ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ ( 1-қисм )

untitledТолиб Ёқубов

              

                Маддоҳ олимлар, мутахассислар, таҳлилчилар ва журналистлар оғиз кўпиртириб нимани даъво қилмасин, қўрқмасдан баралли айтиш мумкин-ки, Ўзбекистон чуқур сиёсий, иқтисодий, маданий ва маънавий инқироз ботқоғида қимирлашга ҳам кучи етмай қотиб турибди.  Бу инқироздан қутилиш учун мен қуйида айтмоқчи бўлган ишларни Ислом Каримов давлат тепасида турган пайтда амалга ошириб бўлмайди. Қачон бўлса-да ҳокимиятни нияти тоза, тараққийпарвар, инсонпарвар ва халқпарвар раҳбарлар эгалласа, улар менинг ҳам камтарона фикрларимни инобатга олишар, деган умиддаман, холос.

 

Табиий, инқироздан чиқиш учун юзлаб йўналишларда ислоҳотлар қилиш лозим бўлади. Мен иқтисодчи эмасман.  Бироқ билган ва эшитганларим асосида пахта етиштиришдан деярли воз кечиб, барча имкониятни Ўзбекистон шароитида қийналмасдан амалга оширилиши мумкин бўлган пиллачиликка қаратишга даъват қилиб мақола ёзганман. Уни ушбу линкда ўқиш мумкин:

Мен таклиф қилаётган тараққиёт йўли асосан жамиятнинг илмий, маъмурий ва диний йўналишлардаги эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган. Менинг назаримда: 1) Ёшларни дунёвий билимларни чуқур ўрганишга жалб қилиш; 2) Ўзбек тилини кескин ислоҳ қилиш ва ёшлар ўзбек тилидан ташқари жаҳонда етакчи бўлган камида иккита тилни эгаллашини таъминлаш; 3) “Маҳалла” институтини давлат назоратидан тўлиқ чиқариш; 4) Тўй-тамошо ва дафн билан боғлиқ бўлган удум ва харажатлардан воз кечиш; 5) Жамиятни маънавиятсизлик ботқоғидан чиқариш учун Ислом динига кенг йўл очиш – тараққиёт йўлининг асосий қирраларидир. Яна такрорлайман: мен жамият учун энг долзарб ҳисобланган сиёсий, иқтисодий ва бошқа бир қатор йўналишларни инкор қилаётганим йўқ, аксинча, мен таҳлил қилаётган йўналишлар  ана шу долзарб йўналишларга асосий тиргак бўлиши лозимлигини назарда тутмоқдаман. Шундай қилиб, …

 

Ёшларни дунёвий билимларни чуқур ўрганишга жалб қилиш

 

Буюкбританиянинг собиқ мустамлакаси бўлган орол-давлат Сингапур Ли Куан Ю 1959 йили Бош вазир бўлиб сайланганга қадар Осиёда ўта камбағал давлатлардан бири бўлган. Асосий билимни Англияда олган Ли Куан Ю Британия ҳуқуқ системаси ва инглиз тили Сингапур учун инқироздан чиқишда ягона йўл эканлигини чуқур тушуниб етади. Бош вазир Сингапурда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда тубдан ислоҳот бошлайди. У биринчи навбатда мамлакатда коррупцияни йўқ қилишга бел боғлайди ва ҳақиқатан шунга эришади. Одамлар кўп ишлатадиган бир ривоят бор: бир сафар ундан “Сиз коррупцияни қандай енгдингиз?” деб савол беришганда у: “Коррупцияга қарши курашни шундан бошланг-ки, аввал учта дўстингизни қамоққа олинг. Сиз уларни нега қамаганингизни яхши биласиз, улар ҳам нега қамалганларини билишади” деб жавоб берган экан. Бу гапни балки ҳазил-мутойибага йўйиш мумкиндир, бироқ у инглиз тилини ҳар бир сингапурлик – у ким бўлишидан қатъий назар – ўрганишини мажбурий қилиб қўйганда ҳазиллашмаган. Сингапурликларнинг бахти шунда-ки, уларга раҳбар бўлган Ли Куан Ю қаттиққўл одам бўлса-да, бироқ нияти тоза, дили пок ва нафси жиловланган инсон бўлган.

