“Веспасианлик даври”нинг шиддатлари – 2-қисм

Толиб Ёқубов

Адолат ва одил суд. Конституция ва қонунлар.  Судни тадбиркорлик ташкилотига айлантириш

 

Эрамизнинг IV-асрида яшаган римлик файласуф Августин Аврелий ушбу ҳикматни ёзиб кетган: “Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади”. “Веспасианлик даври”ни бошидан кечираётган ҳар қандай давлатда содир бўлаётган жараёнларни бу ҳикматдай тўғри ва тўлиқ баён этган қисқа ва лўнда фикрни топиш қийин. Жамият ҳаётининг қандай соҳасини олманг адолатни давлат мулозимлари бузади. Одил суд давлат органи бўлса-да, бирор одамга нисбатан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи прокуратура, милиция, давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар томонидан адолат бузилган бўлса, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ва тиклайдиган ягона давлат органи одил суд қолади, холос, яъни одил суд фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклайдиган давлатнинг охирги идорасидир. Агар одил суд ҳам фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини паймол қилса, у ҳолда давлатнинг барча идоралари ходимлари қароқчилардан иборат эканини кўриш қийин эмас.

Қадимги Рим империяси даврида ҳам, кейинги замонларда ҳам давлат қошида қонунчиқарувчи орган (парламент), яъни депутат (миллатвакил)лар идораси мавжуд бўлган ва ҳозирги замонда ҳам бундай идоралар ишлаб турибди. Давлат сиёсати адолат устига қурилган бўлса, бу орган халқ фойдасига ишлайдиган қонунлар мажмуасини яратиши, замон ҳамда маконда бўлаётган ўзгариш, тараққиёт ва дунёқарашни ҳисобга олиб қонунларни мукаммаллаштириб туриши керак. Бироқ, биз сиёсати адолатсизлик устига қурилган давлатларни муҳокама қилмоқдамиз. Бундай давлатларда қонунчилик идораси ҳам давлат ғазнасини тўлдириш йўлида аксилхалқ қонунлар қабул қила бошлайди ёки қонунларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш билан қонунлар моҳиятига репрессив (мустабидлик) тус бера бошлайди. Миллатвакиллар жиноят, фуқаровий ва бошқа кодексларининг жазоловчи қисмларидаги жарималарни ўнлаб ва юзлаб марта оширадилар. Мас., 2005 йил 28 декабрда ЎзРнинг қонунчилик органи Олий Мажлис “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 239-моддаси (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши)га қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб, бундай ташкилотлар раҳбарларига энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 150 бараваригача жарима солишни белгилади. Ҳукуматнинг бу қадамини оддий халқ тилида “ҳам хўрдани, ҳам бурдани уриш” дейилади – ушбу қўшимча ва ўзгартиришлар ёрдамида ҳукумат икки нарсадан манфаатдор бўлди: 1) мухолиф сиёсий партия ва ҳаракатлар, ҳуқуқбонлик ташкилотлари, ўзининг бизнес сиёсатини мустақил юритаётган бизнес-структуралар фаолиятини чеклаш ёки бутунлай йўқ қилиш; 2) жарималар орқали “пул қилиш”ни кучайтириш.

 

“Одил суд” ибораси давлат ва фуқаро орасидаги, ёки фуқаролар орасидаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги муаммоларни давлатнинг Конституцияси ва қабул қилинган бошқа қонунлари доирасидан заррача чекинмай ҳал қиладиган суд системаси каби тушунилади. Одил судга ҳар қанлай замонда жамият ва ҳукуматнинг юзини кўрсатувчи кўзгу (ойна) сифатида қаралган – мамлакатда шаклланган суд системаси одил (адолатли) бўлса, демак, ҳукуматнинг барча соҳаларда олиб бораётган сиёсати инсонпарвар ва халқпарвар, дея баҳоланган, ва аксинча, суд ноодил (адолатсиз) бўлса, демак, ҳукумат сиёсати репрессив, аксилинсон ва аксилхалқ сиёсат, дея баҳоланган.  Адолатсиз суд системасининг шаклланиши давлат идораларида коррупция, порахўрлик ва бошқа ижтимоий иллатларнинг юксак поғонага чиқиши билан чамбарчас боғлиқ. Одил суд ва коррупциялашган давлат тушунчалари бир-бири билан “чиқиша олмайдиган”, табиатан бир-бирига зид бўлган, бир-бирини инкор қилувчи олов ва сув, иссиқ ва совуқ, ёруғлик ва зулмат каби субстанциялардир. Давлат бошлиғи “Конституциямиз ва қонунларимиз ўта демократик руҳда ишлаб чиқилган ва парламент томонидан қабул қилинган” деб ҳарчан иддао қилмасин, агар унда коррупция, порахўрлик ва бошқа ижтимоий иллатлар ҳакалак отиб кетган бўлса, бу давлат – унинг суд системаси ҳам – устига шоҳона либос кийдирилган фоҳишанинг ўзгинасидир – у “пул қилиш”дан бошқага ярамайди.

