ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ ( 2-қисм )

Толиб Ёқубов

 

untitledЎзбек тилини кескин ислоҳ қилиш ва ёшлар ўзбек тилидан ташқари жаҳонда етакчи бўлган камида иккита тилни эгаллашини таъминлаш 

Кейинги чорак асрда ўзбек тили камбағаллашган бўлса камбағаллашгандир-ки, деярли бойимади. Менинг тушунишимча, тилнинг бойлиги ундаги нафис сўзларнинг кўплиги билан ўлчанмайди. Тилнинг асосий бойлиги – шу тилда ифода қилиниши мумкин бўлган информация ҳажми билан ўлчанади. Атрофимиз информация билан тиғиз ўралган: кўзимизга кўринган ҳар бир предмет – заррами у, дарахтми у, тоғми у, сувми у, юлдузми у (ва ҳоказо) – фарқи йўқ – информациядир. Предмет кўринмаса-да, унинг номи айтилса ҳам дарҳол миямизда шу предмет ҳақида информациянинг маълум бир ҳажми ҳосил бўлади. Сайраётган қушни кўрмасак ҳам унинг овозини эшитсак бу қуш ҳақида миямизда тасаввур ва ўйлар – информация – пайдо бўлади. Эшитиш, тери сезгиси, таъм билиш, ҳид билиш органларимиз орқали ҳам биз атроф муҳитдан информация оламиз – уларнинг баъзилари (кўриш, эшитиш, ҳид билиш) масофа орқали, баъзилари (тери сезгиси, таъм билиш) бевосита контакт орқали амалга ошади.

 

Ҳар қандай информацияни одамлар айтишга, ёзишга , яъни ифода қилишга, бир-бирига етказишга, тушунтиришга ҳаракат қилишади. Информациянинг ўзи бирор жонли тилда (ўзбек, рус, инглиз ва ҳ.) бирор жумла воситасида ифода этилади. Мас., “Одамзод эркак ва аёллардан ташкил топган”, “Ер Қуёш атрофида айланади”, “Лисон ут-тайр буюк Алишер Навоий қаламига мансуб” ва ҳоказо. Шундай информациялар бор-ки, уларни бир тилдан иккинчи тилга сўзма-сўз таржима қилиб бўлмайди. Мас., рус тилида “Большому кораблю большое плавание” деган ибора бор. Уни ўзбек тилига “Катта кемага катта сузиш” деб таржима қилинса ғализлик, маъносизлик юзага келади, “Катта кема катта сафарда” ибораси эса ғализликни йўқотади. Азалдан тил бошқа тиллар ҳисобига бойиган. Дарё ёки денгиз бўйида яшаган халқ, табиий, сувда сузиш воситаларини ихтиро қилган. Бундай пайтда бу халқ сув ва сузиш билан боғлиқ бўлган турли тушунчаларга дуч келган ва бу информацияни ўз тилида ифода этган, ном берган. Мас., Википедияга кўра “океан” тушунчаси қадимгиюнон тилида “Океана” деб аталувчи маъбуда (“Ὠκεανός”) номидан келиб чиққан ва бу сўз бошқа тилларга ҳам кўчган.

 