 

Инглиз тилига улкан имтиёз берган бўлса-да, у Сингапурдаги хитой, малай ва бошқа маҳаллий тилларни тақиқлаб қўйган эмас, албатта. Унинг ғояси шундан иборат бўлган-ки, дунё тили бўлган инглиз тилида барча соҳаларда ишлаш, иқтисодий шартномалар тузиш, дунёда энг етук ҳисобланган Британия суд-ҳуқуқ системасини жорий қилиш мумкин. Ҳақиқатан, мамлакатингиз жиддий ислоҳотларга қўл урган бўлса, барча соҳаларда ҳукуматлар ва компаниялар билан алоқа қилиш, улар билан шартномалар тузиш каби ишларда ўз тилингиз иш бермайди. Ҳатто ривожланган давлатлар бир-бири билан алоқа қилганда ҳам асосан инглиз тилидан фойдаланишади. Шунинг учун ҳам Сингапур аҳолиси дунёда энг билимлилардан биридир. Ҳозирги Хитой ҳам Сингапур йўлини танлади – дунё бўйлаб ҳар йили АҚШ университетларига ўқишга кирувчи студент ва аспирантларнинг 60% хитойлилар эканлиги маълум. Ўзбекистонда ҳам шу йўлни тутиш лозим – инглиз тили иш тили сифатида биринчи, ўзбек тили иккинчи ўринда бўлиши, иккинчи асосий чет тили сифатида эса рус ёки хитой тилини танланиши керак. Россия ва Хитой Ўзбекистон учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган давлатлардир – биз, хоҳлаймизми-йўқми, бу давлатлар билан турли соҳаларда яқин алоқада бўлишимизга тўғри келади. Инглиз ва рус (ёки хитой) тилларига урғу бериш – ўзбек тилини камситиш эмас, аксинча, уни имкон қадар ривожлантириш, биринчи навбатда, ислоҳ қилиш керак. Мен бу ҳақда кейинги мавзуда фикримни ёзаман.

 

Ўзбек тили дунёвий билимлардан орқада қолиб кетган. Кўп фанларда (математика, физика, логика, биология, генетика ва ҳ.) ўзбек тилида муносиб терминология ҳам ишлаб чиқилмаган. Мамлакат ривожланишининг асосий ташкил этувчиларидан бири дунёвий билимлар бўлиб турган бир пайтда, афсус-ки, кейинги 25 йиллик даврда Ўзбекистонда совет давридан қолган дунёвий билим деярли йўқ қилинди. Советлар даврида ҳам Ўзбекистонда дунёвий билим кўпгина республикаларга қараганда жуда орқада эди. Иккита мисол келтираман. 1) СССР Фанлар Академиясида Арманистондан 19 та ҳақиқий аъзо (действительный член) бўлган пайта Ўзбекистондан СССР ФАсида фақат битта ҳақиқий аъзо (кимъёгар Обид Содиқов) бўлган, холос.  2) 80-чи йиллар бошида Тошкентга СССР ФА президенти Анатолий Петрович Александров келди. Ўзбекистон компартиясининг катта мажлислар залида Ўзбекистондаги барча университетлар, педагогика институтлари ва техник олий ўқув юртларининг ректорлари, факультетлар деканлари ва кафедра мудирлари йиғилишди. Бу йиғинда мен ҳам қатнашганман. А.П.Александровнинг нутқи кукунли (порошковая) металлургияга бағишланди.

 

Хабари йўқ ватандошларга мен бу соҳани қисқача тушунтираман. Бирор металлни янчиб кукун (порошок)га айлантирасиз. Мас., автомашина двигатели ишлаб турган пайтда поршени ва цилиндри орасида ишқалиш содир бўлади ва поршень ҳалқа (кольцо)си цилиндр деворини аста-секин емира бошлайди. Маълум бир вақтдан кейин цилиндр кенгайиб кетади ва мойни ўтказиб юбора бошлайди. Агар цилиндр деворига катта иссиқлик ва босим остида металл кукунини сингдирилса моторнинг ресурси 6 (олти) баробар ошар экан – мотор ресурси, мас., 200.000 км.га мўлжалланган бўлса, кукун сингдирилган мотор ресурси 1200.000 км гача ошади. Коррозия (занглаш) ҳам металлни емиради. Мас., юқори қучланишли электр токи оқадиган темир конструкцияли мачталар ёзин-қишин, ҳар қандай оби-ҳаво шароитида далада туради ва, табиий, коррозияга учрайди. Агар мачта сирти металл кукуни билан ишланса, мачталар деярли умрбод хизмат қиладиган бўлади.