 

Давлат ва Шахс орасидаги муносабат

 

Инсон – биологик мавжудод бўлиб, у дунёга келган заҳотиёқ яшаш ва эркинлик (қул бўлмаслик) ҳуқуқларига эга бўлади ва ўз имкониятлари даражасида ўзини Шахс даражасига олиб чиқади. Шахс жамиятнинг маҳсулидир, яъни инсон жамият ичида, унинг таъсирида шахсга айланади. Фуқаро, яъни, солиқтўловчи – давлат билан маълум бир муносабатлар ўрнатган инсон, маълум бир ҳуқуқий статусга эга бўлган шахс, давлат ривожланишининг маълум бир поғонасидаги давлат маҳсулидир. Шахс жамият ҳаётида иштирок этар экан, биринчи навбатда у жамиятнинг сиёсий бошқарувини шакллантирадиган сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади, яъни у ўз ҳуқуқларининг бир қисмини эркин сайловларда сайланган одамларга беради. Давлатни бошқарувчи ҳар бир одам – у қандай лавозимни эгаллаганидан қатъий назар – сайловчи шахслар томонидан давлатни бошқариш учун ЁЛЛАНГАН одам ҳисобланади. Бу ёлланган одамлар, яъни давлат мулозимлари, биринчи навбатда ўз сайловчиларининг мурожаатлари ва шикоятларига сўзсиз ва ўз вақтида эътибор бериш маданиятини ўрганишлари ва эгаллашлари керак.

Бу эса аввало мулозимнинг инсоний хусусиятларига боғлиқ. Биринчи навбатда унда: “Мени халқ сайлади, мени шу лавозимга халқ ёллади, мен халқнинг ишончини оқлашим керак” – деган эътиқод бўлиши лозим. Ушбу мисолни мен илгари ёзилган мақолаларимда ҳам келтирганман, муҳтарам ўқувчи диққатига уни яна бир марта келтирмоқчиман. Ўзбекистон Конституцияси бўйича вилоят ҳокимини тайинлаш давлат бошлиғи ваколатига киради. Бундай пайтда, одатда, И.Каримов номзод билан шахсан гаплашади. Бу ўринда Равшан Ҳайдаровнинг Сирдарё вилоятига ҳоким қилиб тайинланиши чоғида Каримовдан калтак еганини эслатиш кифоя. Р. Ҳайдаровнинг суҳбат пайтидаги ягона “айби” у Каримовнинг “Вилоят ҳокими сифатида ишни нимадан бошлайсан?” деган саволига “Мен ишни халқнинг иқтисодий турмушини яхшилашдан бошлайман” деган жавобидан иборат бўлган. Шу жавоб учун у Каримов томонидан калтакланган. Шундан кейин вилоят ҳокими ва унинг қўл остидаги мулозимларида фуқаролар билан бўладиган муносабатда қандай маданият шаклланиши мумкин? Албатта авторитар муносабат шаклланади – бошқа вариантнинг ўзи йўқ!

Одатда, авторитар тузумли давлатда шахс ва давлат ўртасидаги муносабат, яъни давлат идораларида ишловчи мулозимларда фуқаронинг шикоятига сўзсиз ва ўз вақтида эътибор бериш маданияти шаклланмайди. Нормал жамият ва давлатда ҳар бир фуқаро давлат ишлаб чиққан қонунлар доирасидан чиқмаган ҳолда ўз ҳаёт тарзини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Жамиятнинг ҳар бир вакилида, ўзи билган ва тушунган ҳолда, ҳамда ўз ихтиёри билан қандай яшашни танлаш ҳуқуқига эга эканига ишонч бўлгандагина у давлат идораларига тўлиқ ишонч билан қарайди. Ўзбекистонда ҳам “Фуқароларнинг мурожаати тўғрисида” номли қонун мавжуд. Фуқаронинг ҳуқуқи давлат мулозими томонидан бузилса, у давлатнинг юқори ташкилотига анашу қонун асосида шикоят қилиши (ёзиши, телеграмма юбориши, телефон қилиши ва ҳ.) мумкин. Ўзбекистонда мазкур қонун деярли ишламайди – ҳар куни мамлакатнинг минглаб фуқароси давлат органларига шикоят билан мурожаат қилишади, бироқ уларнинг юзтадан биттаси жавоб олиши мумкин, холос. Ҳуқуқбонлик ташкилотларининг кузатиши бўйича бу жавобларнинг аксарияти маъмурий фирибгарлик [“мен бошлиқман – сен ахмоқ, сен бошлиқсан – мен ахмоқ”] руҳида ёзилган жавоблардир. Бу – авторитар сиёсий тузум ва у ташкил қилган адолатсиз суд системасининг натижаси бўлиб, шунинг учун ҳам Ўзбекистонда давлат мулозимлари томонидан энг кўп бузиладиган қонун “Фуқароларнинг мурожаати тўғрисида”ги қонундир.

