ЗУЛМКОРНИНГ ТИЛИДАГИ ВА ДИЛИДАГИ ГАПИ

Толиб Ёқубов

Сиз менинг тинчлигимни бузаяпсизлар,

мен сизларнинг ҳаётингни бузаман 

3-чи қисм

islom karim-2

Islom KARIMOV

Мақола сўнгида мен Каримов тинчлигини энг жиддий бузганлар – андижонлик тадбиркорлар ҳақида тўхталмоқчиман. Бошдан бош Каримов сиёсатининг негизи (марказий нуқтаси): бирор шахс ёки бирор гуруҳ халқни у ёки бу маънода ўз ортидан эргаштириш салоҳиятига эришса, уни дарҳол фалаж ҳолга тушириш (иқтисодий сиқувга олиш, сазойи қилиш, калтаклаш, қамаш, ўлдириш ва б.)дан иборат бўлганини “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партияси ўз бошидан ўтказгани ҳаммага маълум. Андижонлик тадбиркорлар минглаб иш жойлари ташкил этишган, ишчиларга муносиб ҳақ тўлашган, болалар боғчалари очишган, кам таъминланган оилалар фарзанларининг суннат тўйларини ўтказишган, йигитларни уйланиш харажатларини кўтаришган ва ҳ.

Бундай воқеалар дарҳол халқнинг оғзига тушади, ҳар бир тўйда, гапу-гаштакда, чойхона-ю бозорда муҳокама қилинади. Каримов ҳокимиятга келгач, биринчи навбатда у маҳаллага ўз эътиборини қаратди: маҳаллаларни обод қилиш, одамларнинг турмуш даражасини кўтариш ёки бошқа инсонпарвар ва халқпарвар ишларни қилиш учун эмас, халқнинг ҳар кунлик кайфиятини билиб туриш учун, унинг ҳаётини тўлиқ назорат остига олиш учун эътибор қаратди. Ҳар бир маҳаллада, маҳалла бошлиғидан тортиб ўнлаб посбонларгача давлатдан маош олиб маҳалладошлари ҳақида керакли маълумотларни МХХга етказиб бериб туриши йўлга қўйилди.

Андижонли тадбиркорлар фаолияти МХХнинг тўлиқ назорати остида бўлган, уларнинг орасига МХХнинг хуфялари сингдирилган, улар ўз навбатида тадбиркорлар ва уларнинг хайрихоҳлари орасида МХХдан берилган топшириқларни амалга оширишган. Тадбиркорлар яхши иқтисодчилар бўлган, бироқ сиёсатда, махсус хизматлар найрангини илғаш ва фош қилишда нўноқ бўлишгани кўзга ташланади. Қўпол қилиб айтганда, МХХ уларни ҳар куйга солиб “ўйнатишган”. Ҳатто 23 тадбиркор қамалиб суд бўлаётган пайтда ҳам МХХнинг сингдирилган агентлари қолганларни лақиллатиб юраверган. Андижонликларга қўйилган айбларнинг бирортаси ҳам танқидга дош бера олмайди. Мас., Андижондаги ёпиқ УЯ 64/Т-1 турманинг босиб олиниши таг-томири билан ёлғон: уни бир гуруҳ қуролланган одамлар бир юк машинаси билан турма дарвозасини бузиб кирганлиги ва махбусларни озод этишгани … кулгили.

Қамоқхоналар давлатнинг Махсус Қўриқланадиган Объектлари (МҚО) сирасига киради. Бундай объектлар (нафақат қамоқхоналар, балки бошқа МҚОлар ҳам) махсус ерости кабеллари воситасида МХХнинг маҳаллий бўлимининг алоқа пультига ва Тошкентдаги марказий пультига уланган бўлади. Қамоқхоналар ИИ вазирлигига қарашли бўлгани учун улар вилоят ва ИИВ пультларига ҳам уланган бўлади. Қамоқхона ҳужумга учраса, ўша заҳоти МХХ ва ИИВга маълум бўлади. Босқинчилар турмадаги бешта камерасини очгунча МХХ ва ИИВнинг қуролли гуруҳлари етиб келади. Нега ўша кечаси пультларга сигнал келмаган? Босқинчилар турма дарвозасини бузиб кириб, камераларни очиб, 500-1000 маҳбусни 5-10 минутда олиб чиқиб кета олмайдилар-ку! Буни тушунтириш мутлақо қийин эмас: ё бу операцияни 5-6 алданган андижонликлар МХХнинг вакиллари билан амалга оширган, ёки тамоман МХХ вакиллари бажарган. Бошқа вариант йўқ!

