ШАНТАЖ ёхуд ДАВЛАТ БОШҚАРУВИДАГИ БИР УСУЛ

            Толиб Ёқубов

            Шанта́ж (фр. chantage) — ўзганинг  мол-мулкини  таъмагирлик билан тортиб олиш ёки  турли хил ёнбосишга эришиш мақсадида шармандали  ёки  тўҳматона  фош қилиш  билан қўрқитиш – талаблар бажарилмаган ҳолда ҳар қандай салбий оқибатлар келтириб чиқариш билан қўрқитиш. Шантажчининг мақсади    шантажланаётган томон учун  талабларга рози бўлишдан кўра унинг талабларини рад этишидан келиб чиқадиган оқибат оғирроқ бўлишини сездиришга мўлжалланган бўлади, яъни, бошқача айтганда, шантажчи талабларини бажаришни шантажланаётган томон камроқ зиён етказади, дея қараб, унинг талабларини бажаради. ВИКИПЕДИЯ французча “шантаж” тушунчасини ана шундай таърифлайди.

            Одам бошқа одамни ҳамма вақт ва ҳамма ерда шантаж қилиб келган. Европада яшаб бу ерда ҳам қўрқитишнинг бир тури бўлган шантаж бўлиб туришини кўрдик. Бироқ бу иш билан, масалан Францияда полициячи, солиқ системаси ходими ёки давлатнинг бошқа хизматчилари шуғулланишини, бу мамлакатда етти йил яшаб кўрмадик ҳам, эшитганимиз ҳам йўқ. Улар ҳатто кўчаларда ҳам кўринмайди. Трамвайда кетаётиб ёнингда шаҳарнинг энг бой одамларидан бири ёки шаҳар мэриясининг йирик бир ходими кетаётганини ҳам билмайсан. Бир сафар шулардан бири мени таниб, мен билан саломлашди. Хотирасига қойил қолдим – у билан мен мэрияда фақат бир марта учрашган эдим. АҚШда кўрганларим мени айниқса ҳайратлантирди.

2001 йил март ойининг бир кунида, эрталаб Абдуманноб Пўлатов иккаламиз Вашингтон томон метрода кетаётганимизда (метро шаҳар чегарасидан ўнлаб километр ташқарига чиқиб кетар экан), у менга вагонда кетаётган одамларни зимдан таништира бошлади: ҳов анови кроссовка кийган, газета ўқиб ўтирган одам вазир ўринбосари, анави кўк футболка кийгани Вашингтон шаҳари туманларидан бирнинг юқори мансабли мулозими. Абдуманноб менга тушунтирди: шаҳарда ишловчи давлат мулозимларининг катта қисми шаҳардан узоқда яшайди; улар ўз машиналарида эрталаб метронинг охирги бекатигача келишар, у ердаги кўпқаватли машина қолдириш бекатига машиналарини қолдириб, Вашингтонга, ўз ишларига метрода кетишар экан.

Афсус-ки, шантаж масаласида менинг ватаним кўпгина қўшни ва қўшни бўлмаган мамлакатларни орқада қолдириб кетди. Милиция участкалари, тергов органлари ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларни қўллаш каби шантаж Ўзбекистоннинг барча ҳудудида давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди, яъни давлатни бошқариш усулларидан бирига айлантирилди. У маҳалла қўмитасидан тортиб прокуратурагача, мактаб маъмуриятидан то президент аппаратигача ва ҳоказо – барча жойда авж олган. Маҳалла қўмитасига бориб арзимаган бир справка сўрасанг, жавобан сенга: “Темир-терсак учун юз минг сўм тўла, акс ҳолда уни болаларинг нафақасидан ушлаб қоламиз” ёки “Ўрнингга ўн беш кун пахта терадиган мардикор ёлла”, дея дўқ-пўписа қилишади. Мактаб директори ўз оҳангида шантаж қилади. У ўқувчилар ота-онасидан тамоман ноқонуний равишда мактаб таъмири, байрамлар тадбирлари, мактаб саҳнини ободонлаштириш учун пул сўрайди ва ҳоказо. Талашишнинг фойдаси йўқ – талашиш дарҳол ўқувчининг ўзлаштиришига таъсир қилади.

