Кўрадиганлар, кўрсатсанг кўрадиганлар, кўрмайдиганлар

Толиб Ёқубов

Буюк Леонардо да Винчи одамларни уч гуруҳга ажратган: “кўрадиганлар”, “кўрсатсанг кўрадиганлар” ва “кўрмайдиганлар”. Турли соҳаларда инсоният турли учлик гуруҳларга бўлинади. Илм соҳасида одамизод бир учликка бўлинса, дин соҳасида у бутунлай бошқа учликка бўлинади, сиёсат соҳасидаги бўлиниш (учлик) эса олдинги иккита учликка деярли ўхшамайди. Ҳатто битта соҳа, масалан илмда, инсонлар турли йўналишларда турлича учликка бўлинадилар: математикада бошқа, биологияда бошқа, тасвирий санъатда бошқача учлик. Масалага торроқ ёндошадиган бўлсак, яъни бутун инсониятни олмасдан, бир мамлакат ёки бир халқ билан чегаралансак ҳам, шу мамлакат ёки халқ ичида ҳам одамлар танланган соҳага қараб учлик гуруҳларга бўлинаверади: “кўрадиганлар”, “кўрсатсангиз кўрадиганлар” ва “кўрмайдиганлар”.

Моҳият муҳтарам ўқувчига тушунарли бўлиши учун Л. да Винчининг ҳикматини бир мисолда қараб чиқайлик. Юқорида айтилганидек, илм соҳасида ҳам одамлар уч тоифага бўлинади: биринчиси, илмни эгаллаган, унинг моҳиятини тушунган ва инсоният тарихида унинг ўрнини билган одамлар, иккинчиси, илмни тушунмаса-да, бироқ илмни ўргатсангиз уни тушунадиган ва, ҳатто, эгаллай оладиган одамлар (мас., ўқувчи ва студентлар), учинчиси, ҳар қанча тушунтирсангиз ҳам илм нималигига ақли етмайдиган, илм ҳақида гапирсангиз: “Қўй, бошимни қотирма, менга илмингдан чойхона-палов маъқул” дейдиган одамлардир. Ҳикоямизнинг давомида биз “кўрадиганлар” деганда оптик кўришни (яъни, кўз билан кўриб туришни) эмас, балки ҳар бир воқеълик моҳиятини яхши тушунадиган, уни тўғри тахлил қила оладиган, воқеалар ривожини олдиндан сеза биладиган холис одамларни тушунамиз. Яна бир келишув: гарчи мен олисни кўрадиганлар одамлар ҳақида ёзганимда уни қўштирноқ ичига олиб ёзаётган бўлсам-да, мен унга ҳеч қандай истеҳзо маъно бераётганим йўқ. Мен бу тушунча бошқалардан ажралиб туриши учун уни қўштирноқ ичига олаётирман. Шу гап “кўрсатсанг кўрадиганлар” ва “кўрмайдиганлар”га ҳам тегишлидир.

Қизиқ, инсониятни бу тариқа ажратишда гуруҳлар орасидаги миқдорий нисбат ҳақида нима дейиш мумкин? Одамзодни шартли равишда 1 (бир) метрлик тасма каби қаралса, биринчи гуруҳ тасма бошидаги 1 (бир) миллиметрдан 1 (бир) сантиметргача бўлган бўлакни эгаллаши мумкин, холос. Бошқача айтганда, “кўрадиган” одамлар сони умумбашарий миқёсда жуда кичик бир миқдордир. Иккинчи гуруҳ, табиий, миқдор жиҳатдан биринчи гуруҳдан анча катта эканлиги аниқ бўлса-да, бироқ бу гуруҳ ҳам тасманинг бош қисмида қолиб кетади, яъни тасманинг катта қисмини учинчи гуруҳга кирувчи “кўрмайдиганлар” эгаллайди.

