг фожеали томони шунда-ки, жамиятнинг ана шу ҳолатидан манфаатдор одамлар бор ва улар оз эмас. Бу кучнинг қаршилигини қандай енгмоқчисиз? Куч биланми?

Исломий жамиятни ўзбеклар билан бир пайтда қозоқлар, қирғизлар, туркманлар ва тожиклар ҳам қура бошлашларига мен ишонмайман. Ўзбекистонда исломий жамият қуриш тарафдорлари (кимки ҳокимиятга келса) исломий жамият эмас, балки демократик жамият қураётган, ва ҳатто нодемократик йўлда давом этаётган қўни-қўшнилар билан муносабатларни қандай тасаввур қилишади?

Мусулмончиликни мутлақо ҳазм қила олмайдиган Хитой, Россия, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан-чи? Ўзини Ислом устуни деб ҳисобловчи, бироқ миллионлаб мусулмонлар очидан ўлаётган бир пайтда баландлиги 826 метр бўлган минора қураётган араб шайхлари билан муносабатингиз қандай бўлади? Улар пайғамбаримиз (с.а.в.) ва тўрт халифалар даврида шаклланган исломий демократия Ўзбекистонда пайдо бўлишига қандай қарашар экан?

Бундай, бири биридан мураккаб саволларни минглаб келтириш мумкин. Бироқ ННнинг мақолаларининг бирортасида бу саволларга жавоб йўқ. Айтиш керак-ки, “Инсон бир пайтда демократ ва мусулмон бўла олмайди” деган билан исломий жамият қурилиб қолмайди. Муҳтарам НН ҳатто “Ислом демократияси” иборасини ҳам ҳазм қила олмаслигини изҳор этган эдилар.

Бу иборани исломий олим Карзовий ишлатганларини ўқиб мен шодланиб кетдим, чунки мен бу иборани кўп марта ишлатиб келганман. Бу иборани мен 15 йиллар илгари бир араб исломшунос олимининг (афсус, исм-шарифлари эсимда йўқ) кафтдай келадиган, Швецияда рус тилида чоп этилган “Жиҳод” деб аталувчи китобчаларини ўқиб тушунганман. Китобчанинг бошида бул зот Исломнинг марказий принципини келтирадилар:

1) Ҳеч бир банда иккинчи бир бандага сажда қилмайди;

2) Ҳар бир банда фақат битта Зотга – Аллоҳга сажда қилади.

Ана шу ўта содда, бироқ ўта сермазмун икки жумладан демократиянинг барча эркинликлари ва инсоннинг ҳуқуқлари келиб чиқади. Мас., Аллоҳ бандаси учун икки хил қўрқувни берди: (а) буюрилмаган ишларни қилгани учун Аллоҳ томонидан жазо олиш қўрқуви; (б) ҳайвоний қўрқув (мас., банданинг бандадан қўрқуви). Ислом демократияси ўрнатилган жамиятда ҳайвоний қўрқув ва демак зулм бўлмайди, бу – Ислом принципининг биринчи қисмидан келиб чиқади.

Асосий хулосалардан биринчиси: Ислом принципи амал қилган жамиятда инсонга демократик тузум берадиган барча ҳуқуқ ва эркинликлар мужассамланган. Фарқ шунда-ки, демократик тузум шароитида ҳуқуқ ва эркинликлар одамлар томонидан беўлчов, бечегара қабул қилинади. Ислом демократияси ўз принципининг биринчи қисмидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқ ва эркинликларга маълум ўлчов ва чегара қўяди. Мен ўзим яшаб турган шаҳарда ёз куни шаҳарнинг қоқ ўртасида эгнида фақат битта плавка (турсик ҳам эмас) бўлган икки эркак бемалол гаплашиб кетаётганини кўрганман.

Иккинчи хулоса: “Ҳукм – Аллоҳдан” аксиомасидан ташқари Ислом демократиясининг сиз билан биз билган ҳозирги замон демократияларига зид бирор жиҳати йўқ.

Шу жойга келганда мен бир воқеани яна бир марта муҳтарам ўқувчи диққатига такрорламоқчиман (менинг “Янги дунё” сайтида чоп этилган “Урғулар тўғри қўйилиши керак” мақоламга қаранг). Буюк итальян рассоми ва ҳайкалтароши Микельанжелодан: “Сиз қандай қилиб бундай нафисликка эришасиз?” деб сўрашганда у: “Мен бир мармар ёки харсанг тошни оламан-да, унинг барча ортиқча жойларини олиб ташлайман” деб жавоб берган экан.

Учинчи хулоса: Ислом демократияси (нафис демократия)ни топмоқчи бўлсангиз, ҳозирги замон демократиясининг барча ортиқча жойларини олиб ташланг. Бошқача айтганда, Ислом демократияси учун АНДОЗА, бу – (мас.,) Франция демократиясидир.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.