Нега А.Александров айнан шу мажлисни Тошкентда ўтказди? Маълум бўлишича, кукунли металлургия биринчи марта Ўзбекистонда кашф қилинган экан (кашфиётчининг исми-шарифи ёдимдан кўтарилган). А.Александров иккита нарсага урғу берди. Унинг айтишича, гарчи кукун металлургияси СССРда кашф қилинган бўлса-да, бу методдан ривожланган мамлакатлар самарали фойдаланишар, СССРда эса деярли ишлатилмас экан. Иккинчи нарса эса фаннинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида бўлди. Академикнинг айтишича, АҚШда фанга 1 (бир) доллар сарфланса, фан ютуқлари ўша долларни жамиятга 60 доллар қилиб қайтарар экан. А.Александров Тошкентга келган пайтда СССРда фанга сарфланган 1 (бир) доллар бор-йўғи 2 (икки) доллар бўлиб қайтар экан. Ҳозирги Ўзбекистонда фанга 1 (бир) доллар ҳам сарфланмайди ва жамиятга ҳеч нарса қайтмайди – давлат идораларидаги коррупция ва порахўрликни ҳисобга олсак, номига ва кўзбўямачилик учун ажратилаётган маблағ фангача етиб бормайди, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртлари студентлари эса далада ғўза чопиғи ва пахта терими билан овора.

Ли Куан Ю ҳокимиятни эгаллаганга қадар Сингапурнинг балиқчиликдан бошқа ҳеч қандай даромади бўлмаган – бу оролда на нефть, на газ ва на бошқа ерости ёки ерусти бойликлари бўлган – ҳамма нарса Япониядагидек четдан ташиб келинади. Бироқ дунёвий фанлар жуда ривожлангани туфайли Сингапурда Осиёда энг йирик, самарали, мамлакатга улкан даромад келтираётган газ ва нефтни қайта ишловчи комбинат ишлаб турибди. Сингапур дунёда энг бой мамлакатлар қаторига қўшилди. Сингапурдан фарқли ўлароқ Ўзбекистон қимматбаҳо тошлар, олтин ва уран конларига эга, ўз гази ва нефти бор, ўзбек мармаридан Москва метрополитени деворлари нақшланган, йилига 3 (уч) миллион тонна пахта етиштирилади, Ўзбекистонда етиштириладиган мева ва сабзавот маҳсулотлари билан рақобат қиладиган маҳсулотли мамлакатлар деярли йўқ – бироқ Ўзбекистон дунёдаги қашшоқ мамлакатлар қаторидан жой олган. Мен илгариги мақолаларимда бир мисолни қайта-қайта келтирганман – яна бир марта келтирмоқчиман. 2-чи Жаҳон уруши арафасида Украинадаги барча шакар ишлабчиқарувчи заводлар демонтаж қилиниб Ўзбекистон ва Қирғизистонга (асосан Ўзбекистонга) кўчирилди. Икки жанубий республика урушаётган армияни ва СССР аҳолисини 50-чи йиллар ўртасигача шакар билан таъминлади. 50-чи йиллар ўртасида шакар заводлари яна Украинага кўчирилди – СССРга стратегик маҳсулотлардан бири бўлган пахта зарурроқ бўлиб қолди. Ли Куан Ю ислоҳотларининг бошида Сингапурда бу бойликларнинг урвоғи ҳам бўлмаган.