Баъзи халқлар бошқа халқлар тилидан кўп тушунчаларни қабул қилишни айб ёки ўғрилик деб ҳисобламаганлар ва қўрқмасдан, сесканмасдан уларни ўзлаштираверганлар. Шударжан бири руслардир. Табиий, ўрмонда яшаган халқ билан саҳрода яшаган халқнинг сўз ва тушунча бойлиги турлича бўлиб, у ёки бу тарихий сабаб орқасидан улар алоқа қила бошлагач, уларнинг тиллари ривожланган, тилларнинг ўзаро бир-бирига таъсири, киришуви бошланган. Баъзи халқлар ўз тилига бошқа халқлар тилидан сўзлар кўплаб кириб келмаслигига алоҳида эътибор беришган. Шулардан бири хитойлилардир. Рус истилоси даврида (XIX-асрнинг 2-чи ярмидан ХХ-асрнинг охиригача) ўзбек тилига рус тилидан ва бу тил орқали Европа тилларидан кўп сўз ва тушунчалар кириб келди. Араблар истилоси ва Марказий Осиёда Ислом динининг тарқалиши даврида эса ўзбек тили беҳисоб араб сўзлари ва тушунчалари билан бойиди. Ўзбек тилига форсийзабон халқлар тилининг таъсири ҳам беқиёс. Ўзбек тилининг ҳозирги ҳолатига қараб уни бой тил дейиш мумкинми? Дунёвий фанлар нуқтаи-назаридан қаралса ўзбек тили бой тил эмас! Аксинча, ўзбек тили жаҳондаги қолоқ тилларнинг биридир.

 

Агар мен таклиф қилаётганимдек Ўзбекистонда ишюритиш тили сифатида инглиз тили қабул қилинса, ўзбек тилини ривожлантирилишига ҳожат қоладими? Албатта! Биринчидан, тараққиёт деб халқнинг маънавий ва маданий бойлиги ҳисобланган тилдан воз кечиб бўлмайди – ўзбек тили ҳозирги замон туркий тиллари орасида етакчи тиллардан бири эканлигини эслатиш кифоя. Ёзувчи Аҳмад Аъзам (раҳматлик) эски ўзбек тили ва маҳаллий шеваларда ишлатилган сўз ва ибораларни тиклаш тарафдори эди ва бу йўналишда салмоқли ишлар қилди. Ўзбек тили ислоҳида, турган гап, бу йўл асосий йўллардан бири бўлиши керак, бироқ у ўзбек тилининг информацион ҳажмини етук қилишга етарли эмас. Сабаби оддий: ўрта асрларда Марказий Осиё халқлари тиббиёт, фармацевтика, астрономия каби бир қатор фанларда катта ютуқларга эришган бўлса-да, бироқ кейинги асрларда ўзаро урушлар ва рус босқини туфайли илмий ривожланишдан кескин орқада қолиб кетди. СССР даврида Марказий Осиёда фан анча ривожланди, кўпгина олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш институтлари юқори малакали мутахассислар етиштиришди.

 

Бироқ фанга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган (бор-йўғи олий-техник маъоумот олган, юқори лавозимларда ишлаган пайтларда фан номзодлиги диссертациясини пулга ёздирган, академиклик унвонини эса Ўзбекистон ФАдаги лаганбардорлар қўлидан текинга олган), фан одамларига нафрат билан қараган Ислом Каримов давлат бошига келгач, СССР пайтидан қолган илмий меросдан фақат ном қолди, холос. Юқорида айтилганидек, келажакда Ўзбекистон Сингапур йўлини танласа, мамлакатда дунёвий фанларни ўқитиш ва эгаллаш биринчи приоритет масалага айланади ва, демак, тикланган Ўзбекистон ФА бу ислоҳотнинг нафақат бошида туриши, балки ўзбекистонлик олимлар катта-катта илмий проектларни амалга оширишлари керак. Шундай проектлардан бири ўзбек тилини ислоҳ қилишга қаратилган бўлиши лозим. Яна такрорлашга тўғри келади: замоновий дунёвиё фанларни эгаллаш ва буюк кашфиётлар қилиш бобида ўзбек ёшлари ва олимларининг потенциали катта. Дунё (халқаро) тиллардан иккитаси (инглиз ва, мас., рус тиллари)да бемалол гапира ва ёза оладиган ёш авлод дунёвий фанларни ўрганиш ва тадқиқод ишларини олиб бориш баробарида бу фанлар ютуқларини ўзбек тилига ҳам ўтказишлари керак. Бунинг учун биринчи навбатда бу фанлардаги терминология ўзбек тилига мукаммал таржима қилиниши керак. Мазкур масала эса тил ислоҳини талаб қилади. Тилни ислоҳ қилиш масаласида мен қуйида ўз фикримни изҳор этмоқчиман.

