Президентлик сайлови олдида жаноб Николя Саркози бу каби баёнотлар беришдан ўзини тийгани маъқул

Ахир номзодлар дебати (тортишуви) пайтида рақиблардан бири ушбуни гапирвориши ҳам мумкин-ку: «Жаноб Саркози, Сиз – иккиюзлама одамсиз, ва буни ҳеч қийинчиликсиз исботлаш мумкин. Мазкур дебатга йўл олаётиб, мен Сизнинг Сурияда ҳукм сураётган инқирозга бағишлаб келтирган баёнотингиздан иҳтибос келтираётган Radio France Internationaleнинг билдиришномасини олволдим”.

Толиб Ёқубов

          Ҳар бир сиёсатчи, айниқса давлат раҳбари ёки шу юксак лавозимга даъвогар, ҳатти-ҳаракатлари, чиқишлари ва баёнотларида ўз-ўзига зиддият келтириб чиқариши анча кераксиз қусурдир.

Ахир номзодлар дебати (тортишуви) пайтида рақиблардан бири ушбуни гапирвориши ҳам мумкин-ку: «Жаноб Саркози, Сиз – иккиюзлама одамсиз, ва буни ҳеч қийинчиликсиз исботлаш мумкин. Мазкур дебатга йўл олаётиб, мен Сизнинг Сурияда ҳукм сураётган инқирозга бағишлаб келтирган баёнотингиздан иҳтибос келтираётган Radio France Internationaleнинг билдиришномасини олволдим”.

Бундан буёғига Франция Республикаси президенти лавозимига даъвогарлик қилаётган мазкур номзод номидан жаноб Саркози билан бўлаётган бахсни мен, ўзбекистонлик сиёсий қочқин Толиб Ёқубов давом эттиришимга рухсат берсангиз.

Аввало, туғилган имкониятдан фойдаланиб, менга сиёсий қочқин мақоми, ундан сўнг эса яшашлик кўриниши (вид на жительство)ни бергани учун Франция ҳукуматига ўзимнинг чуқур миннатдочилигимни билдирмоқчиман.

Шундай қилиб…

Radio France Internationale билдиришномасида мана бундай ёзилган (жаноб Саркозининг сўзлари): “Аҳолига қарши қуролли кучларни оммавий қўллаш, қийноқларга солиш, юзлаб болаларга зўравонлик ишлатиш – одамни ғазаблантиради”.  Ишонаман-ки, жаноб Саркози айтган сўзларидан қайтмасалар керак.

Шу гаплар айтилаётган бир пайтда дунёда Ўзбекистон дея аталмиш давлат ҳам бор ва у ерда салкам 20 йилдан бери Франциянинг элчихонаси ишлаб турибди. Эътиборингиз учун, бу мамлакатдаги вазият, яъни ҳукуматнинг ўз халқига муносабати, Суриядагидан яхши эмас, аниқроғи – ёмон.

Сиз ўз баёнотингизда Сурия ҳукуматига учта айб қўймоқдасиз: аҳолига қарши қуролли кучларни оммавий қўллаш, одамларни қийноқларга солиш ва юзлаб болаларга зўравонлик ишлатиш.

Хўш, айни шу учта айб бўйича Ўзбекистонда ишлар қандай? Маълумингиз бўлсин, 22 йилдан бери Ўзбекистонни узлуксиз бошқариб келаётган Ислом Каримов 2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳри аҳолисининг кўпминг сонли норозилик намойишини отиб ташлашга буйруқ берган, натижада минглаб одамлар қурбон бўлган. Башар Асад ўз халқини салкам бир йил давомида секин-аста ўлдираётган бўлса, Ислом Каримов бу ишни бир кунда уддалади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг “Қийноқларга қарши қўмитаси” икки марта (2002 ва 2007 йилларда) ҳамда БМТнинг қийноқлар бўйича Махсус Маърузачиси жаноб Тео ван Бовен (2003 й.) Ўзбекистон тергов органлари ва жазони ижро этиш колонияларида қийноқлар сурункасига ва оммавий равишда қўлланилади, деган қарорга келганлар.

