“Весмасианлик даври”нинг шиддатлари – 4-қисм

Толиб Ёқубов

 

Пул-кредит сиёсати. Ўзбек пулининг қадрсизланиши. Конвертация йўқлигидан ким фойда кўради?

 

Википедиянинг хабар беришича, пул-кредит сиёсати нархларнинг барқарор бўлиши, аҳолини иш билан тўлиқ таъминланиши ва ишлабчиқариш реал ҳажмининг ўсишини таъминлаш мақсадида айланмадаги пул миқдорига таъсир этувчи давлат сиёсатидир. Давлатнинг бу сиёсатини Марказий банк олиб боради. Макроиқтисодий жараёнлар (инфляция, иқтисодий ўсиш, ишсизлик)га таъсир этиш пул-кредит бошқаруви орқали олиб борилади. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати, одатда, биринчи навбатда миллий валюта курсини мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг тўлаш баланси мувозанатини таъминлашдаги  молиявий барқарорликка эришиш ва уни сақлашга қаратилган бўлади. Муҳтарам ўқувчининг ўзи Википедияни “титкилаб” юқорида келтирилган жумладаги тушунчаларни билиб олади, деган умиддаман. Шуни ҳам эслатиб ўтишим керак-ки, 1989 йил июнида Ислом Каримов Москва томонидан республика бошлиғи қилиб тайинланганда “Ислом Каримов – иқтисодчи олим, ана шундай одам республикани бошқариши керак, иқтисодчи иқтисодчи-да, энди халқ яхши яшайди” деб юрган кўпчилик одамларни кўрганман. Иқтисод фанлари номзоди бўлган И.Каримов 90-чи йиллар бошида иқтисод фанлар доктори ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги бўлди. Бироқ, унинг 25 йиллик бошқарувида олиб борган иқтисодий сиёсати инқирозга учради, деб айтишга тўлиқ асос бор. Миллий валюта масаласини кўриб чиқайлик.

Ўзбекистон миллий валютаси амалга киритилганига шу кеча-ю кундузда 20 йил бўлди, бироқ у обрў топмади. Аксинча, ўзбек сўми ҳозирги кунда кулгуга учраган, одамлар кўтариб юришга ор қиладиган, кўп купюралар “лўлининг иштонидай” увадаси чиққан пулга айланди. СССР даврида И.Каримов Ўзбекистоннинг молия вазири бўлиб ишлагани учунми, ёки совет сўмларига меҳри бўлганми, ҳар ҳолда у ўзбек валютаси номиналларини худди совет пули номиналларининг ўзидай қилиб чиқартирди: қоғоз пуллар – 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500 сўмлар [кейинчалик 1000 ва 5000 сўмлар киритилди], тангалар – 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлар [1, 5, 10, 25, 50, 100, 500 металл сўмлар]. Маълум-ки, миллий валютанинг кучи, барқарорлиги, ҳурмати мамлакат иқтисодининг кучи, барқарорлиги, равнақи ва ҳурматига чамбарчас боғлиқдир. Тез орада, тийинлар у ёқда турсин, ҳатто 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва (ҳатто) 100 сўмлик пуллар муомаладан чиқиб кетди – ҳозир бу пуллар коллекционер ва нумизматлар коллекциясида бўлмаса, одамлар қўлида ёки уйида йўқ.  Бу ниманинг белгиси? Бунинг сабабини сизга: мамлакат иқтисоди чуқур инқирозга юз тутганидан, деб олий молия ўқув юртининг 1-курс талабаси ҳам айтиб бериши мумкин. Илмий асарларда бундай иқтисодни репрессив (мустабид) иқтисод дейилади. Бизнес юритиш, янги иш жойларини яратиш, меҳнат миграцияси, банклар фаолияти, ишловчиларга уларнинг бажарган ишининг кўлами ва сифатига яраша муносиб ҳақ тўлаш, экспортга товарлар чиқариш йўли билан хорижий давлатлар валютасини мамлакатга олиб кириш, хориждан сифатли товарларни импорт қилиш йўли билан аҳолининг эҳтиёжларини қондириш ва бошқа ўнлаб ва юзлаб соҳаларда репрессив иқтисод шароитида эркинлик бўлиши мумкин эмас, чунки репрессивлик (мустабидлик) ва эркинлик тамоман бир-бирига қарама-қарши тушунчалардир.

