“Веспасианлик даври”нинг шиддатлари – 1-қисм

Толиб Ёқубов

Бюст Веспасиана

Мен ушбу мақолада махсус сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий атама (термин)лардан фойдаланмоқчи эмасман. Рим империяси давридан бошлаб (аслида унданда аввал) барча империялар ва беҳисоб катта-кичик давлатларни инқирозга олиб келган ёки йўқ қилиб юборган, “веспасианлик даври” дея аталувчи тарихий даврни 1991 йилдан бошлаб бошидан кечираётган Ўзбекистон бу даврни қай тарзда ўтказаётганини муҳтарам ўқувчилар осон тушунишлари учун мен мақолани содда тилда баён этмоқчиман. Муҳтарам ўқувчиларга шуни ҳам айтиб ўтишим керак-ки, мен иқтисодчи эмасман, иқтисод бўйича махсус билимим ҳам йўқ ва агар бирор иқтисодий масалада адашаётган бўлсам мени афу этадилар, деган умиддаман.

Ушбу мақолада мен мисол тариқасида ОЗОДЛИК радиоси сайтида пайдар-пай чоп этилаётган маълумотларга ўзимнинг назаримни қаратдим. Мен мазкур радио маълумотларига ишонаман, чунки унинг Ўзбекистонда мухлислари кўп эканини биламан ҳамда бу мухлисларнинг катта қисми мамлакатда содир бўлаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида радиони хабардор қилишларини кўпчиликка маълум. Радио тарқатган маълумотлардан фойдаланганим учун унинг раҳбариятига миннатдорчилигимни билдираман. Мен ўша хабарларнинг фақат линкини келтирдим, холос, чунки маълумот матнини тўлиқ келтиришга имконим йўқ. Муҳтарам ўқувчи шу линклар бўйича маълумотларни ўқиб чиқса, у ўрганилаётган масала моҳиятига чуқурроқ етиб боради, деган фикрдаман.

 

 

Қисқача тарих ва “веспасианлик даври” терминининг келиб чиқиши

 

 

Шундай тарихий жараёнлар мавжуд-ки, уларнинг кечиши инсон иродасига боғлиқ эмас – ўз ривожланишида улар на шоҳнинг ва на гадонинг иродасига бўйсунмайди. Шулардан бири империяларнинг парчаланиши ёки сиёсий тузумларнинг инқирозга юз тутишидир. Инсоният тарихида юзага келган ва инқирозга учраб парчаланиб кетган барча империялар ва деярли барча давлатлар “веспасианлик даври”ни бошидан кечирганлар. Яқин 100 йил ичида Австрия-Венгрия (1918 й.), Германия (1945 й.), Япония (1947 й.), Италия (1947 й.), Нидерландия (1961 й.), СССР (1990 й.), Чехословакия (1993 й.), Югославия (2008 й.) ва бошқа империялар парчаланган бўлса, ХХ-асрда Британия империясининг парчаланиши яқин йилларгача давом этди, бироқ бу жараён ҳанузгача тугаган эмас.  Ҳозир дунёда сақланиб қолган Россия, АҚШ, Хитой, Буюкбритания (ва б.) каби катта-кичик империялар ва аксарият давлатлар мазкур даврни ўтамоқдалар – бу давр бирида шиддат билан, бирида аста-секинлик билан ўтмоқда.

 

 

“Веспасианлик даври”ни баъзан “давлат терроризми даври” деб ҳам аташади. Давлатни бошқариш (яъни, сиёсат) ёлғон ва зўравонлик устига қурилган бўлса, бундай давлатда сиёсий тузумнинг инқирози бир неча ўн йил бўлиши мумкин. СССРда коммунистик тузумнинг умри салкам етти ўнйилликдан иборат бўлди. Биз қуйида диққатимизни асосан АҚШ, Буюкбритания, Канада, Испания каби демократик тартиблар у ёки бу даражада шаклланган империя ёки давлатларни эмас, балки ички сиёсатини репрессиялар асосида юритаётган Россия, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон (ва б.) каби империя ёки давлатларга қаратамиз. “Веспасианлик даври” нуқтаи-назаридан бу икки гуруҳ империя ёки давлатлар орасида асосий фарқ шунда-ки, биринчи гуруҳ империя ёки давлатларда сиёсий инқирозга юз тутиш тезлиги секинлик билан бораётган бўлса, иккинчи гуруҳга кирувчи империя ёки давлатларда мазкур жараён шиддат билан кечмоқдадир.

