Декларация қандай-ю, Ўзбекистондаги ҳаёт қандай

            Толиб Ёқубов

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган ҳар қандай давлат бор-ки, унинг раҳбарияти бу ташкилотнинг 1948 йил 10 декабрь куни Бош Ассамблеясининг 3-чи сессиясида 217 А (III) резолюцияси остида, Парижнинг “Шайо” қасрида қабул қилинган Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (ИҲУД)ни тан олишган ва уни имзолашган. Бу халқаро ҳужжат БМТнинг Низоми билан бир қаторда давлатнинг БМТга аъзо бўлиши учун тан олиниши лозим бўлган икки ҳужжатдан биридир. ИҲУД матни 375 тил ва диалектларга таржима қилинган ва дунё юзидаги барча инсонлар эга бўлган ҳуқуқларни аниқлаштириш бобидаги биринчи кенг кўламли ҳужжатдир. Менинг эсимда, 1992 йил, президент сайловидан кейин, Ислом Каримов Тожикистон президенти Раҳмон Набиев билан бирга бориб мазкур Декларацияни имзолаб келган эди.

БМТга аъзо бўлиш ҳар қандай давлатни қизиқтиради. Одатда, БМТ камбағал давлатларда ривожланиш, хусусан инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун катта-катта грантлар ажратади. “Эшакнинг меҳнати ҳалол, ўзи ҳаром” деганларидек, Ўзбекистон каби “камбағал”, аслида репрессив давлатлар одатда “БМТнинг ҳужжатлари ҳаром, грантлари ҳалол” қабилида иш юритишади. Грантлар халқлар манфаати учун эмас, балки репрессив тузумни мустаҳкамлаш учун ишлатилади.  БМТнинг ҳужжатларига амал қилишга ҳамма ҳукмдорнинг ҳам тоқати бўлавермайди, айниқса Саудия Арабистонига ўхшаш қиролликлар, дунёвий бўлса-да, Ўзбекистон, Туркманистон, Бирма, Марказий Африка Республикаси, Белорусия, Шимолий Корея каби ўнлаб репрессив сиёсий тузумлар шаклланган мамлакатларда бу ҳол яққол кўзга ташланади. Буни яшириш учун уларнинг раҳбарлари ва матбуоти муттасил ёлғон гапиради.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган ва ИҲУД нишонланадиган кундан икки кун олдин нишонланади. Шу кунлар яқинлашган сари давлат раҳбарлари ва мамлакат матбуотининг оғзидан бол оқа бошлайди. Қаёққа қараманг “Бош Қомусимиз – бахтимизнинг асосидир!”, “Бахтли келажагимиз Бош Қомусимизда белгилаб берилган!”, “Инсон ҳуқуқлари давлатимизнинг бош мақсадидир!” каби минглаб шиорларни кўрасиз. 2005 йил Андижонни отган Ўзбекистон ҳукумати 2008 йил ИҲУДнинг 60 йиллигини катта байрам билан олқишлади.

Аслида, Декларация ёки Конституция қандай-ю, Ўзбекистондаги ҳаёт қандай?

Шу муносабат билан биз Жиззахлик ҳуқуқбонлар 2004 йилда дунёда “Инсон Ҳуқуқлари Куни” деб байрам қилинадиган 10 декабрь кунини қандай ўтказганимиз ёдга тушади. Ўша йили 24 сентябрдан бошлаб мен Жиззах тумани, Раваллиқ қишлоғилик, “Пахтабанк”нинг Жиззах вилоят бўлимининг “Банк операциялари” бўлими (БОБ)  бошлиғи Ҳамид Султоновга нисбатан қўзғатилган жиноий иш (ж/и)да унинг ҳимоячиси сифатида қатнашаётган эдим. Муҳтарам ўқувчига моҳият тушунарли бўлиши учун мен шу ж.и ҳақида бироз тўхталаман. Мен мазкур ж/и материаллари билан Зомин туман прокуратурасида 20 кун давомида танишдим, бироқ унинг бошдан-оёқ сохталигини биринчи кунлардаёқ тушундим.