 

Баъзи тиллар бир неча марта ислоҳ қилинган, шундай тиллардан инглиз ва рус тилларини мисол қилиб келтириш мумкин. Билишимча, тилнинг мукаммаллиги ундаги жумлаларда қатнашган сўзларнинг бирқийматлилигидир (ягона маънога эга эканлигидир). Бироқ баъзи сўзлар кўпқийматли (бир неча маънога эга) бўлиши мумкин. Мас., “олма” сўзи “Олма жуда яхши пишибди” ва “Менинг гапларимни кўнглингга олма” ибораларда турлича маънога эга. Кўпқийматли сўзни “зўрлаб” бирқийматли қилиб бўлмайди. Бироқ, ўзбек тилида (ҳар қанлай бошқа тилда ҳам) битта асосда қурилган жумлалар ўта кўпдир. Мас., асос сифатида “Қуёш чиқди” иборасини олайлик. Шу ибора асосида юзлаб, балки минглаб жумлалар тузиш мумкин: “Қуёш чиқмоқда”, “Қуёш бугун эрта чиқди”, “Қуёш чиқишини кутайлик”, “Қуёш қачон чиқаркин?”, “Қуёш чиқишига ҳали анча вақт бор”, “Қуёш чиқса-ю, ҳамма ёқ ёриша қолса қандай яхши бўларди” жумлалар “Қуёш чиқди” ибораси асосида ташкил этилувчи жумлаларнинг кичик бир қисмидир. Инглиз, рус ва ўзбек тилларини таққосласак ва мисол тариқасида “қуёш чиқди” ибораси олсак, қўпол қилиб айтганда, инглиз тилида шу ибора асосида тузилган жумлаларнинг 100 тасидан фойдаланилса, рус тилида 1000 тасидан, ўзбек тилида эса 25.000 тасидан фойдаланишар экан (тахминан!). Бундан ташқари, тилдаги шевалар ҳатто битта халқ ичида маълум қийинчиликларни келтириб чиқади. Хоразмлик ўзбек гапириб турганда у нима ҳақида гапираётганини фарғоналик ўзбек дарров тушунмаслиги ҳам мумкин. Шу сабабли тилшуносликда “адабий тил” тушунчаси киритилган ва бу тилга борган сари сайқал бериб борилади, мукаммаллаштирилади, кераксиз унсурлардан тозаланади, янги-янги сўзлар билан бойитилади. Эшитишимча, ўзбек адабий тили Жиззах ва Фарғона шевалари асосида ишлаб чиқилган – менинг ушбу ёзганларим айнан Жиззах шевасида ёзилмоқда.

 

Бадиий адабиётда – роман, повесть, очерк, лавҳа, мақола ва шеър ёзишда – ёзувчи ва шоирлар бу рангба-рангликнинг барчасидан фойдалангани маъқул бўлса керак, чунки бу бадиий асарнинг жозибасини оширади. Мас., бирор хоразмлик ижодкор Хоразм воҳасида бўлиб ўтган воқеа ҳақида роман ёки повесть ёзса, бу асар адабий тилда ёзилгани маъқулми ёки Хоразм шевасида ёзилганими? Мен, мас., мазкур асар Хоразм шевасида ёзилиши тарафдориман. Нега? Биринчидан, воқеа Хоразм воҳасида содир бўлган ва унинг қатнашувчилари Хоразм шевасида сўзлашган; Иккинчидан, ўзбек тилининг бошқа шеваларида гаплашадиган одамлар бу асарни ўқиётган пайтда нафақат воқеани англайдилар, балки улкан янги информация (сўзлар, тушунчалар, иборалар ва ҳ.)га дус келишади ва уларни ўзлаштиради, уларнинг атрофни англаши (кругозори) ўсади; Учинчидан, бу ҳол Ўзбекистоннинг турли регионлари аҳолиси орасида жипсликни, бир-бирини англашни оширади ва “сен қаерликсан?” деган бемаъни саволни муомаладан кетгазишга ёрдам беради [Қаранг:  “Маҳалла” институтидан кескин воз кечиш – уни давлат назоратидан чиқаришдир].