Репрессив иқтисод туфайли Ўзбекистон сўми катта тезлик билан қадрсизлана бошлади. 1994 йилда сўм муомалага киритилганда 1$ = 5 сўм эди [баъзи манбаъларга кўра 1$ = 6 сўм], 20 йил ичида 1$ = 3005 сўм, яъни 600 баробар қадрсизланди. Миллий валютаси 20 йил ичида 600 марта қадрсизланган давлатнинг иқтисоди қандай бўлиши мумкин? Бу рақамлар биринчи навбатда Ўзбекистон иқтисодидаги репрессия даражасини, яъни иқтисод тўлиқ давлат назоратида бўлганини кўрсатади. Бошқача айтганда “хусусий тадбиркорлик”, “хусусий корхона”, “хусусий мулк” каби тушунчалар сунъий, мазмунсиз, ёлғон эканини, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” каби қонунлар номига, кўзбўямачилик учун чиқарилганини яққол кўрсатади. Баркамол иқтисодни ташкил қилиш ҳақида олиму мутахассислар асрлар давомида баҳс юритиб келишган. Репрессив коммунистик иқтисод бўйича мутахассис ва унга меҳр қўйган Ислом Каримов буюк шотланд олими Адам Смит қаламига мансуб “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари ҳақида тадқиқод” номли китобини, табиий, ўқимаган. А.Смит ва бошқа иқтисодчи олимлар ягона хулосага келишган:  иқтисод фақат тўлиқ иқтисодий эркинлик шароитида ўсиши ва ривожланиши мумкин, давлат назоратидаги иқтисод ривожланмайди ва инқирозга юз тутади.

Нега И.Каримов Ўзбекистон иқтисодини репрессив назорат билан олиб борди? Жавоб оддий: у давлат бошига келгач, бу лавозимда умрининг охиригача қолишни мўлжаллади. Бу – коммунистик лидерларга теккан “касал”: И.Сталин, Л.Брежнев, Мао Цзедун, Ким Ир Сен, Ким Чен Ир, Фидель Кастро ва бошқалар – бу лидерлар ё умрининг охиригача “тахтдан тушмаган”, ёки тахтни ўз яқинига қолдирган. Совет даврида мансаб пиллапояларидан кўтарилиб борар экан, И.Каримовнинг менталитети ва дунёқараши шу руҳда – давлат бошлиғи бўлиш ва бу мансабдан кетмаслик руҳида мустаҳкамланди.  Бундай менталитетга эркинлик тушунчаси ҳар бир соҳада тамоман қарама-қаршидир – сиёсатда ҳам, иқтисодда ҳам, маънавиятда ҳам, динга бўлган муносабатда ҳам. Веспасиан ҳам худди шундай менталитетга эга бўлган – инсоният тарихида ундан олдин ва ундан кейин ўтган ҳар қандай истибдод раҳбар Веспасиан йўлини босиб ўтаверишган. И.Каримов шуларнинг биттаси, холос.

СССР даврида Ўзбекистон аграр иқтисодга эга бўлган республика ҳисобланарди, яъни қишлоқ хўжалиги иқтисоднинг асосини ташкил этар эди. Бироқ ўша даврда ҳам Ўзбекистонда кучли индустриал иншаотлар кам эмас эди: Тошкент текстиль комбинати, Тошкент қишлоқ хўжалиги машиналари заводи, Тошкент экскаватор заводи, Тошкент трактор заводи, Жиззах уй қурилиш комбинати, Самарқанд холодильник (музлатгич)лар заводи ва бошқа ўнлаб корхоналар шулар жумласидандир. Борми ҳозир ўша иншаотлар? Йўқ – буюк иқтисодчи академик И.Каримов даврида улар талон-тарож, яъни “пул қилинди”. Ўзбекистонда пул-кредит сиёсати қанчалик “ўлик” бўлса, миллий валютанинг конвертацияси ҳам шунчалик “ўлик” ҳолатига туширилди. Турли мамлакатлар иқтисоди турли куч ва ҳажмга эга ва улар орасида лидер (илғор)лари бўлганидек, миллий валюталар ҳам турлича куч ва салоҳиётга эга ҳамда улар орасида ҳам лидерлари бўлади – АҚШ доллари, Буюкбритания фунт стерлинги, Япония иенаси, Европа Иттифоқи евроси шулар жумласидандир. Бирор давлат миллий валютаси лидер валюталарга эркин алмаштирилиши йўлга қўйилган бўлса, одатда, бу давлат иқтисоди барқарор ҳисобланади. Ўзбек сўмини ана шу валюталар билан эркин алмаштириш, яъни конвертация қилиш миллий валютамиз пешонасига битмади.