Ж/и.ни Жиззах шаҳар прокурори ёрдамчиси Бобур Туйчиев қўзғатган. У ўзининг ж/и.ни қўзғатиш қарорида ёзишича, шаҳар прокуратураси БОБда текширув ўтказган ва фуқароларга кредит бериш ишида жиноятларга қўл урганлиги белгилари текширув материалларида кўринганлиги учун ж/и қўзғатилган. Ҳақиқатан шаҳар прокуратураси текширув ўтказганми-йўқми, буни икки идора яхши билади: 1) банк раҳбарияти ва 2) вилоят ҳокимияти қошида фаолият юритадиган “ Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи комиссия”. Эслатаман: қонун бўйича назорат қилувчи органлар [прокуратура, милиция, солиқ инспекцияси, ўт ўчириш инспекцияси, санэпидстанция ва ҳ.] хоҳлаган вақтда, ўзича бориб бирор корхонада текшириш ўтказаверишга ҳаққи йўқ. Йил бошида шу комиссия текширишлар учун қатъий график ишлаб чиқади: графикда, масалан мана бу муайян корхонани қайси назорат органи йилнинг қайси ойи ва кунида текширишга бориши мумкинлиги аниқ кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)нинг 53-моддасига кўра мен шу икки идорага ёзма мурожаат қилдим ва 3-4 кундан кейин жавоб олдим: ҳар иккала идора шаклан ҳар хил, мазмунан бир хил жавоб ёзишган: “Йўқ, текшириш ўтказилмаган”. Ж/и.нинг сохталиги исботланди. Мен ж/и.ни назорат қилувчи прокурор номига ариза ёзиб ўз қўлига топширдим ва унда икки талабни қўйдим: 1) ж.и.ни дарҳол ёпиш, айбланувчиларни сўзсиз реабилитация қилиш (оқлаш); 2) 10 та лавозимли шахс устидан жавобгарлик ишини қўзғатиш. Демократия шароитида, яъни оммавий ахборот воситалари эркин бўлган шароитда бу иш ҳеч қийинчиликсиз айбланувчилар фойдасига ҳал бўлар эди. Бироқ Ўзбекистонда…

Процессуал ҳаракатлар орасида “Процессуал муддат” тушунчаси бўлиб, процессуал ҳаракатлар кетаётган пайтда ҳимоячининг ҳар бир ёзма илтимосномаси, аризаси ва шикоятига лавозимли шахснинг ёзма жавоб беришига муайян ва қатъий муддат белгиланган. Менинг аризамга назорат қилувчи прокурор 3 (кун) ичида жавоб бериши айтилган бўлса-да, унинг ёзган жавоби менга 11 кундан кейин етиб келди. Қизиғи шунда-ки, унинг жавобида мен илова қилган, ж/и.нинг сохталигини исботловчи икки ҳужжат ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилмаган ва хатга айблов хулосасидан парча киритиб қўяқолган, холос. Бу сохтакор прокурор устидан мен 4 ноябрь куни вилоят прокурори Равшан Муҳитдинов номига шикоят топширдим, бироқ у жавобни 30 (!!!) кундан сўнг юборди. Менинг қонуний шикоятларим Бош прокуратура томонидан ҳам жавобсиз қолдирилди. Бу – ҳукумат органларида ҳакалак отиб кетган жиноят бўлиб, мулозимлар қандай жиноят содир этмасин, улар бир-бирларининг жиноятини яшираверадилар.

 

Иложсиз қолганҳимоячинимақилишикерак?

Ҳукумат мулозимлари битта жиноий ишда бир ҳуқуқбонга тўла ютқазганларини билиб туришибди-да, бироқ тан олиш улар учун ўлим билан баробардай туюлмоқда. Уларнинг наздида бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди!  Иложсиз қолган ҳимоячи нима қилиши керак? Матбуотга мурожаат қилиб бўлмаса, мурожаат қилганингиз билан мурожаатингизни чоп этишмаса! Суд прокуратуранинг измидан чиқмаса! Бундай шароитда ҳуқуқбонлар олдида фақат битта йўл қолади: очиқ норозилик билдириш! Мен вилоят ва Бош прокурорга хат юбориб, 2004 йил 29 ноябрдан бошлаб вилоят ҳокимияти биноси олдига давомли норозилик пикетига чиқишимизни уқтирдим.

