ХАЛҚ УЧУН ТЎҚИЛГАН ЛАПТИ НЕЧА ПУЛ ТУРАДИ?

Вячеслав КОСТИКОВТАРЖИМОНДАН

Давлат бошқарувидагилар ношуд ёки ёвуз бўлса, беҳисоб берилган мамлакат аҳолисининг катта қисми ночорликда, хадикда ва умидсизликда яшайди. Шуларнинг биттаси Ўзбекистон бўлса, яна биттаси Россиядир. Бу мамлакатлар раҳбарларида ана шу икки сифат яққол кўринади. Бири халқнинг ахволи билан иши йўқ, илгари ҳам бўлмаган, ҳозир эса 2015 йилда бўладиган президент сайловини кутиб ётибди. Иккинчиси ҳам халқини ўйлаётгани йўқ, у қўшни давлатни босиб олишни ўйлаб ётибди, уруш бошлаб юборган, икки халқни абгор қилаяпти. Кичкинагина Словакия ўзиучар автомобиль ишлаб чиқибди ва унинг оммавий ишлаб чиқаришини йўлга қўймоқчи бўлаяпти. Бу – учинчи мамлакат. Айни пайтда биринчисида ҳокимлар фермерларни уриб ўлдираяпти. Иккинчисида эса ўз миллий пулининг қадри тўлиқмас бир йилда 30% га пасайиб кетди. Иккинчи мамлакатда ваҳима, бу ваҳима биринчисигача етиб келаяпти. Вячеслав Костиков иккичи мамлакатдаги ҳақиқий ахволни ёзган, мен эса унинг ёзганларини ватандошларимиз ўқиса ёмон бўлмайди, деган ўйда мақолани ўзбек тилига баҳоли-қудрат таржима қилдим.

ХАЛҚ  УЧУН  ТЎҚИЛГАН  ЛАПТИ  НЕЧА  ПУЛ  ТУРАДИ?

Вячеслав КОСТИКОВ

 

16 июль, 2014 йил

 

 

Нега русларни Европадан тўсиб қўйишаяпти.

Украинадаги воқеалар Россия – Европа муносабатларини жиддий издан чиқарди. Кўп россияликлар хафа: биз сизларни, европаликларни, шундай севардик-ки, сизлар бўлса “Вашинг­тон обкоми” тагига “ётдиларинг”, бизларни санкциялар билан ўраб ташлаяпсизлар, виза бермаяпсизлар, бизни агрессор деб атаяпсизлар…

Хафачилик ўринли. 1917 йилда Европадан большевиклар томонидан ўғирланган Россия гумон туғдиришда давом этмоқда ва катта қийинчилик билан Европага суқилиб кириб бормоқда. Европа элитасининг гумонсираши, “Москва айиғи” олдидаги қўрқув Москванинг ҳар бир қалтис қадами ортидан туғилмоқда. Бироқ бахтимизга, яқинлашиш двигателининг кучи сиёсатдан кўра бизнес ва ўзаро манфаатдадир. Европанинг иқтисодий ўсиши ресурслар топишни талаб қилади, Россия уларни ўз хоҳиши билан ва арзонроқ нархда бераётган эди.  Россия учун эса янги технологиялар керак, Европа уларни бериб турувди. Иқтисод ортидан сиёсий, инсонпарварлик ва маданий алоқалар боғланиб бораётган эди.

Биз улардаймизми?

Горбачёв пайтида Россия ўз фуқароларига чегараларни очганда Европага руслар оқими бостириб кирди. Кўзларини катта очган ҳолда кириб боришди. Сюрпризлар кўп эди. Тартибга туширилган, безатилган шаҳарлар, кўчалар, йўлга қўйилган ҳаёт, жамоат транспорти, товарлар ва озиқ-овқатнинг мўллиги, Россия ҳаётига ўтириб қолган навбатларнинг йўқлиги уларни ҳайратлантирар эди. Сафардан қайтганлар улкан қизиқиш объектига айланар эди. Бугун кўпгина саволлар кулгули туюлади, у пайтда эса “совет турмуш тарзи”га ўрганиб қолган одамларни энг оддий нарсалар қизиқтирарди: Дўконларда гўшт борми? Автомобиль сотиб олиш қийин эмасми? У ерда болалар боғчалари борми? Текин медицина-чи? Жавоблар “чириётган Ғарб” ҳақидаги одатий тафаккурни инкор қилар эди.

