Тоlib aka    Толиб Ёқубов

 

ЭНГ ОҒИР ЛАВОЗИМ

 

                Давлат лавозимлари ҳамма мамлакатларда бисёр – давлат бошлиғидан тортиб оддий миршабгача, Бош прокурордан тортиб чегара қўриқловчи аскаргача, Парламент спикеридан тортиб солиқ йиғувчи инспекторгача давлат лавозимини эгаллаган одамлардир.  Бу лавозимларнинг қайси бири оғир, деган савол анча-мунча одамни қизиқтирса керак. Миршаблик оғирмикин? Аскарга оғирмикин? Балки прокурорга оғирдир?! Йўқ, миршабга оғир эмас – бирор “айб” қилса, у рапорт бериб ишдан бўшаб кетаверади ва ризқини бошқа ердан топаверади. Аскарга ундан ҳам осон – уруш бўлмаса, хизмат муддати тугагач, у дембель бўлиб ота-онаси бағрига қайтаверади.  Прокурорга бироз қийинроқ. Бу ерда иккита вариант бўлиши мумкин:  бири, масалан, собиқ Бош прокурор Ҳудойқулов каби катта пора билан қўлга тушиб ишдан кетади, бироқ қамалмайди, иккинчиси, масалан, Жиззах вилояти собиқ прокурори Равшан Муҳиддинов каби, президентга ўта содиқ бўлса-да, 15 йилга қамалиб кетаверади. Ўлмаса – чиқади, ва илгари топган бойлигини бирор ерга “кўмиб” қўйган бўлса, уни “кавлаб олиб” майда чайнаб яшайверади. Мен ўйлаб-ўйлаб энг оғир лавозим президентлик лавозими, деган хулосага келдим. Тушунтиришга ҳаракат қиламан. Менга ҳамфикр бўлган одамлар ҳам бор экан. Шулардан биттаси ҳозирги Россиядаги мавжуд ҳокимиятга энг мухолиф позицияда бўлган сиёсатшунос А.Пионтковский экан.

 

А.Пионтковский В.Путин ҳақида

 

А.Пионтковский президент Владимир Путин ҳақида бундай ёзади: “Путин олдидаги энг оғир вазифа – лавозимни ушлаб туришдир. Бу масалада у жуда оғир вазиятга тушиб қолган. Орқага чекинса, у ўз атрофидаги одамлар кўзида ҳам, ўзининг кўзида ҳам обрўсини йўқотади. Агар олишиш, курашиш йўлини танласа, у иқтисодий коллапс (чуқур инқироз) жараёнини тезлаштиради. Ҳар икки йўл келажакда Путиннинг ҳокимиятни бой бериши билан тугайди ва бу ҳозирданоқ кўриниб турибди. Бу – цугцвангнинг классик ҳолати, деб айтаётганлар ичида мен биринчи ҳам, охиргиси ҳам эмасман [Цугцванг – шахмат ўйини термини: рақиб қандай юриш қилишидан қатъий назар унинг ютқизишига олиб борадиган ҳолат – Т.Ё.]. Унинг яхши, яъни ютуққа ёки ҳеч бўлмаса дурангга олиб борадиган юришлари йўқ. Унинг зўрма-зўраки юришларидан бирини Кремлнинг “лўттибози” Колесников баён этди. Унинг айтишича, “бечора Путин ҳеч қачон болаларнинг ўлимига йўл қўймайди, Малайзия Боингининг ҳалокати учун қаттиқ қайғурмоқда ва агар бу ҳалокатда Донецкдаги бўлғинчилар айбдор эканини қатъий исботласалар, у бўлғинчиларни қўллаб-қувватлашдан тамоман воз кечади”. Кремлда очиқдан очиқ тушкунлик ва қўрқув ҳукм сурмоқда, вазиятдан силлиқ чиқишнинг ҳар хил сценарийлари қараб чиқилмоқда, бироқ яхши сценарийлар кўринмайди”. (Парча тугади). Оғир лавозим! Шундай қудратга эга бўлган Путин учун ҳам жуда оғир. Силлиқгина лавозимни ташлаб кета олмайди. Кетса ё қамалади, ё ўлдирилади, ё Кубага қочишга мажбур бўлади.