Давлат Конституцияси ва қонунларининг тотал бузилиши, тўғрироғи, ишламаслиги, “веспасианлик даври”нинг белгиларидан биридир. У фуқароларда давлатга нафрат даражасидаги ишончсизликни ва унинг натижаси ўлароқ норозиликни келтириб чиқаради. Бу кайфиятни ҳукумат куч билан ва оммавий ахборот воситалари томонидан олиб бориладиган пропаганда ёрдамида бостириб туради. Аккумулятор электроэнергияни ўзида жамлагани каби жамиятнинг норозилик кайфияти ҳам жамият танасида электроэнергиядек жамланиб боради. Ўзбекистон Конституцияси ва аксарият қонунлари авторитар характерга эга, яъни улар яккашахс (авторитар раҳбар) манфаатидан келиб чиқиб ишланган (тузилган, яратилган)дир. Юқорида айтилганидек, адолатсиз суд шароитида давлат мулозимларида фуқаролар шикоятига ўз вақтида ва атрофлича жавоб бериш маданияти принциал (тубдан) шаклланмаслиги сабабли парламент ёмон, ижро этиш мумкин бўлмайдиган қонунлар қабул қилгани учун қонунбузарлик келиб чиқади дегани эмас. Парламент яхши, инсонпарвар ва халқпарвар қонунлар қабул қилган ҳолда ҳам давлат мулозимлари психологияси ва зеҳниятида қонунларни ҳурмат қилиш ва уларни ўз вақтида ижро этиш маданияти шаклланмагани учун ҳам қонунлар оммавий равишда бузилаверади.

 

Доимий бюджет етишмовчилиги

 

Қонун устивор бўлган мамлакатларда давлат бюджети муқаддас сигир каби ардоқланади, эъзозланади. Бюджетни шакллантириш давлат учун ўта муҳим, биринчи даражали эътиборга лойиқ масала ҳисобланади. Унинг устида мамлакатнинг энг иқтидорли, профессионал ва софдил мутахассислари бош қотиришади, уни ипидан игнасигача ишлаб чиқишади ва парламент аъзоларига тайёр қўлланма шаклида тақдим этишади. Мукаммал ишланган бюджет давлат учун дастлабки ютуқ ҳисобланади – у эса йил давомида навбатдаги ютуқларни етаклаб келади. Мустақиллик даврида узоқ йиллар на ҳукуматда ва на парламентда бўлган давлат бюджети ҳақидаги гап-сўзлар халққа билдирилмади, тўғрироғи халқдан яширилди. Мамлакатнинг бюджет сфераси (ўқитувчилар, шифокорлар, илмий-техник ходимлар, нафақахўрлар, студентлар ва ҳ.) дан бюджет сиёсатини яшириш маош, нафақа ва стипендия ноқонуний тўлашга олиб келди. Ноқонунийликнинг бир муҳим томони шунда-ки, бу даврда ҳукумат одатдагидек халқ зарарига, бироқ ўз фойдасига ишлади: маошни шартли равишда 100 сўл десак, маошни 120 сўм қилиб, яъни маошни халққа ошириб тўлаб эмас, аксинча, кам, яъни 80 сўм тўлади.

Демократик, халқини ҳурмат қилган ҳукуматлар давлат бюджетини матбуотда, нодавлат ташкилотларида кучли экспертлар иштирокида кенг муҳокама қилишга йўл беради. Бу давлатларда ҳукумат бюджет сиёсатини ҳеч қачон монополия қилиб олмайди, у мамлакат регионларига бюджет сиёсатида фаол иштирок этишга ва, ҳатто, маълум соҳаларда мустақил сиёсат олиб боришига имконият беради. Ўзбекистоннинг чорак асрлик ҳаётида бундай эркинликлар кузатилмади. Ўзбекистонда фаолияти бюджет сиёсати билан чамбарчас боғлиқ бўлган банк системаси советлардан қолган ибтидоий кўринишда бўлди ва у дунё банк системасига қўшилиш у ёқда турсин, ҳатто яқинига ҳам йўлай олмади. Ислом Каримов 1983-86 йиллар Ўзбекистон ССР молия вазири бўлиб ишлаганини ҳисобга олсак, Ўзбекистон банк системасининг ибтидоий ахволда эканини тушуниш қийин эмас. Ибтидоий одамлар темирдан ясалган болта билан эмас, тошдан ясалган болта билан ўз эҳтиёжини қаноатлантирганларини эслаш кифоя. Шу туфайли Ўзбекистон банклари мамлакатнинг энг учига чиққан коррупционерларига хизмат қилувчи коррупция ўчоғига айланди. Сирдарё вилоятининг бир колхозида бухгалтер бўлиб ишлаган Файзулла Муллажонов Ўзбекистон Марказий банки (МБ)ни ташкил қилингандан бошлаб бошқариб келаётганини ҳисобга олсак, унинг саводсизлиги ва уни шу лавозимга олиб келган И.Каримов олдидаги қуллигигина узлуксиз мазкур лавозимда қолишга имкон берди.