Ўзбекистон пахта мамлакати ва ҳукумат ҳар йили миллионлаб мактаб ўқувчилари, лицей, колледж ва олий ўқув юрти талабаларини пахта теришга пахта плантацияларига ҳайдайди. Бу амалиёт:

1)        Ҳукумат болалар меҳнатига доир БМТ ва ХМТ (Халқаро Меҳнат Ташкилоти)нинг икки халқаро ҳужжатини қабул қилган бўлса ҳам;

2)        Миллий қонунчилик болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаган (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 241-моддаси) бўлса ҳам ҳамон давом этмоқда.

Французлар Ўзбекистонни нафақат диктаторликка мойил одам, балки қип-қизил диктатор бошқараётганини билишадими? Билишади. Ўзбекистон президенти диктатор эканлиги ҳақида ҳатто Париж суди ҳукм ҳам чиқариб қўйган.

Француз журналисти Аугустин Скальбер (Augustin Scalbert) ўзининг Rue89 интернет-нашрида чоп этилган бир мақоласида Ислом Каримовни «диктатор» деб атаган. Журналистнинг бу гапидан президентнинг ойимқизи Лола Каримова жумбушга келган ва у Аугустинни Париж судига тортган. 2011 йил 1 июль куни Париж суди Лола Каримованинг даъвоси асоссиз, деб топди.

Ҳозир Европа Иттифоқи ва АҚШнинг Ўзбекистонга муносабати қандай эканини барча билади. НАТО юкларини Афғонистонга ташиш учун Ўзбекистон темирйўлларидан, Германия ва бошқа давлатлар ҳарбий самолетлари учиб-қўниб туриш учун Термиз ҳарбий аэродромидан фойдаланиш мақсадида ЕИ ва АҚШ айни пайтда ўзбек ҳукуматидан айланиб-ўргулиб  юришибди.

Ўзбекистоннинг мустабид ҳукуматини айланиб-ўргулаётганлар орасида Сизнинг, жаноб Саркози, ҳукуматингиз биринчи сафларда қадам ташламоқда. Жудаям келишмаган бир ҳолат намоён кўринаяпти: буюк Франциянинг президенти ва ўз ваколатларини яна бир муддатга чўзмоқчи бўлаётган шахс ўз иккиюзламалигини бўрттириб намойиш қилмоқда.

Ўзбек халқи Франция президенти эътиборига лойиқми?

Жаноб президент, биз Сурия бўйича Сизнинг позициянгизни биламиз. Сиз ҳатто «Сурия халқининг дўстлари гурухлари»ни тузиш ва унга халқаро ёрдам уюштириш мақсадида астойдил бел боғлабсиз.

Сизнинг фикрингизча, 30-миллионли ўзбек халқининг нимаси ёмон? Марҳамат қилиб, ўзбек халқи ва унинг ҳукумати бобида ўзингизнинг позициянгизни тушунтириб берсангиз: ўзбек халқи Франция президенти томонидан «Ўзбек халқининг дўстлари гурухлари» тузилишига лойиқми-йўқми? Ўзбекистон ҳукумати  Франция президенти томонидан баданидан ўтадиган даражада танқид қилинишига лойиқми-йўқми?

Сиз Россия ва Хитой Сурия бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгашида қаралган янги резолюция лойиҳасига вето (тўхтатиб) қўйишиб «Башар Асад режимининг зулмли ва қатағон сиёсати давом этишига кўмаклашмоқдалар» дедингиз. Худди шу гапни, балки ундан-да кучлироқ урғулаб, Ўзбекистонга нисбатан ҳам айтиш мумкинлигига қўшилсангиз керак?

Хитой – коммунистик, Россия эса салкам коммунистик мамлакатлардир ва улар ҳақида ортиқча гапирмаса ҳам бўлади. Улар учун Сурия халқими, ўзбек халқими – фарқи йўқ, иккаласи ҳам ҳақ-ҳуқуқсиз халқлар. Худди шундай, уларда Ўзбекистон ва Сурия ҳукуматларига бўлган муносабат ҳам айни – бу ҳукуматлар ўзларидагидек истибдодли.