Ўша кунлари ҳукумат мамлакат Конституциясини нишонлаш арафасида эди. Кўчалар узра симлар тортилиб, уларга қизил алвонларда,  баланд бинолар деворларида бош Қомусни мадҳия қиладиган шиорлар осилган эди. Пикетимизга Ҳамид Султоновнинг яқинлари ҳам келиб қўшилишди, бироқ асосий кўпчиликни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Жиззах вилояти бўлимининг аъзолари ташкил этишди. Пикетчилар вилоят ҳокимияти биноси ва унинг рўпарасидан ўтувчи катта, серқатнов проспект (ораси 50 метр) оралиғида туришди. Ҳокимият ваҳимага тушгани дарҳол сезилди. Ҳокимиятда иш тўхтади, чамаси. Мулозимлар узундан узоқ, 6 қаватли ҳокимият биносининг кўча томонга қараган томонидаги 200 тача деразалари олдига, ичкарида қалдирғочнинг болаларидек тўпланишди. Ҳамманинг нигоҳи пикетчиларга қаратилган. Олдимизга вилоят прокурори чиқиб келди. Бироқ мен берган саволларга мутлақо жавоб бера олмай, жиноятлари кўпчилик олдида ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб, қочди.

30 ноябрдан бошлаб ҳукумат пикетчиларга қарши провокациялар уюштира бошлади. Бир сафар бизнинг олдимизга кийимлари ифлос, маст-аласт ва юз-кўзидан наркоманлиги билиниб турган одамларни йиғиб келишди. Улар бизга яқинлашиб, ўзларини плакатлардаги ёзувларни ўқиётгандай қилиб кўрсатиб, тўсатдан ҳужум қилиб, қўлимиздаги плакатларни тортиб олишга ва уларни майда-майда қилиб йиртиб ташлашга эришдилар. Иккинчи сафар бизларга бир гуруҳ лицей ва коллеж талабалари яқинлашишди, биз яна ҳужумга учрадик, бироқ улар мақсадга эриша олмадилар. Биз уларни расмга ола бошлагач, улар қочишди. Шу талабаларнинг бири менинг қишлоғимдан экан. Унинг ота-онасига гапириб беришича уларга 10.000 сўмдан пул улашилган экан. 1 декабрь куни эрталаб кўчада, менинг уйимнинг олдида бир гуруҳ милиция ходимлари Ҳамид Султоновга ҳужум қилиб, уриб йиқитиб, қўлига кишан солиб, машинага тиқиб қамоққа олиб кетишибди. Менинг прокуратура ва шаҳар ИИБга мурожаатларим бесамар кетди. Ҳукумат қасдма-қасдлик ўйинига киришди.

3 декабрь куни об-ҳаво кескин совиб кетди, кучли ёмғир ёғиб турарди, кучли шамол кўз очирмасди. Пикетга мен ва ўғлим иккаламиз чиқдик. Турган жойимиз очиқ бўлгани учун, қалин кийинганимизга қарамай совуқ бадан-баданимиздан ўтиб кетди, ботинкаларимиз сувга тўлди, плакатларимиз латтага айланди. Ҳокимият деразалари олдида яна “тамошабин”лар тўпланди, ичкарида иш тўхтади. Мен ўғлимга: “Бизни кузатиб турганлар: “Ўл-э, ахмоқлар! Шундай шароитда пикетда турганини қаранг!” дейишаётган бўлса керак. Бироқ уларнинг орасидан ҳеч бўлмаганда биттасининг кўнглидан: “Қойилман, инсон ҳуқуқлари учун ҳақиқий курашадиган инсонлар бор экан!” деган ўй ўтган бўлса, бу бизнинг ютуғимиз!” дедим. Биз роппа-роса 31 минут тура олдик, холос. Кетишга мажбур бўлдик. Кейин билсак, биз кетгандан кейин ташкилотимизнинг бир неча аъзолари пикет жойига келишибди.

