Путин Қримни олди. Хитой Россияни олади

Putin(Ушбу мақолада ҳозирги пайтда ўзбек тилида кам ишлатиладиган термин (атама)лар анчагина экан.

Муҳтарам ўқувчи қийналмаслиги учун мен мақола сўнгида кичкина ЛЎҒАТЧА келтирдим.

16 сентябрь, 2014 йил)

Владимир Путин халқаро муносабатлар китобини йиртиб ва Хитойнинг розилигини олмай даҳшатли стратегик хато қилди. Энди Пекинни иттифоқдош сифатида Ғарб санкциялари оғриғини пасайтиришга ёрдам беради, деган умид барбод бўлишга маҳкум. Жаноб Путин Қрим бўйича қилган ўзининг ғалаба нутқида гўё-ки берган ёрдами учун Хитойга шошиб миннатдорчилик билдирди. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзига хос юмшоқлик билан “Украина масаласида Россия ва Хитойнинг баҳоси бир хил” деган маълумот берди. Бу, албатта, зўрма-зўраки ёлғон эди. Қрим бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгашида овоз берилганда Сурия билан бўлгандан фарқли ўлароқ Хитой Россия орқасида турган эмас. У намойишкорона бетараф бўлди. Хитойнинг ташқи ишлар вазирлиги “Хитой ҳамма вақт ҳар қандай давлат ишига аралашмаслик  ринципида туради ва Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади” деб баёнот берди.

Гаагада президент Обама билан учрашганда Си Цзиньпин нима деганини биз аниқ билмаймиз, бироқ унинг айтганлари Кремльнинг бебурд баҳосига умуман алоқаси йўқ. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Бен Родс бу учрашувдан мамнунлигини билдириб, энди Россия “анъанавий иттифоқчи”га суяна олмаслигини айтди. Бу ҳақиқатан шундай бўлса, у ҳолда Путинни роса туширишибди. У Шарқий Украинага қўшин юборса ҳам, россиялик иғвогар агентлари ёрдамида у ерда тартибсизликлар уюштирса ҳам Америка молиявий мускулларининг молиявий буғиб ўлдиришидан қутула олмайди. Унинг Хитой билан улкан табиий бойликларни назорат қиладиган авторитар тузумлар лигаси – Евроосиё блокини тузиб Ғарбнинг барча режаларини буза олиш умиди ҳам йўқ. Бундай одамлар – Америка тугади, доллар евроосиёнинг олтин дукатига алмаштирилади деган чўпчакка ишонувчи “шпенглеритлар” обсессияси, Ғарбнинг ўз-ўзига нафрат билан қаровчи кимсаларидир. Реаллик шундан иборат-ки, Хитой муттасил ва эринмай Россиянинг Ўрта Осиё газ заҳиралари устидан бўлган монополиясига барҳам бериб келмоқда. Туркман гази ҳамма вақт шимолга узатилар, ва шунинг учун Туркманистон Газпромнинг нарх сиёсатининг асири эди. Энди у шарқ томон оқмоқда. Президент Си 2013 йилнинг сентябрида ҳажми дунёда иккинчи ўринда бўлган Галкиниш кони (26 триллион кубметр)дан газни Хитойга узатувчи, узунлиги 1800 км.лик газопроводнинг очилишига шахсан ўзи келди.

Айни газопроводдан йилига Хитойга 62 миллиард куб метр газ узатилади. Бу – Газпромнинг Европага бераётган газнинг ярмидир. Худди шу нарса Қозоғистонда ҳам бўлмоқда – Хитой бу мамлакат энергетик саноатининг ярмидан кўп қисмини назорат қилмоқда. Содир бўлаётган нарсалар Ўрта Осиёдан келаётган дипломатик телеграммаларни нашр этган Wikileaks буни заҳархандалик билан ёритган. 2010 йилда Британия дипломати руслар Ўрта Осиёдаги ўзларининг энергетик устунлиги буғланиб кетаётганини кузатишлари “оғриқли” бўлаётганини айтди. Хитой Халқ Республикаси (ХХР)нинг Қозоғистондаги элчиси Жень Гуопин айтганларидан парча келтирган телеграмма бўлаётган воқеаларга кўзни каттароқ очишга ундайди. Унинг айтишича, Хитой ва Россия тўқнашувга олиб борадиган курс (йўналиш) бўйича ҳаракат қилмоқдалар ва бу тўқнашувда ютқазган томон Хитой бўлмайди. Элчи: “Келажакда Ўрта Осиёда буюк давлатлар орасидаги муносабат нозик ва мураккаб бўлади. Янги нефть ва газопроводлар Россиянинг энергетик монополиясини синдирмоқда” дея баёнот берди. Жаноб Жень нафақат АҚШнинг региондаги ролини ижобий деб баҳолади, балки “регионда Россия монополиясини синдириш” мақсадида НАТО Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти музокаралари (яъни, ЕИ/НАТО иккилигига Россия-Хитойнинг кутилаётган жавоби)да кузатувчи бўлиб қатнашиши лозимлиги ҳақида фикр билдирди.

