Ўзбекистон иқтисоди қайси йўлни танлаши керак?

Pilla

Барги ипакқуртининг озуқаси бўлган тут дарахти асосан йўл четларида ўсиши, унинг барг массаси 40 минг тонна пилла етиштиришга етиши, пахтадан деярли воз кечишни ҳисобига беҳисоб ер майдонлари бўшаши ва бу ерларнинг бир қисмида тут плантацияларини барпо этиш мумкинлигини ҳисобга олинса, Ўзбекистонда йилига 100 минг тонна эмас, балки 200 ва ҳатто 300 минг тонна пилла етиштириш мумкин бўлади.

                Толиб Ёқубов

2-чи ҚИСМ

Пиллачиликни ривожлантириш учун

электроэнергияни қаердан оламиз?

 

            Репрессив (зулмкорликка асосланган) сиёсий режимлар фан, техника ва жамият ривожи учун асқотадиган бошқа йўналишларни ривожлантиришдан манфаатдор эмас. Унинг раҳбарларида бундай йўналишларга ҳатто қизиқиш ҳам бўлмайди. Бир фактни мен яхши биламан: АҚШда давлат фанга 1 (бир) доллар сарфласа, фан давлатга уни 60 (олтмиш) доллар қилиб қайтарар экан. СССРнинг энг яхши йилларида давлат фанга 1 (бир) доллар сарфласа, фан буни 2 (икки) доллар қилиб қайтарган. Фанга нисбатан АҚШ ва СССРдаги муносабат 30:1 нисбатда фойда келтириши совет олимлари америкалик олимлардан 30 баробар кучсиз дегани эмас, – кўп соҳаларда совет олимлари буюк фундаментал кашфиётлар қилишган, – балки СССРдаги сиёсий режимнинг репрессив эканлигидадир. Ҳозир фанга маблағ сарфлаш бўйича АҚШ ва Россия орасидаги фарқ бунданда катта бўлса керак.

Битта мисол.  1978 йили Тошкентга СССР Фанлар Академияси президенти академик А.П.Александров келди ва Ўзкомпартиянинг катта залида мажлис ўтказди. Мажлисга барча олий ўқувюртлари ректор ва проректорлари ҳамда Т ошкент олий ўқувюртлари физика, математика ва техника кафедраларининг мудирлари таклиф қилинди. Мен ишлаган кафедра мудири касал ётгани сабабли мазкур мажлисга мени юборишди. А.Александров ўз маърузасини битта масалага, порошковая металлургия (металл кукуни саноати)га бағишлади. Бу соҳани эшитмаган ёки билмаган ўқувчига қисқа маълумот бераман. Мас., маълум бир металларни кукун (порошок)га айлантириб, катта босим ва иссиқлик остида ҳар хил деталлар сиртига “суркаш” ёрдамида шу деталнинг емирилишини кескин камайтириш мумкин. А.Александров бунга битта мисол келтирди. “Жигули” автомашинаси мотори цилиндрларининг поршень ҳаракатланадиган сиртига металл кукуни “суркалса” моторнинг ресурси 6 (олти) баробар ошар экан. Коррозия (занглаш)га учрайдиган қурилмалар (мас., электр симлари тортилган темир мачталар) устига металл кукуни “суркалса” у қурилмалар деярли абадий бўлар экан. А.Александровнинг айтишича, металл кукуни саноати ривожланишига совет олимлари катта хисса қўшган бўлса-да, бироқ СССРда бу соҳадан амалий фойдаланиш энг орқада қолган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда экан. Бироқ Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ металл кукуни саноатидан улкан фойда олмоқда, деди олим. (Тамом).