Ўғлим иккаламиз қишлоққа кетаётиб шаҳар ичра, 4-қаватли “дом”лар орасидан юриб кетдик. Хилват, кундуз бўлса-да, ҳаммаёқни қоронғулик босган, ташқарида бирорта одам кўринмайди, совуқ, шамол ва ёмғир ҳаммани ичкарига тиққан кўринади. Хилват бир жойда, икки қатор темир гаражлар орасидан ўтаётганимизда қўлларини орқага олган ҳолда икки ёш йигит орқамиздан тушди, уларни милиция ёки махсус хизматлар томонидан бизни қўрқитиб қўйиш мақсадида калтаклаш учун чиқарилганини мен дарҳол тушундим ва ўғлимга хушёр бўлишни айтдим. Улар бизга хавфли даражада яқинлашганларида биз бирдан ўгирилдик ва мен: “Ҳа, йигитлар, мақсадларинг нима? Нега бизни таъқиб қилаяпсизлар?” дедим. Улар чурқ этишмади, бироқ ёвқараш кўз билан тикилиб тураверишди. Улар қўққисдан ҳаракатга келди, уларнинг қўлида узунлиги ярим метрдан узунроқ темир арматуралар пайдо бўлди.

Улар ўғлимга ташланишди, мен эса овозим борича бақирдим: “Тўхта, мен иккалангни ҳам танийман, иккивинг ҳам Морозовнинг одамисан! Икковингни ҳам шармандангни чиқараман!”. Бу ташкилот вакилларининг психологиясини мен яхши ўрганганман: “мен сени танийман” деб гап бошласанг улар дарров “чўкади”. Шавриқ Рўзимуродовни ўлдирганларидан кейин кўтарилган халқаро норозилик тўлқинидан чўчиб қолган ҳукумат мени ўлдиришга ботина олмас эди. Уларнинг калтаклаш объекти менинг ўғлим бўлган. Менинг ҳайқиришим уларни хушига келтирди ва орқасига қайтиб кетишди.

Ўзбекистон Қаҳрамонлари мамлакат Конституцияси учун қайғуришмоқда

7 декабрь куни пикетга бориш учун ўғлим иккаламиз кўчага соат 9 да чиқдик. Менинг Жиззахдаги уйимнинг рўпарасида, кўчанинг нариги томонида бино бўлиб, унда қишлоқ фуқаролар йиғини (ҚФЙ) идораси ва милициянинг таянч пункти жойлашган. Қарасак, кўча тўла машина, бино олдида 200-250 одам йиғилган. Дарров тушундик, бироқ чапга бурилиб, тротуар бўйлаб юра бошладик. Орқамиздан 5-6 одам эргашди. Улар орасида икки Ўзбекистон Қаҳрамони – Ўктам Олимов ва Парда Зиётов ҳам кўзга ташланишди Уларнинг: “Ҳов, тўхтанглар гаплашайлик!” дея айтиб келаётган хитобларига эътибор бермай биз йўлда давом этдик. 500-600 метр юргач, биз Кўтарма маҳалласи кўчасига бурилдик. 50 метр юрмасимиздан орқадан машиналарда 100 дан ортиқ одам етиб келди. Вилоят фахрийлар қўмитаси раиси [исми-фамилияси эсимда йўқ] олдимизни тўсди ва қумондонлик овози билан: “Тўхта! Жойингдан жилма! Ўранглар буларни!” дея буйруқ қилди. Ўғлим иккаламиз ўровда қолиб кетдик.

Пикетга бора олмаслигимиз аён бўлди. Бизга орқага қайтиш ва ҚФЙ биносида муаммони муҳокама қилиш таклиф қилинди, биз таклифни қабул қилдик. ҚФЙ залига 30 тача одам сиғди, холос, қолганлар коридор ва ҳовлида туришди. Президиумдан Ўктам Олимов, бир пайтлар Ўзкомпартия марказий аппаратида ишлаган Исмат Хушиев [журналист Исмат Хушев ЭМАС! Улар табиатан бир хил бўлсалар-да, исми-шарифлари фақат битта ҳарфга фарқ қилади!] ва Жиззах туман ҳокими Муқим Ҳасановлар ўрин эгаллашди. Қисқа нутқ сўзлагач, Ў.Олимов сўзни менга берди. Мен ҳужжатлар асосида вилоятда, прокуратуралар системасида содир этилаётган жиноятлар ҳақида 20 минут давомида гапирдим. Мен гапирганим сари ўтирганларда кайфият кескин ўзгара бошлади.