“Террористлар”нинг ҳарбий қисмга ҳужуми ва уердан кўп миқдорда қурол олиб чиқиб кетилиши турмага ҳужум қилинишидан ҳам бебурдроқдир ва, ҳатто, муҳокама қилишга ҳам арзимайди: турма ичидаги қуролли қўриқчилар сони билан ҳарбий қисмдаги қуролланган аскарлар сонини таққослаб ҳам бўлмайди. Атрофи ўралган, ичида камида битта рота (тахм. ўрта ҳисобда 100 аскар) жойлашган ҳарбий қисмга ҳужум қилиш учун танк бўлиши ёки 1,5 – 2 баравар кўп, автомат ва гранаталар билан қуролланган ва ҳарбий машқлар ўтказилиб тайёргарликдан ўтган одамлар бўлиши керак. Агар ҳужум МХХ ёрдамида уюштирилган бўлса, ҳарбий қисм ичида бир рота эмас, бир батальон турган бўлса ҳам бу қисмни ов милтиғи билан қуролланган 5 та 15 ёшли бола ҳам ишғол қилиши мумкин. “Андижонликлар” кечаси билан шаҳарда ақл бовар қилмайдиган ишларни қилишган: а) ҳарбий қисмга ҳужум қилишиб, у ердан кўп миқдорда қурол-аслаҳа олиб чиқиб кетишган; б) ёпиқ турмага ҳужум қилиб 500 – 1000 махбусни озод қилишган; в) вилоят ҳокимиятининг биносини босиб олишган ва ҳ.

Саволлар: 1) XXI-чи аср бошила, мустақил давлатнинг энг катта шаҳарларидан бирида, МХХ ва милициянинг нафақат шаҳарларда, балки туман марказларида идоралари куну-тун ишлаб турган, ҳаммаёқ телефонлашган шароитда, Андижонда бир кечада шунча иш бўлса-ю, бундан давлатнинг мазкур идораларининг хабари бўлмаганига ишониш мумкинми? Бу XV-чи аср, ёки ҳатто XIX-чи аср эмас-ку! 2) Хабари бўлмаса, нега телефонлар, ҳарбий қисм, турма ва ҳокимиятни МХХ ва ИИВ билан улайдиган ерости кабеллари ишламаган, ёки давлат хавфсизлигини таъминловчи минглаб одамларнинг ҳаммаси ширин уйқуда бўлганми? Хабари бўлса, нега хабар келгандаёқ милиция ва МХХ органлари, армия қисмлари ҳаракатга келтирилмади? 3) Нега ҳукумат 13 май куни аҳоли Бобур майдонида тўпланишини кутган? 4) 13 май куни аҳолига қарши ишлатган  БТР ва бошқа ўқотар машиналарни ҳукумат 12 майдан 13 майга ўтар кечаси, юқорида айтилган ҳодисалар бўлаётганда “террорист”ларга қарши ишлатса бўлмасмиди?