 

Бизнинг жонажон Ислом Абдуғаниевични Владимир Владимирович билан таққослаб бўлмайди. Айниқса битта масалада:  Ислом Абдуғаниевич бирор кор-ҳолга дуч келса, масалан, қандайдир “қора кучлар” унинг саройига ҳужум қилса, ёки ташқи давлат армияси бостириб кирса, ёки тасодифан милиция, армия, прокуратура, МХХ ва давлатнинг бошқа тизимлари унга бўйсунушдан бош тортса, халқ унга ёрдамга шошилмайди. Ҳозир Путиннинг ахволи оғир бўлса-да, Россия халқининг катта кўпчилиги унинг ҳимоясига чиқишининг эҳтимоли бор. Бироқ, Россия ўзга халқларнинг ерларини босиб олишдан ташкил қилинган давлат бўлгани учун унинг охир-оқибат парчаланиши эҳтимоли эса каттадир. Ана шу жараён Путин даврида бошланиши мумкин. Россияда мухолифат вакиллари очиқчасига фаолият олиб бораётгани уни мансабдан кетишга мажбур қилади. Ўзбекистонда каримовпарастлар оз эмас, бироқ Каримов ўзининг зулм ва ёлғонга асосланган сиёсати билан аксарият одамларнинг баъдига урганлиги билиниб турибди. У демократик кайфиятдаги раҳбар бўлганда эди, аллақачон ўз обрў-эътиборини тўлиқ сақлаган ҳолда, халқнинг самимий олқишлари остида нафақага чиққан бўларди. Бироқ авторитар раҳбарларга умрининг охиригача лавозимда туриш бундай раҳбарларга теккан касалликдир. Ушбу касалликка авторитар раҳбар қандай чалинади?

 

Давлат бошлиғи лавозимини эгаллаш иштиёқи кимда қандай?

 

Давлатни бошқариш масаласида шундай жиҳатлар бор-ки, инсоният дунёга келгандан бери баъзи одамлар шу жиҳатларни эгаллашга, уларни ўзида хислат қилиб шакллантиришга муккасидан кетишган. Бу жиҳатлар:  1) қандай йўл билан бўлмасин ҳокимиятни эгаллаш ва унга тажовуз қиладиган ҳар қандай кучни йўқ қилиш; 2) инсон ҳаёти ва тақдири билан мутлақо ҳисоблашмаслик; 3) минглаб, балки миллионлаб инсонлар тақдирини қўлида ушлаб туриш ва уни ўзи хоҳлаганча ҳал қилиш истагининг кучлилиги; 4) ўз ҳаётини ҳар қандай бошқа инсоннинг ҳаётидан устун қўйиш; 5) бойликга ўч бўлиш; 6) ҳеч сесканмасдан ёлғон гапириш; 7) ўзини ҳамма вақт айбсиз ва гуноҳсиз, ҳар бир нарсада ўзини ҳақ деб ҳисоблаш; 8) давлат бошқарувини ўта айёрлик ва қаттиққўллик билан юргизиш; 9) умрининг охиригача давлат бошлиғи лавозимида қолишдир. Табиатини ана шу хислатлар эгаллаган ҳукмдорларда ижтимоий-сиёсий адолат ҳисси ё бўлмайди, ёки ўта суст бўлади – буни инсоният тарихида ўтган минглаб ҳукмдорлар мисолида кўриш мумкин. ХХ-асрнинг 40-чи йилларида баъзи  давлатларда шакллана бошлаган демократик тартибларгина ижтимоий-сиёсий адолатга нисбатан давлат раҳбарининг қиёфасини ўзгартира бошлади – бу мамлакатларда яккаҳокимликга чек қўйилди, давлат раҳбари ва давлатнинг бошқа органлари вакиллари умумхалқ сайловида сайлана бошланди, мухолиф кучлар, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ва иқтисод юритишга кенг эркинликлар берилди. Натижада демократик давлатларда илгари давлат бошлиғига хос бўлган, юқорида санаб ўтилган тўққизта ўта салбий хислат жамият ҳаётидан кетказилди.