200-250 одамни вилоятнинг турли регионларидан йиғиб келишган ва уларга: “Тоқчилиқ қишлоғида Толиб Ёқубов деган ваҳҳобий бор, шу одамнинг ҳатти-ҳаракати муҳокама қилинади” деб тушунтиришган экан. Бир одам буни рўй-рост гапириб берди: “Мени алдашган экан, бу одам тўғри гапираяпти, прокуратурада ҳозир адолат йўқ” деб мажлисни тарк этди. Одамлар бирин-кетин тарқай бошлашди. Менинг позициямни тўла қўллаб-қувватлаб, Раваллиқ қишлоғининг элликбошиси, мени илгари ўлгудек ёмон кўрадиган Қувват ака оташин нутқ сўзлади. “Катта”лар муросага ўтишди, уларнинг таклифи ушбуча бўлди: “Сиз бугун пикетга бормайсиз. Эрта байрам, байрамни байрамдай ўтказайлик. 9 декабрь куни сизни вилоят прокурори қабул қилади” . Мен кўндим.

 

Ҳақиқатан, 9 декабрь куни эрталаб Равшан Муҳитдинов мени қабул қилди. Мен унинг олдига илгари юборилган ҳужжатларни яна қўйдим ҳамда Ҳамид Султоновни озод этилиши ва унга нисбатан ж/и.ни ёпишни талаб қилдим. У кўнди, бироқ ваъдани бажариш унинг хаёлида ҳам йўқ экан. Ҳамид Султонов қамоқдан чиқарилмади, у қамоқдан роппа-роса бир йилдан кейин 2005 йил 2 декабрь куни чиқиб келди. Прокурор алдагандан кейин биз пикетни давом эттиришга қарор қилдик ва 10 декабрь куни 10-12 одам яна пикетга чиқдик. Орамизда 4-5 та аёллар ҳам бор эди. Ҳар сафар ҳокимият олди ва атрофида тўда-тўда бўлиб турадиган милиция ходимларининг бирортаси негадир ўша куни кўринмас эди.

Сал ўтмай олдимизда 15 таларча аёллар пайдо бўлишди ва бирдан ҳужумга ўтишди. Плакатларимиз ғириш-ғириш қилинди, ер билан битта бўлди. Уларнинг эркакчалаб сўкинишига ҳайрон қолдик. Мен пикетни давом эттириш бефойда эканини тушундим ва одамларимизга ҳаммамиз биргаликда рўпарадаги Драматик театр ёнидан ўтиб тарқалишимизни айтдим. Биз кўчани кесиб театр томонга ўта бошладик, ҳужумчи аёллар ҳокимият олдида қолишди. Бироқ, чамаси, уларга буйруқ бўлди, шекилли, улар бақиришиб, сўкиниб: “Тўхта, эркакмисан? Тўхта, гаплашволамиз!” дея дунёни бошига кўтариб орқамиздан югуришди. Драмтеатр олдида улар бизга етиб олишди ва биз калтаклар остида қолиб кетдик. Шу жойдан 30-40 метр нарида, арча дарахти панасида Жиззах туман ҳокими Суннат Ўроқов ва шаҳар ИИБ бошлиғи А.Қодиров воқеани кузатиб туришганини кўрдик.

Драмтеатр олди қиёматга айланди: мени ўғлим ҳимоя қилди, олдимга ураётган аёлларнинг бирортасини ҳам яқинлаштирмади. Эркакларимиз жисмоний қаршилик кўрсатишса, дарҳол милиция ходимлари бизни олиб кетиши ва бизга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси (Безорилик) билан ж/и қўзғашлари мумкинлигини ҳуқуқбонлар билгани учун улар жангари аёлларга қаршилик кўрсатишмади, бироқ ўзларини урдиришмади ҳам. Аммо безори аёллар бизнинг аёлларни сочидан судраб, ерга йиқитиб тепишди, қонга бўяшди. Ерда ётган аёллар додлаб милицияни чақиришар, бироқ бошқа вақтлар кесак отсанг милицияга тегадиган шоввозларнинг бирортаси кўринмас эди. Ҳокимият атрофида милициянинг иккита таянч пункти борлигини, бири Драмтеатр орқасида эканлигини билардик. Мен одамларимизга милиция пунктига қараб юришни айтдим. Бироқ ҳукумат одамлари буни ҳам ҳисобга олган эканлар: борсак, милиция пункти эшигига қулф осилганини кўрдик. Аслида милиция пунктлари сутканинг 24 соати давомида очиқ туриши, одамлар сутканинг исталган дақиқасида милицияга мурожаат қилишга имконияти бўлиши керак. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси куни бизни калтаклаш режаси пухта ишлаб чиқилган экан.

