ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ ( 4-қисм )

untitledТолиб Ёқубов

 

 

“Маҳалла” институтидан кескин воз кечиш – уни давлат назоратидан чиқаришдир

 

Ўқинг:   http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2014/06/140618_social_tribune_localism.shtml

 

Нега “Маҳалла” деб аталувчи институт (ташкилот)дан тамоман воз кечиш Ўзбекистон тараққиёт йўлига юз тутиши учун муҳим? Бунинг икки асосий: (А): сиёсий ва (Б) ижтимоий-психологик жиҳати бор. Аввало (А): сиёсий жиҳати ҳақида фикр юритайлик. Маҳалла азалдан ўзбеклар учун ўз-ўзини бошқариш институти бўлиб келган, бу – тарихий факт. Ҳеч қачон маҳалла бошлиғини мавжуд ҳукумат тайинлаган эмас: на ўн аср илгари, на Амир Темур даврида, на амирлик ва хонликлар пайтида ва на рус истилоси шароитида. Инсонларнинг ҳар қандай катта-кичик жамиятида ўзининг йўлбошловчи (лидер)лари бўлади. Баъзи лидерлар ўзининг донишмандлиги, баъзилари қаттиққўллиги, баъзилари серуруғлиги билан одамлар оғзига тушади, улар томонидан тан олинади. Маҳаллаларда вақти-вақти билан сайловлар бўлиб турган ва маҳалла халқи адашмасдан ўзига бошлиқ сайлаган. Маҳалла ҳаётидаги ҳар бир муаммони ечишда одамлар маҳалла бошлиғи билан маслаҳатлашишган, унинг тавсия ва таклифларини ҳисобга олишган.

 

Маҳалла ишига биринчи бўлиб советлар ҳукумати аралаша бошлади, бир неча маҳаллаларни ўз ичига олган қишлоқ кенгашлари (русчада: “сельский совет” ёки қисқача “сельсовет”) ташкил қилинди, бироқ маҳалла институтининг мустақиллигига бу ташкилотлар жиддий таъсир кўрсатмади – маҳалла бошлиғини сайлаш илгаригидай аҳолининг ихтиёрида эди. Фақат Ислом Каримов ҳокимият тепасига келгандан кейин маҳалла институти тўлиқ ҳукумат назорати остига олинди. Маҳалла ва олдинги қишлоқ кенгашлари “Маҳалла фуқаролар йиғини” (МФЙ) номи остида битта ташкилотга бирлаштирилди ва уни давлат қонуни билан расмийлаштирилди. МФЙ системасига нафақат қишлоқ маҳаллалари, балки шаҳар маҳаллалари ҳам киритилди. Қонунга кўра МФЙ нодавлат ташкилоти ҳисобланса-да, аслида у соф Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ)нинг проекти бўлгани учун 100% давлатга бўйсундирилди. Буни ҳеч бўлмаганда МФЙ раиси (оқсоқоли)га давлат томонидан маош берилиши кўрсатиб турибди.

 

Нега мен: “МФЙ  МХХ проекти”, демоқдаман? Ислом Каримов давлат тепасига келгандан бошлаб ўз олдига (аниқроғи МХХ олдига) жамиятни тотал (оммавий) назорат қилиш масаласини қўйди. Жамиятни тотал назорат қилиш: 1) дунёвий мухолифат партиялар ва ҳаракатлар, ҳуқуқбонлик ташкилотлари раҳбарлари ва аъзолари ҳамда журналистлар; 2) диний мухолифат раҳбарлари ва аъзолари; 3) МФЙ фаолият юргизаётган ҳудудга бошқа ҳудудлардан кўчиб келган ҳар бир одам ҳақида маълумот тўплашни ўз ичига олган бўлиб, бу ишда МФЙ раиси, унинг маслаҳатчилари ва бошқа ходимларига асосий ёрдамчи қилиб “Маҳалла посбонлари” институти ташкил қилинди. Посбонлар институтини аслида “Қулоқлар институти” дейилса тўғри бўлади. Уларга маҳаллада бўлаётган ҳар қандай воқеадан хабардор бўлиш, ҳар қандай тўй-тамошо, гапу-гаштак, дафн ва диний марсимларда бўладиган сўҳбатлар ҳақида маълумот тўплаш белгилаб қўйилди. МФЙ коллективи ва посбонларга белгиланган вақтда МХХ ва милиция органларига тўпланган маълумотларни ёзма равишда тақдим этиш юклатилди. Посбонликка илгари жиноят содир этган, бироқ ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш эвазига жазога тортилмаган одамлар ҳам жалб қилинди. Посбонлар асосан ёш йигит ва қизлардан иборат бўлиб, улар давлат томонидан маош билан таъминланди. Бу тадбир ва харажатлар махсус хизматларга, образли қилиб айтганда, “ер остида илон қимирласа маълум бўладиган” даражада имконият яратди.