Жавоб: Ўзбекистон телевидениеси, радиоси ва матбуотида бў саволлар бир марта ҳам қўйилган эмас. Қўйилган тақдирда ҳам жавоб берилмас эди. Авторитар тузумларнинг табиати шунақа. Мен юқорида фақат 4 та савол келтирдим, холос. Ваҳолан-ки, бундай саволларни ўнлаб келтириш мумкин. Бу саволларга ҳукумат жавоб бермайди эмас, жавоб бера олмайди. Сабаби оддий: Андижон воқеаси ҳукумат томонидан илгаридан “пухта” режалаштирилган. Бу режа Андижонда тадбиркорлар ҳаракати бошланиб, у халқ орасида қўллаб-қувватлана бошлангандаёқ  тузилган. Ҳукумат қулай фурсат ва қамоққа олинажак тадбиркорларнинг суди ҳукм чиқаришини кутган. Нега мен пухта сўзини қўштирноқ ичига олдим? Аслида мазкур режа пухта ишланган эмас. Пухта ишланган режа жавоб берилиши мумкин бўлмаган саволларга жой қолдирмайди. МХХнинг бу режаси, кўча тили билан айтганда, лох (шалпангқулоқ)ларга мўлжалланган – лохлар эшитган ҳар бир нарсага ишониб кетаверадилар. Нега ҳукумат ҳозиргача мустақил халқаро текширувга рухсат бермай келмоқда? Жавоби юзада турибди: халқаро эксперт (тахлилчи)лар лох эмас, улар ҳукумат олдига айнан юқорида келтирилган ва бошқа саволларни қўйишади ва уларга батафсил жавоб беришни талаб қилишади.

Акром Йўлдошев ҳақида. Мен унинг “Иймонга йўл” номли китобчасининг электрон вариантини қайта-қайта ўқиганман. Кимга қандай, бироқ мен бу китобчада аҳолини экстремизм ва терроризмга даъват қилиш ҳақида битта жумла ҳам топа олмадим. Мен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти иш фаолияти йўналишларидан бири сиёсий ва диний мухолифат вакилларининг ноҳақдан қамоққа олинишлари, қийноққа солинишлари, улар устидан адолатсиз судлар ўтказилиши, жазони ижро этиш муассасаларида кучли тазйиқ остида сақланишларини ўрганиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва уларни кенг тарқатиш эди. Табиий, ЎИҲЖ вакиллари мусулмонларга айб сифатида қўйилаётган экстремизм, фундаментализм, терроризм, сепаратизм каби сифатлар билан яхши таниш бўлиб, бу соҳада оқ-қорани ажрата олар эдилар. “Иймонга йўл” ўзига хос кичик бир фалсафий асар бўлиб, унда Қуръони карим асосида жамиятнинг иқтисодини қандай ташкил қилиш, бу соҳада тадбиркорларнинг роли, жамиятдаги кам таъминланган қатламга саховат кўрсатиш ҳақида фикр юритилган эди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бобида ҳукумат ҳеч қандай иш қилган эмас, аксинча халқнинг қашшоқлашиши учун у қўлидан келгунча ҳаракат қилди. Бу соф коммунистик йўл – Каримов бекорга Ўзбекистон компартиясининг 1-Котиби бўлган эмас-ку! Андижонлик тадбиркорлар ҳеч бўлмаса ўз шаҳарларининг бир қатор маҳаллаларида бунинг уддасидан чиқишди – Қуръони карим асосида! Андижонлик тадбиркорларга ҳукумат қўйиб берса, улар янги-янги иш жойларини ташкил қилиб аввал бутун шаҳарнинг, кейин бутун вилоятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишлари мумкин эди. Қарабсиз-ки, уларнинг бу ҳаракати республикага тарқала бошлар эди. Бу гапнинг далили учун: андижонлик тадбиркорлар судланаётган пайтда Тошкент ва Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида “акромийлар” дея айбланаётган тадбиркорлар ҳам қамалган эди. Ислом Каримов бунга йўл қўйиб қўярмиди? Асло! Акром Йўлдошев ўз фалсафасини Қуръони карим асосида эмас, Каримовнинг дилидаги коммунистик ғоя (унинг суяги коммунистик тузум шароитида қотган), ёки ҳеч бўлмаса демократик (Ўзбекистон Конституциясида ёзилган) ғоя асосида қурганда эди, китобини Каримов номи билан бошлаб Каримов номи билан тугатганда эди, балки Каримов уни давлат мулозимига айлантириб, андижонлик тадбиркорларга катта имкониятлар яратган бўлар эди.

