МАРД АЁЛ

Saida QurbonovaТолиб Ёқубов

                 Ҳозирги замон ўзбек аёлларининг орасида Саида Қурбоновадек мард аёллар кам топилади.  Саиданинг, халқ тили билан айтганда, “отнинг калласидай юраги бор”лигига менда шўбҳа йўқ. Бунга мен Саида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг Жиззах вилояти Пахтакор тумани бўлимини бошқарган пайтларда кўп марта амин бўлганман. У ЎИҲЖнинг туман бўлимини 2009 йил охиригача, “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев АҚШдан Ўзбекистонга сафар қилганга қадар ҳеч оғишмай бошқарди. Сафари чоғида Б.Чориев укасини уйлантирган ва турли вилоятлардан ЎИҲЖнинг кўзга кўринган бир неча вакилларини тўйга таклиф этган. Жиззах вилоятидан тўйга, Қаршига, Мамир Азимов ва Саида Қурбонова боришади. Шу учрашувда Б.Чориев ҳар иккала ҳуқуқбонни “Бирдамлик” ҳаракатига ўтишга ундайди. Саида бу таклифни қабул қилади. АҚШга қайтиш олдидан Б.Чориев Жиззахга боради ва М.Азимов ҳамда Бахтиёр Ҳамраев билан учрашиш учун телефонда чойхонага таклиф этади. Бироқ Жиззах туман ИИБ ходимлари М.Азимовни ушлаб кетиб, бир неча соат давомида калтаклашади, қийнашади ва ҳақоратлашади.

2012 йил 6 декабрда Саида ва “Бирдамлик” ҳаракатининг Пахтакор туманидаги фаоли Нуринисо Холбоева маҳалла фуқаролар йиғини раисининг алдовига учиб фитнага дучор бўлишади ва 15 суткалик маъмурий жазога тортиладилар. Икки аёл 15 суткалик хибс давомида Пахтакор туман ИИБ бошлиғининг муовини Акмал Жаҳонов томонидан мисли кўрилмаган жисмоний ва руҳий қийноққа солинганлар. www.birdamlik.info сайтида ёзилишича Саида ва Нуринисо ҳамон миршабларнинг тазйиқлари остида яшамоқдалар. Мазкур мақолада мен ҳукумат идоралари ва уларнинг хизматидаги газеталарнинг ювиндихўр редакторлари томонидан 2007 йил май ойида Саидага қарши беҳаёларча уюштирилган провокацияси ва унда Саида қозонган маънавий ғалабаси ҳақида ҳужжатлар асосида гапириб бермоқчиман. Баъзи ҳужжатларга мен ўзимнинг қисқа шарҳларимни илова қиламан.

1-чи ҳужжат.

«Джизакская правда» № 40 (4697),

12 май 2007 йил.

(Жиззах вилояти халқ депутатлари кенгаши ва ҳокимияти газетаси)

[таржима меники – Толиб Ёқубов]

 

«Биз океанорти эҳсонларига муҳтож эмасмиз»

(қалб ингроқи)

Сизга мурожаат қилишга бизни яқинда Интернет тармоғида чиққан “Пахтакор тумани аҳолисини ҳимоя қилинг” номли мақола мажбур қилди. Сабаби оддий: биз Пахтакор туманининг мақола муаллифи айтган “қашшоқ”ларимиз. Мен Эшматов Анорбой, масалан, “Анвар-А” фермер хўжалиги  раҳбариман. Менинг фермерлик хўжалигимда 20 та одам ишлайди, 106 гектар ерим бор. Шундан 66 гектарига пахта, 32 гектарига бўғдой, 8 гектарига оилам эҳтиёжи учун сабзавот ва қовун-тарвуз экаман. Мени ер боққани учун ҳаётдан нолимайман. “Нима эксанг шуни ўрасан” дейдилар-ку!

Маҳаллий ҳокимият вакиллари фермерларни эрта тонгда, соат 5 да далага ҳайдайди деган иддаога қарата айтмоқчиман: “Ким вақтли турса, унга Худо ризқ беради”, бу фермер учун айни муддао. Мақолада “фермерларни эрталаб соат 5 дан бошлаб далада ишлашга мажбур қилишади” деган жумла айниқса менинг энсамни қотирди. Ер – завод эмас, хоҳлаган пайтингда юргизворсанг, ундаги ҳамма нарса автомат сингари ишлаб ётаверади, ер эса – жонли организм, у ўзига меҳр ва эҳтиётлик билан муомалада бўлишни талаб қилади – шуни сиз билсангиз керак. Соат 5 да туриш керак бўлса – марҳамат қилиб тур, ишла! Ер ўзингники, ҳосил ўзингники, келадиган даромад ҳам ўзингники-ку! Ўтирволиб каллани қотириш – бу нотўғри экани типратиконга ҳам маълум-ку!

Эрталаб соат 6 ва кеч соат 18 да ўтказиладиган мажлислар хусусида айтишим керак: тўғри, бўлади, бироқ бусиз иш кетмайди, чунки: ҳамма уруғлик билан таъминланганми, кимга ва қачон техника керак, об-ҳаво қандай бўлади ва бошқа турли ўта муҳим масалаларни ҳал қилиш учун йиғилмаса бўлмайди. Ҳозир фермерлар олдида кенг имкониятлар очилган, биз ернинг ҳақиқий эгаларимиз, биз фақат ўзимиз учун ишлаймиз, шу туфайли олинадиган ҳосил нафақат об-ҳавога, балки экишнинг агротехник муддатига ҳам тўғридан тўғри боғлиқ. Нокамтарлик бўлса-да, айтишимиз керак: 2006 йилда биз ҳар гектар ердан 40 центнер пахта ва 60 центнер бўғдой йиғиб олдик, бу эса ҳосилнинг бир қисмини давлатга топширишнинг ўзимизга олган мажбуриятимизни бажариш ҳамда қолган қисмини истаганимизга кўра ишлатишимизга имкон яратди.

Ҳамқишлоқларимиз Саида Қурбонова ва Баҳодир Мустановларни Пахтакор туманида ҳамма танийди. Бошқалар оиласи ва жамиятга фойда келтирадиган ишлар билан банд бўлган бир пайтда улар ҳеч нарса билан шуғулланмайдилар ва кун бўйи фақат гап сотиш билан оворалар. Аллақандай “Альянс” аъзолари ўз баёнотларида ёзишича Саида Қурбонова суд қарорлари устидан шикоят топшириш учун Тошкентга бора олмаётган эмиш. Аслида, қилаётган ишлар писта пўчоғига ҳам арзимаса-да, ўзини ҳеч нарсадан қайтмас ҳуқуқбон қилиб кўрсатиш учунгина қилинаётир, холос. У ва унга ўхшаганлар уялмай-нетмай Пахтакорда фермерлар ва деҳқонлар қашшоқликда яшашмоқда, дейишмоқда. Кечирасиз, 2006 йил натижаларига кўра ишчиларимиз олган ҳақни қашшоқлик дейишга тил айланмайди. Уларга иши учун 2 тоннадан бўғдой ва 810 минг сўм пул берилди. Бундан ташқари, уларнинг коммунал хизмат, биринчи навбатда газ, электр энергияси ва сув учун тўловлари қопланди.

