“Веспасианлик даври”нинг шиддатлари – 3-қисм

 

Очкўзлик АбуАли ибн Сино таърифида

 

Империялар ва репрессив давлатлар бошқарувига ҳеч қачон нияти тоза одамлар келмаган – бунга тарихдан минглаб мисолларни келтириш мумкин. Нияти тоза раҳбар (лар) ва репрессив давлат тушунчалари бир-бирига тубдан зид тушунчалардир. Давлат репрессия (истибдод)лар ёрдамида бошқарилаётган бўлса, унинг раҳбари давлат бойлигини ўз оиласи ва юқори лавозимли мулозимлар орасида тақсимлашга ўтади. Бунга ёрқин бир мисол сифатида Ўзбекистонни олиш мумкин. Бу мисли кўрилмаган ўғрилик давлат ғазнасининг доимо беқарор бўлиши, халқнинг қашшоқлашиши ва халқ янада кучлироқ таланишининг бир жиҳатидир. Бу тенденция давлатнинг юқори лавозимли мулозимларини биологик эмас, балки ижтимоий очкўзлик касалликга олиб келади. Ватандошимиз, буюк шифокор АбуАли ибн Сино бу касаллик ҳақида шундай ёзганлар: “Аллоҳ бандаларига синаш учун турли-туман касалликлар юборса-да, уларнинг давосини табиатнинг турли жойларига яшириб қўйган (дарахнинг баргида, ўтнинг илдизида, бирор ҳайвоннинг танасида ва ҳ.). Бироқ шундай тузалмас руҳий ва ижтимоий касаллик бор-ки, ботқоққа тушиб кетган одамни ботқоқ охир-оқибат ютиб юборгандай, бу касаллик ҳам унга чалинган одамни ютиб юборади (ўлимга олиб боради)”.

Авторитар давлатда мулозимларнинг мазкур руҳий-ижтимоий очкўзлик касалликка чалиниши табиий ҳолдир ва у мамлакат бошидан кечираётган “веспасианлик даври”нинг белгиларидан биридир. Бундай шароитда адолат ҳақида гап бўлиши мумкин эмас – очкўзлик биринчи навбатда мулозимнинг илгари бор бўлган ижобий хислатларини тамоман йўқотади, унда беҳисоб – шафқатсизлик, зулм ўтказиш, менсимаслик, кибр, бойликка меҳр қўйиш ва бошқа – янги салбий хислатларни шакллантиради. Бу салбий хислатлар мулозимлар орасида корпоратив манфаатни, яъни бир-бирини қўллаш, коррупцион йўл билан топилган бойликни бўлишиб олиш, давлат мулозими ҳар қандай қонунбузарлик содир этганда ҳам уни жазоламаслик (ва б.) ни келтириб чиқаради. Корпоратив манфаат, одатда, пастдан юқорига қараб йўналган бўлади, яъни корпоратив манфаат, масалан, оддий милиция ходимини давлат бошлиғи билан боғлайди, орада уларни боғлайдиган “занжир” (яъни оралиқдаги мулозимлар) звено (балдоқ)лари мавжуд бўлади. Бу дегани кўчада пора олаётган оддий милиционер поранинг бир қисмини президентга ёки Бош вазирга ўз қўли билан олиб бориб беради, дегани эмас. Пора пастдан юқорига қараб ҳаракат қилганда қўлдан қўлга ўтади, кўпаяди, Тошкентга юзлаб килограмм ўзбек сўми эмас, ихчам ва салмоқли доллар, евро ёки қимматли металл кўринишида етиб боради. Корпоратив манфаат туфайли мамлакатда бениҳоя катта пул массаси айланади, бу масса давлат бюджетини айланиб ўтади, коррупцияни кучайтиради, давлат идораларини ўғрилар, қароқчилар ва мафия маконига айлантиради.