Жамиятнинг бу қатлами (МФЙ ва Посбонлар) авторитар ҳукумат томонидан ўта заҳарланган қатламдир ва тараққиёт йўлини танлаган ҳукумат бу қатламдан тамоман воз кечиши, яъни мазкур қатламга кирган одамларни давлат бошқарувига яқинлаштирмаслиги керак. Бу – “маҳалла” институтидан тамоман воз кечишнинг сиёсий жиҳатидир.

 

(Б) ижтимоий-психологик жиҳати

Францияда вилоятлар кўп бўлса-да, ҳеч бир француз иккинчисидан “Сен қаерликсан?” деб сўрамайди. Улар бир-бирини шевасига қараб билиши мумкин. Айтишларича, уларнинг шеваси ҳам бир-биридан катта фарқ қилмайди. Француз оиласи бугун бир вилоятда яшаса, эртага бутунлай бошқа вилоятга кўчиб ўтиб яшайверади. Иш топилса бўлди, уй-жой проблема эмас. Унинг кўчиб кетганини ҳам, кўчиб борганини ҳам қўни-қўшнилар дарҳол сезавермайди. Қария пенсиясини илгари қандай олган бўлса, кўчиб борган жойида ҳам ўшандай олаверади. Франция армиясида “дедовшчина” иллати йўқлиги Франция демократик давлат бўлгани учунгина эмас, французлар ўзини битта яхлит миллат деб билгани учундир. Ўзбекларнинг ва, охир-оқибат, Ўзбекистоннинг тинкасини қуритаётган савол, фикримча, “Сен қаерликсан?” бўлса керак. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон армиясида бир вилоятдан келган йигитлар иккинчи вилоятдан келган тенгқурларини дўппослашади.

 

Жиззах темирйўл вокзалидан 200-300 м нарида жойлашган бозор биқинида кичик бир маҳаллача бор эди. Бу маҳаллачада 30-чи йилларда вокзал қурилиши ва унинг инфраструктураларида ишлаш учун асосан Самарқанддан кўчириб келинган одамлар яшар эди. Бозорни кенгайтириш баҳонасида маҳаллачани бузмоқчи бўлишган ва бу операция бошида бозорқўм Ўктам Олимов турган. Қизиғи, бозор директори совет даврида Жиззах вилояти ижроия комитетининг собиқ раиси, мустақиллик йиллари бошида Пахтакор тумани ҳокими бўлиб ишлаган, Ҳаж сафарига бориб “Ҳожи бобо” бўлиб қайтган, “Ўзбекистон Қаҳрамони” олтин юлдузи билан тақдирланган шахс эди. Уйи бузилаётган оилаларга на уй, на пул компенсацияси ва на уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш ҳақида гап бўлган. Жиззахлик ҳуқуқбонлар менга телефон қилишгач, мен воқеа жойига етиб бордим. Маҳаллачадаги уйлар паст-паст, ўта кўримсиз уйчалар экан. Бульдозер ишлаб турибди, баъзи уйчалар бузиб ташланган, одамлар ҳатто майда-чуйдасини олиб чиқишга ҳам улгуришмаган, хотин-халаж ва болалар йиғлаган, бульдозер олдида бир неча одамлар бозор директори ва унинг ҳамроҳлари билан жандаллашиб туришибди. Мен борганимда “Ўзбекистон Қаҳрамони” одамларга “Сенларнинг ҳамманг келгиндисанлар, бор ўша Самарқандингга! Кўчиб кетасанлар! Ўзингнинг юртингда қандай яшасанг яшайвер!” деб бақираётган экан.