СССРдай бой ва қудратли давлат тузилгандан “веспасианлик” даврига кирган эди. Бу даврни баъзан “давлат терроризми” (“давлат қароқчилиги”) даври ҳам дейишади. Тоталитар ёки авторитар, яъни яккапартиявийлик [мас., СССР, Ҳитлер Германияси ва б.] ёки яккаҳокимлик  [мас., Ўзбекистон, Туркманистон, Зимбабве ва ҳ.]ка асосланган давлатлар фақат репрессив сиёсат ва унинг ташкил этувчиси бўлган баҳайбат кучишлатар ва бошқарув органлари ҳисобига маълум бир давр ҳукм суриши мумкин. Одатда, бундай давлатларда кучишлатар ва бошқарув органлари таборо кенгайиб бориш тенденцияси (хусусияти)га эга бўладилар.

Репрессив сиёсий тузумлар учун “фаровонлик” ва “барқарорлик” тушунчаларидан иккинчиси ўта муҳимдир. Давлат раҳбарлари уёқда турсин барқарорликдан фаровонлик туғилмаслигини, фаровонликдан эса барқарорлик туғилишини оддий инсон ҳам тушунади. Шундай қилиб, барқарорлик энг олий қадрият деган фикрни   аҳоли онгига сингдириш ва шу орқали ўзининг кучишлатар ҳамда бошқарув органларини беҳад кенгайтириш ҳар қандай репрессив тузумнинг асосий режасига айланади. Бу режани амалга ошириш борасида ҳукумат олдида янги муаммо: бу юҳони қандай боқиш мумкин, маблағни қаёқдан топамиз, деган муаммо пайдо бўлади. Мазкур масалани ҳукумат осонгина ҳал қилади, яъни оддий тилда айтганда, “сопини ўзидан чиқаради”, яъни ҳукуматнинг мантиғи ушбу кўринишда бўлади: ўз норозилигини билдириб биз яратган тузумга қарши кўчага чиққан халқни бостирувчи кучни боқиш учун пулни халқнинг ўзидан ундириш керак!

Мамлакатда веспасианлик даври ҳукм сураётган пайтда таланаётган халқ баттарроқ таланади, режимнинг устунларидан бири бўлган суд органлари уни ҳукуматга “қонунлиштириб” беради, судлар ҳар қандай нарсадан “пул қилиш” йўлига ўтади, яъни суд ўзининг асл вазифаси – адолатни тиклашдан тамоман узоқлашади, у давлатнинг оддий тадбиркорлик корхонасига айланади. Веспасианлик (давлат қароқчилиги) даврида мамлакатда юзага келган вазиятни оддий қилиб шундай тушунтириш мумкин: //халқ таланаяпти//,  //халқда норозилик пайдо бўлаяпти //,  //у кўчага чиқмаслиги учун ҳар қандай норозилик куч ва алдов билан бостирилаяпти //,  //натижа ўлароқ кучишлатар ва бошқарув органлари кенгайтиралаётир//,  //уларни таъминлаш учун пул етишмаяпти//,  //халқ баттар таланмоқда//, //судлар ҳукуматга талашни “қонунийлаштириб” бермоқда//,  //халқ орасида норозилик ортмоқда //…; //бу процесс (жараён) спираль бўйича ўсиб бормоқда //.  Баъзи мамлакатларда бу жараён ғалаёнларга олиб келади ва баъзан халқ ғалабаси билан тугайди, режим алмашади. Ўзбекистон ва Туркманистонга ўхшаган мамлакатларда воқеалар спирали пастга қараган бўлади ва халқ режимнинг қулига айланади.

Мақоланинг давомида мен қуйидаги терминлардан фойдаланишимга тўғри келади:

Такрорланмайдиган (тикланмайдиган) энергия манбаълари: газ, нефть, кўмир, торф, атом энергияси;  Мазкур манбаълар тарихий тез даврда тугаши кутилади.

Такрорланадиган (тикланадиган) энергия манбаълари:  қуёш энергияси, шамол энергияси, сув энергияси (гидроиншоатлар, денгиз ва океан тўлқинлари энергияси), сувни парчалаш натижасида ёнувчи водород ажратиш, биомасса (қишлоқхўжалиги ва чорвачилик чиқиндилари, денгиз ва океан ўсимликлари)дан олинадиган энергия, геотермал (еростидан чиқадиган) иссиқ сув энергияси ва ҳоказо. Мазкур манбаълар узоқ келажакда ҳам тугамаслиги башорат қилинади.

