МУЛЛА ЖАББОР – УНДА БИР ГАП БОР!

Muhammad Solih va Ismat Xushev Turkiyada            “Дунё ўзбеклари” бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ таклифига биноан  16 сентябрь куни Туркияга ташриф буюрди. Исмат Хушевнинг якшанбадан душанбагача давом этадиган бир ҳафталик ижодий сафари хотираларини яқин кунлар ичида “Истанбулга саёҳат” рукни остида  ўқишингиз мумкин. “Дунё ўзбеклари” махсус мухбирининг Туркияга сафари давомида Муҳаммад Солиҳга нисбатан яқинда уюштирилган суиқасд тафсилотларини, Истанбул полицияси тарафидан олиб борилаётган тергов жараёнини, ўзбек мухолифати лидерини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш масалаларини яқиндан ўрганиш ва тадқиқ этиш кўзда тутилган.

Ушбу расм ва хабар www.dunyouzbeklari.com  сайтидан олинди.

МУЛЛА ЖАББОР – УНДА БИР ГАП БОР!

 

            Маддоҳнинг хушовози инсон учун қанчалик ёқимли эканини Ислом Каримовга ўхшаганлардан сўранг. Чамаси, уни ўзбек мухолифатининг йирик вакили, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг раиси Муҳаммад Солиҳдан сўралса ҳам бўлса керак. Ўзбекнинг бетакрор маддоҳи Исмат Хушевни океан ортида ётган, узоқ Канададан Истанбулга олиб келишнинг ўзи бўладими? Таклиф қилган одам йўлкирани ҳам, ётиб-туришни ҳам, еб-ичишни ҳам кўтаради, албатта.  И.Хушев олдида нафақат “Муҳаммад Солиҳга нисбатан яқинда уюштирилган суиқасд тафсилотларини” ёки “Истанбул полицияси тарафидан олиб борилаётган тергов жараёнини” ўрганиш, балки булардан-да олийжаноброқ мақсад: “ўзбек мухолифати лидерини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш масалалари” ҳам турибди экан. Шу жойда ажабланарли бир сўз – “махсус” сўзи – одамни ўйлантиради. Давлатнинг махсус хизмат идораси И.Хушевни махсус танламаганмикин? Хабарнинг бошида бу зот “Дунё ўзбеклари” бош муҳаррири, дея таништирилганини ҳисобга олсак, нега у “махсус мухбир”га айлантирилди экан? Истанбул учрашуви И.Хушев Ўзбекистонга бемалол бориб келганда режалаштирилгандир балки?

“Ўзбек мухолифати лидерини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш масаласи” И.Хушев учун муҳим масала эканлигига ишониш қийин, чунки у ўзбек мухолифатининг лидери бўлса, уни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш ўзбек мухолифати вакилларининг вазифасидир. Агар бу ишга И.Хушев мутасадди бўлса, у ҳолда лидер қаттиқ адашган экан: Фуад Рустамхўжаев ва Обидхон-қори Назаровни қўриқлаш ва ҳимоя қилишни у И.Хушевга топшириши керак эди. Муҳаммад Солиҳ ўзига келгандагина бу масалани “яқиндан ўрганиш ва тадқиқ этиш” учун  шаввоз И.Хушевни сафарбар қилибди! Бироқ, тушунарсиз. И.Хушев И.Каримов қўлтиғи остида тарбия топганини ва кимга хизмат қилиб келаётганини Муҳаммад Солиҳ билмайдими? Билса – лидернинг ўзи ким? И.Хушевни ЎХҲнинг Прага қурултойига таклиф қилган ҳам, унинг барча харажатларини ортиғи билан кўтарган шу лидер! Ҳой муҳтарам Муҳаммад Солиҳ, аслингиз ким? Биз тушунмай турибмиз.

ЎХҲни андижонликлар, Ҳазратқул Худойберди, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Намоз Нормўмин ва бошқаларнинг тарк этишганини мен энди тушуна бошладим. Маддоҳ билан яқинлашиш учун сафдошлардан узоқлашиш лозимлиги менга энди етди. Шу масалада мен кимнинг дилини оғритган бўлсам, чуқур кечирим сўрайман.  2007 йилда мен “Постоянный скандальный фон в среде оппозиции и правозащитного движения Узбекистана” [менинг Фейсбук тармоғидаги саҳифамга ҳам қўйилган] мақоламда: “Агар Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ орасидаги зиддият шу тахлитда давом этаверса, уларнинг бири ҳукумат олдига бўйин эгиб боради”, деб ёзган эдим. Адашган эканман: “Иккаласи ҳам бўйин эгиб боради” дейишим керак экан. Муҳаммад Солиҳ ҳам И.Хушев воситачилигида ҳукумат билан “брудершафт”ни бошлаб юбормадимикин? Бошлаб юборган бўлса, АФСУС! Бошлаб юборган бўлса, бу – сўзсиз И.Каримов режимининг мухолифат устидан қозонган навбатдаги ғалабаси бўлади.

Бошлаб юборган бўлса, муҳтарам Муҳаммад Солиҳ нималардан қўрқаяпти, ёки ҳадиксираяпти, ёки режалаштираяпти? Баҳодир Чориев Ўзбекистонда рангли инқилоб эълон қилганидан, бир нарсадан қуруқ қолгандай, ташвишга тушиб қолдимикин? Абдураҳим Пўлатовнинг овози ўчиб кетганидан келиб чиқиб, бирор нарсадан гумонсираяптимикин? Каримов тузуми зиндонбанд қилган укасини ўйлаб қолдимикин? МХХ бирор нозик жойидан ушладимикин? Ё 2014-15 йилларда ўтадиган парламент ва президент сайловларида навбатдаги қўғирчоқ ролини ўйнаб бериш учун қатнашишни ўйлаяптимикин? 2000 йилги сайловда И.Каримов мухолифатга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қўғирчоқ номзод қилиб Абдулҳофиз Жалоловни танлаган эди. 2007 йилда ҳам И.Каримов президентликка учта қўғирчоқни жалб этди. Халқаро майдонда ҳеч ким бу сайловлардан хурсанд бўлган эмас. И.Каримов президент сайловига Муҳаммад Солиҳни жалб қилишга қарор қилмадимикин? Рақибга қаранг: кимсан, ўзбек мухолифатининг ЛИДЕРИ! Бундан-да ишончли, халқаро майдон вакилларининг қувончига қувонч қўшадиган сайлов бўладими?

Узоғи билан 4-5 кундан кейин “Дунё ўзбеклари” сайтида, ажаб эмас балки www.uzxalqharakati.com  сайтида ҳам гўзал Истанбул шаҳри кўринишларининг бирида бир-бирига меҳру-муҳаббат кайфиятида суҳбат қуришаётган Муҳаммад Солиҳ ва махсус мухбир Исмат Хушевнинг “ижодий” сафари ҳақидаги хотираларини мароқ билан ўқиймиз, иншаАллоҳ.

Толиб Ёқубов.

21 сентябрь, 2013 йил.     Франция.

 

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.