Бироқ асосий кашфиёт бу эмас эди. Руслар: биз алоҳида ва имтиёзли “совет одами” деган тоифага тегишлимиз, дея ўнйиллар давомида ишониб келишган бўлса-да, улар аслида французлар, немислар, итальянлар ёки испанлар каби оддий одамлар эканини англашди. Руслар, балки, юзида табассум камроқ кўринадиган, ҳатти-ҳаракати эркинроқ бўлмаган одамлар бўлсалар-да, барибир… европалик эканликлари билинди. У-бу фарқни ҳисобга олмаганда уларда ҳам, бизда ҳам кийимлар, таомлар, ичимликлар бир хил. Турмуш тарзимиз ҳам бир хил, оиладаги ёки дўстларга бўлган муносабатлар ҳам ўша-ўша. Китоб дўконларимиз пештахталарида совет одами учун “зарарли” бўлган европалиларнинг романлари, театрларда эса – пьесалари пайдо бўлганда унча-мунча, бироқ принципиал бўлмаган фарқларни ҳисобга олмаганда бизлар ягона маданиятга ҳам тегишли эканимизни кўрдик. Ақлан иш юритадиган одамлар эса СССРда душман деб саналган католик ва протестантлар билан сўҳбатлашиб кўрганларида, биз православлар амал ва ақидалардаги баъзи фарқлар эътиборга олинмаса, биз бир бирига қарши турган черковларга эмас, балки ягона христиан дунёсига тегишли эканимизни тушундик. Бизларни бир хил диний эътиқод, маданият ва тарих манбъалари озиқлантирар экан.

Рус рухи …

Бугун, бизда Европадан аразлаш кучайганда, биз ўзимизда яна, гўё-ки бошқаларда бўлмаган, рус фарқини, ўзига хос “рус кўрками”ни излай бошладик. Ва, кўзимиз тиниб, бошимиз айланиб бутунлай адашиб қолдик. Аслида бу кўркамлик нимадан иборат? Яқинда Коломенскда “Рус даласи” номли, ташкилотчилар ўйлашича рус қалбининг ўзига хослигини кўрсатадиган славянлар маданияти фестивали бўлиб ўтди. Фестивални кўргани келган одамларга рус пайпоқлари қандай тўқилиши, тўр елкапешларни қандай тикилишини кўрсатдилар. Ёғоч ўймакорлиги усталари, темирчи ва кулоллар ўз ҳунарларини намойиш этдилар. Кўпчилик усталар маҳоратидан завқланган бўлсалар-да, бироқ улар ҳайрон бўлишди: бу ҳунарларда қандай рус ўзига хослиги бор? Пайпоқларни эстонлар ҳам қойилмақом қилиб тўқишади, Голландияда эса ўта нафис елкапешлар тикишади. Германияда ўзининг ҳам, рус бургасининг ҳам оёғига тақа қоқиб қўядиган темирчилик устахоналари тиқилиб ётибди. Бельгияда ҳам кўйлакка кўнгирали нақшлар тикадиган аёллар беҳисоб. Машҳур рус лаптиларига келсак, уларни японлар, ва ҳатто австралиялик маҳаллий аҳоли ҳам кийишган экан. Мана сенга рус дунёси! Русларники бўлган нарсалар эса фақат окрошка ва квас бўлиб чиқади…

Рус лубоки

“Россия – Европа эмас” ғояси тарафдорлари бизни қайтармоқчи бўлаётган “Рус дунёси” ҳақиқатан мавжуд бўлган. Бироқ у рус қишлоқ жамоасида, халқ ҳаётини славянпарастлик, қўшиқ-лубокча англашдан анча узоқ бўлган крепостнойлик шароитида мавжуд бўлган. Бу рус дунёси, М. Горький таъбири билан айтилганда, “инқилобнинг пўлат омочи” билан ҳайдаб ташланган эди. Пролетарийлар орасида эса ҳеч қандай “рус дунёси” (ароқ ва сўкинишдан бошқа) ҳеч қачон бўлган эмас. К. Маркс “Пролетарийларнинг ватани бўлмайди”, – деб таълим берган. Венециановнинг Рус музейидаги расмларига қараб бизни хушнуд қиладиган “русс дунёси” ўзи ҳам бутунлай бошқача бўлган.

“ХIХ асрда рус адабиёти бутун дунёга ишончли ва гўзал қилиб баён этган хушфеъл, ўйлаб иш қилувчи, тиниб-тинчимай ҳақиқат ва адолатни изловчи рус деҳқони қани? – дея М. Горький ўзининг “Рус деҳқонлари ҳақида” номли машҳур памфлетида савол беради. – Ёшлигимда мен Россия қишлоқларида шундай одамни изладим ва – уни топа олмадим”. Бу дунёнинг келажаги ҳақидаги М.Горькийнинг башорати эса ўта даҳшатли бўлган: “рус қишлоқлари ва селоларининг яримёввойи, ахмоқ, оғир одамлари ўлиб кетишади …”.

Бизнинг халқсевар классикамиз томонидан куйланган рус дунёси, рус даласи, рус дон сепувчиси, рус монастири, турган гап, бизга қадрлидир. Ва у, албатта, рус тарихи намуналари, шеърий эсдаликлар, қимматбаҳо археологик топилмалар кўринишида яшаяжак. Уни ҳозирги кунда ҳам халқ қўшиқлари, Есенин шеърлари, ўтмиш фильмларида топиш мумкин. Ва – тўлиқ унинг фожеали маҳкумлиги ҳам – ўтмиш кинохроникаси кадрларида сақланган.