Демократик давлатларда бюджет муқаддас ҳисобланади. Муқаддаслик шундан иборат-ки, бюджет шакллантирилаётганда ҳар бир соҳага бюджетдан пул бекаму-куст ажратилади, йил давомида, фавқулодда воқеа (уруш, кучли табиий офат, эпидемия ва б.) юз бермаса ҳеч қачон бирор соҳадан бошқа соҳага маблағ олиб берилмайди. Ўзбекистонда эса ахвол тамоман ўзгача – “бюджет” терминдан бошқа нарса эмас, йилнинг исталган пайтида бир соҳага ажратилган пулнинг бир қисмини бошқа соҳага ўтказиб юборавериш мумкин. Мас., Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) бюджетдан ташқари ишлайдиган ташкилотдир, бошқача айтганда МХХда сарфланган пул учун ҳисобот ёзилмайди, балки “списать” қилинади. МХХдан фарқли ўлароқ, мас., илмий-текшириш институтидан бирор олим ёки аспирант бирор жойга илмий конференцияга борса, қайтгач сарф қилган пулнинг охирги тийинигача ҳисоботга киритишга мажбурдир. Ривожланишда бюджетнинг аҳамиятини Япония мисолида кўриш мумкин. 2-чи Жаҳон урушидан ҳам аҳоли, ҳам иқтисод, ҳам маънавият бўйича катта талафотлар билан чиққан Япониянинг ҳукумати бюджетнинг 40%ни ўрта ва олий ўқув юртлари ҳамда фанга ажратади. Бу бюджетдан маош оладиган бошқа соҳалар вакилларининг кучли норозилигини келтириб чиқаради. Япониянинг ўша пайтдаги Бош вазири халққа: “Бунинг натижасини 20 йилдан кейин кўрасизлар” дея тушунтиради. Япония 20 йил ичида иқтисодининг қудрати бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқди. Демократик давлатларда бюджет халқ учун, авторитар давлатларда эса ҳукумат учун ишлайди. Шунинг учун ҳам авторитар давлатларда бюджет етишмовчилиги сурункали бўлиб, давлат бошидан ўтказаётган “веспасианлик даври”нинг бир белгиси сифатида қаралади.

 

“Қонун” билан тақиқлашвеспасианлик даврининг қирраларидан бири

 

Қадимги Хитой буюк файласуфи Лао Цзи “Мамлакатда тақиқлар кўп бўлса, халқ қашшоқлашади” деб тушунтирган. Зулмга асосланган давлат ўз халқининг фаровон яшашидан манфаатдор эмас, чунки мустабид сиёсат ва фаровонлик бир-бирига зид тушунчалардир. Фаровон яшаётган халқ зулмни кўтара олмайди ва ҳукуматга қаршилик қила бошлайди. Буни яхши тушунган ҳукумат халқнинг катта қисми қашшоқ яшашидан манфаатдордир. Буюк файласуф айтганидай ҳукумат қонунлар воситасида жамият ҳаётида тақиқларни кўпайтиради. 2014 йил 28 июнь куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман жиноий ишлар бўйича суди Сид Янишевни жазога тортди, яъни унга юз минимал ойлик [тахминан 3200 АҚШ доллари] миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклаб ҳукм чиқарди.

Бу мисолни тушуниш ва тахлил қилиш учун ЎзР Конституцияси ва ЎзР Жиноят колексига қарайлик. Конституциянинг 29-моддаси 1 ва 2-қисмларида: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир” дейилган. Эътибор беринг: “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” экан. Шуни ёдда тутган ҳолда тошкентлик журналист Саид Абдураҳимов (Сид Янишев) Тошкент маҳаллаларидан бирида аҳоли уйлари бузилаётганини кўради, бузилган уйларни видеорасмга олади, уйи бузилганлар билан сўҳбатлашади ва материални  www.ferghana.ru  сайтига юборади. У қонунни [ЎзР Конституцияси 29-моддасининг 1 ва 2-чи қисмларини] мутлақо бузган эмас: 1) у маҳалла уйлари бузилаётганини эшитди ва кўрди; 2) бу информацияни у видеокамерасига ёзиб олди; 3) у олган информациясини сайт орқали тарқатди! Журналист қонунни заррача ҳам бузгани йўқ – буни ҳар қандай АҚЛИ РАСО инсон тасдиқлайди. Бироқ 29-модданинг 2-чи қисмининг давомида: “амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир” дейилган. Ўта мавҳум ва айёрона ёзилган жумла!