 

2-Жаҳон урушидан кейин яккаҳокимлик СССР ва унинг қўл остидаги қўғирчоқ давлатлар, яъни СССР бошчилигида 1955 йилда ташкил этилган Варшава ҳарбий блокига кирувчи Албания, Польша, Чехословакия, Руминия, Болгария, Шавқий Германия, Венгрия каби коммунистик давлатларда сақланиб қолди. Табиий, бу вақтга келиб давлат раҳбарлари менталитети (зеҳнияти)даги 1) – 9) унсурлар бироз юмшаган, “маданийлашган” эди. Мас., ўрта асрларда ўтган Чингизхон ва Амир Темур каби ҳукмдорлар менталитети юқорида саналган давлатлар раҳбарлари менталитетидан, турган гап, кескин фарқ қилар эди. Шуни ҳам қайд этиш лозим-ки, СССР қулагандан сўнг пайдо бўлган Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон каби давлатлар раҳбарларининг менталитети Польша, Чехословакия ва Венгрия каби давлатлар раҳбарларининг “маданийлашган” менталитетига эмас, балки ўрта асрлар ҳукмдорлари менталитетига яқинлигича қолди, яъни ўрта асрлар ҳукмдорлари Чингизхон ва Амир Темур сафар чоғида минган “транспорти” от ёки арава, яшаш жойи эса ўтовлар бўлганда, Ислом Каримов, Сапармират Ниязов (Гурбангули Бердимуҳаммедов) ва Эмомали Раҳмоннинг мингани замонавий “Мерседес”, ётган жойи қаср ва люкс-меҳмонхоналар бўлса-да, бироқ менталитет нуқтаи-назаридан улар деярли ўзгармади, яъни маданийлашмади.

 

Яккаҳокимлик тузуми билан йиртқич ҳайвонлар тўдаси орасида фарқ борми?

 

Яккаҳоким раҳбарга давлатни бошқариш, турган гап, мароқли – қўл остингда минглаб сенинг ҳар бир буйруғингга ва, ҳатто, ҳар бир акса уришингга “лаббай” деб турадиган давлат мулозимлари, оммавий ахборот воситалари, беҳисоб маддоҳлар бор. Улар сийла деганингни сийлайди, қама деганингни қамайди, ўлдир деганингни ўлдиради. Йиртқич ҳайқонлар тўдасида, мас., бўрилар тўдасида, ўзининг эркак лидери бўлади – бу лидер фақат икки жиҳат бўйича лидерлик қилади – она бўриларни уруғлантириш, яъни ўзидан авлод қолдириш, ва овқатга биринчи бўлиб тўйиш. Бирорта бошқа эркак бўри она бўриларга яқинлаша олмайди, бирорта бўри лидер ўлжани еб тўймагунча ўлжага йўлолмайди, бошқа бўрилар лидердан қолганини ейди. Тўда ҳамма вақт лидернинг талабини бажаради. Лидер қариб кучдан қолгандан кейин саҳнага ёш, кучли эркак бўрилар чиқади. Биринчи навбатда улар қари лидерни ўлдиришади, сўнг улар орасида лидерлик учун ҳаёт-мамот жанги юз беради, бир неча ёш бўрилар бу жангда ўлади ва, ниҳоят, биттаси лидер деб тан олинади. Йиртқич ҳайвонлар дунёсида ҳаёт шундай кечади ва у такрорланаверади. Авторитар сиёсий тузумларда-чи? Ўзидан авлод қолдиришдан ташқари бундай тузумларда ҳаёт йиртқич ҳайвонлар тўдасининг ҳаётидан деярли фарқ қилмайди – жамият лидернинг талабини сўзсиз бажаришга мажбур қилинади, мамлакат бойликлари лидер ва унинг ҳамтовоқларидан ортса, қолган-қутгани халққа берилади, бундай тузумларда нафақат лидерликни қўлга киритмоқчи бўлганлар, балки оддий одамлар ҳам оммавий равишда қамалади ёки ўлдирилади ва ҳоказо. Ушбу охирги жумладаги “деярли” сўзи нимани билдиради? Йиртқич ҳайвонлар тўдасидан фарқли ўлароқ авторитар сиёсий тузумда лидер қариса ёш мулозимлар уни ўлдиравермайди, кўпинча лидер умрининг охиригача давлат тепасида туришга имкон берадиган механизм яратади.