 

 

Эрамизнинг биринчи юзйиллигининг 69 – 79 йилларида Рим империясининг императори бўлган Тит Флавий Веспасиан давлат тепасига келганда империя ҳудудларида содир бўлаётган халқ қўзғолонлари тузумнинг тинкасини қуритаётган эди. Империя армияси мустамлака ҳудудларини кенгайтириш, бўлаётган норозиликларни бостириш учун тинимсиз урушлар олиб бориши давлат ғазна (хазина)сининг салмоғига доимий салбий таъсир кўрсатиб келарди. Тадқиқодчиларнинг айтишича, империяни бошқариш имкониятлари таборо пасайиб бораётганини Веспасиан англаб етган ва уни ўнглаш учун охирги чораларни қўллашга киришган. Ички репрессияга асосланган империя ёки давлатлар раҳбарлари турли ақл-идрок, дунёқараш, менталитет (зеҳният)га эга бўлсалар-да, уларда бир умумий хусусият бор-ки, унда барчаси бардавомлидир. Улар мамлакати инқирозга юз тутганини яхши англайдилар, бундан сесканадилар, қўрқадилар, улар мамлакатда тубдан ўзгаришларни амалга ошириш зарурлигини биладилар, бироқ ўзгаришларни қилмайдилар – аксинча, мамлакатларида репрессияларни кучайтирадилар. Бора-бора бу касалликка айланади.

Веспасиан кўпни кўрган ақлли одам бўлган ва империяни бошқаришнинг имкониятлари тугаб бораётганини яхши сезган. У империянинг умрини чўзиш учун сиёсат ва иқтисодда маълум бир “реформа”лар қилиш зарурлигини тушунса-да, бироқ унинг реформаси аҳолининг ҳаётини яхшилашга эмас, балки жамиятни янада қаттиқроқ исканжага тушириш, одамларнинг, образли қилиб айтганда, “еб турганини оғзидан тортиб олиш”, давлатнинг репрессив аппаратини сон жиҳатдан кучайтириш, бўлаётган бебошликларни “одил суд” ёрдамида “қонунлаштириш”га қаратилган эди. Иқтисодий “реформа” эса бошдан оёқ криминал (жиноий) асосга, яъни иқтисодда давлат ва мафияни бирлаштириш асосига ўтказишдан иборат эди. Веспасианнинг “реформалари” бошланиши пайтидан Рим империясининг қулашигача бўлган давр веспасианлик даври, деб аталган. Бундай тарихий даврни давлат терроризми ёки давлат қароқчилиги даври деб ҳам аталади.  Рим империясида “веспасианлик даври”нинг шаклланишида мафиянинг роли ҳақида ривоят ҳам мавжуд. Империя инқирози, айниқса, иқтисодий инқироз кучайган пайтда император Тит Флавий Веспасиан ўз ҳузурига мафия кланларининг бошлиқларини таклиф қилиб, улар билан иқтисодий инқироздан чиқиш йўлларини муҳокама қилади. Веспасиан империя иқтисодини бошқаришни тўлиқлигича мафия қўлига топширади. Ягона талаб: мафия давлат ғазнасини тўлдириб туриши керак. Шундай қилиб, давлат ва мафия структураларининг бирлашиб кетиши давлат (ёки империя) ҳаётида кузатиладиган “веспасианлик даври”нинг ташкил этувчиларининг биридир.

 

 

Веспасианлик даврининг асосий белгиси

 

 