Бунинг бариси бирлашиб ишлашдан тушган даромаддандир. Биз ҳатто техникани ҳам ижарага олмаймиз: ўзимизда ер ҳайдовчи “Алтай” русумли Т-4 ва “Беларусь” русумли тракторлар, майда қишлоқхўжалик ишлари учун юк ташувчи ГАЗ-53 ҳамда “Тико” ва “Нексия” русумли енгил автомобилларимиз бор-ки, биз камбағалликдан анча узоқмиз, ҳатто бизни ўртача бой фермерлар дейиш мумкин. Бундайлар Пахтакорда юзлаб, биздан ҳам бойроқ ва йирикроқ ер эгалари бор. Ҳатто шараф билан барча фермерлар учун айтишимиз мумкин: “Ётган тош остига сув кирмайди”. Бу халқ ҳикматида ҳаммамиз ўрганиб қўллайдиган ўтган авлодларимиз тажрибаси ётибди. Бироқ ҳамма жойни ифлослантиришга уринадиган паразит (текинхўр) шахслар ҳамон топилади.

Ана шу бизга ҳамма нарсадан кўпроқ қайғу солади. Яна шу нарса бизни ташвишлантиради-ки, юқорида номи айтилган шахслар йўллаётган маълумотларга таяниб халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари инсон ҳуқуқлари гўёки бузилмоқда, деган иддаога урғу берган ҳолда арзимас муаммоларни кўтаришади ва ўзларининг асл вазифаларини унутиб қўйишади, яъни олинган маълумотни текшириб чиқиш ва унга объектив баҳо беришга ботинмайдилар. Улар Саида Қурбонова каби уят ва виждони бўлмаган шахслардан олинган маълумотларгагина ишора қилишади – иш шундан бошланиб, шу билан тугайди.

Бироқ биз ҳаммани боқаётган заминни севадиган барча ҳақиқий фермерлар номидан “хафа бўлган фермерлар” ва уларнинг ҳимоячиларига айтишга журъат қиламиз-ки, бизнинг ҳам ўз фикримиз ва иззат-нафсимиз бор, ҳамда “хафа бўлган фермерлар” ва уларнинг ҳимоячиларига айтамиз-ки, мамлакатимиз ва халқимиз ҳеч қачон океанорти эҳсонларига муҳтож бўлмайди.

Ўзбекистан Республикаси, Жиззах вилояти, Пахтакор тумани фермерлари

Анорбой Эшматов, Улуғбек Имомов, Холбуви Рустамова, Омандулла Равшанов.

 

ШАРҲ

Соф совет даврининг руҳида ёзилган мақола. Бу – ажабланарли эмас, чунки совет даврида Ўзбекистонда коммунистик лидер бўлган Ислом Каримов ҳамма соҳада, биринчи навбатда матбуот соҳасида коммунистик матбуотни юргазадиган одамларни сақлаб қолди ва улар олдинги давр руҳида ёзишни давом эттирдилар. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам олдинги давр руҳи, яъни планли-буйруқбозлик системаси номи ўзгарган ҳолда тўлиқ сақланиб қолди: совет даврининг “колхоз” (коллективное хозяйство – жамоа хўжалиги) ва “совхоз” (советское хозяйство – советлар хўжалиги) ўрнида “фермер хўжалиги” ташкил этилди, колхоз раислари ва совхоз директорлари фермерлар деб атала бошланди, олдингилар давлатга қанчалик қарам бўлса, кейингилар давлатга унданда баттар қарам қилиб қўйилди.

Хатга имзо чеккан фермерлардан бири Холбуви Рустамова ўз вақтида совхоз директори бўлиб ишлаган ва совет Ўзбекистонининг коммунистик лидери  Шароф Рашидовнинг эркаси эди. Ўша пайтлардаёқ Х.Рустамованинг “хурмача қилиқлари” халқ орасида маълум ва “машҳур” эди. Ш.Рашидов унга “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унвонини олиб беришни ваъда қилганини халқ кенг, бироқ ғазаб билан муҳокама қилгани эсимда. И.Каримов даврида ҳар бир вилоятда минглаб фермер хўжаликларнинг АКСАРИЯТИ вилоят ва туман ҳокимиятлари, прокуратураси, милиция ва бошқа давлат идораларининг юқори лавозимли шахслари томонидан уларга чопиб хизмат қиладиган ва шунинг орқасидан кун кўрадиган одамлар номига очилганини билмаган ва тушунмаган инсонлар камдан-кам.

 

2-чи ҳужжат

 

«Джизакская правда» № 40 (4698),

 16 май 2007 йил.

(Жиззах вилояти халқ депутатлари кенгаши ва ҳокимияти газетаси) 

[таржима меники – Толиб Ёқубов]

ОҚСОҚОЛЛАР НАФРАТИНИНГ ЧЕКИ ЙЎҚ

 (БМТ Мустақил экспертига очиқ хат)

Ўзини ҳуқуқбон дея атайдиган баъзи одамларнинг БМТ эксперти номига йўллаган баёнотида бизнинг Пахтакор туманимизда қашшоқчилик ҳукм сурмоқда ва унинг чеки йўқ, дейилгани бизни ушбу хатни ёзишга мажбур қилди. Бу мақолани ўқиётганимизда биз нафратга тўлиб тошдик. Ўзларини ҳуқуқбон деб ҳисобловчи бу келгинди одамлар йўқ камчиликларга шаъма қилган ҳолда фуқароларимиз, маҳаллаларимиз аҳлини қоралаб, қандай қилиб ҳамма нарсани бунчалик ёлғон қиёфада ёзишган эканлар.

Мурожаат қилувчиларнинг эътибори учун шуни билдирмоқчимиз-ки, мустақилликка эришгач Ўзбекистон Республикаси қисқа муддат ичида ҳаётнинг деярли барча соҳаларида катта ютуқларга эришди. Дунё саҳнасида у обрў-ҳурматга сазовор бўлди. Ўзбекистон ҳамма вақт дунё илм-фани, тарихи, тиббиёти, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Амир Темур, Ал-Фаробий, Ал-Бухорий, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн-Сино, Ат-Термизий ва бошқа буюк лашкарбоши ва  олимлари билан машҳур бўлган. Уларнинг даҳоси олдида бутун дунё ҳозиргача таъзим қилади. Ўзбекистон Самарқанд, Қарши, Бухоро, Хива, Қўқон, Марғилон каби шаҳар-ёдгорликлари билан машҳур бўлган, мустақилликка эришилгач, чуқур ўйланиб олиб борилган ва тахлил қилинган сиёсат туфайли улар янада гўзаллашди.