 

Хушомадгўйлар даврасида

 

                Давлат раҳбарини ўраб турган атроф унинг менталитетига таъсир эта оладими? Турган гап, таъсир этади! Одатда, чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган одамда бора-бора юқорида санаб ўтилган 9 та хислатдан 7-чиси, яъни ўзини ҳамма вақт айбсиз ва гуноҳсиз, ҳар бир нарсада ўзини ҳақ деб ҳисоблаш хисси максимал баландликка чиқади ва у ўзини салкам Худо деб ҳисоблай бошлайди. Буни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мисолида яққол кўриш мумкин. Яқинда интернетда бир ролик намойиш қилинди:  ҳар куни эрталаб президент барча вазирларни қабул қилар экан. Вазирлар, ҳар бири қўлида бир букет (даста) гул ушлаган ҳолда сафланиб туришибди, президент улардан 4-5 метр нарида алоҳида турибди, вазирлар навбати билан президент олдига икки букилган ҳолда келиб, унинг қўлини ўпади. Ташқаридан қараган одамда бу ялоқхўрлик фақат жирканчлик ҳиссини уйғотиши мумкин, бироқ бу маросим Г.Бердимуҳаммедовга беҳад ёқаётганини сезиш қийин эмас. Бундан икки кун илгари www.ferghana.ru  сайтида  “Грезы Шагулыевой: Памятники Аркадагу во всех уголках Туркменистана” (“Шогулиеванинг ширин ҳаёллари:  Орқатоғнинг ҳайкаллари Туркманистоннинг ҳар бир бурчагида бўлиши керак”) номли мақола чоп этилди [Ўқинг: http://www.fergananews.com/articles/8221 ]. Туркманистон халқ ёзувчиси ва шоираси, Маҳтумқули номидаги халқаро мукофоти соҳиби Гўзал Шогулиева Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг Туркманбоши-2 га Ашхабодда ҳайкал ўрнатиш ташаббусини нафақат қўллаб-қувватлаган, балки унинг ҳайколларини Туркманистоннинг барча аҳоли пунктларида ўрнатишга чақирган, боз устига Бердимуҳаммедов ҳақидаги навбатдаги поэмасини ёзибди.  Хусусан у ўз поэмасида бундай ёзади: “Менинг қаҳрамон Орқатоғим, сенинг гўзал ҳайкалинг нафақат гўзал пойтахтимизда, балки мамлакатнинг ҳар бир бурчагида туришига лойиқсан. Дунё гўзаллиги,   ва тараққиётига қўшган ҳиссанг чегарасиздир. Сен Коинот каби буюксан, Орқатоғ! Менинг нафасим, менинг илҳомим, Орқатоғ!”. Вазирларга ҳар куни қўлини ўптирган, бундай мақтовларни эшитаётган давлат раҳбарида сўзсиз  ўзини ҳамма вақт айбсиз ва гуноҳсиз, ҳар бир нарсада ўзини ҳақ деб ҳисоблаш хисси максимал баландликка чиқади ва у ўзини салкам Худо деб ҳисоблай бошлайди.

                Хушомадликка берилиш энг оғир касалликлардан бири, дейишади психиатрлар. Тинимсиз мақтов ва хушомадгўйлик раҳбарни реалликдан узоқлаштиради, унда сунъий ва салбий қадриятлар шакллана боради. Унинг атрофида Исмат Хушевга ўхшаш иккита маддоҳ бўлса, раҳбарга мазкур касаллик тез орада юқади. Сунъий ва салбий қадриятлар уни оғир жиноятлар қилишга етаклайди. Шундай пайтлар бўлди-ки, Россия президенти В.Путинни танқид қиладиганлардан уни мақтайдиган ва унга хушомад қиладиганлар сони ўн баробар кўп бўлди, оммавий ахборот воситаларида номи энг кўп тилга олинадиган одам Путин бўлди, унинг рейтинги халқ орасида 85% гача кўтарилди, уни “Йил одами” дея чет эл журналлари ёзишди ва у … Украинада уруш бошлади, Россия қатор давлатлар санкциялари остида қолди. Баъзи халқаро экспертларнинг фикрича, унинг Украинада бошлаган уруши 3-чи Жаҳон урушига айланиб кетиши мумкин. Албатта, Путиннинг фаолият масштаби олдида Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов ва бизнинг Ислом Абдуғаниевичнинг фаолият масштаблари  фил ва чумолидай – бу кўзойнаксиз ҳам бемалол кўриниб турибди. Мас., афғонистонлик жангарилар бемалол Туркманистон чегарасига келиб турманистонлик чегарачиларни ўлдириб кетишаяпти.  Ислом Каримов эса бор-йўқлиги номаълум бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ўлгудек қўрқади. Демак, давлат раҳбари маддоҳлар ва хушомадгўйлар қуршовида бўлса, унга таҳдид соладиган биринчи хавф унда шаклланадиган сунъий ва салбий қадриятлардир. Адольф Ҳитлер ҳам маддоҳлар ва хушомадгўйлар қуршовида юрганда унда ҳам шундай қадриятлар пайдо бўлган ва бу қадриятлар уни 2-Жаҳон урушини бошлашга ундаган. Натижа маълум. Маддоҳлар ва хушомадгўйлар қуршовида юрган давлат раҳбарига яна битта хавф туғилишининг эҳтимоли катта. Бу – мақтов ва хушомаддан ақлни йўқотиш, тамоман ёлғон гаплар гирдобига тушиб қолиш, уларга ич-ичидан ишониш ва буларнинг натижаси ўлароқ унда  ҳар қандай танқидга чидамсизлик шаклланишдир.  Маддоҳлик ва хушомадгўйликр уни ўзига маҳлиё қилади, унга наркотикдай таъсир қилади, наркоман чеккан сари наркотикнинг янги ва янги порцияларини истагани каби раҳбар ҳам хушомадларнинг янги ва янги порцияларини истаб бораверади. Ўрганиб қолади. Ташлаб кета олмайди. Лавозимни ҳам. Лавозим оғир нарса.

