ПУТИН ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ АСРДА ЯШАЯПТИ

Marat Gelman20.11.2014

Галерист, арт-менежер ва сиёсий технолог

Марат Гельман Россия учун G20 саммити

натижалари, совуқ уруш ва РФ

президентининг иллюзиясини шарҳлаб берди

 

Марат  ГЕЛЬМАН

Бир неча йил илгари Украинада уни Виктор Медведчукка жуда яқин деб ҳисоблашар ва 2004 йилда Виктор Януковичнинг  сайловолди штабида ишлаганини айтишарди. Ўша пайтда россиялик сиёсий технологлар командаси уч хил украинцлар ҳақида маълум бир ролик ишлаб чиқдилар ва уни шарқ-ғарб айирмачилик мавзусини фаол тиқиштирган ҳолда Украинада тарқатдилар. Ролик иш берди. 

Унинг ўзи бир неча марта Регионлар партияси (РП) командаси билан ҳамкорлик қилганини инкор қилиб, фақат иккинчи президент Леонид Кучманинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаганини айтган эди. Бундан-да муҳими, бир версия бўйича Януковичнинг судланганлиги унинг йўлига тўсиқ бўлиб, РП лидери президент бўлишга йўл қўймайди, деб ҳисоблаб Янукович штаби билан алоқани унинг ўзи тўхтатган.

Россияда у Биринчи канал гендиректори ўринбосари бўлиб ишлаган (2002-2004 й.й.), 2010 йилдан бошлаб икки йил давомида Жамоатчилик палатасининг аъзоси бўлган. Шундан кейин унинг йўли ҳозирги Россия ҳокимияти йўлидан айри бўлди.

Сиёсий технолог, арт-менежер ва галерист Марат Гельман кўп йиллардан бери сиёсат билан шуғулланмаганини айтади. Шундай бўлса-да, Россиядаги мавжуд сиёсий тузум ва РФ президенти шаънига чуқур танқидий фикрлар билдирган ва улар унинг ватандаги ишига салбий таъсир кўрсатган.  «Менинг бир неча лойиҳаларим бор эди, бироқ президент Маъмуриятида менинг ҳамкорларимга мен билан бирга ишламасликни уқдиришган, чунки мен «олий зот» шаънига чуқур танқидий фикрлар айтар эмишман», – дейди Гельман.

Натижада у оиласи билан Черногорияга кўчиб кетди, ва ҳозир бу мамлакат ҳукуматига маданият соҳасида ёрдам бермоқда. Вақтинчалик эмиграция Гельманга  Россиядаги вазиятдан хабардор бўлишга ва Путиннинг сиёсати, Донбассдаги уруш ҳамда Ғарбнинг санкцияларини очиқ таҳлил қилишга халақит қилмайди.

– Шундай қилиб, Австралияда бўлган саммитда иштирок этган Владимир Путиндан, юмшоқ қилиб айтганда, хурсанд бўлишмади. Сизнинг фикрингизча, янги совуқ уруш бошландими?

– Илгари Ғарб мамлакатлари бундай қилиш яхшимас, деб Путин билан гаплашишга, тушунтиришга ҳаракат қилган бўлсалар, ҳозир уни ўзларининг, яъни дунёнинг қудратли раҳбарлари рўйхатидан ўчириб ташлашгани маълум бўлди. Путинда иқтисоди Россия иқтисоди билан чамбарчас боғланган Европа Россияни яккалашга қаршилик қилади, деган умид бор эди. У Европани пулдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди, деган тасаввурда эди, аммо бундай эмас экан. Бошда унинг юксак ғоя, тарихий адолатдан келиб чиқиб бир нарсалар қилиши, кейин эса хасисликдан воз кечган Европа Иттифоқи ҳам худди ўшани қилишидан ҳайрон бўлиши, умуман олганда, кулгили.

Совуқ урушни Путин эълон қилган эмас. Иқтисоди яхши ривожланган мамлакатлар лидерлари бу одамнинг ҳатти-ҳаракати хавф туғлираётгани учун уни яккалаш лозим, деган якдил қарорга келишди.

– Наҳотки у Австралияда содир бўлган нарсани олдиндан кўра билмаган бўлса? Протокол, кайфиятлар ҳақида қандайдир маълумотлар ташқи ишлар вазирлиги каналлари орқали унга етиб келиши керак-ку!

– У бошқа дунё, ёлғонлар дунёсида яшаяпти.

– Янги совуқ уруш иқтисодий урушдан, яъни Россияга қарши илгари киритилган санкцилар, нимаси билан фарқ қилади?