Журналист тарқатган ахборотнинг нимаси амалдаги конституциявий тузум қарши? Маҳаллада уйлар ноқонуний бузилаётган бўлса, буни юзлаб одам, шу жумладан, давлат мулозимлари ҳам кўриб турган бўлса, бу ахборотни тарқатишни давлатнинг қайси қонуни чеклаган? Конституциянинг 128 та моддасининг қайсисида ўша чеклов ёзилган? Конституцияда бундай чеклов ЙЎҚ! Балки ЎзР ЖКда чеклов бордир? Судда журналист тарқатган материал “аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган” дейилганига қараганда айб ЖКнинг 244-1 моддаси бўйича қўйилмоқда, чунки унинг 1-қисмида “…, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса” дейилади. Бироқ Сид Янишев илгари ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-моддаси “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаш” бўйича судланмаган. Демак, журналистни жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди ва жиноий ишлар бўйича Шайхонтоҳур туман судининг чиқарган ҳукми ноқонунийдир.

Қонунлар ишламайдиган давлатда адолатли суд ҳақида гап юритиб бўлмайди. Юқорида келтирилган мисол бунга яққол далилдир. Бундай давлатда “фалон маҳаллада уйлар бузилаяпти, уй эгаларига давлат компенсация бермаяпти” деган ахборотни тарқатиш аҳоли орасида ваҳима чиқармай қўйганига 25 йил бўлди, чунки бу йиллар давомида давлат минглаб хонадонларнинг уй-жойини бузди, аксарияти кўчада қолди, зарари қопланмади. Бироқ маҳалла бошлиғи, милиция участка нозири ёки ҳокимият вакили маҳаллага келиб одамларга: “Эртадан бошлаб уйлар бузилади” деса, бу хабар аҳоли орасида ҳақиқий ваҳимани келтириб чиқарадиган бўлиб қолди. Авторитар ҳукумат бундай ҳолатдан ҳам “пул қилади”, ҳам унинг жиноятини ошкор қилган одамларнинг овозини ўчиради. “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга” [Конституциянинг 29-моддаси 1-қисми] деган, бир қарашда ўта демократик эркинлик бўлган ҳуқуқ ёнига “…, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш,… жазоланади” деган, ҳар қандай одамни сергак торттирадиган, ўйлага мажбур қиладиган, қўрқитадиган, демократик эркинликларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ибора ёзиб қўйилган. Террор – қўрқув манбаъсидир. Бу – “террор” тушунчасига олимлар ва экспертлар томонидан берилган таърифдир. Авторитар давлатларда қонунлар ҳам қўрқув манбаъсига, яъни ТАҚИҚга айлантирилади. Ўзбекистонда ҳам айнан шундай.

Давлат томонидан киритилган тақиқлар “пул қилиш”нинг бир туридир – буни биз юқорида Саид Абдураҳимов мисолида кўрдик. 2014 йил 29 январь куни жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Ҳамза туман суди таниқли фотограф Умида Аҳмедова, унинг ўғли Тимур Карпов, уларнинг дўстлари Илғор Гасимов ва Дина исмли бир аёлни Украинада бўлаётган халқ чиқишларини қўллаб-қувватлаб пикетга чиққанлари учун энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 30 баробаригача миқдорда жаримага тортди [Ўқинг:  http://www.ozodlik.org/content/article/25248097.html ]. Ўзбекистон бўйлаб бундай жарималар минглаб одамларга солинмоқда ва ундирилаётган пуллар давлат ғазнасини тўлдиришга хизмат қилмоқда.

 

“Веспасианлик даври”да давлат бошқарувида сифат ва миқдор ўзгариши

Авторитар сиёсий системага асосланган давлатда мулозимлар сифат жиҳатдан ўсмайди. Бу жумланинг мазмуни шунда-ки, бир идорада 25 ходим ишласа, уларнинг билими, малакасини ошириш ва ишюритиш усулларини такомиллаштириш ҳисобига, иш ҳажмини сақлаган ҳолда, ходимлар сонини 15 тага тушириб бўлмайди. Айниқса кучишлатар органларида ходимларнинг сифати ўзгармаслиги яққол кўзга ташланади. СССР даврининг охирги йилларида Ўзбекистонда тахминан 45 минг милиция ходими ишлаган бўлса, бир неча йил илгари олинган маълумотга қараганда ҳозир биргина Тошкент шаҳрининг ўзида милиция ходимлари сони 50 мингдан ошган. Ривожланган мамлакатларда – мас., Францияда – кўчада полиция ходими деярли кўринмайди, бироқ юз берган воқеа юзасидан қўнғироқ қилинса узоғи билан 5 минут ичида айтилган адресга полициячилар етиб келишади. Ўзбекистонга ўхшаган авторитар давлатларда халқ норозилиги кўчага чиқиб кетишидан қўрққан ҳукумат шаҳарларда милиция (полиция) ходимларини кўчаларни муттасил назорат учун кўча ва маҳаллаларга чиқариб қўяди. Уларнинг одатда кўчаларда тўп-тўп бўлиб туриши ва юришидан асосий мақсад тартибни сақлаш эмас, балки халқнинг кўзини қўрқитишдир. Давлат бошқарувида мулозимлар сонининг, яъни миқдорнинг ошиши тўғридан-тўғри давлат ғазнасининг бўшаб қолиш тенденциясининг кучайиши ва, демак, халқ фаровонлиги, яшаш даражасининг пасайиши билан боғлиқ.