Муҳим саналар, яъни айтилган тарихий шаҳарлар барпо қилинган Кунини нишонлаш каби тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан ҳар бир йилни бирор ном билан аташ ва бу билан халқнинг эътиборини у ёки бу муаммоларга қаратиш одат тусини олмоқда. Буларнинг барчаси қоғозда қолиб кетаётгани йўқ, улар ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Маълум-ки, 2006 йил “Хайриячилик ва тиббий ходимлар Йили” деб аталган эди. Бу масалада Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида тиббиёт йўналишида қандай ишлар амалга оширилганига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Касалхоналар бинолари бошдан-оёқ қайта янгиланди, дунё стандартларига жавоб берувчи қимматбаҳо тиббиёт асбоб-ускуналар олиб келинди, бир қатор мактаб ва коллежлар ҳам қайта янгиланди, энг илғор компьютер асбоб-ускуналар ва бошқа технологиялар ўрнатилди.

Ҳамма жойда ҳукуматнинг эътибори ва меҳр-оқибати сезилиб туради. Бу айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида кўзга ташланади. Ер фермер ва деҳқонлар қиёфасида ўзининг ҳақиқий эгасини топди, улар ҳозир қўли қўлига тегмай, виждонан, соғлиғини аямай меҳнат қилишмоқда ва шу ғайрати билан ўз оилаларининг моддий турмушини яхшилаб олдилар. Ҳозирги кунда кўчаларимизда ерга ишлов бериб бадавлат одамга айланган, шу туфайли хусусий дўкон ва ошхоналар очган ҳамда ўзининг виждонан ва заҳматли меҳнати билан мамлакатимизнинг шуҳрати ҳисобланган автомобиль ишлабчиқарувчи корхоналар маҳсулоти “Матиз”, “Нексия”, “Ласетти”ларни сотиб олишга имконияти бўлган кўпгина инсонларни учратиш мумкин.

Шу сабабли биз, Жиззах вилояти Пахтакор тумани оқсоқоллари, Сизга мурожаат қилишга ва ҳуқуқбонлар томонидан Интернет тармоғига қўйилган “Пахтакор тумани аҳолисини ҳимоя қилинг” деб номланган мақолага объектив ёндошишингизни талаб қилишга қарор қилдик. Афсусланарли жойи шунда-ки, мазкур мақолага баъзилар каби ўзларини ҳуқуқбон деб атаётган, бизнинг ҳамқишлоқларимиз Саида Қурбонова ва Баҳодир Мустанов имзо чекишган, улар ватанпарвар ҳамда Ўзбекистоннинг виждонли ва холис фуқаролари эмас, балки фақат ўзларининг шахсий ва ғаразли манфаатларини кўзловчи, ўзларини “ҳуқуқбон” деган буюк сўз билан аташдан уялмайдиган, обрў-эътиборсиз одамлардир.

Уларнинг мақоласи ҳақида биз невараларимиздан эшитдик. Ҳали ёш бола бўлишига қарамасдан, улар ҳам туманимиз ҳақида ёзилган бундай фикрлардан даҳшатга тушишди. Мақолада ёзилганларни ўқиш ва эшитиш биз учун оғриқли бўлди. Биз аминмиз-ки, бизнинг ҳаётимиз ҳақидаги, кўп ҳолларда ёлғон ва бузилган маълумотларни Сиз ўзлари нима яхши, нима ёмонлигини ҳали англаб етмаган, бир авлоддан иккинчисига буюк аждодларимиздан томонидан узатилаётган кўпасрли анъана ва одатларимиз ҳақида юзаки фикрга эга бўлган мана шундай одамлардан олаётирсиз. Улар яхши ишлар қилиш қора ва жоҳиллик ишларини қилишдан анча оғир эканлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди.

Биз шуни ҳам тушунамиз-ки, Сиз ўзини “ҳуқуқбон” дегувчилар ва ҳаётимизда кечаётган ижобий ўзгаришларни кўра олмайдиган шахслар фикрига қулоқ тутасизлар ва шу фикрлардан келиб чиқасизлар, ваҳоланки улар виждонан ишлай олмайдиган ва ишлашга кўникмаган, бироқ тайёрга айёр ҳолда ҳаёт кечиришга ўрганган одамлардир. Масалан, Пахтакор туманида яшовчи Саида Қурбоновани олайлик. У фермерлар ҳуқуқлари, умуман инсон ҳуқуқлари бузилмоқда, дея жар солади-ю, бироқ ўзи бир вақтлар ҳамма қатори ишни фермерликдан бошлаганини унутиб қўйди. Унинг бошқалардан асосий фарқи шу бўлди-ки, у ўз ишига масъулиятсизлик билан қаради. Турмуш ўртоғи бўлмаган бу болали онага  маҳаллий ҳокимият, биринчи навбатда, ё техника билан, ё давлмт режасини бажариши билан, ё экиш ва терим пайтида жуда зарур бўлган мойлаш-ёқилғи махсулотлари билан ёрдам беришга ҳаракат қилишганини у унутди. Ўз айби билан гарданига олган давлат олдидаги мажбуриятларини уддалай олмаганини, маҳаллий ҳокимият ёрдамида олган катта миқдордаги банк кредитини қайтара олмаганини, кўрсатилган ёрдамга қарамай тўпланиб қолган қарзларидан қутила олмаганини у унутди.

У маҳалласида, қўшнилар орасида ва ҳатто ўз қариндош-уруғи ва болалари олдида ҳеч қандай обрўси йўқ. Халқимизнинг “Қозонга яқин юрсанг қораси юқар, ёмонга яқин юрсанг балоси юқар” деган ҳикмати бор. Келинг, Саидадан “Сенинг дўстларинг ким?” деб сўрайлик. Қўшниси Ҳусайн Азлетдиновни у ўзининг қора ишларига жалб қилди. Умуман олганда, у ким билан яқин юрган бўлса, бундай одамлар фойдали меҳнат билан шуғулланмайдиган, ким кўпроқ пул бераркин деб қўл чўзиб юрадиган (бундай ҳаёт уларга ёқади) кимсалардир. Саида бизнинг иқтисодий ўзгаришларимизни, мамлакатимиз ҳукуматининг сиёсий фаолиятини қоралаб келади, бироқ Саида ва унга ўхшаганлардан фарқли  бу фаолиятни халқ маъқуллайди.