– Биринчидан, иқтисодий чеклашларга одоб-ахлоққа оид қандайдир омиллар ҳам қўшилади, яъни бир мамлакатни яккалаш бутун дунё ишига айланади. Путин ҳозирги кунда тарихга ўз саҳифасини шу тахлитда ёзар экан, россияликларда ривожланиш ва модернизациялаш (қайта қуриш) учун перспектива (келажак) бўлмайди. Гап фақат йўқотишларни камайтириш ҳақида кетиши мумкин. Россияда бугун “биз ташқаридан кириб келадиган маҳсулотларни ўзимиз ишлаб чиқарамиз” дейишаётганда, бу ишни қилишга қодир одамлар икки марта Россияни ташлаб кетишганини унутишади. Биринчи марта 90-чи йилларда, иккинчиси 3 йил илгари уларга “нефть ва газимиз бор-ку, уларни сотамиз ва пулига нима керак бўлса сотиб оламиз, сизларга зарурат йўқ” дейишганда чиқиб кетишган. Иккинчидан, бу – нефть  нархининг пасайиши …

– Нефть нархини сунъий пасайтиришди, деб ўйлайсизми?

– Ҳа, шундай деб ўйлайман. У келишувлар ва битимлар тизими орқали қўллаб-қувватланади. Газнинг нархи эса, сўзсиз, келишилган нарх.

– Давлатлар лидерлари саммитидан кейин Россия элитаси ва унинг атрофидаги одамлар қандай хулоса чиқаришади?

– Ҳозирги кунда эртами-кечми ҳар бир нарса ўзининг интиҳосига етишини тушуниб турибди. Эрта деганимиз – 2 йилдан кейин, кеч деганимиз – 10 йилдан кейин содир бўлади. Путин кетиши билан унинг сиёсатини ҳеч ким давом эттирмайди. Эртанги люстрация (давлат лавозимидан ҳайдалувчилар) рўйхатига тушишни истамайдиганлар ундан узоқроқ бўлишга ҳаракат қиладилар. Қрим воқеасигача кўп йирик бизнесменлар: биз ҳукумат нотўғри ишлар қилаётганини тушунамиз, аммо бу тўхтамайди – ё мамлакатдан чиқиб кетиш керак, ёки унинг ўйинига ўйнаш керак, дейишган эди. Ҳозир вазият ўзгарди. Ворис ҳам йўқ, Путин кетганидан кейин унинг сиёсатини давом эттирадиган механизм ҳам йўқ.

– Узоқроқ юриш жараёни айни пайтда кузатилаяптими?

– Ҳали кузатилаётгани йўқ. Бироқ, жараён бошланди, деб ўйлайман. Улар ҳали кўринаётгани йўқ, чунки бу анчагина хавфли иш. Масалан, бизнинг ҳозирги замон санъати бўйича ҳукумат томонидан ташкил қилинадиган Москва биенналеси лойиҳамиз бор. Уни ўтказиш учун ҳокимиятдагиларга ёқадиган хусусий ҳомийни топиш осон эди. Бу йил муаммо келиб чиқди – ҳеч ким ҳокимият билан дуч келишни хоҳламади.

–  Австралиядаги «совуқ душ»га Россия жамоатчилиги қандай муносабат билдириши мумкин?

– Оғир савол. Жамоатчиликнинг қандайдир бир қисми гумонсираши мумкин, албатта. Бироқ улар кўпчилик бўлишига мен ишонмайман. Турган гап, ҳаммаям хулоса чиқаравермайди. Менинг президентимни мана шундай ерга уришгани менга ҳам ёқмайди. Бироқ бошқа томондан қарасак, агар бу «фе» дейиш [«фе» – ‘нари тур!’, ‘йўқол!’ каби менсимаслик хитоби – ТАРЖИМОН] ундан қутилишнинг ягона усули бўлса, мен чидашга тайёрман. Одамлар қандай қарор қабул қилишаётганини мен кўриб турибман-ку: Россияда уй сотиб олма – яхшиси чет элдан сотиб ол, янги бизнес очма – ўзингда борига харажатларни камайтир, ҳукуматга очиқ яқинлаша кўрма …

Бизда ҳукуматни жамият шакллантирмайди, аксинча ҳукумат оммавий ахборот воситалари (ОАВ) орқали жамиятни шакллантиради. Бироқ медиа (ОАВ) ҳам элита (зодагонлар), ва улар аста-секин, шошмасдан ёза бошлайди. Номи чиққан журналист ўзига битмас-туганмас ҳукумат қараб турганини тушунгандай ҳаракат қилиши бошқа, журналистларнинг ёш авлоди пайдо бўлаётгани эса бошқа нарса.

G-20 саммитидан дан кейин Путин нима қилади?

– Янги хатоларни қилади. У вазиятни тўғри баҳолаб, ҳаракат векторини алмаштиришини хоҳлардим – ахир Россия учун бу баҳо ўта катта-ку! Бироқ бундай бўлмайди.

– «Хулоса»лар кимга таъсир қилади  – қатағонлар кўринишида Россия мухолифатигами ёки уруш кўринишида украиналик «фашист»ларгами?

– Россия мухолифатининг сезиши – 100%. Мамлакат ичида истаган номаъқулчилигини қила олишини Путин тушунди. Унинг ташқарисида эса қоидалар бор, уларни ўзгартириш учун у «қишлоқнинг бош йигити» эмас.

– Сизнинг фикрингизча, Россия ва Украина орасидаги қарама-қаршиликни тўхтатиш бўйича ҳаракатлар алгоритми мавжудми?

