АВТОРИТАР ТУЗУМ ШАКЛЛАНИШИ ШАРТИ – 2-қисм

 

Бошқариш усули шундай бўлган сиёсий тузум шаклини сиёсатшунослар “бошқариш пирамидаси” дейишади. Миср пирамидаларини эсланг! Фиръавн пирамида чўққисида ўтиради, унинг пастида мавқеи ва мансабига қараб давлат мулозимлари жойлашади. Бу қатлам пастга қараб кенгайиб боради: мулозим мансаби қанча паст бўлса, у шунча пастроқ қатламда бўлади. Пастга тушган сари ҳатто мулозимларнинг иқтидори ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳам чегараланиб бораверади. Пирамиданинг энг пастида (асосида) эса ҳақсиз-ҳуқуқсиз оддий халқ туришга маҳкум этилади. Қизиқ, конституциясида мамлакатни ‘демократик давлат’ деб эълон қилган ҳар қандай ҳукумат шу конституцияга алоҳида модда қилиб ‘Xалқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир’ деб ҳам ёзиб қўяди. Масалан, Ўзбекистон Конституциясида ҳам шундай. Бу деган сўз бошқариш пирамидаси мавжуд пирамидага нисбатан тескари ҳолатда бўлиши, яъни халқ пирамиданинг энг тепасида, давлат мулозимлари кетма-кет унинг пастида жойлашиши керак. Ўзбекистонга ўхшаш авторитар бошқарув ҳукм сураётган системаларда бошқарув пирамидасининг нормал ҳолати фақат сайловгачадир – сайлов олдида президентликка даъвогарлар ўзини халққа “ялингандай” тутишади, сайлов ўтгач, давлат бошлиғи сайлангач, мамлакатда давлат (пирамида) тўнтариши уюштирилади, яъни пирамида тўнтарилади – давлат бошлиғи пирамида чўққисига кўтарилади, халқ эса пирамиданинг энг тубига “ёйиб” ташланади. Давлат тўнтаришини тушунган (озчилик) тушунади, тушунмаган (кўпчилик) тушунмай қолаверади.

Юқорида айтилгандай Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида ‘Ўзбекистон — суверен демократик республика’ деб, 7-моддасининг 1-қисмида эса ‘Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир’ дея ёзиб қўйилган. Тушунишга қийналаётган ўқувчилар учун: “бирдан бир” ибораси “ягона” сўзини, “манбаъ” сўзи эса “эгаси”, “қўлида ушлаган” деган маънони беради. Содда тил билан айтганда, Ўзбекистонда Конституциянинг 7-моддасига асосан ҳокимиятга эгалик қиладиган, уни бошқарадиган ягона куч – халқ экан. Бироқ халқ минглаб, балки миллионлаб турли даражада ақлий ва жисмоний потенциалга, турли сиёсий, ижтимоий ва диний қараш ва эътиқодга эга бўлган одамлардир. Миллионлаб одамлар давлатни қандай бошқариши мумкин? – деган табиий савол устида қадимий юнонлардан бошлаб инсоният бош қотиргани маълум. Чамаси, 18-асрга қадар инсоният тарихида турли давлатларни турли ҳукмдорлар (фиръавнлар, қироллар, амирлар, хонлар ва ҳ.) асосан қилич, яъни куч ёрдамида бошқариб келишган. Охир-оқибат инсоният яккаҳокимлик, давлатни куч ёрдамида бошқаришга барҳам бериш учун ҳокимиятга халқ эгалик қилиши керак, деган хулосага келди. Бироқ бу хулоса катта муаммони келтириб чиқарди: минглабдан миллиардлабгача аҳолига эга бўлган давлатларда халқ уни қандай бошқариши мумкин?