Каримов ўзидан олдинга ўтиб тинчлигини бузган одамларни ёқтирмайди ва бундай одамларни жазолашни билади. Бу йўлда унинг асосий қуроли юқорида айтилган “изм”лар ва Жиноят кодексининг 159, 242, 2441, 2442 ва бошқа моддалари бўлиб келган. Фақат ўта зулмкор одамда инсонийлик, инсонпарварлик ва инсонларнинг дину-диёнатини инкор қиладиган, ўзгаларнинг ҳаётидан ўзининг тинчлигини афзал кўриб минг-минглаб инсонларни қамоқларга ташлайдиган хусусият бўлади. Андижон қирғини жиноятнинг чўққиси бўлса-да, менинг назаримда, Каримов ундан лаззатланган, чунки у Андижон воқеасигача Ўзбекистон халқини оттириб ўрганган эди. 1992 йил 16 январда Талабалар шаҳарчасида талабалар оттирилгани ҳақида юқорида мен айтиб ўтдим. Ундан олдин 1990-91 йилларда Каримов Наманган, Қўқон, Паркент, Денов ва бошқа шаҳарларда аҳолини оттирганини одамлар ҳали унутган эмас.

 2005 йилнинг 24-25 март кунлари, яъни Андижон қирғинидан салкам икки ой илгари Қирғизистонда “рангли” инқилоб бўлиб ўтди ва унинг натижаси ўлароқ Асқар Акаев президентликдан қувилди. Худди шундай инқилоблар 2003 ва 2004 йилларда Грузия ва Украинада бўлиб, бу мамлакатларда ҳам давлат бошлиқлари тахтдан ағдарилдилар. Бу инқилоблар тахтга зулукдай ёпишиб олган, Каримовга ўхшаган давлат бошлиқларининг ўтакасини ёрди. Андижон билан шундоққина чегарадош бўлган қўшни мамлакатда содир бўлаётган бу ғалаёнлар алангаси Ўзбекистонга ҳам ўтиб кетмаслигига ким кафолат бера олади? Ҳеч ким! Аслида Қирғизистонда давлат тўнтаришига тайёргарлик кетаётгани ҳақидаги маълумот 2005 йилнинг бошида Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати орқали Ўзбекистон МХХга маълум бўлган. Андижонликларнинг фожеаси шундан иборат-ки, ўша пайтда тадбиркорлар қамалган ва улар устидан тергов ҳаракатлари кетаётган эди. Андижон аҳолисини отиш режаси пайдо бўлишида ҳукуматга айнан шу жиноий иш қўл келган. Русларда: “оказаться в нужном месте, в нужное время” (“керакли жой ва керакли вақтда пайдо бўлиш”) деган ибора бор. Яъни бир воқеа содир бўлиши учун бир неча бошқа воқеалар керакли вақтда ва керакли жойда содир бўлиши керак. Қирғизистон воқеаси, Акром Йўлдошев китобининг тарқалиши, тадбиркорларнинг қамалиши ва бошқа бир қатор воқеалар ҳукумат учун керакли жойда ва керакли вақтда кетма-кет содир бўлди.

Кўп ҳолатларда, яъни амалий ишларда, хусусан суд биноси олдида ҳар куни пикетлар уюштириш, қуролли чиқиш қилиш зарурат эканлиги ҳақидаги гапларни тарқатиш, аҳолининг 13 май куни Бобур майдонига тўпланишигача (ва ҳ.) бўлган ишларда тадбиркорлар ичига, маҳалла-куй ва мачитларга сингдирилган, ҳар қадамда изғиб юрган МХХ айғоқчиларининг “хизмати” катта бўлган. Ўша дамларда Андижон аҳолисини отишга нафақат МХХ, балки ҳукуматнинг барча буғинлари – милиция, прокуратура, суд, армия, ҳокимият ва бошқа органлари сафарбар қилинган. Ҳуқуқбонларни қўрқитиш мақсадида Андижон аҳолиси отилажагини камида икки ҳафта илгари бир вилоят ҳокими айтганлиги ҳақида маълумот бор.

