Daily Archives: Iyul 10, 2014

“Весмасианлик даври”нинг шиддатлари – 5-қисм

Толиб Ёқубов

 

Бюджетни қонуний солиқлар билан эмас, “пул қилиш” билан тетапоя қилиб туриш – бозор иқтисоди тушунчасига зид унсурдир

 

Давлат бюджетини “пул қилиш” йўли билан тетапоя қилиб туриш қолоқ ва ибтидоий усулдир – бу усул билан яшаётган давлат ривожланмайди ва йилдан йилга орқага кетаверади. Табиий бойликлар (нефть, газ, олтин ва ҳ.)ни сотиб “тирикчилик қилиш” фақат вақтинчалик эффект беради, холос, бироқ ривожланишга ҳисса қўшмайди. Россия мисоли бунга яққол фактдир. Россиянинг давлат бюджети газ ва нефтьни ташқи мамлакатларга сотиш ҳисобига шакллантирилади. Бундай “пул қилиш” нафақат давлат бюджетини, балки давлатнинг ўзини ҳам зилзиладай титратиши ва ҳатто ўлимини тезлатиши ҳам мумкин. Бир пайтлар СССР ташқарига нефть сотиш билан “тирикчилигини ўтказар” эди. Ҳаёт нефть қимматроқ бўлса – яхши, арзон бўлса – Худо урди эди.  СССРнинг рақиблари ўтган асрнинг 70-80-чи йилларида уни икки синовга рўбарў қилишди: 1) Афғонистонга қўшин киритиш ва серхаражат уруш олиб бориш; 2) Саудия Арабистони каби нефтьга бой мамлакатларни кўндириб нефть қазиб олиш миқдорини кескин кўрайтириш ҳисобига унинг нархини кескин пастга тушириш. Тез орада СССР иқтисоди чок-чокидан ситилиб кета бошлади ва буюк империя қулади. Россия ҳам ўзи билиб-билмай айни шу йўлдан кетмоқда. Россияда на Б.Ельцин ва на В.Путин даврида ривожланиш бўлмади. Унинг атом энергетикаси ва бомбалари, космик тадқиқодлар соҳасидаги ютуқларининг деярли ҳаммаси СССРдан қолган меросдир. Continue reading

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

“Весмасианлик даври”нинг шиддатлари – 4-қисм

Толиб Ёқубов

 

Пул-кредит сиёсати. Ўзбек пулининг қадрсизланиши. Конвертация йўқлигидан ким фойда кўради?

 

Википедиянинг хабар беришича, пул-кредит сиёсати нархларнинг барқарор бўлиши, аҳолини иш билан тўлиқ таъминланиши ва ишлабчиқариш реал ҳажмининг ўсишини таъминлаш мақсадида айланмадаги пул миқдорига таъсир этувчи давлат сиёсатидир. Давлатнинг бу сиёсатини Марказий банк олиб боради. Макроиқтисодий жараёнлар (инфляция, иқтисодий ўсиш, ишсизлик)га таъсир этиш пул-кредит бошқаруви орқали олиб борилади. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати, одатда, биринчи навбатда миллий валюта курсини мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг тўлаш баланси мувозанатини таъминлашдаги  молиявий барқарорликка эришиш ва уни сақлашга қаратилган бўлади. Муҳтарам ўқувчининг ўзи Википедияни “титкилаб” юқорида келтирилган жумладаги тушунчаларни билиб олади, деган умиддаман. Шуни ҳам эслатиб ўтишим керак-ки, 1989 йил июнида Ислом Каримов Москва томонидан республика бошлиғи қилиб тайинланганда “Ислом Каримов – иқтисодчи олим, ана шундай одам республикани бошқариши керак, иқтисодчи иқтисодчи-да, энди халқ яхши яшайди” деб юрган кўпчилик одамларни кўрганман. Иқтисод фанлари номзоди бўлган И.Каримов 90-чи йиллар бошида иқтисод фанлар доктори ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги бўлди. Бироқ, унинг 25 йиллик бошқарувида олиб борган иқтисодий сиёсати инқирозга учради, деб айтишга тўлиқ асос бор. Миллий валюта масаласини кўриб чиқайлик. Continue reading