 

Бир қарашдан ечимга эга бўлмаган масала осон ечилди: халқ ўз ичидан бир гуруҳ ишончли вакилларни танлайди ва сайлайди, аниқроғи ЁЛЛАЙДИ, ва уларга ўзининг давлатни бошқариш ваколатини топширади. Шундай қилиб, УМУМХАЛҚ САЙЛОВИ ва ЁЛЛАНГАН ҲУКУМАТ тушунчалари пайдо бўлди. Ёлланган ҳукумат (президент, бош вазир, вазирлар, қонунчилик ҳокимияти вакиллари – депутатлар, куч салоҳиятига эга бўлган структуралар ходимлари ва ҳ.) қонунчилик ҳокимияти ишлаб чиққан Конституция ва бошқа қонунлар асосида мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, диний ва бошқа ўнлаб соҳаларини шакллантиради ва давлат ишлай бошлайди. Давлатнинг асосий вазифалари: (а) халқ фаровонлигини ошириш, жамиятда очлик бўлмаслиги; (б) жамият ички тинчлигини сақлаш; (в) мамлакатни ташқи хавфдан ҳимоя қилиш; (г) бошқа давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда алоқалар ўрнатишдан иборатдир. Давлатни бошқариш осон эмас. Давлат бошлиғининг қўлида мамлакатнинг барча моддий ва бошқа ресурслари жамланган бўлгани, мазкур лавозимда туриш муддати кўз очиб юмгунча ўтиб кетишини билганлиги сабабли унда шу бойликдан ўз манфаати учун фойдаланиб қолиш нияти пайдо бўлиши мумкин. Давлат раҳбари бўлгач, ўз фаолиятини фақат халқ фаровонлигига сарфлаган одамлар бармоқ билан санарли бўлганини инсоният тарихи тасдиқлайди.

 

Демак, давлат янги раҳбар қўли остида қай йўналишга қараб ҳаракат қилиши давлат бошлиғининг НИЯТИга боғлиқ экан: нияти ТОЗА бўлса, давлат ривожланади, обрўли бўлади, давлатлар орасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди, нияти БУЗУҚ бўлса, давлат талон-тарож қилинади, халқ қашшоқликка маҳкум этилади, давлатнинг халқаро майдонда обрў-эътибори паст бўлади, халқаро масалаларда ҳеч ким у билан маслаҳатлашмайди. Демократик Чехословакиянинг президенти Вацлав Ҳавел коммунистик тузум пайтида 10 йил қамоқда ўтирган. Президент кабинетида телефон аппаратлари кўп бўлади – бири ўз маъмурияти, иккинчиси вилоятлар, туманлар ва давлатнинг бошқа идоралари, учинчиси бошқа давлатлар раҳбарлари (ва ҳ.) билан боғланиш учун мўлжалланган бўлади. В.Ҳавел ёзади: “Президент бўлиб сайланиб ишни бошлаганимдан маълум бир авқт ўтгач, мен ўзимда бир ўзгаришни сездим: бирор телефон жирингласа, гарчи аппаратлар қўлим етадиган масофада турган бўлса-да, уни котиба аёл кўтариб, трубкани менга узатишини кутадиган бўлибман. Менда “катта одам” белгилари пайдо бўла бошлабди. Мен авторитар раҳбарга айланаётган эканман”. В.Ҳавел котибага бундан буён телефон трубкасини кўтармаслик ва ўзига узатишни тўхтатишни уқтиради. Бу оддий мисол В.Ҳавел нияти тоза одам бўлганини яққол кўрсатади. У давлат Конституциясида президентлик учун белгилаб қўйилган икки муддатни ўтагач, халқ давлат бошида учинчи муддатга қолишини талаб этса-да, у унамайди. Чехия ва Словакия ҳозир Европа Иттифоқининг аъзолари сифатида халқаро сиёсатда фаол иштироқ этишмоқда.