Ўзбекистонлик йигит ва қизларнинг интеллектуал потенциали ривожланган унча-мунча давлатлардаги ёшларнинг интеллектуал потенциалидан кам эмас. Нокамтарлик бўлса ҳам мисолни ўз оиламдан келтираман. Менинг учта неварам Францияга келганда француз тилидан битта сўз ҳам билишмас эди. Ўша йили уларнинг каттаси 1-чи синфга борди. Францияда бошланғич мактаб 5-йиллик экан, бироқ у бошланғич мактабни 4 (тўрт) йилда битирди ва коллежга ўтди. Унинг коллеждаги синфида французлар, қоратанлилар ва бошқа миллат вакиллари бўлса-да, эркин сайлаш йўли билан тўрт номзод орасидан уни синф бошлиғи этиб сайлашди. Француз тили қийин тиллардан бири ҳисобланади. Коллеж директорининг айтишича менинг неварам француз тилини француз ўқувчиларидан ҳам яхши ўзлаштирган. Канадада яшаётган бир ўзбек йигити илгари олий маълумотни Ўзбекистонда олган бўлса-да, Канадада университетга ўқишга кирди ва уни аъло даражада битирди. Ҳозир у катта маош олиб Канадада обрўли ишда фаолият олиб бораяпти. Бироқ Ўзбекистонда унинг хотини ва укаси диний мотивлар билан қамоққа олинган ва 6-7 йилдан бери қамоқда сақланмоқда. Интеллектуал потенциалдан ташқари ўзбекларда меҳнат потенциали ҳам юқори. Бир гуруҳ андижонлик қочоқлар АҚШнинг жанубий штатларидан бирида Ўзбекистон қовунларини етиштиришга киришишди. Биринчи йилнинг ўзида уларнинг маҳсулоти омманинг оғзига тушди – қатор ресторан ва савдо шаҳобчалари улар билан контракт тузишди. На Европада ва на Америка қитъасида ўзбек қовунидек ширин қовунни учратмайсиз.

Бундай мисолларни мен юзлаб келтиришим мумкин – мен иқтидорли ўзбек йигит ва қизларни Ўзбекистонда ҳам (педагогика институтида ишлаб юрган пайтимда), чет элларда ҳам кўрганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди: Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидан мен ишлаган математика факультетига Неъматой Ғаффорова ўқишга кирди, кириш имтиҳонлари пайтида математикадан оғзаки имтиҳонни менинг ўзим қабул қилганман, 3-4 кун илгари ёзмасидан у олий баҳо – 5 балл олган экан. Унинг билими шу қадар кучли экан-ки, мен иккиланмасдан унга 5 балл қўйдим. 1979 (ё 80?) йилда студент ва ўқитувчиларга мўлжалланган 10 кунлик қисқа лекция ўқиш учун Кишинёв шаҳри (Молдавия ССР)дан, ўша пайти СССРда энг кучли алгебрачилардан бири ҳисобланган, Молдавия Фанлар Академияси Математика институтида ишловчи, физика-математика фанлари доктори Юрий Рябухин келди. У пайтда Ўзбекистонда алгкбра кенг ривожланмаган соҳа эди. Студентлардан Рябухиннинг лекциясини битта Неъматой тушунди, ўқитувчилардан мендан бошқа (мен алгебра соҳасида аспирантурани Кишинёвда ўтаганман) ҳеч ким тушунмади. Неъматой институтни битириши арафасида шу қизни аспирантурада олиб қолишни сўраб мен министргача бордим – фойдаси бўлмади, ўзбек фани учун катта потенциалга эга бўлган, келажакда юқори малакали олим бўла оладиган одамга ҳеч ким эътибор бермади.

Мен билган студентлардан ўта талантли хоразмлик Озод Бекжонов, Эркин Самандаров, қашқадарёлик Абдуқодир Назаров, тошкентлик Евгений Водянюк ва бошқа юзлаб йигит-қизларга эътиборсизлик ўзбек фани учун катта йўқотиш бўлди. Мен буларни битта факультет мисолида кўрсатдим, холос. Университетлар, ҳуқуқ, техник, медицина ва фармацевтика, кимъё, қишлоқ хўжалиги, архитектура, шаҳар ва йўл қурилиши, автомобиль, ҳаво ва темирйўл транспорт каби кўпгина бошқа соҳалар бўйича олий ва ўрта махсус таълим берадиган ўқув юртларида ўқиган иқтидорли йигит ва қизларни мен ҳисоб-китоб қилганим йўқ. Ўзбекистон келажакда Сингапур моделини танласа унинг иқтидорли ёшлари дунёвий фанларда ҳам, бу фанларнинг қўлланиши ўлароқ иқтисодда ҳам улкан ютуқларга эришишларига менинг ишончим комил. Бу ислоҳотни, яна такрорлайман, фақат ёшлар амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун давлатни Ислом Каримовдек фан ва тараққиёт душмани, ички сиёсатни зулм, ташқи сиёсатни эса қўни-қўшнилар билан уруш-жанжал асосида олиб борадиган мустабид одам эмас, қаттиққўл бўлса-да, бироқ дили пок, янгилик ва тараққиётни бош мезон деб ҳисобловчи инсон бошқариши керак – қолганини халқнинг ўзи амалга оширади.

(Давоми бор)

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.