Бироқ, корпоратив манфаат давлат мулозимларини манфаат йўлида жипслаштирса-да, ҳар бир онда “занжир”дан бир-икки балдоқ (звено) тушиб қолавериши, бошқача айтганда, коррупцион “занжир”нинг ҳар қандай балдоғи пайти келганда бошқасини “сотиб кетиши” мумкин. Бундай пайтда коррупцион “занжир”нинг энг катта бўлаги бўлган ҳуқуқ-тартибот органларининг “пичоғи мой устига” чиқади – “сотилган” коррупцион балдоқ (звено)нинг ҳамтовоқлари, оиласи, қариндош-уруғи “оборотга олинади”, яъни айланаётган пул массаси бир тўлғониб тушади – янги пул массаси қайта тақсимланади. Очкўзлик давлат идораларида кундан-кун кучаяверади, уни тўхтатадиган жисмоний ҳам, руҳий ҳам куч давлат организмида қолмайди. Тарих кўрсатади-ки, қатор мамлакатларда давлат танасидаги бу ижтимоий-руҳий касаллик халқ қўзғолонларига олиб келган. Одатда бундай ижтимоий-сиёсий зилзилалар давлат “веспасианлик даври”нинг учинчи фазасини ўтаб бўлганини, унинг сиёсий инқирози ниҳоясига етганини ва сиёсий тузум ўз умрини тугатганини билдиради. Бу жараён халқ ҳаётида тарбияловчи бир унсурни келтириб чиқариши ҳам мумкин – “веспасианлик даври”ни ўтаган халқ жамият илдизларини кемирувчи қурт коррупция, порахўрлик ва бошқа ижтимоий иллатлар эканини, бу иллатлар манбаъси давлат сиёсатилигини тушуниб етгани ва давлат сиёсатини тубдан ўзгартирганига эришганига мисоллар етарли.

 

Ўзбекистонда пул тақчиллиги қандай ечилади?

               

1)                  Ўқинг:   http://www.ozodlik.org/content/article/25316975.html   Ушбу мақолада “Ўзбекэнерго” акциядорлик компаниясига қарашли Сирдарё иссиқлик электр станциясининг бир ярим минг ишчиси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён маош олмай ишлаётгани ҳақида ёзилган. (Парча):

Биз маҳалламиздаги дўконлардан озиқ-овқат учун 1-2 миллион сўмгача қарз бўлиб қолганмиз. Ун, мой, макарон, чойгача қарзга оламиз. Дўкондорларга раҳмат, қарзга бериб турибди. Кўп қаватли уйларда яшайдиганлар жуда қийналиб кетди. Одамлар уйларидаги мебелми ёки ярайдиган бошқа нарса борми, олиб чиқиб сотиб озиқ-овқат оляпти. Одамлар қандай азобда эканлигини тушуниб олган бўлсангиз керак, – дейди корхона ишчиси. … Сирдарё ИЭС директори Мирзааҳмад Шаимов Озодлик билан суҳбатда ишчилар маошсиз қолаётганини тасдиқлади: “- Ҳа, йўқ. Пул бермаяпти. Банкада наличний пул йўқ. Бизга ойликни юқоридан беради, ўша ёққа чиқинг, – деб суҳбатни қисқа қилди корхона директори.  Ширин шаҳар ҳокими Шукуржон Тожибоев ҳам корхона ишчиларининг қийналиб қолаётганидан хабари борлигини айтар экан, бу ҳақда “Ўзбекэнерго”га ёзган мактублари натижасиз қолаётганини айтди”. (Парча тугади).

2)  Ўқинг:   http://www.ozodlik.org/content/blog/25381369.html        Бу мақолада Тошкент вилояти мактабларининг бирида ўқитувчилик қилаётган бир йигитнинг ҳикояси келтирилади. (Парча): Сентябрдан бошланди. Ҳамма пахтага! Бу янгилик эмасди. Кўпга келган тўй. Бир ой пахта терсак, ўлиб қолмаймиз. Аммо кутилмаганда янги буйруқ келди: Ҳамма пахтага, аммо ҳеч ким пахтага бормайди, дарсини ўтсин… Асл мазмун-моҳият шундаки, ҳеч ким пахтага кетмай, дарсини ўтади, пахта планини ҳам бажаради. Яъни пулини беради. … Терилмаган пахталар учун ўқитувчилардан миллиардлаб пуллар йиғилди. … Мактабга мажбурий обуна бўлишимиз керак бўлган газеталар рўйхати келди. 100 ортиқ газета номи бор. Ҳар бир газетага 2 тадан 10 тагача [ўқитувчи] обуна бўлиш керак. Яна йиғди-йиғди бошланиб кетди. Шу билан ўқув йилининг ярмини емаган сомсаларимиз учун пул тўлаб ўтказдик. … (Парча тугади).

