Шукрулла Мирсаидовни эслаб…

Толиб Ёқубов

Юқори мансабли давлат мулозимлари орасида мен энг кўп учрашганим Шукрулла Мирсаидов бўлса керак. Мен ҳатто у кишининг уйларида ҳам кўп марта бўлганман ва тузларини тотиганман. Шукрулла аканинг Бешёғоч даҳасига яқин жойлашган, кўпқаватли бинодаги уйларига охирги марта мен 2001 йил 2 октябрь куни бу муҳтарам зотни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг 3-чи Қурултойига таклиф қилиш учун таклифнома олиб борганман. Эшик қўнғироғи тугмасини босишимга Шукрулла аканинг аёллари чиқдилар ва у киши уйда йўқ эканларини айтдилар. Шукрулла акани шу воқеадан олдин қай вақтда кўрганим эсимда йўқ – у кишини охирги марта ўғилларининг Ҳувайдо маҳалласидаги ҳовлисида кўрганман.

1989 йил Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракатининг фаолияти энг юксак даражага чиққан пайт эди. Унинг штаб-квартираси Инқилоб майдонида, “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг шундоққина рўпарасида турган Ёзувчилар уюшмаси биносида бўлиб, унинг барча йирик тадбирлари шу бинонинг катта мажлислар залида ўтар эди. Бу тадбирларга ҳукуматдан вакиллар деярли келишмас эди, бироқ уларнинг аксарида Шукрулла ака қатнашганларини эслайман. Бундай йиғилишларда Шукрулла ака ҳаммавақт сўзга чиқар эди ва муайян масала бўйича – у бизнинг назаримизда тўғрими-нотўғрими, ундан қатъий назар – ўз фикрларини айтар эдилар. Шу сабабли мухолифат орасида Шукрулла аканинг обрўси жуда баланд эди. Шундай учрашувларнинг бирида, одамга лиқ тўла залда иккимиз орамизда кескин тўқнашув бўлиб ўтди. Бошқача айтганда менинг Шукрулла ака билан бўлган дастлабки учрашувларим кўнгилхираликлар билан ўтган.

Шу йиғинда Шукрулла ака сўзга чиқдилар. Масала нимага бағишлангани ҳозир эсимда йўқ, бироқ Шукрулла аканинг нутқи менда (кўпчиликда ҳам бўлса керак) кучли норозилик уйғотди ва мен дарҳол сўзга чиқдим ва Шукрулла аканинг позициясини кескин танқид қилдим. Зал менинг чиқишимни хурсандлик билан қаршилади: жойимга келиб ўтирганимда турли томонлардан одамлар қўл чўзишиб мени табриклашга тушишди. Мендан кейин йиғин ҳайъатида ўтирган Шукрулла ака яна сўзга чиқдилар. У кишининг сокин, бироқ гулдираган овози ҳозир ҳам қулоғимда. Шукрулла ака: “Анави ўртоқ бундай деди, анави ўртоқ мана бундай деди” дея, “ўртоқ” сўзига урғу бериб ғазабнок гапира бошлади. Чамаси, менинг нутқимда ҳақоратомуз гаплар мутлақо бўлмаган бўлса-да,  у кишига нисбатан юз-хотир қилиб ўтирмай “шаккоклик” билан танқид қилганимдан Шукрулла ака ғазабланган бўлсалар керак. Залнинг ўртасида ўтирган Муҳаммад Солиҳми, Абдураҳим Пўлатовми, ҳозир эсимда йўқ, ўрнидан туриб мени ҳимоя қила бошлади. Улар ўртасида даҳанаки “жанг” қизигандан қизиб кетди, мен бир чеккада қолиб кетдим. [Мени ҳимоя қилган ўша одамни мен шартли равишда, муҳтарам ўқувчининг рухсати билан МА каби белгилайқолай].

Залда вазият оғирлашиб кетди, буни ҳамма тушуниб турар эди. Шу пайтда Гулчеҳра опа Нуруллаева ўринларидан турдилар ва вазмин гапира бошладилар: “Сизларнинг икковларингиз ҳам ўзбекнинг белида белбоғи бор йигитисизлар. Шукрулла ака, сиз халқимиз учун кўп яхши ишлар қилгансиз ва ҳозир ҳам қилаяпсиз. Бироқ МА ҳам халқимиз учун кўп яхши ишлар қилаётир. Наҳотки ўзбекнинг белида белбоғи бор икки буюк йигити кўпчилик орасида шу аҳволда бир-бири билан айтишиб туриши лозим?”. Залдаги ғала-ғовур дарров тинди, нотиқ ва МА тортишувни тўхтатишди. Бироқ мажлис узоқ давом этмади, 10-15 минутдан кейин одамлар тарқала бошлади.