Қадимги замондан ҳар қандай ҳукмдор (Мивр фиръавнлари, қадимги Рим империаторлари, Осиё амир, хон ва подшоҳлари, Европа ва рус қироллари ва императорлари ва ҳ.) ўзи ва давлатни қўриқлайдиган соқчи ва лашкарлар ҳамда давлат хизматини бажарувчи мулозимларга давлат ғазнасидан маош бериб турган. Ҳозирги замонда эса халқнинг давлат ғазнасидан маош ёки ёрдам пули оладиган қатлами анча кенгайди. Шунга қараб “веспасианлик даври”нинг асосий белгиси – давлатнинг бошқарув тизими мулозимлари, давлатнинг қўриқловчи ва ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари, давлат бюджетидан маош олиб давлат корхоналарида ишлайдиган ишчи-ходимлар, нафақа бериладиган қариялар, ногиронлар ва болалар, давлат тасарруфидаги олий ўқув юртларининг стипендия оладиган талабалари (ва б.) га маблағ етказиб берувчи давлат ғазнасининг бўшаб қолавериш тенденциясидан иборатдир. Табиий, юқорида айтилганидек, турли замонларда давлат ғазнасидан маош оладиган мулозимлар ва структуралар ҳар хил бўлган. Олдинги жумлада келтирилган структуралар ҳозирги замонда, дунёнинг қатор мамлакатларида шаклланган структуралардир. Қўқон ва Хева хонликлари ва Бухоро амирлиги даврида давлат структуралари бутунлай бошқа шаклда бўлганбўлиб, турли қитъаларда давлат структуралари ўзига хос кўриниш ва мазмунга эгадир. Ғазнанинг бўшаб қолишини ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ўзининг “Ўтган кунлар” романида Тошкент беклигида ғазнани тўлдиришни бундай тасвирлаган:

(Парча):

Юсуфбек ҳожи … мaнa шундaй минг турлик вaсвaсaлaр ичидa қaршисидaғи Aзизбeкни ҳaм унутмoқдa эди. Aзизбeк бўлсa “жaвoҳир қaдaлғaн тoжлaр, oлтин тaxтлaр, нoзaнин пaривaшлaр, дoнғдoр мaҳрaмлaр” ҳaқидaғинa ўйлaр эди.

– Ҳoжи, – дeди Aзизбeк сўз oчиб, – мaним сизни ўрдaғa чaқирғaним сaбaбини aлбaттa билмaгaндирсиз?

 

Юсуфбeк ҳoжи ҳaёлидaн кўз oчди:

– Тaқсир…. чaқиришингиз aлбaттa фуқaрoнинг тинчлиғи, рaoё*нинг рoҳaти, ҳукумaтнинг бaрқaрoр турмoғи учундир.

Ҳoжининг бу сўзи Aзизбeкни яшиндeк урди. Унинг кўз ўнглaри қoрoнғилaшиб, ҳaлиги ширин ҳaёллaр тaғи қoрoнғилиқдa яшириндилaр. Ул oртиқчa ўнғaйсизлaнди вa тилaр-тилaмaс:

– Шундoғ…. – дeди вa бир oз ўйлaниб қoлгaндaн кeйин: – eтмиш кунлик қaмaл билaн xaзинaмиз жудa ғaриблaнди, ҳaттo шу кeйинги кунлaрдa сипoҳлaрнинг oзиғи учун ҳaм қийнaлиб қoлдиқ. Мaнa шу тўғрилaрдa сизни кeнгaшкa чaқирғaн эдим, –  дeди.

 

– Мaъқул тaқсир.

– Мeн бу тўғридa бир қaрoрғa ҳaм кeлиб қўйдим. Қaрoрим шундaн ибoрaтдирким, эртaдaн бoшлaб юрткa ўттиз икки тaнгaдaн сoлиқ сoчaсиз.

Юсуфбeк ҳoжи юрт бeсaрaнжoмлиғи вa ўғул қaйғуси билaн aсaбийлaшкaн эди. Aзизбeкнинг бу aблaҳoнa қaрoригa қaрши қaттиғ сўзлaр aйтишкa ўйлaб ўзини бир oз йиғди.

– Тaқсир, aмрингизгa қaрши тушaдирғaн жoйим йўқ, – дeди, – лeкин шунисини бир oз ўйлaмoқ кeрaк-ки, юрт eтмиш кун қaмaл кeчирди, онaдaн туғмa aзoблaр, oчлиқлaр ўткaрди вa ўткaрмaкдa. Мeнгa қoлсa бу кунлaрдa ўттиз икки тaнгa эмaс, ўттиз икки қoрa пул сoлиш ҳaм oғирдир. Юрт бeш-ўн кун oрқa-ўнгини oлсин, сўнгрa…

Ҳoжи сўзини тугaтa oлмaди, ҳoжининг тeрс сўзигa чидaлмaгaн Aзизбeк вaҳшийлaрчa ҳaйқирди:

– Нимa дeйсaн?!

Ҳoжи ишнинг бунчaлик ёмoнғa кeтишини ўйлaмaғaн эди. Шу дaқиқaдa ишнинг oлдини oлмaсa, энди гaп фaқaт Aзизбeкнинг жaллoд чaқиришиғa кeлиб қoлди:

– Тaқсир, сиз йиғ, дeр экaнсиз эртaгa эмaс, бу кундaнoқ йиғa бoшлaймaн. Юрт қaни бeрмaсинчи? Фaқaт мeнгa буйриғингиз кифoядир.