 

Мен ҳаммавақт ёнимда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини олиб юрар эдим. Мен Ўктам Олимовга: “Ўктам ака, бу бебошликни тўхтатинг! Сиз Ўзбекистон Қаҳрамони бўлатуриб Конституцияни қўпол равишда бузаяпсиз! Мен устингиздан Бош прокуратурага шикоят ёзаман” деб кескин гапирдим. “Прокуратура” сўзи таъсир қилдими, Ўктам Олимовнинг илгариги важоҳати бирдан пасайди. Гапим қуруқ бўлмаслиги учун мен дарров унга Конституциянинг 27-моддасини кўрсатдим. У ҳижжалаб ўқий бошлади:  27-модда: “Ҳар ким … турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга”; “Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши … мумкин эмас”. Ўктам Олимовнинг ранги ўчди ва жанжал жойидан қочди. Бу мисол давлат мулозимлари турли ҳудудларда яшовчи, турли шеваларда сўзловчи ва турли анъана ҳамда урф-одатларга эга бўлган халқ бирлашишидан манфаатдор эмаслигини кўсатади. Ўзбекистон ҳукумати фаолиятида бундай сиёсатнинг ўзи йўқ. Бўлажак демократик Ўзбекистонда “Сен қаерликсан?” деган савол ўринсиз бўлиши лозим. Бошқача айтганда, одамларда ватан бўйлаб эркин ҳаракатланиш (кўчиш) имконияти яратилиши, одамлар ва товарларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиши иқтисоднинг асосий қирраларидан бирига айланиши керак, чунки маҳалла институти халқни тараққиёт йўлида бирлаштиришга тўсқинлик қилади. Бунинг учун маҳалла институтидан воз кечишга тўғри келади.

 

Кимдир: “Маҳаллани йўқ қилиб бўладими?” дейиши мумкин. Маҳалла йўқ қилинмайди, у фақат ўз функциясини ўзгартиради, яъни ҳукуматга боғлиқ бўлмаган фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органига айланади, холос. Бундай органлар барча демократик давлатларда мавжуд. Масаланинг ижтимоий-психологик жиҳати анашу. Бироқ, 1999 йил 14 апрельда қабул қилинган “Фуқроларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари тўғрисида”ги, 758-I рақамли қонун бўйича И.Каримов чиқиш қилиб бундай деган эди: (Парча): “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлатга қарашли бўлмаган мустақил бошқарув тизимидир. Бу эса давлат ҳокимияти органлари ваколатларини босқичма-босқич фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бериш, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари”, – тамойилини амалга оширишнинг асосий омили саналади. (Парча тугади). Бу И.Каримов оғзидан чиққан гапнинг қоғозга кўчирилгани, холос. Амалда-чи? Амалда эса бу гап қип-қизил ёлғон! 1996-2006 йиллари мен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг 11 та вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, 15 та туман, бир неча бошқа шаҳарларда бўлимлари бор эди. Ҳуқуқбонларимиз умумхалқ сайловларидан ташқари МФЙларга раис (оқсоқол) сайлашни муттасил кузатар эдилар. МФЙлар нодавлат ташкилоти бўлгани учун бизни қизиқтирадиган нарса МФЙ фаолиятига давлатнинг аралашишини аниқлаш эди. ЎИҲЖнинг жойлардан келган маълумотлари бўйича 90% ҳолларда МФЙ раиси (оқсоқоли) лавозимига туман (шаҳар) ҳокими номзод тавсия қилган ва бу номзод сўзсиз лавозимга сайланган. Бошқача айтганда, МФЙ фаолияти бошидан охиригача давлат назорати остида бўлган.

 

Жамиятни маънавиятсизлик ботқоғидан чиқариш учун Ислом динига кенг йўл очиш лозим

 

