ТАЛАБАЛИК ДАВРИДАН ЛАВҲА – 1-чи қисм

Толиб ЁҚУБОВ


Қаҳҳор амакининг башорати

             1958 йилда мактабни битиргач, мен Низомий номли Тошкент давлат педагогика институти (ТДПИ)нинг физика-математика факультетига ўқишга кирдим. Ўша йили дадамнинг амакиваччаси Хосият аянинг Мўминжон деган ўғли Қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факультетига талаба бўлди. Унинг Пирим деган акаси биздан икки йил аввал ТДПИнинг тарих факультетига ўқишга кирган эди. 1-чи курснинг 1-чи семестри давомида мен уйга (Жиззахга) бора олмадим. Сабаби оддий эди: биринчидан, йўлкира учун пул йўқ эди. Ўша пайтда педагогика институтларида 1-курс талабаларига 22 сўм стипендия бериларди ва шу пулни овқатланиш учун етказишимиз лозим эди. Институт ошхонасида булка нон текин бўлиб, у кесилган ҳолда, саватда, овқатланиш зали ўртасида стол устида турарди ва ундан неча бўлак олиш нормаси йўқ эди-ки, ҳатто 50 тийинга тушлик қилиш ҳам мумкин эди. Иккинчидан, оиламиз камбағал бўлгани учун дадам кўпи билан 10 сўм беришга қодир эдилар, холос. Мўминжон ва Пирим ака эса уйига ҳар ойда келиб кетишар эди. Мен ҳайрон бўлсам-да, бунинг сабабини билмасдим.

1-чи семестр натижасига кўра менга “олий стипендия”, яъни 27,5 сўм беришадиган бўлишди: “олий стипендия”ни сессияни нуқул “аъло” баҳога топширган талабаларга беришар экан. Сессия тугагач, 1959 йил январининг охирида каникулга, уйга, қишлоқдошлар ҳаммамиз бирга қайтдик. Мўминжон иккаламиз Тошкентга кетишда, қишлоқ магазини олдида учрашиб, бирга кетишга келишдик. Келишилган вақтда мен магазин олдига борсам, Мўминжон чиқавермади, уларнинг ҳовлиси магазинга яқин бўлгани учун мен уларникига киришга қарор қилдим. Борсам, Мўминжон, Пирим ака ва уларнинг отаси Қаҳҳор амаки сандал атрофида бемалол оқчой (ширчой) ичиб ўтиришган экан. Қаҳҳор амаки ўрнидан туриб кўрпа-тўшаклар йиғилган тахмон олдига борди ва қўлини кўрпалар орасига тиқиб катта бир даста пул олди. Пулларни санамасдан Қаҳҳор амаки дастани иккига бўлди ва уларни икки ўғлига улашди. Жойига ўтиргач, у мендан сўради:

–                Толибжон, Ёқуб акам сенга қанча пул бердилар?

–                Дадам камхаржроқ эканлар, ўн сўм бердилар, – дедим мен.

–                     Сен қанча ойлик оласан? – Қаҳҳор амаки яна сўради. У стипендияни ойлик деб атади – чамаси Қаҳҳор амаки стипендия сўзини билмас экан.

–                     Йигирма етти ярим сўм.

–                     И-е, бизнинг Мўминжон сендан кўп ойлик олар экан, унга 35 сўм ойлик беришаркан. Демак, у пировардида ҳам сендан яхши бўлади, – деб гапини тугатди Қаҳҳор амаки. Ўша пайтда Қишлоқ хўжалиги институтида 1-курс талабалари учун оддий стипендия 35 сўм эди.СССРда олий маълумотли қишлоқ хўжалиги мутахассислари (агрономлар, ветенария ходимлари, ирригаторлар ва б.) олий маълумотли ўқитувчилардан ижтимоий поғонада юқори қўйилганини биз, табиий, тушунмасдик.

