ТИРИК ҚОЛИШ БУЮРИЛГАН

Вячеслав КОСТИКОВ

Россияда бахт ҳақида қўшиқлар нечта?

Вячеслав КОСТИКОВ

 

 

 

 

ҲУКУМАТ  ҚАЧОН  АМЕРИКА  ҲАҚИДА  ЎЙЛАШНИ  ТЎХТАТАДИ  ВА РОССИЯЛИКЛАРНИ  ЭСЛАЙ  БОШЛАЙДИ?

“Аргументы и факты” редакциясига Нижний Новгородлик кекса ўқитувчи аёлдан хат келди. “Советлар давридан бошлаб мамлакатда нималар содир бўлаётганини кузатишга ўрганганман. Ҳозир ҳам кузатиб тураман. Бир нарса одамни қайғуга солади: телевизорга қарасанг – барча гаплар биз қаёққа қараб кетаяпмиз – Европагами ёки Осиёгами? Америка билан ярашамизми ёки уруш бўладими? Россия Путинсиз яшай оладими ёки ҳаммамиз яқинда асфаласофилинга кетамизми?” – деб ёзади у.

Хат муаллифи ўзини ҳам, қўни-қўшниларини ҳам бу масалалар қизиқтирмаслигини ёзади. Қизиқтирадиган нарса эса мана бу: ҳокимият қачон Америка ҳақида ўйлашни тўхтатиб, россияликларни эслайди? “Электр энергияси қимматлашиб бизларни янги счётчиклар сотиб олишга мажбур қилганларидан кейин, мен ва қўни-қўшнилар кечқурунлари қоронғуда ўтирамиз. Москвадаги сиёсатчилар нималар ҳақида ўйлаётганларини айтиб турадиган телевизоргина ёруғ бериб туради, холос”. Ўқитувчи аёлга маоши дори ва квартираси учун тўловга зўрға етади. Қолгани овқатланишга кетади. “Мени, – деб ёзади у, – Европа танлови эмас, зина пиллапояларида оёғим синиб қолмаслиги қизиқтиради. Уйимиз таъмирланмаганига 40 йилдан ошди, ҳамма пиллапоялар қинғир-қийшиқ…”

Бошқа Россия

Хатда хафалик ҳам, ғазаб ҳам йўқ. Ҳатто, одатда ҳукумат шаънига айтиладиган, ўрганиб қолинган нолалар ҳам йўқ. Фақат “оддий одамлар ҳаётидан” олинган фактлар бор. Кўринишидан, кекса ўқитувчи аёл ҳам, унинг қўни-қўшнилари ҳам шундай ҳаётга ўрганиб қолишган ва қийинчиликларни қандайдир табиий бир нарса сифатида қабул қилишади. Айтгандай, арзимасгина гина ҳам бор: “Таасурот шундай-ки, ҳамма ҳаёт Москва ва Кремль атрофида айланаётгандай. Ахир, бошқа Россия ҳам бор-ку! У ҳақида телевизорда бирор нарса эшитилмайди…”

Ўринли гина! Мен Интернетда кейинги бир неча йиллар ичида бизнинг социологларимиз нима билан қизиқишларини кўриб чиқдим ва Россиянинг узоқ қишлоқларидаги ҳаёт биринчи масалалар қаторига кирмас эканлигини аниқладим. Ҳамма нарса катта сиёсат, Путиннинг чиқишлари атрофида айланади.  Россиянинг барча ботқоқлар, ўрмонлар ва суғорилмайдиган ўтлоқларига қараганда Болотная майдони ҳақида кўпроқ ёзишади [Болотная майдони – Москвадаги майдон; бу майдонда мухолифат 2011-2012 йилларда кучли норозилик чиқишлари ўтказган, бироқ ҳукумат томонидан бостилган – ТАРЖИМОН]. . Радио ва телевидение умумхалқ бахти ва келажакка ишончидан гапиравериб чарчамайди. Халқ фикрини ўрганишнинг кейинги сўровлари ҳаддан ташқари катта натижаларни кўрсатмоқда: гўё-ки Бахтлилиевлар сони Россияда 1990 йилдан кейин 5 баробар ошган эмиш. “Келажакка умид билан қараётганлар” сони эса – бундан-да кўп.

Бундай олиб қаралганда хатташувчи Тряпицин ва унинг яқин атрофининг ҳаёти (Андрей Кончаловскийнинг охирги “Хатташувчи Алексей Тряпициннинг оқ тунлари” фильми қаҳрамони) кейинги 10 йил ичида деярли ўзгармади. Уларнинг муаммолари ҳам кам ўзгарди. Хрушчёв бешқаватлилари, қорайиб кетган ёғоч уйлар ва қийшайиб кетган баракларда яшаётган миллионлаб россияликларни Украинада Ленин ҳайкалларининг нечтаси қулатилгани ва   президент Обаманинг рейтинги қанчалик пастга тушгани унчалик қизиқтирмайди. Уларни нархларнинг ошиши, камбағаллик, одамларнинг мулкий қатламлашиши қизиқтиради. Уларга телевизор орқали уларнинг бахти барометрини кўрсатишса, улар жуда ҳайратлансалар керак, деб ўйлайман. Ёки биз бирор нарсаларни тушунмаймизмикин? Балки, россияликлар ўз тақдирига аллақандай бошқача муносабатдамикинлар? Балки, уларнинг ҳаммаси файласуф ёки муқаддас қарияларга айланиб қолдилармикин: тирик уйғондинг, қудуқ сувидан ичдинг ва… бахтли бўлдингми?

Безовта бўлишга ўрин йўқми?