 

Уругвайнинг президенти Хосе Альберто Мухиканинг мисоли бундан-да ғаройиб. У 14 йил қамоқда ўтирган, 2009 йил президент лавозимига сайланган. Унинг хотини Лусия Тополанскидан бошқа ҳеч кими йўқ. Хотини Уругвай Сенати аъзоси. Эр-хотин қишлоқдаги эски уйида истиқомат қилишади. Уларнинг уйига водопровод ўтказилмаганлиги туфайли сувни ҳовлисидаги қудуқдан олишади. Х.А.Мухиканинг президентлиги учун давлатдан оладиган маоши 12.500 доллар бўлиб, у маошидан 1250 долларини ўзига қолдириб, қолганини камбағалларга улашади. “Менга 1250 доллар бир ойга етади, оддий урувайлик бундан анча кам маош олади” дейди у.  Президентнинг сотиб олган энг қимматбаҳо нарсаси 1987 йилда чиққан “Фольксваген” машинаси бўлиб, машина унга 1975 долларга тушган. Уругвайга чет давлатлар бошлиқлари келганини ҳисобга олинмаса, президент давлат транспортидан фойдаланмайди ва ўз машинасини ўзи ҳайдаб юради. Унинг президентлик даврида Уругвайда қашшоқлик кескин камайган. Бундай президентнинг нияти бузуқ дейишга одамнинг тили бормайди.

 

Мўминжон совет давридан бошлаб ўз давлатчаси (колхоз)да қандай яккаҳокимликни ўргатган бўлса, СССР даврида шахс ва раҳбар сифатида шаклланган Ислом Каримов ҳам давлат раҳбари бўлгач, дарҳол мамлакатда яккаҳокимлик тартибини ўрнатди. Унинг нияти БУЗУҚ эканлиги тез орада намоён бўлди: 1) 1990 йилда ҳар ҳолда демократик руҳда ўтказилган парламент (Олий Кенгаш)га сайланган депутатларнинг баъзилари ўлдирилди, бир нечаси қамоққа ташланди, бир қанчаси ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида чет элларга чиқиб кетди, баъзилари депутатлик муддати тугамасдан сохта айблар билан депутатликдан қувилди; 2) 1992 йил 16 январь куни нархларнинг кескин оширилиши ва стипендияларни вақтида берилмаётганига норозилик билдириб намойишга чиққан студентлар отилди, 17 январьда эса отилганлар хотирасига кўчага чиққан студентлар шафқатсиз калтакланди; 3) 1993 йилнинг октябрида кўзга кўринган икки мухолиф ташкилот – “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” демократик партияси тақиқланди; 4) Давлатнинг икки муҳим ташкилоти – фаолияти жамият хавфсизлигини сақлашга қаратилган орган МИЛИЦИЯ ҳамда фаолияти давлат хавфсизлигини қўриқлашга қаратилган ташкилот МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ тўғрисида қонун қабул қилинмади. Давлат фаолиятида иштирок этаётган катта-кичик ҳар қандай давлат ташкилоти тўғрисида мамлакат парламенти қонун қабул қилиши шарт. Шундагина ташкилот ҳуқуқий майдон ичида фаолият олиб бориши тан олинади, акс ҳолда унинг фаолияти ноқонуний ҳисобланади. Ислом Каримов Ўзбекистонни 25 йилдан буён давлат учун ўта муҳим, бироқ ноқонуний бўлган икки ташкилот ёрдамида бошқармоқда. И.Каримов шакллантирган авторитар сиёсий режим белгиларидан минглабини келтириш мумкин.

 

Хулоса.  Авторитарлик (яккаҳокимлик) инсоният танасидаги иллат, мадда (йиринг) бойлаган касалликдир. Бир қарашдан бу касаллик ҳеч тугамайдигандек туюлади. Бироқ бир аср муқаддам дунёдаги барча давлатлар шу касалликка чалинган бўлган, ҳозир эса жамиятдаги баъзи қусурларни ҳисобга олинмаса, давлат сиёсати авторитаризмга ҳеч алоқаси бўлмаган Франция, Норвегия, Швеция, АҚШ, Дания, Германия, Япония, Австралия, Янги Зеландия каби ўнлаб давлатлар шаклланган. Менинг назаримда, инсоният катта қийинчилик ва қаршиликка қарамай шу йўналишда илгари силжимоқда.

 

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.