Мўминжоннинг авторитар давлатчаси

 Қаҳҳор амакининг охирги гапи менинг бошимга гурзи билан ургандай бўлди – кирганимга минг пушаймон бўлдим. Тошкентга қайтгач Мўминжон қишлоқдошларидан узоқлаша бошлади. Қишлоқдошларнинг онда-сонда бўлиб турадиган тадбирларига келмай қўйди. 3-чи курсда пахта экиш бошланмасдан сал олдинроқ уларни биринчи марта Мирзачўлга практикага юборадиган бўлди. Мўминжон практикага “яхши” тайёргарлик кўрди. Ўша пайтларда колхоз раислари учун – оёғига қўнжи қизғиш, қалин, пишиқ матодан бўлган этик, устига сталинча либос – галифе шим ва пастдан томоғигача тугма қадалган китель – кийиш урф эди. Мўминжон талаба бўлса-да, практикага колхоз раисидек кийиниб жўнади. Мўминжоннинг практикаси кеч кузгача давом этди ва у практикадан катта пул билан тамоман бошқа одам бўлиб қайтди. Ундаги кибр, одамларни менсимаслик ва ўзидан даражаси юқорироқ одам олдида таъзим қилиш ҳаддан ошиқ эди. Институтни битиргач, у колхозимизда бир муддат агроном бўлиб ишлади, сўнг бир сабзавотчилик совхозига директор бўлиб кўтарилиб кетди. Совхоз директори лавозимида анча йиллар ишлагач, уни “Ўзбекистон” номли колхозга раис этиб тайинлашди ва у бу колхозда раис бўлиб кўп йиллар ишлади. Мўминжон бу икки масканда катта тажриба орттиргач ўз “юртига”, яъни Ҳамид Олимжон номли колхозимизга раис бўлиб келди.

Совет даврида шахс ва раҳбар сифатида шаклланган Ислом Каримовнинг сўкиниб гапириши ва қўл остидаги одамларни калтаклаши ҳақида кўп ва хўб ёзилган ва гапирилган. У ҳокимларни танлаганда унинг одамийлиги, адолат ва инсонпарварлиги эмас, аксинча, унинг одамларни энг ёмон сўзлар билан юзсизларча ҳақорат қила билиши, инсонни кўпчилик кўзи олдида ура билиши асосий критерий сифатида қараганлигидир. У фақат шундай одамларгина зўравонлик ва қўрқитишга асосланган унинг сиёсий тузумини сақлаб туриши мумкинлигини яхши тушунган. Мўминжоннинг ҳам суяги совет тузуми шароитида қотган эди. У ҳам бирор муҳтожлик билан идорага келган одамни онаси, хотини, қизи қолмай бўралаб сўкарди. Мўминжон одамларни ахмоқ қилишни ҳам яхши кўрарди. Масалан, бир колхозчи мол-ҳолига колхоз далаларида ўрилаётган бедадан бир тележка сўраб келса, у йўқ демасди ва беда бригадаси мудирига бир энлик хат қилиб берар экан. Ўшандай қоғоз билан келган баъзи одамларга беда бригадаси мудири беда берар, баъзиларга бермас экан. Кимга кўнглида бермайман, деса, уни орқасидан бир неча бор югуртириб, тинкасини қуритиб, охири барибир беда бермас экан.

Кейинчалик бунинг сири маълум бўлди: Мўминжон ёзган хатчаларига икки хил имзо чекар, улар битта нуқтаси билан фарқ қилар экан, яъни нуқтасиз хатча келса беда бригадири  раиснинг ёзганини бажарар, нуқтали имзо билан хатча келса жавобгар шахс ўлиб қолса ҳам бажармас экан. Мўминжоннинг ўзига хос бу “методи”га бошқа барча лавозимли шахслар (ғалла омбори мудири, от, мол, қўй ва товуқ фермалари бошлиқлари, кассир ва бошқа жавобгар шахслар) сўзсиз амал қилишарди. Каримовнинг давлат сиёсати қандай бўлса, Мўминжон ундан-да илгарироқ ўз атрофида худди шундай “давлатча” ташкил қилган бўлиб, у ўз “давлатчаси”да давлат бошлиғи эди ва отаси Қаҳҳор амаки айтганидай, у менга ўхшаган ўқитувчилардан пировардида (кейинчалик) ҳам олдинда бўлди, яъни раҳбар, бой, ҳурматли, давлатидаги жамиятни ўтқазиб-турғазадиган одам эди. Қаҳҳор амаки буни олдиндан кўра билган экан! Мўминжоннинг давлатчасида авторитарлик белгилари “мана-ман” дегандай кўриниб турарди: қўполлик, сўкиш, одамларни лақиллатиш, менсимаслик, атрофига лаганбардор ва очкўз мансабдорларни йиғиш, халқ мулкини безбетлик билан ўзлаштириш ва ҳоказо. Ўзбекистонда бундай давлатчалар беҳисоб кўп бўлган. Одамлар қаршилик кўрсатишганми? Баъзи жойларда қаршилик кўрсатишган, бироқ бу қаршиликларнинг яккам-дукками сиёсий тусда бўлиб, аксарияти “ҳукмдор”ларни ўлдириш шаклида бўлган. Шу қаршиликлардан менга маълум бўлганларидан учта мисолни келтираман.

