ОСИЛГАННИНГ ТАЪЗИЯСИДА АРҚОН ҲАҚИДА ГАПИРИЛМАЙДИ

            Толиб Ёқубов

            Бир одамни осилган ҳолатда топдилар. Инсон фожеаси. Оила аъзолари, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, аҳли-эл таъзияда тўпланишган. Оила аъзолари чуқур мотамда, уларнинг юрагига қил сиғмайди, гапиришга-да мажоллари йўқ. Қариндош-уруғ ҳам ташвишда, ўзларига яқин инсонни йўқотиш уларда юрак изтиробини келтириб турибди. Қўни-қўшни маййитни ерга бериш маросимини ташкил қилиш учун югур-югур билан банд. Фақат таъзияга йиғилган, кўчада ўтирган аҳли-эл шивир-кичир гапирмоқда. Нима ҳақида? Бири: «Арқон бақувват экан, нимжон бўлганда ўлмай қолармиди» дедимикин? «Илгариги арқонларни бузоқча ҳам узиб кетаверарди, ҳозир капрон дейдими-ей, алламбало нарсалардан тўқишаяпти, шекилли, катта буқа ҳам узолмайди» деябдимикин яна ўтирганлардан бирови? Билмадим.

Ҳарҳолда одамлар нималарнидир муҳокама қилишаяпти. Жим ўтирганлар ҳам бор. Баъзилар муҳокамани қизғин бахсга айлантираётган бўлса керак, онда-сонда қўлини сарак-сарак қилиб ҳам қўйишади. Шундай одамларни эшитиб ўтирган баъзиларининг юзи оқариб, бўзариб, юзида қўрқув аломати пайдо бўлиб, ўрнидан туриб кетганини ва бошқа жойга бориб ўтирганини ҳам кўрдим. Сўзсиз, маййит кўмилгандан кейин ҳам бу ўлим аҳли-эл томонидан бир неча кун «тахлил» қилинади. Бу «тахлил» оддий чойхона-гап бўлиб ўтиб кетармикин ёки аҳли-эл онгида салгина бўлса-да бирор ўзгариш ҳосил қилармикин? Одамлар арқон ҳақида эмас, маййитнинг ўлими нима ёки ким билан боғлиқ экани ҳақида таҳлил юритишармикин? У руҳий хастамиди, агар соғ бўлса нега ўзини осди, ёки кимлардир осилишда унга «ёрдам» беришдими? Охирги биринчи савол масаласида айтиш мумкин-ки, руҳий васваса таъсирида ўзини-ўзи осганлар учраб туради. Бироқ иқтисодий қийинчиликлар, ҳаётий ёки оилавий мушкулотлар инсонга руҳий хасталик олиб келиши мумкин. Муҳокамамиз учун эса охирги иккита савол ўта муҳим.

Осилган одам соғ эди. 2012 йил 7 декабр куни 19 ёшли Абдусамад Фазлиддинов Москвадаги ТИ-4 (тергов изолятори)да ўзини осиб қўйган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Фазлиддинов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари билан бўлган учрашувдан кейин ўз жонига қасд қилганини тасдиқладилар. Тергов изоляторлари давлатнинг Махсус қўриқланадиган объектлари (МҚО) сирасига киради. Бегона давлат фуқароси уёқда турсин, ҳатто Россиянинг унча-мунча лавозимли шахслари ҳам махсус ҳужжатсиз МҚОга кира олмайди. Бироқ МҚО бўлган ТИ-4 га бизнинг жонажон МХХмиз ходимлари бемалол киришган. Коррупция ҳакалак отган мамлакатларда бундай ишларда асосий ролни пул ўйнайди. Абдусамаднинг ўлимида фақат иккита вариант бўлиши мумкин, холос: 1) ёш Абдусамад жуда қаттиқ қўрқитилган ва унинг олдида бошқа чора қолмаган; 2) унинг олдига киришдан МХХ ходимларининг бирдан бир мақсади уни ўлдириш бўлган ва улар бу вазифани бажаришган.