Қирғизистонда 1990 йили ўзбеклар қирғин қилинаётган кунлари Шукрулла ака Вазирлар Маҳкамасининг Раиси эдилар. Бир жиддий масала “Бирлик”нинг Пишпек кўчасидаги штаб-квартирасида муҳокама бўлди ва шу масалани ҳал этиш учун Шукрулла Мирсаидов олдига боришга қарор қилинди. Ўнтача бирликчи икки машинада, соат кеч 22 ларда Вазирлар Маҳкамасига жўнадик. Шукрулла ака йўқ эканлар. Милиция ходимлари: “Кутсаларинг, яқинда келиб қолсалар керак” дейишди. Кутдик. Келдилар ва бизни 6-чи қаватга лифтда олиб чиқиб кетдилар. Биз узун столнинг икки томонига жойлашдик, Шукрулла ака бизга қараган ҳолда ўз иш столи ортига ўтирди. Сўҳбат бошланди.

Бирдан Шукрулла аканинг оғзидан ўта қўпол сўкиш чиқиб кетди. Мен сесканиб тушдим ва: “Оҳ, билмасдан айтвордилар, шекилли” деб ўйладим. Йўқ, бу билан Шукрулла ака сўкинишни тўхтатмадилар. У киши бизни сўкаётган эмасдилар, у кишининг гап орасида сўкиниб гапириш одатлари бор экан. Бу ҳолат мени ёмон ахволга солиб қўйди, мен қаттиқ изтиробга тушдим. Телевизорда бошқа давлатларнинг ҳукумат бошлиқларини кўрганмиз, уларнинг нутқларини эшитганмиз: қанчалик маданийлик, одоб, сўҳбатдошга ҳурмат – барисини кўрганмиз. Бироқ бизнинг давлат ҳукуматининг  бошлиғининг оғзидан ҳатто “онасини …” каби сўкиш аримас экан!

Мен 3-4 кун ўзимни билмай, нима қилишни тушунмай юрдим. Бироз вақтдан кейин 30 тача бирликчилар бир масалада яна Вазирлар Маҳкамасига бордик. Мен Гулчеҳра опа билан майдонга кирганимизда ушбу манзарага кўзимиз тушди: бинога кираверишдаги эшик соябони остида Шукрулла ака ва “Бирлик”нинг раисдоши, машҳур композитор  Зоҳид Ҳақназаров гаплашиб туришибди; улардан 10-15 метр нарида 5-6 милиционерлар бир ғуж бўлиб олишган; 20 метрча нарироқда 25 тача бирликчилар гавжум бўлишган. Шу пайтда Шукрулла ака қўли билан Зоҳид акани кўрсатган ҳолда овозининг борича, русчалаб, милиционерларга қараб бақира бошлади: “Подойдите сюда! Возьмите его!”. Иккита милиционер югуриб келишиб Зоҳид аканинг орқасида туришди, Шукрулла ака машинасига миниб жўнаб кетди. Милиционерлар Зоҳид акага тегинишмади, у киши бизни кўргач, биз томонга юра бошлади. Биз Зоҳид акадан Шукрулла аканинг бақирганининг сабабини сўрадик. Воқеа бундай бўлган экан: Зоҳид ака билан гаплашатуриб Шукрулла ака сўкиниб гапира бошлаган. Табиатан юмшоқ, маданиятли Зоҳид ака у кишига: “Шукрулла, сиз ҳукумат бошлиғисиз, оғзингизга эрк берманг. Сиз кўп одамлар билан учрашасиз, гаплашасиз. Сўкинишни ташланг” дебдилар, холос. Бўлган гап шу экан.

Шу воқеадан кейин Шукрулла акадан ихлосим бутунлай қайтди. 3-4 кун ичида Шукрулла ака ҳақида мен “Кичкина Сталин” номли катта бир мақола ёздим ва у “Бирлик”нинг газетасида чоп этилди. Газета, адашмасам, 5000 нусхада босилар эди. Мақола машҳур бўлиб кетгани шу қадар бўлди-ки, бу ёғи Термиздан, бу ёғи Фарғона водийсидан одамлар атайлаб газетани излаб Тошкентга кела бошлашди. Газетанинг шу сони яна икки марта қайтадан босилди. Мен ишлаган педагогика институтида фалсафа фанлари доктори, “Оролни қутқариш” комитетининг раҳбари, профессор Пирмат Шермуҳаммедов ишлар эди. Биз бир-биримизни яхши танир эдик, учрашиб кўп суҳбатлашар эдик. Бир куни Пирмат акани Шукрулла ака чақиртирибдилар. Пирмат ака кирса, Шукрулла аканинг столи устида менинг мақолам турганини кўрибди. Улар орасида қуйидаги диалог бўлиб ўтган:

–          Пирмат, сизларда Ёқубов деган одам ишлайдими?