Бироқ Франция демократик давлат ва у сурияликлар ва ўзбеклар муаммосига  мантиқ бўйича мутлоқ бир хил ёндошиши керак. Агар Франция Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тан олиб, уерда ўзининг элчихонасини ишлатиб қўйган бўлса-ю, бироқ унинг раҳбарида «Ўзбек халқи дўстлари гурухлари»ни тузишга истаги бўлмаса – буерда мантиқ қани?

«2011 йил мартидан бошлаб Дамашқ режими Сурия халқининг эркинлик ва демократияга томон қонуний интилишига фақат зулмли қатағонлар ва бажарилмаган ваъдалар билан жавоб берди» – бу ҳам Сизнинг сўзларингиз, жаноб Саркози.

Айтиш мумкин-ки, ўзбек халқи эркинлик ва демократияни сурияликлардан кам истамайди. Мен эса буни аниқ биламан, чунки мен 16 йил давомида Ўзбекистонда ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланганман, 10 йил Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини бошқарганман.

Агар Суриядаги ҳукумат Сурия халқининг эркинлик ва демократияга томон қонуний интилишига 2011 йил мартидан бошлаб зулмли қатағонлар ва бажарилмаган ваъдалар билан жавоб берган бўлса, Ўзбекистон ҳукумати эса худди шуни 1989 йил, яъни Ислом Каримов ҳокимиятга келган пайтдан бошлаб амалиётга киргизган.

Маълум-ки, Башара Асадгача Сурияда унинг отасининг мустабид ҳукумати бўлган. Ўзбекистонда эса 1991 йилгача коммунистик тоталитар ҳокимият бўлган ва уни Ислом Каримов бошқарган.

Айёрона ўзгаришлар

 

Постсовет даврида Ўзбекистонда қандайдир ўзгаришлар бўлдими? Ҳа, бўлди. Озмунча эмас. Сиёсатчилар билишади-ки,  вақт ва халқ ўзгаришларни талаб қилса-ю, бироқ сен, давлат бошлиғи, ўрганиб қолган нарсаларингнинг ҳеч бирини ўзгартиришни истамасанг, у ҳолда бундай раҳбарларнинг баъзилари, айниқса фирибгарлик, иккиюзламачилик ва маккорликда пишиб кетганлари, ўз сиёсатини айёрлик «тагкурсиси» устига қуради. Ҳамма соҳада айёрлик: сиёсатда ҳам, иқтисодда ҳам, суд системасида ҳам, оммавий ахборот воситаларида ҳам, қонунчиликда ҳам, …

Ислом Каримов коммунистик ғоя (идеология)ни «Ислом Каримов» ғоясига алмаштирди: советлар даврида ҳар бир ижобий нарсани коммунистик партия билан боғлашган бўлса, ҳозир ҳар бир ижобий нарса Ислом Каримов номи билан боғланмоқда.

Бу – фақат шахсга сиғинишгина эмас, бу – одамни, давлат бошлиғини, тўғридан-тўғри илоҳийлаштиришдир. Бу йўлда постсовет ҳудудида у билан фақат Туркманистон президентлари Сапармират Ниёзов ва Гурбангули Бердимуҳаммедов тирашишлари мумкин.

Шундай қилиб, эҳтимол, Сурия ва Ўзбекистондаги сиёсий тузумлар, математик тилда айтилганда, ўзларининг моҳиятига кўра ўзаро изоморф эканлигини мен исботладим. Худди икки изоморф алгебра ўзларининг элемегтлари билан фарқ қилса-да, ички тузилиши бўйича тамоман бир хил бўлганидай, икки давлат, масалан, халқининг миллати, аҳоли сони, маданияти ва бошқа жиҳатлари билан фарқ қилса-да, бироқ улардаги сиёсий режимлар бир-биридан моҳиятан фарқ қилмайди.

Мақоланинг сўнгида мен жаноб Саркозига мурожаат қилмоқчиман: 2012 йил апрелида бўладиган президентлик сайловида мен Сизга омад тилайман. Яна бир бор буюк Франциянинг президенти бўлсангиз (ва ҳатто бўлмасангиз ҳам), Ўзбекистон каби мамлакатларга ўз нигоҳингизни қаратишга ўзингизда истак ва куч топинг, чунки унинг халқи Сиз каби дунё таниган сиёсатчилар уни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбек халқининг дўстлари гуруҳлари»ни тузишларига лойиқдир.

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.