ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ ( 5-қисм )

untitledТолиб Ёқубов

 

 

Ислом Каримовнинг таланти очилмоқда

 

Баъзиларнинг таланти болалигида очилади – бунга тарихда мисоллар минглаб топилади. Баъзиларнинг таланти эса … Мен математика факультетида битта группада бирга ўқиган, кейинчалик улардан бири шу факультетга декан, иккинчиси эса кафедра мудири бўлган икки математикни биламан. Декан бўлгани хоразмлик Маматсоли бўлиб, ҳақиқатан кучли математик эди, аспирантурани Ломоносов номидаги Москва давлат университетида ўтаб, шу университет илмий кенгашида диссертациясини ҳимоя қилган эди. Кафедра мудири бўлган Баҳодир эса ғаллаороллик бўлиб, институтни зўрға битирган, бироқ хотинининг акаси Исмат Хушиев [журналист Исмат Хушев билан алмаштирманг!] Ўзбекистон компартияси Марказий Комитетида масъул лавозимда ишлаган одам эди. У қандай йўллар билан кафедра мудири бўлганини ўзингиз тушунсангиз керак. Бир вақт Баҳодир студентлар учун ўқув қўлланмалари ва дарсликлар ёза бошлади. Ҳамма ҳайрон, ҳамма шуни гапиради! Бир йиғинда Маматсоли ўз группадошида кузатилаётган катта ўзгаришни бундай тушунтирди: “Баҳодирнинг таланти 37 ёшидан кейин очилди!”. Бундай нарсалар бўлиб туради. Таланти ёши 50 дан кейин очилган, 70 дан кейин эса гуркираган шахслар ҳам бор. Шулардан бири Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдир.

Юқорида мен 1940-53 (ёки 54?) йилларда Украинадан асосан Ўзбекистонга кўчириб келинган шакар заводлари урушаётган армияни ҳамда урушорти аҳолини шакар билан таъминлаб турганини ёзган эдим. Мен буни ўз кўзим билан кўрганман. Шакар заводлари шакарни қанд лавлагидан оларди, чиқиндиси эса молларни семиртирар эди. Қанд лавлаги учун Ўзбекистон замини идеал заминдир – қуёш радиацияси Ўзбекистонда бениҳоя юқори бўлгани туфайли қанд лавлагимизда қанд миқдори максимал бўлган. Жаноб Ислом Каримов иқтисодчи, молиячи, иқтисод фанлар доктори, академикдир, қатор йиллар Қашқадарё вилоятида бошлиқ, молия вазири, Давлат планлаштириш қўмитасининг бошлиғи бўлиб ишлаган ва, ниҳоят, 25 йилдан бери мамлакатни бошқармоқда. У мен юқорида келтирган шакар тарихини билмаганми? Сиз нима деб ўйлайсиз? Турган гап – билган! Бироқ унинг давлат бошлиғи даврида бирорта ҳам шакар заводи қурилмади. Шу кеча-ю кундузда Ангрен шаҳрида шакар заводи ишга тушибди. Бу хабарни мен http://www.harakat.net/news/?id=15378  сайтида ўқидим. Хабарда, афсус, шакар нимадан олиниши ёзилмаган. Шакарқамиш бўлмаса керак, чунки унинг ватани Кубага ўхшаш тропик мамлакатлардир. Пальма дарахтидан олинмаса керак, чунки пальма Ўзбекистонда ўсмайди, уни Осиёнинг жанубий-шарқ мамлакатларида ўстиришади. Ўзимизнинг ўзбек қанд лавлагисидан бўлса керак! У уруш пайти ўзининг шакари ва шинниси билан беҳисоб оилаларни очлик ўлимидан сақлаб қолди. Кўрдингизми, Ислом Каримовнинг таланти 70 дан кейин очила бошлади!

Ўзбекистонда инглиз тилини асосий иш тили қилиш зарурлигини биринчи марта мен илгари сурдим десам, Ислом Каримов мендан ҳам олдин ҳатто ижро этишга киришган экан. Менинг 1-чи синфни тугатган неварам “биз инглиз тилини ўргандик” деди. Мана сизга Ислом Каримовнинг таланти 70 дан кейин ярқ этиб очилганига яна бир мисол! Инсон талантининг очилиши – қайси ёшдан бошлаб очилишидан қатъий назар – бу инсон ниятининг тозаланишига олиб келадими-йўқми – билмайман. Таланти очилмасдан илгари Ислом Каримов точно нияти тоза одам эмас эди. Нега? Жавоб: Ўзингизга савол:  Нияти тоза одам бўлса, бу икки ташаббусни қилиш учун нега 25 йил кутди? Нияти тоза одам бўлса, яна бунинг устига давлат бошлиғи бўлса, ниятини дарҳол амалга оширмайдими? Шунча йил кимни ёки нимани кутди? Ана шуниси қизиқ! Жавоби эса ушбудир. Бу икки масала – шакар заводлари қуриш ва инглиз тилини 1-чи синфдан бошлаб ўқитиш – илгари Ислом Каримовнинг хаёлига ҳам келган эмас! 90-чи йиллар бошида ўзи ва атрофидаги югурдакларининг ҳисоб-китоби бўйича Ўзбекистонда шакар заводлари қуриш, турли вилоятларда қанд лавлаги етиштиришдан кўра шакарни чет эллардан, хусусан Украинадан олиб келиш давлатга ҳам ва, айниқса, ўз ҳамёнларига катта даромад келтириши мумкинлигини англаганлар. Ўзбекистонда шакар мафияси ўша пайтларда пайдо бўлди ва шаклланди, илдиз отди, давлат идораларини эгаллади. Дастлабки улкан даромадлар одамни эсанкиратади, кўзини мойлайди, ақлини шоширади ва пулнинг қулига айлантиради. Шакар заводлари қуриш, халқни арзон шакар билан таъминлаш, уни экспорт қилиш йўли билан мамлакат учун зарур бўлган валюта тўплаш – буларнинг бариси ўша замонлардаёқ унут бўлиб кетган.

Инглиз тили масаласига келганда шуни айтишим керак-ки, Ислом Каримовнинг ташқи сиёсати менга фотмачумчуқ ҳаракатини эслатади: бу қушчага эътибор қилсангиз у думини тинимсиз пастга-юқорига-пастга-юқорига ҳаракатлантириб туради, ўзи ҳам тинимсиз лик этиб уёққа, лик этиб буёққа сакраб туради. Ислом Каримов зўр келганда дам Россия, дам АҚШ, дам Хитой томон сакраб турди. Кейинги бир неча йил ичида у, назаримда, охир-оқибат АҚШ билан дўст бўлишга қарор қилди. Тошкентда НАТО идорасининг очилиши эса буни тасдиқлайди. У 2015 йилги сайловда қатнашиш қарорига ҳам келганга ўхшайди. Мамлакатга инглиз тилини биладиган одамлар керак. Бошқача айтганда, у Ўзбекистонда халқ фойдасига Сингапурдагидек ислоҳотлар ўтказиш учун эмас, балки АҚШ ва НАТО қанотлари остида ўзининг навбатдаги президентлик муддатларини тинч-осойишта ўтказишни ўйлаб инглиз тилига урғу бера бошлади. У қандай бўлмасин яна камида 10 йилни, Лондонда бир ойда 100 долларга яшаётган невараси Ислом Каримов-2 30 ёшга етишигача туриб бериши керак. Ўзбек халқи яна 10 йил туриб бера оладими-йўқми – НОМАЪЛУМ. 

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.