Бу сўз Aзизбeккa сеҳр кaби тaъсир қилди, дaҳлиздa турғучи йигит oрқaлиқ жaллoд чaришғa жўблaнгaн тили ўз зaрaригa ҳaрaкaтлaнди:

– Ўрдa бeгигa aйт, ҳoжигa бир кимxoб тўн чиқaриб кийдирсин! – дeди. (Изоҳ: *РAOЁ – ҳукмдoрнинг қўл oстидaги xaлқ). (Парча тугади).

 

Мазкур мисолдан яққол кўринади-ки, давлат ғазинасини тўлдиришнинг асосий манбъаси оддий халқдир. Яқин-яқин замонларда давлат ғазнасини тўлдиришнинг яна бир манбъаси урушлар бўлган – ғолиб урушда енгилган томоннинг барча бойликларини ўзлаштирган ва ҳатто узоқ йиллар давомида енгилган томондан пайдар-пай солиқ ундириб турган. Урушда енгилган, ўн, балки юз йиллар давомида босқинчининг мустамлакаси шароитида яшаб солиқ тўлаб турган халқ, табиий, босқинчиларга қаршилик кўрсатиб, охир оқибат озодликка эришганига мисоллар тарихда бехисобдир.  

 

“Веспасианлик даври”нинг фазалари

 

 

Зулм, ёлғон, халқни итоатда тутиб туришга асосланган ҳар қандай давлат (ёки империя), тадқиқодчиларнинг фикрича, “веспасианлик даврининг” учта фазасини бошидан кечиради. Мақола бошида айтилган ушбу фикрни мен яна бир марта такрорламоқчиман: турли давлат (ёки империя)ларда мазкур даврнинг “умри” турлича – қисқа ёки узун – бўлиши мумкин. Бу жараён– жуғрофик, демографик, иқтисодий, халқнинг менталитети ва бошқа – турли омилларга боғлиқ бўлади. Мас., Буюкбритания империясининг мустамлакалари метрополия (яъни, Англия)дан хийла узоқда (Ҳиндистон, Канада, Австралия, Жанубий Африка ва ҳ.) бўлса-да, унинг умри 1583 йилдан 1997 йилгача давом этди. “Веспасианлик даври” ҳукм суришининг тезлиги турли давлатларда, хусусан империяларда, турлича бўлса-да, бироқ унинг кечиши шу йўлга кирган ҳар қандай давлатда бир хил бўлиб, у уч фазадан иборат бўлади. Табиий, фазалар орасидаги чегара  ўта мавҳум бўлиб, уни аниқлаштиришнинг имкони йўқ, яъни. “кеча веспасианлик даврининг биринчи фазаси эди, бугун у иккинчи фазага ўтди” каби гаплар ўринсиздир. Одатда, давлат мазкур даврнинг бир фазасидан кейинги фазасига ўтиши унинг кейинги фазаси белги (фактор)ларининг салмоғи кучая бошлашига қараб аниқланади.

Биринчи фаза.  Оддий тилда айтганда, веспасианлик даврининг биринчи фазасида давлат халқни оммавий “талаш”ни, яъни солиқлардан ташқари турли-туман йўллар билан оддий халқдан “пул ундириш”ни амалга оширади. Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларида “пул қилиш”нинг учта мисолини келтираман, холос.

1) Шарқ, айниқса мусулмон, мамлакатларида жамоат ҳожатхонасидан фойдаланиш ҳеч қачон пуллик бўлмаган. Мустақилликнинг биринчи йилидаёқ Шота Руставели кўчасида жойлашган авиабилетлар сотиладиган бино ичида биринчи пуллик жамоат ҳожатхонаси ишга тушди ва бундай “масканлар” тез орада бошқа шаҳарларда ҳам қурила бошланди. Эрта-ю кеч ҳожатга кирувчи одамларнинг кети узилмайди, “тома-тома кўл бўлур” деганларидай ҳожатхоналар эшиги олдида пул йиғаётганлар кассасида миллион-миллион сўм пул йиғилади.