Халқбекорчиликдан, эрмаккакўчагачиқмайди

Мен 15 декабрь куни Тошкентга қайтдим. Автобусимиз Гулистондан ўтиб Бахт шаҳарчасига яқинлашгач, тўхташга мажбур бўлди – катта трассани аҳоли тўсган экан. Йўл ўртасида тўрт жойда эски баллонлар ёниб ётибди, оловнинг бир томонига одамлар минглаб тошларни уюм-уюм қилиб қўйишган, милиция машиналари яқинлашса тошбўронга дуч келишаяпти ва орқага чекинишаяпти. Тошкент томондан келаётган ва Тошкент томон кетаётган юзлаб машиналар оловнинг икки томонида турнақатор тизилган. Олов олдида юзлаб аёлу-эркак ва болалар ғазаб билан бақиришмоқда! Бир соатлар кутиб қолдик. Воқеа жойига Сирдарё вилояти ҳокими ҳамда прокурори келишди ва норози одамлар билан музокара бошлашди. 10-15 минутдан кейин трассанинг бир чети очилди ва фақат Тошкент томонга кетаётган машиналар ўтказила бошланди.  4-5 кун илгари, яъни Ўзбекистон Конституцияси куни  байрам қилинаётган пайтда Бахт шаҳарчасида ҳукумат сувни ҳам, газни ҳам, электрни ҳам узиб ташлаган экан. Биз воқеа жойида тўхтаганимизда ҳаммаёқ зимистон қоронғу эди. Ҳоким ва прокурор келмасдан сал олдин ҳамма уйларда ва кўчаларда бирдан чироқ ёнди. Одамлар биринчи ғалабани оммавий қийқириқ билан кутиб олишди.

Конституцияга муносабат кимда қандай

2000-чи йиллар бошида интеллегентлар оиласида тарбияланган ажойиб бир тошкентлик йигит диний экстремизмда айбланиб хибс этилди ва отишга ҳукм қилинди. Унинг судида мен кузатувчи сифатида қатнашганман. Шундан сўнг унинг ота-онаси ташкилотимизга ёрдам сўраб мурожаат этишгач, бизнинг тавсиямиз билан махбуснинг синглиси акасининг ж/и.га ҳимоячи бўлиб ўтди. Юридик ҳужжатларни ташкилотимиз ҳуқуқшунослари тайёрлаб бериб туришди. Шу қиз акасини суд қилган, Тошкент шаҳар суди судьяси Раҳмонов қабулига кирган. Олдида ўтирган 20 ёшли қиз боланинг қонуний гапларини судья “менга ақл ўргатаяпти” деб қабул қилган ва ғазабланган. Ҳимоячи қиз Конституцияни рўкач қилгач, судья қутуриб кетган ва: “Конституциянгга фалонимни қўйдим! Йўқол кўзимдан!” деб беҳаёларча бақирган ва қизни қабулхонадан ҳайдаб чиқарган.

Судья Раҳмоновнинг мамлакат Конституциясига ҳалигисини қўйиши ажабланарлими? Йўқ, албатта! Мамлакат президенти 23 йилдан бери Конституцияга муносабати шундай бўлганда судья Раҳмонов нима?! Бироқ, минг-минглаб Раҳмоновдай судьялар, прокурорлар, милиция ва МХХ ходимлари, ҳокиму депутатлар ҳар куни, ҳар қадамда Конституцияни ҳаром қилаётганларида минглаб мусулмонларни конституцион тузумни ағдаришда айблаётганлари ҳақиқатан ҳайратли. Мусулмон ҳалол ва ҳаромни бенуқсон ажратади. Қандай қилиб ҳар қандай ҳаромдан жирканадиган мусулмонлар мулозимлар томонидан ҳаромланган Конституцияни улоқтирса яхши эмасми? Мулозимлар-ки ўз Конституцияси ва қонунларига фалонини қўйиб турса оддий одамлар нима қилишсин? Парадокс!