3)  Намунавий уйлар мисоли. Бу уйлар ниманинг ҳисобига ва қандай сифат билан қурилаётганини ҳамма тушуниб қолди – бундай уйларнинг қурилиши ҳар қандай нарсани билдириши мумкин, бироқ ҳукумат аҳолининг турмуш даражасини яхшилашни мақсад қилганини асло билдирмайди. Бундай уйларнинг қурилиши давлат ғазнасини тўлдиришнинг, яъни “пул қилиш”нинг бир йўлидир, холос. Бундай пайтда сифат ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас – сифат ҳукуматни қизиқтирмайди. Бошида “усти ялтироқ”лигига маҳлиё бўлган одамлар бу уйларнинг “ичи қалтироқ” эканига тез орада амин бўлдилар. Намунавий уйлар чок-чокидан титилиб кета бошлашдигина эмас, ҳатто “асфальт” ётқизилган кўчалар ҳам бир тийинга қиммат бўлиб қолишди. Бироқ нархларга қаранг! Аввал-бошда намунавий уйларнинг нархини 40-50 миллион сўм, деб эълон қилишди. Кейинчалик бу нарх 70-80 миллионгача кўтарилди, ҳозир эса салкам 150 миллионга чиқди. Қонун устивор бўлган давлатда қурилган уйларни қабул қилиш экспертизаси бундай уйларни қабул қилмайди, чунки суд экспертлардан уйнинг нархидан кўпроқ маблағни алданган мижозлар фойдасига ундириб беради.

Бундай мисолларни минглаб келтириш мумкин. “Веспасианлик даври” шиддат билан кечаётган Ўзбекистонга ўхшаш мамлакатларда, юқорида айтганимиздек, суд давлатнинг тадбиркор (“пул қилувчи”) ташкилоти бўлгани учун алданган мижоз алданганича қолаверади. Бутун Ўзбекистон бўйлаб амалга оширилаётган бу қаллоблик ғазнага салмоқли маблағ келтириши аён – оддий халқнинг ҳисобидан қароқчиларча тортиб олинган бу маблағ ҳукумат ўзининг юҳога айланган мулозимларининг  оғзини маълум бир фурсат мойлаб туришга имкон беради.

 

4)  “Пул қилиш” учун Ўзбекистон ҳукумати гадойдан ҳам пул сўрашга тайёр

Ўқинг:   http://www.ozodlik.org/content/article/25391142.html    Ўзбекистон ҳукуматининг 2014 йил 13 май куни қабул қилинган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига киритилган ўзгартиш ва тўлиқлашларига асосан ногирон боласига қараган онага иш стажи ёзилмайдиган бўлди. Бошқача айтганда, ногирон боласига қарагани (тарбиялагани, соғлиғини яхшилашга ҳаракат қилгани) учун давлат томонидан белгиланган пенсия (нафақа) пули камайтирилган. Ногирон болани боқиш қанчалик машаққат эканини ногирон болани боққан одамгина тушунади. Ногирон болани боқишда баъзан ўзига тўқ оилалар ҳам чидамайди. Оддий оилалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади – ногиронлик бир кунлик ёки бир ойлик эмас, ногиронлик – умрбоддир. Демократик мамлакатларда ногирон болаларни даволаш ва уларни барча бошқа эҳтиёжларини таминлашни давлат зиммасидадир.

