ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ ( 3-қисм )

untitledТолиб Ёқубов

 

Тўй-тамошо ва марҳум дафни билан боғлиқ бўлган удум ва харажатларни кескин камайтириш  

Тўй-тамошони ёқтирмайдиган одам бўлмаса керак. Ўғил уйлантириш, қиз чиқариш ва улар билан боғлиқ бўлган “чаллади” (куёв, унинг ота-онаси, қариндош- уруғи ва ёру-дўстларини янги келин ота-онсиникига чорлаш, меҳмондорчиликка таклиф қилиш), туғилган фарзандлар учун “бешик ясатиш”, ўғил фарзанд учун суннат тўйи, туғилган кунни нишонлаш ва бошқа тўй-ю маракалар азалдан халқимиз ҳаётининг ажралмас бир қисми бўлиб келган – бу факт. Замонига қараб тўйлар зўрба-зўр, амал-тақал қилиб ўтказилган ҳоллар ҳам бўлди ёки қуда томонлар таъсибба-таъсиб, “мен сендан камми?” қаблида “қутуриб”, катта исрофгарчиликка йўл қўйган ҳолда ҳам ўтказилди.  “Тўқ” замонда “элга ош бериш” тўйига минглаб одамлар келганини ҳам кўрганмиз. Тўйларга атоқли ашулачи, раққоса ва мусиқа ижрочиларини таклиф қилиш, бетартиб пул “қистиришлар”, қариндош-уруғ ва таниш-билишларга тўн ёпиш, белбоғ боғлаш, дўппи кийгизиш, беҳисоб тоғораларда пишириқлар олиб бориш каби урф-одатлар кенг тарқалган даврлар ҳам бўлди. Инсон вафот этганида унинг маъракаси харажатлари салкам тўйга қилинадиган харажатларга таққосласа бўладиган даражага олиб чиқилди.

 

Мустақиллик йилларининг бошида тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зиёевнинг “Совет Ўзбекистони” газетасида “ОШ” номли мақоласи чоп этилди. Мақоланинг баҳайбатлиги ақлни шоширди: газетанинг формати А4 форматли оқ варақдан 8 (саккиз) тасидан иборат бўлиб, мақола газетанинг бир саҳифасини тўлиқ эгаллаган эди. “Олим” ўз мақоласида саҳар пайти элга ош (палов) бериш ўзбекларнинг қадимий урф-одати экани, у маҳалла аҳлини жипслантириш аҳамиятига эгалиги, аҳолининг “қўли очиқлиги” ва бошқа кўп “афзаллигу – фазилатлари”ни мароқ билан исботлашга ҳаракат қилган эди. Аслида шундайми? Йўқ, албатта! Бу урф-одат инсон ва халқ учун кони-зиёндир: 1) Саҳарда тўйиб ош ейиш соғлиққа зиён эканини медицина исботлаган. Рўза пайтида рўзадор саҳарда тўйиб овқатланади-ку, дейиши мумкин эътирозчи. Тўғри. Бироқ рўзадор саҳарликдан кейин то шомгача овқат емайди, сув ичтайди ва, демак, саҳарлик уни заррача қийнамайди; 2) Саҳарда ош бериш ва бошқа серхаражат тадбирлар (тўй-тамошо, вафот этган одам маъракалари) оқлаб бўлмас исрофгарчиликдир. Ислом дини ҳам бундай бемаъни харажатларни кескин қоралайди; 3) Ош беришда ва бошқа тўй-маъракаларда ўнлаб одамлар дарвоза олдида икки саф бўлиб “меҳмон кутиш”да турганини кўрамиз. Келаётган одамларнинг лавозимига қараб қўлни қорин устида тутиб тавоъзеланиш, сохта табассум, қучоқлашиб кўришиш ва бошқа унсурлар аҳолида ахлоқий ва руҳий деградация (айниш, қуллик кайфияти)ни ҳосил қилади; 4) Авторитар сиёсий тузумлар учун айни шу иллатлар аҳолида шаклланиши ўта зарур – бу иллатлар халқни ҳукумат найранглари, адолатсизлиги, талон-тарожи ва бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига қарши курашишдан чалғитади.