СССР/Хитой 60-чи йилларда севимли қўрқитиш ўқи эди. Генри Киссинджер, бироқ, икки ўзаро душман маданиятлар бутун чегара бўйлаб бир-бирига пичоқ қайраб турганини кўрган эди. Буни 2006 йилда Акихеро Ивасита усталик билан “тўрт минг километрлик муаммолар” деб атади. Жорж Валден ўзининг кичкина “China: A Wolf in the World?” номли китобида бу ўзаро ишончсизликнинг чуқур илдизларини очиқ-ойдин кўрсатди. У Россияда ҳам, Хитойда ҳам дипломат бўлиб ишлаган. Валден маданий инқилоб даврида Хитойда яшаган Ғарбнинг камсонли вакилларидан бири эди. У марксизм ғоясига содиқ Ака-Ука [СССР ва Хитой, демоқчи – ТАРЖИМОН]ларнинг икки улкан шохи қанчалик бир-бирига нафрат билан қарашганини ўз кўзи билан кузатган эди. Ҳақиқатан, улар салкам ядро уруши бўсағасига бориб қолишди. АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Давлат Департаменти унинг ҳисоботини ўқиб ёқа ушлашди. Мао даврида бу икки ташкилотнинг Хитойда маълумот оладиган манбъалари бўлмаган. Валденнинг айтишича, подишоҳ Россияси даврида руслар Шарқий Сибирни босиб олганларини хитойлилар ҳеч қачон кечирмайдилар. Шарқий Сибирь улар учун “йўқотилган ҳудуд”дир.

Улар мулк қайтарилишини истайдилар. Уларнинг бу истагини, худди Калифорния ва Техасни кўчманчи, мексикаликлар эгаллаб олаётгандай, Амур дарёси ортига кўчирилган этник хитойликлар қўллаб- қувватлашмоқда.

Шарқий Сибирь аҳолиси 20 йил ичида 8 миллиондан 6,3 миллионгача қисқарди. Бу рақамлар ортида Транссибирь магистрали бўйлаб жойлашган ўлик шаҳарлар турибди. Россия ўзининг шарққа қараб юришининг меваларидан фойдалана олмади. Туғилиш даражаси 1,4 бўлган, хроник (муттасил)  ароқхўрлик ва аҳолининг кутилаётган 30 миллионга қисқариши асосида башорат қилинишича, 2050 йилга келиб Россияда кўпи билан 110 миллион одам яшайди (жаноб Путиннинг демографлари эмас, БМТнинг статистикаси бўйича) [ҳозир Россия аҳолиси 140 миллион атрофида – ТАРЖИМОН]. Миллат сўзсиз Эски Москванинг Европа қўрғони томон пастлаб кетади. Масала пастлаб кетиш қанчалик тез ва қанчалик тинч юз беришида, холос. Хитой бўйича таҳлилчи Жонатан Фенбининг айтишича, Хитойнинг Миллий Хавфсизлик Кенгашида бир гуруҳ мутахассислар бўлиб, улар газ, озиқ-овқат ва ерости бойликларини фойдалироқ шартларда олиш умидида Путинни қўллаб-қувватламоқчи бўлишган. Бироқ бу овозларни Си Цзиньпин ўчирди. У мураккаброқ стратегик саҳнада ўйнаётир. Хитой, чамаси, “ўз ажойиботини яширган ва вақт сотиб олган ҳолда” таранг тортилган арқон устида борса керак.

Буни амалга ошириш Украина инқирозининг кучайиши билан оғирлашди. Пекин энди танлаши керак. Москвадаги кўримсиз ва саводсиз режимни қутқариш мақсадида АҚШ-ХХРдек “Катта Иккилик”нинг буюк мукофотини Цзиньпинь улоқтирвормайди.