У Пахтакор туманида туғилиб, униб-ўсганини унутди, шекилли. Ўз халқига содиқ хизмат қилиш, ўз меҳнат фаолиятини тўғри йўлга солиш ўрнига у қайси муаммолардан салмоқлироқ маблағ ишлаб олмоқни кутиб юради. Унинг маблағ берувчиларига Ўзбекистон халқи қандай ёмон яшаётгани ҳақида жар солиш учун айнан шу керак. Яратганга шукр-ки, бизга яшаш ва ишлашга халақит бераётган Саида ва унинг сафдошларидан бошқа ҳеч нарсадан бизнинг норозилигимиз йўқ.

Ҳурматли БМТ эксперти, Саидага ўхшаганларга ёрдам беришдан аввал ҳеч бўлмаганда бир нарса устида ўйлашга ҳаракат қилинг: обрў-эътиборга йиллар давомида эришилади, бироқ уни йўқотиш – осон. Биз Сизнинг ташкилотингизга ҳурмат билан қараймиз, бироқ Саидага ўхшаганларга мамлакатимизни шарманда қилишга йўл қўймаймиз. Хатимиз охирида яна бир марта такрорламоқчимиз-ки, Сиз бизнинг сўзларимизга тўғри ёндошишингизни ва барча муқаддас нарсадан мосуво бўлган сохта “ҳуқуқбонлар” томонидан чиқарилган мақола каби нашрларни пайдо бўлишига йўл қўймасликка барча чораларни кўришингизни  истаймиз, умид қиламиз-ки эртами-кечми улар ўз қилмишларига яраша жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Ҳурмат ила Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ва Жиззах вилояти, Пахтакор туманида яшовчи оқсоқоллар Аббос Салаев, Бувнисо Бегалиева, Товбой Солиев, Умрзок  Худойбердиев.

 

ШАРҲ

                2007 йили бу мақолани ўқиган заҳотимдаёқ уни ким ёзганлиги менга маълум бўлди. ЎИҲЖнинг собиқ раиси муовини (1992-96 йй), 1997 йилда “Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилоти”ни тузиб уни бошқарган Михаил Ардзиновнинг ёзиш услубини, фойдаланадиган асосий сўзларини (ключевые слова) мен яхши билар эдим. У Жиззахга тез-тез бориб турарди. Жиззахли ҳуқуқбонлар орасида айниқса Саидага нафрати кучли эди. Мен 1998 йили у Ўзбекистон МХХси ва Россия ФСБсининг ҳуқуқбонлар орасига 1991 йили махсус киритилганлигини ҳужжатлар асосида фош қилганман ва алоқани тамоман узганман. Мақола М.Ардзинов ва “Джизакская правда” ва “Правда востока” газеталарининг мухбири Николай Барашкин томонидан ҳамкорликда ёзилган. Бироқ улар билибми-билмайми “қовун туширишган”: юқорида исми-шарифи келтирилган “оқсоқол” ва “2-чм жаҳон уруши фахрийлари” тўртта шахсларнинг энг ёши улуғи 55 да бўлиб, яъни уларнинг энг каттаси уруш тугаганда ҳам туғилмаган бўлган.

Мақола босилган газетани Саида уларга кўрсатганда “оқсоқол” ва “2-чм жаҳон уруши фахрийлари” чин дилдан ҳайрон бўлиб ёқа ушлашган. Бу мақола муаллифлари ва уни чоп этган газеталар муҳаррирлари КАМИДА Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик кодексининг 40-моддаси (Тўҳмат)га кўра маъмурий жазога тортилишлари керак бўлган. Бироқ мақола Жиззах вилояти ҳуқуқбонлари орасида энг илғорларидан бири Саида Қурбоновага қарши буюртма асосида ёзилган бўлгани учун тўҳматчмларга қарши прокуратура иш қўзғатмай қўяқолган.

3-чи ҳужжат

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ

ПАХТАКОР ТУМАН БЎЛИМИНИНГ МАЪЛУМОТНОМАСИ

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат карокчилар тудасига айланади

Августин Аврелий

12 ва 16 май кунлари «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» номли вилоят газеталарида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Пахтакор тумани бўлими раиси Саида Қурбон ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар шаънига туҳматларга тўлиқ мақолалар чоп этилди. Бу «эстафета» таёқчаси уч кун кейин «Правда Востока» газетасига узатилди ва бу нашрнинг Жиззах вилояти бўйича ўз мухбири Николай Барашкин «Не водите меня по бревнам» («Мени ғўлалар устидан юргизманг») номли мақола ёзди.

Бизнинг тахлилимиз бўйича вилоят газеталарида босилган мақолалар дастлаб рус тилида ёзилган бўлиб, сўнг ўзбек тилига ағдарилган ва унинг муаллифи айнан Н.Барашкиндир. Вилоят газеталарида босилган мақола муаллифи сифатида мактаб директории, қишлоқ хотин-қизлар бўлими раиси ва бошқаларнинг исми-шарифлари келтирилган. Бизга келган маълумотга қараганда, бу шахслар улар номидан мақола чиқарилганига ҳайронлик билдиришган.

«Фахрийлар» хатининг ташвиш уйғотадиган томони шу-ки, унинг охирида улар тўғридан-тўғри Саида Қурбон ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларнинг устидан жиноий иш қўзғатишга чақирилган. Бундан «Ўзбекистон  халқи яна 37-39-чи йиллардаги Сталин репрессияларини бошидан кечирмоқда» – деган хулосага келиш мумкин.

«Фахрийлар»нинг хати 24 май куни Пахтакор туман газетаси «Пахтакор ҳаёти» газетасида қайта босилди. На редакция биноси, на босмахонаси ва на телефони бўлмаган бу газетанинг редактори Холбўта Худоёров билан  Саида Қурбон бир неча кун илгари учрашган ва ундан гаплашиб олиш учун вақт сўраганда, редактор: «Синглим, мен сизни ҳурмат қиламан, мени кечиринг, ўзим зўрға кун кечираяпман, менга тегманг. Узр» – дея қочиб қолган.

Кеча ва бугун Саида Қурбон совхоз марказига «халқ мухокамаси»га чақиртирилган, бироқ у совет даврининг репрессив йилларида қўлланилган бундай йиғилишларга боришдан бош тортган. Саида Қурбон 24 ва 25 май кунлари «Бечора редактор …» номли ўз мақоласини бир неча ўзбекча ва русча Интернет-сайтларда эълон қилди. Биз унинг навбатдаги мақоласини муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола этмакдамиз.