Отишдан мақсад: 1) Ўзбекистонда содир бўлиши эҳтимоли бўлган инқилобнинг олдини олиш, яъни халқни қаттиқ қурқувга солиш; 2) 2007 йилда ўтказилажак Президент сайлови олдида Каримовга қарши бўладиган ҳар қандай тўсиқни йўқотиш; 3) Андижон “қўзғолони” баҳонасида дунёвий ва диний мухолифат вакиллари ҳамда ҳуқуқбонлар, журналистларни кескин таъқиб остига олиш; 4) Мамлакатдаги сиёсий режим табиатига зид бўлган ҳар қандай тадбиркорликни йўқ қилиш; 5) Ўзбекистонда фаолият юргазаётган чет эллик нодавлат ташкилотлари, радио ва матбуотини мамлакатдан чиқариб юбориш; 6) Каримов 90-чи йиллар бошидан бери ишлатиб келаётган, ўзи шакллантираётган тузум учун ички ва ташқи душман дея баҳоланаётган “Ислом экстремизми ва терроризми”га қарши курашга янги туртки беришдан иборат эди. Бегуноҳ андижонликларнинг тўкилган қони ҳисобига буларнинг ҳаммаси бажарилди.

 

Хотима. “Адолат туйғуси инсонлар орасида жуда адолатсиз тақсимланган”. Адашмасам, бу ҳикматни мен биринчи марта бир болгар журналистининг мақоласида учратганман. Ҳар қандай замонда ҳар қандай халқнинг “Давлатимиз бошига адолатли инсон келсин” деган орзуси бўлган. Тарихга назар солсангиз негадир давлат бошлиқларининг аксари адолатсиз инсонлар бўлганини кўрасиз. Бундай ҳукмдорлар ўз атрофига адолат ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган одамларни тўплаганлар. Буни тушуниш қийин эмас: биринчидан, мустабид бошлиқнинг энг аввалги орзуси – ҳеч ким унинг тинчлигини бузмасин, иккинчидан, кейингиси эса унинг тинчлигини бузадиганлар пайдо бўлса, унинг атрофи ўшаларнинг ҳаётини бузишга шай туришлари керак! Шулардан бири Ўзбекистонни 24 йилдан бери бошқараётган Ислом Каримовдир.

Ҳар қандай икки одам бир-биридан фарқ қилгани туфайли ҳар қандай жамият биржинсли бўлиши мумкин эмас. Бу ерда биржинслилик, табиий, эркак-аёл маъносида айтилаётгани йўқ. Демак, ҳар қандай жамиятда қулфикрлилик ҳам, ҳурфикрлилик ҳам бўлади. Қулфикрлилар, табиий, мустабид бошлиқдан норози бўлмайди, уларга бошлиқ ва унинг атрофи эътибор ҳам бермайди. Қулфикрлиларнинг асосий шиори: “Тинчлик бўлсин!”дир. Қулфикрлилар бошлиқ ва унинг атрофининг эсига 3-4 йил ичида бир марта – сайлов пайтида – тушади, холос. Бу – қулфикрлилар кам бўлганлиги учун эмас, аксинча бениҳоя кўп бўлганликларидандир.  Мустабиднинг бош оғриғи ҳамма вақт ҳурфикрлилар бўлиб келган. Мустабид, унинг атрофи ва мавжуд тузум ҳақида ўз фикрини айта оладиган одамлар ҳурфикрлилардир. Ҳурфикрлилар кўп бўлмайди. Шунинг учун бўлса керак, депутатларни ва давлат бошлиғини сайлашда қулфикрлилар уларни “кўрмайди”. Тўғрироғи, уларни кўришга мустабид ва унинг атрофи йўл қўймайди.

Ҳурфикрлилар адолатни қўллашади, қулфикрлиларга барибир – улар адолатсизликка-да кўниб кетаверадилар. Жамиятнинг катта қисми мустабид, унинг атрофи ва қулфикрлилардан иборат бўлгач, нега “Адолат туйғуси одамлар орасида жуда адолатсиз тақсимланган” деган ҳикмат маъноси тушунарли бўлса керак? Хулоса: Мустабид ва унинг атрофи тузалганлигини, адолатли бўлганини инсоният деярли кўрмаган. Қулфикрлилар ўз дунёқарашини ҳурфикрлилар томонга қарата ўзгартирганларини эса кўп марта кўришган. Қулфикрлилар оммавий тусда ҳурфикрлиларга қўшилишганда жамиятда адолат қарор топганига тарихда мисоллар оз эмас. Ўзбек жамиятида ҳам шу ижобий ҳодиса юз беришига менинг ишончим комил.

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.