Масалан, Францияда бу масала қандай ҳал қилинган? Бола ногирон (кўр, шол, ақли заиф ва ҳ.) бўлса, онаси бемалол ишлайверади: шундай болалар учун давлат махсус бепул интернатлар очиб қўйган, уларда ногирон болалар учун максимал шарт-шароит ташкил қилинган, она боласини душанба куни эрталаб интернатга қўйиб кетади, болани тарбиячилар қабул қилиб олишади, бола интернатда жума куни кечқурунигача яшайди, жума куни кечқурун онаси ишдан қайтаётиб боласини уйига олиб кетади. Интернатда яратилган ҳар томонлама гўзал шароит ҳар қандай одамни сўзсиз ҳайратлантиради. Қариялар уйи ҳам худди шундай. Ногирон болалар пулига кўз олайтирган давлатни демократик давлат дейишга тил бормайди. Нодемократик давлат ўзининг юқори мансабли мулозими даволанишига исталган пулни ажратади. Гап ёлғон бўлмаслиги учун мисол келтираман. Бир пайтлар Ислом Каримовга энг яқин бўлган Исмоил Жўрабековнинг укаси рак касалига учраганда уни чет элда даволатиш учун давлат ғазнасидан 150.000 АҚШ доллари ажратилгани ҳақида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятида маълумот бор. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ғазнага пул тушуриш учун гадойдан ҳам пул олишга ҳаракат қилади.

 

5)  Бозорларни қайта-қайта бузиш – “пул қилиш”га қаратилган

Ўқинг:   http://www.ozodlik.org/content/article/2341404.html   (Парча):

 

“Солижон Абдураҳимов тасвирлайди:  – Мана бозорга кириб келдим. Кўприк тарафда бузилган жойни кўриб турибман. Столовойлар ҳаммаси бузиб ташланган, Соғ нарсанинг ўзи йўқ…. Деҳқон бозорга кирдим мана. Бу бозорни бир кунда теп-текислаб бўлишибди. Жуда катта тезликда бузиб ташланган. Бу ер улгуржи бозор эди. Менимча 3-4 гектар ер майдони бор. Энди ичкарида нарх-наво сал қимматроқ бўлади. Чунки ичкарида фақат савдогарлар сотади. Одамлар бу жойда “MegaPlanet” гипермаркети учун автомобил стоянкаси бўлади, дейишяпти” (Парча тугади).

Бозорларни қайта-қайта бузиш Ўзбекистонда одат тусига кирган. Бозор пул билан боғлиқ. Бозорда катта пул айланади. Бундай масканларга рўзғорини ўйлаб томорқасида етиштирган 20 кг бодринг, икки пақир гилос ёки кўз нурини сарфлаб, бир-бирлаб игна тортиб тиккан 10 та дўппини сотиш мақсадида юзлаб одамлар ҳам келади, чет элдан ўнлаб КамАЗларга босиб Хитой молларини олиб келган “бели бақувват” савдогар ҳам келади. Бели бақувватларнинг бозорда ўз шахсий дўконлари бор. Дўконларни уларга яхшигина пулга бир пайтлар давлат сотган. Савдогар: “Дўконимни 2 миллион сўмга давлатдан сотиб олганман, у ўғлимга ҳам қолади, неварамга ҳам хизмат қилади, авлодимнинг бели ҳамма вақт бақувват бўлади” деб ўйлайди. Хизматида “буз” деса бузадиган, “ўлдир” деса ўлдирадиган минглаб мулозимлари бўлган мустабид давлат эса: “Анави савдогар дўконини мен қўйган нархда сотиб олган. Бу бозорда дўкони бор савдогарлар 65 та. Бозорни бир кунда бузиб ташлаш қийин эмас. Янги бозорни ярим йилда тиклаш мумкин. Унгача одамлар бекор юрмайди – кўча-куйда савдосини қилаверади, солиғини тўлайверади. Янги дўкон нархини 3 миллион қилсам ҳам савдогар жон-жон деб олаверади” каби фикр юритади. Бу проект амалга оширилади, бузилган дўконлар учун компенсация тўлаш ҳақида гап ҳам юритилмайди, “бузилган дўконимга…” дея 2-3 марта жанжал қилган савдогарни 10-15 кун қамаб қўйилса ўзига келади! Ўзбекистонда 2-3 марта бузилган бозорлар талайгина – одамларга буни “Давлатимиз зўр-да, ҳамма вақт халқнинг фаровонлигини ўйлайди, ҳамма ёқни чиройли қилишга интилади” каби тушунтирилади. Ҳеч ким: “Давлат ғазнаси енгиллашиб қолди, юҳо мулозимларга маош тўлаш қийин бўлиб бормоқда” деб оғиз очмайди.