 

Бироқ замон тилларга ҳам кучли талаблар қўймоқда. Шу талаблардан мен иккитасини келтирмоқчиман: 1) компьютер ёрдамида матнни бир тилдан иккичи тилга таржима қилиш; 2) сунъий иқтидор (интеллект)ни яратиш. Компьютернинг одамдан фарқи – у ўзига жойлаштирилган программа бўйича ишлайди, фақат программа таркибидаги буйруқ (команда)ларни бажаради, “ўзича” бирорта мустақил иш қила олмайди, программаси доирасида у адашмайди, яъни барча командаларни бенуқсон бажаради. Компьютер программасини эса инсон ишлаб чиқади (тузади). Компьютердан фарқли ўлароқ инсон чексиз катта имкониятларга эга, унинг ўйлаш, танлаш, баҳолаш, ихтиро қилиш, ўзидан кўпайиш (бола-чақа орттириш), ўтмишни эслаш, келажакни тасаввур қилиш ва бошқа турли-туман қобилияти бор, бироқ унда компьютерга хос бўлмаган адашиш ҳам бор. Википедияга кўра Интеллект (иқтидор) инсон психикаси (руҳияти)нинг янги вазиятларга мослашиш, ҳаётий ва бошқа турдаги тажриба асосида ўқиш-ўрганиш, абстракт концепцияларни англаш ва ўз билимини атроф-муҳитни бошқаришга қўллаш қобилиятидан иборат сифатидир. Инсоннинг барча нарсаларни ўрганиш ва билиш қобилиятини бирлаштирувчи, яъни мураккаблик (мушкуллик, оғирлик)ларни ўрганиш, билиш ҳамда уларни ечишга қаратилган умумий қобилияти: сезиш, англаш (ўзига олиш), хотира, тафаккур (ўйлаш), тасаввур этишни компьютер “онгига” жойлаштириш, яъни программалаштириш инсоният олдида турган энг оғир масалалардан биридир.

 

Инсон учун тушунишда ҳеч қандай муаммо туғдирмайдиган оддий нарсаларни компьютер “тушунмайди”. Оддий бир мисол. “Тошкент – чиройли шаҳар” деган иддаога ҳар қандай инсон ўз фикрини айта олади: бири “Ҳа, тўғри, Тошкент чиройли шаҳар” дейди, бири “Чиройли шаҳару, бироқ унчалик эмас” дейди, яна бири “Бир бориб кўнглим айниди, энди қадамимни босмайман” дейди, Тошкентни умрида эшитмаган ажнабий одам эса “Тошкент деган шаҳар борми? У қаерда?” дейиши мумкин. Бошқача айтганда, “Тошкент – чиройли шаҳар” иддаосига бўлган муносабат инсонга, яъни субъект (субъектив сабаб)га боғлиқ экан – бундай дарак гапларни компьютер “тушунмайди”. У қандай дарак гапларни англай олади? Компьютер фақат “рост” ёки “ёлғон” бўлган дарак гапларни англай олади, холос. Ҳар қандай жонли тилда ана шундай дарак гаплар ЖУМЛА дейилади. Демак, жумла – ё рост, ё ёлғон бўлган, яъни БИРҚИЙМАТЛИ дарак гапдир. Жонли тилни ўрганар экан МАТЕМАТИК МАНТИҚда қисқалик учун “рост”ни 1 (бир), “ёлғон”ни эса 0 (ноль) билан белгилашади, яъни 1 ва 0 ҳар қандай рост ва ёлғон жумланинг МИҚДОРИЙ ХАРАКТЕРИСТИКАСИга айланади. Шу жойга келганда мен баъзи ўқувчилар учун Тил ва Математика ўзаро узвий боғлиқ экани, Тилни Математика асосида ўрганиш учун биз билган одатдаги Математика етарли эмаслиги, ҳатто Тилнинг бир қисми бўлган ДАРАК ГАПЛАР системасини ўрганиш учун бутунлай бошқа Математика керак бўлиши ҳақида қисқа маълумот бермоқчиман.