***

Бу йўқотилган дунёга бизни ким ва нима сабабдан қайтармоқчи бўлаяпти? “Европадан тезроқ қоч” шиори остида қилинаётган манёврнинг сиёсий маъноси умуман олганда тушунарли. Россия элитаси Россияни Европа метрикаси ва стандартларига мослаштиришни уддалай олмаяпти. Европага кириб бориш нима? Бу бизнинг сиёсий маданиятимиз, институтларимиз (яъни, давлат ташкилотлари), суд системаси ва фуқаровий ҳуқуқларни Европа стандартларига мослаштиришдир. Европага мослашиш – бу турмушимиз даражаси, таълим ва медицинани Европа билан таққослашдир. Аммо, тан олинг: деярли ҳар қандай шунга ўхшаш таққослаш ҳукуматимизни одамлар олдида шарманда қилади. Бизнинг элитамиз учун европача яшаш, бу – ўз очкўзлиги ва исрофгарчилигини тийиш, ўз қасрлари атрофидаги деворларни бузиб ташлаш, имтиёзлар ва амалан судланмасликдан воз кечишдир. Европача яшпш – бу эркин сайловлар таваккалини қабул қилиш ва ҳукумат алмашишига кўникишдир. Элита шунга тайёрми? Табиий, улар бу саволга жавоб бермайди. “Россия – Европа эмас”, дея айтаётган элита айёрлик қилмоқда. Унинг ўзи, турган гап, Европага боришни жуда истайди. Фақат халқсиз ва мамлакатсиз боришни хушлайди. Хитой чопонини ҳам у ўзи учун.

 

ЛЎҒАТЧА:

              Лапти – липа, вязь, тол ва бошқа дарахтлар пўслоғидан тўқилган оёқ кийими (ковуш, калиш);

Вашингтон обкоми – i) обком – “областной комитет” (вилоят қўмитаси) сўзларининг қисқартмаси; ii) обком КПСС – коммунистик партиянинг вилоят қўмитаси; iii) Вашингтон обкоми – олдинги асрнинг 90-чи йилларида, АҚШнинг Россия ва бошқа постсовет давлатларидаги элчихоналарига нисбатан киноя ёки нафратомуз маънода муомалага киритилган ибора; бир қатор постсовет давлатлари (Украина, Грузия, Қирғизистон ва б.)да бўлиб ўтган “рангли” инқилоблар АҚШ элчихоналари томонидан уюштирилган (молиялаштирилган) деб ҳисоблангани сабабли шу ибора юзага келган;

Бурганинг оёғига тақа қоқиш –  Н.С.Лесков ўзининг “Чапақай” ҳикоясида инглиз темирчилари темирдан бурга ясаб рус усталарига совға қилиб юборишганини, рус темирчилари эса унинг оёқларга тақа қоқиб ўзларига қайтаришганини келтиради. Бу – темирчиликда энг олий ҳунармандчилик намунаси сифатида қаралади;

Квас –  сувга қотган нон ёки бошқа унлик маҳсулот ва ачитқи (хамиртуруш) солиб тайёрланадиган ёзги ичимлик;

Окрошка –  сув ёки квасга янги узилган бодринг, кўкпиёз, кашнич, қайнатилган картошка ва гўшт (ёки тухум)ни майда тўғраган ҳолда солиниб тайёрланадиган ёзги емак (одатда, истеъмол қилишдан олдин окрошка холодильникда совутилади);

Лубок –  бирор нарсанинг расмини кўпайтириш мақсадида устига ўша нарсанинг рсми туширилган юпқа тахтача;

Пролетарий –  Рим империясида давлатга хизмат қилувчи болалар етказиб берувчи сифатида қаралган энг камбағал оқтанли одам; К.Маркс асарларида ишчилар синфи пролетариат деб аталган;

Памфлет –  ҳажвий, кўп ҳолларда мунозара характерли, бирор сиёсий ёки ижтимоий воқеълик, ёки шахсга қарши қаратилган асар (қисса);

Село – черкови бор рус деревняси (қишлоғи);

Монастир –  монах (таркидунё қилган эркак) ва монахинья (таркидунё қилган аёл)лар яшайдиган бино; монастирлар эркак ва аёллар учун алоҳида-алоҳида қурилади;

Элита  –  давлат ҳокимияти ёки иқтисодда энг юқори лавозимларни эгаллаган шахслар гуруҳи;

Манёвр –  аслида бу атама ҳарбий тушунча бўлса-да, ундан сиёсатчилар ҳам кенг фойдаланишади. Айниқса, нияти бузуқ сиёсатчилар алдов, тўҳмат, ғийбат ёки, аксинча, мақтов, лаганбардорлик, сохта табассум билан одамларни чалғитиш учун ўз манфаатига мос келадиган йўл излайди. Сиёсатда манёвр шу каби тушунилади.

Европа метрикаси –  Демократик эркинликларга асосланган қонун-қоидалар, тамойиллар, ҳужжатлар;

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

12 ноябрь, 2014 йил                       Франция

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.