Одамзоднинг интеллектуал (ақлий) потенциали бўйича ташкил этувчи қисмларга бўлиш қандай манзарага эга эканлиги ҳақида билимдонлардан кўп марта эшитганман. Ақлий потенциали энг юқори бўлган инсонлар, яъни даҳолар, умуминсоний “қозон”да бир дона нўхотдай ҳам чиқмайди. Иккинчи синфга кирадиган инсонларни, одатда, талантли (зукко)лар, дея аташади. Мазкур синфнинг биринчи синфдан хийла катталиги ҳаммага равшан. Унинг вакилларини ўзингизнинг оилангизда ҳам учратишингиз мумкин. Одатда, зукколар синфидан баъзилар ўз ғайрати ва ишчанлиги, билимга чанқоқлиги билан ёки баъзан бахтли тасодиф натижасида даҳолар синфига кириб келишади (қўшилишади). Бахтли тасодиф бир бола келажакда даҳолар сафига қўшилганига бир мисол келтираман.

Ҳикоя.  Италиялик Энрико Ферми 7-чи синфда ўқиб юрган пайтда ҳар куни кечга томон отаси ишдан қайтаётган пайтда уни йўлда кутиб олар экан. Отаси ҳар куни уйига бирга ишлайдиган бош инженер билан қайтар, Энрико уларнинг суҳбатини тинглашни хуш кўрар экан. Бир куни у бош инженерга: “Геометриянинг ўлчов тушунчасини ишлатмайдиган соҳаси борми?” деб савол берган. Эслатма: узунлик, юза (сатҳ), ҳажм, бурчак, оғирлик (вазн) ва б., яъни сон (миқдор) билан ифода этиладиган геометрик (ва физик) катталиклардир.

Саволни эшитган бош инженер ҳайратланади: Энрико университетларда ўқитиладиган проектив (чизма) геометрия ҳақида гапирмоқда! “Ҳа, бор. Уни проектив геометрия дейилади. Мен бир китоб олиб келиб берсам ўқийсанми?” – деб сўрайди бош инженер ўз навбатида. Эртаси куни у Энрикога университетларда ўрганиладиган бир китоб олиб келиб беради. Бир ҳафтадан кейин Энрико китобни эгасига қайтаради ва уни тўлиқ ўзлаштирганини айтади. Бош инженер Энрикога математика ва физика фанларига доир университетларда ўқитиладиган китоблардан такрор ва такрор олиб келиб бераверади, Энрико эса уларни мустақил ўзлаштираверади. 22 ёшида катта эътиборга тушади, Европа ва АҚШнинг нуфузли университетларида ишлай бошлайди. Атом физикаси бўйича Нобель мукофотини олади. У ХХ-асрнинг энг буюк физикларидан бири ҳисобланади. (Тамом).

Ақлий потенциал бўйича бўлиниш тасмасининг иккинчи томони (чеккаси)да бошқа икки гуруҳ жойлашади: энг охирги синф – бу дебиллар (одам қиёфасидаги, бироқ ақлий потенциалга мутлақо эга бўлмаган инсонлар) ва бу синфдан олдин ақлий потенциали заиф, бироқ дебил бўлмаган одамлар синфидир. Чап томонда даҳолар ва зукколар, қарама-қарши, ўнг томонда эса ақли заиф ва дебиллар гуруҳлари бўлиб, оралиқдаги синф сон жиҳатидан энг каттадир ва уни мутахассислар “нормал одамлар” синфи дейишади. Одатда, симметрик жойлашган “даҳолар” ва дебиллар” ҳамда “зукколар” ва “ақли заифлар” сон жиҳатдан тенг, яъни, масалан, айни пайтда даҳолар сони қанча бўлса, дебиллар сони ҳам шунча деб тахмин қилинади. Табиий, даҳолар ва зукколар – “кўрадиганлар”, “ақли заиф” ва “дебиллар” эса “кўрмайдиганлар”дир.

Нима, даҳолар ва зукколар нормал одамлар эмасми, улар ақлий потенциали бўйича ҳар қандай нормал одамдан олдинда-ку!? – деб эътироз билан юзланиши мумкин ўқувчи. Тўғри савол. Бироқ, ХХ-асрнинг даҳоларидан бири, дея баҳоланадиган Энрико Ферми бутун инсониятни йўқ қилиб юбориши мумкин бўлган атом бомбасининг “оталаридан” бири бўлган. Ақлий потенциали бўйича инсониятдан анча илгарини кўра оладиган бундай инсонлар ўз кашфиётлари билан “нормал одамлар”, яъни сиз билан биздан тубдан фарқ қилишади: улар инсоният учун маълум маънода хавфли инсонлардир. Э.Ферми буюк физик сифатида оммавий қирғин қуролини яратишда иштирок этди, унинг даҳоси уни шу йўлга етаклади.