                Душманлар қуршовида

                Бироқ бундай раҳбар, ўзи билмаган ҳолда, ўзига минглаб душман орттиради – бу авторитар раҳбар орттирган биринчи ва асосий “мукофот”дир. Ўзбекистонда юзлаб давлат мулозимлари қатори ўнминглаб бегуноҳ инсонлар қамалди, уларнинг бир қисми қамоқхоналарда ўлдирилди, уларнинг ўликларини “Ҳозир кўмасан” дея, азонда, маҳалла аҳлининг ва қариндош-уруғнинг иштирокисиз, ислом дини буюрган қонун-қоидаларга амал қилдирмай кўмдиришди. Ишини яхши ташкил қилган омадли бизнесменларнинг бор-будини тортиб олишди. Миллионлаб одамлар ишсизлик туфайли, иш излаб бошқа давлатларга чиқиб кетишди ва уёқлардан бир қисмининг ўлиги келди, холос. Хабарларга қараганда, ўзбек аёллари кўпгина давлатларда фоҳишахоналарни тўлдиришган. Уларнинг оталари, ака-укалари орасида айбни сиёсий тузумдан излайдиганлари оз эмас. Ана шу жабрланган одамлардан 1 (бир)% и душманга айланган тақдирда ҳам бу рақам давлат раҳбаридан ўч олиш учун етарлидир. Ўз одамларининг ўлимига сабабчи бўлган шахсдан ўч олиш ҳоллари бўлганми? Жуда кўп бўлган. Бир ҳикояни эшитганман. Бир вақтлар бир аёлнинг эрини бир одам ноҳақдан ўлдиради. Аёлнинг болалари ёш бўлгани учун қотилдан ўч олишни у мақсад қилиб олади. Узоқ ўйлашлардан кейин аёл сартарош бўлишга аҳд қилади. У пайтларда аёл сартарошлар камдан-кам бўлса-да, аёл сартарошликни ўрганиш учун қўшни сартарошга шогирд тушади. Аёл бундай ўйлайди: “Қотил мени кўрмаган, танимайди, мен эса уни танийман. Мен сартарошликни яхши ўзлаштирсам, одамларнинг оғзига тушсам, қачонлардир бир куни қотил соч-соқол олдиргани менинг олдимга келади”. Бир неча йилдан кейин қотил ҳақиқатан ҳам аёлнинг сартарошхонасига кириб келади. Аёл унинг сочини олиб бўлиб, соқолини текислашга тушади ва томоғидаги мўйларни текислаётганда пакки билан қотилнинг кекирдагини узиб ташлайди. (Ҳикоя тугади).  Кимдир ўч олиши мумкинлигини давлат раҳбари биладими-йўқми? Албатта билади! Жабрланганлар томонидан жазо шўбҳасиз бўлажагини билган давлат раҳбари ўз лавозимидан кетишни истайдими? Йўқ, истамайди! Ўз лавозимидан кетиш бундай раҳбар учун ўта оғир, ўлим билан баробар эканлиги кўриниб турибди.