Прокуратура бир ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғади, ҳодиса айбдори кимлиги тўлиқ маълум, жабрланувчи шахси ҳам очиқ-ойдин аниқ бўлди. Иш қўзғатишдан олдин прокуратура терговчиси ўзи ва жиноий ишни назорат қилувчилар учун максимал фойда олиш мақсадида кимни “айбдор” қилиш кераклиги ҳақида юз марта ўйлаб кўради. Шундан кейин шантаж ишга тушади – одатда мутлақо бегуноҳ одам қамалаб кетади. 90-чи йилларда Жиззахда бир ҳодиса бўлди. Бир рус аёли қамоққа олинди, терговни милиция майори олиб борган эди. Тергов пайтида аёлга нисбатан қийноқлар қўлланилган, бироқ бу аёл вақтинчалик сақлаш изолятори (ВСИ)да ўлгандан кейин юзага чиқди.

Унинг жасадини милиция ходимлари Жиззахдан 50 км нарига, чўл зонасига кўмиб келишган экан. Аёлнинг яқин қариндоши МТБ (Москва тергов бошқармаси)да ишлар экан ва у Россия президенти Б.Ельцинга мурожаат қилибди, Б.Ельцин эса И.Каримов билан боғланибди (ҳар ҳолда менга шундай деб айтишди). Иш чаппасига айланиб кетди: етти одам катта бўлмаган муддатларга қамалди. Терговчи озодликка чиққач, мен тасодифан у билан учрашиб қолдим ва у шундай деди: “Мен ноқонуний қамоққа олишлар ва ҳукм чиқаришларнинг ҳақиқий кўламини қамоқхонага тушгандан кейин билдим. Ҳозир қамоқда ўтирганларнинг 90 фоизи гуноҳсиз одамлар эканини биламан”. Бу аниқ факт бўлса-да, у бу гапни ўша пайтда чин сидқи-дилдан айтдими-йўқми, билмайман.

Кучишлатар тизимларида шантаж кўлами ҳақида чексиз кўп мисоллар келтириш мумкин. Прокуратура мени ҳам бир неча марта шантаж қилган. Шулардан охиргисини, менга Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокурорининг ўринбосари А.С.Тойировдан чақирув қоғози келгани билан боғлиқ шантажи ҳақида гапириб бераман. Бу – мен ватандан чиқиб кетишимдан роппа-роса уч ой олдин, 2006 йил 15 апрелда бўлган эди. Менга қарши нимадир ишлар қилинаётганини сезиб турар эдим. Тез орада (29 апрель) менинг куёвим Азам Фармонов қамоққа олинди. Мен ҳимоячи сифатида унинг cуд ишюритувида қатнашдим. Мен жиноий иш тамоман сохта эканини аниқ-тиниқ исботлаган бўлсам-да, жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар суди раиси Эркин Хидирбоев уни тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилувчи ҳукм чиқарди.

12 июль куни менинг уйимга Жиззах шаҳар ИИБ капитани келиб, терговчи Толиб Назаров имзолаган чақирув қоғозини топширди ва 15 июль куни милициянинг шу органига бориш кераклигини айтди. 16 июль куни мен узоқ йилларга ватандан чиқиб кетдим. 15 апрель куни эса мен Юнусобод туман прокурори ўринбосари А.С.Тойировга жавоб ёзишим керак эди, ўша куни мен унга қуйида келтирилган билдиришномани ёзиб жўнатдим. Шундай қилиб…

ЮНУСОБОД ТУМАНИ ПРОКУРОРИ

ЎРИНБОСАРИ А.С.ТОЙИРОВга

 

Нусхаси:     (Информация тарикасида)        ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ Р.Х. КОДИРОВга

 

фуқаро Толиб Ёқубовдан

——————————————–

100093, Тошкент, Юнусобод-4, 15-уй, 27-кв.

тел/факс 124-82-47;  тел 121-74-47

Б И Л Д И Р И Ш Н О М А

 

Муҳтарам прокурор ўринбосари!

 

Домком Насиба опа орқали юборган чақирув қоғозидаги “Узрсиз сабабларга кўра кўрсатилган вақтда келишдан бош тортган тақдирингизда Ўзбекистон Республикаси ЖПК 261-264 моддаларига мувофиқ туман ИИБ ходимлари томонидан мажбурий тарзда келтирилишингизни билдираман” деган ёзувни ўқиб, қўрққанимдан ушбу Билдиришномани ёзишга қарор қилдим.