Categories: МАКТУБЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

“Веспасианлик даври”нинг шиддатлари – 3-қисм

 

Очкўзлик АбуАли ибн Сино таърифида

 

Империялар ва репрессив давлатлар бошқарувига ҳеч қачон нияти тоза одамлар келмаган – бунга тарихдан минглаб мисолларни келтириш мумкин. Нияти тоза раҳбар (лар) ва репрессив давлат тушунчалари бир-бирига тубдан зид тушунчалардир. Давлат репрессия (истибдод)лар ёрдамида бошқарилаётган бўлса, унинг раҳбари давлат бойлигини ўз оиласи ва юқори лавозимли мулозимлар орасида тақсимлашга ўтади. Бунга ёрқин бир мисол сифатида Ўзбекистонни олиш мумкин. Бу мисли кўрилмаган ўғрилик давлат ғазнасининг доимо беқарор бўлиши, халқнинг қашшоқлашиши ва халқ янада кучлироқ таланишининг бир жиҳатидир. Бу тенденция давлатнинг юқори лавозимли мулозимларини биологик эмас, балки ижтимоий очкўзлик касалликга олиб келади. Ватандошимиз, буюк шифокор АбуАли ибн Сино бу касаллик ҳақида шундай ёзганлар: “Аллоҳ бандаларига синаш учун турли-туман касалликлар юборса-да, уларнинг давосини табиатнинг турли жойларига яшириб қўйган (дарахнинг баргида, ўтнинг илдизида, бирор ҳайвоннинг танасида ва ҳ.). Бироқ шундай тузалмас руҳий ва ижтимоий касаллик бор-ки, ботқоққа тушиб кетган одамни ботқоқ охир-оқибат ютиб юборгандай, бу касаллик ҳам унга чалинган одамни ютиб юборади (ўлимга олиб боради)”. Continue reading

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

“Веспасианлик даври”нинг шиддатлари – 2-қисм

Толиб Ёқубов

Адолат ва одил суд. Конституция ва қонунлар.  Судни тадбиркорлик ташкилотига айлантириш

 

Эрамизнинг IV-асрида яшаган римлик файласуф Августин Аврелий ушбу ҳикматни ёзиб кетган: “Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади”. “Веспасианлик даври”ни бошидан кечираётган ҳар қандай давлатда содир бўлаётган жараёнларни бу ҳикматдай тўғри ва тўлиқ баён этган қисқа ва лўнда фикрни топиш қийин. Жамият ҳаётининг қандай соҳасини олманг адолатни давлат мулозимлари бузади. Одил суд давлат органи бўлса-да, бирор одамга нисбатан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи прокуратура, милиция, давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар томонидан адолат бузилган бўлса, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ва тиклайдиган ягона давлат органи одил суд қолади, холос, яъни одил суд фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклайдиган давлатнинг охирги идорасидир. Агар одил суд ҳам фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини паймол қилса, у ҳолда давлатнинг барча идоралари ходимлари қароқчилардан иборат эканини кўриш қийин эмас. Continue reading

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

“Веспасианлик даври”нинг шиддатлари – 1-қисм

Толиб Ёқубов

Бюст Веспасиана

Мен ушбу мақолада махсус сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий атама (термин)лардан фойдаланмоқчи эмасман. Рим империяси давридан бошлаб (аслида унданда аввал) барча империялар ва беҳисоб катта-кичик давлатларни инқирозга олиб келган ёки йўқ қилиб юборган, “веспасианлик даври” дея аталувчи тарихий даврни 1991 йилдан бошлаб бошидан кечираётган Ўзбекистон бу даврни қай тарзда ўтказаётганини муҳтарам ўқувчилар осон тушунишлари учун мен мақолани содда тилда баён этмоқчиман. Муҳтарам ўқувчиларга шуни ҳам айтиб ўтишим керак-ки, мен иқтисодчи эмасман, иқтисод бўйича махсус билимим ҳам йўқ ва агар бирор иқтисодий масалада адашаётган бўлсам мени афу этадилар, деган умиддаман. Continue reading

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Blog at WordPress.com.