Веспасианлик даврида ҳукумат ҳам акс ҳолларда “ўз ёғига ўзи қовурилиб” қолади. Унда ўзини сақлаш инстинкти (ҳисси) шу қадар кучли бўлади-ки, у жамиятни ривожлантирадиган, фаровонликка ва, демак, барқарорликка олиб борадиган йўлларни кўрмайди, кўрганда ҳам бу йўллар уни қизиқтирмайди. Шу йўллардан бири энергетикадир, чунки нафақат аҳолининг, ҳар бир хонадоннинг кундалик уй эҳтиёжи, балки ҳар қандай ишлабчиқариш ҳам маълум миқдорда электр, иссиқлик ва бошқа турдаги энергияни талаб қилади. Репрессив тузумлар учун табиий манбаълар, яъни қазиб олинадиган энергия манбаълари (газ, нефть)ни жамият манфаати ва ривожланиши учун эмас, балки ўзининг беҳисоб текинхўрларини боқиш учун сарфлаш мақсадга мувофиқдир.  Нега Ўзбекистоннинг Тошкентдан бошқа барча ҳудудларида оддий аҳоли мамлакатнинг ўзида ишлабчиқарилаётган газ ва электрдан маҳрум қилинган? Сабабини юқорида тушунтирдик: улар газ, нефть, электрни сотиши керак, пул қилиш керак, чунки ҳукуматнинг кучишлатар ва бошқарув органлари қалдирғочнинг болаларидек, “ота-онамиз бизга нима берар экан” деб муттасил оғзини очиб туришади.

Веспасианлик даврида халқ нафақат суд орқали таланади, у кўчада ҳам, бозорда ҳам, давлат идораларда ҳам таланади. Шу сабабли репрессив ҳукумат давлат органларидаги порахўрлик ва коррупцияга қарши астойдил курашмайди. Кўчада ДАН ходимлари, бозорларда қора маскалилар, идоралар ичида МХХ, прокуратура, милиция, суд, солиқ инспекцияси ва бошқа минглаб давлат идораларининг мулозимлари халқни талайди. Бу жараён халқнинг руҳини синдиради, унинг норозилик потенциали (кучи)ни сусайтиради, халқда қуллик кайфиятини шакллантиради.

Арзон, мутлақо шовқинсиз, экологик тоза, табиатга зарар етказмайдиган электр энергияси

 

Мен Туркияни у бошидан бу бошигача тўрт марта автобусда кезиб чиққанман. Йўлингизда фақат майда тошлардан иборат, дарахтсиз, ўтсиз-ўлансиз чўл зоналарида катта-катта шаҳарлар учрайди. Бир-биридан чиройли кўпқаватли уйлар томида қуёш батареялари (ҚБ) макон топган. Тепадаги сарлавҳачада айтилгандек арзон, мутлақо шовқин чиқармайдиган, экологик тоза ва, асосийси, табиатга зарар етказмайдиган қурилмалар кўзни қувонтиради. Йилнинг 300 дан кўпроқ куни қуёшли, булутсиз бўлган Ўзбекистонда ҳанузгача ҚБ урф бўлмади.  Ваҳоланки, ўтган асрнинг 30-чи йилларида ўзбекистонлик олимлар қуёш энергияси асосида ишлайдиган қурилмалар барпо эта бошлаганлар. Қуёш энергиясидан фойдаланиш перспективаларини ўрганиш илмий-текшириш даргоҳи дунёда фақат икки мамлакатда – Франция ва 1987 йилда Ўзбекистонда Паркент туманида қурилган.