–          Ҳа, бизнинг институтда тўртта Ёқубов бор. Сиз қайсисини сўраяпсиз?

–          Ёқубов деган математикни сўраяпман.

–          Ҳа, шундай одам бор, мен уни яхши танийман. Нега сўраяпсиз?

–          У, падарингга лаънат, мен ҳақимда “Кичкина Сталин” деган мақола ёзибди.

Хуллас, менинг Шукрулла ака билан бўлган дастлабки учрашувларим ана шундай кўнгилсиз ҳолатларда кечган. Ўша пайтларда биз Ислом Каримов ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эдик. Бу шахс ҳам бирликчилар билан ўзининг қароргоҳи, Ўзкомпартиянинг Анҳор бўйидаги биносида талай марта учрашган. У баъзан: “Мен олдиларингда тиз чўкиб айтаман, …” каби гапларига қараб унинг Шукрулла акадан ҳам ўн баравар сўконғич эканини билмаганмиз. Мен буни биринчи марта 1993 йили Жаҳонгир Маматовдан эшитганман. У депутатлик йилларида, масалан, Каримов Олий Мажлис раиси Шавкат Йўлдошевни қувиб урганига ўзи гувоҳ бўлган.

Ҳукуматдан кетгая Шукрулла ака очиқ мухолифат томонига ўтди. 1996 йили Шукрулла ака ЎИҲЖнинг 2-чи Қурултойида меҳмон сифатида иштирок этдилар. У киши тарқоқ мухолифани бирлаштириш, бир фронт бўлиб И.Каримов режимига қарши курашни йўлга қўйиш учун Мувофиқлаштириш кўмитасини туздилар. Бироқ, кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган бўлсалар-да, Шукрулла ака ўта содда одам эканлар. У киши Марат Зоҳидов ва Впсила Иноятова каби одамларни, уларнинг “ширин” гапларига ишонган ҳолда, ўз атрофига тўплай бошладилар. Йиғилиш одатда Васила Иноятованинг уйида ўтар экан. В.Иноятованинг таклифи билан бир марта мен ҳам мажлисларнинг бирида қатнашганман. Чамаси, кейинчалик Шукрулла ака адашганини сезди ва бу ишдан фойда бўлмаслигига ишонч ҳосил қилди.

Ахлоқ нуқтаи-назаридан Шукрулла ака тамоман бошқа одамга айланди. Алоқамиз яхши томонга ўзгаргач, мен у кишидаги ёмон қусурларни умуман кўрмадим. У киши, оддий қилиб айтганда, доно одамга айландилар. Мен буни у киши билан ўтказган талай сўҳбатларимизда яққол кўрганман. Шукрулла акани И.Каримов режими кўп балоларга гирифтор этди, лекин синдира олмади. Мен “бу балоларга Шукрулла ака қандай чидаган экан?” деб ўйлар эдим. Шукрулла аканинг унча-мунча йиғган маблағи ҳам бўлган бўлса-да, у кишининг бутун оиласи билан бир кечада Ўзбекистондан чиқиб кетишга имконияти бўлса-да, Шукрулла ака бу ишни қилмадилар. Баъзан мен у кишини тўй пайтлари кўриб қолар эдим ва оддий инсонларнинг Шукрулла акага чуқур ҳурматини кузатганман.

Гарчи Шукрулла ака И.Каримов каби совет даврининг маҳсули бўлса-да, унда совет раҳбарларига хос бир қатор салбий жиҳатлар кузатилса-да, бу икки шахс бир-биридан тубдан фарқ қилар эди, И.Каримовдан фарқли ўлароқ Шукрулла ака жоҳил одам эмас эди. Шукрулла аканинг И.Каримовдан яна бир фарқи шу эди-ки, у ўзбек халқига ҳурмат кўзи билан қарар эди. Тақдир тақазоси билан давлат тепасига Шукрулла Мирсаидов келса эди, мамлакат ривожининг натижаси кескин ижобий бўлар эди. Мен бунга аминман.

Мен Ислом Каримов шахсини, унинг ўзбек халқига муносабатини қуйидаги кичик лавҳа билан очган бўлар эдим:

Ислом Каримов 23 йил илгари гапирар эди, ўзбеклар эшитар эди.

У 10 йилдан кейин ҳам гапирар эди, ўзбеклар эшитар эди.

У ҳамон гапирмоқда, ўзбеклар ҳамон эшитмоқда.

Ўзбек халқининг бетакрор фарзанди Шукрулла Мирсаидов боқий дунёга кетдилар. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин.

3 ноябрь, 2012 йил

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.