– Музокарачиларни алмаштириш керак. Путин ўрнига давлат бошлиғи сифатида, гарданида илгари ғализ қарорлар қабул қилганлик юки бўлмаган бошқа одам келиши керак. Бошқа вариант – Порошенко Путин ён босиши ва икки томон Донбассдаги келажакнинг бир хил чизмаси ҳақида келишиб олишлари керак. Иккаласи ҳам бир-бирига ён босиши керак.

– Ён босишмаса-чи? У ҳолда тўлақонли уруш бўладими?

– Йўқ, бу Путин учун яхши йўл эмаслиги аниқ. Бу энг ахмоқона йўлдир. Унинг олдидаги масала оддий: Украинада ҳамма нарса Россиядагидан ёмон бўлиши керак. Россиялик Европага бориб у ерда одамлар яхши яшашаётганини кўрса, Россия ҳукумати гўё уларда социалистик тузумнинг самарасиз иқтисоди ва бошқа унсурлари бўлган эмас деб эътироз қилиши мумкин. Агар Украинада одамлар яхши яшай бошласалар, Путин бошқаруви Россияга фақат зиён бўлаётгани ошкор бўлади. У тарихан фикр юритади, у ўзини Наполеон ёки Александр І ман деб ўйлайди…

– Аслида у ким? Сиз уни қайси тарихий шахс билан таққослашингиз мумкин?

– Яқин яқинларда: Сталин ёки Брежнев – ўтмишга қайтиш ёки турғунлик, қайсиси яхши? деб муҳокама қилишарди. Ҳозир Германия билан боғлиқ бошқача таққослаш бор.

– Гитлер биланми?

– Ҳа, Гитлер билан…. Бу ерда ҳозирги ҳукумат вакиллари қандай ўйлашларини тушуниш муҳим. Мен унинг атрофидаги одамлардан сўрадим: мана сиз славян биродарлигини яратган эдингиз, нега энди уни бузиб ташладингиз. Менга жавоб беришди – Франция ва Англия 100 йил урушишган, ҳозир эса опоқ-чапоқ. Яъни, асосийси «Крымнаш», юз йилдан кейин эса бу икки мамлакат ярашиб кетишади, эмиш.

– Агар Путин Донбассдан воз кечса, Ғарб Қрим масаласида босим ўтказади. Бошқача айтганда, Украина шарқидаги уруш дунёни Қрим масаласидан чалғитади, шундай эмасми?

– Япония Курил оролларини қайтаришни ўнйиллар давомида талаб қилиб келаяпти, бироқ бу халқаро муносабатларга халақит бераётгани йўқ. Сўзсиз, умуминсоний даражада БМТнинг ҳар бир янги Бош котиби ўз нутқини яриморолни қайтариш зарурлигини айтишдан бошлайди, бироқ бошқа масалалар бўйича умумий тил топишаверади.

– Қримни Россияга умрбод беришдими?

– Бу масала шу жиҳатдан ҳам мураккаб-ки, энди уни қайтаришнинг ҳеч қандай йўли йўқ. Умуман олганда, Путин тарихга қизиқиб кетди. Кўп вақтлар давомида тарих ҳудудларни босиб олиш устига қурилган эди. Иқтисод қишлоқ хўжалиги ҳисобига тик турган пайтларда, ҳудуд ютуқ фактори бўлиб келган. Бироқ 19-чи аср охирида бу нарса иш бермаслигини тушунишди. XX асрда ресурслар (нефть, транспорт тармоқлари ва ҳоказо) учун кураш кетди. Бироқ бу модель ҳам ўзини оқламади.

Ҳозир одамлар учун, яшашнинг сифати учун кураш кетмоқда. Гарчи атрофида Ҳиндистоннинг худди шундай иқлимли штатлари кўп бўлса-да, Гоа тўсатдан оммабоп жойга айланди. Сабаби оддий – яқингача мустамлака бўлган бу штатда португалияликлар яхшигина яшаш шароитини яратдилар. Гарри Потерни ўйлаб топган британиялик ёзувчи Жоан Роулинг давлат ғазнасига кўмир қазиб оладиган шахталарга қараганда кўпроқ пул туширмоқда.

– РФ президенти ўтган асрда яшаяптими?

– У босқинчиликлар натижасида ерларни тақсимлашга тўла бўлган ўн тўққизинчи асрда яшамоқда. Кулгили: ўзлаштирилмай ётган баҳайбат бўш ҳудудларга эга бўлган мамлакат янги ерлар учун шунчалик катта харажатларга тушмоқда. Путин қаттиқ адашмоқда – у ўзлаштира олмайдиган ерлар давлатга ортиқча ташвиш эканини тушунмаяпти. «Крымнаш» Путиннинг ўзига ҳам кўп ташвишлар келтирди. Менинг тасаввуримча, бу охиригача ўйланмаган қарор эди. Агар у охирига ўйлаганда эди, бу ишни қўшиб олмасдан ҳам қилиш мумкин эди. У ҳолда ҳамма нарса, хусусан Донецкда ҳам, бошқача бўларди.

Интервьюни Дмитрий Орлов уюштирган.

 

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

23  ноябрь,  2014  йил;                   Франция

 

 

 

 

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.