Биринчи мисол.  1957 йилда бизнинг колхозимизда қотиллик содир бўлди. Қотилликка ўта камбағал, куни-туни колхоз даласида пахта экувчи, чопувчи, суғорувчи, терувчи бўлиб ишлаб келган Берди ака деган одам қўл урган эди. Ўша пайтларда колхоз уй-жой қуриш учун колхозчиларга ер бера бошлаган эди. Берди аканинг уйи чордевор бўлиб, ўта хароба ҳолда эди. Аҳоли уй қурса фундаментли қилиб қуришни ўргана бошлади. У пайтларда цемент аҳолига деярли сотилмагани туфайли одамлар фундаментни палахса-палахса харсанг тошлардан қила бошлашди. Ёз кунларининг бирида, якшанба – дам олиш куни Берди ака далага чиқмай, икки яшик помидорни эшагига ортиб бозорга жўнайди. Бундан хабар топган раис “Победа” машинасига бригада бошлиғи Анбархон опа (Берди ака шу аёлнинг қўлида ишлаган), қурилиш бригадаси бошлиғи Низом Туйчиев ва ферма мудири Юсуфхон акани миндириб бозор томон жўнашади ва Берди акани бозорга етар-етмас қувиб етишади ва ҳақоратлаб ортга қайтаришади. Берди ака уйга қайтгач, этигининг қўнжисига пичоқ солиб, елкасига кетмонини ташлаб колхоз идораси томон йўл олади. Идора олдида у раисни сўрайди, қоровул раис бир иш билан районга кетганини айтади. Берди аканинг кўзи Юсуфхонга тушади ва югуриб бориб уни пичоқлай бошлайди. Уни ўлди деб ҳисоблаб нари кетаётиб Низом Туйчиевни учратади ва уни ҳам пичоқлайди. Тез орада у Анбархон опани учратади ва пичоқни яланғочлаб уни қувади, етиб олгач 17 ерига пичоқ санчади. Анбархон опа жойида ўлади. Қишлоқ бир зумда ваҳима ўчоғига айланади. Одамлар милиция чақиришади. Анбархон опа ўлганини кўргач, Берди ака ўзи милиция ходимлари олдига келади. Берди ака ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Иккинчи мисол.  Бу мисолда норозилик туфайли содир этилган қотиллик жойи ва ўлдирилган одам исми-шарифини унутганман. Воқеа Фарғона водийсида содир бўлгани, ўлдирилган одам Совет Иттифоқи қаҳрамони (2-чи жаҳон уруши қаҳрамони), колхоз раиси эканлиги ва воқеа тафсилотлари эсимда қолган, холос. Колхозда тракторчи бўлиб ишлайдиган бир йигит раисга учрашиш мақсадида тракторда идорага боради, тракторни идора рўпарасида тўхтатади. Идорадан ташқарига чиқиб турган раисга бу ёқмайди ва у “Тракторингни ол-ча, ол!” дея тракторчига қаттиқ сўкиниб бақира бошлайди. Атрофда одам кўп бўлиб, уларнинг олдида тракторчи қаттиқ изтиробга тушади – раис унинг онасини тилга олиб сўкаётган эди. Тракторчи икки ҳатлаб раис олдида пайдо бўлади ва пичоғи билан раиснинг қорнини ёриб юборади. Ичак-чавоғи ташқарига чиқиб кетган раис жойида ўлади.

Учинчи мисол.  Бу қаршилик тинч йўлда кечган сиёсий қаршилик эди. Олдинги асрнинг 50-чи йиллари охирроғида Жиззахда давлат органларида ҳукм сурган қўшиб ёзиш (приписка), коррупция ва порахўрликка қарши курашган бир ташкилот тузилди. Ташкилотда 108 та аъзо бўлиб, уни икки ўқитувчи бошқарар эди: бири – бизнинг Тоқчилиқ қишлоғимиздан Мустафоқул Муқимов, иккинчиси – шаҳарлик, татар миллатига мансуб Шафақаев (исми ёдимдан кўтарилган) фамилиялик ўқитувчи эди. Кураш асосан Жиззах туманидаги “Ўзбекистон” колхози раиси, Социалистик меҳнат қаҳрамони Сағдилла Мавлонов қарши қаратилган бўлса-да, кейинчалик бу кураш бутун туманга ёйилди. Ташкилотнинг Ўзбекистон раҳбарларига мурожаатлари инкор қилинаверди. Кейинги мурожаатлар Москвага йўлланди. Хатлар почта орқали жўнатилиш бефойда эди, чунки улар Республика КГБси томонидан ушлаб қолинар эди. Хатларни Москвага 2-Жаҳон уруши қатнашчиси, икки кўзи тамоман кўр бўлиб қолган Акавой ака деган одам олиб кетар эди. Бу воқеа тафсилотларини менинг блогимга қўйилган “Жиззах мухолифати” номли мақоламни ўқиб билиб олишингиз мумкин: https://tolibyoqubov.wordpress.com/2012/09/21/%D1%82%D0%BE%D0%BB%D0%B8%D0%B1-%D1%91%D2%9B%D1%83%D0%B1%D0%BE%D0%B2-%D0%B6%D0%B8%D0%B7%D0%B7%D0%B0%D1%85-%D0%BC%D1%83%D2%B3%D0%BE%D0%BB%D0%B8%D1%84%D0%B0%D1%82%D0%B8/