Сифатсиз ва зўравон милиция ходимлари сонини кўпайтириш “веспасианлик даври”нинг асосий белгиси “пул қилиш” билан боғлиқ. Францияга ўхшаш давлатларда ДАН (давлат автомобил назорати) каби ташкилотлар йўқ, Ўзбекистон (Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва ҳ.)да эса ДАН ходимлари ҳар бурчакда ёки пистирмада соф қароқчилардек пойлаб туришади. Уларнинг мақсади мамлакат йўлларида автомобиль қатнови сифатини яхшилаш эмас, балки “пул қилиш”дир – давлатга ҳам, ўзларига ҳам. Совет даврида милиция “план” бўйича ишлаганини кўпчилик ҳали ҳам унутмаган бўлса керак: ҲАР ОЙДА: 1) … та жиноят очилиши керак; 2) … та йўл қоидасини бузган ҳайдовчи устидан протокол тузилиши ва ундан жарима ундирилиши керак; 3) … та яшаш жойининг тайини йўқ одамларни аниқлаш керак (ва ҳ.), яъни  ҳуқуқ-тартибот системасининг иши ҳам, ўзи ҳам сифат бўйича ўсмаган, балки сон бўйича ўсган. Юқоридан туширилган бундай “план” жамиятда жиноятчиликни кўпайтирган бўлса кўпайтирган-ки, асло камайтирган эмас ва милиция ҳамда давлат йўл назорати системасида порахўрлик ва коррупцияни кучайтирган, холос. Ўзбекистонда бу структуралар совет даври иш услубининг андозаси бўйича, яъни сифатга эмас, сонга урғу беришди. Буни тушуниш қийин эмас:  жамиятни зўравонлик билан бошқараётган система сифат жиҳатдан ўсмайди.

 

Ватанпарварлик – давлат сиёсатининг асосий талаби. Ватанпарварлик ва давлат рамзлари

 

Тоза сув ифлос сувдан қандай фарқ қилса, ватанпарварлик руҳининг тоифалари ҳам бир-биридан шундай фарқ қилади. Масалан, давлат мадҳияси (гимни)га инсоннинг муносабати ватанпарварлик билан чамбарчас боғлиқдир. Инсонда ўз ватанига ва унинг бошқарув органи (ҳукумат)га муносабатлари турлича бўлиши мумкин:

 

(i) у ватанини севади, ҳукуматни ҳурмат қилади;

(ii) у ватанини севади, ҳукуматни ёқтирмайди ва танқид қилади;

(iii) у ватанини севмайди, ҳукуматни ҳурмат қилади;

(iv) у ватанини севмайди, ҳукуматни ёқтирмайди ва танқид қилади.

 

Давлат сиёсати ёлғон ва зўравонлик билан олиб бориладиган мамлакатларда (i) ва  (iii)-чи тоифаларга кирувчи одамларни ҳукумат ёқтиради ва уларни давлат лавозимига жалб қилади. Ватанни севмайдиган, бироқ ҳукумат лавозини эгаллаб турган кимсалар Ўзбекистонда ҳар қадамда учрайди. Мас., бир қиз [афсус, мен хавфсизлиги сабабли унинг исми-шарифини мақолада келтира олмайман; унинг исмини шартли равишда Дилбар деб атайман] судланиши кутилаётган акасининг жиноий ишида ҳимоячи бўлиб қатнашмоқчи бўлади ва қонун асосида ҳужжат тайёрлайди. Ҳужжатни акасининг судида раислик қилиши кутилаётган Тошкент шаҳар суди сульясининг қўлига топширади. “Сен адвокатмисан?” деб сўрайди судья. “Йўқ, мен адвокат эмасман, бироқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддасига кўра мен ишда ҳимоячи сифатида қатнашишим мумкин” деб жавоб беради Дилбар. “Сенинг юридик билиминг бўлмагани учун сен акангни ҳимоя қила олмайсан. Шу сабабли мен сенга ҳимоячи бўлишга рухсат бермайман” дейди судья. Дилбар: “Сиз давлат Конституциясини бузаяпсиз-ку” дейиши билан судья қутуриб кетади ва: “Мен сен айтган Конституцияга ф…нимни қўйдим! Йўқол, бу ердан!” дея бақиради ва Дилбарни судраб кабинетидан чиқариб юборади. Бу – давлатнинг юқори лавозимли вакили (судья!!!) ватанни беҳурмат қилганининг классик мисолидир.