Владимир Ленин, Иосиф Сталин ва Адольф Ҳитлерларнинг бирортаси ҳам физикага алоқаси бўлмаган, бироқ уларнинг ҳар бири ХХ-асрнинг даҳолари сафидан ўрин олган: В.Ленин “коммунистик жамият” ғоясини ишлаб чиққан Карл Маркс таълимотини Россия империясига қўллаган буюк файласуф, И.Сталин эса буюк амалиётчи сифатида ХХ-асрнинг энг даҳшатли тоталитар давлати бўлган СССРни яратишган бўлса, А.Ҳитлер Европада моҳияти бўйича ундан қолишмайдиган фашистик Германияни барпо этди. Фақат яратишди эмас, балки инсониятни тарихда мисли кўрилмаган жаҳон уруши гирдобига тортишди. Э.Фермининг даҳоси япон халқини камида 200.000 га камайтирган бўлса, Германия – СССР уруши камида 40 миллион инсоннинг умрига зомин бўлди. Фан ва техникада ҳам, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам даҳоликнинг инсониятга чексиз кулфатлар келтирганига исталганча мисоллар келтириш мумкин: фиръавнлар, қонхўр қироллар, Чингизхон, Амир Темур, Мао Цзедун, Пол Пот, Роберт Мугабе, …

Шуни ҳам айтиш лозим-ки, фан ва техниканинг ривожига юксак ҳисса қўшган Э.Ферми каби аксарият даҳолар ўз кашфиётларини инсониятга ёмонлик қилиш мақсадида амалга оширган эмаслар. Атом энергиясини инсоният фойдаси учун ҳам ишлатиш мумкинлигини улар яхши тушунганлар. Чексиз кўп сирларга эга бўлган табиатни ўрганиш, бу сирларни очиш ва улардан инсоният фойдасига ишлатишдек улуғ бир туйғу фан ва техника соҳасини танлаган даҳоларни шу йўлга етаклайверган. Бироқ, турли ижтимоий-сиёсий тузумлар ҳукм сураётган давлатлар сиёсий раҳбарияти бир бирига душман нуқтаи-назаридан қараётган пайтда душманлик руҳи ҳатто фан ва техника йўналишида ишлаётган даҳоларга ҳам сингдирилади.

Мен мазкур мақолада асосий мавзу сифатида давлат қурилиши ва бошқаруви, яъни сиёсатни қараб чиқишни истадим. Бошда шуни ҳам айтиб ўтмоқчиман-ки, айни соҳада постсовет ҳудудида пайдо бўлган деярли барча давлатлар сингари Ўзбекистон ҳам ўзининг ўтмиши бўлган коммунистик тузумдан юқтирилган ёлғон, қаллоблик, айёрлик, зулм, истибдод, лаганбардорлик, қуллик кайфияти ва шу каби бошқа ижтимоий-сиёсий иллатлардан қутила олмади. Литва, Латвия, Эстония, Гуржистон ва Украина каби мамлакатларда мазкур иллатларга қарши кураш олиб борилиб маълум ижобий натижаларга эришилган бўлса, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон каби давлатларда бу иллатлар аксинча чуқурлаштирилди. Азалдан маълум бўлганидек келтирилган ижтимоий-сиёсий иллатлар жамиятнинг нормал ривожланиши олдига кескин тўсиқлар қўяди. Табиий, яккаҳокимлиликка асосланган сиёсий тузум олдида буни яшириш масаласи юзага келади ва масала жамиятдаги “кўрадиганлар” синфини кескин камайтириш ҳисобига ечилади. Мазкур ечим яна ўша иллатларни кучайтириш ҳисобига амалга оширилади. Яккаҳокимликни сақлаб қолишлик учун бошқа йўл йўқ. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондагидек сиёсий бошқарув ижтимоий-сиёсий иллатларни камайтиришдан эмас, балки кучайтиришдан манфаатдордир.