Хуллас, С.Мавлонов 15 йилга қамалди, ундан Социалистик меҳнат қахрамони унвони олиб ташланди. Бироқ ундан олди туман архиви, барча колхозлар архиви ҳукумат одамлари томонидан ёндириб юборилди, Республикада энг катта пахта заводларидан бири бўлган Жиззах пахта заводига ўт қўйилди, у тамоман ёниб кул бўлди, 108 та курашувчилардан сотилиб, қамалиб, урилиб, сурилиб, қочиб, ўлдирилиб охиригача туриб берган одамлар 4 киши эди, холос. (Тамом).

Мўминжонда тадбиркорлик таланти жуда баланд бўлиб, у колхозимиз раиси бўлиб ишлаган даврда колхознинг бир неча минг қўйи, мингга яқин оти, мингдан зиёд қорамоли, каттагина товуқхонаси бор эди. Пахта териш сезонида ҳар йили камида 45 та пахта териш машинаси далага чиқарди. У колхоз учун икки қаватли чиройли идора биноси қурдирди, унинг атрофида бир неча гектарли, чиройли ҳовузи билан боғ ташкил эттирди. Колхознинг Қўрғонтепа ҳудудида йирик молхона, 10-15 гектар ерда эса узумзор (ерток) барпо этди. Колхознинг олдинги раиси Жўрақул Имомов қурдирган йирик трактор парки, унинг ёнида йирик ғалла омбори, ҳаммом мавжуд эди. У Жиззах вилояти ҳокими Алишер Тошканбоев орқали ўша пайтда Ислом Каримовнинг ўнг қўли бўлган Исмоил Жўрабеков билан танишди. Мўминжон ҳар ойда камида бир марта Тошкентга бориб келарди. У йўқ бўлиб қолса одамлар орасида дарров “Раис Тошкентга кетибди” деган гап тарқалар эди. Бу гап аста-секин унинг доимий шофери Қодирқул орқали очиқланди: Мўминжон энг семиз, махсус боқилган қўйлардан 1-2 тасини сўйдириб, гўштни оқ дока материалга ўраб Тошкентга олиб борар экан.

Колхозимиз ёнида 03195-рақамли ҳарбий қисм жойлашган бўлиб, қисм офицерлари аскарларни “сотиш”ни йўлга қўйишган эди. Бирор хонадонга текин ишчи кучи керак бўлиб қолса, одамлар шу ҳарбий қисмдан офицерни “рози қилиб” керакли миқдорда аскар олиб кетар эди. Мўминжоннинг ҳовлисидан ёзин-қишин 10-15 та аскар аримас эди. Аскарлар ёрдамида у ўз ўғилларига данғиллама уйлар қурдирди. Мўминжон мустақилликдан жуда унумли фойдаланди. У ўғилларига 500 гектар ер, Қўрғонтепадаги мол фермаси, идораси (боғи билан), колхознинг кўпгина трактор ва автомашиналарини хусусийлаштириб берди. Колхознинг бир неча КамАЗлари Россияга ёз-куз давомида олма, узум, карам ва бошқа мева-чева ташир эди, бироқ тушган маблағни у туман ва вилоят бошлиқлари билан “арра” қиларди. Колхоз ерлари ва бошқа ресурслари “ўз-ўзчилик” орасида тақсимланди. Совет иқтисодий системаси мустақиллик бошлангач бошқа формага ўтди – номи бозор иқтисодиёти шартларига мос бўлган “хусусий мулкчилик” бўлса-да, бироқ мулк моҳиятан қароқчилар орасида тала-тала қилинди. Қаҳҳор амакининг башорати яна амалга ошди.

Мўминжон 2001 йилда оғир касаллиги туфайли раисликни топширди. Мансабдан кетгач халқ уни унута бошлади. Умрининг охирги йилларида у кўчага чиқиб, дарвозаси олдидаги скамейкада ўтган-кетганга қараб ўтирадиган бўлди. Ўтган-кетганларнинг аксарияти унга эътибор ҳам қилмай қўйди. Мени бир неча савол қизиқтиради: шундай шароитда у одамларга илгари қилган адолатсизликларини эслаганмикин? Ўз ҳаётини таҳлил қилганмикин? Худони эслаганмикин? Товба қилганмикин? Мўминжон 2006 йилда вафот этди.

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.