Ўқинг:  http://www.ozodlik.org/content/article/25386262.html

 

2) 1991 йилдан бошлаб мамлакатнинг барча йўлларида блок-постлар ўрнатила бошланди. Блок-постлар, одатда, мамлакатда уруш кетаётган ёки мамлакат уруш ҳолатида бўлган пайтда қурилиши мантиқли бўлиши мумкин, бироқ Ўзбекистонда уруш ҳам, уруш ҳолати ҳам бўлган эмас. Блок-постлар ҳукумат иддаосига кўра Ўзбекистонда терроризмга қарши кураш мақсадида қурилган, бироқ СССРдан чиққан бирорта бошқа мамлакатда йўллар блок-постлар билан тўсилган эмас. Савол туғилади: бошқа мамлакатларга терроризм таҳдид қилмаганми? Жавоб: Ўзбекистонда блок-постлар “пул қилиш” мақсадида ташкил қилинди! Блок-постларда “пул қилиш”ни “Озодлик” радиоси чоп этган ушбу мақолада акс эттирилган: http://www.ozodlik.org/content/article/25312973.html . Оддий одамлар блок-постларда порани фақат милиция ходимлари олади, деб ўйлашса-да, аслида улар бу ишни давлат буюртмаси (юқоридан туширилган кунлик, ойлик, кварталлик ва йиллик план) асосида бажаришади. Табиий, блок-постларда “пул қилаётган” милиция ходимлари ҳам ўз улушларига эга бўлишади. Ҳожатхоналар олдида пул йиғаётганлар ҳам бу пуллардан қуруқ қолишмайди.

3) 2014 йил 3 май куни “Озодлик” радиоси “Лицензиясиз киракашларга 2,5 миллиард сўм жарима солинди” номли хабар тарқатди. Қаранг: http://www.ozodlik.org/content/article/25370667.html     (Парча):

 

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий қилинган таксичилик фаолиятига доир янги тартибга кўра, фуқароларнинг махсус лицензияга эга бўлмасдан киракашлик қилиши тақиқланади. Норасмий маълумотларга кўра, янги тартиб йўлга қўйилмасидан аввал Ўзбекистон пойтахтида 35 минг атрофида лицензиясиз «киракаш» бўлган. Ўзбекистонда киракашлик аҳоли ишсиз қатламларининг асосий даромад манбаларидан бирига айланган. (Парча тугади). “Озодлик” радиосининг мазкур хабарига ўз муносабатини билдирган кўпсонли муштарийлардан иккитасининг фикрини келтираман:

 

РосПайп қаердан: Россия

 

Нихоят таксичиларга утишди, ахир халк нима килсин, зурга машина олиб ёки ижарага олиб итдек киракашлик килиб оиласини бокиб утирганди. Буям тугади… Бюджетга пул керак булса каламушларинг даромадларини текшир, Мирзияев, Азимов, Иноятов, Парпиев, Муллажанов ва х.к ахир бутун бир Узбекистоннни еб тугатишдику.

ali қаердан: er

 

hosh endi nima qilsin oddiy halq eplagan kira qilib non topib evoti epolmaganchi ulada nima ayib ular ham amal taqal qilib ijaraga mashina olib birim ikki bolarmikan deb yuribtiku  (Тамом).

 

 

Иккинчи фаза.  Одатда оддий халқ моддий бойлик жиҳатдан жамиятнинг энг камбағал қатлами ҳисобланса-да, давлат ғазнаси асосан оддий халқдан тушаётган маблағ ҳисобига тўлдириб боридади. Халқ камбағал қатлам бўлса-да, миқдорий жиҳатдан у энг катта қатламдир ва шунинг учун ҳам ундан ундирилаётган пул катта салмоққа эга бўлади. Бироқ жамиятда моддий жиҳатдан оддий одамларга нисбатан бойроқ, пулдорроқ, “қўли узунроқ” қатлам ҳам бор – бизнесменлар, банклар ходимлари, фермерлар, завод ва фабрика эгалари ва бошқа шу каби “бойлар” ана шу қатламнинг вакилларидир. “Веспасианлик даври”нинг иккинчи фазасида давлат пулни асосан “бой қатлам”дан ундиради. Бироқ, бу – давлат оддий халқни талашдан тўхтади, дегани эмас. Бу – биринчи этапда давлат “бой қатлам”ни “соғмайди” дегани ҳам эмас. Халқ қашшоқлашгани сезиларли фазага ўтгач, ғазнани тўлдириш асосан “бой қатлам” гарданига юкланади.