Ўзбекистон миллий валютаси 20 йилдан бери “қора бозор” шароитида яшаб келмоқда. Барқарор, эркин иқтисодлар шароитида “қора бозор” бўлиши мумкин эмас – демократик тартиблар ўрнатилган давлатларда айнан шундай. “Қора бозор” ҳамма вақт Марказий Банк билан рақобат қилади –  сўмнинг дунёнинг асосий валюталарига нисбатан Марказий Банк белгилаган курси “қора бозор” корчалонлари белгилаган курсдан ҳамма вақт паст бўлади. Авторитар давлатларда “қора бозор” корчалонлари аслида Марказий Банк бошлиқлари ва юқори мансабли давлат мулозимлари томонидан “қора бозор”га чиқариб қўйилган ўз одамлари бўлиб, “қора бозор” – давлат ва юқори лавозимли мулозимларнинг “пул қилиш” корхоналаридан биридир. Бутун дунёда давлатнинг давлат сифатида қабул қилиниши (тан олиниши)нинг ташкил этувчиларидан бири унинг миллий валютаси курсини “қора бозор” эмас, балки фақат Марказий Банк белгилаши ҳисобланади. Миллий валюта курсини “қора бозор” белгилайдиган давлат сунъий, шаклланмаган, аҳамиятга эга бўлмаган, савдо-сотиқ қилишга ярамайдиган, ташқи инвестициялар киритишга хавфли бўлган давлат сифатида қаралади.

Барча давлатлар миллий валютаси кучли бўлган давлат бошлиғи ташриф буюришини орзиқиб кутишади. Сабаби оддий:  бундай давлат бошлиғининг ташрифи ортидан қабул қилувчи давлатга йирик инвестициялар кириб келиши, товарайирбошлашнинг ривожланиши, минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлиши ва, охир-оқибат, халқ фаровонлигининг юксалиши кутилади. Ривожланган мамлакатлар бошлиқлари томонидан миллий валюта курсини “қора бозор” белгилайдиган давлат раҳбари ва унинг яқин атрофи, юзига айтилмаса-да, халқ ва давлат мулкини талон-тарож қилувчи  ўғрилар сифатида қаралади. 25 йилдан бери Ўзбекистонга ҳасан-ҳусандай ўхшаш Россия, Хитой, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистонни ҳисобга олмаганда Ислом Каримов фақат иккита демократик давлатга – АҚШ ва Руминияга – таклиф қилингди. Шундаям фақат АҚШга расмий визит билан борди, Руминияга эса НАТОнинг сессиясига таклиф қилинди.

 

Ўзбекистон бойликлари нега халқдан яширилади?

 