 

                Ислом Каримов хислатлари ҳақида икки оғиз сўз

                Ўз халқига нисбатан нияти тоза ва нияти бузуқ давлат раҳбарларини дунё             кўрган. Тўғри, нияти тоза раҳбарларга қараганда нияти бузуқлар таққослаб бўлмас даражада кўп бўлган. Баъзи давлат раҳбарлари ҳақида тарихчилар турли позицияни эгаллаганлар. Мас., баъзи тарихчилар Амир Темурга салбий баҳо беришади – уларнинг фикрича, мазкур ўрта аср ҳукмдори беҳисоб айбсиз одамларни ўлдирганини, қатор мамлакатларни талаганини, минглаб одамларни ватанидан маҳрум қилиб, қул қилиб ҳайдаб келганини айтиб, бу тарихчилар ўз позициясини ўрта асрлардаги ижтимоий-сиёсий вазият шундай бўлгани, у пайтларда босқинчилик бойишнинг асоси бўлганлиги, жамият куч ва зулм билан бошқарилганлиги билан тушунтирадилар. Бошқа тарихчилар эса унга ижобий позициядан ёндошадилар ва ўзларининг позициясидан келиб чиқиб, Амир Темур босқинчилик йўли билан топган бойликларни ўз мамлакатида мадраса ва мачитлар, каналлар ва боғ-роғлар, кўприклар ва карвон-саройлар, шоҳона қасрлар қуриш ва яратишга сарфлаган, дея уни ижобий ҳислатлар билан сийлайдилар. Албатта, XXI-аср Амир Темур яшаган XIV-аср эмас, Ислом Каримов яшаётган даврда қадриятлар Амир Темур яшаган даврдагидан тубдан фарқ қилади.  Бу орада халқимиз хонликлар даврини ҳам, рус босқини даврини ҳам, коммунистлар даврини ҳам бошидан кечирди. Илм-фан бошқача, техник тараққиёт бошқача, давлат структуралари бошқача, халқаро муносабатлар бошқача. Бир қатор давлатларда коммунистик истибдотдан кейин мустақиллик йиллари бошланди ва ўтган 25 йил ичида кўпчилик давлат раҳбарлари коммунистик ғоя ва бошқарувдан воз кечишди, Ислом Каримов эса коммунистик ғоядан воз кечмади – у уни ичига “ютди”, бироқ давлат бошқарувини соф коммунистик усуллар билан олиб борди.

                Қаранг, XXI-аср кетаяпти-ку! Бироқ ана шу XXI-аср бошида иқтидорга келган  Ислом Каримов менталитетида юқорида санаб ўтилган тўққизта жиҳат, яна бир марта такрорлайман, 1) қандай йўл билан бўлмасин ҳокимиятни эгаллаш ва унга тажовуз қиладиган ҳар қандай кучни йўқ қилиш; 2) инсон ҳаёти ва тақдири билан мутлақо ҳисоблашмаслик; 3) минглаб, балки миллионлаб инсонлар тақдирини қўлида ушлаб туриш ва уни ўзи хоҳлаганча ҳал қилиш истагининг кучлилиги; 4) ўз ҳаётини ҳар қандай бошқа инсоннинг ҳаётидан устун қўйиш; 5) бойликга ўч бўлиш; 6) ҳеч сесканмасдан ёлғон гапириш; 7) ўзини ҳамма вақт айбсиз ва гуноҳсиз, ҳар бир нарсада ўзини ҳақ деб ҳисоблаш; 8) давлат бошқарувини ўта айёрлик ва қаттиққўллик билан юргизиш; 9) умрининг охиригача давлат бошлиғи лавозимида қолиш каби жиҳатлар мана-ман деб бўртиб турибди. Коммунистик тарбия-да бу! И.Сталин, Л.Брежнев, Мао Цзедун, Ким Ир Сен, Фидель Кастро каби коммунистларни эсланг. Бу диктаторларда ҳам ўша 9 та хислат кузатилган, бизнинг Ислом Каримовда ҳам шунинг ўзи. Раҳбарлар, давлатлар ҳар хил, бироқ тузалмас касаллик битта! Оғир касаллик. Давлат бошлиғи лавозимидан кета олмаслик касаллиги.  Бундай раҳбарларга:  “Бўлди энди, ишни уддалай олмадингиз, кетинг!” десангиз ҳам кетмайди, чунки қўрқади. Нимадан қўрқиши ҳақида юқорида гапирдик – у душманлар қуршовида қолишини, мингтасидан ҳеч бўлмаганда биттаси ўч олишини билади. Яна ўша хулосага келамиз:  энг оғир лавозим – президентлик лавозимидир!

                21 август, 2014 йил;        Франция

                ЁЗИЛДИ:

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрамидан  10 кун олдин

Фавқулодда вазият бўйича давлат қўмитаси (ГКЧП) енгилган куни

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.