Толиб Ёқубов,  ЎИҲЖ раиси

4-чи ҳужжат

 

Саида Қурбон

 Ю З С И З Л А Р  ёхуд  ТУҲМАТ ҚИЛИШДАН ҚЎРҚИНГ

 

«Пахтакор ҳаёти» газетаси муҳаррири жаноб ХОЛБЎТА ХУДОЁРОВГА

Сиз  раҳбарлик  қилаётган «Пахтакор ҳаёти» газетасининг  19 май сонида  бошдан-оёқ ёлғон-у туҳматлар билан безалган «Оқсоқоллар нафратининг чеки йўқ» сарлавҳали мақола босилибди. Сиз мени яхши танишингиздан келиб чиқиб, Сизга бир қатор саволлар билан мурожаат қилмоқчиман:

– Бундай ифлос ишга қўл уришга Сизни ким ва нима шунчалик  мажбур қилди?

– Мақолада «Ўз болалари ва қўни-қўшнилари уни ҳурмат қилмайди» – дейилган. Болаларимда нима хусуматингиз бор?

– Болаларим ва  қўшниларимга уялмай-нетмай туҳмат қилибсиз; одам ҳам шунчалик тубан кетадими?

– Мақола остида кўрсатилган муаллифларнинг юзларига  «Улуғ Ватан уруши фахрийлари» ниқобини кийдиришдан уялмадингизми?

– Нима учун Сизга бу маҳаллий раҳбарчаларимизнинг мансабларини яшириш керак бўлиб қолди?

– Нима учун 19 май куни чиқаётган газетангизни 24 май кунигача тарқатмасдан яшириб ўтирдингиз?

–  Мансабингизни олиб қўйишларидан қўрқдингизми?

Сиз-ку мамлакатимизда матбуот эркин эмаслигини яхши биласиз, бироқ мамлакат раҳбарлари (Сизнинг раҳбарларингиз ҳам) ҳар қадамда оғиз кўпиртириб: «Бизда матбуот эркин!» – деб айюханнос солишади. Қани, Сиз менинг ушбу мактубимни газетангизда чоп этиб, саволларимга батафсил, ёлғонни ишлатмасдан жавоб бериб, уларнинг иддаосини бир инкор қилиб кўринг-чи! Сизнинг жавобингизни мен олдиндан айтиб беришим мумкин:

– ё Сиз менинг ушбу мактубимга жавоб бермайсиз ва уни газетангизда чоп этмайсиз;

– ё уни чоп этмайсиз-у, бироқ ёлғон ва туҳматга тўла бир «жавоб» юборасиз;

– ё туҳматни давом эттириб, қўрқканингиздан ҳуқуқ-тартибот органларига менга қарши шикоят-ариза ёзиб берасиз.

Сиз, чамаси, мен келтирган охирги вариантга қўл урасиз ва буни олдиндан сезиш қийин эмас. «Джизакская правда» газетасининг 12 майда чиққан сонига бир қаранг-а, унда худди Сиз кўчириб босган мақоланинг русча матнига кўзингиз тушади. Унинг охирида Пахтакор туманида яшовчи, ўзларини «Улуғ ватан уруши» фахрийлари ва «оқсоқоллар» деб атаган Аббос Саллаев, Бувинисо Бегалиева, Товбой Солиев ва Умрзоқ  Худойбердиевлар тўғридан-тўғри мен ва менга ўхшаган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларни устидан жиноий иш очишга чақиришган (ихтибос): «… и очень надеемся, что они рано или поздно все-таки понесут уголовную ответствен­ность за свои поступки» (ихтибос тугади).

«Оқсоқоллар»нинг бу хати Сизга 37-39-чи йилларни эслатмаяптими? «Улуғ ватан уруши» фахрийларидан бир сўраб кўринг-а, ўша даврларда қанчадан-қанча одамлар Аббос Саллаев, Бувинисо Бегалиева, Товбой Солиев ва Умрзоқ  Худойбердиев кабиларнинг «донос»лари туфайли қамалиб кетишган? Мен ҳақимда туҳматларни қалаштириб ёзишга мажбур қилган одамлар Сизни менга қарши «донос» ёздира олишмасмикин?

Тўғри, ёшингиз ҳам 70  ни уриб қўйди-ёв, Сизни тушунаман. Бу ёшда бошқа иш қидириш қийин, нима қилиб (ҳатто, туҳмат қилиб ) бўлса-да жойингиздан жилмаслик ҳаракатини қилаяпсиз, холос.            Сизга текинга битта маслаҳат берайми? Газетангизда аҳён-аҳёнда тўғри гапларни ҳам ёзиб туринг. Акс ҳолда, менинг қўшниларим ва болаларимга ўхшаган ҳақиқатни билиб қўйганлар матбуотга ишонмай қўйишади. Бу «касаллик», яъни ишончсизлик, кучайиб кетса, даволаб олишга йиллар сарфланиши шубҳасиз.

Нима ҳақда ёзишни билмаяпсизми? Келинг, Сизга яна бир ёрдам бериб юборай. Сиз газетангизда  қуйидаги масалаларни кўтаринг:

– нима учун ёш-навқирон йигитларимиз бола-чақа боқиш, пул топиб рўзғорини бутлаш мақсадларида четга, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга иш излаб чиқиб кетишаяпти?

– нима учун иффатли, номусли, ҳаёли, нов-ниҳол қизларимиз Дубайга чиқиб кетишаяпти?

– нима учун банкларимизда имтиёзли кредит олиш учун навбатга турганлар муътелик даражасига туширилганлар?

– нима учун май ойининг 26 куни ўтаяптиям-ки, болалар ва қариялар нафақалари берилмаяпти?

Ана Сизга долбзарб масалалар! Оддий одамлар билан гаплашинг, улар Сизга истаганингизча масала топиб беришади.  Нима, буларни ёзсам ишдан кетишим керак, дейсизми? Сизга қийин экан, буни ўйлаб кўриш керак. Демак, олдингизда икки йўл турибди: ёлғон ёзсангиз, кечагидек шарманда бўласиз, тўғри ёзсангиз – ишдан кетасиз. Яна бир текин маслаҳат берайми? Мен Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, ишдан кетиш йўлини танлаган бўлардим, чунки шарманда бўлишдан кўра бу қулайроқ эмасми?

Яна ўзингиз биласиз. Лекин шуни яхши билиб олинг: Сиз, қош қўяман деб, қўз чиқардингиз.  Калта ўйламанг, Сиз ва Сизга ўхшаганларнинг тутган ниқобини ҳамма ҳам киявермайди, Сизга ўхшаб минган араванинг қўшиғини айтавермайди. Ҳаммани ўзингизга ўхшаган буқаламун деб ўйладингизми? Адашибсиз! Орамизда ўз фикри, дунёқараши ва ақл-идрокига эгалар бор ва уларнинг сони кам эмас.