Ўзбекистонда 1800 кондан иборат фойдали қазилмалар бўлиб, улардан мингга яқинидан, 118 турдаги минерал ҳомаъшё мавжуд бўлиб улардан 65тасидан фойдаланилмоқда. Ўзбекистон олтин заҳираси бўйича дунёда тўртинчи ўринни, қазиб олиш бўйича эса еттинчи ўринни эгаллайди, йилига камида 91 тонна олтин қазиб олади. Мис заҳираси бўйича учинчи ўринни, уран заҳираси бўйича еттинчи ўринни, уни қазиб олишда ўн биринчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда нефтнинг геологик заҳираси 5 млрд тонна, тасдиқланган заҳираси 530 млн тонна ва ҳар йили 3,5 млн тонна нефт қазиб олинади. Табиий газнинг геологик заҳираси эса 5 трлн кубометр, тасдиқланган заҳираси 3,4 трлн кубометрни ташкил қилади. Ўзбекнефтгаз миллий холдинг компанияси дунёда газ қазиб олиш бўйича ўн биринчи ўринни эгаллайди ва ҳар йили 60-70 млрд кубометр газ қазиб олади. Бунга қўшимча Ўзбекистонда йилига 3,5 млн тоннага яқин пахта етиштирилади ва 1 млн. тоннага яқин пахта толаси ажратиб олинади. Ўзбекистон ҳар йили 15 млрд. доллардан зиёд пахта, олтин, уран, табиий газ, нефт ва минерал ўғитлар экспорт қилади. Бу бойликлар ҳақидаги маълумот расмий эълон қилинган статистик маълумотлардан олинган. Бироқ экспертлар кўп ишлатадиган бир ҳикмат бор-ки, уни қуйида келтириш ўринлидир: “Ёлғон уч тоифага бўлинади – ёлғон, ўта катта ёлғон ва статистика”. Авторитар системалар ҳеч қачон оммага тўғри статистикани бермайди. Юқорида келтирилган рақамлар ҳам статистика маҳсули ўлароқ қанчалик кичрайтириб кўрсатилгани халққа айтилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикаси суверен демократик давлат” дейилган. Ўзбекистоннинг суверен давлат эканига шўбҳа бор, бироқ унинг демократик давлат эмаслиги аниқ. Бу иддаони юзлаб ва минглаб таққослашлар орқали исботласа бўлади. Шулардан биттаси мамлакат бойликлари бўйичадир:  демократия шаклланган мамлакатларда ҳукумат ҳар йили мамлакат (халқ) бойлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳисобот эълон қилади ва буни ҳар бир одам текшириб кўриши мумкин. Турли партиялар сайловолди ташвиқотларида, агар улар президент ва парламент сайловларида ютсалар, бу бойликларни мамлакат ҳаётининг қайси йўналишларига ва қанча миқдорда сарфлашларини охирги тийинигача айтадилар. Табиий бойликлардан ташқари ҳукумат халқдан йиғиб олинаётган солиқ тушумлари нимага сарфланганини ипидан-игнасигача кўрсатади. 25 йил давомида Ўзбекистонда бундай ҳисоботлар бирор марта ҳам ҳукумат томонидан халққа берилган эмас. Халқ “Мамлакат бойликлари, солиқлар нимага сарфланаяпти?” деган саволни беришга ҳақли. Бироқ давлат нодемократик бўлгани учун ҳукумат халққа нафақат шу саволни беришга, ҳатто ўйлашга ҳам йўл қўймайди. Қишнинг аёзли кунларини газсиз ва электр энергиясисиз ўтказаётган одамлар бир-бирига “Қазиб олинаётган шунча газ ва нефть, ишлабчиқарилаётган электроэнергия қаёққа кетаяпти?” дея берган саволга ҳозирги кунда “Қаёққа кетарди, ҳукуматнинг одамлари уларни четга сотиб еб ётишибди-да!” деган ягона жавобни беришмоқда. Демократик мамлакатларда бундай саволнинг ҳам, бундай жавобни ҳам эшитмайсиз.

Нодемократик давлатлар халқига нисбатан ёпиқлиги билан ажралиб туради. Бундай давлатлар ҳукуматлари ўз халқидан ҳамма нарсани яширади: давлат мулозимлари сони нечта – айтилмайди, уларнинг ичида қанча милицияси бор – сир тутилади, махсус хавфсизлик хизматлари ходимлари сони ҳақида гапирмаса ҳам бўлади – уни  http://www.ozodlik.org/content/article/25432371.html  линкдан ўқиб олишингиз мумкин. Нодемократик давлатларда давлат мулозимлари сонини кўпайтириш тузалмас касалликка айланади. Бир руҳий касалликка учраган одамни кўрганман: у эрталабдан кечгача бир уюм тупроқни лой қилади, лойдан гувалачалар ясайди, гувалачалар қуриб улгурмасдан улардан яна лой қилади ва яна гувалачалар ясайди. Буни у тиним билмай такрорлайверади. Фақат ухлаганда ва овқатланаётган пайтда бу иш билан шуғулланмайди, холос. СССР пайтида, йил бошида ошкора бир эксперимент ўтказишди – мамлакат бўйича давлат мулозимлари сонини қисқартиришди, сонни эълон қилишди. Йил охирида ҳисоб-китоб қилишса давлат идораларига эълон қилинган (қисқартириш бўйича) сондан тўрт баробар кўп одам ишга олингани кўринибди. Ўзбекистон шундай давлатлардан бири. Бу касаллик давлатни юҳога айлантиради: халқ бойлигининг бир қисми давлат мулозимлари учун ҳақ сифатида тўланади, иккинчи қисмини улар ўғирлаб ўзлаштиради. Халқ бойлигининг учинчи қисми ҳам борми? Бор! У бюджетдан маош олиб ишлайдиган ўқитувчилар, шифокорлар, олимлар, илмий ва техник ходимлар, талабалар, пенсионерлар ва ҳоказоларга берилади. “Веспасианлик даври”нинг бир белгиси давлат бюджети ҳамма вақт танқислик сари юз тутиши сабабли бу категория одамлар давлат ғазнасида пул бўлса маош оладилар, бўлмаса ҳафталаб, баъзан ойлаб маошни кутиб ётаверадилар.

(Давоми бор)

 

 

Categories: МАКТУБЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.