 

Илгари, масалан 150 йил аввал ўзбекларнинг тўй-тамошога қиладиган сарф-харажати қанақа бўлган? Буни муҳтарам ўқувчига кўрсатиш учун мен буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмасига мурожаат қилдим. Мурожаат қилдим-у, ундан катта бир бўлак келтиришдан ўзимни тия олмадим. Мана ўша бўлак – хулосани ўқувчининг ўзи қилаверади: Ўқинг:

http://ziyouz.uz/index.php?option=com_content&view=article&id=6424%3A2014-04-13-08-36-42&catid=74%3Aabdulla-qodiriy-1894-1938&Itemid=105

 

ФАЙЗИБОЙ — (домлага) Тақсир, қани, олуғ-солуғни юртда хўб кўргансиз, ҳам эшитгансиз, сўйланг? ДОМЛА-ИМОМ — Бўлмаса совчигарчилик бирла катта тўйни бир қилуб сўйлаймизда, чунки енгилроқ бўладур. ФАЙЗИБОЙ — Йўқ, бошқа-бошқа сўйлансун. ДОМЛА-ИМОМ — Ҳаммасини бир қилаверамиз, осонроқ бўладур. (Абдураҳим ва элликбошига қараб) Мен сўйлай, сизлар яхшилаб тинглаб туринглар, ҳар икки тўйда беш юз сўм пул, ўн беш қўй, бир от, тўрт ботмон буғдой, тўрт ботмон бринч, кажавада майиз, туршак, ўн яшук ҳар хил қанд ва ширинлик, йигирма қуюм ҳолва, уч минг дона катта нон, қозонда нишолда, қизлариға ўн бош-оёқ кийим, кимхоб, духоба, шоҳи, атлас, мовут, чидаган, чит ва бошқалар; ҳар биридан кўйлак, камзул ва мазкурларға лойиқ қимматбаҳо рўмоллар, яна уч дона паранжи шоҳи, духоба, адрас, уч дона кавуш-масхи, қавм-қариндошлариға, ўзлариға, заифалариға бош-оёқ кийим. ЭЛЛИКБОШИ — Йўқ, домла, жуда ошируб гапурдингиз, йигитнинг ҳоли ўзингизға маълум, жабр бўладурган бўлмасун. ФАЙЗИБОЙ — (домлага қараб) Жуда кам айтдингиз, мен мунга рози эмасман. Юрт урфи қайда, ҳа, ҳа, яна неча нарсаларни қолдурдингиз. (Элликбошига) Яна сизнинг ошируб юбордингиз, деган сўзингизға ҳайронман. ДОМЛА-ИМОМ — (Элшкбоишга) Ўзингизнинг хабарингиз бор, Аҳмадбой ўғуллариға қандай тўй қилуб, хотун олуб бердилар. Бу ул одамнинг тўйини учқунидек ҳам эмаску!!! ЭЛЛИКБОШИ —Ундоқ исрофчи бойларни қўяберсангизчи, тақсир, ҳоллари ўзингизға маълум, ҳар кимдан қарздор бўлуб туруб, қўлларидаги бировнинг оқчасини тўй томошаға исроф қилиб, пулдорни пулини топиб беролмай, синиб, мулк-ашёдан ажралуб ётканларини кўрмадингизми? Уларнинг тўйши тўй деманг, охири аза-ку, тақсир. АБДУРАҲИМ — (Файзибойга) Камайтуринг. Солиҳни биласиз, ҳеч нимаси йўқ, етим, мундақангги ошуқча оламан деманг! ФАЙЗИБОЙ — Ҳали мен мунга кўнмайман, домла жуда кам айтуб қўйдилар. ДОМЛА-ИМОМ — (Файзибойга) Майли, кам бўлса ҳам, чунки куёвингиз етим йигит, шунинг учун ортуқча айтмадум, (Абдураҳимга) Сизлардан бу пул ва бошқа нарсаларни олгани билан ўзиға сарф қиладур, ҳамёнға соладур, деб ўйламанг? ФАЙЗИБОЙ — Мен сизларға ном-баном тушундурай, сўраган ғаллалар тўйни олишға, ҳам нониға кетадур. Қўй ва отлар сўйилуб, ёғ-гўшти ошга кетадур, бунинг ичида чарлар, юз кўрсатарлари ҳам бор. Пулға мис асбоб, икки дона палак, икки дона гулкўрпа, саккиз дона дорпўш, қизимға бўюнтумор, қўлтуқтумор, тиллақош зираклар, мундан бошқа майда-чуйда нарсалар билан тамомланадур. Нонлар бўлса, тўйға келганларға тарқатиладур, ҳолва, бошқа нарсалар ҳам. Энди тушундингизларми, менга мундан нима қоладур. ЭЛЛИКБОШИ — Мен сиздан сўрайин, мис асбоблар кераклик нарсалар, мунга кўб кеткандан бир юз сўм кетадур, палак, гул-кўрпа, дорпўш, бўюнтумор, қўлтуқтумор, тиллақошлардан нима фойда чиқадур, улар