 

Францияда хусусий дўконлар ҳар қадамда, бироқ бозорлар … йўқ. Аслида, бор. Бозор учун махсус, атрофи ўралган жой ажратилмайди, бозор ичида махсус дўконлар қурилмайди. Ҳар ҳафтада камида уч марта бозор ташкил қилинади: шанба ва якшанба куни албатта! Ҳафта ўртасида ҳам бозор бўладиган кун бор. Бозор учун шаҳар ичидаги кенг кўчаларнинг бир-иккитасининг маълум бир қисми эрталаб соат 800 дан 1300гача полиция томонидан тўсилади. Сотувчилар бозорга ўзларининг махсус машиналарида сотадиган товарлари билан келишади ва ҳар бири ўзига ажратилган жойни эгаллайди. Йиғилувчан махсус столларга савдогар маҳсулотини териб (осиб) қўяди, об-ҳавога қараб ўзи ва товари устига соябонлар ўрнатади. Савдогарлар харидорга ўта хушмуомалада бўлишади. Нарх деярли ўзгармайди: масалан, 2006 йилда 1 кг олма неча пул бўлса (1 евро 10 сент), ҳозир ҳам ўша нархда  турибди. Адолатсизлик ҳукм сурган Ўзбекистон ва адолатли Франция ҳукуматларининг бозорга бўлган муносабатини оддий қишлоқликлар: “нағзи очнинг ейишига қара-ю, нағзи тўқнинг ейишига қара” дея аниқлашади.
6Паспорт пропискаси  ва  чет элга чиқиш визаси – крепрстнойлик ҳуқуқи қолдиқлари. Айни пайтда  чет элга чиқиш визаси “пул қилиш” йўлларидан бири

Мақолани давом эттириш учун Россияда қулликка қарши қачон ва қандай кураш олиб борилгани ҳақида қисқача тўхталишга тўғри келади. Крепостнойлик ҳуқуқи Россияда подшоҳ Фёдор Иоаннович замонида қабул қилинган. “Крепость” сўзини русчадан ўзбек тилига “мустаҳкамлик” каби таржима қилиш мумкин. Маъноси нима? Мазкур ҳуқуқ киритилишидан илгари помешчик (заминдор, катта ер эгаси)дан ер майдонини ижарага олиб ишлаган одам йил охирида шартнома шартларини тўлаб бўлгандан кейин бу помешчик ерини ташлаб, хоҳласа бошқа помешчик ихтиёрига ўтиб кетиши мумкин бўлган. Крепостнойлик ҳуқуқи жорий этилгандан кейин деҳқон “ўз” помешчигининг ерини ташлаб бошқа помешчик ихтиёрига ўтиб кетиш ҳуқуқидан маҳрум этилган, яъни деҳқон умрининг охиригача битта помешчик ерида ишлашга мажбур қилинган (помешчикнинг қули). Бошқача айтганда, деҳқон битта помешчикка мустаҳкам боғлаб қўйилган. Табиий, бу ҳолат қулликнинг бир кўринишидир.

1932 йилда эса СССРда паспорт режими жорий қилинди, бироқ мамлакатнинг барча қишлоқ аҳолисига, яъни бутун аҳолининг энг катта қисмига паспорт берилмади. Паспортсиз СССР ҳудудида юриш таъқиқлангани учун мамлакатда қулликнинг янги шакли вужудга келди (бу ҳам давлатнинг қули мақомида). Қишлоқ жойларидаги фуқароларга паспорт бермаслик аста-секинлик билан камайтирилишига қарамасдан давлат қуллигининг бу шакли 1989 йилгача давом этди. СССР даврида, – Ўзбекистонда ҳозир ҳам – инсонни яшайдиган жойига “михлаб қўйиш” мақсадида паспорт пропискаси жорий қилинган эди. Одатда инсонга нисбатан бундай муносабат тоталитар ва авторитар давлатларда инсонни тўлиқ назоратда тутиб туриш мақсадида амалга оширилади. Паспортингизда прописка бўлмаса сиз ҳечкимсиз, сизни ҳатто террористга ҳам чиқариб қўйишлари мумкин. Бунинг устига, яшаётган жойингиздан бирор шаҳарга борсангиз, паспортингизга вақтинчалик прописка қўйдиришингиз керак.