            Абдусамад мисолида биринчи вариант эҳтимоли жуда кичик. Абдусамад ва унинг шериклари Калининград шаҳридан Москва орқали Ўзбекистонга кетаётган бўлган, ва демак, уни самолетдан тушаётганда Ўзбекистонда ушлаш мумкин эди. Бошқача айтганда, уни ушлаб ёки қўрқитиб келиш учун уч нафар МХХ ходимининг Москвага махсус бориши ва МҚО бўлган ТИ-4 га кириши мутлақо шарт эмас эди. Қандайдир сабабга кўра Абдусамад Москванинг ўзидаёқ ўлдирилиши кимгадир керак бўлган. Кимга? Ишга МХХ ходимлари аралашганини ва Москвага бир эмас, уч ходими жўнатилгани эътиборга олинса, айтилаётган «ким» ҳукуматдан бошқа бўлиши мумкин эмас. Сўзсиз, Абдусамад ўлимида Россия ФСБ (Федеральная служба безопасности)нинг ҳам қўли бор. Абдусамад ва унинг тўрт шериги 15 ноябрь куни Внуково аэропортида Россия ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан хибс этилганлар. Бу маълумотни МХХ фақат ФСБдан олиши мумкин.

            2001 йил 15 июнь куни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилоят бўлимининг раиси Шовриқ Рўзимуродов Яккабоғда, куппа-кундузи кўчада хибсга олинган ва Тошкентга олиб кетилган. 7 июль куни унинг жасади уйига олиб бориб оила аъзоларига топширилган. Ички ишлар вазирлигининг расмий ҳужжатида у камерадаги кроватга ўзини осгани айтилади. Шовриқ қўрқмас, кучли характерли, жисмоний мукаммал диндор йигит эди, бешвақт номозни канда қилмасди, у ўзини ўзи ўлдириш гуноҳи-азим эканлигини яхши билар эди. Шовриқнинг яқинлари унинг баданида соғ жой қолмагани, ҳамма ёғи қорайиб, мўматалоқ бўлиб кетгани ҳақида гапириб беришган эди. У қабрга берилгандан кейин ҳам бир ҳафта–ўн кун кеча-ю кундуз икки милиция ходими қабристон олдида қўриқчилик қилишган. Шовриқ, ҳеч шубҳа йўқ-ки, қамоқхонада ўлдирилган.

            2003 йил 30 июльдан 31 га ўтар кечаси Бухоро вилоятининг Олот туманидаги «Денов» ширкат хўжалигида магазинга ўғри тушган. 1 август куни милиция участка нозири Бахриддин Раҳмонов 20 ёшли Нодир Замоновдан гумонсираб, уни милицияхонага олиб кетган. Ўғлининг орқасидан у ерга Яхшибой Замонов борганда Б.Раҳмонов 100.000 сўм олиб келишни талаб қилган. Я.Замонов ғазабланиб милицияхонадан чиқиб кетган. Бир неча соатдан кейин Замоновларга тегишли молхонада буғиб ўлдирилган Нодирнинг жасади ва ёнида ётган оқ арқон бўлаги топилади. Нодирнинг бўйнида арқон изи яққол билиниб турган бўлиб, из томоқ томондан елкага қараб йўналган бўлган, ваҳоланки осилган одамда арқон изи томоқдан қулоқ томонга йўналган бўлиши керак. Нодир милиция ходимлари томонидан ўлдирилганини шу ҳолатлар тасдиқлайди-ки, ўзини осган одам ерда, арқон эса унинг ёнида ётмайди. Нодир ўлгандан кейин милиция ходимлари нима қилишни билмай қолишган, ниҳоятда шошишган ва «ўзини ўзи осди» деган уйдирмадан бошқа нарсага қодир бўлишмаган.

            Милицияхона ходимлари прокуратурага Нодирнинг жиноятга «иқрор» хатини топширган. Бу хат уч ҳар хил одам томондан ёзилгани ва имзо Нодирга тегишли эмаслигини Республика экспертизаси ўзининг хулосасида қайд қилган бўлишига қарамасдан вилоят прокурори Шухрат Мухаммедов жон-жаҳди билан милиция ходимларини ҳимоя қилган ва уларни асосли жазодан сақлаб қолган. Табиий, прокурор бу ишни жиноятга даҳлдор милиция ходимларини «уч қоққан кунжутдай» қилиб, ҳаром йўл билан топганларини шилиб олиш ҳисобига қилган.

Оддий миршабдан тортиб давлат бошлиғигача Худони Худойбердича кўрмайдиган сиёсий тузумларда мулозим олдида пул ва инсон ҳаёти ёки қадр-қиммати турса, мулозим албатта пулни танлайди. Бундай тузумларда оддий инсон уёқда турсин, мулозимлар бир-бирини томоғидан тишлаб ғажиб ташлашга тайёр бўлган қашқирларга айланадилар. Улар фуқароларни «одам одамга бўридир» деган руҳда тарбиялайдилар ва шунга кўниктирадилар. Мазкур руҳ ёш авлодга нафақат мулозимлардан, балки ўз ота-онасидан ҳам юқа бошлайди. Бир-икки авлод ўтгач одамларнинг ҳар қандай сўҳбати (таъзияда, тўйда, байрамда, синфда, …) чойхона-гапдан нарига ўтмай қолади. Улар арқон ҳақида гапиришга, бахслашишга ўрганадилар.