Дарвоқе, “халқ бўйича” мутахассислар буни бундай тушунтиришади. Гўё, ХХ аср давомида аҳоли шунчалик кўп абгорлик, бахтсизлик, “развёрстка” ва “тезланишларни” бошидан кечирди-ки, буларнинг барчаси россияликларда нохушликларга нисбатан қандайдир иммунитет (кўникиш) шакллантирди. Одамлар қийинчиликлардан шу қадар чарчаганлар-ки, улар бу қийинчиликлардан ўзларини бирор нарса билан оддийгина тўсиб олишни исташади. Худди Америкада 1988 йилда пайдо бўлган машҳур қўшиқдагидек – “Don’t Worry, Be Happy” (“Безовта бўлма, бахтли бўл”). Таассурот шундай-ки, россияликлар қўшиқда айтилган ана шу маслаҳат [“Безовта бўлма” – ТАРЖИМОН] бўйича яшамоқдалар. Ижтимоий ўлчашларнинг кўрсатишича, нархларнинг ошиши бўйича ҳам, рубль курсининг пастлаб кетиши бўйича ҳам аҳолининг 52% ида “безовта бўлиш йўқ” экан. Ҳатто ҳукумат анча қисми кесиб ташланган, фуқароларнинг яшаш даражаси ва ижтимоий кайфиятига бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган кўп харажатлар камайтирилиши кўзда тутилган запас бюджетни ҳар эҳтимолга қарши тайёрлаб қўйиш истагини билдирганда ҳам одамлар безовта бўлмадилар.

Турли тақдирлар

Мамлакатдаги молиявий вазиятнинг ёмонлашишини халқ оммаси эмас, аҳолининг анча тўқ яшовчи тор қатлами кўпроқ оғриқли қабул қилади. Биринчи навбатда, булар кейинги ўнйилликда битмас-туганмасдек кўринган бюджетга қўли етишига ўрганиб қолгани ҳисобига бойиган мулозимлардир. “Олий жамият”да эҳтиёж ва талаблар бошқача. Чет элга чиқишни мураккаблаштириб қўйишмасмикин? Рубльни долларга алмаштиришни тўхтатиб қўйишмасмикин? Чет элдаги мулкка солиқ ола бошламасмикин? Балки болаларимизнинг Лондонда ўқишини таъқиқлаб қўйишлари мумкиндир?.. Олий табақа анча қўрқиб қолган. Баъзи бировлар ўз чораларини ҳам кўра бошлашди. Матбуот “миялар” [яъни, ўқимишли одамлар – ТАРЖИМОН] ташқарига чиқиб кетиши кескин ўсгани ҳақида бонг урмоқда. 8 ой мобайнида, охирги 15 йилнинг ҳар қандай йилидагидан кўп, яъни 200 мингдан ортиқ юқори малакали мутахассислар ташқарига чиқиб кетишди. Ҳатто янги феномен ҳам пайдо бўлди: бутун бошли коллективлар ташқарига чиқиб кета бошлади. Сабаби тушунарли: молиялаш қисқартирилиши туфайли катта шаҳарларда жамланган инновацион лойиҳалар ёпилмоқда.

 

Олис Россия қишлоқларидан эса ташвишли репортажлар негадир эшитилмайди. А.Кончаловский фильмининг экранида даҳшатли қаровсизлик манзараси бир зум кўринди, бироқ унга чуқур ҳамдардлик билдирилмади. Кинотанқидчилар Венецияда ўтган  кинофестивалда бу фильм мукофот олганига қувониб қўя қолишди. Эстет (юқори дидга эга бўлган мутахассислар)лар хатташувчи образи “халқ танасидан ясалганидан” мамнун бўлишди. Бироқ кинокамера нигоҳига тушган олис Россия қишлоғидаги бало танқидчилар нигоҳига тушмади. Бу балони ҳукумат ҳам сезмади. “Халқнинг ёнини олувчилар” – депутатлар оғзига сув тўлдириб ўтиришибди. Ҳеч ким: Наҳот-ки шу Россия бўлса? Наҳот-ки экрандаги бу ғаройиб, кулмас ва камгап одамлар руслар бўлса? – деб савол бермади. Қандай қилиб англайсиз? Англаш – бу Россиянинг улкан бир қисми аслида давлат, ҳукумат, жамият ва маданиятдан ташқарида яшаётганини тан олиш бўлади.

*  *  *

“Ўлик жонлар” романининг иккинчи томини ёзишни бошлаётиб, Н. В. Гоголь ўз-ўзига: “Одамларни ташландиқ жойлардан, давлатнинг узоқ бурчак-бурчакларидан кавлаб олиб ҳаётимизнинг камбағаллигини ва ўзимизнинг аянчли номукаммаллигимизни “Мана кўр!”, деб тиқиштиришнинг нима кераги бор?” – деб савол беради. Айтишларича, совет тузуми йилларида Россияда бахт ҳақида 30 мингдан ортиқ қўшиқ тўқилган экан. Уларнинг кўпларини халқ ҳанузгача қувонч билан куйлайди. Бизнинг тиниб-тинчимас, қўшиқсевар қалбимиз шундай. Мен ўйланиб қолдим: балки, ҳақиқатан ҳам одамларга улар қандай яшаётганини эслатиш керакмасдир? Таҳлилчилар: очликда ўтадиган ўн йилга тайёрланиш керак, деб қўрқитишади. Халқ эса бахт ҳақида куйлашда давом этмоқда. Уни ҳижолат қилиш керакмикин?

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

10  ноябрь,  2014  й.         Франция

 

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.