Иккинчи фаза даврида давлат ҳамма нарсадан “пул қилади” – давлат структуралари ва мафия бирлашади, яъни иқтисод тўлиқ криминаллашади:  ҳар бир ҳоким, прокурор, хавфсизлик хизмати, милиция, солиқ инспекцияси, божхона ва чегарани қўриқлаш хизмати бошлиқлари ўзларининг иқтисодий таъсир доирасини ташкил қилишади – бу доиралар бир-биридан изоляция қилинган ҳолатда фаолият юргазмайди, уларнинг таъсири тенгкучли бўлмайди, яъни баъзи доиралар туман ҳудудида, баъзилари вилоят ҳудудида, баъзилари эса мамлакат ҳудудида таъсир ўтказадилар, кучсизроқ доира бошлиғи кучлироқ доира бошлиғига ўлпон тўлайди. Мазкур доиралар орасида доимий ҳаёт-мамот кураши ҳукм суради, бу курашда асосий рольни судлар ўйнайди. Суд ўзининг белгилаб қўйилган, яъни адолатни тиклаш моҳиятидан тамоман узоқлашади ва давлат-мафия хизматига ўтади. Суд бир доиранинг иккинчи доира устидан қозонган “ғалабаси”ни “қонунлаштириб” беради. Охир-оқибат суд моҳиятан “пул ишлайдиган” тадбиркорлик ташкилотига айланади.

 

 

Учинчи фаза.  “Веспасианлик даври” иккинчи фазаси охирида иқтисодий салоҳиёт асосан давлатнинг йирик мулозимлари ёки уларга жуда яқин бўлган одамлар қўлига ўтади ва мамлакатда олигархат қатлами пайдо бўлади ва асосий кураш ана шу қатламга, яъни давлат бошқарувининг юқори сферасига кўчади ҳамда бу шафқатсиз кураш давлат сиёсий тузумининг инқирози – сиёсий саҳнадан кетиши – билан тугайди. Ўзбекистонда кейинги 5-6 йил ичида давлат раҳбарига яқин доиранинг ходимлари, қудратли вилоят ҳокимлари, прокуратура ва милиция бошлиқларининг ишдан кетиши каби қатор шов-шувли воқеалар кузатилди. Бу воқеалар, табиий, кимларнингдир давлат бошқарувидан оддийгина кетиши эмас, балки элитааро, яъни ҳокимият доирасида раҳбарлик вазифасини ўтаётган ва муҳим ҳукумат қарорларини қабул қилишда иштирок этадиган имтиёзли одамлар гуруҳи орасидаги шиддатли ҳаёт-мамот курашининг натижасидир. Бу қаторга И.Каримовнинг тўнғич қизи Г.Каримова, Бош прокурор ўринбосари А.Шарофутдинов, ички ишлар вазири Б.Матлубов, вилоят ҳокимлари С.Хусенов, Н.Зайниев ва бошқаларни киритиш мумкин.

“Веспасианлик даври”нинг тугаши инқирозга учраётган империя ёки давлатда қонсиз ёки турли даражада қонли бўлиши ҳам мумкин. Чехия ва Словакияга ажралиб кетган Чехословакия мазкур даврни қонсиз тугатди, бироқ СССР ва, айниқса, Югославияда бу давр қонли тугади. “Веспасианлик даври”нинг учинчи фазасида давлат мулозимлари содир этаётган ижтимой иллатлар ( ўғирлик, талон-тарож, таъмагирлик, порахўрлик, коррупция ва ҳ.) даражаси ўзининг максимумига эришади ва сиёсий тузум инқирозини кучайтиради. Сиёсий инқирозни давлат бошлиқлари ҳам яхши англайдилар, бироқ уни бартараф этиш фақат битта йўлдан иборат – яъни ҳукумат идораларида “тозалаш” ўтказиш йўли – дея қарайдилар. Аслида бу йўл “пул қилиш”нинг, яъни давлат ғазнасини тўлдиришнинг бир туридир. “Тозалаш” асосан ҳукумат идораларида ишлайдиган мулозимлар устидан жиноий ишлар очишдан бошланади ва бу жараён нафақат мулозимнинг қамалиши, балки уни иқтисодий шип-шийдон қилиш, унинг коррупция орқали топган дунёсини давлат ҳисоби (ғазнаси)га тортиб олиш билан тугайди.

(Давоми бор)

 

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.