Қандай қилиб жамиятни “кўрадиганлар”, яна бир марта эслатаман, воқеълик моҳиятини яхши тушунадиган, уни тўғри тахлил қила оладиган, воқеалар ривожини олдиндан сеза биладиган холис одамлардан тозалаш мумкин? Йўли ўша коммунистик тузум даврида синалган йўл: 1) ахборот олиш ва тарқатиш воситаларини кескин жиловлаш, яъни аҳолини муттасил ёлғон ёки сохта ахборот билан “тўйдириб” туриш; 2) яккаҳоким сиёсатига мухолиф бўлган сиёсатчиларга ва ижтимоий-сиёсий ташкилотларга йўл бермаслик, ўнги келганда уларни “шафқатсиз” бадном қилиб туриш, “шохлашга” уринаётганларни эса маънавий, иқтисодий ва сиёсий қатағон қилиш; 3) ёлғон гапириш ва ёзишдан жирканмайдиган ижтимоий-сиёсий фанлар вакиллари, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар ва ўқитувчиларни тарихни қайта ёзиш, яккаҳокимни улуғлаш, унинг номидан асарлар ёзиш, мактаб ва олий илм даргоҳлари учун “тўлақонли” дарсликлар яратишга фаол жалб қилиш.

Қисса. Тошкент давлат педагогика институтининг математика факультетида бири декан (Хоразм вилоятилик), иккинчиси кафедра мудири (Жиззах вилоятидан) бўлиб ишлайдиган, шу факультетни бир группада ўқиб битирган икки йигит бор эди. Декан Москва давлат университетида аспирантурани ўтаган, кучли математик, бироқ орқасида “суянчиғи” йўқ эди, кафедра мудири эса институтни асосан “учга” битирган, бироқ яқин кишиси (Исмат Хушиев; Огоҳлантириш: журналист Исмат Хушев билан аралаштирманг!) Ўзкомпартия марказий комитетида, кейинроқ Жиззах вилояти ҳокимлигида ишлаган  йигит эди. Кафедра мудирининг саводсизлиги кўп кулгуларга сабаб бўларди. Бироқ, кафедра мудири бўлгач, у олий ўқув юртлари учун бошқа институтлар олимлари билан ҳамкорликда ўқув қўлланмалари ёза бошлади. Ҳамма ҳайрон. Бу феноменни бир куни бир йиғилишда декан: “Менинг группадошимнинг таланти 37 ёшида очилди” дея тушунтириб ҳаммани кулдирди. (Тамом).

Қиссадан ҳисса: Давлат раҳбари бўлгунча Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳатто битта мақола ҳам ёзмаган, дейишади уни яқиндан билган одамлар. Ҳисоб-китобларга қараганда бу муҳтарам зотнинг таланти 50 ёшдан ўтгандан кейин очилибди. (Тамом).

“Кўрмайдиганлар” тоталитар ва авторитар сиёсий тузумларнинг асосий ижтимоий базаси, яъни суянадиган қатламидир. Яккаҳокимлик (ҳозирги Ўзбекистон ёки Туркманистон) ёки яккапартиявийлик (собиқ СССР ёки Ҳитлер Германияси)ка асосланган давлатларда ижтимоий база “кўрмайдиганлар”дан ташкил топади. Халқнинг бу қатлами яккаҳокимни ёки яккапартияни сиёсатнинг ҳар бир йўналишида (сайлов, референдум, қонунлар қабул қилиш, конституцияни ўзгартириш, ички ва ташқи сиёсатда ва ҳ.) бошқа вариант бўлмагани сабабли “сўзсиз” қўллаб-қувватлаб туради. Ўзбекистондагидек сунъий ва сохта кўппартиявийлик шароитида эса дарҳол сайлов ва референдум натижаларини сохталаштириш ишга туширилади. И.Каримовнинг сайлов ва референдумларда 95-97% овоз олишининг сабаби ҳам шунда.