Етакчи эксперт гуруҳларнинг чоп этилган докладларида айтилишича, СССРдан чиққан мамлакатларнинг аксариятидан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда муқобил энергия манбаълари, хусусан қуёш энергиясидан фойдаланиш тўғрисида ҳанузгача қонун қабул қилинмаган, тайёрланаётган қонун эса фақат 2014 йилда Олий Маждис томонидан кўриб чиқилиши мумкин экан. Меёрий-ҳуқуқий базанинг йўқлиги фан ва амалиёт орасидаги фарқни кескин камайтиришга имкон бермайди, қуёш энергияси асосида ишлайдиган техник воситаларни ишлабчиқаришга тўсқинлик қилади.

2013 йил 1 мартда Ислом Каримов “Муқобил энергия манбаъларини давомли ривожлантириш чоралари ҳақида” деган фармон чиқарибди. Фармонда Иқтисод ва Молия вазирликлари, Фанлар академияси ва “Ўзбекэнерго” Давлат акционерлик компанияси томонидан киритилган ҳамда лойиҳада “Осиё тараққиёт банки” ва бошқа халқаро молия ташкилотлари иштирок этадиган, Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлабчиқариш бирлашмаси асосида Тошкентда “Халқаро қуёш энергияси институти” ташкил этиш таклифи маъқулланган. Халқаро амалиётда ноанъанавий энергия манбаъларидан фойдаланиш кенг кўламда ўсиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда бу жараён “тошбақа юриш” тезлигида бормоқда. 2006-2007 йилларда мамлакатда такрорланувчи энергетика ривожланишининг перспективалари ўрганилган бўлса-да, бироқ бу изланишларни амалиётга киритиш бобида ҳеч нарса қилинмади.

Ҳикоя: Тошкент давлат педагогика институтининг математика факультетида “Алгебра ва сонлар назарияси” кафедрасини Баҳодир Тошпўлатов бошқарар эди. Бу шахс институтни зўрға ўрта баҳоларда битирган бўлса-да, Ўзкомпартия Марказий комитетида ишлаган яқин қариндоши туфайли институтда ишга олиб қолинган ва кафедра мудири даражасигача олиб чиқилган эди. Кафедра мудири бўлгач Баҳодир олий ўқув юртлари талабалари учун бошқа муаллифлар билан ҳамкорликда китоблар ёза бошлади. Ҳамма ҳайрон. Онда-сонда бу мавзу муҳокама ҳам бўлиб турарди. Факультет декани Маматсоли Мадиримов Баҳодир билан битта группада ўқиган, бироқ ундан фарқли ўлароқ, аспирантурани Москва давлат университетида битирган ўта талантли йигит эди. Бир йиғинда Баҳодирнинг китоб ёзаётгани муҳокама қилинаётганда: “Менинг курсдошим Баҳодирнинг таланти 37 ёшида очилди” деб ҳаммани кулдирди. (Тамом).

Ҳисса: Ислом Каримов давлат бошига келгунча, айтишларича, ҳатто бирорта мақола ҳам ёзмаган. Баҳодир Тошпўлатов таланти сингари унинг таланти 50 дан ўтгандан кейин очилди. Ислом Каримов тез орада фан доктори бўлди, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиклигига сайланди. Гарчи ичидагилар мамлакат ҳаётининг бирорта соҳасида қўлланилмаган бўлса-да, ўнлаб кераксиз китоблар ёзиб ташлади. Ҳокимиятга келгандан 24 йилдан кейин муқобил энергия манбаълари бўйича фармон чиқарибди. (Тамом).

Яна ҳикоя: Тошкент давлат педагогика институтининг физика факультетида жиккакгина, одамларга ўта меҳрибон, бутун умрини қуёш батареяларини кашф қилишга бағишлаган Михайлов деган чол ишлар эди. Унинг квартираси одам юриб бўлмас даражада турли асбоб-ускуналар, деталлар, ясалган батареялар билан тўлган эди. Унинг илмий ва амалий изланишлари билан ҳеч ким қизиқмади. Михайлов ўз ғояларини юзага чиқара олмай ўлиб кетди. (Тамом).