Давлат Конституцияси ва халқаро Декларациялар мамлакатда халқ фойдасига ишлаши учун давлат бошлиғи ва унинг қўл остидаги мулозимларининг нияти тоза бўлиши керак. Бу жумланинг тескариси ҳам тўғри: Қайси давлатда Конституция ва халқаро Декларациялар халқ фойдасига ишлаётган бўлса, у давлатнинг бошлиғидан тортиб оддий мулозимигача нияти тоза одамлардир. Математиклар тили билан айтганда, давлат Конституцияси ва халқаро Декларациялар мамлакатда халқ фойдасига ишлаши учун давлат бошлиғи ва унинг қўл остидаги мулозимларининг нияти тоза бўлиши ЗАРУРИЙ ва ЕТАРЛИ шартдир.

Ҳамид Султонов ишида биз ҳақиқий жиноятчиларга қарши курашдик. Кураш воситаларимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, халқаро Декларациялар ҳамда тинч норозилик акциялари бўлган. Шу ўринда Ҳамид Султонов ишида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясига қарши тиш-тирноғи билан курашган асосий шахслар исми-шарифини яна бир бор кўрсатиб ўтиш жоиздир:

Равшан Муҳитдинов – Жиззах вилояти прокурори, кейинчалик президентнинг давлат маслаҳатчиси, Тошкент вилояти прокурори лавозимларида ишлаган. Бир йилча илгари 15 йилга қамалган.

Александр АҳмедовичМорозов – МХХнинг Жиззах вилояти бўлимининг бошлиғи; кейинчалик Қашқадарё вилоятига ўтказилган; бир неча йил илгари қамалиб кетган.

Ўктам Олимов – собиқ Жиззах вилояти ижроқўмининг раиси, мустақиллик йилларида Пахтакор тумани ҳокими лавозимида ишлаган. Ҳаж сафарида бўлган, Ҳаждан қайтгач, Ҳожи бобога Жиззахнинг катта бозорларидан бирининг бозорқўмлиги топширилди. Ўзбекистон Қаҳрамони олтин юлдузини Ислом Каримов қўлидан олган.

Суннат Ўроқов – бизнинг қишлоғимиздан, менинг уйимдан 300 метрлар нарида яшайди; отаси ва икки тоғаси Ҳаж сафарига боришган; Ҳамид Султонов ишида бутун қариндош-уруғи ва бола-чақалари билан бизга қарши курашган. Шармандаларча туман ҳокими лавозимидан кетган.

Бобур Туйчиев – Тоқчилиқ элининг Кўтарма маҳалласидан,  Ҳамид Султоновга қарши сохта ж/и қўзғаган терговчи; 2-3 йил илгари қамалиб кетди.

Тўйчи Ҳайиталиев – Жиззах вилояти прокурорининг 1-ўринбосари, кейинчалик Сурхандарё вилояти прокурори лавозимига ўтказилган.

Жаҳонгир Турғунбоев – жиноят ишлари бўйича Жиззах туман суди раиси.

Фарход Қулматов – Жиззах туман прокурори.

Бўлтак Усмонов – Жиззах шаҳар прокурори.

Инатулла Албеков – Зомин туман прокурори.

Ҳосилмурод Қўшматов – жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман суди раиси.

Амир Янгибоев – Зомин туман прокуратураси катта терговчиси, илгари Бош прокуратурада ишлаган, саводсизлигига фақат ёқа ушлаш мумкин.

Неъмат Бобожонов – жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди раиси.

Тоҳир Ғаниев – Жиззах шаҳар прокуратураси терговчиси.

24 ноябрь, 2012 йил.

Франция.

Categories: Uncategorized | Метки: , , , , , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.