Сиз  мақолангизда  Қурбоновани қишлоқдошлари, қўшнилари ва ҳатто болалари ҳам ҳурмат қилмайди дебсизми? Шуни яхши билинг-ки, жаноб Худоёров, мен Аллоҳдан ҳаммага менинг болаларимдек эсли-хушли фарзанд беришини сўрайман.

Қўшниларимнинг кўпи билан 20 йиллик қўшниман, Худога шукур, ҳурматимни жойига қўйишади  Бу гаплар қанчалик ростлигини билмоқчи бўлсангиз, марҳамат, келинг, мен Сизга ўхшаб қочмайман. Адресим ҳам Сизникига ўхшаб тайинсиз эмас. Биласиз, чунки илгари меҳмон бўлиб кетгандингиз. Мен ҳали ҳам ўша уйда тураман. Келинг, уялманг. Ё калтак еявериб, зада бўлиб қолганмисиз? Қўрқманг, мен заифларни урмайман. Редактор деган ниқобингизни тақиб келаверинг.

Бироқ, бунча бўҳтон тўқиган одамда юз нима қилсин, деб ҳам ўйлаб кетаман. Кечиринг, аччиқ гапирдим. Лекин, на чора, ҳақиқат аччиқ бўлади-да! Сиз чиқараётган мақолангизнинг «муаллифлари»  ва «оқсоқоллари», афсус, бу тўғрида билишмас экан. Мен хат «муаллифлари» мактаб директори У.Худойбердиев, қишлоқ хотин-қизлар бўлими раиси Б.Бегалиева ва О.Саллаевлар ўзларининг номларидан ёзилган хатдан бехабар эканлигини эшитдим.  Улар ҳам ҳайрон. Бундай ишларни қилиш учун юзсиз бўлмасликнинг иложи йўқ. Баракалла, рахмат Сизга!

Лекин бир нарсадан жуда хурсанд бўлдим . Бизнинг қишлоқ ёшларимиз ҳам Интернатдан чиқаётгпн мақолаларни ўқишаётган экан  Бундан кейинги бериладиган мақолаларимни доимо Интернетдан бериб бораман, чунки ёшларимизнинг дунёқараши,  фикрларининг ўсиши, жойлардаги ҳақиқий ахволни кузатиб бориши уларнинг  маънавий савиясини ошириб боради.

Жиззах вилояти, Пахтакор тумани, Навбаҳор қишлоғи.

                5-чи ҳужжат

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ

ПАХТАКОР ТУМАН БЎЛИМИНИНГ МАЪЛУМОТНОМАСИ

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Жиззах вилояти Пахтакор тумани бўлимининг раиси Саида Қурбоннинг бугун эрталаб тарқатилган «Юзсизлар ёхуд Тўҳмат қилишдан қўрқинг» номли мақоласи юзасидан янги ҳолатлар юзага келгач, биз яна шу мавзуга қайтишга қарор қилдик. Гап шунда-ки, вилоятнинг «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда», ҳамда туманнинг «Пахтакор ҳаёти» ва ҳатто республиканинг «Правда Востока» газеталарида (12, 16 ва 19 май) Саида Қурбон ва бир неча бошқа ҳуқуқбонлар (инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи инсонлар) шаънига тўҳматларга тўла мақолалар чоп этилган.

Мазкур мақолаларнинг бири «Улуғ ватан уруши фахрийлари» У.Худойбердиев, А.Салаев, Б.Бегалиева ва Т.Солиевларнинг номидан чиқарилган. Саида Қурбон уларнинг ҳар бири билан кўришган ва уларга газетани кўрсатганда, «фахрийлар» лол қолишган: биринчидан, улар фахрий эмас (ёши энг улуғи 55 дан ошмайди, уруш тугаганда ҳам улар туғилган эмас), иккинчидан, уларнинг бу мақолага умуман алоқаси бўлмаган.

Бироқ, ушбу воқеанинг ташвишли томони шунда-ки, «фахрийлар» ўз хатларининг охирида Саида Қурбон ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа одамларнинг устидан жиноий қўзғашга чорлаган чақириқ билан чиқишган, яъни улар ва ҳокимият ҳуқуқбонлар (инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар) фаолиятини жиноят билан тенглаштирмоқдалар. Бу – ўта жиддий айблашдир.

Гап шунда-ки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 322-моддасининг 3-бандига асосан оммавий ахборот воситаларининг ахбороти шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатиш учун асос бўлиши мумкин. Мақолаларда Саида Қурбон ва бошқа ҳуқуқбонларга ҳеч қандай жиноий айб қўйиша олишмаган-ку, дея ажабланиш билдириш табиий. Бироқ, шуни эсдан чиқармаслик керак-ки, ўзбек прокуратураси ва ҳуқуқ-тартибот органларининг иш фаолияти: «Одам бўлса бўлди, модда топилади» – деган «темир Феликс»нинг машҳур ва машъум гапига асослангандир.

Улуғ ватан урушидан кейин туғилган тўртта «УВУ фахрийлари»ни топган одамлар: «Мени Саида Қурбон ва унинг жиноий шериклари урди, сўкди, ёки мендан пул талаб қилиб товламачилик қилди» – дея ёзиб берадиган одамларни топа олмайдилар, деб ўйлайсизми? Бундай ишлар бўйича Жиззах вилоят прокуратурасида Қаҳҳор Маллаев исмли катта мутахассис, унинг доира ва ноғорасига шох ташлаб ўйнайдиган гумаштаси Ўктам Маматқуловлар бор – Ўзбекистон бундай «талантлар»га жуда бой мамлакат.

25 ва 26 май кунлари Саидани совхоз марказига мажлисга чақиришган ва бу мажлисда унинг ҳатти-ҳаракатлари «халқ муҳокамаси»га қўйилиши кутилган. Саида бундай ноқонуний йиғилишларга боришдан бош тортган. Саиданинг қўни-қўшнилари Саидага нисбатан айтилаётган гаплар тўҳмат эканлигини таъкидлаб хат ёзиб беришган. Кеча туман ҳокими совхоз марказида анча одамни тўплаб, ўз нутқида Саидани «ватан хоини» деб эълон қилган. Бу мажлисга Саиданинг қўшнилари таклиф қилинмаган.

Бугун эрталаб азонда Саиданинг уйига Баҳодир исмли милиция участка нозири келиб, туман ИИБга боришини айтиб кетган, бироқ Саида бормаган. Хуллас, Жиззах вилояти ва Пахтакор тумани раҳбарлари ЎИҲЖнинг мазкур тумандаги бўлимини йўқ қилиш ҳаракатига тушиб қолган кўринади.