Мустақиллик даврида милиция участкалари, тергов органлари, армия, чегара ва қамоқхоналарда юзлаб десам хато қиламан, минглаб одамлар ўлдирилди. Ўликни эгаларига топширишар экан, давлат мулозимлари фақат ва фақат арқон ҳақида иддао қилдилар: «ўзини осди», «юрак хуружи билан ўлди, «жигар циррози билан вафот этди» ва ҳ. Гапим ёлғон бўлмасин, мен ва ташкилотимиз аъзоларининг камида 15 йиллик кузатишларимиз бўйича давлат фақат икки марта қотиллар мулозимлар эканини тан олди ва суд уюштирди.

2001 йилнинг октябрида Тошкент шаҳар, Собир Раҳимов туман ички ишлар бўлимида 1974 йилда туғилган Равшан Рустамович Ҳаитов милиция терговчилари томонидан уриб ўлдирилган. Бу қотилликни ҳукумат тан олишга «мажбур» бўлди – суднинг қора курсисига Бобоев Нуритдин, Раҳмонбердиев Шавкат, Надимов Муҳитдин ва Ғофуров Яшинлар ўтқазилди. Уларнинг ҳар бирига 20 йилдан қамоқ жазоси белгиланди.

МХХнинг Фарғона вилояти Марғилон шаҳар бўлими тергов изоляторида МХХ ходимлари Ҳамид Саидов (бошлиқ), Абдушукур Мирзаев ва Бобур Фозиловлар Охунбобоев туманидаги Дўрмон қишлоғида яшовчи Алимухаммад Мамадалиевни уриб ўлдирадилар ва жиноятларини яшириш учун унинг жасадини каналга ташлаб юборадилар. Унинг жасади бир ойдан сўнг Учкўприк тумани ҳудудида каналдан топилади. МХХнинг қотил уч вакили қамоққа олинади. 2002 йил 6 май куни улар устидан ёпиқ суд бошланган, судга ҳатто Алимуҳаммаднинг отаси ҳам қўйилмаган.

Минглаб одамларни ўлдирган ҳукумат фақат шу икки ҳодисада ўз мулозимларини жиноий жавобгарликка тортди. Нега фақат икки ҳолда? Гап шунда-ки, 2002 йил май ойида Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Инсон Ҳуқуқлари Комитетида мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳолати масаласида ҳисобот бериши керак эди. Бундай тадбир илгаридан ҳукуматга билдирилади. Бу ҳисобот бўлмаганда эди, ҳукумат юқорида айтилган икки жиноятни содир этган МХХчилар ва милиция ходимларини судга тортмас эди. Бу икки суд ҳукуматга ҳисобот чоғида: «Мана, биз ҳуқуқ-тартибот органларида содир этилаётган жиноятларга қарши курашаяпмиз» дейишга имкон бериши учун ташкил этилди, холос.

Ҳозирча ўзбеклар осилган одамни кўрса, эшитса ёки таъзиясида қатнашса фақат арқон ҳақида гапирмоқда. Ҳаётни (ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, …) тахлил қилиш оммалашган эмас, бироқ халқнинг бу ҳолати фақат ўзининг айби эмас. Кўп ҳолатда давлат тепасига нияти бузуқ одамлар келса, улар халқни фақат арқон ҳақида гапириш ҳолатига тушириш учун “сопини ўзидан чиқариш”га ҳаракат қилади. Бу қийин иш эмас. 1989 йили Ислом Каримов ҳокимиятни олгач, ўзининг кейинги, узоқ йиллар давомида юрғизадиган сиёсатини айнан шу – “сопини ўзидан чиқариш” – принципи устига қурди: давлатнинг барча мулозимлари – оддий милиционер ходимдан тортиб депутат-шоир Эркин Воҳидовгача, оддий қишлоқ фуқаролар йиғини раисидан тортиб маддоҳ-журналист Исмат Хушевгача, оддий маҳалла посбонидан тортиб муштумзўр Бош вазир Шавкат Мирзиёевгача халқни фақат арқон ҳақида гапиришга ўргатиб келишди, ўрганишдан бош тортса – мажбур қилишди.

15 январь, 2013 й.,   Франция.

Categories: Uncategorized | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.