Паспорт системаси давлат ва халқ учун эзгулик (яхшилик, фойдалик, ютуқ) эмас, балки ривожланиш, айниқса иқтисодий ривожланиш олдидаги тўсиқ эканини тушуниб етиш учун Европа давлатларига салкам бир аср вақт керак бўлди. 19-чи асрнинг 65 – 78 йилларида Германия, Австрия, Испания, Италия, Дания каби мамлакатларда паспорт системасидан воз кечилди. Кейинчалик Европа давлатлари легитимацион системага ўтишди – фуқаро қандайдир ҳужжат олиб юриш мажбуриятидан халос қилинди, яъни фуқаро учун паспорт олиш-олмаслик мажбурият эмас, балки ҳуқуқга айланди. Европалик фуқаро учун паспорт у бошқа давлат ҳудудига ўтгандагина талаб қилинадиган бўлди, холос. АҚШда эса паспорт системаси ҳеч қачон бўлган эмас. АҚШ фуқаролари фақат четэлга чиқиш паспорти олишади ва у мамлакат ичида ишлатилмайди. Мамлакат ичида фуқаронинг шахси ихтиёрий бир ҳужжат, аксарият ҳолда автомобилни бошқариш гувоҳномаси орқали аниқланади. Бу – юқорида айтилган легитимацион системанинг ўзгинасидир. Европа Иттифоқига кирувчи давлатларнинг ҳар бири ўз фуқаросига ёки қочқин мақомини олган инсонга ўнйиллик пластик “паспорт” беради. Пластик паспорт эгалари бу ҳужжат билан ЕИ ҳудудида бемалол юра берадилар. Фуқаро ва қочқинга давлат ЕИдан ташқарига чиқиш паспорти ҳам беради, бироқ у камдан-кам ишлатилади. Шундай паспорт билан, масалан мен, Ўзбекистондан бошқа ҳар қандай бошқа давлатга чиқиб келишим мумкин

Чет элларга чиқиш визасини жорий қилиш 21-чи асрда давлат бошқарувида кузатилган энг архаик (ибтилоий, қолоқ, аҳамиятсиз) ҳужжатдир. Яқингача четэлга чиқиш визаси дунёнинг фақат тўртта мамлакатида сақланиб қолган эди – бу давлатлар Непал, Шимолий Қурия, Куба ва Ўзбекистондир. Бу рўйхатдан яқинда Куба чиқиб кетди, яъни кубаликлар чет элга чиқиш учун чиқиш визаси олмайдиган бўлишди. Жойи келганда шуни ҳам айтиш керак-ки, Ўзбекистонни дунёдаги энг ёпиқ ва репрессив давлатлар қаторига қўшсангиз баъзи ватандошларнинг ғазаби қўзғайди, ранги оқаради ва ҳатто безгаги тута бошлайди. Улар ватанимизнинг шериклари қайси давлатлар эканлигини англашни ҳам исташмайди. Шимолий Қурия дунёда энг ёпиқ давлат ҳисобланади, Непалда эса маоизм типидаги қип-қизил коммунистик тузум ҳукм сурмоқда – Ўзбекистон ана шу давлатлар қаторида турибди. Бироқ Ўзбекистоннинг улардан фарқи шунда-ки, ҳукуматимиз чиқиш визасини нафақат мамлакатни ёпиқлик режимида ушлаб туриш учун, балки бу системадан “пул қилиш” учун ҳам жорий қилган эди. Ёпиқлик, яъни одамларни имкон қадар чет элларга эркин чиқишига йўл қўймасликдан асосий мақсад одамларимизга демократия деб аталувчи “касаллик” (эркинлик, биринчи навбатда сўз эркинлиги, мўлчилик, ижтимоий адолат, эркин сайловлар, “президент” деган матоҳга сиғинмаслик ва б.)ни юқтирмаслик бўлса, кейинги мақсад ташқарига чиққан одамлар мамлакатимиз ичида содир бўлаётган зўравонлик ва адолатсизликлар ҳақида “оғзидан гуллаб қўймаслиги” га қаратилган бўлади. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ёпиқликдан ҳам “пул қилиш”га каттароқ урғу бериб, уни йўлга қўйди. Савдо-сотиқ, туризм, чет мамлакатларда дам олиш, ишлаш ва ўқиш,  ижодкорларнинг гастроллари ва бошқа турли тадбир ва юмушлар инсонларни чет элларга чиқишга ундайди. Одамларнинг бу ҳаракатланиши оммавий эканини ва чиқиш визаси икки йилга берилдишини ҳисобга олсак, бу “пул қилиш” йўли давлатга мўмай даромад келтиришини кўз олдимизга келтиришимиз қийин эмас.