Ҳикоя. Асли бухоролик, 90-чи йиллар ўртасигача Москвада истиқомат қилган, СССР ташқи ишлар вазирлиги системасида бир қатор Европа мамлакатларида ишлаган олим Тоир Фаридович Тоиров билан 1993 йилнинг январида мен ва “Бирлик” халқ ҳаракати раҳбарларидан бири бўлган Муҳаммадамин Нарзиқулов иккаламиз Тошкентда учрашиб қолдик ва Ўзбекистон келажаги ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Табиий, шу суҳбатда Ислом Каримов ҳақида ҳам фикр алмашинди. И.Каримов давлат тепасига келган пайтларда у оммага, айниқса ташқи дунёга мутлақо нотаниш бўлган. Гап орасида Тоир ака бир воқеани гапириб берди. 90-чи йиллар бошида Тоир аканинг Москвадаги уйига И.Каримовнинг давлат маслаҳатчиларидан бири телефон қилган ва: “Сиз Европа мамлакатларида кўп ишлагансиз. Бизнинг президентимиз ҳақида Европа матбуотида бир нечта мақолалар чиқарсангиз. Биз хизматингизни тақдирлаймиз” деган илтимосни ўртага ташлаган. Бу сурбетларча қилинган илтимосдан Тоир ака қаттиқ ғазабланган ва “Менинг бунақа ишлар билан шуғулланишга тоқатим йўқ!” дея трубкани қўйиб қўйган. (Тамом).

Кейинчалик Тоир ака Тошкентга кўчиб келди ва буерда бир миллий музей ташкил қилди. Мен Тошкентда ҳам Тоир ака билан бир неча бор сўҳбатлашганман. Тоир ака “кўрадиганлар”дан бири эди, у киши Ўзбекистон муқаррар инқирозга учрашини башорат қилган эди. Тоир ака буни И.Каримов иқтисодда давлат қароқчилиги сиёсатини олиб бориши, сиёсатда эса яккаҳокимликни ўрнатиши билан тушунтирганини эслайман. Тоир аканинг башорати ҳозирги Ўзбекистонда мана-ман деб турибди.

Менинг олдимда муҳокама қилишим керак бўлган биргина савол қолди: И.Каримов, Р.Иноятов, Р.Қодиров, З.Алматов ва унинг издоши Б.Матлубов, И.Собиров ва ҳоказо, ва ҳоказолар қайси учликка киришади? Жавоб: Сўзсиз улар “кўрадиганлар”дир. Тушунтираман. Мен бир пайтлар ҳар қандай даҳо яхши инсон, у ҳаммавақт яхшиликка хизмат қилади, деб ўйлардим. Факультетимизнинг декани, бухоролик Азим Ҳикматов ўзининг мустабидлиги билан “машҳур” эди. Мен умримда фақат бир марта, бир йилгина А.Ҳикматовнинг муовини бўлиб ишлаганман. Азим ака бир соҳада бетакрор одам эди: у ҳужжатларни шу қадар бенуқсон қилиб тайёрлаб қўярди-ки, бирор бир комиссия унинг фаолиятида нуқсон топа олмас эди. Бир кун мен уни кафедра мудиримиз Павел Петрович Логиновга: “Азим ака гениал одам (даҳо)” дея мақтадим. П.Логинов ўйланиб қолди ва бирмунча сукутдан кейин: “Гениаллик икки йўналишда бўлиши мумкин – яхшиликка йўналган ва ёмонликка йўналган” деб жавоб қилди. Шундан сўнг менда бу тушунчага муносабат ўзгарди.

И.Каримов гениал одам бўлмаса эди, у 28 миллионли Ўзбекистон халқини 23 йилдан бери лақиллатиб юра олмас эди. А.Ҳитлер ҳам гениал шахс одам бўлгани учун салкам бутун Европани ўзининг орқасидан эргаштира олган. Бироқ бу икки шахснинг даҳоси сўзсиз ёмонликка йўналгандир.

Р.Иноятов, Р.Қодиров, З.Алматов ва унинг издоши Б.Матлубов, И.Собиров ва ҳоказо, ва ҳоказоларнинг даҳоси эса икки нарсага – қўрқув ва манфаатга таянгандир, холос.

5 ноябрь 2012 йил.

Франция.

Categories: Uncategorized | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.