Ҳар қандай дин аввало “Биз киммиз? Олам нима? Биз қаердан келдик, қаердан пайдо бўлдик? Биз ва оламни ким яратди? Одамзоднинг бошланиши борми? Охири-чи? Инсон ўлгандан кейин у яшашни давом эттиради-йўқми? Инсоннинг қилган яхши ва ёвуз ишларининг ҳисоб-китоби борми-йўқми?” каби саволларга жавоб излайдиган ва унинг ечимини топадиган илоҳий таълимотдир. У нафақат мазкур саволларга жавоб беради, балки фоний дунёда инсонлар жамиятининг яшаш тарзи, қонун-қоидаларини ҳам белгилаб беради, инсониятга аниқ йўл кўрсатади. Дунёдаги етук динларнинг бири Исломдир. Ҳар бир динга кўра инсоният бўлинган – бир одам қабул қилган, бири қабул қилмаган. Бир давлат бир дин билан узвий яшайди, бир давлат динни давлат бошқарувига яқинлаштирмайди. Марказий Осиё халқлари, хусусан ўзбеклар, асрлар оша Ислом динига эътиқод қилиб келишган. Дин ўз нигоҳини асосан инсон маънавиятини мукаммал қилишга қаратиши барчага тушунарли. Жамиятда диннинг кучи ва маънавиятсизлик орасида тескари пропорционал боғланиш бор: жамият дин аҳкомларига қанчалик кучли амал қилса, жамиятда маънавиятсизлик шунчалик сусаяди. Ва аксинча.

 

Даҳрийлик сиёсати ҳукм сурган СССРда давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, ўқув-таълим системаси ва давлат томонидан динга қарши тузилган нодавлат ташкилотларининг саъй-ҳаракати натидасида динларга, хусусан Исломга, катта зарба берилди. 80-чи йиллар охири ва 90-чи йиллар бошида мустақиллик шарофати билан Ислом дини Ўзбекистонда бир қадар қаддини ростлагандай бўлди. Бироқ, Ислом Каримовнинг 25 йиллик бошқаруви даврида Ўзбекистонда ислом дини ўз мавқеини яна йўқотиб бўлди. Йўқ, мустақиллик йилларининг бошида халқ ўз ёнидан харажат қилиб қайта таъмирлаган ва қурган 5000 дан ортиқ мачитларнинг 2000 дан кўпини Ислом Каримов даврида қабул қилинган “Диний эркинликлар тўғрисида”ги қонунга асосан ёпиб ташланган бўлса-да, қолганлари ишлаб турибди, кўпларида жума ибодатлари ўқилмоқда, катта саллали имомлар Ислом Каримов сиёсатига мадҳиялар айтиб амру-маъруфлар ўқимоқдалар, илгари ўтган атоқли дин олимлари шарафига қурилган обидалар таъмир қилинмоқда, Тошкентда Ислом университети фаолият қилаяпти, ҳатто бир неча йил илгари Тошкент Ислом дини маркази деб ҳам эълон қилинди. ШАКЛ бор, бироқ МАЗМУН йўқ. Ташқи КЎРИНИШ зўр, бироқ ИЧИ эса бўш!

 

Ўзбекистонда ҳеч бир замон, ҳатто даҳрий совет тузуми даврида ҳам кузатилмаган ҳолатлар юзага келди: 1) мамлакатда аёллар мардикор бозорлари; 2) чет мамлакатларда, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам фоҳиша аёллар масканлари; 3) ўз гўдакларини сотадиган аёллар; 4) оммавий мардикорчилик; 5) 90-чи йилгача совет армиясида хизмат қилаётган ўзбекларнинг жасади тобутларда қанчалик кўп келган бўлса, ҳозирги кунда Россиядан ўлдирилган мардикор ўзбекларнинг жасади ундан-да кўп келиши ҳоллари  ПАЙДО БЎЛДИ. Дин ва жамият орасидаги муносабатга давлат ё кўр-кўрона, ё ўз манфаатидан келиб чиқиб аралашса ҳаёт маънавиятсизликка юз тутади. Бунга тарихда мисоллар исталганса топилади – ўтмишдан ҳам, ҳозирдан ҳам. Мен қуйида келтирмоқчи мисолда ҳукмдорнинг ўз манфаатини кўзлаб қилган ишига уламоларнинг муносабати қизиқ ва ҳайратлидир.