ЎИҲЖ ҳокимиятнинг бундай ҳатти-ҳаракатларини қатъий қоралайди ва ўзининг норозилигини билдиради. Бундай бедодликка қарши биз ўзимизнинг ақл-идрокимиз етадиган қонуний воситалар билан қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз ва дунёда бизни тушунадиган ва қўллайдиган кучлар мавжуд, деб ҳисоблаймиз.

Қуйида Саида Қурбоннинг навбатдаги мақоласини муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола этамиз.

Толиб Ёқубов – ЎИҲЖ раиси.

 6-чи ҳужжат

Саида ҚУРБОН

ОЛДИМДА МУСИЧАМАН

ДЕБ, ПАНАДА ҚУЗҒУНГА АЙЛАНГАН

РАИСАга ОЧИҚ ХАТ

                Мен кечаги «Бечора редактор …» номли мақоламда Жиззах вилояти, Пахтакор тумани «Пахтакор ҳаёти» номли газетаси редактори  жаноб Холбўта Худоёровнинг юзсизлиги, тўҳматчи эканлиги ҳақида ёзган эдим. Муҳтарам ўқувчидан ушбу мақолани унинг давоми, деб ҳисоблашни илтимос қиламан.

Минг афсус-ки, Х.Худоёровга ўхшаган яна битта юзсиз чиқиб қолди. Бу кимса қишлоғимиз фуқаролар йиғини хотин-қизлар бўлимининг раисаси Бувинисо Бегалиева бўлиб чиқди. Жаноб редактор уни ўзининг сохта мақоласига муаллифликка танлаб адашмаган экан.

24 май куни эрталаб соат 9 ларда мен билан юзма –юз турганда,  мақолани кўриб, бу сохтакор аёл: «Ўламан Саттор, бу мақолада менинг ҳеч қандай иштироким йўқ» – деб, бўрининг олдида турган қўзичоқдек:  «Саида опа, Сизни яхши танийман. Туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича муовини Нурматова Ф. бир неча бор менга «ёзиб бер, қўл қўйиб бер» – деб юрганда, мен рад қилганман. Мен ҳозир Бегалиева эмасман, Эшова бўлганимга анча бўлиб кетган. Улар бу фамилияни қаердандир олишиб, мақолага тиркаб қўйишибди» – деб қалтираб турган раиса менинг олдимдан кетгач,  қўшниларимнинг олдига борганча қузғунга айланиб қолибди.  Редакторнинг  Бегалиевага ниқоб кийгизишининг ҳеч ҳам зарурати йўқ экан, чунки бу соҳада Бегалиева Худоёровни чангида қолдириб кетар экан.

Раиса Бегалиева,  менинг олдимда мусича эдингиз-ку, қандай қилиб қўшниларимнинг олдига боргунча Сиз  ҚУЗҒУН га айланиб ололдингиз? Рости – қойилман! Устозингизга балли! Сиз менинг қўшниларимни кечга мажлисга таклиф этгансиз. Улар биз борамиз, деганда Сиз жуда хурсанд бўлгансиз. Сабаби шунда-ки, Сиз одамни қанча кўп тўпласангиз, раҳбарларингизга шунча кўп ёқасиз-да!

Бироқ,  қўшниларимга бу мақолани Сиз келгунингизча ўқиб бериб қўйгандим. Бўлмаса, билмадим, яна қанақанги ниқоб кийиб, уларни авраган бўлардингиз. Қўшниларим Сизга биринчи бўлиб юзингиздаги «Улуғ ватан уруши фахрийси» деб редактор жаноб Худоёров кийгизган ниқобингизга ташланишган бўлишар эди. Улар  бу муаллифларнинг биронтаси ҳам «Улуғ ватан уруши фахрийси» эмаслигини  билишади, чунки қишлоғимизда биронта ҳам буларни танимайдиган одамнинг ўзи  йўқ. Агар менинг ўзим қўшниларимга газетани олиб келиб, ўқиб бермаганимда, билмадим, Сизлар бу бўҳтонларингни ўқитмаслик учун мақолани яна қанча вақт тагларингизга босиб ўтираверардиларинг.

Бегалиева  айтинг-чи, Сизларнинг мансабларингизни,  яъни У.Худойбердиевнинг (55 ёшларда) мактаб директорлигини, Т.Солиевнинг (42 ёшларда)  қишлоқ фуқаролар йиғини раисилигини, Сизнинг (40 ёшлар чамаси) қишлоқ хотин-қизлар бўлимининг раисаси эканлигингизни яшириб, сохтакор газеталар нима мақсадда Сизларга «Улуғ ватан уриши фахрийлари» ниқобини кийгизишган экан-а? Қўшниларим бу мақола бошдан-оёқ ёлғон эканлигини, улар мени ҳурмат қилишлигини, оиламга, болаларимга ҳавас қилишлигини айтмоқчи бўлиб, мажлисга бормоқчи эканлигини Сизга айтганда, Сиз, раиса Бегалиева, йўғ-э, Эшова, уялмай-нетмай шартта юзингизга бошқа ниқоб тақиб олган ҳолда: «Саида опа тўғри гапиргани билан у кишини «ватан хоини» деб топишган» – дебсиз.

Уялинг Бегалиева! Мен тўғри гапириб хоин бўлсам,  Сиз ва  редактор Худоёровга ўхшаб, тап тортмасдан тўҳмат қилаётганлпрни КИМ деб атайлик?  «Фахримиз» дейликми? Сизнинг юзингизда нечта ниқоб бор? Сизнинг гапингизга ишониб: «Бу ишлардан хабарим йўқ, редактор ўлсин, ўзи ёзган» – деб ҳақиқат олдида қалтираб турганингизда мен Сизнинг асл башарангизни кўрдим, деб ўйлагандим. Хом сут эмган бандамиз-да, дунёни ўз қаричимиз билан ўлчаймиз, Сизникига ўхшаган қинғир-қийшиқ қаричлар борлигини эсимиздан чиқариб қўямиз.

Раиса Бегалиева, йўғ-э, Эшова,  Сизнинг ниқобингиз кўпми десам, фамилиянгиз ҳам кўп экан. Қўшниларимга: «Ҳақиқатни гапирадиган бўлсанглар, бориб юрманглар, сизларнинг керакларинг йўқ. Саида опа мажлисда ҳақиқатни гапиришларинг учун қанча берди?» – деб сўрабсиз.  Бегалиева, Сизга шуни таъкидламоқчиман-ки, одамни фақат пул эмас, баъзан ВИЖДОН ҳам гапиртиради. Аллоҳга минг карра шукурлар бўлсин-ки, ҳалиям орамизда виждонлилар бор, улар бутунлай йўқ бўлиб кетган эмас! Майли, Сиз айтганча ҳам бўлсин, дейлик  Мен ҳақиқат учун тўласам, Сиз юзингиздаги ифлос ниқоблаларингиз учун қанча оласиз?  Кўп олсангиз керак, чунки ҲАҚИҚАТ  қадрли,  лекин арзон,  ЁЛҒОН  эса қадрсиз, аммо қиммат. Демоқчиман-ки,  шунинг учун ҳам Сиз кўп одамларга қараганда анча бойсиз, раиса Бегалиева.