(ii) ва (iv)-чи тоифалар вакилларини ҳукумат ёқтирмайди. “Ёқтирмайди” сўзи, турган гап, жуда юмшоқ айтилган. Аслида, “ҳукумат ўлгудек ёқтирмайди” дейилса тўғри бўлади. Жамият ҳамма вақт мамлакат ҳаётида юз бераётган воқеаларни ҳамда ҳукумат сиёсатини кузатиб юзаки эмас, балки чуқур тушунган ва тўғри хулосалар чиқарадиган инсонларни илгари сураверади. Табиий, бундай шахслар кўп бўлмайди. Уларнинг баъзилари мамлакат иқтисодининг ахволи аянчли эканини кўра билади, аянчнинг бошқалар сезмаган сабабларини таҳлил қила олади ва бу аянч ҳукуматнинг репрессив сиёсати туфайли келиб чиққанини уқтиради (минбардан туриб сўзлайди, мақола ёзади, давлат органларига шикоятлар йўллайди ва ҳ.) ва … душманга айланади.

Баъзилар жамиятда ижтимоий тенгсизлик кучайиб бораётганига эътибор қаратади ва бу тенгсизлик сабабларини ўрганади. Масалан, 90-чи йиллар ўрталарига келиб қишлоқ хўжалигида ҳукумат ислоҳот ўтказди, эски совет “колхоз” ва “совхоз” системасини тугатиб, қишлоқ хўжалигини аввал “ширкат хўжаликлари”, кейинроқ эса “фермер хўжаликлари” системасига ўтказди. Ўша даврда “Ер ўз эгасини топиши керак!” деган шиор ҳамма вақт давлат бошлиғининг оғзида эди. Тез орада “эгалар” ким эканлиги маълум бўлди. Ерга, асосан, 1) ҳокимиятга яқин бўлган одамлар; 2) ерни ёлланган одамлар номига ҳужжатлаштириб, иш ташкил қилишда ўшаларнинг кучидан фойдаланувчи прокурорлар, милиция бошлиқлари, ҳокимлар ва бошқа юқори лавозимли шахслар; 3) олдинги колхоз раислари ва совхоз директорлари ёки уларнинг бола-чақалари ҳамда қариндош-уруғлари; 4) ерни ҳокимлардан катта пулга сотиб олган шахслар эгалик қилди. Бутун умри колхоз ва совхоз ерларида ўтган одамларга эса ер берилмади. Бундай ижтимоий тенгсизлик ҳатто совет даврида ҳам кузатилмаган эди. Оддий сўз билан айтганда, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида феодал-қулдорчилик тузуми шакллантирилди. Ана шу ўзгаришларни тушунган, яъни ижтимоий тенгсизлик Ўзбекистонда ҳакалак отиб кетганини танқид қилган шахслар ҳукумат наздида душманга айланишди.

(iv)-чи тоифага кирувчилар камсонли ва аҳамиятсиз бўлгани учун бу мавзуни эътиборсиз қолдираман..

Табиий, тинчлик ва уруш пайтида ватанни севиш-севмаслик инсонда ўзгариши мумкин. Давлат рамзи ҳисобланган герб ва байроққа муносабат ҳам шу каби. Авторитар давлатларда давлат бошлиғи (мас., президент)ни ҳам давлат рамзи қаторига қўшишади. Инсонни давлат рамзи даражасига кўтариш – у ким бўлиши, қандай хислатларга эга бўлишидан қатъий назар – мамлакатда авторитаризмни, халқ менталитети (зеҳнияти)да инсонга сажда қилишни, яъни шахсга сиғинишни шакллантириш мақсадида қилинади, холос. Авторитар системаларда шахсга сиғинишни расмий пропаганда ватанпарварлик, дея талқин қилади, пропаганда воситалари бўлган матбуот, радио ва телевидение бу талқинни тинимсиз халқ онгига сингдириб боради. Ватанпарварликни шакллантириш йўлида Ўзбекистон ҳукумати тутуруқсиз, бемаъни ва кулгули тадбирларга ҳам қўл урди. Маълум-ки, қамоқхона жиноят содир қилган одамни тарбиялаш, унинг жиноят содир этишга мойиллигини йўқотиш, уни тўлақонли аъзо сифатида жамиятга қайтариш маскани ҳисобланади. Ўзбекистон қамоқхоналарида мамлакат гимни (мадҳияси)ни ҳар куни камида икки маҳал маҳкумлар ижро этишлари шарт қилиб қўйилган. Бироқ Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар оммавий ва сурункали қўлланиши, маҳкумнинг қадр-қиймати сариқ чақача олинмаслиги, қамоқхоналардаги шароит ҳеч қандай ижобий стандартларга жавоб бермаслигини ҳатто халқаро экспертлар ҳам такрор ва такрор айтишган. Қийноққа солинаётган, таҳқирланаётган, қамоқхона маъмурларидан фақат сўкиш ва ҳақорат эшитадиган, гимнни айтишни истамагани учун ваҳшиёна калтакланадиган маҳкумда ватанпарварлик руҳи шаклланиши мумкинми? Асло! Мен Вена шаҳридаги қамоқхонани кўрганман. Уни қамоқхона дейишга ҳам тил бормайди. Маҳкумлар учун спорт билан шуғулланишга барча шароитлар муҳайё қилинган, маҳкум ётадиган хона анжому-ускуналари меҳмонхонаникидан қолишмайди, қамоқхонадаги кутубхона Ўзбекистоннинг унча-мунча университетида йўқ. Маҳкумлар билан махсус психологлар реабилитация амалиётларини ўтказишар экан.