Маълум-ки, ўзбек тили (ҳар қандай бошқа жонли тил ҳам) ДАРАК, СЎРОҚ ва УНДОВ гаплардан иборат. Бироқ, фақат дарак гапга нисбатан “у ростми?” ёки “у ёлғонми?” деган саволни қўйиш мумкин. Мас., “Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти” дарак гапи – рост, “π – натурал сон” дарак гапи –ёлғон, “5 + 7 = 12” [“5 га 7 ни қўшилса 12 бўлади”] рост дарак гап, “Сичқон балиқлар оиласига мансуб” ёлғон дарак гапдир ва ҳоказо. Сўроқ ва ундов гапларга нисбатан нисбатан “у ростми?” ёки “у ёлғонми?” деган саволни қўйиб бўлмайди. Жумланинг таърифидан келиб чиқсак “Тошкент – чиройли шаҳар” жумла эмас, чунки у кўпқийматли дарак гап – юқорида кўрдик-ки бу дарак гап ҳақида турли одамлар турлича фикр билдирар экан. Бундан кўринади-ки, “Тошкент – чиройли шаҳар” каби (жумла бўлмаган) дарак гапларнинг миқдорий характеристикаси 0 ва 1 орасидаги рационал (каср) ёки иррационал сон экан. Бизга маълум бўлган, биз ўрганаётган математика ва мантиқ (логика) фақат ва фақат жумлалар билан иш кўради. Жонли тилнинг жумла бўлмаган, “Тошкент – чиройли шаҳар” каби кўпқийматли дарак гаплар синфини эса “Тиниқмас” математика [“Нечёткая” математика] ва “Тиниқмас” мантиқ [“Нечёткая” логика] ўрганади.

 

Яна компьютерга қайтамиз. Юқорида компьютер фақат миқдорий характеристикаси 1 ёки 0 бўлган дарак гаплар, яъни математика ва мантиқда ишлатиладиган жумлаларнигина “тушунишини” айтиб ўтдик. Тиниқмас математика ва Тиниқмас мантиқ эса дунё олимлари томонидан ҳали ишлаб чиқилган эмас – бу фанлар ХХ-асрнинг 60-чи йилларида пайдо бўлди ва ҳозирги пайтда тез ривожланиш йўлига ўтган. Бу фанлардаги асосий йўналишлардан бири СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ, яъни компьютер “онгини”  одам онгига имкон қадар яқинлаштиришдир. Оддий бир мисол. “Тиниқмас” математиканинг бўлимларидан бири “Образларни таниб олиш” [“Распозновение образов”]дир. Кўз олдингизга автомобиль йиғувчи завод цехида ишлаб турган конвейр-лентани келтиринг. Ҳаракатланаётган лента устида автомобильнинг турли майда қисмлари ўтаяпти, лента ёнида одамсифат робот турибди. У ўтаётган деталлар орасидан битта (бирхил) детални танлаб олиши ва уни терувчи автоматга узатиши керак. Робот “мияси”га (программасига) ажратиши лозим бўлган деталнинг барча параметр (ўлчов)лари киритилган. Робот лентани “кўзи” билан кузатиб туради, ўтаётган деталларни бир онда кўздан кечиради ва деталлар орасидан кераклисини ажратиб олади. Бундай робот одамдан фарқли ўлароқ суткалаб ишласа ҳам “чарчамайди”.

 

(Давоми бор)

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.