Гарчи чақирув қоғозида гап коммунал ва эксплуатация тўловлари ҳақида кетаётган бўлса-да, Сиз мени потенциал жиноятчи деб ҳисоблаётганингиз таажжубли. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 261-моддаси “Жиноят ишини юритиш муносабати билан …” – деган сўзлар билан бошланади. Демак, Сиз мени коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласида гаплашамиз, дея алдаб, аслида мени менга маълум бўлмаган қандайдир жиноят иши бўйича терговга чақираётгандирсиз?

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 262-моддасининг 1-қисмида мажбурий келтириш лозим бўлган шахслар категориясига гумон қилинувчилар, айбланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳлар кириши кўрсатилган. Назарингизда мен шу тоифанинг қайси бирига кираман? Нега буни аниқ ёзмадингиз? Шу модданинг 2-қисмида “Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини олдиндан чақирувсиз мажбурий келтириш улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки турар жойи тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда йўл қўйилади” – дейилган. Кўрдингизми, ҳамма вақт эмас экан, коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласида мажбурий келтиришга йўл қўйилмас экан. Адресимни бехато ёзганингизга қараганда менинг турар жойим Сизга маълум экан. Яшириниб юриш масаласига келганда эса, шуни баралла айтмоқчиман-ки, мен ҳеч қачон ва ҳеч кимдан яшириниб юрган эмасман ва яшириниб юриш ниятим ҳам йўқ.

Менга ушбу чақирув қоғозини юборишингиз иккита нарсанинг натижаси бўлиши мумкин: ё Сиз қонунларни тушунмайсиз, ёинки Сизда ғаразли мақсад бўлиб (менга нисбатан), қонунларни менсимаган ҳолда ўзингизни тушунмаганликка соласиз. Биринчи вариантга мен ишонмайман. Агар ҳақиқатан ҳам Сиз қонунларни тушунмасангиз, у ҳолда прокуратура Сизнинг иш жойингиз бўлмаслиги керак. Иккинчи вариант қолади, ҳолос. Ҳар икки ҳолатда ҳам Сиз хавфли одамсиз. Фақат мен учун эмас, давлат учун ҳам. Менинг эшитишимча ва билишимча Сиз яшириниб юрасиз, Сизнинг олдингизга фуқаро дардини айтишга бемалол кира олмайди. Сиз атрофингизни темир панжара билан ўраб олгансиз, эшик олдига инсон қадри ва ҳуқуқларини чақага ҳам илмайдиган қўриқчилар қўйиб қўйгансиз. Бу гап фақат Сизга тегишли эмас, балки барча прокуратуралар ходимларига ҳам тегишли.

Гап қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтираман. Мен Сирдарё вилояти прокурори Азимжон Эргашев билан бир маҳаллада туғилиб ўсганман. Оталаримиз бир-бири билан қадрдон дўст эди. 1998 йили Азимжон Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 1-чи ўринбосари бўлиб ишлаб турган пайтда мен унинг қабулига 4 (тўрт) марта киришга борганман (қабул кунлари ва соатларида). Қабул қилмаган. Тўртинчи марта борганимда (1998 йил 1 декабрь куни) қабул қилмагач, мен қабулхона бошлиғи (агар адашмасам) Ҳамид Зиёвутдиновга: “Мен буердан кетишим учун милиция чақирасиз, менинг қўлимга кишан солиб, олиб чиқиб кетишса, кетишим мумкин, акс ҳолда кетмайман” – дедим. Азимжон қабул килди.

Мен: “Сен кимсан ўзинг? Бўлсанг, Бош прокурорнинг 1-чи ўринбосарисан, бироқ мен учун сен Урдуш амакининг ўғли бўлиб қолаверасан. Агар кўчадан ўтиб кетаётиб, шу бинода Азимжон ишлайди-я, бир кириб бола-чақасининг саломатлигини сўраб кетай, деб бурилганимда ҳам мени қабул қилишинг керак” – деганман. Пайти келганда Азимжондан сўрашингиз мумкин. Мен уни охирги марта 1998 йил 1 декабрьда, ўша учрашувда, кўрганман, ҳолос. У яширигиб юради, одамлардан қўрқади, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмайди, бироқ одамлар биздан қўрқади, дея мағрурланиб юрса ажаб эмас. Бу гаплар фақат Азимжонга тегишли эмас, албатта.

Коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласида мен Сизнинг олдингизга бормайман, чунки бу масала прокуратура шуғулланадиган масала эмас. Маълумингиз, прокуратуранинг иккита функцияси мавжуд, холос. Биринчиси ва асосийси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон жиноят содир этса, прокуратуранинг иккинчи функцияси– жазолаш – ишга тушади. Инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳам, жазолаш ҳам қонунлар асосида амалга оширилади. Сизнинг ниятингиз ҳам бузуқ экан. Ниятингиз тоза бўлганда, менга бундай чақирув қоғозини юбормаган бўлар эдингиз. Бундан шундай хулоса қилиш мумкин-ки, Сиз одамларни алдаб чақириб, қамаб юборавергансиз. Ҳамма ҳам найрангни тушунавермайди.

Такрор айтаман, прокуратуранинг иккита функцияси мавжуд, ҳолос. У ер хайдаш, пахта чопиғи ва терими, кўча супуриш, коммунал ва эксплуатация тўловлар ва шу каби масалалар билан шуғулланмайди. Давлат сиёсати зўравонликка асосланган бўлса – шуғулланади, демократик принципларга асосланган бўлса эса –  шуғулланмайди. Қонунни билмайдиган ёки уни сурбетларча бузадиган одам билан гаплашиш хавфли. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 97-моддасининг 2-қисмида: “Чақирув қоғозида шахс [масалан, мен] ким сифатида, қайси манзилга ва кимнинг ҳузурига чақирилаётганлиги … кўрсатилган бўлиши керак” – дейилган. Сизни қонунни билмайди, дейишга қийналаман. Сиз, чамаси, қонунбузар бўлсангиз керак. Сиз чақирув қоғозингизда энг асосий нарса – мен ким сифатида чақирилаётганимни атайлаб ёзмагансиз. Қонунни атайлаб бузганингиз учун Сизни хавфли одам, деб ҳисоблаш керак. Ўзбекистон прокуратураси органларида Сиз ягона эмассиз.

Коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласига қайтамиз. Мен Кишинёвда аспирантурада ўқиб юрганимда бир москвалик профессорнинг ажойиб лекциясини эшитганман. У кишининг айтишича (буни олимлар исботлашган!), инсон туғилгандан то 18 (балоғат) ёшига етгунгача давлатдан (туғруқхона, боғча, мактаб, медицина хизмати ва ҳоказолар учун) кетган харажатларни  А билан белгиласак, шу инсон мустақил ишлай бошлагач, 35 ёшга етганда анашу А харажатни давлатга қайтарар, 35 ёшдан кейин эса у давлатга текин ишлар экан. Бу – ноэффектив (самарасиз) иқтисодга асосланган мамлакатларда ўринли. Совет давлатининг иқтисоди эффектив иктисод бўлган эмас, ҳозирги Ўзбекистоннинг иқтисоди эса бундан ҳам самарасиздир. Шундай қилиб, давлатдан менинг ҳеч қандай қарзим йўқ.

Мен 35-40 ёшимда давлатдан қутулганман, кейин эса текин ишлаганман. Сиёсий ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятим учун 1992 йил 30 ноябрьда мени ишдан ҳайдашди ва мен салкам 10 йил нафақасиз юрдим (ёшим етмагани сабабли). Нафақа ёшига етгач, мен икки йил давомида принципиал равишда, ўз хоҳишим билан, давлатдан нафақа олмадим. Дастлаб мен 23.000 сўм нафақа олганман, ҳозирда эса 37.000 сўм оламан. Ўрта ҳисобда 30.000 сўмдан бўлса, мен давлатдан 720.000 сўм олмаганман, яъни шу пулни давлатга берганман.

Билишимча, математик мантиқ (математическая логика) фани бўйича ўзбек тилида китоб ёзган мен ягона одамман. Мен университетлар ва педагогика институтлари математика факультетларининг студентлари учун иккита китоб ёзганман (1983 ва 1996 йиллар). Менинг китобим бўйича Ўзбекистоннинг барча университетларида студентларга дарс ўтилади. 1996 йилда чоп этилган китобимни давлат 300.000 сўмдан ортиққа сотди (кетган харажатни билмайман), менга эса 3259 (уч минг икки юз эллик тўккиз) сўм гонорар берди, холос. Фарқни тасаввур қилаяпсизми? Тахминан 100 баравар! Мен китобим билан ҳам давлатга пул ўтказиб қўйганман.