нимага керак? ФАЙЗИБОЙ — Палак, гулкўрпа, дорпўшлар тўйда уйни зийнати, тумор, тиллақошларни қизимиз тақадур. ЭЛЛИКБОШИ — Уйға булардан бошқа зийнат қуриб қолибдурму? Қизингизға шанғир-шунғир қилуб туя мисоллик тумор таққандан нима фойда, мен буларнинг ҳаммасини биламан, беш-олти кундин сўнг сандуқда ётадур, аларни сандуқ ҳузурини кўрадур, тийинға арзимайдурған нарсаларга куёв бечорадин кўб оқча олуб кўчадагиларға ош, нон беруб исроф қилсангиз, яна кераги йўқ, палак-халак, тумор-пуморларға пул исроф қилсангиз, куёвингиз бечора қарздор бўлуб қолса, ғам-андуҳини қизингиз бирга тортадур, шариъатға мувофиқ тўй қилсангиз, куёвингиз беқарз бўлса, қизингиз баҳузур, беғам умргузаронлик қилади. ФАЙЗИБОЙ — Ҳали ҳам мен, патирушатар, совчигарчилик сўраганим йўқ, мундан ортуқ шариъатдаги тўй қандоқ бўлади? ЭЛЛИКБОШИ — Шариъати мустафода шундоқки, куёв тарафидин қизға маҳр таъинламоқ, сўнгра бир коса сув билан никоҳламоқ. Муҳаммад алайҳиссалом йигитдан пул олғил, палак, гулкўрпа, дорпўш, тумор, қўлтуқгумор қилғил, йигит қарздор бўлуб қолса ҳам майли, дейдиларму? Ҳозирда биз туркистонликлардин бошқа жумла мусулмонлар, хусусан Макка, Мадина, Истамбуллилар юқоридаги айтканимдек қилиб қизни эрга берадурлар, куёвдан оқча сўрамоқни номусулмонлик деб биладурлар ва бизлардек исроф қилмайдилар. (Домлага қараб) Тақсир, сиз ҳам толиби улумсиз, Худо ва расулимизнинг буйруқлари шундоқ эмасми? Ва бу кишининг сўраганлари шариъатдан ташқари эмасми? ДОМЛА-ИМОМ — Ҳар жойни мусулмонларининг бир расми бўлади, бизларға ҳам шундоқ қилмоқ расмдур. ЭЛЛИКБОШИ — Ҳар жойнинг мусулмонларини эмас. Бошқа вилоят мусулмонлари шариъатка мувофиқ расм билан қиладурлар. Аммо бизлар шариъатка тескари жоҳилият замонидан қолган бидъат ила қиламиз. ФАЙЗИБОЙ — Агарда бизлар шариъатка мувофиқ қизимизни эрга берсак, халқ бизни айб қилуб куладилар, мунга нима дейсиз, бизни халқға кулги бўлганимиз яхшими? ЭЛЛИКБОШИ — Халқ шариъатни масхара қиладиларми? Сиз мени айтканимни қилаберинг, халқ сиздан кулса, шариъат буйруғини қилдим десангиз, ҳеч ким нима деёлмайдур, агар айб қилса, гуноҳкор бўладур. ФАЙЗИБОЙ — Мундоқ сўзни узуб, улайдурган экансиз, жуда мени гаранг қилдингиз, энди бўлди, бўлди. Домла-имомнинг айтканларини берсаларингиз мана, бўлмаса ўзларингиз биласиз, мен юртнинг расмини ташлаб, қизимни эрга беролмайман, энди гапни кўб чўзманг, минг гапурганингизда заррача менга таъсир қилмайдур. ЭЛЛИКБОШИ — Хайр, хайр, мендан ўткан бўлса афв этурсиз, мен сизға куёвингизга қариндош эмасман, шунчаки, шундоқ бидъатлар бўлмаса эди, деб сўзни узайтирдим. Жабр қилсангиз куёвингизға қилурсиз, гуноҳи бўйнингизға, менга нима фойда, нима зарар (ерга қараб сукут қилур). ДОМЛА-ИМОМ — (Абдураҳимга қараб) Сиз хўб деяберинг, бундақанги яҳман деб ўлтурманг, тўйға кеткан оқчани Худо ўзи еткузадур, қарздор бўлса бўлар. Қарз узилар, хотун ёнга қолар, деган сўз бор. Элликбоши қаёғдаги бўлмаган сўзларни гапуриб, сизни сустлантуриб қўйдилар, ул кишининг сўзини қўяберинг. АБДУРАҲИМ — Хайр, бўлмаса билганларингизни қилинглар. ДОМЛА-ИМОМ — Қўлингларни кўтаринглар! (Ҳаммалари фотиҳага очурлар, домла ичида узоқ дуо қилур) Омин, Аллоҳу акбар, баракалло! (Абдураҳим ва Файзибойга қараб) Энди муборак бўлсун! АБДУРАҲИМ ва ФАЙЗИБОЙ — Қуллуқ, қуллуқ.