Бироқ, менинг Сизга маслаҳатларим:

– ниқобларингизни ишлатманг, акс ҳолда ўзингизнинг ҳам қадрингиз тушиб кетади;

– ҳақикий юз билан яшанг (агар бошқа томонга айланиб кетмаган бўлса).

Ва ниҳоят. Аббос Салаев  (55 ёшларда) бу мақолани билмайди ҳам. Мен у кишига учрашгандим . У киши ўзи ногирон, кўчага жуда кам чиқади. У кишининг номи муаллифлар каторида бўлганлигидан жуда хафа бўлди. А.Салаев қишлоғимизнинг обрўли одамларидан. Улар юзсизларча у кишининг обрўсидан ҳам фойдаланишмоқчи бўлганлар.

Жиззах вилояти, Пахтакор тумани, Новбаҳор қишлоғи.

7-чи ҳужжат

 Саида Қурбон

Шўри қуриган редактор…

Яқинда, мен Саида Қурбон ва бир гурух ҳуқуқ ҳимоячилари Пахтакор туман аҳолисининг иқтисодий қийинчиликлари, турмуш тарзининг тобора қийинлашиб бораётганлиги, айниқса туман ИИБ ходимлари томонидан туман фермерларининг ишига ноқонуний зўравонлик билан аралашаётганлиги, ҳатто фермерларнинг калтакланаётганлиги тўғрисида дунё ОАВда интервю берган эдик. Бироқ, кўп вақт ўтмасдан, маҳаллий ҳукуматнинг ҳар бир буйруғига “лаббай” деб тайёр турадиган бир гурух ошиғи олчи «фермерлар» ҳамда «оқсоқоллар» томонидан Жиззах вилоят ва туман ОАВларида бизларга нисбатан туҳматларга тўла мақолалар, оммавий «хатлар» ташқил қилинди.

Ҳатто, БМТнинг экспертлар гурухига «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» газеталарининг 12 ва 16 май сонларида «МУРОЖААТ» ҳам эълон қилинди (газеталар бу номга муносиб бўлмаса-да, афсус-ки газета шундай деб аталади, гуёки Жиззахда бошқа ҳақиқат бор-у, Сирдарёда бошқа ҳақиқат. Ҳақиқат сўзи билан унинг маъноси битта-ку! Ҳақиқат номланмайди).

«Жиззах ҳақиқати» газетасида, лаббайчи «фермерлар» ва «оқсоқоллар» муаллифлигида «Ит ҳурар, карвон ўтар» рукни остида «Ўйнаб эмас, ўйлаб ёзинг» номли мақолани «Пахтакор ҳаёти» туман газетаси кўчириб босиб чиқарди.

Мен бу мақолаларни ўқиб асло хафа бўлмадим, чунки тўртта «фермер»нинг фикри бутун вилоят ёки туман фермерларнинг фикри эмас. «Газеталаримиз» ўзлари учун катта хатога йўл қўйишди, маҳаллий ҳукумат томонидан олдиларига қўйилган мақсадларига эриша олмадилар, аксинча мақола тескари акс садо берди. Бу мақолалар босилиб чиққач, қайтанга газетанинг бу ахволидан одамлар кулишди. Биз ҳуқуқ ҳимоячиларини билмаганларга, излаётганларга таништирдилар. Боз устига, биз ҳуқуқ ҳимоячиларини, бу газеталар яхшигина рекалама қилишганининг гувохи бўлдим.   Энг қизиғи бизга фермерлар томонидан шикоят аризалар тушиши кўпайди. Бундан-да қувонарлиси, фермерлар туман ИИБ ходимлари томонидан қилинаётган тазйиқлар вақтинча бўлса ҳам тўхтаганлигини билдиришди ва раҳматларини айтиб кетишаяпти. Бу ҳолат мени анча рухлантирди ва биз тўғри йўл танлаганлигимизни ўзимизда яна бир бор ҳис қилдик.

Мен бу мақолалар тўғрисида, туманимизнинг «кўзгуси» бўлган, редакция биносига ва ҳатто телефонига ҳам эга бўлмаган  «Пахтакор ҳаёти» газетасининг редактори (бир пайтлар редакцияда бирга ишлаганмиз) Холбўта Худоёров билан суҳбатдашиш мақсадида редакцияни 17 майдан бошлаб изладим. Туман ҳокимлигидан, редакция қаердалигини билса керак деб Отамурод исмли йигитдан сўрадим. Менга у: «Редакциянинг биноси йўқ, қаердандир Худоёров газетани бир амаллаб чиқариб келади. Очиғи, билмайман» – деб жавоб берди.

Буни қаранг, хафсалам пир бўлиб ҳокимликдан чиқиб кетаётсам, олдимдан чиқиб қолса бўладими!? Мен редактор Х.Худоёровдан редакция қаерда жойлашганлиги, ўзи билан алоҳида гаплашиб олишим зарурлигини айтдим. Туманда якка-ю ягона бўлган газета мухаррирининг  айтган гапи:

– Сингил, Сизни мен ҳурмат қиламан, кечиринг илтимос, менга савол берманг, редакциянинг биноси йўқ, ў – ў – ў – ўзим бир амаллаб кун кўриб юрибман, менга тегманг илтимос, мен шошаяпман, кечиринг, – деди-ю икки қўлини кўксига қўйиб қочиб қолди.

Мен бу ҳолдан, аввало кулдим, туриб-туриб редакторга ачиндим, кейин менда унга нисбатан нафрат туйғуси пайдо бўлди. Чунки, бирорта раҳбар «елкангизга чиқиб турай» деса бошини тутадиган бундай кимсалардан на одамларга, на жамиятга наф бор. Бундай ҳол туманимиздаги, умуман жамиятимиздаги оғриқли, шармандали бир ҳолатдир.

Энди, яна мақолага келсак: бу муаллифлар яхши рукн топишибди-ю, лекин тўғри ишлатиша билмабди. Чунки менинг фикрларимча: ҳар бир инсоннинг умри бир карвон. Шу жумладан менинг умрим ҳам. Айтмоқчиман-ки, мен ҳам ўтавераман, улар ҳам ҳуриб турсин.

Яна учрашгунча хайр.

26 май 2007 йил.   Навбаҳор қишлоғи, Жиззах вилояти.

Мақола www.jarayon.com сайти учун ёзилган.

Categories: Uncategorized | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.