Ҳозирги кунда менинг давлатдан тахминан 300.000 – 350.000 сўм ЙЎҚ «карзим» бор (коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича). Менинг икки йилда давлатга ўтказган пулим бундан икки марта куп. Мен мутлақо ўзимни қарздор деб ҳисобламайман. Бироқ, 2002 йилга қадар барча тўловларни тўлаб келганман. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоси ва у унинг барча Конвенциялари, жумладан “Ҳаммабоп уй-жой Конвенцияси” [Конвенция о доступном жилье, 1951 йил] ни ҳам имзолаган. Бу Конвенция бўйича СССР пайтида коммунал ва эксплуатация тўловлари учун фуқародан унинг иш ҳақининг 13% ушлаб қолинган. Бу пул коммунал ва эксплуатация тўловлар учун етмаса, қолганини давлат кўтарган. Оилада бир неча одам ишласа, коммунал ва эксплуатация тўловлари учун уларнинг маошлари йиғиндисининг 13% и ушлаб қолинган, қолганини давлат кўтарган. Ҳозир Россияда бу рақам 20% ни ташкил қилади, Ўзбекистонда эса – 25%. Шундай бўлишига қарамай, Ўзбекистонда одамлардан коммунал ва эксплуатация тўловлари 100% ундирилмоқда, яъни давлат коммунал ва эксплуатация тўловларининг ҳеч қандай қисмини кўтармаган ҳолда одамларни, хусусан мени, таламоқда. Муҳтарам прокурор ўринбосари! Айтингчи, менинг давлатдан коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича қарзим борми ёки йўқми?

Бироқ, мен Ўзбекистон президентини ҳурмат киламан ва ватанпарварман. Андижон воқеаларидан кейин у киши қийин ахволга тушиб қолдилар. Дунё демократик ҳамжамияти томонидан санкциялар эълон қилинди, Россия ва Хитойга ишониш қийин – уларнинг ўзи пулга муҳтож. Президентлик сайловларига эса оз вақт қолди. Президент мамлакат Конституцияси йўл қўймаса ҳам ҳозирги вазифаларида қолишга ҳаракат қиладилар. Сайловни ўтказиш учун катта пул керак, хазинанинг салмоғи енгил. Буни яхши тушунган ҳолда яқинда мен давлатга коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича «қарзим» учун 200.000 сўм тўладим. Жонажон давлат учун инсон нималарни қилмайди, дейсиз! Айтгандай, куни кеча ахлат (мусор) учун яна 2500 сўм тўладим ва ундан бутунлай қутилдим. Президент сайловлари ўтгунча коммунал ва эксплуатация тўловлари учун пул тўлаб бораман, у ўтгач, яна тўламасликка ўтаман. Мен давлатдан қарз эмасман. Ё Сиз бошқача фикрдамисиз?

Агар ҳақиқатан Сиз мен билан коммунал ва эксплуатация тўловлари ҳақида гаплашишни истаган бўлсангиз, нега қарзингизни тўламаяпсиз, демоқчимидингиз? Ёки мени дўқлаб, пўписа қилиб қўрқитиш ниятида эдингизми? Мендан бошқа Юнусобод тумани аҳолисидан яна қанча одам прокуратурага чақиртирилди? Коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича туман ҳокимияти мени судга беришга ҳақли, Сиз чақиртиришга ҳақли эмассиз. Мени коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича судга чақиришларини кутиб юрибман. Ўзбекистоннинг демократик одил суди мени тушунса керак, деган умидим бор. Агар Сиз, ёки прокуратуранинг бошқа ходимлари судга босим ўтказса, кўп ҳолларда кузатилганидек, суд қонунбузарлик билан қарор қабул қилиши мумкин. У ҳолда мен масалани БМТ даражасига олиб чиқаман.

Таажжуб, коммунал ва эксплуатация тўловларини ундириш прокуратурага юкланган давлатни қандай баҳолаш керак? Мен жуда кўп демократик мамлакатларда бўлганман, бироқ бирортасида прокуратура бу вазифани бажараётганини кўрган эмасман. Прокуратура ўзининг асосий вазифаси – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш функциясини унутиб, фақат жазолаш органига айланса, бу мамлакатда ҳукумат ўз обрўсини йўқотади ва ҳатто коммунал ва эксплуатация тўловларини йиғишни прокуратурага топширишдан бошқа йўли қолмайди.

Бундай мамлакатда келажак бўлмайди.

15.04.06

P.S.  Менинг юқорида келтирилган Билдиришномамга на А.С.Тойиров ва на унинг Республика раҳбари Р.Ҳ.Қодиров жавоб беришмади.

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.