Ҳисса:  Ҳозир ҳам халқимиз орасида фан ва техниканинг “кўзини” биладиган инсонлар етарли. Уларни излаш, топиш, уларга яхши шароитлар яратиш, уларнинг талантидан жамият ривожи учун фойдаланишни Ислом Каримов ўйлайдими? Йўқ, ўйламайди! У халқ бош кўтармаслиги учун курашадиган садист-қотилларни излаши мумкин! Бундайлар ҳам халқ орасида етарли. (Тамом).

Охирги ҳикоя: Гулистонлик кашфиётчи-олим, 1-гуруҳ ногирони Муҳаммад Раҳмонқулов қишлоқ хўжалигида ишоатиладиган юқори самарали бир машина (аппарат) яратади ва Ўзбекистон Патент Бюросидан кашфиёти учун патент олади. Тез орада унинг патенти билан қизиққан одамлар топилади ва улар патентни уларга сотишни таклиф қилишади. “Бу менинг кўпйиллик изланишларим маҳсули, менинг якка-ю ягона бойлигим, мен уни ҳеч қачон сотмайман” дейди жавобан кашфиётчи. Келган одамлардан бири ўзининг яқини, Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси катта терговчиси, милиция подполковниги Бозорбой Қодировга мурожаат қилади. Бир неча кун ўтгач, М.Раҳмонқуловнинг уйига Б.Қодиров бошчилигида бир гуруҳ автоматлар билан қуролланган, қора маска кийган милиция ходимлари бостириб киришади. Б.Қодиров уй эгасини қалбаки долларлар ишлашда айблайди. Тинтув улар кутган натижани бермайди, бироқ М.Раҳмонқуловни шаҳар ИИБга олиб кетишади. Уч сутка давомида Б.Қодиров бошчилигида, вилоят ИИБнинг совуқ ва зах подвалида олим калтакланади. М.Раҳмонқулов ўлар ҳолига келганда “тез ёрдам” машинасини чақириб уни касалхонага жўнатишади. М.Роҳмонқулов касалхонада уч ой кроватга михланиб ётади ва бу давр ичида унинг палатасида икки қуролланган милиция ходими ўтиради. Бу орада Б.Қодиров чала-чулпа тайёрланган жиноий ишни судга оширади. Кунларнинг бирида вилоят судининг судьяси Эркин Хидирбоев касалхонага, М.Раҳмонқуловни “кўргани” келади ва унга: “Сиз яхшилаб даволанаверинг, касалхонадан чиққанингиздан кейин сизни ўзим суд қиламан” деб жўнаб кетади. (Тамом).

Ислом Каримов тузумининг фан ва фан одамларига муносабати ана шундай! Фан ривожланса, жамият ривожланади, одамларда фикр, шу жумладан ҳурфикрлилик ривожланади. Бу эса мазкур репрессив тузум табиатига зиддир.

Хулоса: Узоғи билан 100-200 йилдан кейин энергиянинг такрорланмайдиган (тикланмайдиган) манбаълари тугаши ҳақида олимлар бонг уришмоқда. Халқини, ватанини ва ўзини ҳурмат қилган ҳукуматлар такрорланадиган (тикланадиган) энергия манбаъларини ривожлантириш лойиҳалари устида фаол ишлашмоқда. Япониянинг Фукусима шаҳридаги атом электростанция (АЭС)си зилзила натижасида бузилиб мамлакатнинг аҳолиси, экологик муҳити ва иқтисодига катта зарар етказганидан кейин дунёда АЭСлардан бутунлай воз кечиш ҳаракати бошланди. Германия аҳолиси АЭСларнинг барчасини бекитишни талаб қилмоқда. Францияда ишлабчиқариладиган электр энергиясининг 80% ини АЭСлар ишлаб чиқаргани учун французлар қаттиқ ташвишга тушишган. Ислом Каримов эса ўзининг ҳимоячилари бўлган кучишлатар ва бошқарув органларини камчиликсиз боқиш учун Ўзбекистоннинг такрорланмайдиган (тикланмайдиган) газ, нефть ва электрни ташқи давлатларга сотишга зўр бериб келмоқда.

 

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.