Жаноб Путин энди ўз изоляцияси (яккаланиши) қанчалик фожеали ва ҳар бир кейинги қадами нақадар хавфли эканини англаши керак. Ҳатто Германиянинг ҳамма нарсани кечирувчи канцлери Ангела Меркель ҳам чидай олмади ва “шўбҳасиз ишонч йўқолганидан” куйиниб нолимоқда.

Чегараолди камҳимояланган давлатларга зарур бўлганда ёрдам бериш мақсадида 2009 йилдан бошлаб Европанинг кўпгина трубопроводлари ёқилғини икки йўналишда узатиш учун қайта жиҳозланди. Европа Иттифоқининг саккиз давлати LNG терминалларига эга. Яна иккитаси – Польша ва Литва – жорий йилда қувур (труба)га уланди. Ўтган ҳафтадаги ЕИ саммити қуролланишга чақириқ бўлди. Мулозимларга 90 кун ичида Газпромга боғлиқликдан узилиш режасини ишлаб чиқиш буюрилди. Ҳатто бу сафар мўлжалдан “ўтиб” кетса ҳам Европа энергиянинг бошқа манбъаларини излаш мақсадида радикал (кескин) қадамлар қўяди. Россиядан олинаётган энергетик маҳсулот 10 йил ичида ярмига қисқаради.

Биринчи квартал (уч ой)да Россиядан капитал (пул)нинг қочиши 70 миллиард доллар бўлди. Россия Марказий банки монетар сиёсатни кучайтирмаса, рецессияни чуқурлаштиради ва бу жараёнда рубльни ҳимоя қила олмайди. Россия банклари ва корхоналарига яқин 12 ойда 155 миллиард долларлик кредит (қарз)ларни ёпиши керак — ҳозирнинг ўзида душман кўзи билан қарайдиган бозорда устамаси 200 базис пунктдан ошди. Жаноб Путин ҳозир глобал бозорлар Россиянинг Т-90 танкларидан эмас, АҚШнинг қимматли қоғозлар бўйича комиссиясидан қўрқиб туришганини англамоқда. Россия компанияси билан боғлиқ ҳар қандай олигархга қарши киритилган ҳар қандай санкция бу компанияни глобал бозордан қувиб чиқаради ва потенциал (аниқ, сўзсиз) дефолтга олиб боради. Ғарб кредитор (қарз бекусчи)лари куйиб қолишади. Бироқ миллий хавфсизлик ҳисобга олинганда бунга ҳеч ким эътибор қилмайди.

Путин ўзининг авантюраси учун омадлироқ вақтни ҳам танлай олмади. Ҳозир Европада одатдан ташқари катта газ запаслари бор. Нефтьнинг нархи сақланаётган турли шартлар натижасида пастлашиши керак. Ироқ охирги 35 йил ичида нефть қазиб олишда максимум (энг юқори) даражага чиқди, АҚШ ҳар куни бозорга бир неча юз баррель сланц нефти қўшмоқда, Ливия экспортни йўлга қўйди. International Energy Agency статистикаси бўйича дунёда кунига қазиб олинаётган нефть миқдори 600 минг баррельгача кўтарилиб кетган. Deutsche Bank бозорда нефть ошиб-тошиб кетишини башорат қилди. Худди шу башоратни Хитойдаги Sinopec ҳам эълон қилди. Бюджетни тўлдириш учун жаноб Путинга бир баррель нефть нархи 110 доллар бўлиши керак. Тез орада у бир баррель нефть 80 долларга тушиши реаллиги билан юзма-юз келади. Охир-оқибат у Россияни ўрта даромад тузоғига маҳкум қилади. Кутилмаганда қўлга кирган нефтьга эҳтиёжлик уй-йиқити қўлдан кетди. Россиянинг инженерлик малакаси йўқолди. Голланд касаллигидан (яъни, битта хомашъё сотишга ўтган мамлакатни деиндустриализация қилиш) валютанинг қайта баҳолашнинг қарғиши ва хомашъё сотишга боғлиқ бўлиб қолиш саноатни дабдала қилди.

Ўтиш ҳукумати бирор жиддий нарса қилиб қўймасдан ёки халқаро ҳамжамиятнинг ишончини йўқотиб бўлмасдан туриб Путин паровоз олдида чопа бошлади. Гап анчагина хом ва КГБ одами учун шошқалоқлик билан уюштирилган исъён ҳақида бормоқда. У Германияни қўғирчоқ, Хитойни эса ўз-ўзидан маълум бўлган бир нарса деб қабул қилди. У Қримни олди, бироқ Кремльни – яна бир ўнйилликка, балки бир авлод умри ўтганча яккамоховга айлантирди, ва Украинадан тамоман айрилди.