Туркия ва АҚШда давлат идоралари уёқда турсин, давлат байроғини ҳар бир хонадон ўз эшигининг пештоғига илиб қўйганини кўрасиз. Бу мамлакатларни кезар экансиз, одамлар давлат байроғини ҳақиқатан ҳам ҳурмат қилишига, яъни уларда ўз давлатига нисбатан ватанпарварлик руҳи шаклланганига амин бўласиз. Бу давлатларда ватанпарварлик шаклланганига асос бор – ҳукумат ўз фуқароларига кенг доирада эркинликлар яратган. Ватанпарварликни куч, зўравонлик ёки алдов билан инсонга сингдириб бўлмайди – бундай йўл билан сингдирилган ватанпарварлик сохта бўлади, у инсон қалбида ҳукуматга нисбатан фақат нафрат шакллантириши мумкин, холос. Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумларга ҳар куни икки марта (баъзи қамоқхоналарда уч марта) давлат мадҳияси (гимни) айттирилади. Уни билмаган ёки етарли даражада жўшқин ижро этмаётган ёки ижро этишдан бош тортган маҳкумлар калтакланадилар, карцерга ташланадилар, қамоқхона ички тартибини бузишда айбланиб амнистиядан маҳрум этиладилар. Сохта ватанпарварликни халқ онгига сингдиришда баъзан ҳукумат ҳеч ким кутмаган ишларни қилади. Маълум-ки, СССР, Хитой, Куба, Югославия, Шимолий Қурия, Руминия, Болгария ва бошқа коммунистик давлатларда доҳийларни улуғлаш, хусусан уларнинг беҳисоб портретларини илиш урф бўлган. Ўзбекистон даражасидаги собиқ коммунистик лидер Ислом Каримов ҳам шу йўлни тутди.

Ўзбекистонда болалар боғчасидан тортиб Президент Аппаратигача беҳисоб давлат ва нодавлат идоралари бор.  И.Каримов давлат бошлиғи бўлгач, унинг портретлари ҳар бир болалар боғчасининг ҳар бир хонаси, ҳар бир мактабнинг ҳар бир синфи, лицейлар, коллежлар ва олий ўқув юртларининг ҳар бир аудиторияси, беҳисоб давлат идораларидаги беҳисоб кабинетлари, беҳисоб ишлабчиқариш корхоналари, завод, фабрика ва фермер хўжаликлар, нодавлат ташкилотлари, кўчалар ва майдонларга илинди. Бу портретлар махсус қоғозлар, матолар ва тахталарда махсус бўёқлар билан портрет ишловчи махсус корхоналарда ишланди. Ўнлаб миллион портретлар юқорида келтирилган идора ва ташкилотларга текин (давлат ҳисобидан) берилган эмас – аксинча, сотилди! Ҳар бир боғча директори ўз ходималаридан пул йиғиб И.Каримов портретини сотиб олган, ҳар бир мактаб директори ҳар бир ўқитувчидан …ва ҳоказо. Ҳар бир портрет нархи қанча бўлганини мен билмайман, бироқ ўйлайман-ки, ҳисоб-китобни муҳтарам ўқувчининг ўзи бажариб, давлат ғазнасига қанча пул тушганини англаб олади. Бу мисолдан ушбу хулоса аниқ келиб чиқади:  авторитар режим “пул қилиш” йўлида халқнинг ахволи билан ҳисоблашмайди, бу йўлда у ҳар қанлай ноқонуний ва ноинсоний усулдан фойдаланаверади. Иккинчи хулоса ҳам бор: авторитар давлатларда Президент давлат рамзи сифатида унинг портретлари ҳамма ёққа илиниши халқда ватанпарварликни шакллантиришга қаратилгани учун бундай давлатларда ватанпарварликдан ҳам “пул қилинади”.

(Давоми бор)

 

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.