 

Қўқон хони амир Умархон умри охирида ўз саройидаги ёш канизаклардан бирига муҳаббат қўяди. Канизак ёш бўлғанлиги ва балоғатга етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай вақт кутади. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига етолмай вафот қилади, канизак қиз балоғатга етади, Умархоннинг ўғли ва вориси бўлган Мадалихон эса гўзал канизакга ошиқ бўлади. Бироқ уламолар бу гўзални Мадалига она мақомида ҳисоблаб, хоннинг орзусига кўндаланг келадилар, яъни Маъдалихон канизакга уйланишига йўл қўймайдилар. Маъдалихон бир неча йил ичида ўзига қарши ишлаган уламоларни қувғин қилади ва ўрниларига бошқа уламоларни олиб келади. Янги уламолар тамом тескари фатво берадилар ва Маъдалихон канизакга уйланади. Канизакнинг ҳусни ҳақида эшитган Бухоро амири Баҳодирхон Қўқонга лашкар тортади, Маъдалихонни енгиб, ўзини қатл қилади. Бухоро уламолари Ботирхон фойдасига янги фатво тайёрлайдилар ва ўз фатволарида канизак Маъдалихонга хотин бўла олмаслигини “исботлайдилар”. Баҳодирхон Қўқон уламоларини қувғин қилади, баъзиларини ўлдиради, баъзилари қочиб қутилади. Баҳодирхон эса канизакни олиб Бухорога қайтади. Бу мисол ўтмишда ҳам дин намоёндалари ҳукмдорнинг чизиғидан чиқмаганларини, яъни давлат дин ишларига хоҳлаганча аралашганини яққол кўрсатади.

 

Мамлакат ташқарисида, динга қарши курашишда Ислом Каримовга катта ёрдам қилаётган гуруҳлар бор. 90-чи йиллар бошида Ислом Каримов диндорларни, хусусан “Адолат”, “Ислом лашкарлари” (Наманган) ва “Одамийлик ва инсонпарварлик” (Қўқон) ташкилотлари азоларини Фарғона водийси вилоятларидан қувғин қилганда Намангандан катта бир гуруҳ диндорлар деярли қийналмасдан Тожикистонга (кейинроқ эса Афғонистонга) чиқиб кетди. Ўша қувғинда диндорлардан минглаби қамалди, бир қисми қамоқларда ўлдирилди, баъзи олимларнинг қаердалиги ҳозиргача номаълум қолмоқда. Бир пайтлар совет коммунистлари бутун дунёда коммунистик жамият қурамиз, деган шиор билан яшагандай, Ўзбекистонда ҳозир бутун дунёда халифалик қурамиз, деган хомхаёл билан яшаётган гуруҳлар ҳам бор. Улар ўз ҳатти-ҳаракатлари билан Ислом Каримовга бегуноҳ диндорларга қарши қатағонни кучайтиришга ёрдам бермоқдалар. Нафақат давлат, одамларнинг ўзлари ҳам динни обрўсизлантириш учун хизмат қилишмоқда. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний Ишлар Қўмитаси (ДИҚ) давлатнинг бир вазирлигига айланган ва давлатнинг мусулмонларга қарши қатағонларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундай давлатда маънавият издан чиқмай нима қилсин?!

 

Ўзбекистонда ҳозир айнан шундай. Бошқача айтганда, илгари ҳам, ҳозир ҳам дин уламолари давлат босимига, давлат томонидан жамият маънавиятини бузилишига қарши турадиган куч бўла олмаган ва бўла олмади. Ислом Каримовнинг коммунистик сиёсати даврида бунга эришиб ҳам бўлмайди – бу тушунарли. Диннинг вазифаси “Хизб ут-Тахрир”, “Таблиғчилар”, “Ваҳҳобийлар”, “Нурчилар” (ва б.) турли-туман, бир-бирига душман, жамиятни турли бўлакларга бўлиб ташлайдиган ташкилотларни шакллантириш эмас, балки жамият маънавиятини соғломлаштиришга қаратилган бўлиши керак. Жамиятни жипслантириш, ёшларни дунёвий ва диний фанларни астойдил ўрганишга жалб этиш, ҳақиқий тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлашга Ислом динининг кучи етиб ортади. Бу – мамлакатда демократик тартиб ўрнатилган, ҳукумат бошига эса нияти тоза бошлиқ келгандагина амалга ошади. Маънавият жамиятнинг қалби (ичи)да бўлади. Жамиятнинг ҳозирги Ўзбекистондаги ҳолати эса сиртига чиройли расм солинган, ичи бўм-бўш кўзага ўхшайди – қалбида маънавият йўқ. Нима қилиш керак? Ечим ўз-ўзидан кўриниб турибди: Ўзбекистонда Ислом динининг ҳақиқий мавқеини тиклаш керак!

 

(Давоми бор)

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.