……………………..

Cолиҳ ва Раҳима (Файзибойнинг қизи)нинг тақдири фожеали бўлади. Катта қарзга ботган Солиҳ қарзини шартномада акс этган вақтда тўлай олмайди ва шартномада кўрсатилигани бўйича ҳовлиси, уй-рўзғор анжомларини судхўр бойга беришга, ёш хотини билан кўчада қолишига тўғри келади. Бундай келажакдан даҳшатга тушишган эр-хотин ўзларини ўлдиради. Демак, ўзбекларда 100-200 йиллар илгари ҳам бундай ижтимоий иллат ҳукм сурган экан. Ўзбек халқи бу иллатдан кескин воз кечиши керак! Тараққиёт йўлига ўтиш халқ учун биринчи навбатли иш ўзини турли иллатлардан тозалашдир. Бошқа йўли йўқ! Ижтимоий иллатлар ва тараққиёт тамоман бир-бирига зид тушунчалардир. Тараққиётни кўзлаган халқ унинг натижалари (меваси)дан асосан келажак авлод баҳраманд бўлишини тушуниши лозим. Халқ келажак авлодга ижтимоий иллатлардан холи бўлган, дунёвий ва диний билимларни чуқур эгаллаган ва ҳар томонлама ривожланган жамиятни қолдириши керак. Бироқ, бу – халқ бошлаган тараққиёт меваларидан фақат келажак авлод фойдаланади, ўзи эса қуруқ қолади, дегани эмас. Бошланган тараққиёт ислоҳоти мевасидан бошлаган авлод ҳам баҳраманд бўлиши учун мамлакат бошлиғи Ли Куан Ю каби НИЯТИ ТОЗА инсон бўлиши, у ўз мулозимлари ва халқни бошланажак ислоҳот самарали бўлишига ишонтира олиши керак.

 

(Давоми бор)

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.