Гап ўта юксак даражадаги омадсиз савдо ҳақида бормоқда.

Ambrose Evans-Pritchard, The Telegraph нашрида эълон қилинган

ТАРЖИМОНЛАР:

(инглиз тилидан рус тилига): ВОЙТЕНКО Михаил, Морской бюллетень;

(рус тилидан ўзбек тилига) – Толиб ЁҚУБОВ, http://www.tolibyoqubov.wordpress.com

ОБСЕССИЯ – инсоннинг бирор нарсани қилмасам, айтмасам бўлмайди,  деган ички туйғуси билан боғлиқ бўлган руҳияти, кайфияти ҳолати; мас., 1) ҳожатхонадан чиққач қўлни ювиш (ювмаса кўнгли “ирийди”); 2) сафарга кетаётган боласига омад тилаш (тиламаса кўнгли ғаш бўлади) ва ҳоказо;

ШПЕНГЛЕРИТ – Немис файласуфи Освальд Шпенглер (1880 1936) номидан олинган тушунча; О.Шпенглер ўз асарларида ижтимоий тушкунлик масаласига катта аҳамият бергани сабабли бу тушунча тушкунликка мойил, хусусан обсессия ҳолатидаги одамларга нисбатан қўлланилади;

ДУКАТ – 1140 йилда кумуш, 1284 йилда эса зарб урилган олтин танга (Италия);

МОНОПОЛИЯ – юнонча μονο — битта ва πωλέω — сотаман сўзларидан тузилган тушунча; Монополия шароитида бозорда рақобат бўлмайди ва унда фақат битта фирма савдо қилади. Бу фирма ноёб, дунёда ўхшаши бўлмаган маҳсулотлар ишлабчиқаргани учун ҳам унинг савдоси монопол бўлиши мумкин;

РЕЦЕССИЯ – иқтисодий цикл фазаси бўлиб, у учта белги: 1) кўтарилиш (кескин ўсиш, бум) фазасидан кейин юз беради; 2) ишлабчиқаришда иш фаоллигининг пасайиши; 3) ишлабчиқаришнинг пасайиши билан аниқланади;

МОНЕТАР СИЁСАТ – (ингл. Monetary policy) ёки пул-кредит сиёсати – ички нархларни стабильлаштириш (мувозанатга келтириш)ни, мамлакат аҳолисини иш билан таъминлашни ва ишлабчиқаришнинг реал кўрсаткичларининг ўсишини таъминлаш мақсадида муомалага киритилган пул миқдорига таъсир қилувчи ҳукумат сиёсатидир. Монетар сиёсатни Марказий банк олиб боради;

ДЕФОЛТ – (ингл. default — мажбуриятларни бажара олмаслик) — қарз келишувларини бажара олмаслик, яъни қарз мажбуриятлари ёки қарз облигациялари чиқариш ҳақидаги келишув шартлари  бўйича фоизлар ёки асосий қарзни ўз вақтида тўлай олмаслик. Дефолт компаниялар, давлат ва хусусий шахслар томонидан эълон қилиниши мумкин.

БАРРЕЛЬ – ҳажм бирлиги (одатда нефтьга нисбатан);

СЛАНЦ НЕФТИ – ёнувчи сланц моддасидан термик (иссиқлик) таъсир ёрдамида, тоғ жинсларидаги органик модда қолдиқларини синтетик (сунъий) ёқилғига айлантирган ҳолда олинадиган ноанъанавий;

ИНДУСТРИЯЛАШ – ёки саноатда тўнтариш (алмашиш, ўсиши) – ( лотинчада Industria) — анъанавий ривожланиш давридан индустриал, иқтисодда кўпроқ саноат ишлабчиқаришини тезлаштириш ижтимоий-иқтисодий жараёнига ўтиш. Мазкур жараён янги технологиялар, айниқса энергетика ва металлургия соҳаларининг ривожланиши билан боғлиқ;

ДЕИНДУСТРИЯЛАШ -– регион ёки мамлакатда индустриал, айниқса оғир саноат ва индустриал; ишлабчиқаришда, фаолликнинг пасайиши ёки тўлиқ тўхташи натижасида келиб чиққан ижтимоий ва ифтисодий ўзгаришлар жараёни; Деиндустриялаш ИНДУСТРИЯЛАШнинг қарама-қаршисидир;

ГОЛЛАНД КАСАЛЛИГИ – индустриялашган (ривожланган) давлатни деиндустриялашган ҳолатга тушириш.

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.