 

Ҳақ бермаслик – “пул қилиш”нинг бир формаси

Ўқинг:    http://www.ozodlik.org/content/article/25417110.html

Инсонни давлат корхонасида, ёки хусусий тадбиркор корхонасида ишлатиб маошини бермаслик иқтисодий жиноятдир. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидага жиноятлар” қисмида бу жиноят кўзда тутилмаган. Икки фуқаро [ишчи – тадбиркор] ёки ишчи ва давлат [ишчи – давлат] орасидаги иқтисодий муносабат ишчи оиласи иқтисодий ҳаёти (еб-ичиш, кийиниш, рўзғор ва бошқа ҳаётий буюмларни харид қилиш ва ҳ.)нинг асосини ташкил қилади. Давлат иқтисодчилари буни билмаслиги мумкин эмас. Нега давлатнинг асосий юридик ҳужжатлари тайёрланаётганда бу ўта муҳим муносабатга юридик куч берилмаган? Жавоб ягона:  атайлаб киритилмаган!  Фуқаро (инсон) ҳуқуқларини менсимайдиган, ҳар қандай норозиликни куч билан бостирадиган, “Худони Худойбердича кўрмайдиган” [Худодан қўрқмайдиган] раҳбарлар давлат ғазнасига пул тушириш мақсадида ҳақ (маош) бермаслик йўлига ўтишига ажабланмаслик керак. Қизиғи, бундай пайтда ишчи ишберувчини судга ҳам бера олмайди – ЎзР ЖКда модда йўқ! Бунинг оқибатини совет даврида халқ орасида юрган қуйидаги анекдот (латифа) очиқ-ойдин кўрсатади.

Бир ишхонада омбор мудирилик иш бор экан. Ўзбек ишга киргани борибди ва маош қанчалигини сўрабди. Маош 100 сўм, дейишибди. Маош кам экан, деб ўзбек қайтиб кетибди. Ўша ишга ёллангани рус келибди ва маош қанчалигини сўрабди. Буям қайтиб кетмасин деб маош 150 сўм дейишибди. Русга маош камдай туюлиб у ҳам қайтиб кетибди. Учинчи бўлиб ишга жойлашгани яҳудий келибди. У маошни сўрамасданоқ, қайтиб кетмасин деб шоша-пиша: маош 200 сўм дейишса, яҳудий: “И-е, сизларда маош ҳам бериладими?” дермиш. Бу аччиқ ҳақиқат Ўзбекистонда ҳалиям тирик: инсон чин сидқи-дилдан иш бажарса-ю, бироқ муносиб маош олмаса ва унданда баттари – маошни бутунлай беришмаса, инсон ўғирликка ўрганади. Ўғирлик ижтимоий иллатларнинг бири, демак, “пул қилиш” мақсадида ишчининг ҳақини бермаган ҳукумат сўзсиз жамиятда ижтимоий иллатларнинг ўсишига ҳисса қўшаётган бўлади.

(Давоми бор)

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.